язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Сентябрь, 2020 й./ Тадбиркорлик фаолияти тўғрисида/ Стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология/ Ўлчаш воситаларини калибрлашдан ўтказиш Қоидалари (ЎзР ВМ 29.08.2020 й. 528-сон қарорига 5-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 29 августдаги

528-сон қарорига

5-ИЛОВА



Ўлчаш воситаларини калибрлашдан ўтказиш

ҚОИДАЛАРИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Қоидалар "Метрология тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ўлчаш воситаларини калибрлашни ташкил этиш ва ўтказиш тартибига қўйиладиган талабларни белгилайди.


2. Ушбу Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланади:


ариза берувчи - ўлчаш воситаларини калибрлашдан ўтказишдан манфаатдор бўлган юридик ёки жисмоний шахс;


ижрочи - белгиланган тартибда аккредитациядан ўтказилган метрология хизматлари;


ўлчаш воситаларини калибрлаш - маълум шароитларда, ўлчаш воситаси ёрдамида олинган катталик қиймати ва эталон билан қайта тикланадиган тегишли катталик қиймати ўртасидаги нисбатни аниқлаш орқали ўлчаш воситаларининг метрологик тавсифларини аниқлаш мақсадида амалга ошириладиган операциялар мажмуи.


3. Калибрлаш маълум шароитларда калибрланадиган ўлчаш воситалари ёрдамида олинган катталик қийматлари ҳамда намунавий ўлчаш воситалари ва эталонлар билан қайта тикланадиган тегишли қийматлар ўртасидаги нисбатни аниқлайдиган операциялар мажмуини амалга ошириш орқали ўлчаш воситаларининг метрологик тавсифларини аниқлаш мақсадида ўтказилади.


4. Ўлчаш воситаларини калибрлашда халқаро бирликлар тизимининг бирликларигача бевосита ёки билвосита метрологик кузатилувчанликка эга бўлган намунавий ўлчаш воситалари (эталонлар) ва ёрдамчи калибрлаш воситалари қўлланилади.


5. Ўлчаш воситаларини калибрлаш даврийлиги калибрлаш усуллари ва тартиб-таомилларида белгиланади, бунда белгиланган муддат тегишли ўлчаш воситаларининг қиёслашлараро интервал муддатидан ошмаслиги керак.


6. Калибрлаш жараёнида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда чоп этилган ёхуд нуфузли техник ташкилот ёки тегишли илмий мақола ёки журналларда баён этилган ёки ўлчаш воситасини ишлаб чиқарувчи томонидан тавсия этилган усуллар (кейинги ўринларда калибрлаш усули деб аталади) қўлланилиши тавсия этилади. Лаборатория томонидан сифат тизими менежменти ҳужжати шаклида ишлаб чиқилган ёки модификацияланган усуллар қўлланилиши мумкин.

Калибрлашни қандай амалга ошириш ҳақида етарлича ва аниқ ахборотга эга бўлган калибрлаш усуллари, агар бу усуллар калибрлаш лабораториясининг ходимлари томонидан ишда қўлланиши мумкин бўладиган тарзда ёзилган бўлса, усулда ҳаракатлар кетма-кетлигининг ҳужжатлаштирилиши ёки қўшимча аниқлаштирилиши зарур бўлганда - тўлдирилмаслиги ёки ички тартиб-таомиллар шаклида қайта ёзилмаслиги керак.


7. Ўлчаш воситаларини калибрлаш, калибрлаш тартиб-таомилига мувофиқ менежмент тизимларининг ҳужжатлаштирилган ахбороти (кейинги ўринларда калибрлаш тартиб-таомили деб аталади) шаклида ўтказилади.

Калибрлаш лабораториялари калибрлаш усулидаги ҳаракатлар кетма-кетлигининг ҳужжатлаштирилиши ёки қўшимча аниқлаштирилиш учун калибрлаш ва ўлчаш имкониятларидан келиб чиқиб калибрлаш тартиб-таомилини ишлаб чиқади.


8. Аккредитациядан ўтказилган метрология хизмати томонидан бажарилган ўлчаш воситаларини калибрлаш натижаларидан ўлчаш воситаларини қиёслашда фойдаланиш мумкин.


9. Ўлчаш воситаларини калибрлашни калибрлаш лабораториясининг аккредитациянинг маълум соҳасида ваколатли бўлган ходимлари ўтказади.


10. Ўлчаш воситаларини калибрлашдан ўтказиш ишлари учун ҳақ тузиладиган шартнома шартларига мувофиқ ариза берувчи томонидан тўланади.


11. Ўлчаш воситаларини калибрлашдан ўтказиш ушбу Қоидаларга иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.


12. Ўлчаш воситаларини калибрлашнинг ҳар бир кейинги босқичи аввалги босқич натижалари ижобий бўлганда ўтказилади.



2-БОБ. ЎЛЧАШ ВОСИТАЛАРИНИ КАЛИБРЛАШДАН

ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


13. Ўлчаш воситаларини калибрлашдан ўтказиш тартиби қуйидагиларни ўз ичига олади:

ариза берувчининг ўлчаш воситаларини калибрлаш тўғрисидаги аризасини кўриб чиқиш;

буюртмачининг талабларига мувофиқ калибрлашни ўтказишнинг техник имкониятларини аниқлаш ва маълум метрологик тавсифларни таъминлаш учун намунавий ўлчаш воситалари (эталонлар) ва ёрдамчи калибрлаш воситаларини танлаш;

ўлчаш воситасининг эксплуатация ҳужжатларига мувофиқлигини текшириш;

ўлчашларни бажариш;

ўлчаш натижаларига ноаниқлик даражасини баҳолаш билан ишлов бериш;

калибрлаш натижаларини расмийлаштириш;

ариза берувчига ўлчаш воситаси ва калибрлаш натижалари бўйича ҳужжатларни топшириш.


14. Ўлчаш воситаларини калибрлашдан ўтказиш тўғрисидаги аризага қуйидагилар илова қилинади:

ўлчаш воситаси;

ўлчаш воситасининг метрологик тавсифлари белгиланган эксплуатация ҳужжатлари;

калибрлаш жараёнида аниқланиши лозим бўлган ўлчаш воситаларининг метрологик тавсифлари рўйхати, ва зарур бўлганда, калибрлаш шароитларига ва бу тавсифларни аниқлаш усулларига қўйиладиган талаблар.


15. Ўлчаш воситаларини калибрлаш:

стационар калибрлаш лабораторияларида;

кўчма (мобиль) калибрлаш лабораторияларида;

бевосита ўлчаш воситалари жойлашган жойларда, мутахассисларни хизмат сафарига юбориш йўли билан ўтказилади.

Мутахассисларни хизмат сафарига юбориш, кўчма (мобиль) калибрлаш лабораторияларидан фойдаланиш, ишни ташкил этиш тартиби шартнома асосида белгиланади.


16. Зарур бўлганда ариза берувчининг аризасига асосан ўлчаш воситаларини калибрлаш уларни тайёрлаш, улгуржи сақлаш (импорт бўйича олиб кириладиган ўлчаш воситалари учун), ўлчаш воситаларини таъмирлаш ёки фойдаланиш жойларида амалга оширилиши мумкин. Бунда ариза берувчи:

ўлчаш воситаларини калибрлаш фойдаланиш жойида ўтказилган тақдирда - калибрлашни ўтказишни амалга оширадиган ижрочига тегишли бўлган калибрлаш ва ёрдамчи воситаларнинг калибрлаш ўтказиш жойига ва қайтадан ўз жойига етказилишини таъминлайди;

калибрлашни ўтказиш учун зарур бўлган хоналарни ва ёрдамчи ходимларни ажратади;

сифатли калибрлаш ишларини ўтказиш учун барча шароитларни таъминлайди;

ўлчаш воситаларини калибрлаш фойдаланиш жойида ўтказилган тақдирда - калибрлашни амалга оширадиган ижрочига тегишли бўлган калибрлаш ва ёрдамчи воситаларнинг сақланишини таъминлайди;

кўчма (мобиль) калибрлаш лабораториясидан фойдаланилганда - унинг муҳандислик коммуникацияларига уланишини таъминлайди, у турадиган жойни тақдим этади, шунингдек, унинг сақланишини таъминлайди.


17. Ижрочи бир иш куни мобайнида аризани кўриб чиқади ва ариза берувчи билан ўлчаш воситаларини калибрлашдан ўтказиш тўғрисида шартнома тузади ёки калибрлашни ўтказиш имкони бўлмаган тақдирда ариза берувчига калибрлашни ўтказишни рад этишнинг асосланган сабаблари кўрсатилган хат юборади.

Ўлчаш воситаларини калибрлашдан ўтказиш учун шартномалар электрон шаклда ҳам тузилиш мумкин.


18. Ўлчаш воситаларини калибрлаш ижрочи томонидан ўлчаш воситаларини калибрлашдан ўтказишга тузилган шартномага асосан тўлов амалга оширилган кундан бошлаб ўн иш куни мобайнида ўтказилади.

Ўлчаш воситаларини калибрлашдан ўтказиш давомийлиги ўн иш кунидан ошмаслиги керак, калибрлашдан ўтказиш вақтининг нормаси техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган талабларга мувофиқ кўрсатилган муддатдан ошадиган ўлчаш воситалари бундан мустасно.


19. Аризага илова қилинадиган ҳужжатлар давлат тилида ёки рус тилида баён этилган бўлиши керак. Агар ҳужжатлар бошқа тилларда баён этилган бўлса, у ҳолда уларга асл нусхасига мос таржимаси илова қилинади, унинг ишончлилиги учун ариза берувчи жавоб беради.


20. Ариза берувчидан ушбу Қоидаларнинг 14-бандида назарда тутилмаган ҳужжатлар ва маълумотлар тақдим этилишини талаб қилишга йўл қўйилмайди.

Ариза берувчи ўз ихтиёрига кўра қўшимча равишда бошқа ҳужжатларни ҳам тақдим этиши мумкин.

Ариза ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар бевосита, электрон шаклда ёки почта алоқаси орқали тақдим этилиши мумкин.


21. Калибрлашни ўтказиш вақтида бажарувчи ўлчаш воситалари ташқи омиллар таъсиридан шикастланиши учун жавоб беради.


22. Ижрочи фақат калибрлаш ўтказиш вақтида натижаларнинг аниқлигини кафолатлайди. Ўлчаш воситалари ариза берувчига топширилган пайтдан бошлаб ижрочи ўлчаш воситалари метрологик тавсифлари техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжат талабларига мувофиқлиги учун жавоб бермайди.


23. Ўлчаш воситасининг қўлланиши мумкинлиги ҳақида қарор қабул қилиниши ариза берувчига юклатилади. Калибрлаш ўтказишга имкон бермайдиган сабаблар юзага келганда ижрочи томонидан ариза берувчига калибрлаш ўтказиш имкони йўқлигининг сабаблари кўрсатилган далолатнома тақдим этилади.



3-БОБ. КАЛИБРЛАШ НАТИЖАЛАРИНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ


24. Ўлчаш воситаларини калибрлаш жараёнида ўтказиладиган ўлчаш натижалари, уларга ишлов бериш ва ноаниқлигини баҳолаш, калибрлашдан ўтказиш тартиб-таомилида белгиланган шакл бўйича калибрлаш ўтказиш баённомаларида ва сертификатларида қайд этилади.


25. Ўлчаш воситасини калибрлаш сертификати мазмунига қўйиладиган талаблар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган.


26. Калибрлаш сертификатида ёки баённомасида хатолар аниқланганда сертификатларни ва баённомаларни белгиланган тартибда тўлиқ қайта расмийлаштириш ишлари бажарилади.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


27. Ўлчаш воситаларини калибрлашдан ўтказиш ишларини бажаришда юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


28. Ушбу Қоидалар талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Қоидаларга

ИЛОВА



Ўлчаш воситаларини калибрлашдан ўтказиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Бажариш муддатлари

1-босқич

Ариза берувчи


1. Ўлчаш воситаларини калибрлашдан ўтказиш учун ариза ва зарур ҳужжатларни тайёрлайди.


2. Ижрочига ариза ва ҳужжатларни беради.



Зарур бўлган ҳолларда









2-босқич

Ижрочи


Ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар кўриб чиқади:

ўлчаш воситаларини калибрлашдан ўтказиш учун техник имкониятлар мавжуд бўлганда ариза берувчи билан тегишли шартнома тузади;

ўлчаш воситаларини калибрлашдан ўтказиш имконияти бўлмаган тақдирда ўлчаш воситаларини калибрлашдан ўтказиш мумкин эмаслиги сабаблари тўғрисида ариза берувчини ёзма равишда хабардор қилади.


Бир иш куни мобайнида









3-босқич

Ариза берувчи


Ижрочига ўлчаш воситаларини ва фойдаланиш ҳужжатларини тақдим этади.


Шартномада белгиланган муддатларда









4-босқич

Ижрочи


Буюртмачининг талабларига мувофиқ калибрлашни ўтказишнинг техник имкониятларини аниқлаш ва маълум метрологик тавсифларни таъминлаш учун намунавий ўлчаш воситалари (эталонлар) ва ёрдамчи калибрлаш воситаларини танлайди.


Ўн иш куни мобайнида







Ўлчаш воситасининг ишлаши фойдаланиш ҳужжатларига мувофиқлигини текширади.








Ўлчашларни бажаради.









5-босқич

Ижрочи


Ўлчаш воситаларини калибрлаш жараёнида ўтказиладиган ўлчаш натижалари, уларга ишлов бериш ва ноаниқлигини баҳолаш, калибрлашдан ўтказиш тартиб-таомилида белгиланган шакл бўйича калибрлаш ўтказиш баённомаларида ва сертификатларида қайд этилади.




                

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 29 август