ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Халқаро алоқалар / Ташқи сиёсий фаолиятни тартибга солиш / Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги ваколатхоналари фаолиятини тартибга солиш / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикасининг хориждаги муассасалари тўғрисида Низом (ЎзР Президентининг 18.01.2017 й. ПҚ-2732-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2017 йил 18 январдаги

ПҚ-2732-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасининг

хориждаги муассасалари тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг халқаро ташкилотлардаги миссиялари ва ваколатхоналари (кейинги ўринларда - хориждаги муассасалар) фаолиятининг ҳуқуқий асосларини белгилайди.


2. Хориждаги муассасалар ўзи ишлаб турган мамлакатда ёки халқаро ташкилотда Ўзбекистон Республикасини ифодаловчи давлат органи ҳисобланади.

Хориждаги муассасалар хорижда Ўзбекистон Республикасининг манфаатларини, шунингдек, республика фуқаролари ва юридик шахсларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва илгари суриш мақсадида ташкил қилинади.


3. Хориждаги муассасаларни очиш, ходимларнинг чекланган сони билан бирга уларнинг ташкилий тузилмасини тасдиқлаш Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан амалга оширилади.


4. Хориждаги муассасалар Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги (кейинги ўринларда - Ташқи ишлар вазирлиги) бошчилик қиладиган Ўзбекистон Республикаси дипломатик хизмати органлари тизимига киради.


5. Хориждаги муассасалар ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, ушбу Низом, қонунчиликнинг бошқа ҳужжатлари, Ташқи ишлар вазирлигининг кўрсатмалари ва топшириқлари, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари ва нормаларига амал қилади.


6. Хориждаги муассасалар юридик шахс бўлиб, ўз номи ва Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири туширилган муҳрга эга бўлади.


7. Хориждаги муассасалар томонидан Ўзбекистон Республикасининг давлат рамзларини ишлатиш тартиби Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари билан белгиланади.



2-БОБ. ХОРИЖДАГИ МУАССАСАЛАРНИНГ

АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


8. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси хориждаги дипломатик муассасаларининг асосий вазифалари ҳисобланади:


а) сиёсий-дипломатик соҳада:

ўзи ишлаб турган мамлакатда Ўзбекистон Республикасини ифода этиш;

ўзи ишлаб турган мамлакатда Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий йўналишини амалга оширишни таъминлаш, миллий манфаатларни ҳимоя қилиш ва қатъий талаб этиш;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро майдондаги обрўси ва ижобий имижини мустаҳкамлаш, мамлакатимизда амалга оширилаётган сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатининг энг муҳим жиҳатлари тўғрисидаги холис ва ишонарли ахборотларни хорижда кенг тарқатиш;

ўзи ишлаб турган давлат билан Ўзбекистон Республикаси ўртасида сиёсий-дипломатик соҳада, шунингдек, хавфсизлик соҳасида икки томонлама муносабатларни ривожлантириш;

ўзи ишлаб турган мамлакатнинг қонун чиқарувчи органлари билан қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқ амалиётини қўллаш, парламент назорати ва ўзаро ҳамкорликнинг бошқа йўналишларида парламентлараро ҳамкорлик ўрнатиш ва ривожлантиришга кўмаклашиш;

икки томонлама ва кўп томонлама муносабатларнинг турли жиҳатларини тартибга солувчи ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижро этилишини тизимли мониторинг қилиш, уларни амалга оширишни таъминлаш бўйича амалий чоралар кўриш, ўзи ишлаб турган мамлакат билан ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш ва киритиш;

ўзи ишлаб турган минтақада юз бераётган муҳим жараёнларнинг энг сўнгги ривожланиш тенденциялари ва воқеалар, дунёдаги кучлар мувозанатига таъсир кўрсатувчи тизимли омиллар, минтақавий ва халқаро хавфсизликка таҳдидлар ва хатарлар ҳолатини баҳолаш;

ўзи ишлаб турган мамлакатда юзага келаётган ички сиёсий ҳолатни тизимли равишда ўрганиш, унинг Ўзбекистон Республикаси миллий манфаатларига таъсирини баҳолаш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Ташқи ишлар вазирлигини ўзи ишлаб турган мамлакат ва ундан ташқарида содир бўлаётган жорий воқеалар, дунё сиёсати ва иқтисодиётининг Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларига дахлдор энг муҳим масалаларини прогноз баҳолашни ўз ичига олган долзарб ахборот-таҳлилий материаллар билан мунтазам равишда таъминлаш;


б) савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳада:

Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий сиёсатини амалга оширишни таъминлаш, ўзи ишлаб турган мамлакатда республикамизнинг иқтисодий манфаатларини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолият субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва илгари суриш;

ўзи ишлаб турган мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол, иқтисодиёт тармоқларининг тенденциялари ва ривожланиш суръатлари ҳамда унинг ташқи иқтисодий сиёсатидаги устувор йўналишларни ҳар томонлама ва чуқур таҳлил қилиш;

биринчи навбатда Ўзбекистон Республикаси компаниялари ва ташкилотларининг маҳсулотлари ва хизматларини ўзи ишлаб турган мамлакатга барқарор ва узоқ муддатли экспортга етказиб беришни ташкил қилиш ҳисобига маҳаллий товарлар ва хизматларнинг экспорт ҳажмларини кўпайтириш, ўзаро товар айирбошлаш номенклатурасини кенгайтириш бўйича амалий чоралар кўриш;

транспорт ва транзит, халқаро транспорт коммуникациялари ва логистика инфратузилмасини ривожлантириш соҳасида, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг ташқи савдо юкларини ташиш ва транзити учун преференция режимларини қўллаш бўйича икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш;

ўзи ишлаб турган мамлакат ташкилотлари ва компанияларининг Ўзбекистон Республикасидаги инвестиция жараёнларида фаол иштирок этишини, иқтисодиётнинг асосий тармоқлари ва инфратузилмани ривожлантириш ва модернизация қилишга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва илғор технологиялар жалб қилинишини таъминлаш;

республикада устувор дастурлар ва лойиҳаларни амалга оширишга грантлар, имтиёзли кредитлар ва техник кўмаклашиш воситаларини жалб қилиш;

ўзи ишлаб турган мамлакатдан Ўзбекистон Республикасига сайёҳлар оқимини жалб қилиш, миллий сайёҳлик маҳсулотлари (маданий-маърифий, рекреацион, тиббиёт, экологик, гастрономик, ишбилармонлик ва бошқа турлар)ни илгари суриш бўйича қўшма дастурлар ва лойиҳаларни амалга оширишда етакчи хорижий сайёҳлик компанияларининг иштирок этишини таъминлаш, шунингдек, сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантиришга кўмаклашиш;


в) маданий-гуманитар соҳада:

ўзи ишлаб турган давлат билан маданий-гуманитар алоқаларни йўлга қўйиш ва ривожлантиришга, санъат арбоблари, ижодий жамоалар ва ижрочиларнинг ўзаро ташрифларини ташкил қилишга, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг маданият ва спорт соҳасидаги халқаро тузилмалар ва институтларда қатнашишга кўмаклашиш;


г) таълим ва илмий-техникавий соҳада:

ўзи ишлаб турган давлатнинг таълим, илмий-техникавий ва технологик салоҳиятини, етакчи таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари ва юқори технологияли компаниялари фаолиятини чуқур таҳлил қилиш, улар билан қўшма тадқиқот дастурлари ва лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш ва кенгайтиришга, шунингдек, Ўзбекистон Республикасига илғор технологиялар ва илмий ишланмаларни жалб қилишга кўмаклашиш;


д) фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, шунингдек, давлатнинг мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида:

ўзи ишлаб турган давлатда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахсларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг мулкий ҳуқуқлари ҳар томонлама ҳимоя қилинишини таъминлаш.


9. Зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун дипломатик ваколатхоналар қуйидаги функцияларни амалга оширади:

ўзи ишлаб турган давлатда Ўзбекистон Республикаси номидан иш кўради, унинг вакиллари, дипломатик корпус ва бошқа хорижий ташкилотлар билан расмий алоқаларни амалга оширади;

дипломатик ва бошқа халқаро-ҳуқуқий воситалар ёрдамида Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларини ҳимоя қилиш, минтақавий ва халқаро ривожланишнинг энг муҳим масалаларида мамлакатимизнинг халқаро сиёсий ва иқтисодий ташаббуслари, ёндашувлари ва позициясини илгари суришни таъминлайди;

ўзи ишлаб турган давлатнинг расмийлари ва жамоатчилик вакилларига Ўзбекистон Республикасининг ташқи ва ички сиёсатининг муҳим жиҳатларини, Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ҳаётида олиб борилаётган ислоҳотлар ва янгиланишлар натижаларини акс эттирувчи холис ва ҳаққоний ахборотни етказади;

долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар, ўзи ишлаб турган давлатнинг ички ва ташқи сиёсати, унинг икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги ҳолатига ва келгуси ривожига таъсири истиқболлари бўйича батафсил ва тезкор ахборот-таҳлилий материаллар тайёрлайди;

ўзи ишлаб турган давлат билан сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник, илмий-маърифий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда икки томонлама муносабатларни изчил йўлга қўйиш юзасидан амалий тавсиялар ва таклифлар ишлаб чиқади;

Ўзбекистон Республикасининг давлат органлари, муассасалари ва бошқа ташкилотлари билан ўзи ишлаб турган давлат ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш ва олиб боришда кўмаклашади;

давлат, ҳукумат раҳбарлари ва бошқа юқори мартабали шахсларнинг ташрифларини ахборот ва протокол-ташкилий жиҳатдан таъминлаш, шунингдек, ҳукуматлараро комиссияларнинг йиғилишлари, сиёсий маслаҳатлашувлар, бизнес-форумлар, кўргазмалар, тақдимотлар ва бошқа тадбирларни ўтказиш бўйича чоралар кўради;

Ўзбекистон Республикаси ва ўзи ишлаб турган давлат қонун чиқарувчи органлари вакилларининг ўзаро ташрифларини ташкиллаштириш, парламентлараро дўстлик ва ҳамкорлик гуруҳлари (уюшмалар, жамиятлар)ни тузиш, улар ўртасида икки томонлама ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик битимларини имзолаш учун шароит яратади;

ўзи ишлаб турган давлат билан халқаро шартномалар лойиҳаларини тайёрлаш, имзолаш ва уларни амалда ижро этишга кўмаклашади;

ўзи ишлаб турган давлатга Ўзбекистон Республикаси компаниялари ва ташкилотлари маҳсулотлари ва хизматларининг барқарор ва узоқ муддатли экспортга етказиб берилишини ташкиллаштиришга ҳар томонлама кўмаклашади;

Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига ўзи ишлаб турган давлатдаги етакчи компаниялар ва ташкилотлар орасидан ишончли савдо, инвестициявий ва технологик шериклар излаб топиш, учрашувлар ва музокаралар ўтказиш, биргаликда ҳамкорлик лойиҳаларини рўёбга чиқариш бўйича контрактлар ва битимлар тузишда кўмаклашади;

Ўзбекистон Республикасининг транзит салоҳиятини мустаҳкамлаш, уни халқаро транспорт-коммуникация тармоқларига интеграция қилиш, ташқи савдо юкларини экспорт қилиш учун мавжуд транспорт йўналишлари самарадорлигини ошириш ва янгиларидан фойдаланиш, уларни ташишда имтиёзлар ва преференциялар тақдим қилиш бўйича таклифларни тайёрлаш ва амалга оширишда иштирок этади;

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётининг асосий тармоқларига ва инфратузилмани ривожлантиришга тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари, илғор технологиялар, грантлар, имтиёзли кредитлар, ўзи ишлаб турган давлат ташкилотларидан техник кўмаклашиш воситаларини ва замонавий менежментни жалб қилиш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган иш олиб боради;

ўзи ишлаб турган давлатнинг саноат ва ишлаб чиқариш дастурларини ўрганиб чиқади ҳамда Ўзбекистон Республикасининг тайёр маҳсулотлар, ярим фабрикатлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш лойиҳалари доирасида уларнинг кафолатланган экспортини таъминлаган ҳолда, хорижий мамлакатларнинг етакчи компаниялари билан истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

маҳаллий компания ва ташкилотларнинг халқаро пудрат, сервис ва бошқа, шу жумладан саноат ва инфратузилма объектларини лойиҳалаштириш ва қуриш, давлат харидлари доирасида товар ва хизматларни етказиб бериш бўйича битимларида, шунингдек, ўзи ишлаб турган давлатдаги хусусий компанияларнинг очиқ тендерларида иштирок этишига кўмаклашади;

ўзи ишлаб турган давлатнинг етакчи туристик компаниялари ва соҳага ихтисослашган ташкилотлари орасида Ўзбекистон Республикасининг маданий-тарихий ва сайёҳлик салоҳиятини оммалаштириш, шунингдек, уларни миллий сайёҳлик маҳсулотларини илгари суриш ва Ўзбекистон Республикасининг сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш бўйича қўшма дастурлар ва лойиҳаларни амалга оширишга жалб қилиш юзасидан фаол чора-тадбирлар кўради;

қўшма тадқиқот ва таълим дастурлари ва лойиҳаларини амалга ошириш бўйича етакчи хорижий таълим ташкилотлари, илмий марказлари ва юқори технологияли компаниялари билан узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш ва кенгайтиришга, шунингдек, илғор технологиялар ва илмий ишланмаларни Ўзбекистон Республикасига жалб қилишга кўмаклашади;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва хорижда кўргазмалар, фестиваллар, концертлар, тақдимотлар, профессионал ва ҳаваскор санъат жамоаларининг танловлари, мусобақалар ва бошқа маданий ҳамда спорт тадбирларини ташкиллаштириш ва ўтказишга кўмаклашади;

Ўзбекистон Республикасининг маданий мерос объектларини реставрация қилиш, консервациялаш, реконструкция қилиш бўйича давлат дастурларини амалга оширишга ўзи ишлаб турган давлатнинг етакчи экспертларини ва соҳа ташкилотларини жалб қилади;

олий ўқув юртлари ўртасида академик ва талабалар алмашувларини ташкиллаштириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида нуфузли хорижий олий ўқув юртларининг ваколатхоналари ва филиалларини таъсис этишга кўмаклашади;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ўзи ишлаб турган давлатдаги етакчи таълим муассасаларида ўқишини ташкил этиш, мамлакатимизда талаб юқори бўлган мутахассисликлар бўйича кадрларни тайёрлаш ва малакасини оширишга қаратилган грант маблағларини жалб қилади;

ўзи ишлаб турган давлатдаги жамоат ва сиёсий доиралар, етакчи таҳлилий марказлар ва тадқиқот муассасалари, бизнес ҳамжамияти, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида халқаро анжуманлар ва семинарлар, давра суҳбатлари, брифинглар ва бошқа тадбирлар ташкил қилади ва ўтказади;

тизимли равишда ўзи ишлаб турган мамлакатдаги давлат органлари, нуфузли жамоат ва сиёсий, эксперт-таҳлилий, маданий ва ишбилармон доиралар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари орасидан алоқа базасини шакллантиради ва кенгайтиради;

ўзи ишлаб турган давлатдаги Ўзбекистон Республикасининг давлат муассасалари, ташкилотлари ва корхоналари ваколатхоналари, уларнинг делегациялари ва мутахассислар гуруҳларининг ишини мувофиқлаштиради;

ўзи ишлаб турган давлатда истиқомат қилувчи ватандошлар ва миллий марказлар билан алоқалар ўрнатиш ва ривожлантиришга кўмаклашади;

Ўзбекистон Республикасининг хориждаги фуқаролари ва юридик шахсларига консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатади ва ўзи ишлаб турган давлатда Ўзбекистон Республикасига тегишли бўлган мол-мулк бўйича унинг мулкий ҳуқуқларини ҳамда ушбу мол-мулкнинг яхши сақланиши ва ундан оқилона фойдаланилишини таъминлайди.


10. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикасининг халқаро ташкилотлардаги миссиялари ва ваколатхоналарининг асосий вазифалари ва функциялари ҳисобланади:

халқаро ташкилотларда Ўзбекистон Республикасининг манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро ташкилотлар доирасидаги кўп томонлама халқаро шартномалар, лойиҳалар ва дастурларда иштироки самарасини ошириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

халқаро ташкилотлар органлари йиғилишларининг кун тартибидаги масалалар юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ва позицияларни келишиш;

халқаро ташкилотлар, уларнинг таъсис органлари фаолияти билан боғлиқ масалалар, қабул қилинаётган қарорлар бўйича ахборот-таҳлилий материаллар тайёрлаш ва Ташқи ишлар вазирлигини ўз вақтида хабардор қилиш.


11. Консуллик муассасалари Консуллик уставида, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномаларида назарда тутилган вазифалар ва функцияларни бажаради.


12. Зарур ҳолларда ушбу Низомнинг 8 ва 9-бандларида назарда тутилган алоҳида вазифалар ва функцияларни бажариш Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасаларига, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг халқаро ташкилотлардаги миссиялари ва ваколатхоналари зиммасига ҳам юкланиши мумкин.

Хориждаги муассасалар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифа ва функцияларни бажариши ҳам мумкин.



3-БОБ. ХОРИЖДАГИ МУАССАСАЛАР

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


13. Хориждаги муассасанинг раҳбари ўзи ишлаб турган давлатда Ўзбекистон Республикасининг олий расмий вакили ҳисобланиб, Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий сиёсатини олиб бориш, мамлакат манфаатларини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахсларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва илгари суришни таъминлайди.


14. Олий маълумотга эга бўлган, давлат тилида ва чет тилларида эркин мулоқот қила оладиган, зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун етарлича ишбилармонлик, маънавий ва касбий сифатларга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Ўзбекистон Республикасининг хориждаги муассасаси раҳбари бўлиши мумкин.


15. Тегишли равишда қуйидагилар хориждаги муассасаларга раҳбарлик қилади:

а) дипломатик ваколатхона раҳбари - хорижий давлат раҳбари ҳузурида аккредитациядан ўтувчи фавқулодда ва мухтор элчи, хорижий давлат раҳбари ҳузурида аккредитациядан ўтувчи фавқулодда ва мухтор вакил ёки хорижий давлатнинг ташқи ишлар вазирлиги ҳузурида аккредитациядан ўтувчи ишлар вакили томонидан, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатда дипломатик ваколатхонаси мавжуд бўлмаган ҳолларда эса Ўзбекистон Республикасининг муваққат ишлар вакили;

б) консуллик муассасаси раҳбари - бош консул, консул, вице-консул, консуллик агенти, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхонаси консуллик бўлими мудири;

в) Ўзбекистон Республикасининг халқаро ташкилотдаги миссияси ёки ваколатхонаси раҳбари - Ўзбекистон Республикасининг халқаро ташкилотдаги миссияси ёки доимий вакили.


16. Хориждаги муассаса раҳбари:

хориждаги муассасанинг фаолиятига умумий раҳбарлик қилади, унинг фаолиятини мувофиқлаштиради ва назорат қилади;

хориждаги муассасага Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ юклатилган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан масъул ҳисобланади;

ўзи ишлаб турган давлат ёки халқаро ташкилот билан муносабатларни ривожлантириш, шунингдек, хориждаги муассаса фаолияти самарадорлигини ошириш масалалари юзасидан Ташқи ишлар вазирлигига белгиланган тартибда таклифлар киритади;

хориждаги муассаса ходимлари ўртасида функционал мажбуриятларни тақсимлайди;

хориждаги муассаса ходимлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

хориждаги муассаса ходимлари томонидан меҳнат ва ижро интизомига, шунингдек, дипломатик ахлоқ-одоб қоидаларига риоя этилишини таъминлайди;

хориждаги муассаса ходимларини юқори лавозимга кўтариш ёки уларга дипломатик мартаба бериш юзасидан Ташқи ишлар вазирлигига тақдимнома киритади;

давлат сири ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирлар сақланишини таъминлаш чораларини кўради;

хориждаги муассаса мол-мулкининг ҳисоби юритилишини ва сақланишини, шунингдек, унинг эҳтиёжлари учун ажратилаётган молиявий маблағлар оқилона сарфланишини таъминлайди;

ўзи ишлаб турган давлатда хориждаги муассаса, унинг ходимлари ва оила аъзоларининг хавфсизлигини, халқаро ҳуқуқ нормалари ва ўзи ишлаб турган давлатнинг қонунчилигига мувофиқ уларга бериладиган имтиёзлар ва иммунитетга риоя қилинишини таъминлаш чораларини кўради;

ўзига берилган ваколатлар доирасида Ўзбекистон Республикасининг ўзи ишлаб турган давлат билан музокараларини олиб боради ва халқаро шартномаларини ёки халқаро ташкилотлар томонидан қабул қилинадиган бошқа ҳужжатларни имзолайди;

ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Президенти ва/ёки Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири раҳбарлигида ўтказиладиган хориждаги муассасалар раҳбарлари мажлисларида қатнашади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

зарур ҳолларда дипломатик ваколатхона раҳбари фаолияти билан боғлиқ саволларга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати олдида ҳисобот беради;

Хориждаги дипломатик муассаса раҳбари икки нафар - дипломатик ваколатхона ходимлари орасидан тайинланадиган сиёсий масалалар бўйича ўринбосарга ва дипломатик ваколатхонанинг савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси ҳисобланадиган савдо-иқтисодий масалалар бўйича ўринбосарга эга бўлади.


17. Хориждаги муассасаларнинг штат жадвали ва харажатлар сметаси Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланади.


18. Хориждаги муассасалар раҳбарлари ва ходимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Хориждаги муассасаларда узоқ муддатли хизмат сафарининг узлуксиз даври уч йилдан ошмаслиги зарур. Хизмат тақозоси ва хориждаги муассаса ходимининг розилигига кўра ушбу муддат кўпи билан бир йилга узайтирилиши мумкин.

Узоқ муддатли хизмат сафарлари орасида Ташқи ишлар вазирлигида, унинг идоравий ташкилотлари ёки ҳудудий бўлинмаларида ишлаш муддати камида икки йил бўлиши зарур.

Ушбу банднинг иккинчи ва учинчи хатбошиларидаги талаблар хориждаги муассасаларга раҳбар сифатида дипломатик лавозимга тайинланган шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Ушбу банднинг учинчи хатбошисидаги талаблар дипломатик хизмат органларида ишлашга Ўзбекистон Республикасининг бошқа давлат органларидан жалб этиладиган ходимларга нисбатан татбиқ этилмайди.


19. Хориждаги муассасалар ходимларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан белгиланади.


20. Хориждаги муассасалар иши ҳар йили тасдиқланадиган ҳаракатлар режалари "йўл хариталари") асосида ташкил қилинади.


21. Хориждаги муассасаларни молиявий таъминлаш Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети, Дипломатик ва консуллик муассасаларини ривожлантириш республика жамғармаси маблағлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Хориждаги муассасаларни молиявий таъминлаш Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири томонидан Ўзбекистон Республикаси молия вазири билан биргаликда ёки улар ваколат берган шахслар томонидан тасдиқланадиган йиллик харажатлар сметасига мувофиқ амалга оширилади.


22. Хориждаги муассасалар транспорт, хизмат бинолари, алоқа воситалари ва бошқа зарур мол-мулк билан таъминланади.


23. Хориждаги муассасаларда мол-мулкка эгалик қилиш, фойдаланиш, тасарруф этиш ва молия-хўжалик фаолиятини олиб бориш муассаса ишлаб турган давлат қонунчилигининг хусусиятлари ва шартларини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан белгиланади.


24. Хориждаги муассасалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши мумкин.



4-БОБ. ХОРИЖДАГИ МУАССАСАЛАР ФАОЛИЯТИ

САМАРАДОРЛИГИНИ БАҲОЛАШ


25. Қуйидагилар хориждаги муассасалар фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг асосий мезонлари ҳисобланади:

ўзи ишлаб турган давлат ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, инвестициявий, технологик, молиявий-техник, илмий-техникавий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича йиллик ҳаракатлар режалари ("йўл хариталари")да назарда тутилган чора-тадбирларни амалда рўёбга чиқариш;

аниқ амалий аҳамиятга молик ва ўзаро манфаатли давлатлараро келишувлар ва битимлар тузиш мақсадида амалга ошириладиган олий, юқори ва бошқа даражалардаги ташрифлар, учрашувлар ва музокараларни ташкиллаштириш;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро кун тартибидаги ва минтақавий хавфсизликнинг долзарб муаммолари, шунингдек, мамлакатнинг ички ривожланиши масалалари бўйича ташаббуслари, позицияси ва ёндашувларининг ўзи ишлаб турган давлат томонидан, шу жумладан халқаро ташкилотлар доирасида сиёсий қўллаб-қувватланишини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Ташқи ишлар вазирлигини ўзи ишлаб турган мамлакат ва ундан ташқарида содир бўлаётган жорий воқеалар, дунё сиёсати ва иқтисодиёти бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларига дахлдор энг муҳим масалаларини прогноз баҳолашни ўз ичига олган долзарб ахборот-таҳлилий материаллар билан мунтазам равишда таъминлаш;

икки томонлама товар айланмаси номенклатураси, энг аввало, ўзи ишлаб турган давлат бозорига маҳаллий компаниялар ва ташкилотларнинг маҳсулотлари ва хизматларини экспортга етказиб бериш ҳажмларини янада ошириш ва кенгайтиришга қаратилган тижорат битимларини бевосита хориждаги муассаса иштирокида тузиш;

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётининг асосий тармоқларини ва инфратузилмани ривожлантириш ва модернизация қилишга ўзи ишлаб турган давлат ташкилотларининг тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари, грантлари, кредитлари, техник кўмаклашиш воситаларини, илғор технологиялари ва илмий ишланмаларини жалб қилиш бўйича аниқ келишувларга эришиш;

ўзи ишлаб турган мамлакатдан Ўзбекистон Республикасига сайёҳлар оқимини кўпайтириш, миллий сайёҳлик маҳсулотларини илгари суриш бўйича қўшма дастурлар ва лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, мамлакатимиз ҳудудларининг сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантиришга инвестициялар жалб қилиш юзасидан хорижий сайёҳлик компаниялари билан битимлар тузиш;

ўзи ишлаб турган давлатнинг нуфузли матбуот ва электрон нашрларида, шунингдек, телерадио оммавий ахборот воситаларида мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва янгиланишларнинг моҳияти ва аҳамиятини, Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий, инвестициявий, маданий-тарихий ва туристик салоҳиятини очиб берувчи холис ва ҳаққоний ахборотни тарқатиш;

Ўзбекистон Республикасининг амалий аҳамиятга молик халқаро шартномаларини тузиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва уларнинг кенг миқёсда ижро этилишига кўмаклашиш.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


26. Ушбу Низом талабларини бузишда айбдор бўлган шахслар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz)









































Время: 0.0093
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск