ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (Ҳукумат) / Вазирлар Маҳкамасининг комиссиялари ва органлари /

Инвестицияларни жалб қилиш‚ саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 06.10.2020 й. 601-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 6 октябрдаги

601-сон қарорига

ИЛОВА



Инвестицияларни жалб қилиш‚ саноатни

ривожлантириш ва савдони тартибга солиш

масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Инвестицияларни жалб қилиш‚ саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссиясининг (кейинги ўринларда - Ҳукумат комиссияси) асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва масъулияти, фаолиятининг ташкилий асосларини белгилайди.

2. Ҳукумат комиссияси ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Ўзбекистон Республикасининг қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек, ушбу Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.


3. Ҳукумат комиссияси ўзига юклатилган вазифалар ва функцияларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси давлат бошқаруви органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.



2-БОБ. ҲУКУМАТ КОМИССИЯСИНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


4. Қуйидагилар Ҳукумат комиссиясининг асосий вазифалари ҳисобланади:

экспорт салоҳиятини ривожлантириш;

инвестиция лойиҳаларининг самарали амалга оширилишини таъминлаш;

ҳудудларда саноат кластерларини ташкил этиш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш;

олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланган ҳужжатларни амалга ошириш юзасидан тасдиқланган "йўл хариталари"нинг ижросини назорат қилиш.


5. Ҳукумат комиссияси ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) экспорт салоҳиятини ривожлантириш масалалари соҳасида:

экспорт прогноз параметрларининг бажарилишини доимий равишда мониторинг қилиш, шунингдек келгуси йиллар учун экспорт прогнозини шакллантириш ишларини ташкил этиш;

ҳудудлар ва тармоқ экспорт салоҳиятининг ўсиши ва сафарбар этилишига тўсқинлик қиладиган жорий ва тизимли муаммоларни аниқлаш;

нобарқарор ташқи конъюнктура, шунингдек янги турдаги халқаро таҳдид ва хатарлар (коронавирус пандемияси каби) шароитида мамлакатнинг экспорт қилиш салоҳиятини ривожлантириш;

экспорт фаолиятини амалга оширишда аниқланган муаммоларни ўрганиб, зарур ҳолларда жойида бартараф этиш чораларини кўриш;

экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш бўйича амалий, шу жумладан қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;


б) инвестиция лойиҳаларининг самарали амалга оширилишини таъминлаш масалалари соҳасида:

давлат инвестицияларини бошқариш тизимини такомиллаштирган ҳолда инвестиция дастурлари ва марказлашган инвестициялар ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳаларни шакллантириш ҳамда уларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилишини ташкил этиш;

инвестициялар, шу жумладан хорижий инвестициялар иштирокидаги инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилишини мониторинг қилиш ҳамда инвестиция оқимининг ўсиши ва уларнинг жалб этилишига тўсқинлик қиладиган жорий ва тизимли муаммоларни аниқлаш;

инвестиция дастурлари ва тармоқлар йўналиши доирасида инвестицияларнинг ўзлаштирилиши ва лойиҳаларнинг амалга оширилиши ҳолатини ўрганиш, ишга тушган ишлаб чиқариш лойиҳаларининг самарадорлигини баҳолаш ҳамда вужудга келаётган муаммоларни, шу жумладан жойида бартараф этиш чораларини кўриш;

инвестиция лойиҳалари, шу жумладан халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари билан келишиладиган кўп йиллик ҳамкорлик дастурлари ва стратегияларини тақдим этиш, улар иштирокидаги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун масъул вазирликлар, идоралар ва лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳларининг ҳисоботларини эшитиш, шунингдек, ушбу лойиҳаларнинг ўз вақтида ишлаб чиқилиши ва самарали амалга оширилишини таъминлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш;


в) ҳудудларда саноат кластерларини ташкил этиш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш масалалари соҳасида:

республика ҳудудларида саноатни жадал ривожлантириш ҳамда илм-фан, инновация, лойиҳа, молия, инжиниринг ва инвестиция ташкилотларини қамраб олган "саноат кластерлари"ни ташкил этиш;

маҳаллий хомашё ҳамда материаллардан самарали фойдаланиш асосида қўшимча қиймат занжирини яратишни таъминлайдиган инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш;

мамлакатнинг салоҳиятини инобатга олган ҳолда импорт ўрнини босувчи, экспортга йўналтирилган, халқаро стандартлар талабига жавоб берувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича инвестициявий лойиҳа таклифларини тайёрлаш ҳамда инвесторларни жалб қилиб, уларни амалга ошириш;

республика худудига импорт қилишда божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод этиладиган технологик асбоб-ускуналар рўйхатига киритилган, бироқ ишлаб чиқарилганига 3 йилдан кўп бўлган айрим технологик ускуналар рўйхатини фақат божхона божидан озод қилиш шарти билан тасдиқлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Экспортчи корхоналарни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2021 йил 7 сентябрдаги ПФ-6306-сон Фармони 3-бандининг учинчи хатбошисида назарда тутилган норма келиб чиқиш сертификати асосида ҳам қўлланиладиган юқори сифат ва назорат тизимига эга мамлакатларни белгилаш;

мувофиқлик сертификатини тақдим этмаган ҳолда, уни божхона ҳужжатлари расмийлаштирилган кундан бошлаб икки ой давомида белгиланган тартибда олиш шарти билан ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кириладиган маҳсулотларнинг божхона ҳужжатларини расмийлаштиришга йўл қўйиладиган ҳолатлар рўйхатини (импорт қилувчининг кафолат хати асосида) тасдиқлаш;

г) олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланган ҳужжатларни амалга ошириш юзасидан тасдиқланган "йўл хариталари"нинг ижросини назорат қилиш соҳасида:

"йўл хариталари"да назарда тутилган тадбирлар, шу жумладан экспорт келишувларининг тўлақонли бажарилиши ҳамда инвестиция лойиҳаларининг ўз вақтида амалга оширилиши устидан қатъий назорат ўрнатиш;

"йўл хариталари"да назарда тутилган тадбирларнинг вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ўз вақтида ҳамда самарали ижро этилишини таъминлаш, тўсқинлик қилувчи омилларни аниқлаб, уларни бартараф этиш;

вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан "йўл хариталари"да назарда тутилган тадбирларнинг ижро этилишида сунъий равишда чўзиш ва сансалорлик ҳолатларига йўл қўймаслик чораларини кўриш.



3-БОБ. ҲУКУМАТ КОМИССИЯСИНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


6. Ҳукумат комиссияси ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

жаҳон ва ички бозорда нарх ва талаб конъюнктураси, ишлаб чиқариш ва тақсимот балансларидан келиб чиқиб, экспорт прогнозининг йиллик умумий кўрсаткичларини сақлаган ҳолда экспорт прогноз кўрсаткичларига ўзгартириш киритиш, инвестиция дастурларига уларнинг умумий параметрлари ҳамда кўрсаткичларини сақлаган ҳолда тузатиш, қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳамда олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланган ҳужжатларни амалга ошириш юзасидан тасдиқланган "йўл хариталари" ҳамда халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари билан ҳамкорлик бўйича "йўл хариталари"га ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш.

Бунда, олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланган ҳужжатларни амалга ошириш юзасидан тасдиқланган "йўл хариталари", шунингдек, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари билан ҳамкорлик бўйича "йўл хариталари"нинг умумий кўрсаткичларини ўзгартириш Ҳукумат комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилган ҳолда амалга оширилади;

тегишли давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан Ҳукумат комиссиясининг ваколатлари доирасига кирувчи масалалар бўйича ахборотни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

Ҳукумат комиссияси фаолияти соҳасига оид масалаларни ўрганиш ва таклифлар тайёрлаш учун мутахассислар ва илмий ходимларни жалб этиш;

экспорт қилишда транспорт харажатларининг бир қисмини компенсация қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан субсидиялар тақдим этиладиган маҳсулотлар рўйхатига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, субсидиялар тақдим этиш шартлари ва миқдорларини белгилаш ҳамда тартибини тасдиқлаш, шунингдек, маҳсулот тури, ҳажми ва экспорт йўналишига қараб субсидиянинг қатъий миқдорларини белгилаш;

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан тижорат банкларига экспорт билан боғлиқ савдо операциялари ва экспортолди молиялаштириш кредитлари учун Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиявий ресурслар тақдим этиш тартибини тасдиқлаш, зарур ҳолларда, унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;

ташқи савдо шартномалари юзасидан дебитор ва кредитор қарздорликларни қисқартириш, шунингдек, умидсиз қарздорликларни ҳисобдан чиқариш чораларини кўриш;

электротехника тармоғи ташкилотларига молиялаштириш манбаларидан қатъи назар, танловлар (тендерлар) доирасида аванс тўловларини амалга ошириш (қайтариш), хорижий валютадаги шартнома шартларини бажариш ва етказиб берилган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича кафолат муддатларини таъминлаш юзасидан маҳаллий тижорат банкларидан кафолатлар олишда гаров таъминоти сифатида Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан кафилликлар бериш тартибини тасдиқлаш, зарур ҳолларда унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;

маҳаллий экспорт қилувчи корхоналарнинг мурожаатларига асосан экспортолди ва экспорт билан боғлиқ савдо операцияларини молиялаштириш учун Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ажратилган кредитларни қайтариш муддатини олти ойгача узайтириш;

Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан ўз маблағлари ҳисобидан тўғридан-тўғри молиялаштириш тартибини белгилаш;

Ҳукумат комиссияси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


7. Ҳукумат комиссияси раиси комиссия фаолияти ташкил этилиши, унга юкланган вазифалар ва функциялар сифатли ижро этилиши, шунингдек, Ҳукумат комиссияси самарасиз фаолият юритган тақдирда, уни тугатиш бўйича таклифлар ўз вақтида киритилиши учун шахсан жавоб беради.


8. Ҳукумат комиссияси аъзолари ушбу Низомга мувофиқ уларга юкланган вазифалар ва функцияларни сифатли ва самарали бажариш, шунингдек, Ҳукумат комиссияси йиғилишларида шахсан иштирок этиш учун жавоб берадилар.

Ҳукумат комиссияси аъзосининг узрли сабабга кўра комиссия йиғилишида шахсан иштирок этиши имкони бўлмаганда комиссия йиғилишида иштирок этиш учун тегишли вазирлик ёки идорадан унинг ўрнини босувчи ходим (раҳбар) юборилади.


9. Ҳукумат комиссияси:

ўз фаолиятида белгиланган вазифаларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини ўрганиш учун доимий равишда республика ҳудудларига ташрифларни амалга ошириб боради;

ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ўзига юкланган вазифаларнинг ижроси тўғрисида ахборот киритиб боради;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг республика ҳудудларига ташрифлари якунлари бўйича қабул қилинган баённома топшириқларининг экспорт, инвестициялар, ҳудудий саноатни ривожлантириш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳамда бошқа ташқи иқтисодий алоқалар соҳасидаги қисмининг ижросини таъминлайди.


4-БОБ. ҲУКУМАТ КОМИССИЯСИ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ


10. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Ҳукумат комиссиясининг раиси ҳисобланади, унинг ваколатига қуйидагилар киради:

Ҳукумат комиссияси фаолиятига раҳбарлик қилиш;

Ҳукумат комиссияси йиғилишини (сайёр йиғилишини) чақириш тўғрисида қарор қабул қилиш ва ушбу йиғилиш кун тартибини белгилаш;

Ҳукумат комиссияси фаолиятини назорат қилиш;

Ҳукумат комиссиясига юкланган вазифалар ва функциялар бажарилиши юзасидан Ҳукумат комиссияси аъзоларининг фаолиятини мувофиқлаштириш;

Ҳукумат комиссияси томонидан қабул қилинган қарорларни, мажлислар баёнларини, иш режаларини ва комиссиянинг бошқа ҳужжатларини тасдиқлаш;

Ҳукумат комиссияси самарали фаолиятини таъминлашга оид бошқа функцияларни бажариш.

Қарорларни тезкор қабул қилиш мақсадида Ҳукумат комиссияси раиси Ҳукумат комиссияси аъзолари билан сўров йўли билан келишилган алоҳида масалалар бўйича Ҳукумат комиссияси қарорларини тасдиқлаши мумкин.


11. Ҳукумат комиссияси раисининг ўринбосарлари ваколатига қуйидагилар киради:

Ҳукумат комиссияси йиғилиши (сайёр йиғилиши)ни чақиришни ташкил этиш;

Ҳукумат комиссияси фаолиятининг асосий йўналишлари юзасидан таклифлар тайёрланишини ташкил этиш;

тасдиқланган режага мувофиқ чора-тадбирлар режаси бажарилиши ва Ҳукумат комиссияси аъзолари иши устидан назорат қилиш;

тегишли давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан биргаликда Ҳукумат комиссияси томонидан қабул қилинган қарорларнинг бажарилишини таъминлаш, тегишли ахборот ва таклифларни Ҳукумат комиссияси раисига киритиш;

Ҳукумат комиссияси раиси бўлмаганда ёки унинг топшириғи бўйича Ҳукумат комиссияси йиғилишларига раислик қилиш;

Ҳукумат комиссияси самарали иш олиб боришини таъминлаш мақсадида бошқа функцияларни бажариш.


12. Ҳукумат комиссияси аъзолари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Ҳукумат комиссияси йиғилишларида (сайёр йиғилишларида) кўриб чиқиладиган кун тартибидаги масалалар бўйича муҳокамада иштирок этиш ва қарорлар қабул қилинишини таъминлаш;

Ҳукумат комиссияси томонидан кўриб чиқиладиган масалалар юзасидан хулосалар тайёрлаш;

Ҳукумат комиссияси қарорлари ва юкланган вазифаларнинг ижроси якунлари тўғрисидаги ҳисоботни Ҳукумат комиссияси раисига тақдим этиш;

Ҳукумат комиссияси самарали иш олиб боришини таъминлашга оид бошқа функцияларни бажариш.


13. Мажлислар заруратга кўра Ҳукумат комиссияси раиси томонидан, у бўлмаган тақдирда эса унинг ўринбосарлари томонидан чақирилади.

Ҳукумат комиссияси мажлислари, агар уларнинг ишида Ҳукумат комиссияси аъзоларининг умумий сонининг учдан икки қисми иштирок этса, ваколатли ҳисобланади.


14. Зарурат бўлганда, Ҳукумат комиссияси мажлисига кўриб чиқилаётган масалаларнинг хусусиятига қараб вазирликлар ва идоралар, жамоат ташкилотлари, хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари таклиф қилинади.



5-БОБ. ҲУКУМАТ КОМИССИЯСИНИНГ

ИШЧИ ОРГАНЛАРИ ВА КОТИБИ


15. Қуйидагилар:

экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш, инвестиция лойиҳаларининг самарали амалга оширилишини таъминлаш масалалари бўйича - Вазирлар Маҳкамасининг Инвестициялар, экспортни қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари котибияти;

ҳудудий саноатни ривожлантириш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш масалалари бўйича - Вазирлар Маҳкамасининг Саноат ва унинг базавий тармоқларини ҳамда кооперация алоқаларини ривожлантириш масалалари департаменти Ҳукумат комиссиясининг Ишчи органлари ҳисобланади.

Ҳукумат комиссияси котиби Ҳукумат комиссиясининг ишини юритади.


16. Ҳукумат комиссиясининг Ишчи органлари ва котиби:

Ҳукумат комиссияси фаолиятининг ташкилий-техник таъминотини амалга оширади;

иш режасининг лойиҳасини тайёрлайди, уни Ҳукумат комиссияси муҳокамасига киритади;

Ҳукумат комиссияси йиғилишида (сайёр йиғилишида) кўриб чиқиш учун материалларнинг ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди, унинг иши ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун зарур бўлган ахборот ва материалларни тегишли давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан сўрайди ва олади;

Ҳукумат комиссияси йиғилишининг (сайёр йиғилишининг) кун тартибидаги масалалар бўйича таҳлилий материалларни тайёрлайди;

Ҳукумат комиссияси аъзоларининг таклифлари, шунингдек, мулоҳазаларини қабул қилади ва тизимлаштиради;

Ҳукумат комиссияси йиғилиши (сайёр йиғилиши) учун зарур ҳужжатларнинг ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди;

Ҳукумат комиссияси раиси билан йиғилиш (сайёр йиғилиш) ўтказиш муддати ва жойини, шунингдек, таклиф этилганлар рўйхатини келишади, Ҳукумат комиссияси аъзоларини ва таклиф этилган шахсларни йиғилиш (сайёр йиғилиш) санаси, вақти ва ўтказиладиган жойи ҳақида хабардор қилади;

Ҳукумат комиссияси йиғилиши баённомаларини расмийлаштиради ва тасдиқланган баённомалар нусхалари Ҳукумат комиссияси аъзолари, тегишли давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилишини таъминлайди;

Ҳукумат комиссияси қарорлари ижроси мониторингини олиб боради ва унинг якунларини Ҳукумат комиссияси йиғилишида (сайёр йиғилишида) кўриб чиқиш учун киритади.



6-БОБ. ҲУКУМАТ КОМИССИЯСИ ҚАРОРЛАРИНИ

ҚАБУЛ ҚИЛИШ ВА УЛАРНИНГ БАЖАРИЛИШИНИ

ТАЪМИНЛАШ ТАРТИБИ


17. Ҳукумат комиссияси қарорлари Ҳукумат комиссиясининг йиғилишда (сайёр йиғилишда) иштирок этаётган аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлганда Ҳукумат комиссияси раисининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.

Ҳукумат комиссиясининг ҳар бир аъзоси қабул қилинаётган қарор юзасидан ўз фикрини ёзма равишда билдиришга ҳақлидир.


18. Ҳукумат комиссияси йиғилишида (сайёр йиғилишида) қабул қилинган қарорлар баённома билан расмийлаштирилади ва ушбу баённома Ҳукумат комиссияси раиси томонидан тасдиқланади ҳамда бир ҳафта муддатда Ҳукумат комиссияси аъзолари, тегишли давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилади.


19. Ҳукумат комиссияси қарорлари бажарилишини назорат қилиш Ҳукумат комиссиясининг ишчи органлари томонидан тегишли қисми бўйича амалга оширилади.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


20. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 7 октябрь



















































Время: 0.0139
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск