ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Туризм / Сайёҳлик соҳасини бошқариш. Мутахассислар тайёрлаш /

Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Хавфсиз туризм жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 06.10.2020 й. 602-сон қарорига 4-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 6 октябрдаги

602-сон қарорига

4-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий

мерос вазирлиги ҳузуридаги Хавфсиз туризм

жамғармаси  маблағларини  шакллантириш

ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Хавфсиз туризм жамғармасининг (кейинги ўринларда - Жамғарма) вазифалари ва фаолияти йўналишларини, шунингдек, унинг маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилаб беради.

2. Жамғарма Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги (кейинги ўринларда - Вазирлик) ҳузурида юридик шахс мақомисиз, туристларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича тадбирларни молиялаштириш мақсадида ташкил этилади.

3. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:


"Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED" тизими - Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий туристларга санитария-эпидемиологик хавфсизлик талаблари асосида кўрсатиладиган хизматлар мажмуини ўз ичига олган тизим;


даволаниш ҳаражатларини қоплаб бериш учун компенсация - Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган туроператор томонидан "Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED" тизими талабларига риоя қилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ташкил этилган саёҳат давомида хорижий туристлар коронавирус (КОРОНАВИРУС (COVID-19)) инфекциясини юқтириб олган тақдирда, уларга 3 минг АҚШ доллари миқдорида компенсация тўловларини тўлаб бериш;


захира қилинган маблағлар - "чиқиш туризми" йўналиши бўйича туризм фаолиятини амалга оширувчи туроператор ва турагент томонидан туристларга шошилинч ёрдам кўрсатиш мақсадида Жамғармага захира қилинадиган 15 минг АҚШ долларига тенг миқдоридаги маблағлар;


туристларга шошилинч ёрдам кўрсатиш - "чиқиш туризми" йўналиши бўйича туризм фаолиятини амалга оширувчи туроператор ва турагент томонидан туристик хизматларни кўрсатиш шартномасида белгиланган хизматларни тақдим қилмаслик ёки қисман тақдим қилмаслик, шунингдек, туроператор ва (ёки) турагент банкрот деб эътироф этилиши оқибатида вақтинча бўлиш мамлакатида қолиб кетган туристларга ёрдам кўрсатишга қаратилган чора-тадбирлар мажмуи;

турист - белгиланган тартибда "чиқиш туризми" йўналиши бўйича туризм фаолиятини амалга оширувчи туроператор ёки турагент билан хизмат кўрсатиш тўғрисида шартнома тузган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ёки Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахс;


хорижий турист - Ўзбекистон Республикаси резидентлари - туроператор орқали Ўзбекистон Республикаси ҳудудида туристик хизматлардан фойдаланувчи хорижий мамлакат фуқароси ёки Ўзбекистон Республикасида доимий яшамайдигани фуқаролиги бўлмаган шахс.


4. Ушбу Низом талаблари Ўзбекистон Республикасига ва (ёки) Ўзбекистон Республикасидан форс-мажор ҳолатларда фуқароларни олиб кириш ва (ёки) олиб чиқиш ҳолатларига нисбатан татбиқ этилмайди.



2-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ МАНБАЛАРИ


5. Жамғарма қуйидаги манбалар ҳисобига шакллантирилади:

"Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED" тизими доирасида жорий этилаётган ихтиёрий сертификатлаштиришдан ўтиш учун тўланадиган базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдоридаги тўловлар;

Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан ажратиладиган маблағлар;

"чиқиш туризми" йўналиши бўйича туризм фаолиятини амалга оширувчи туроператор ва турагентлар томонидан захира қилинадиган маблағлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайрия маблағлари;

халқаро молия институтлари, хорижий ва донор ташкилотларнинг грантлари;

Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини депозитларга жойлаштиришдан тушадиган даромадлар бўйича тушумлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


6. Жамғармага тушадиган маблағлар Вазирлик томонидан тақдим этилган аризага асосан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги томонидан очиладиган шахсий ғазна ҳисобварақаларида жамланади.


3-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ


7. Жамғарма маблағларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:

а) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ташкил этилган саёҳат давомида коронавирус (КОРОНАВИРУС (COVID-19)) инфекцияси билан зарарланган хорижий туристларга даволаниш харажатларини қоплаб бериш учун компенсация тўловларини амалга ошириш учун;

б) "чиқиш туризми" йўналиши бўйича туризм фаолиятини амалга оширувчи туроператор ва турагент банкрот деб эътироф этилиши оқибатида туристик маҳсулотни сотиш тўғрисидаги шартнома бўйича ўз мажбуриятларини бажара олмаслиги натижасида вақтинча бўлиш мамлакатида қолиб кетган туристларга молиявий ёрдам кўрсатиш;

в) "чиқиш туризми" йўналиши бўйича туризм фаолиятини амалга оширувчи туроператор ва турагент томонидан туристик хизматларни кўрсатиш шартномасида белгиланган хизматларни тақдим қилмаслик ёки қисман тақдим қилмаслик натижасида вақтинча бўлиш мамлакатида қолиб кетган туристларга ёрдам кўрсатиш.



4-БОБ. КОМПЕНСАЦИЯ ОЛИШГА АРИЗА

ТОПШИРИШ ВА АЖРАТИШ ТАРТИБИ


8. Компенсация тўлови қуйидаги шартлар асосида амалга оширилади:

хорижий турист Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган туроператор ёки турагент томонидан ташкил қилинган саёҳат доирасида Ўзбекистонга ташриф буюрган бўлиши;

саёҳат ташкил қилувчи туроператор томонидан кўрсатиладиган хизматлар фақат "Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED" тизимига кирган туризм ва ёндош инфратузилма объектларида ташкил қилиниши ҳамда тизим талабларига риоя қилган бўлиши лозим.


9. Туроператор хорижий туристда коронавирус (COVID-19) инфекцияси аниқланганда, саёҳат давомида хорижий турист ташриф буюрган объект (жой)лар тўғрисидаги тўлиқ маълумотларни шакллантириши шарт.

Туроператор коронавирус (COVID-19) инфекцияси аниқланган хорижий турист ташриф буюрган объект (жой)лар тўғрисидаги тўлиқ маълумотни бир кунда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати органларига тақдим қилади.


10. Саёҳат давомида коронавирус (COVID-19) инфекцияси билан зарарланган хорижий туристларнинг даволаниш харажатларини қоплашга компенсация олиш учун туроператор Вазирликка ариза билан ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилади.

Аризада туроператорнинг номи, жойлашган жойи (почта манзили), электрон почта манзили кўрсатилади ҳамда унга қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

туроператор ва хорижий турист ёки хорижий ҳамкор ташкилот ўртасида Ўзбекистонда туристик хизматлар кўрсатилиши тўғрисидаги шартнома нусхаси ва ваучер;

хорижий туристнинг паспорт нусхаси;

тиббиёт муассасасининг касалликка чалинганлик бўйича хулосаси (турист қайси вақтда касалликка чалинганлиги тўғрисида);

тиббиёт муассасасига ётқизилганини тасдиқловчи ҳужжат, муассасанинг манзили, СТИР, ҳисоб рақами ва тижорат банки реквизитлари.


11. Туроператор аризани хорижий турист тиббиёт муассасасига ётқизилган кундан бошлаб уч кун мобайнида Вазирликка топшириши шарт.

Хорижий турист Ўзбекистон ҳудудидан чиқиб кетганидан сўнг хорижий мамлакат тиббиёт муассасаларининг коронавирус (COVID-19) инфекцияси билан зарарланганлигини ва даволанганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари компенсация мақсадида қабул қилинмайди.


12. Туроператор ёки турагент компенсация олиш учун тақдим этилган маълумотлар ва ҳужжатларнинг тўғрилигига масъул ҳисобланади.


13. Вазирлик ариза тушган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида унинг ушбу Низомнинг 10-бандида белгиланган талабларга мослигини ўрганади.

14. Вазирлик аризани ўрганиб чиқиб бир иш кунида компенсация ажратиш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади ва натижаси бўйича туроператорни қарор қабул қилинган куни хабардор қилади.

15. Компенсация ажратиш рад этилган тақдирда, рад этиш учун асос бўлган сабаблар аниқ кўрсатиб ўтилган рад этиш тўғрисидаги қарор ариза берувчига ушбу қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир иш кунида юборилади.

Ариза берувчи қарорни олган кундан бошлаб уч иш кунида кўрсатиб ўтилган камчиликларни бартараф этиши ва уларнинг бартараф этилганини тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда Вазирликка такроран ариза билан мурожаат қилиши мумкин.

16. Компенсация бериш қуйидаги асосларга кўра рад этилиши мумкин:

ушбу Низомда кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар ва маълумотлар тўлиқ ҳажмда тақдим қилинмаганлиги;

ариза берувчининг ушбу Низомниг 8-бандида кўрсатилган талабларга жавоб бермаслиги.

Компенсация беришни ушбу Низомда кўрсатиб ўтилмаган асослар бўйича рад этиш мумкин эмас.


17. Ариза такроран тақдим этилган кундан бошлаб икки иш кунида Вазирлик томонидан қайта кўриб чиқилади.

Бунда янги асослар бўйича компенсация беришни рад этиш мумкин эмас.


18. Компенсация Жамғарма маблағлари ҳисобидан ажратилади ва компенсация ажратиш тўғрисида қарор қабул қилинганидан сўнг бир иш кунида Вазирлик томонидан тиббиёт муассасасининг ҳисоб рақамига ўтказилади.


5-БОБ. ЗАХИРА ҚИЛИНГАН МАБЛАҒЛАРНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ ТАРТИБИ


19. "Чиқиш туризми" йўналиши бўйича туризм фаолиятини амалга оширувчи туроператор ва турагент Вазирликка 15 минг АҚШ долларига тенг миқдоридаги маблағларни Жамғармага захирага қўйиш юзасидан ариза билан мурожаат қилиши мумкин.

Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумотлар нусхаси;

банк ҳисобрақамлари, электрон почта манзили тўғрисидаги маълумотлар.


20. Захира қилинган маблағлардан фойдаланиш тартибини белгилаш мақсадида маблағлар захира қилинган кундан бошлаб ўн беш кун мобайнида туроператор ёки турагент ва Вазирлик ўртасида шартнома тузилади.

Шартномада қуйидагилар кўрсатилиши керак:

шартноманинг амал қилиш муддати;

томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

Ушбу Низомнинг 7-банди "б" ва "в" кичик бандларида белгиланган мақсадлар учун захира қилинган маблағлардан фойдаланиш, улар ўрнини тўлдириш тартиби ва муддатлари;

шартномани бекор қилиш ва захира қилинган маблағларни қайтариш тартиби ва муддатлари.


21. Вазирлик захира қилинган маблағларни Жамғарманинг хорижий валютадаги ҳисоб рақамида жамғариб боради.

22. Туроператор ва турагентнинг лицензияси амал қилиши тўхтатилган ва бекор қилинган тақдирда, Вазирлик захира қилинган маблағлар 3 иш куни мобайнида туроператор ва турагентга қайтарилишини таъминлайди.


6-БОБ. ТУРИСТЛАРГА ШОШИЛИНЧ

ЁРДАМ КЎРСАТИШ ТАРТИБИ


23. Қуйидагилар туристларга шошилинч ёрдам кўрсатиш учун маблағлар ажратишга асос бўлади:

а) вақтинча бўлиш мамлакатидан туристларни транспорт (авиа, темир йўл, сув транспорти ва автотранспорт) воситалари орқали энг мақбул ва энг қисқа вақтда ичида Ўзбекистон Республикаси ҳудудига қайтариш;

б) "чиқиш туризми" йўналиши бўйича туризм фаолиятини амалга оширувчи туроператор ва турагент банкрот деб эътироф этилиши оқибатида туристик маҳсулотни сотиш тўғрисидаги шартнома бўйича ўз мажбуриятларини бажара олмаслиги натижасида вақтинча бўлиш мамлакатида қолиб кетган туристларга шартномада белгиланган хизматларни кўрсатиш;

в) "чиқиш туризми" йўналиши бўйича туризм фаолиятини амалга оширувчи туроператор ва турагент томонидан туристик хизматларни кўрсатиш шартномасида белгиланган хизматларни тақдим қилмаслик ёки қисман тақдим қилмаслик натижасида вақтинча бўлиш мамлакатида қолиб кетган туристларга шартномада белгиланган хизматларни кўрсатиш.


24. Туристларга шошилинч ёрдам кўрсатиш туроператор ёки турагент билан туризм хизматларини кўрсатиш тўғрисида шартнома тузган туристга кўрсатилади.


25. Вазирлик турист (ёки ваколатли вакил), туроператор ёки турагент мурожаатига асосан хизмат кўрсатган туроператор ёки турагентнинг захира қилинган маблағлари ҳисобидан шошилинч ёрдам кўрсатади.

26. Мурожаатда қуйидаги маълумотлар бўлиши лозим:

а) туристнинг фамилияси, исми ва отасининг исми (агар бўлса);

б) турист жойлашган жойнинг манзили;

в) туристик маҳсулотни сотиш тўғрисидаги шартнома реквизитлари (сана, рақами ва туроператор ва (ёки) турагентнинг номи;

д) мурожаат этувчининг алоқа қилинадиган маълумотлари (телефон рақами ва (ёки) электрон почта манзили);

г) туроператор ёки турагент туризм маҳсулотини сотиш тўғрисидаги шартнома бўйича ўз мажбуриятларини, унга кирган туризм хизматларининг тўлиқ кўрсатилмаганлиги ёки лозим даражада кўрсатилмаганлигини тасдиқловчи ҳолатлар (фактлар).


27. Вазирлик ушбу Низомнинг 26-бандига мувофиқ мурожаатда мавжуд бўлган маълумотларнинг тўғрилигини хизмат кўрсатувчи туроператор ёки турагентни жалб қилган ҳолда текширади.

Захира қилинган маблағлардан фойдаланиш ҳолатлари юзага келганда ва туристга хизмат кўрсатган туроператор ёки турагент билан алоқа ўрнатиш имкони бўлмаган тақдирда, Вазирлик бир иш кунида туристга хизмат кўрсатган туроператор ёки турагентни ва Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатдаги дипломатик ваколатхонасини ёзма ёки электрон шаклда туристларга шошилинч ёрдам кўрсатиш учун маблағ ажратилганлиги тўғрисида хабардор қилади.

28. Вазирлик мурожаат қилувчидан туристик маҳсулотга киритилган хизматлар бўйича бошқа маълумот ва ҳужжатларни талаб қилиши мумкин.

29. Вазирлик мурожаат олинган кундан бошлаб бир иш кунидан кечиктирмай туристга шошилинч ёрдам кўрсатиш ёки уни тақдим этишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Қабул қилинган қарор тўғрисида бир иш кунида турист ва хизмат кўрсатган туроператор ёки турагент хабардор қилинади.


30. Туристга шошилинч ёрдам кўрсатишни рад этиш тўғрисидаги қарор қуйидаги асослар бўйича қабул қилинади:

а) мурожаатда ушбу Низомнинг 26-бандида кўрсатилган маълумотларнинг мавжуд эмаслиги;

б) мурожаатда ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар аниқланиши;

в) шошилинч ёрдам кўрсатиш учун асос йўқлигини кўрсатадиган ҳолатлар аниқланиши;

г) ушбу Низомнинг 4-бандида кўрсатилган ҳолатлар аниқланиши.


31. Ушбу Низомнинг 30-бандида назарда тутилмаган асослар бўйича рад этишга йўл қўйилмайди.


32. Туристларга шошилинч ёрдам кўрсатиш бўйича харажатларни молиялаштириш Жамғарма маблағлари ҳисобидан транспорт ва (ёки) жойлаштириш воситалари учун тўловлар ва туристга шошилинч ёрдам кўрсатиш учун зарур бўлган бошқа хизматлар учун бундай хизматларни тақдим этадиган учинчи шахсларга ёки турист (ваколатли вакил)нинг Ўзбекистон Республикасида очилган халқаро пластик картасига тўлаш шаклида амалга оширилади.


33. Жамғармадан ажратиладиган тўловлар миқдори туристларга шошилинч ёрдам кўрсатишнинг ҳақиқий харажатлари асосида белгиланади.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


34. Вазирлик компенсация тақдим этиш, туристларга шошилинч ёрдам кўрсатиш ишларини ташкил этиш, мувофиқлаштириш ва мониторинг олиб бориш, Жамғармадан ажратилган маблағларнинг етказилиши юзасидан масъул ҳисобланади.

35. Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан амалга оширилади.


36. Вазир ва бош бухгалтери бухгалтерия ҳисоби тўғри юритилиши, Жамғармага маблағлар тушиши ва улардан фойдаланилиши тўғрисидаги ҳисоботларни тузиш ва тақдим этиш юзасидан белгиланган тартибда жавоб беради.

37. Вазирлик Жамғармага маблағлар тушиши ва улардан фойдаланилиши тўғрисида ҳар чоракда ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 20-кунигача Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига ҳисобот тақдим этади.

38. Жамғарманинг ҳисобот йилида фойдаланилмаган маблағлари кейинчалик ушбу Низомда, шунингдек, Вазирлик рахбарининг қарорига мувофиқ назарда тутилган тартибда ва мақсадларда фойдаланиш учун миллий валютада (захира қилинган маблағлар бундан мустасно) жамғариб бориладиган ғазна ҳисоб варағида қолади.

39. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 7 октябрь






































Время: 0.2115
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск