язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Пенсиялар. Нафақа. Ижтимоий ҳимоя/ Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш. Хайрия фаолияти/ Республика болалар ижтимоий мослашуви марказининг Устави (ЎзР ВМ 07.09.2004 й. 419-сон Қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2004 йил 7 сентябрдаги

419-сон қарорига

1-ИЛОВА



Республика болалар ижтимоий

мослашуви марказининг

УСТАВИ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) жисмоний имкониятлари чекланган (ногиронлар, жисмоний нуқсони бўлган ҳамда асаб ва руҳияти бузилган болалар, сурункали оғир касалликлардан азоб чекувчи болалар), ижтимоий ва ҳуқуқий жиҳатдан хатарли гуруҳларга кирадиган болаларни (етимлар, ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар қаровисиз қолган болалар, нотинч оилалар болалари), шунингдек ижтимоий мослашувда қийинчиликка эга бўлган, бироқ хатарли гуруҳларга кирмайдиган алоҳида иқтидорли болаларни (умумий махсус қобилиятли болаларни, хусусан: спортга, бадиий, илмий ва бошқа қобилиятларга эга бўлган болаларни) (кейинги ўринларда болалар деб аталади) ижтимоий мослаштириш муаммоларини ўрганувчи мустақил ташкилот ҳисобланади.

2. Марказ ўз фаолиятини давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.


3. Марказ ўз фаолиятини амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорлари ва бошқа ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатларига ҳамда мазкур Уставга амал қилади.


4. Марказнинг юридик номи:

давлат тилида - Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази;

рус тилида - Республиканский центр социальной адаптации детей;

инглиз тилида - The Republican Center for Social Adaptation of Children.


5. Марказ Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳрида жойлашган.


6. Марказ юридик шахс ҳисобланади, алоҳида мол-мулкка, мустақил балансга, банкларда ҳисоб рақамларига, валюта ҳисоб рақамларига ва бошқа ҳисоб рақамларига, ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга, штампга ва бланкаларга ҳамда ўз фаолияти учун зарур бўлган бошқа хизмат белгилари ва реквизитларга эга бўлади.

7. Марказ қонун ҳужжатларига мувофиқ ташкил этиладиган ўз филиалларига эга бўлиши мумкин, улар ўз фаолиятини ушбу Устав ва Марказ директори томонидан тасдиқланадиган улар тўғрисидаги низомлар асосида амалга оширадилар.


II. МАРКАЗНИНГ МАҚСАДИ ВА

ФАОЛИЯТИНИНГ АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ


8. Болаларнинг тўлақонли ижтимоий-тиббий мослашувини ҳал этишга ва таъминлашга кўмаклашиш Марказ фаолиятининг мақсади ҳисобланади.

9. Қуйидагилар Марказ фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади:

болалар ижтимоий мослашуви муаммоларини ўрганиш, кўрсатиб ўтилган муаммоларни ҳал этиш юзасидан мақсадли комплекс дастурларни ишлаб чиқиш, шунингдек болалар ўртасида жисмоний имкониятлари чекланган, ижтимоий ва ҳуқуқий жиҳатдан хатарли гуруҳлар пайдо бўлишига олиб келадиган омилларнинг салбий таъсирини камайтириш;

болаларнинг алоҳида ночор гуруҳларини қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий мослаштириш соҳасида Ватан тажрибасини, ривожланган хорижий давлатлар тажрибасини чуқур ўрганиш ва умумлаштириш, болаларнинг ижтимоий мослашуви масалалари билан шуғулланувчи давлат муассасалари ва нодавлат муассасаларнинг амалий фаолиятида улардан фойдаланиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

болалар билан ишлайдиган мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини ўрганиш, замонавий талабларни ва стандартларни ҳисобга олган ҳолда тизимнинг самарадорлигини оширишга доир комплекс дастурлар ишлаб чиқиш;

болаларнинг ижтимоий мослашуви масалалари бўйича ўқув-методик ва маълумотнома қўлланмаларнинг ҳолати ва сифатини таҳлил қилиш ҳамда уларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

болаларнинг мақсадли гуруҳларига тегишли давлат дастурлари ва жамоат лойиҳалари бажарилиши мониторингини олиб бориш, уларни амалга ошириш самарадорлигини кучайтириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

болалар ва оилалар билан ижтимоий ишлар масалаларида ижтимоий муҳофаза қилиш муассасалари билан ўзаро алоқани амалга ошириш, ижтимоий ишлар бўйича таълим стандартларини такомиллаштириш, болаларни ижтимоий муҳофаза қилиш тизимида "ижтимоий ходим" мақомини мустаҳкамлаш;

болаларга руҳий-педагогик, таълим ва реабилитация дастурларини амалга ошириш йўли билан амалий ёрдам кўрсатиш;

болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, болалар психологияси ва ёшга оид психология, педагогика, тиббиёт соҳасидаги илмий тадқиқотлар натижаларини, болаларнинг заиф гуруҳларини қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий мослаштириш соҳасидаги халқаро тажрибани кенг жамоатчиликка етказиш йўли билан болаларни ижтимоий мослаштириш масалаларида маърифий ва тарғибот фаолияти, болаларнинг ижтимоий мослаштириш масалаларини ҳал этишга барча манфаатдор томонларни жалб этиш.


III. МАРКАЗНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


10. Марказ ўзига юкланган вазифалар ва функцияларга мувофиқ қуйидаги ҳуқуқларга эга:

таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари ва марказлар, соғлиқни сақлаш муассасалари мутахассисларини, нодавлат ташкилотлар вакилларини, шунингдек хорижий мутахассисларни белгиланган тартибда жалб этиш;

вазирликлар, идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан Марказга юкланган вазифалар доирасида зарур ахборотларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

болаларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, дастурлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда қатнашиш;

болаларнинг ижтимоий мослашуви муаммоларини ўрганиш соҳасидаги тадқиқотлар дастурини шакллантириш ва уни амалга ошириш учун давлат бюджетидан маблағлар олиш;

халқаро ҳамкорлик дастурларида қатнашиш, халқаро ташкилотлар, жамғармалар, марказлар, ўқув юртлари билан биргаликда хайрия тадбирлари ўтказиш, тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш;

шартнома асосида илмий тадқиқотлар ўтказиш, илмий-амалий ишларни ва ишланмаларни амалга ошириш, болаларни ижтимоий мослаштириш соҳасида маслаҳатлар бериш;

ноширлик фаолиятини амалга ошириш, болаларни ижтимоий-психологик реа билитация қилиш ва мослаштириш муаммолари бўйича ахборот-таҳлилий шарҳлар, маърузалар ва ахборотномалар чиқариш;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ижтимоий ривожлантириш масалалари котибияти билан келишган ҳолда мамлакат минтақаларида филиаллар ва бўлимлар ташкил этиш.

Марказ Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин. Қонун ҳужжатларига мувофиқ лицензияланадиган фаолият турлари Марказ томонидан тегишли органлардан лицензия олингандан кейин амалга оширилади.

11. Марказ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳар йили болаларни ижтимоий-психологик мослаштириш масалалари бўйича ўз фаолияти натижалари тўғрисида ҳисобот тақдим этади.


IV. МАРКАЗ ТУЗИЛМАСИ

ВА БОШҚАРУВ ОРГАНЛАРИ


12. Марказ тузилмасига қуйидагилар киради:

Жисмоний имкониятлари чекланган болалар муаммоларини ўрганиш бўлими;

Ота-оналари қаровисиз қолган болалар муаммоларини ўрганиш бўлими;

Ижтимоий ва ҳуқуқий жиҳатдан хатарли гуруҳларга кирадиган болалар муаммоларини ўрганиш бўлими;

Болаларнинг ҳуқуқий муаммоларини ўрганиш бўлими;

Ижтимоий ишлар бўлими;

Алоҳида иқтидорли болалар муаммоларини ўрганиш бўлими;

Ахборот-консалтинг хизмати;

"Bola va Zamon" журнали таҳририяти;

Хўжалик таъминоти бўлими;

Бухгалтерия;

Юридик маслаҳатчи.

Марказ олдида турган вазифаларни самарали бажариш мақсадида болаларни ижтимоий мослаштиришнинг долзарб муаммолари бўйича белгиланган тартибда бошқа таркибий бўлинмалар ҳам ташкил этилиши мумкин.

13. Болаларнинг мақсадли гуруҳларини ижтимоий мослаштиришнинг энг долзарб муаммоларини ишлаб чиқиш, уларни ҳал қилиш юзасидан самарали чора-тадбирлар ишлаб чиқиш учун Марказда шартнома асосида бошқа муассасалар ва ташкилотлар мутахассисларини жалб этган ҳолда вақтинчалик ишчи гуруҳлар ва лойиҳалар тузилиши мумкин.


14. Ўзбекистонда болаларни ижтимоий муҳофаза қилишнинг мақбул механизмларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш ҳамда Марказ фаолияти билан боғлиқ вазифаларни самарали ҳал этиш мақсадида унинг ҳузурида ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширадиган, Марказ директори раҳбарлик қиладиган Болаларнинг заиф гуруҳларини ижтимоий муҳофаза қилишни мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва мониторинг ўтказиш Жамоат кенгаши ҳамда маслаҳат берувчи Илмий-методик кенгаш ташкил этилади.

Болаларнинг заиф гуруҳларини ижтимоий муҳофаза қилишни мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва мониторинг ўтказиш Жамоат кенгаши ҳамда Илмий-методик кенгаш таркибига вазирликлар ва идоралар, давлат муассасалари ва нодавлат ташкилотлар экспертлари киритилади. Болаларнинг заиф гуруҳларини ижтимоий муҳофаза қилишни мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва мониторинг ўтказиш Жамоат кенгаши ҳамда Илмий-методик кенгаш тўғрисидаги низом ва уларнинг шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

15. Марказга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган директор бошчилик қилади ҳамда ўз фаолияти тўғрисида унга ҳисобот беради.

16. Марказ директори:

Марказ фаолиятига раҳбарлик қилади ва Марказга юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

давлат органлари, халқаро ва хорижий ташкилотлар, шунингдек бошқа юридик ва жисмоний шахслар билан муносабатларда Марказ номидан вакиллик қилади;

белгиланган тартибда ходимларнинг штат жадвалини, уларни моддий рағбатлантириш ва тақдирлаш миқдорлари ва шаклларини тасдиқлайди, таклиф этиладиган мутахассислар учун меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорларини белгилайди;

Марказ ходимларини лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ижтимоий ривожлантириш масалалари котибияти билан келишган ҳолда Марказ фаолиятининг йиллик иш режаларини тасдиқлайди;

ҳар бир йил якунларига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Марказ фаолияти тўғрисида ҳисобот тақдим этади;

Марказ томонидан ташкил этилган бўлимлар ва филиаллар фаолиятини назорат қилади.

Директор Марказнинг жорий фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа масалаларни ҳам ҳал қилади.


17. Марказ директори, зарурат бўлганда, ходимларнинг белгиланган сони доирасида Марказнинг тасдиқланган тузилмасига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқига эга.



V. МАРКАЗНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ

МАНБАЛАРИ ВА УНИНГ МОЛ-МУЛКИ


18. Қуйидагилар Марказни молиялаштириш манбалари ҳисобланади:

давлат бюджети маблағлари;

шартнома асосида бажариладиган ишлар учун Марказ фаолиятидан олинган маблағлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардан тушадиган маблағлар.


19. Асосий фондлар (бинолар, иншоотлар, асбоб-ускуналар, транспорт воситалари ва бошқалар) ҳамда айланма маблағлар, шунингдек қиймати Марказнинг мустақил балансида акс эттириладиган бошқа бойликлар Марказнинг мол-мулкини ташкил қилади.


20. Шартнома асосида бажарилган ишлар учун Марказ томонидан олинган даромад солиқлар ва бюджетга бошқа мажбурий тўловлар тўлангандан кейин мазкур Уставда белгиланган вазифаларни бажаришга йўналтирилади.



VI. ҲИСОБГА ОЛИШ, ҲИСОБОТ ВА НАЗОРАТ


21. Марказ ўз фаолияти натижаларининг тезкор бухгалтерия ҳисобини, статистика ҳисоботини юритади, ҳисобот маълумотлари ва баланс ҳисоб-китобларининг ишончлилигини таъминлайди.


22. Марказнинг молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан амалга оширилади.


VII. МАРКАЗНИ ҚАЙТА

ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ТУГАТИШ


23. Марказни қайта ташкил этиш ёки тугатиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2004 йил, 36-сон, 400-модда.