ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш / Кредитлаш / Кредитлашнинг умумий масалалари /

Бир қарз олувчи, ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳи, шу жумладан банкка алоқадор шахслар учун таваккалчиликнинг энг кўп миқдори тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 29.10.2020 й. 3283-сон билан рўйхатга олинган Марказий банк Бошқарувининг 21.09.2020 й. 21/12-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2020 йил 29 октябрда 3283-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Марказий банки бошқарувининг

2020 йил 21 сентябрдаги

21/12-сон қарорига

1-ИЛОВА



Бир қарз олувчи, ўзаро алоқадор қарз олувчилар

гуруҳи, шу жумладан банкка алоқадор шахслар учун

таваккалчиликнинг энг кўп миқдори тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида"ги ва "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги қонунларига мувофиқ бир қарз олувчи, ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳи, шу жумладан банкка алоқадор шахслар учун таваккалчиликка қўйилган талабларни, шунингдек банкка алоқадор бўлган шахслар билан битимлар тузиш ва битимлар ҳисобини юритиш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


қарздор - мазкур Низомнинг 2-бандида келтирилган таваккалчиликлар бўйича банк олдида мажбурияти мавжуд бўлган жисмоний ёки юридик шахс;


ўзаро алоқадор қарз олувчилар - назорат асосида ва (ёки) иқтисодий асосда ўзаро алоқадор бўлган жисмоний ва/ёки юридик шахслар;


яқин қариндошлар - қариндошлик ёки қайин-бўйинчилик муносабатидаги шахслар, яъни ота-она, туғишган ва ўгай ака-укалар, опа-сингиллар, эр-хотин, фарзандлар, шу жумладан фарзандликка олинганлар, боболар, бувилар, неваралар, эр-хотиннинг ота-онаси, туғишган ёки ўгай ака-укалари, опа-сингиллари;


йирик таваккалчилик - жами суммаси банк биринчи даражали капиталининг 10 фоизи ва ундан юқори бўлган бир қарз олувчи ёки ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳи учун таваккалчиликлар;


таваккалчилик даражаси паст бўлган мамлакатлар - "Standard & Poor`s", "Fitch Ratings" ва "Moody`s Investors Service" рейтинг компанияларининг инвестицион рейтинг баҳоларига ёки Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (бундан буён матнда Марказий банк деб юритилади) томонидан тан олинадиган бошқа рейтинг компанияларининг ушбу баҳоларга тенг бўлган рейтинг баҳоларига эга мамлакатлар;


кредит таваккалчилиги - қарздор томонидан банк олдидаги мажбуриятларини шартнома ёки қонун ҳужжатларида кўрсатилган муддат ва шартларда бажарилмаслиги (лозим даражада бажарилмаслиги) оқибатида юзага келиши мумкин бўлган йўқотиш (зарар) ва/ёки режалаштирилган даромадни олмаслик таваккалчилиги;


халқаро тараққиёт банклари - Жаҳон банки гуруҳи (Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки, Халқаро молия корпорацияси, Халқаро инвестицияларни кафолатлаш агентлиги, Халқаро тараққиёт ассоциацияси) ҳамда Осиё тараққиёт банки, Осиё инфраструктура инвестиция банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Европа инвестиция банки, Европа инвестиция жамғармаси, Ислом тараққиёт банки ва Европа Кенгашининг тараққиёт банки;


ҳал қилувчи эгалик - шахс томонидан ёки биргаликда ҳаракат қилувчи шахслар томонидан юридик шахс устав фондининг (устав капиталининг) бир ёхуд бир неча битим натижасида олинган камида 5 фоизига бевосита ёки билвосита эгалик қилиш;


назорат қилинадиган алоқалар (бундан буён матнда назорат деб юритилади) - Ўзбекистон Республикасининг "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги Қонунининг 19-моддаси учинчи қисмида белгиланган алоқалар.


2. Бир қарз олувчи ёки ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳи ҳамда банкка алоқадор шахсларнинг банк олдида юзага келиши мумкин бўлган таваккалчиликлари қуйидагиларни ўз ичига олади:

банкнинг кредит бўйича талаблари, шу жумладан қарз, кредит, микроқарз, микрокредит, микролизинг, овердрафт (мижозларнинг депозит ҳисобварақларидаги дебет қолдиғи), лизинг, факторинг;

банкнинг пул маблағлари эвазига бошқа банк ёки кредит ташкилотлари томонидан қарздорларга ҳар қандай билвосита турда ажратилган ва кредит таваккалчилиги мавжуд маблағлар;

бир қарз олувчи томонидан ўзи билан алоқадор бўлмаган бошқа бир қарз олувчига (бунда ушбу қарз олувчи учун йирик таваккалчилик бўлмаган ҳолда) унинг банк олдидаги кредит ёки бошқа мажбуриятлари бўйича банкка тақдим этилган ва жами мажбуриятидан ошмаган миқдордаги кафолат, кафиллик ва қарз олувчи томонидан берилган қимматли қоғозлар;

юридик шахснинг устав фондига (устав капиталига) ва қимматли қоғозларига қилинган инвестициялар, шу жумладан репо келишувлари доирасида сотилган қимматли қоғозлар (олди-сотдига мўлжалланган қимматли қоғозлар) ва векселлар;

банклараро депозитлар ва кредитлар, вакиллик ҳисобварақларидаги пул маблағлари, банклараро ҳисоб-китобларда фойдаланиладиган маблағлар ва банкларга жойлаштирилган бошқа маблағлар, бундан кунлик (овернайт) банклараро операциялар ва клиринг операциялари мустасно;

репо операциялари ёки қимматли қоғозларга доир қайтарилиши асосида амалга ошириладиган бошқа битимлар бўйича талаблар;

ҳосилавий инструментлар бўйича банк балансидаги талаблар;

балансдан ташқари моддалардаги ҳосилавий инструментлар бўйича талаблар;

кредит таваккалчилиги мавжуд бўлган балансдан ташқари мажбуриятлар, шу жумладан фойдаланилмаган кредит линиялари, чақириб олинмайдиган мажбуриятлар, кредитлаш бўйича бошқа мажбуриятлар, савдога оид молиялаштиришлар (аккредитив, кафолат ва кафилликлар);

қимматли қоғозлар ёки чет эл валютасини сотиб олиш бўйича қонуний мажбуриятлар;

бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилган активлар бўйича талаблар;

кредит таваккалчилиги мавжуд бўлган бошқа мажбуриятлар, шу жумладан олиниши лозим бўлган ҳисобланган фоизли ва фоизсиз даромадлар, бўнаклар ва банкнинг дебиторлик қарздорликлари.

Мазкур банднинг саккизинчи ва тўққизинчи хатбошиларидаги таваккалчиликлар учун капитал монандлилиги ҳисоб-китобларидаги 10 фоиз ва ундан юқори бўлган ҳисоблаш омили қўлланилгандан сўнг чиққан натижалар олинади.



2-БОБ. БИР ҚАРЗ ОЛУВЧИГА ЁКИ ЎЗАРО

АЛОҚАДОР ҚАРЗ ОЛУВЧИЛАР ГУРУҲИГА ДОИР

ТАВАККАЛЧИЛИКНИНГ ЭНГ КЎП МИҚДОРИ


1-§. Бир қарз олувчи ёки ўзаро алоқадор қарз олувчилар

гуруҳи учун таваккалчиликнинг энг юқори даражаси


3. Банкнинг бир қарз олувчи ёки ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳи учун таваккалчиликнинг энг кўп миқдори банк биринчи даражали капиталининг 25 фоизидан ошмаслиги керак.


4. Банкнинг бир қарздор ёки ўзаро алоқадор қарздорлар гуруҳига тўғри келувчи таъминотсиз (ишончга асосланган) кредит, шунингдек факторинг хизматлари учун таваккалчиликнинг энг кўп миқдори банк биринчи даражали капиталининг 5 фоизидан ошмаслиги зарур, бундан банклараро операцияларда юзага келадиган таваккалчиликлар мустасно бўлиб, ушбу операциялар мазкур Низомнинг 3-банди талабига мувофиқ амалга оширилади.


5. Банкнинг барча йирик таваккалчиликларининг умумий миқдори банк биринчи даражали капиталининг 5 баробаридан ошмаслиги лозим.



2-§. Бир қарз олувчи ёки ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳи


6. Ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳи назорат асосида ва (ёки) иқтисодий асосда вужудга келади.


7. Қарздорлар қуйидаги ҳолларда назорат асосида ўзаро алоқадор бўлади:

а) юридик шахслар ўртасида, агар:

бир юридик шахс бевосита ёки билвосита, якка тартибда ёки биргаликда ҳаракат қилувчи шахслар гуруҳи таркибида бошқа юридик шахс устав фондининг (устав капиталининг) 20 фоиз ва ундан ортиғига эгалик қилса ёки эгаликни назорат қилса;

бир юридик шахс бошқа юридик шахс устидан назоратни амалга оширса;

юридик шахслар учинчи шахснинг ёки у билан биргаликда ҳаракат қилувчи шахсларнинг назорати остида бўлса;

юридик шахслар асосан иштирокчиларнинг (акциядорларнинг) ёки бошқарув органларининг бир хил таркибига эга бўлса;

б) жисмоний ва юридик шахслар ўртасида, агар:

жисмоний шахс бевосита ёки билвосита, якка тартибда ёки биргаликда фаолият кўрсатувчи шахслар гуруҳи таркибида, юридик шахс устав фондининг (устав капиталининг) 20 фоиз ва ундан ортиғига эгалик қилса ёки эгаликни назорат қилса;

жисмоний шахс юридик шахс устидан назоратни амалга оширса;

жисмоний шахс юридик шахс кузатув кенгаши, бошқаруви аъзоси бўлса ёки мансабдор шахси ҳисобланса;

жисмоний шахсда юридик шахс устав фондининг (устав капиталининг) 20 фоиз ва ундан ортиғига эгалик қиладиган ёки эгаликни назорат қиладиган бошқа юридик шахсга нисбатан раҳбарлик ваколати бўлса;

жисмоний шахснинг юридик шахс назоратни амалга оширадиган бошқа юридик шахсда бошқарувга оид ваколатлари мавжуд бўлса;

мазкур кичик бандда келтирилган жисмоний шахсларнинг яқин қариндошлари бўлса.


8. Ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳидан бир шахснинг молиявий қийинчиликларга учраши, шу жумладан тўловга лаёқатсизлиги ёки банкрот бўлиши каби ҳолатларда бошқа қарздорнинг (қарздорларнинг) молиявий ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши ҳамда банк олдидаги мажбуриятларини тўлиқ қайтариш ва (ёки) тўловни ўз вақтида амалга ошириш имкониятларига салбий таъсир кўрсатиш эҳтимоли мавжуд бўлганда қарздорлар иқтисодий боғлиқлик асосида алоқадор ҳисобланади. Иқтисодий боғлиқлик бир томонлама ёки ўзаро бўлиши мумкин.


9. Қарз олувчиларнинг иқтисодий боғлиқлик асосда алоқадорлиги қуйидагича баҳоланади:

бир томон маҳсулот (товар, иш, хизмат) сотишдан олинган 50 фоиз ва ундан ортиқ йиллик тушуми бошқа бир томон билан амалга оширадиган фаолият асосида юзага келса;

бир томон ишлаб чиқарган маҳсулотнинг (товар, иш, хизмат) 50 фоиздан кам бўлмаган қисми бошқа бир томонга сотилса ва ушбу маҳсулотга бозорда бошқа харидор топиш қийин бўлса;

бир томон иккинчи томоннинг банк олдидаги мажбуриятини тўлиқ ёки қисман қоплаш учун гаров, кафолат, кафиллик ёки тўлаб бериш бўйича бошқа мажбурият билан таъминласа;

қарздорларда қарзни қоплаш манбаси ягона бўлиб, қарз бўйича тўловни тўлиқ амалга ошириш ва уни ўз вақтида қайтариш учун бошқа манбалар мавжуд бўлмаса;

икки ва ундан ортиқ томонларнинг ягона молиялаштириш манбаи бўлса ва унга муқобил манба топиш мураккаб бўлса, бундан давлат ва халқаро тараққиёт банклари томонидан молиялаштириш ҳолатлари мустасно. Томонларнинг битта банк ёки молиявий бозордан молиялаштирилиши уларнинг иқтисодий боғлиқлик асосида алоқадор эканлигини англатмайди;

қарздорнинг банк олдидаги мажбуриятларининг 30 фоиздан ортиқ қисми бошқа томоннинг (томонларнинг) маблағлари ҳисобига қайтарилса;

қарздор (қарздорлар) банк томонидан тақдим этилган кредит маблағларининг 30 фоиздан ортиқ қисмини бошқа томонни (томонларни) молиялаштириш учун ишлатса (икки ёки ундан ортиқ қарздорлар бир сотувчидан жиҳозлар сотиб олиши каби, одатдаги тижорат операциялари бундан мустасно);

жисмоний ёки юридик шахснинг қарздор олдида тўлов мажбурияти мавжуд бўлиб, мазкур мажбуриятнинг бажарилмаслиги қарздорнинг банк олдидаги мажбуриятларини тўлиқ ёки ўз вақтида қайтара олмаслигига сабаб бўлса;

бир шахс ёки қарздорлар билан назорат асосида алоқадорлиги мавжуд бўлган шахслар қарздорнинг (қарздорларнинг) банк олдидаги мажбуриятлари бўйича гаров (кафиллик) тақдим этса;

қарздорлар қўшма фаолият тўғрисидаги шартнома ёки қўшма фаолиятни назарда тутувчи бошқа ҳужжатга биноан ўзаро алоқадор бўлса;

жисмоний шахслар яқин қариндош ҳисобланса;

қарздорларнинг банк олдидаги мажбуриятлари бўйича биргаликдаги шартномавий жавобгарлиги мавжуд бўлган бошқа ҳолатларда.


10. Икки ёки ундан ортиқ қарздорлар битта шахсга иқтисодий жиҳатдан боғлиқ бўлса, ушбу шахс банк мижози ёки қарздори бўлмаган тақдирда ҳам банк уларни ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳи сифатида (ушбу қарздорлар ўртасида алоқадорликнинг мавжуд ёки мавжуд эмаслигидан қатъи назар) тан олиши лозим.


11. Қарздор бир вақтнинг ўзида икки ёки ундан ортиқ ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳларига кирса, банкнинг ушбу қарздорга бўлган талабларининг умумий миқдори ҳар бир гуруҳ учун алоҳида ҳисобланиши лозим.


12. Бир қарз олувчи учун таваккалчилик миқдори банк биринчи даражали капиталининг 5 фоизи ва ундан ортиқ бўлса, банк мазкур қарз олувчига нисбатан иқтисодий боғлиқлик асосида алоқадорлик юзасидан ўрганишлар ўтказиши лозим.


13. Банклар ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳини аниқлашда мазкур Низомнинг иловасида кўрсатилган ҳолатлардан фойдаланишлари мумкин.


14. Банк ҳисоботларида қарздорлар ўртасидаги алоқадорликни ва ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳини кўрсатиши ва ушбу гуруҳлардаги ўзгаришларни кейинчалик кузатиб бориши, улар бўйича маълумотларни янгилаб бориши ва ҳисоботларда тўғри акс эттириш мақсадида йилда камида бир маротаба қайта баҳолаши лозим. Ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳи сифатида таснифлаш (ёки алоқадорликнинг мавжуд эмаслиги) мазкур Низомга мувофиқ асослантирилган бўлиши ва бу ҳужжатлаштирилиши керак.


15. Икки ёки ундан ортиқ қарздорлар фақатгина давлат бошқаруви органлари (маҳаллий ёки хорижий), шунингдек Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ёки халқаро тараққиёт банклари томонидан назорат асосида ўзаро алоқадор бўлса ва мазкур қарздорлар ўртасида иқтисодий боғлиқлик асосида алоқадорлик мавжуд бўлмаса, улар ўзаро алоқадор қарз олувчилар ҳисобланмайди.


16. Банклар қарздорларни назорат асосида ва (ёки) иқтисодий асосда алоқадорлигини аниқлашда:

банкнинг асослантирилган мулоҳазасига таянган ҳолда мазкур Низом талабларидан бошқа мезонлардан;

молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари мезонларидан фойдаланишга, бунда мазкур мезонлар қонун ҳужжатларига зид бўлмаслиги ёки улардаги талаблардан енгилроқ талаблар назарда тутилмаслиги лозим.



3-БОБ. БАНККА АЛОҚАДОР ШАХСЛАР ВА УЛАРГА

ТЎҒРИ КЕЛУВЧИ ТАВАККАЛЧИЛИККА

ҚЎЙИЛГАН ТАЛАБЛАР


1-§. Банкка алоқадор шахслар


17. Банкка алоқадор шахсларга қуйидагилар киради:

банкнинг кузатув кенгаши ва бошқарувининг аъзолари ҳамда бош банкда ташкил этилган қўмиталарнинг (банк таваккалчиликларини бошқаришга масъул бўлмаган қўмиталар бундан мустасно) банкнинг бошқарув органлари аъзолари бўлмаган аъзолари, шунингдек банкнинг муҳим аҳамиятга эга ходимлари;

бевосита ёки билвосита, якка тартибда ёки шахслар гуруҳи таркибида биргаликда фаолият кўрсатувчи, банкда ҳал қилувчи эгаликка эга бўлган жисмоний ва (ёки) юридик шахслар, шу жумладан охирги бенефициар мулкдорлар. Агар мазкур жисмоний шахсларнинг яқин қариндошлари банкнинг устав капиталидаги улушларга эгалик қилса ёки эгаликни назорат қилса, унинг миқдоридан қатъи назар, ушбу улуш мазкур шахснинг эгалигида ва назорати остида турган деб ҳисобланади;

банк устав капиталида ҳал қилувчи эгаликка эга бўлган юридик шахсга нисбатан раҳбарлик ёки назорат қилиш ваколатига эга бўлган жисмоний шахслар;

банклар гуруҳига кирувчи молиявий институтлар;

банклар гуруҳига кирувчи молия институтининг капиталида ҳал қилувчи эгаликка эга бўлган жисмоний ва юридик шахслар;

банклар гуруҳига кирувчи молия институтининг кузатув кенгаши, бошқаруви аъзолари ва муҳим аҳамиятга эга ходимлари;

устав фондида (устав капиталида) банклар гуруҳининг асосий банки камида 20 фоизга бевосита ёки билвосита эгалик қилувчи юридик шахс, шунингдек ушбу юридик шахснинг мансабдор шахслари;

юридик шахс ва унинг мансабдор шахслари, башарти ушбу юридик шахснинг устав капиталида (устав фондида) банк камида 20 фоизга бевосита ёки билвосита эгалик қилса;

банк устидан назоратни амалга ошираётган юридик шахслар устав капиталида (устав фондида) камида 20 фоизига бевосита ёки билвосита эгалик қилувчи юридик шахс;

банк устав капиталида ҳал қилувчи эгаликка эга бўлган юридик шахс устидан назоратни амалга ошираётган шахслар;

ушбу банднинг иккинчи - ўн биринчи хатбошиларида кўрсатилган шахсларга алоқадор шахслар, шу жумладан жисмоний шахснинг яқин қариндошлари, шунингдек жисмоний шахслар ва (ёки) уларнинг яқин қариндошлари ўзида назоратни амалга ошираётган ёки устав фондларига (устав капиталларига) эгалик қилаётган ёки бошқарув органининг аъзолари бўлган юридик шахслар;

ушбу банднинг иккинчи - ўн иккинчи хатбошиларида кўрсатилган шахсларнинг манфаатларини кўзлаб банк билан қайси шахслар орқали битим амалга ошириладиган бўлса, ўша шахслар ва мазкур шахслар ўртасида қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга оид, фуқаролик ёки бошқа муносабатлар мавжудлиги туфайли мазкур битимда ушбу банднинг иккинчи - ўн иккинчи хатбошиларида кўрсатилган шахсларнинг таъсири остида деб ҳисобланадиган шахслар.


18. Ушбу Низомнинг 17-банди иккинчи - ўн иккинчи хатбошиларида кўрсатилган шахсларнинг манфаатларини кўзлаб банк билан битим амалга оширадиган шахслар банкка алоқадор шахс номидан ҳаракат қилаётган ҳисобланади. Банкка алоқадор шахслар номидан ҳаракат қилаётган шахсларга қуйидагилар киради:

банкка алоқадор шахсларнинг ҳуқуқий вакиллари;

банкка алоқадор шахслар билан ўзаро тузилган битимга асосан банкка алоқадор шахснинг номидан ҳаракат қилиш ваколатига эга бўлган шахслар;

тузиладиган битимдан олинадиган фойдани бевосита ёки билвосита банкка алоқадор шахсларга берадиган шахслар;

қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга оид, фуқаролик ёки бошқа муносабатлар мавжудлиги нуқтаи назаридан, ушбу Низомнинг 17-банди иккинчи - ўн иккинчи хатбошиларида кўрсатилган шахслар таъсири остида банк билан битим тузган шахслар.


19. Марказий банк банк назоратини амалга оширишда ушбу Низом талаблари ва мезонларига ҳамда ўзининг асослантирилган мулоҳазасига таяниб банкдан айрим қарздорларни банкка алоқадор қарздор сифатида тан олинишини талаб қилишга ҳақли.



2-§. Банкнинг алоқадор шахслари учун

таваккалчиликнинг энг кўп миқдори


20. Банкка алоқадор битта шахсга тўғри келувчи таваккалчиликнинг энг кўп миқдори банк биринчи даражали капиталининг 25 фоизидан ошмаслиги лозим.


21. Банкка алоқадор бўлган барча шахсларга тўғри келувчи таваккалчиликнинг энг кўп миқдори банк биринчи даражали капиталининг 50 фоизидан ошмаслиги лозим.


22. Банкка алоқадор битта қарздорга ёки барча шахсларга тўғри келувчи таваккалчилик миқдори ушбу Низомнинг 20 ва 21-бандларида белгиланган талаблардан ошган тақдирда, банкнинг капитал монандлиги ҳисоб-китобларида нормативнинг энг кўп миқдоридан ошган таваккалчилик миқдори мазкур ҳисобот санасидан бошлаб банкнинг биринчи даражали капиталидан чегирилади.


23. Қарз олувчи битим тузилган даврда банкка алоқадор ҳисобланмасдан, кейинчалик банкка алоқадор шахсга айланса, таваккалчилик миқдорининг мазкур Низомнинг 20 ва 21-бандларида белгиланган талаблардан ошиши пруденциал нормативга номувофиқ деб тан олинмайди, башарти банк Марказий банкни 10 кун ичида хабардор қилган ҳолда Марказий банк билан келишилган муддатларда пруденциал нормативга мувофиқлаштириш юзасидан мажбуриятни олган бўлса.



3-§. Банкка алоқадор шахслар билан амалга

ошириладиган банк операциялари


24. Банкларнинг банкка алоқадор бўлган шахслар билан ёки улар номидан ҳаракат қиладиган шахслар билан тузадиган шартномалари банкка алоқадор бўлмаган шахслар учун назарда тутилган шартномаларга қараганда анча қулай шартларга асосланган ҳолларда уларнинг бундай шартномаларни тузиши тақиқланади. Бунда, анча қулай шартларни тақдим этишга қуйидагилар киради:

таваккалчилиги юқори бўлган ёки бошқа ноқулай ҳолатлар туфайли банк ўзига алоқадор бўлмаган шахслар билан тузмайдиган битимларни тузиш;

банкка алоқадор бўлмаган шахслардан олинадиган фоиз ёки воситачилик ҳақларига нисбатан кам миқдорда фоиз ёки воситачилик ҳақларини ундириш;

банкка алоқадор шахсларга кўрсатилган хизмат учун банкка алоқадор бўлмаган шахслар томонидан тўланадиган суммадан кам миқдорда ҳақ тўланганда ёки хизмат ҳақи умуман тўланмаганда;

банкка алоқадор шахсларнинг кредитлари бўйича тўлов муддатларини банкка алоқадор бўлмаган шахсларнинг кредитларига нисбатан устун шартларда узайтириш;

банкка алоқадор шахсларнинг таваккалчиликларининг назоратини анча қулай шароитларда амалга ошириш ва ҳисобдан чиқариш;

банкка алоқадор шахслардан муайян активларни бозор нархларига қараганда юқори баҳода сотиб олиш;

банкка алоқадор бўлган шахсларга муайян активларни бозор нархларига қараганда паст нархларда сотиш;

бошқа шахсларнинг қимматли қоғозларига инвестиция қилиш имконияти бўлганда, фаолият кўрсаткичлари паст ёки таваккалчилик даражасининг юқори бўлган банкка алоқадор шахсларнинг қимматли қоғозларига инвестиция қилиш;

банкка алоқадор шахслардан ноликвид активларни сотиб олиш ёки ноликвид активларни банкка алоқадор шахслардан кредит таъминоти сифатида қабул қилиш.


25. Банкка алоқадор шахсга ёки унинг номидан фаолият кўрсатувчи шахсга ажратиладиган ҳар қандай кредит (қарз):

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг кафолати ёки бошқа мажбуриятлари билан таъминланганда кредитнинг камида 100 фоизи;

кредит берувчи банкка миллий валютада киритилган депозитлар қўйилганда кредитнинг камида 100 фоизи;

кредит берувчи банкка чет эл валютасида киритилган депозитлар қўйилганда кредитнинг камида 110 фоизи;

давлат қимматли қоғозлари қўйилганда кредитнинг камида 125 фоизи;

бошқа турдаги таъминот қўйилганда кредитнинг камида 130 фоизи миқдорида бозор баҳосидаги таъминот билан таъминланиши шарт.

Банк таъминот қийматини керакли миқдорда ушлаб туриш учун тегишли чораларни кўриши керак. Агар таъминотнинг бозор қиймати пасайиб кетса, банк 10 кун ичида таъминот суммасини ушбу Низом талабларига мувофиқлаштириш учун зарур чораларни кўриши керак.


26. Банк фақатгина кузатув кенгашининг тегишли қарори мавжуд бўлган ҳолатда ўзи билан алоқадор шахслар билан битим тузиши мумкин.


27. Кузатув кенгаши аъзоси банк ҳамда қуйидаги шахслар ўртасида тузилган ёки тузиладиган битимларнинг муҳокамасида иштирок этмаслиги ёки бошқа усуллар билан кузатув кенгашининг қарорига таъсир қилмаслиги лозим:

кузатув кенгаши аъзосининг ўзи;

кенгаш аъзоси бўлган шахснинг яқин қариндошлари;

кузатув кенгаши аъзоси ёки унинг яқин қариндошлари, ҳал қилувчи эгаликка эга бўлган ёки кучли таъсир ўтказадиган ҳар қандай юридик шахс;

мазкур банднинг иккинчи-тўртинчи хатбошиларида келтирилган шахслар номидан ҳаракат қилувчи ҳар қандай шахс.


28. Банкка алоқадор бўлган шахс билан банк ўртасидаги ҳар қандай битимга оид кузатув кенгашининг қарорида битимнинг барча тегишли шартларига оид ахборотлар тўлиқ кўрсатилиши керак.


29. Мазкур Низомнинг 28-бандида назарда тутилган ахборотлар ўз ичига битим миқдори, фоиз ставкаси, қарз олувчининг молиявий аҳволи, унинг олган маблағни ўз вақтида қайтара олиш имконияти тўғрисида молиявий ахборот, таъминот миқдори тўғрисидаги маълумотларни қамраб олиши зарур.

Банк активларининг олди-сотди операцияларига доир маълумотда активларнинг қийматини тасдиқловчи ахборот бўлиши керак.


30. Ҳар бир банк ушбу Низомнинг 17-банди иккинчи ва учинчи хатбошиларида кўрсатилган шахслардан камида йилига бир марта уларнинг яқин қариндошлари ва яқин қариндошларидан бири томонидан кучли таъсир ўтказиши мумкин бўлган шахслар рўйхатини шакллантириб бориши керак.



4-БОБ. БИР ҚАРЗ ОЛУВЧИ, ЎЗАРО АЛОҚАДОР

ҚАРЗ ОЛУВЧИЛАР ГУРУҲИ, ШУ ЖУМЛАДАН БАНККА

АЛОҚАДОР ШАХСЛАР УЧУН ТАВАККАЛЧИЛИКНИНГ

ҲИСОБ-КИТОБЛАРИ ВА УЛАРДАН ЧЕГИРМАЛАР


31. Бир қарз олувчи, ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳи, шу жумладан банкка алоқадор шахслар учун таваккалчилик ҳисоб-китобларида активлар учун эҳтимолий йўқотишларни қоплашга мўлжалланган мажбурий захиралар миқдори чегирилган қийматда ҳисобга олинади.


32. Бир қарз олувчи, ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳи, шу жумладан банкка алоқадор шахслар учун таваккалчилик ҳисоб-китобларида балансдан ташқари мажбуриятлар капитал монандлилиги ҳисоб-китобларида қўлланилган балансдан ташқари моддаларнинг 10 фоиз ва ундан юқори бўлган ҳисоблаш омили қўлланилгандан сўнг чиққан натижалар олинади.


33. Бир қарз олувчига ёки ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳига доир таваккалчиликнинг энг кўп миқдори қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилмайди:

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига талаблар;

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва давлат органларига банк капитали монандлилиги ҳисоб-китобларида таваккалчилик даражаси 0 фоизда бўлган талаблар.


34. Бир қарз олувчига ёки ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳи, шу жумладан банкка алоқадор шахслар учун таваккалчиликнинг энг кўп миқдори ҳисоб-китобларида банк таваккалчилик миқдорини тегишли таъминот суммаси (кредит таваккалчилиги миқдоридан ортмаган ҳолда) ҳисобига камайтириши мумкин бўлиб, улар қуйидагилардан иборат:

давлат қимматли қоғозлари;

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Марказий банки томонидан таъминланган ёки кафолатланган активлар;

халқаро тараққиёт банклари билан юзага келадиган таваккалчиликлар, шунингдек ушбу ташкилотлар томонидан кафолатланган банк активлари ва/ёки балансдан ташқари моддалардаги мажбуриятлари;

таваккалчилик даражаси паст бўлган мамлакатлар ҳукуматлари ва Марказий банклари кафолати, кафиллиги ёки улар томонидан чиқарилган қимматли қоғозлар;

кредитор банкдаги депозитлар ёки депозит сертификатлари.

Банк талаблари ушбу бандда келтирилган таъминот турлари билан тўлиқ миқдорда таъминланмаган бўлса, нормативлар ҳисоб-китобида талабнинг таъминланмаган қисми олинади. Таъминот (гаров) фақатгина талабнинг асосий суммасини тўлаш учун етарли бўлса, фоизлар ва бошқа тўловлар таъминланмаган сумма сифатида олиниши лозим.


35. Банк томонидан қабул қилинувчи мазкур Низомнинг 34-бандида назарда тутилган таъминот турлари қуйидаги шартларни бажариши лозим:

қимматли қоғозлар, банкдаги депозитлар, кафолат ёки кафиллик банк талаби бўйича таъминот сифатида қабул қилинган бўлса, ушбу таъминот муддати тегишли талабни сўндириш муддатидан кам бўлмаслиги;

қарз олувчи ўз мажбуриятларини бажармаган ҳолларда, шартнома ва (ёки) ўзаро келишувда таъминот предметини амалда реализация қилиш ёки кафолат/кафиллик шартларини бажариш муддатларига доир ҳеч қандай чекловлар бўлмаслиги;

банк-кредиторда жойлашган депозит гаров предмети бўлса, шартнома шартларига биноан қарз олувчи ўз мажбуриятларини бажармаган ҳолатда банкнинг ушбу маблағларни сўзсиз назорат қилиш ва уларни тасарруф эта олиш ҳуқуқи бўлиши. Талаб банкдаги депозитлар билан таъминланган бўлса, депозит кредитни таъминлаш учун махсус ҳисобвараққа киритилиши ҳамда кредит шартномаси ёки бошқа шартномада қарз олувчи томонидан кредит қайтарилмаган ёки мажбуриятларини бажармаган ҳолда банк акцептсиз тартибда депозитни ишлатиши мумкин эканлиги шарт қилиб қўйилиши лозим. Бунда, банк кредитини қайтариш муддати етиб келгунга қадар махсус ҳисобвараққа киритилган депозитдан маблағларни олишга йўл қўймаслик мақсадида зарур чораларни кўриши ва назорат ўрнатиши керак.


36. Кафолат ёки кафиллик мақбул таъминот ҳисобланиши учун бир вақтнинг ўзида қуйидаги шартларни бажариши лозим:

кафолатловчи (кафил) томонидан тақдим этилган кафолат (кафиллик) ҳужжатлаштирилган мажбурият ҳисобланиши;

банкнинг кафолатловчи ёки кафилдан тўғридан-тўғри талаб қилиш ҳуқуқи бўлиши;

қарз олувчининг банк олдидаги мажбурияти бўйича тақдим этилган кафолат миқдори аниқ белгиланган бўлиши;

кафолат чақириб олинмайдиган ва сўзсиз бўлиши, яъни қарз олувчи кредитга лаёқати ёмонлашиши оқибатида бир томонлама тартибда кафолатловчи (кафил) кафолатни (кафилликни) бекор қилиши, кафолат (кафиллик) қийматини ошириши, кафолат (кафиллик) муддатини қисқартириши, шунингдек кафолат бўйича маблағларни тўлиқ ёки қисман тўламаслигига имкон яратувчи шартларнинг мавжуд эмаслиги;

қарз олувчи кафолат билан таъминланган мажбуриятларини бажармаган ҳолларда, банк кафолатловчи (кафил)дан кафолат (кафиллик) бўйича тўловни амалга оширишини талаб қилиш ҳуқуқи бўлиши.


37. Бир қарз олувчига ёки ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳи учун таваккалчиликнинг энг кўп миқдори ҳисоб-китобларида мазкур Низомнинг 2-бандида назарда тутилган таваккалчиликлар ва улар бўйича қабул қилинган таъминот валютаси ўзаро мос тушмаса, таъминот миқдори 10 фоизга камайтирилади.



5-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


38. Ҳар бир банк бир қарз олувчи ёки ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳи, шу жумладан банкка алоқадор шахслар учун таваккалчиликлар ҳисобини юритиши ва бу тўғрисидаги ҳисоботни ҳар ойда Марказий банкка тақдим этиб бориши лозим.


39. Мазкур Низом кучга кирган санада банкда бир қарз олувчи ёки ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳи ҳамда банкка алоқадор шахсларнинг банк олдида тўланмаган мажбурияти мавжуд бўлиб, уларнинг миқдори ушбу Низомда белгиланган меъёрлардан ошадиган бўлса (мазкур Низом кучга киргунга қадар амалда бўлган нормативлар бузилган ҳолатлар бундан мустасно), бундай мажбурият дастлабки шартларда ва муддатларда тўланиши мумкин.


40. Бир қарз олувчи ёки ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳига ҳамда банкка алоқадор шахсларга тўғри келувчи таваккалчиликнинг умумий суммаси битим тузиш вақтида мазкур Низомда кўзда тутилган чекловлар доирасида бўлиб, кейинчалик белгиланган меъёрлардан ошиб борса (банк умумий капитали даражаси тушиши ёки валюта курсининг ўзгариши ва бошқалар сабабли), банк мазкур ҳолат ҳақида Марказий банкни беш иш кунида хабардор қилиши лозим.


41. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.






Низомга

ИЛОВА



Қарз олувчилар гуруҳининг назорат асосида ва (ёки)

иқтисодий асосда алоқадорлиги ҳолатлари


1-ҳолат


Банкнинг "А", "Б", "В" ва "Г" қарз олувчиларга нисбатан талаблари мавжуд. "Б", "В" ва "Г" қарз олувчилар иқтисодий асосда "А" қарз олувчига алоқадорлиги сабабли, банк "А", "Б", "В" ва "Г" қарз олувчиларни ўзаро алоқадор гуруҳ деб ҳисоблайди.

2-ҳолат


Банкнинг "Б", "В" ва "Г" қарз олувчиларга нисбатан талаблари мавжуд. Банкнинг "А" шахсга нисбатан тўғридан-тўғри талаби мавжуд эмас, аммо "Б", "В" ва "Г" қарз олувчилар "А" шахсга иқтисодий алоқадор. "А" шахснинг молиявий аҳволи ёмонлашиши "Б, "В" ва "Г" қарз олувчиларнинг молиявий аҳволига салбий таъсир кўрсатиши сабабли, банк "Б", "В" ва "Г" қарз олувчиларни ўзаро алоқадор гуруҳ деб ҳисоблайди.

3-ҳолат


Агар "В" қарз олувчи икки ёки ундан ортиқ қарз олувчилар билан иқтисодий алоқадорлиги бўлса, яъни "А" ёки "Б" қарз олувчилардан бирининг молиявий аҳволи ёмонлашиши "В" қарз олувчининг банк олдидаги мажбуриятлари бўйича тўловларни амалга оширишида қийинчиликларга олиб келса, "В" ва "А" ҳамда "В" ва "Б" қарз олувчилар алоҳида-алоҳида ўзаро алоқадор гуруҳ деб ҳисобланади.

4-ҳолат


"А" қарз олувчи "А1" ва "А2" қарз олувчиларни ҳамда "Б" қарз олувчи "Б1" қарз олувчини назорат қилади. Бундан ташқари, "Б1" қарз олувчининг "А2" қарз олувчига иқтисодий асосда бир томонлама алоқадорлиги мавжуд.

Бу ҳолатда, банк "Б1" қарз олувчини "А" қарз олувчига алоқадор қарз олувчилар гуруҳида ҳисобга олади. Бунда ўзаро алоқадор қарз олувчиларнинг бир гуруҳи (А, А1, А2 ва Б1) ҳамда бошқа гуруҳи (Б ва Б1) ҳисобга олинади.

5-ҳолат


2" ва "Б1" қарз олувчиларнинг назорат ва иқтисодий асосда ўзаро алоқадорлиги мавжуд.

4-ҳолатдан фарқли равишда, ушбу ҳолатда "Б" қарз олувчининг молиявий аҳволи ёмонлашуви "Б1" қарз олувчининг молиявий аҳволи ёмонлашувига сабаб бўлиб, бу ўз навбатида "А2" қарз олувчига ҳам таъсир этади. Бу ҳолатда, "А2" қарз олувчи "Б" ва "Б1" қарз олувчилар билан бир гуруҳни ташкил этади.

6-ҳолат


1" қарз олувчи "Б2" ва "Б3" қарз олувчиларни назорат қилади. Ушбу ҳолатда "А" қарз олувчининг молиявий аҳволи ёмонлашуви "А2" ва "Б1" қарз олувчиларнинг молиявий аҳволига ҳамда "Б1" қарз олувчи орқали "Б2" ва "Б3" қарз олувчиларнинг молиявий аҳволига салбий таъсир кўрсатади.

Бунда, банк ўзаро алоқадор қарз олувчиларни иккита алоҳида гуруҳга ажратади:

1) назорат ва иқтисодий асосида алоқадор "А" гуруҳ - А, А1, А2, Б1, Б2, Б3.

2) назорат асосида алоқадор "Б" гуруҳи - Б, Б1, Б2, Б3.

7-ҳолат


Агар 6-ҳолатдаги "Б" қарз олувчининг "Б1" қарз олувчига иқтисодий алоқадорлиги мавжуд бўлса, "Б" қарз олувчи А гуруҳида ҳисобга олинади. Бу ҳолатда "А" қарз олувчининг молиявий қийинчиликлари нафақат "пастлаб борувчи" хусусиятга, балки "Б" қарз олувчига таъсири сабабли "юқорилаб борувчи" хусусиятга ҳам эга.

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 29 октябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 9 ноябрь, 44-сон, 489-модда





































Время: 0.2103
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск