ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Статистика. Ҳисобот / Умумий қоидалар /

Расмий статистикани тайёрловчиларнинг статистика услубиётларини аудитдан ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 06.11.2020 й. 690-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 6 ноябрдаги

690-сон қарорига

1-ИЛОВА


Расмий статистикани тайёрловчиларнинг статистика

услубиётларини аудитдан ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом расмий статистикани тайёрловчиларнинг статистика услубиётларини аудитдан ўтказиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


миллий статистика тизими - расмий статистикани биргаликда тайёрлайдиган ва тарқатадиган давлат статистика органлари ҳамда расмий статистиканинг бошқа тайёрловчилари мажмуи;


расмий статистикани тайёрловчи - миллий статистика тизимининг бир қисми бўлган, статистика маълумотларини расмий статистика соҳасидаги статистика дастурларига мувофиқ тайёрлайдиган давлат бошқаруви органи ва (ёки) унинг бўлинмаси;


статистика маълумотлари - статистика кузатувлари натижасида ва/ёки маъмурий маълумотлар асосида олинган иқтисодий, демографик, ижтимоий, молиявий ва экологик хусусиятга эга бўлган маълумотлар;


статистика услубиёти - статистика фаолиятини ташкил этишнинг умум эътироф этилган усуллари, қоидалари ва принциплари;


статистика услубиётларини аудитдан ўтказиш - расмий статистикани тайёрловчиларнинг статистика маълумотларини тайёрлаш билан боғлиқ фаолиятида қўллайдиган услубий ҳужжатларнинг умум эътироф этилган халқаро стандартларга мувофиқлигини баҳолаш.


3. Аудит Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган кўп йиллик ва бир йиллик статистика дастурларига киритилган расмий статистикани тайёрловчиларда (кейинги ўринларда - тайёрловчи) ўтказилади.


4. Статистика услубиётлари Давлат статистика қўмитаси томонидан аудитдан ўтказилади.


5. Тайёрловчининг статистика услубиётларини аудитдан ўтказиш Давлат статистика қўмитаси томонидан статистикани ишлаб чиқувчилар билан келишган ҳолда ҳар йили тасдиқланадиган режа-жадвалга асосан ташкил этилади.


6. Аудит ўтказиш, унинг натижаларини кўриб чиқиш ҳамда тегишли чора-тадбирлар ушбу Низомга илова қилинадиган схемага мувофиқ амалга оширилади.


7. Тайёрловчида статистика услубиётларини аудитдан ўтказиш ҳар беш йилда камида бир марта ўтказилади.


8. Аудитни ўтказиш қонунийлик, мустақиллик, холислик ва махфийлик принциплари асосида амалга оширилади.



2-БОБ. АУДИТНИНГ МАҚСАДИ

ВА АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


9. Аудитнинг мақсади Давлат статистика қўмитасидан ташқари бошқа тайёрловчи томонидан фойдаланилаётган статистика услубиётларини халқаро стандартларга мувофиқлик юзасидан баҳолаш ҳамда уларни янада такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.

Аудит бошқа тайёрловчининг расмий статистика соҳасида ўзлари ёки юқори органлар томонидан қабул қилинган услубий ҳужжатларни баҳолашни назарда тутади ҳамда Давлат статистика қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган, тасдиқланган ва жорий этилган статистика услубиётларига нисбатан татбиқ этилмайди.


10. Қуйидагилар аудитнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

фойдаланилаётган статистика услубиётларини халқаро стандартларга мувофиқлик юзасидан баҳолаш;

тайёрланаётган ва эълон қилинаётган статистика маълумотларининг фойдаланилаётган статистика услубиётларига мослигини аниқлаш;

аниқланган камчиликларни бартараф этишга, статистика услубиётларини ва статистика маълумотларини тайёрлаш фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ҳамда тавсиялар ишлаб чиқиш.



3-БОБ. АУДИТ ЎТКАЗИШНИ ТАЙИНЛАШ


11. Давлат статистика қўмитаси ҳар йили 1 декабрга қадар тайёрловчининг статистика услубиётларини аудитдан ўтказиш бўйича келгуси йил учун аудит ўтказиш режа-жадвалини (кейинги ўринларда - режа-жадвал) тасдиқлайди.


12. Режа-жадвалга киритилган тайёрловчи ўтказиладиган аудит тўғрисида Давлат статистика қўмитаси томонидан аудит бошланишидан камида ўттиз календарь кун олдин хабардор қилинади.

Хабарномада аудитнинг бошланиш санаси, баҳоланадиган йўналишлар ва ҳужжатларнинг дастлабки рўйхати, шунингдек, аудитни ўтказиш учун зарур бўлган бошқа маълумотлар кўрсатилади.

Аудит ўтказиладиган ишлаб чиқувчи аудит бошлангунга қадар хабарномада кўрсатилган ҳужжатлар ва маълумотларни тайёрлаб қўйиши лозим.


13. Тайёрловчида аудит ўтказиш юзасидан Давлат статистика қўмитасининг буйруғи чиқарилади. Буйруқ билан аудит ўтказиш дастури ва аудит гуруҳи таркиби тасдиқланади.


14. Аудит ўтказиш дастури қуйидагиларни назарда тутади:

аудит ўтказиш мақсадлари;

аудит ўтказиш соҳаси (ўрганиладиган фаолият турлари рўйхати);

аудит ўтказиш санаси;

аудит графиги;

аудит ўтказувчи масъул ходим ёки аудит гуруҳининг (агар аудит ўтказиш бўйича гуруҳ ташкил этилса) мажбуриятлари.

Аудит ўтказиш дастури тайёрловчида аудит ўтказиш жараёнига оид бошқа маълумотларни ҳам ўз ичига қамраб олиши мумкин.


15. Аудит ўтказиш тўғрисидаги буйруқ ҳамда аудит ўтказиш дастури тайёловчининг раҳбарига аудит бошланишидан ўн кун олдин тақдим этилади.

Аудит ўтказиш дастурига томонларнинг келишувига мувофиқ аудит бошланишидан олдин ва зарур ҳолларда аудит давомида ўзгартиришлар киритилиши мумкин.


16. Давлат статистика қўмитаси томонидан аудитда иштирок этиш учун халқаро экспертлар, илмий жамоатчилик вакиллари ва бошқа расмий статистикани тайёрловчининг малакали мутахассислари ихтиёрийлик ёки шартнома асосида жалб этилиши мумкин.


17. Аудит ўтказилаётган даврда амалда фойдаланилаётган услубий ҳужжатларга аудит ўтказилаётган тайёрловчи томонидан ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилишига йўл қўйилмайди.


18. Аудит ўтказишнинг умумий муддати уч ойдан ошиши мумкин эмас. Аудитни ўтказиш муддати:

фойдаланилаётган услубиётларга тааллуқли ҳужжатларни халқаро ташкилотлардан олишга ва ҳужжатларни таржима қилишга қўшимча вақт зарур бўлганда;

ўрганилиши лозим бўлган ҳужжатлар ҳажмининг кўплиги сабабли аудитни ўтказиш учун буйруқда кўрсатилган муддатга қўшимча вақт талаб қилинганда;

аудит ўтказиш жараёнида ўрганилиши талаб қилинган қўшимча ҳужжатлар (ахборотлар) тўлиқ тақдим қилинмаганда;

халқаро ва миллий экпертлар хулосаларини олиш зарурати юзага келган ҳолатларда узайтирилиши мумкин.


19. Аудит муддати аудитни ўтказувчи гуруҳ раҳбарининг асосланган билдиришномасига асосан Давлат статистика қўмитаси раисининг рухсати билан узайтирилади. Бунда тегишли билдиришнома аудитнинг муддати тугашидан камида беш иш кунидан олдин берилиши зарур.

Аудит муддати узайтирилганда Давлат статистика қўмитаси раисининг бу ҳақида қўшимча буйруғи чиқарилади ва аудит ўтказилаётган ишлаб чиқувчи хабардор қилинади.



4-БОБ. АУДИТНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


20. Статистика услубиётларини аудитдан ўтказиш бевосита тайёрловчининг биносида, карантинга оид чоралар амал қилиши даврида шахсларнинг биноларга кириши чекланган ҳолларда ёки иш берувчининг асосий иш фаолиятига таъсир кўрсатмаслик мақсадида - масофавий шаклда Давлат статистика қўмитаси биносида ташкил этилади.

Аудит масофавий шаклда ўтказилган ҳолларда барча зарур ҳужжатлар тайёрловчи томонидан Давлат статистика қўмитасига рўйхат асосида тақдим этилади.

Томонларнинг келишувига асосан ўрганиладиган ҳужжатларнинг нусхалари, шу жумладан, электрон шаклда тақдим этилиши мумкин.


21. Аудит ўтказиладиган тайёрловчи аудитни ўтказиш учун масъул бўлган ўз вакилини тайинлайди ҳамда зарур ҳужжатларнинг аудит гуруҳига ўз вақтида ва тўлиқ тақдим этилишини таъминлайди.


22. Аудитни ўтказиш қуйидаги ҳужжатлар ва ахборотларни ўрганишни назарда тутади:

тайёрловчининг статистика маълумотларини тайёрлаш соҳасида фойдаланилаётган статистика услубиётлари ҳамда уларни асословчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар (буйруқлар, қарорлар, қўшма қарорлар);

статистика услубиётларини ишлаб чиқишда фойдаланилган халқаро ташкилотларнинг услубий ҳужжатлари ва тавсиялари;

статистика услубиётларида қўлланилаётган хорижий давлатларнинг тажрибасини асословчи ҳужжатлар;

статистика маълумотларини тайёрлашда фойдаланиладиган бирламчи манбалар (идоравий ҳисобот шакллари, сўровномалар, бланкалар, карточкалар, намунавий жадваллар ва бошқалар) ҳужжатлари;

тайёрланган ва тарқатилган статистика маълумотлари (тўплам, бюллетен, брошюра, пресс-релиз, жадваллар, метамаълумотлар ва бошқалар);

зарур ҳолларда, статистика услубиётларини янада такомиллаштириш юзасидан амалга оширилаётган тадбирларни асословчи ҳужжатлар (консепсия, стратегия, чора-тадбирлар, "йўл хариталари" ва бошқалар).

Аудит мақсадидан келиб чиққан ҳолда зарурат туғилганда қўшимча ҳужжатлар ва ахборотлар ўрганилиши мумкин. Тайёрловчининг раҳбари уларни аудит гуруҳи сўровига асосан тақдим этиш чораларини кўриши лозим.


23. Аудит олинган ҳужжатлар ҳамда ахборотларнинг халқаро ва миллий стандартларга мувофиқ келиши ёки келмаслигини аниқлаш учун уларни халқаро ташкилотлар томонидан қабул қилинган услубий ҳужжатлар ва тавсиялар билан солиштириш йўли билан ташкил этилади.

Ўрганиш зарурати туғилган ва халқаро ташкилотлар томонидан қабул қилинган услубий ҳужжатлар ва тавсиялар аудит ўтказувчилар томонидан мустақил равишда халқаро ташкилотлардан сўров орқали олиниши ёки жаҳон интернет ахборот тармоғидаги расмий манбалардан фойдаланилиши мумкин.


24. Аудит уни ўтказувчилар томонидан мустақил равишда, тайёрловчи вакилларининг иштирокисиз, олинган ҳужжатлар ва маълумотларнинг махфийлигини таъминлаган ҳолда ташкил этилади.

Аудит ўтказиш учун тақдим этилган барча очиқ ҳужжатлар ва маълумотлар аудитда иштирок этиш учун жалб этилган миллий ва хорижий экспертлардан ташқари учинчи томонга ошкор этилмаслиги шарт.

Ошкор этилиши қонунчилик ҳужжатларида тақиқланган ёки чекланган ҳужжатлар ва маълумотлар аудитдан фақат Давлат статистика қўмитасининг ушбу ҳужжатлардан фойдаланишга тегишли рухсати бўлган масъул ходимлари томонидан ўтказилади.

Аудит ўтказилаётган ҳужжатларга аниқлик киритиш ва тушунтириш олиш мақсадида аудит ўтказилаётган ишлаб чиқувчининг масъул ходимлари Давлат статистика қўмитасига таклиф этилиши мумкин.


25. Аудит ўтказиш жараёнига хорижий экспертлар масофавий тарзда жалб этилган ҳолларда ошкор этилиши қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган ҳужжатлар ва маълумотлар нусхаларининг уларга электрон шаклда юборилишига йўл қўйилади.


26. Аудитни ўтказиш муддати аудит натижалари тўғрисида далолатнома тузилган (имзоланган) кунда тугайди.



5-БОБ. АУДИТ НАТИЖАЛАРИНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ


27. Аудит натижасига кўра икки нусхада аудит далолатномаси тузилади.

Аудит далолатномасида қуйидагилар акс эттирилиши керак:

тайёрловчининг статистика маълумотларини тайёрлаш бўйича фаолияти таҳлили;

аудит давомида қўлланилаётган услубиётларнинг халқаро стандартларга мувофиқлиги юзасидан аниқланган камчиликлар, уларнинг пайдо бўлиши сабаблари ва шароитлари;

аниқланган камчиликларни бартараф этишга, услубий асослар ва статистика маълумотларини тайёрлаш фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ҳамда тавсиялар.


28. Аудит далолатномасига аудит давомида аниқланган камчиликларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади. Агар аудит натижасида камчиликлар аниқланмаган бўлса, бу ҳақида аудит далолатномасида қайд этилади ҳамда тақдимнома расмийлаштирилмайди.


29. Аудит далолатномасининг барча нусхалари аудитни ўтказувчи шахс (шахслар) ва тайёрловчининг биринчи раҳбари ёки унинг ўринбосари томонидан имзоланади.

Тайёрловчининг биринчи раҳбари ёки унинг ўринбосари аудит далолатномасини имзолашдан бош тортган тақдирда, аудитни ўтказувчи бу ҳақида аудит далолатномасига тегишли ёзувни киритади.


30. Аудит далолатномасининг бир нусхаси аудитдан ўтказилган тайёловчига текширув тугаганидан кейин уч кун ичида топширилади.

Аудитдан ўтказилган тайёрловчи аудит далолатномасида баён этилган фактларга ва (ёки) аудит гуруҳининг хулосалари ҳамда таклифларига рози бўлмаган тақдирда, аудит далолатномасини олган кундан эътиборан ўн кун ичида Давлат статистика қўмитасига мазкур далолатнома бўйича умуман ёки унинг айрим ҳолатлари юзасидан ёзма эътирозларини тақдим этишга ҳақли.

Аудитдан ўтказилган тайёрловчи ўз эътирозларининг асосланганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни (уларнинг тасдиқланган кўчирма нусхаларини) ёзма эътирозларга илова қилишга ёки келишилган муддатда Давлат статистика қўмитасига топширишга ҳақли.



6-БОБ. АУДИТ НАТИЖАЛАРИГА КЎРА

АНИҚЛАНГАН КАМЧИЛИКЛАРНИ БАРТАРАФ

ЭТУВЧИ ҲАРАКАТЛАРНИ АМАЛГА ОШИРИШ


31. Аудит натижаларига кўра статистика услубиётларида ҳалқаро стандартларга мувофиқлик юзасидан камчиликлар аниқланган ҳолларда Давлат статистика қўмитаси томонидан тайёрловчига ушбу камчиликларни бартараф этиш юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритилади.

Тақдимнома тайёрловчига аудит тугаганидан кейин ўн кун ичида топширилади.

Тақдимномада аудит давомида аниқланган камчиликлар, уларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлган шарт-шароитлар, камчиликларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар кўрилиши юзасидан қарорлар ва уларни бажариш муддатлари акс эттирилади.

Аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган тадбирлар кўламидан келиб чиққан ҳолда тайёрловчига уларни бартараф этиш учун 12 ойгача муддат белгиланиши мумкин.

Айрим ҳолларда тайёрловчининг асосланган таклифига кўра аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тақдимномада белгиланган муддат Давлат статистика қўмитаси томонидан узайтирилиши мумкин.


32. Аудитдан ўтказилган тайёрловчи тақдимномада кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тақдимнома киритилган санадан бир ойдан кўп бўлмаган муддатда чора-тадбирлар режаси ёки "Йўл харитаси"ни ишлаб чиқиши ва маълумот учун Давлат статистика қўмитасига тақдим этиши шарт.

Тайёрловчи чора-тадбирлар режаси ("йўл харитаси") ижроси юзасидан ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 10-кунигача Давлат статистика қўмитасига маълумот бериб боради.


33. Давлат статистика қўмитаси аудит натижалари бўйича тайёрловчига киритилган тақдимномалар ҳамда улар бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режалари ("йўл хариталари") ижроси юзасидан доимий мониторинг олиб боради.


34. Тайёрловчи тақдимномада келтирилган муддатларда аудит давомида аниқланган камчиликларни тўлиқ бартараф этиш чораларини кўради ҳамда амалга оширилган ишлар тўғрисида Давлат статистика қўмитасига якуний маълумотларни тақдим этади.


35. Давлат статистика қўмитаси якуний маълумотларни ўрганади ва ўрганиш якунлари юзасидан камчиликларни бартараф этиш натижалари бўйича хулоса тайёрлайди.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


36. Статистика услубиётларини аудитдан ўтказиш натижалари ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрилган чоралар тўғрисидаги маълумотлар Давлат статистика қўмитаси ҳузуридаги Статистика кенгаши йиғилиши муҳокамасига киритилади.


37. Тайёрловчининг раҳбари аудитни ўтказиш учун керакли шароитларнинг яратиб берилиши, масъул вакилларнинг бириктирилиши, зарур ҳужжатлар аудит гуруҳига ўз вақтида ва тўлиқ тақдим этилиши, аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун зарур чоралар кўрилиши ҳамда амалга оширилган чора-тадбирлар тўғрисида чораклик ва якуний маълумотлар ўз вақтида тақдим этилиши учун жавобгардир.


38. Аудитни ўтказиш давомида юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.






Низомга

ИЛОВА



Статистика услубиётларини аудитдан ўтказиш, унинг

натижаларини кўриб чиқиш ҳамда тегишли

чора-тадбирларни амалга ошириш

СХEМАСИ

Босқичлар

Субектлар


Тадбирлар


Бажариш муддатлари



1-босқич

Давлат статистика қўмитаси


1. Расмий статистикани тайёрловчиларда статистика услубиётларини аудитдан ўтказиш режа-жадвалини тасдиқлаш.


2. Аудитни Низомда белгиланган талаблар асосида ўтказиш.


3. Ўтказилган аудит натижаларига кўра далолатнома, зарур ҳолларда тақдимнома тузиш ва тайёрловчига тақдим этиш.


Ҳар йили

1 декабрга қадар


Белгиланган муддатларда


Аудит якунлангандан сўнг 10 кун муддатда










2-босқич

Тайёрловчи


1. Тақдимномада кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.


2. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрилган чоралар тўғрисида чораклик ва якуний маълумотни Давлат статистика қўмитасига тақдим этиш.


Тақдимномада белгиланган муддатларда


Ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 10-кунигача









3-босқич

Давлат статистика қўмитаси


1. Аудит натижалари бўйича киритилган тақдимномалар ижроси юзасидан мониторинг олиб бориш.


2. Тайёрловчи томонидан тақдим этилган якуний маълумотларни ўрганиш ва ўрганиш якунлари юзасидан камчиликларни бартараф этиш натижалари бўйича хулоса тузиш.


3. Аудит натижалари ва кўрилган чоралар тўғрисидаги маълумотларни Давлат статистика қўмитаси ҳузуридаги Статистика кенгаши йиғилиши муҳокамасига киритиш.


Доимий равишда



Маълумот олингандан сўнг

10 кун муддатда




Йил якуни бўйича



           

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 7 ноябрь








































Время: 0.0044
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск