ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Фан / Илмий ташкилотлар /

Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг Устави (ЎзР ВМ 06.11.2020 й. 693-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 6 ноябрдаги

693-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон халқаро ислом академияси

ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро

илмий-тадқиқот марказининг

УСТАВИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Устав Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг (кейинги ўринларда - Марказ) асосий вазифалари ва функцияларини, ҳуқуқлари ва мажбуриятларини, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Марказ давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварақларига, Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларида талаб қилиб олинадиган хорижий валютадаги депозит ҳисобварақларига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга эга бўлади.


3. Марказ ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Уставга ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


4. Марказ ўз фаолиятини Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом олами ташкилоти (ICESCO), Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, хорижий мамлакатлардаги исломшунослик тадқиқотлари илмий-тадқиқот марказлари билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.

5. Марказнинг тўлиқ номи:

давлат тилида - Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази;

рус тилида - Международный научно-исследовательский центр Имама Матуриди при Международной исламской академии Узбекистана;

инглиз тилида - Imam Maturidi International Scientific Research Center under the International Islamic Academy of Uzbekistan;

араб тилида - مركز الامام الماتردي الدولي للبحوث العلمية لدى أكاديمية أوزبكستان الإسلامية الدولية .


6. Марказнинг жойлашган ери (почта манзили): Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, А.Қодирий кўчаси, 11-уй, 100001.



2-БОБ. МАРКАЗНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


7. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

ақида ва калом илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган Имом Мотуридий ва унинг издошлари бўлган алломаларнинг улкан илмий, диний-маънавий меросини чуқур ўрганиш, улар яратган асарларнинг илмий-изоҳли таржима ва қиёсий матнларини нашр этиш, халқ ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб қилиш, ушбу мавзуларга доир илмий тадқиқотларни тизимли ташкил этиш;

ислом динининг инсонпарварлик моҳияти, маърифий-маданий роли ва ривожланиш йўналишларини илмий асосда ўрганиш ва кенг афкор оммага, жумладан, халқаро жамоатчиликка етказиш;

Имом Мотуридий, Абу Муин Насафий каби алломаларнинг калом илми ривожига қўшган ҳиссаси ва унинг тараққиётида тутган ўрнини чуқур тадқиқ этиш, ёш авлодни миллатлараро ва динлараро бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, тинчлик-тотувлик каби ислом динининг асл қадриятлари руҳида тарбиялаш;

мамлакатда ҳамда хорижий давлатларнинг кутубхоналари ва архив фондларида сақланаётган буюк алломаларнинг калом илмига оид мероси ҳамда ислом дунёси учун муҳим илмий аҳамиятга эга бўлган қўлёзма, тошбосма асарларнинг аcл ҳамда электрон нусхаларини тўплаш ва келажак авлодга етказиш учун тизимли илмий тадқиқотларни ташкил этиш;

исломий илмлар, хусусан, калом илми тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини илмий тадқиқ этиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кучайтириш мақсадида илмий-назарий ва услубий масалаларга бағишланган анжуман, конференция, симпозиум, кўргазма, илмий маъруза, семинар-тренинг ва танловлар ҳамда бошқа маданий-маърифий тадбирларни ташкил этиш;

тадқиқот натижалари юзасидан қомуслар, каталоглар, альбомлар, илмий-оммабоп ҳужжатли фильмлар, ахборот-ресурс базасини тайёрлаш ва оммавий ахборот воситалари, хусусан, Интернет жаҳон ахборот тармоғида эълон қилишни ташкил қилиш;

ислом тарихи ва калом илми йўналишидаги янги тадқиқотлар натижаларидан илмий жамоатчиликни кенг хабардор этиш;

"жаҳолатга қарши маърифат" ғояси асосида ислом динининг илм-маърифат, маънавий поклик, тинчлик-осойишталик, тараққиёт ва бунёдкорликка чақирувчи ғояларини халққа, айниқса, ёшларга етказиш, мутаассиблик, экстремизмнинг мақсадлари, ғоявий негизлари, замонавий кўринишлари ва фаолият услубларини ўрганиш ҳамда уларга қарши курашишнинг илмий-маърифий асосларини ишлаб чиқиш ва амалиётда қўллаш учун тавсия этиш.


8. Марказ ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

ислом динининг моҳияти ва илмларини тарқатади, динлараро ва миллатлараро бағрикенглик, дўстлик, аҳиллик, ўзаро ҳурмат ва ҳамфикрлилик қадриятларини кенг оммага етказишга кўмаклашади;

ислом дунёсининг буюк мутафаккири, калом илми пешвоси Имом Мотуридийнинг илмий-маънавий меросини, ижодий фаолияти ва шахсияти билан боғлиқ маънавий-маърифий меросини ёшлар орасида кенг тарғиб қилади;

Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар олимлари илмий фаолиятини мувофиқлаштириш, шунингдек, давлат, нодавлат нотижорат ташкилотлар, шу жумладан, хайрия ташкилотлари билан илмий-амалий алоқалар ўрнатади ва ривожлантиради;

ўрта асрларда ўтган ислом уламолари ва мутафаккирларининг калом илми ва ислом тарихи йўналишлари бўйича диний-маънавий меросини янада чуқурроқ тадқиқ этишга оид лойиҳаларни амалга оширади;

мотуридийлик таълимотига оид ақидавий манбаларнинг илмий-танқидий матнини тайёрлайди ҳамда уларнинг замонавий шарҳларини амалга оширади;

ислом дунёсининг маънавий тарихи ва ислом манбаларини тасниф қилиш бўйича лойиҳаларни амалга оширади;

Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатларда сақланаётган ислом динига оид нодир ёдгорликларни оммалаштиришга бағишланган лойиҳаларни амалга оширади;

жойларда ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, аҳоли, айниқса, ёшлар орасида ислом динининг бунёдкорлик, илм-маърифат ва одоб-ахлоққа йўғрилган таълимотини тарғиб этишга қаратилган тадбирларда иштирок этади;

бой маданий ва маънавий мерос, дунёвий ҳамда диний илмлар уйғун равишда тадқиқ этилишини ташкил қилиш орқали унинг натижаларини таълим-тарбия жараёнида қўллаш ва кенг жамоатчиликка етказишда ташкилий-амалий ёрдам кўрсатади.



3-БОБ. МАРКАЗНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА

МАЖБУРИЯТЛАРИ


9. Марказ ўзига юкланган асосий вазифалар ва функцияларни амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Ўзбекистон халқаро ислом академияси билан келишган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хорижий ташкилотлар билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиш ва ўзаро ҳамкорлик тўғрисида шартномалар ва бошқа ҳужжатларни имзолаш;

жаҳондаги нуфузли илмий-тадқиқот марказлари ва олий таълим муассасаларининг илмий, диний-маънавий қадриятларни тадқиқ этиш йўналишидаги тажрибасини ўрганиш ҳамда халқаро ташкилотлар билан алоқалар ўрнатиш ва илмий ҳамкорликни йўлга қўйишда ёрдам бериш, илмий-тадқиқот ишларини замон талаблари даражасида ташкил этиш юзасидан амалий тавсиялар бериш асосида семинар-тренинглар ўтказиш;

вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлардан Марказ ваколатига тааллуқли масалалар бўйича маълумотларни сўраб олиш;

Имом Мотуридий ва бошқа мутафаккирларнинг фаолиятини ўрганиш бўйича илмий ва эксперт ишларини амалга ошириш, долзарб масалаларни ишлаб чиқиш учун вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, таълим муассасалари ва бошқа ташкилотлардан, шу жумладан, чет эллардан юқори малакали мутахассисларни шартнома асосида ишга таклиф этиш;

Марказнинг бюджетдан ташқари маблағларини Марказ томонидан ўтказиладиган тадбирларни ташкил этишга йўналтириш;

ижтимоий ташаббуслар билан чиқиш ва ушбу масалада тегишли давлат органларига таклифлар киритиш;

ўз фаолияти тўғрисида ахборот тарқатиш ва белгиланган тартибда бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига матбаа ва ноширлик фаолиятини амалга ошириш ҳамда мультимедиа маҳсулотларини чиқариш;

фаолиятига алоқадор бўлган конференциялар, симпозиумлар, семинар-тренинглар, сайёр мажлислар ташкил қилиш;

илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш мақсадида ўз фаолиятини Марказ директори томонидан тасдиқланадиган низом асосида олиб борадиган илмий ҳайъат тузиш.

Марказ қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


10. Марказ қуйидагиларга мажбур:

ўзига юкланган вазифалар ва функциялар самарали бажарилишини таъминлаш;

ўз фаолияти тўғрисида ахборот билан танишиш эркинлигини таъминлаш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли давлат органларига ўз фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлар тақдим этиш.

Марказга қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.



4-БОБ. МАРКАЗ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


11. Марказ фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва мувофиқлаштириш бўйича Васийлик кенгаши Марказ фаолиятини мувофиқлаштиради, унга юкланган вазифаларни амалга оширишга кўмаклашади ҳамда Марказ фаолиятининг асосий йўналишларини белгилайди.

Васийлик кенгашининг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

бой маданий ва маънавий мерос, дунёвий ҳамда диний илмларни уйғун равишда тадқиқ этиш орқали унинг натижаларини таълим-тарбия жараёнида қўллаш ва кенг жамоатчиликка етказишда ташкилий-амалий ёрдам кўрсатиш;

жаҳондаги нуфузли илмий-тадқиқот марказлари ва олий таълим муассасаларининг илмий, диний-маънавий қадриятларни тадқиқ этиш йўналишидаги тажрибасини ўрганиш ҳамда халқаро ташкилотлар билан алоқалар ўрнатиш ва илмий ҳамкорликни йўлга қўйишда ёрдам бериш, илмий-тадқиқот ишларини замон талаблари даражасида ташкил этиш юзасидан амалий тавсиялар бериш;

концептуал тадқиқотлар дастурлари ҳамда илмий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳомийлар маблағларини ва тадқиқотлар жараёнига чет эллардан соҳа мутахассис олимларини жалб этишда кўмаклашиш;

илмий-тадқиқот натижалари асосида таълим муассасалари ўқув дастурларини такомиллаштириш, соҳа учун кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, илмий-тадқиқот олиб бораётган кадрларнинг маҳаллий ва хорижий мамлакатлардаги нуфузли илмий тадқиқот муассасаларида тажриба орттиришини ва малака оширишини ташкил этиш, юқори натижага эришган ва фаол тадқиқотчиларни рағбатлантириш чора-тадбирларини кўриш.

Мажлис бир йилда камида бир марта чақирилади. Марказ Васийлик кенгаши мажлисининг чақирилиши ҳамда унинг кун тартиби ҳақидаги маълумотлар мажлис чақириладиган санадан бир ой олдин эълон қилинади.


12. Васийлик кенгашининг мажлиси ўз ваколатлари доирасида:

Марказнинг фаолият дастури ва йиллик режаларини тасдиқлайди;

қонун ҳужжатларига ва ушбу Низомга мувофиқ бошқа вазифаларни амалга оширади.

Васийлик кенгашининг мажлиси кенгашнинг камида тўртдан уч қисми ҳозир бўлган тақдирда ваколатли ҳисобланади.

Мажлис қарори иштирокчиларнинг ярмидан кўпининг овози билан қабул қилинади.


13. Марказнинг кундалик фаолиятига Марказ директори раҳбарлик қилади. Марказ директори Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси билан келишилган ҳолда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

14. Марказ директорининг илмий-тадқиқот ишлари бўйича бир нафар ўринбосари бўлади. Марказ директори бўлмаган тақдирда унинг функциясини директор ўринбосари бажаради.

Марказ директорининг ўринбосари Ўзбекистон халқаро ислом академияси билан келишилган ҳолда Марказ директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.


15. Директор ўз ваколатлари доирасида:

Марказ фаолиятига умумий раҳбарлик қилади;

Марказ номидан буйруқлар чиқаради, ишончномалар беради;

Марказга юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши, тақдим этиладиган таҳлилий материаллар ва ҳужжатларнинг тўлиқлиги учун шахсан жавоб беради;

таркибий бўлимлар фаолиятини мувофиқлаштиради, бўлимлар ходимлари ўртасида функционал вазифаларни тақсимлайди, юкланган топшириқлар бажарилиши учун ҳар бир ходимнинг жавобгарлиги даражасини белгилайди;

белгиланган тартибда Марказ ходимлари билан меҳнат шартномаларини тузади ва бекор қилади;

Марказ ходимларининг лавозим маошларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда устамалар белгилайди;

Марказ фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқади ва Васийлик кенгаши мажлиси муҳокамасига киритади.

Марказ директори қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.



5-БОБ. МАРКАЗ ФАОЛИЯТИНИ

МОЛИЯЛАШТИРИШ


16. Марказ ўзининг кўчмас ва кўчар мулкига, пул маблағларига, шу жумладан, чет эл валютасидаги пул маблағларига, қимматли қоғозлари ва бошқа мол-мулкига эга бўлиши мумкин.


17. Марказ фаолиятини молиялаштириш манбалари қуйидагилар ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


18. Марказни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 7 ноябрь













































Время: 0.1995
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск