ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суғурта / Умумий қоидалар /

Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси тўғрисидаги Вақтинчалик низом (ЎзР Президентининг 12.11.2020 й. ПҚ-4890-сон қарорига 3-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2020 йил 12 ноябрдаги

ПҚ-4890-сон қарорига

3-ИЛОВА



Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси тўғрисидаги

ВАҚТИНЧАЛИК НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Давлат тиббий суғуртаси жамғармасининг (кейинги ўринларда - Жамғарма) мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини, шунингдек, унинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Жамғарма ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Олий Мажлис палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа қонун ҳужжатларига, Жамғарма Кузатув кенгашининг қарорларига, шунингдек, ушбу Низомга амал қилади.


3. Жамғарма ўз фаолияти тўғрисида Жамғарма Кузатув кенгашига ҳисобот беради.


4. Жамғарма ўз фаолиятини давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.


5. Жамғарма давлат муассасаси ҳисобланади, мустақил балансга, шахсий ғазна ҳисобварақларига, Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган думалоқ муҳрга, штампларга ва бланкаларга эга бўлади.


6. Жамғарманинг ижро этувчи аппаратини сақлаш Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.



2-БОБ. ЖАМҒАРМАНИНГ АСОСИЙ МАҚСАДИ,

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


7. Жамғарманинг асосий мақсади аҳолини давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам билан тўлиқ қамраб олишни таъминлаш, унинг сифати ва ҳажмини ошириш ҳамда тиббий хизматлар бозорини замонавий талаблар асосида ривожлантириш мақсадида давлат тиббий суғуртаси тизимини жорий этиш ва бошқаришдан иборат.


8. Қуйидагилар Жамғарманинг асосий вазифалари ҳисобланади:

давлат тиббий суғуртаси тизимини жорий этиш, бошқариш ҳамда ушбу соҳада ягона давлат сиёсатини амалга оширишда идоралараро ҳамкорликни таъминлаш;

2021 йил 1 июлдан 2022 йил якунигача бўлган муддатда Сирдарё вилоятида давлат тиббий суғуртаси тизимини жорий этиш тажриба-синов лойиҳасини (кейинги ўринларда - тажриба-синов лойиҳаси) амалга ошириш;

аҳолининг барча қатламларини сифатли ва зарур тиббий ёрдам билан таъминлаш мақсадида давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам ҳажмига киритилган тиббий хизматлар стратегик хариди тизимини жорий этиш;

тажриба-синов лойиҳаси доирасида аҳолининг барча қатламларига давлат томонидан кафолатланган ҳажмларда сифатли ва тўлиқ тиббий ёрдам кўрсатилишини молиялаштириш;

тажриба-синов лойиҳаси доирасида Давлат бюджетидан тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмларини қоплаш мақсадида ажратиладиган маблағларни жамлаш, бошқариш, уларнинг мақсадли ва самарали сарфланишини ташкил этиш;

давлат тиббий суғуртасининг ягона ахборот тизими, маълумотлар базаси ва бошқа ахборот ресурсларини яратиш, уларнинг лозим даражада ишлашини таъминлаш;

тажриба-синов лойиҳасининг натижаларига кўра, давлат тиббий суғуртаси тизимини республиканинг бошқа ҳудудларида босқичма-босқич жорий этиш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга ошириш.


9. Жамғарма ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

давлат тиббий суғуртаси тизимини жорий этади ва бошқаради;

аҳолининг барча қатламларига давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам кўрсатилишини молиялаштиради;

Жамғарма даромадлари ва харажатларининг ўрта ва узоқ муддатли прогнозларини ишлаб чиқади, шунингдек, манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ҳар йили Жамғарма бюджетини шакллантиради;

давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдамни молиялаштириш мақсадида Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағларни ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа тушумларни жамлайди ва бошқаради;

давлат тиббий суғуртаси дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этади ва уларни амалга ошириш тадбирларини белгиланган тартибда молиялаштиради;

тиббий хизматлар стратегик харидлари механизмларини ишлаб чиқади ва давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам ҳажмига киритилган тиббий хизматлар учун тўловларни амалга оширади;

давлат тиббий суғуртаси тизими иштирокчилари томонидан Жамғарма маблағларидан оқилона ва мақсадли фойдаланилишини ташкил этади, давлат тиббий суғуртаси дастури доирасида тиббий хизматлар кўрсатиш шартномаси шартлари бажарилишини мониторинг қилади;

давлат тиббий суғуртасининг ягона электрон ахборот тизими ва ресурсларини бошқаради ҳамда уларнинг узлуксиз ишлашини таъминлайди, шунингдек, ушбу ахборот тизими ва ресурсларидан фойдаланиш тартибини белгилайди;

тиббий кадрлар салоҳиятини ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқишда, шу жумладан тиббиёт муассасалари учун молия менежери ва клиник менежери мутахассисларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил қилишда иштирок этади;

давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам ҳажмига киритилган тиббий хизматлар пакетини ишлаб чиқиш ва такомиллаштиришда иштирок этади;

давлат тиббий суғуртаси тизимини такомиллаштириш ҳамда кенгайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва уларни амалга ошириш чораларини кўради;

аҳолининг давлат тиббий суғуртаси тизими ва унинг ишлаш тартиби тўғрисидаги хабардорлик даражасини ошириш бўйича оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг давлат тиббий суғуртаси соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;

давлат тиббий суғуртаси соҳасида халқаро алоқаларни амалга оширади, хорижий тажрибани ўрганади ва энг яхши амалиётни жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади.

Жамғарма ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.



3-БОБ. ЖАМҒАРМАНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


10. Жамғарма ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат тиббий суғуртаси тизимига оид ахборотни ушбу тизим иштирокчиларидан белгиланган тартибда олиш;

бюджет буюртмаларини тайёрлаш ва Давлат бюджетидан маблағ олиш учун бюджет сўровларини тузиш;

Жамғарма маблағларини белгиланган тартибда жойлаштириш;

агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, давлат тиббий суғуртаси соҳасида услубий ҳужжатлар, ҳисоботлар ва аризалар шакллари, ҳисоб реестрлари, далолатномалар ва бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда улардан фойдаланиш тартибини белгилаш;

Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ консалтинг, ноширлик ва ўқитиш фаолиятини ташкил этиш;

белгиланган тартибда асбоб-ускуна, инвентарь, товар ва хизматларни харид қилиш;

давлат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, шунингдек, бошқа ташкилот ва муассасалардан ўз ваколатлари доирасида зарур бўлган маълумотларни олиш;

давлат тиббий суғуртаси соҳасида хорижий ва маҳаллий экспертлар ҳамда маслаҳатчиларни шартнома асосида жалб қилиш;

ўз ваколати доирасида халқаро ҳамкорликни амалга ошириш.

Жамғарма ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш доирасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


11. Жамғарма қуйидагиларга мажбур:

Жамғарманинг маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланишни таъминлаш;

тиббий хизматлар харидини тегишли молия йили учун режалаштирилган маблағлар ҳажми доирасида амалга ошириш;

давлат тиббий суғуртаси тизими иштирокчиларига нисбатан ўрнатилган талабларга жавоб берувчи тиббиёт ташкилотлари ва бошқа иштирокчилар билан давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам ҳажмига киритилган тиббий хизматлар хариди бўйича шартномалар тузиш;

беморлар ҳақидаги маълумотларни, шу жумладан уларга тиббий ёрдам кўрсатиш чоғида олинган бошқа маълумотларни қонун талабларига мувофиқ сир сақлаш;

давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам ҳажмига киритилган тиббий хизматлардан аҳолининг қониқиш даражасини таҳлил қилиш;

фуқаролар мурожаатларини Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ кўриб чиқиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган шакл бўйича ва муддатларда молиявий ҳисобот ва бошқа ҳисоботларни шакллантириш ҳамда уларни тегишли давлат органларига тақдим этиш;

давлат тиббий суғуртаси соҳасида ходимлар салоҳиятини мунтазам равишда ошириб бориш.

Жамғарма ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш доирасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.



4-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ

ВА УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ


12. Жамғарма бюджетини шакллантириш ва ижро этиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


13. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:

Давлат бюджетидан олинган маблағлар;

Жамғарманинг ғазна ҳисобварақларида вақтинча бўш турган маблағларни тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришдан тушадиган даромадлар. Ушбу даромадларнинг 50 фоиз қисми Жамғарма ижро этувчи аппарати ва ҳудудий бўлинмалари фаолиятини молиявий ва моддий-техник жиҳатдан таъминлашга йўналтирилади;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик ҳайриялари;

халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


14. Жамғарма маблағлари Жамғарма Кузатув кенгаши томонидан тасдиқланадиган харажатлар сметасига мувофиқ қуйидаги мақсадлар учун йўналтирилади:

давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам доирасида тиббий хизматларни давлат ва хусусий тиббиёт ташкилотларидан харид қилиш;

давлат тиббий суғуртаси дастурини ҳамда имтиёзли дори воситалари таъминотини молиялаштириш;

Жамғарманинг тасдиқланган бюджети доирасида мақсадли дастурлар ва бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш;

Жамғарма ижро этувчи аппарати ва ҳудудий бўлинмалари фаолиятини ташкил этиш, шу жумладан молиявий ва моддий-техник жиҳатдан таъминлаш;

ахборот ва алоқа хизматлари учун тўловларни амалга ошириш;

банк хизматлари учун тўловларни амалга ошириш;

тиббий суғурта соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга ошириш.


15. Жамғарма ҳар йили келгуси молия йиллари учун давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам ҳажми прогнозлари асосида уни амалга ошириш учун зарур маблағлар ҳисоб-китобини ишлаб чиқади.


16. Бюджет сўрови Жамғарма томонидан тайёрланади ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Молия вазирлигига тақдим этилади.


17. Жамғарма фаолияти қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳар йили ташқи аудитдан ўтказилади.



5-БОБ. ЖАМҒАРМАНИ БОШҚАРИШ


18. Жамғарма Кузатув кенгаши ва Жамғарма ижро этувчи аппарати Жамғарманинг бошқарув органлари ҳисобланади.


19. Жамғарма Кузатув кенгаши Жамғарманинг юқори бошқарув органидир.

Жамғарманинг ижро этувчи аппарати Жамғарма Кузатув кенгашининг ишчи органи ҳисобланади.


20. Жамғарма Кузатув кенгашининг мажлислари ҳар чоракда камида бир марта ўтказилади, уларга Жамғарма Кузатув кенгашининг раиси, Жамғарма Кузатув кенгашининг раиси бўлмаган тақдирда унинг ўринбосари раислик қилади.


21. Жамғарма Кузатув кенгашининг мажлиси, агар аъзоларнинг камида учдан икки қисми қатнашса, ҳуқуқий ваколатли бўлади (кворумга эга бўлади).

Жамғарма Кузатув кенгашининг қарори унинг мажлисда қатнашган аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда Жамғарма Кузатув кенгаши раисининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.


22. Жамғарманинг Кузатув кенгаши:

Жамғарма даромад ва харажатларининг прогноз параметрларини ҳамда йиллик харажатлар сметасини тасдиқлайди;

давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам ҳажмига киритилган тиббий хизматлар тарифлари юзасидан ишлаб чиқилган таклифларни келишади;

Жамғарма ижро этувчи аппарати томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ҳисоботларни эшитади ва тасдиқлайди;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларнинг давлат тиббий суғуртаси соҳасига оид масалалар юзасидан ҳисоботларини эшитади;

Жамғарманинг ижро этувчи директори ҳамда унинг ўринбосарлари лавозимларига номзодларни кўриб чиқади ва улар бўйича Вазирлар Маҳкамасига тақдимнома киритади;

Жамғарма фаолиятини тартибга солувчи ҳужжатларни тасдиқлайди;

Жамғарманинг бўш турган маблағларидан фойдаланиш тартибини белгилайди;

Жамғарманинг ижро этувчи аппарати ходимларига уларнинг эгаллаб турган асосий лавозимлари бўйича лавозим маошларига устама ва бошқа рағбатлантириш тўловларини белгилаш тартибини тасдиқлайди;

Жамғарманинг ижро этувчи аппарати фаолиятини, шу жумладан унинг даромад ва харажатлар прогноз параметрлари ижросини, маблағларнинг мақсадли ишлатилишини назорат қилади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.



6-БОБ. ЖАМҒАРМА ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


23. Жамғарма ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган ваколатлар доирасида ташкил этади ва амалга оширади.


24. Жамғармага унинг Кузатув кенгаши тақдимномаси бўйича Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод қилинадиган ижро этувчи директор раҳбарлик қилади. Ижро этувчи директор Жамғармага юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради.


25. Жамғарма ижро этувчи директорининг ўринбосарлари Жамғарма Кузатув кенгашининг тақдимномаси бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан лавозимга тайинланади.


26. Жамғарманинг ижро этувчи директори мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шартлари бўйича вазирнинг биринчи ўринбосарига, унинг ўринбосарлари эса вазир ўринбосарига тенглаштирилади.


27. Жамғарма ижро этувчи директори:

Жамғарма фаолиятига раҳбарлик қилади;

ўз ваколатлари доирасида Жамғарманинг ижро этувчи директори ўринбосарлари ҳамда таркибий бўлинмалари раҳбарлари ўртасида лавозим вазифаларини тақсимлайди;

ўз ваколатлари доирасида Жамғарма фаолиятига оид буйруқлар ва йўриқномалар чиқаради ҳамда Жамғарманинг таркибий бўлинмаларига кўрсатмалар беради;

Жамғарманинг таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомларни тасдиқлайди, шунингдек, зарур ҳолларда, Жамғарма ижро этувчи аппаратининг тузилмасига бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармаси доирасида ўзгартиришлар киритади;

Жамғарманинг ижро этувчи аппарати ходимларини лавозимга тайинлайди ва лавозимидан озод этади;

пул маблағлари ва моддий бойликларнинг бухгалтерия ҳисоби юритилишини, статистика ва бухгалтерия ҳисоботлари тузилишини ҳамда улар тегишли давлат органларига белгиланган тартибда тақдим этилишини ташкил қилади;

Жамғарманинг Кузатув кенгаши мажлисларида маслаҳат овози ҳуқуқи билан қатнашади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


28. Жамғарманинг ижро этувчи аппарати ходимларига Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қуйидаги миқдорда кўп йиллик ишлаганлик учун ҳар ойлик устама тўланади (рағбатлантириш коэффициентини ҳисобга олган ҳолда лавозим маошига нисбатан коэффицентларда): 1 йилдан 3 йилгача - 0,3, 3 йилдан 5 йилгача - 0,6, 5 йилдан 10 йилгача - 0,8, 10 йилдан 15 йилгача - 1,0, 15 йилдан 20 йилгача - 1,2, 20 йилдан юқори - 1,5. Бунда, кўп йиллик устама олиш ҳуқуқини берувчи иш стажи Жамғарма Кузатув кенгаши томонидан тасдиқланадиган тартиб асосида амалга оширилади.

29. Жамғарманинг ижро этувчи аппарати ходимларига давлат бошқаруви органлари ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари татбиқ этилади ҳамда уларнинг лавозим маошларини Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига асосан белгилашда тариф коэффициенти 2,0 бараварга оширилган ҳолда қўлланилади.

Бўш иш ўринлари ҳисобига иқтисод қилинган иш ҳақи фонди маблағлари Жамғарма ходимларини моддий рағбатлантириш (устама, қўшимча ҳақ, ойлик мукофотлар ва бошқалар)га йўналтирилади.

30. Жамғарма ажратилган маблағлар доирасида тиббиёт, иқтисодиёт, молия, ахборот-коммуникация технологиялари ва Жамғарма зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун зарур бўлган бошқа соҳалар бўйича юқори малакали мутахассисларни Кузатув кенгаши билан келишган ҳолда фуқаролик ҳуқуқий шартнома асосида ишга жалб қилиш ҳуқуқига эга.


7-БОБ. ҲИСОБГА ОЛИШ, ҲИСОБОТ ВА НАЗОРАТ


31. Жамғарманинг ижро этувчи аппарати давлат тиббий суғуртаси тизимида кўрсатиладиган тиббий хизматлар учун ҳақ тўлаш ва бошқа тўловларни молиялаштиришни Жамғарманинг тасдиқланган бюджети доирасида амалга ошириш ҳамда Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланиш учун жавобгардир.


32. Жамғарманинг ижро этувчи аппарати Молия вазирлигига белгиланган муддатларда даврий ҳисоботларни тақдим этади.


33. Жамғарма маблағларидан белгиланган тартибда фойдаланилиши устидан назорат Жамғарманинг ижро этувчи аппарати томонидан амалга оширилади.


34. Жамғарма маблағларидан мақсадли ҳамда самарали фойдаланилишини назорат қилиш Жамғарманинг ички аудит хизмати, шунингдек, Молия вазирлиги ҳамда Ҳисоб палатаси томонидан амалга оширилади.



8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


35. Жамғармани қайта ташкил этиш ва тугатиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.


36. Жамғарманинг доимий сақланадиган ҳужжатлари, Жамғарма тугатилган тақдирда, белгиланган тартибда Давлат архивига топширилади.


37. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 13 ноябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 16 ноябрь, 45-сон, 507-модда


















































Время: 0.0038
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск