ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Прокуратура. Адлия органлари. Нотариат. Адвокатура. Юридик хизмат / Нотариат /

Нотариуслар томонидан ишончномаларни тасдиқлашнинг Маъмурий регламенти (ЎзР ВМ 18.11.2020 й. 726-сон қарорига 4-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 18 ноябрдаги

726-сон қарорига

4-ИЛОВА



Нотариуслар томонидан ишончномаларни тасдиқлашнинг

МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Регламент нотариуслар томонидан ишончномаларни (кейинги ўринларда - битим) тасдиқлаш тартибини белгилайди.


2. Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатлар нотариал идора биносида ёки мурожаат қилувчиларнинг талабига кўра сайёр тартибда расмийлаштирилади.

Нотариал ҳаракатлар нотариал идора биносидан ташқарида бажарилса, ҳужжатнинг тасдиқловчи ёзувида битим расмийлаштирилган жойнинг манзили кўрсатилади ва ишончномани расмийлаштириш ҳамда имзолаш жараёни мажбурий аудио ва видеога қайд этилади.

Битимни расмийлаштириш жараёнини аудио ва видеога қайд этишда нотариус ва нотариал ҳаракатни амалга оширишда иштирок этувчи шахслар тасвирга тўлиқ туширилиши шарт. Бунда, нотариус томонидан қандай турдаги нотариал ҳаракат амалга оширилаётганлиги, нотариал ҳаракат мазмуни, аҳамияти нотариус томонидан овоз чиқариб тарафларга тушунтириб берилганлиги ҳамда ҳужжат матни билан тарафлар тўлиқ танишганлиги ва уларнинг асл мақсадига мувофиқлигини тасдиқлаган ҳолда имзолаш ҳамда бармоқ изларини "Нотариус" автоматлаштирилган ахборот тизими (кейинги ўринларда - Тизим)да сканер қилиш жараёни тўлиқ аудио ва видеога қайд этилиши лозим.


3. "Нотариат тўғрисида"ги Қонуннинг (кейинги ўринларда - Қонун) 11-моддасига асосан Ўзбекистон Республикасида нотариал ҳаракатлар давлат тилида амалга оширилади. Расмийлаштирилган ҳужжат матни фуқароларнинг талабига биноан нотариус томонидан рус тилида ёки имкон бўлса, бошқа мақбул тилда берилади.

Агар ишончнома мурожаат қилган шахс тушунмаган ёки яхши билмаган тилда бажарилса, унда ҳужжат матни нотариус ёки мурожаат қилган шахс таклиф этган таржимон томонидан оғзаки таржима қилиниши мумкин. Бу ҳақда ҳужжат матнида ва тасдиқловчи ёзувида ким томонидан таржима қилинганлиги, шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатнинг номи, унинг рақами, берилган санаси ва шу ҳужжатни берган органнинг номи ҳамда матн мазмуни тушунтирилганлиги кўрсатилиши керак. Бундай ҳолда мурожаат қилган шахс ўзи биладиган тилда исми, фамилияси, отасининг исмини тўлиқ ёзиб, имзо қўяди.


4. Ишончномани тасдиқлаш ушбу Регламентга иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.



2-БОБ. МУРОЖААТ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


5. Мурожаат қилувчи нотариал идорага ўзи келиб ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёхуд "E-notarius.uz" ахборот портали орқали (кейинги ўринларда - электрон тармоқ) рўйхатдан ўтган ҳолда электрон тарзда мурожаат қилади.

6. Мурожаат қилувчи электрон тармоқ орқали нотариус қабулига навбатга ёзилишни, шунингдек ишончномани тасдиқлаш учун зарур бўлган маълумотларни жўнатган ҳолда тегишли ҳужжат лойиҳасининг олдиндан тайёрлаб қўйилишини сўраб мурожаат қилиши мумкин.


7. Мурожаат қилувчининг электрон тармоқ орқали нотариус қабулига ёзилиш бўйича йўлланган мурожаатлари Тизимдаги жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини навбатма-навбат қайд қилиш электрон рўйхатига автоматик тарзда қайд қилинади.


8. Нотариус Тизим орқали келиб тушган электрон мурожаатларни кўриб чиқиши ва белгиланган муддатда мурожаат қилган шахсларни қабул қилиши шарт.


9. Мурожаат қилувчи томонидан электрон тармоқ орқали ишончномани тасдиқлаш учун зарур бўлган маълумотларни олдиндан жўнатган ҳолда тегишли ҳужжатларнинг тайёрлаб қўйилиши бўйича йўлланган мурожаатлар уларнинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган бўлиши лозим.

Мурожаат бўйича тегишли ҳужжат лойиҳаси нотариус томонидан белгиланган вақтда олдиндан тайёрлаб қўйилади.


10. Нотариал ҳаракат расмийлаштирилиши учун тегишли ҳужжатларнинг олдиндан тайёрлаб қўйилиши бўйича электрон тармоқ орқали йўлланган ёки нотариал идорага келиб қилинган мурожаатларни кўриб чиқиш қуйидаги ҳолларда рад этилади:

нотариал ҳаракат расмийлаштирилиши учун зарур бўлган маълумотлар тўғри ва тўлиқ тақдим этилмаган бўлса;

тасарруф этиш (олди-сотди, ҳадя қилиш, айрибошлаш, лизинг, ижара, текин фойдаланишга бериш, гаров (ипотека)га қўйиш, мол-мулкни бошқа шаклда ўзгага ўтказиш (тасарруф этиш) ҳақида битимларни тузиш) ҳуқуқи билан бериладиган ишончномани тасдиқлашда кўчмас мулк ва транспорт воситаларига нисбатан тақиқ (хатлов) мавжуд бўлса, бундан тасарруф этиш ҳуқуқисиз ишончномаларни тасдиқлаш мустасно;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси (кейинги ўринларда - МИБ) маълумотлар базаси орқали қарздорлик ҳолати текширилиши лозим бўлган ҳолларда қарздорлик аниқланган бўлса;

манфаатдор шахсларнинг аризаларига асосан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш кечиктириб ёки тўхтатиб турилган бўлса.



3-БОБ. МУРОЖААТ ҚИЛУВЧИНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ,

УНИНГ ШАХСИНИ, МУОМАЛА ВА ҲУҚУҚ

ЛАЁҚАТИНИ АНИҚЛАШ ТАРТИБИ


11. Мурожаат қилувчи нотариал идорага бевосита ўзи келганда уни нотариус ёрдамчиси (нотариус ёрдамчиси мавжуд бўлмаган ҳолларда, нотариал идора котиби ёки нотариус стажёри), улар ҳам бўлмаганда нотариус қабул қилади ва унинг мақсадига аниқлик киритади.

Бунда, нотариус ёрдамчиси (нотариал идора котиби ёки нотариус стажёри) мурожаат қилувчини нотариус қабулига навбатга ёзиб қўяди ва бу ҳақда нотариусни хабардор қилади, бундан нотариус қабулига навбатга ёзилган мурожаат қилувчилар мавжуд бўлмаган ҳоллар мустасно.


12. Нотариус мурожаат қилувчиларнинг (уларнинг қонуний вакилларининг, шунингдек васий ва ҳомийларининг) ва юридик шахс вакилларининг шахсини аниқлайди.

Мурожаат қилувчиларнинг шахси қуйидаги ҳужжатларга асосан аниқланади:

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари - Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспорти, ҳайдовчилик гувоҳномаси, ID-картаси;

16 ёшга тўлмаган фуқароларнинг шахси - туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома;

ҳарбий хизматчилар - ҳарбий қисмлар ва ҳарбий муассасалар қўмондонлиги томонидан бериладиган шахсий гувоҳномалар ёки ҳарбий билетлар ёхуд ID-карталар (ҳарбий хизматга мажбур фуқароларнинг ҳарбий билети бундан мустасно);

чет эл фуқаролари - уларнинг миллий паспорти (қонун ҳужжатларига мувофиқ чет эл фуқаролари тегишли ички ишлар органлари томонидан рўйхатга олиниши лозим) ёки Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси, ID-картаси ёхуд дипломатик паспорти ёки Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинганлигини тасдиқловчи аккредитация карточкаси;

хорижда доимий яшаётган ва консуллик рўйхатида турган Ўзбекистон фуқароларининг шахси - Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспорти;

фуқаролиги бўлмаган шахслар учун - Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси ёки ID-карта.

Мурожаат қилувчи фуқаронинг шахсини ҳамда юридик шахснинг ҳуқуқ лаёқатини аниқлашда нотариус тегишли ахборот ресурсларидан фойдаланади.

13. Нотариус мурожаат этувчи жисмоний шахснинг муомала лаёқатини у билан шахсий мулоқот давомида аниқлайди.


14. Нотариусга мурожаат этувчи шахснинг руҳий ҳолати бузилганлиги ёки ақли заифлиги оқибатида ўз хатти-ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмайди ёки шу ҳаракатларни бошқара олмайди деб ёхуд спиртли ичимликларни ёки гиёҳвандлик ва психотроп моддаларни истеъмол қилиши оқибатида ўз оиласини оғир моддий аҳволга солиб қўяди деб ҳисоблаш учун асоси бўлсада (шубҳа туғдирсада), аммо шу фуқаронинг муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланганлиги тўғрисида маълумотлар бўлмаса, у нотариал ҳаракатни амалга оширишни кечиктиради ва суднинг шу шахсни муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топганлиги тўғрисидаги қарори мавжуд ёки мавжуд эмаслигини Тизим орқали текширади.

Нотариус ишончномани тасдиқлашни сўраб мурожаат этган шахсларнинг босим ёки кучли руҳий ҳаяжонланиш остида деб ҳисоблаш учун асоси бўлса (шубҳа туғдирса) нотариал ҳаракатни амалга оширишни кечиктиради ва зарур ҳолларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар беради.

Агар мазкур шахс суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса, нотариус нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этиш ҳақида қарор чиқаради. Нотариус ушбу қарордан норози томоннинг судга мурожаат қилиш ҳуқуқини тушунтириши лозим.


15. Юридик шахслар иштирокидаги ишончномаларни расмийлаштиришда нотариус томонидан уларнинг ҳуқуқ лаёқати текширилади. Юридик шахсларнинг ҳуқуқ лаёқатини текшириш пайтида юридик шахснинг таъсис ҳужжатлари билан танишиб чиқиши, шунингдек у қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилганлигини ҳамда амалга оширилаётган нотариал ҳаракатлар уларнинг таъсис ҳужжатларига мувофиқ ёки мувофиқ эмаслигини Тизим орқали текшириши шарт.

Бунда нотариус томонидан тегишли юридик шахснинг ҳуқуқ лаёқатини текширишда юридик шахснинг Тизим орқали олинган таъсис ҳужжатлари ва давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси Тизимда сақланади.

16. Ишончномани тасдиқлашни сўраб вакил томонидан мурожаат этилган тақдирда, унинг ваколати текширилади.

Вакилнинг ваколати унинг номига берилган ишончнома ва (ёки) ваколатини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар (қарор, умумий мажлис баённомаси, кузатув кенгашининг қарори, буйруқ ва ҳоказо) билан тасдиқланади.

Таъсис ҳужжати бўйича юридик шахсларнинг раҳбарлари нотариал ҳаракатларни бажариш учун ишончномани нотариал тартибда тасдиқлашни сўраб мурожаат қилса, бундай ҳолларда нотариус фақат уларнинг мансаб мавқеини тасдиқловчи ҳужжатни талаб қилади.

Вакил томонидан тақдим этилган ишончнома шубҳа туғдирган тақдирда, нотариус уни тасдиқлаган тегишли мансабдор шахс (ташкилот) орқали тегишли равишда текшириши лозим. Нотариал тасдиқланган ишончноманинг бекор бўлган ёки бўлмаганлиги ҳақидаги маълумот Тизим орқали текширилади.



4-БОБ. ВОЯГА ЕТМАГАН, МУОМАЛА ЛАЁҚАТИ

ЧЕКЛАНГАН ВА МУОМАЛАГА ЛАЁҚАТСИЗ ШАХСЛАР

ИШТИРОКИДА ИШОНЧНОМАНИ ТАСДИҚЛАШ ТАРТИБИ


17. Ўн тўрт ёшга тўлмаган вояга етмаганлар (кичик ёшдаги болалар) учун ишончномани тасдиқлашни сўраб уларнинг номидан фақат ота-онаси, фарзандликка олувчилари ёки васийлари мурожаат қилиши мумкин.

Васийлик суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахсларга нисбатан ҳам белгиланади. Муомалага лаёқатсиз деб топилган шахс номидан ишончномани тасдиқлаш сўраб унинг васийси мурожаат қилиши мумкин.

Ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаганлар, ишончномани тасдиқлашни сўраб ўз ота-оналари, фарзандликка олувчилари ёки ҳомийларининг ёзма розилиги билан мурожаат қиладилар. Ишончномани тасдиқлаш ҳақидаги ариза билан мурожаат қилинганида ота-онанинг ҳар иккисининг розилиги талаб қилинади. Бунда ота-онанинг розилиги ишончномани тўғридан-тўғри имзолаш ёки алоҳида ариза тақдим этиш кўринишида бўлиши мумкин.

Ҳомийлик суд томонидан муомала лаёқати чекланган деб топилган шахсларга нисбатан ҳам белгиланади. Муомалага лаёқати чекланган деб топилган шахс ишончномани тасдиқлашни сўраб ҳомийнинг ёзма розилиги билангина мурожаат қилади. Бунда, ҳомийнинг розилиги ишончномани тўғридан-тўғри имзолаш ёки алоҳида ариза тақдим этиш кўринишида бўлиши мумкин. Агарда алоҳида ариза кўринишида берилган бўлса, нотариус бу ҳақда тасдиқловчи ёзувга ёзиб қўяди.

Ота-оналар, фарзандликка олувчилар, ҳомийлик ва васийлик қилувчилар қандайдир сабабларга кўра (хизмат сафарида бўлиш, бошқа жойда яшаши ва ҳоказо) ишончномани тасдиқлашни сўраб мурожаат қилишда розилик бера олмасалар, ишончнома васийлик ва ҳомийлик органи вакилининг иштирокида тасдиқланиши мумкин. Бу ҳолда Ўзбекистон Республикаси "Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида"ги Қонунининг 37-моддаси талабларига риоя этилади. Агарда алоҳида ариза кўринишида берилган бўлса, нотариус бу ҳақда тасдиқловчи ёзувга ёзиб қўяди.

Ота-она вафот этганда, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилганда, уларнинг ота-оналик ҳуқуқи чекланганда, улар муомалага лаёқатсиз деб топилганда, касал бўлганда, узоқ муддат бўлмаганда, ота-она болаларни тарбиялаш ёки уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдан бўйин товлаганда, шу жумладан ота-она тарбия, даволаш ва шу каби бошқа муассасалардаги боласини олишдан бош тортганда, шунингдек ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бошқа ҳолларда болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш васийлик ва ҳомийлик органлари зиммасига юклатилади.

Васийлар васийлик ва ҳомийлик органларининг рухсати билан васийликдаги шахс номидан нотариал тартибда тасдиқланиши лозим бўлган битим, ариза ва бошқа ҳужжатларни тузишга ҳақли.

Васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахс номидан ишончнома берилган тақдирда ҳам васийлик ва ҳомийлик органининг рухсати талаб этилади.



5-БОБ. КАР-СОҚОВЛИК НУҚСОНИ ВА КЎЗИ

ОЖИЗ БЎЛГАН ШАХСЛАР ИШТИРОКИДА

ИШОНЧНОМАНИ ТАСДИҚЛАШНИ ТАРТИБИ


18. Ишончномани тасдиқлашни сўраб кар-соқовлик нуқсони (кар-соқов, кар, қулоғи оғир, заиф эшитувчи), кўзи ожиз (кўр, заиф кўрувчи) бўлган шахс мурожаат қилса ҳамда у саводсиз бўлса, ишончномани тасдиқлаш пайтида у билан муомала қила оладиган ва аризасининг мазмунини унинг хоҳиш-иродасига мувофиқ эканлигини ўз имзоси билан тасдиқловчи сурдо ёки тифло таржимон ҳозир бўлиши шарт.

Агарда нотариус кар-соқовлик нуқсони (кар-соқов, кар, қулоғи оғир, заиф эшитувчи) бўлган фуқаролар билан мулоқот қила олса ва кўзи ожиз (кўр, заиф кўрувчи) фуқаро учун мўлжалланган мослама билан ишлай олса, унда сурдо ёки тифло таржимоннинг иштироки талаб этилмайди. Бу ҳолатда нотариус ўзи томонидан жисмоний нуқсони мавжуд бўлган фуқаролар билан шахсан мулоқот қилганлиги ҳақида тегишли ҳужжат матни ва тасдиқловчи ёзувида ёзиб қўяди.

Мурожаат қилувчи ишончномани тасдиқлаш ҳақидаги аризани ўз қўли билан имзолай олмаса, ариза унинг топшириғига кўра унинг ўзи ва нотариус ҳозирлигида бошқа фуқаро томонидан имзоланиши мумкин. Бунда нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган фуқаронинг ҳужжатни ўз қўли билан имзолай олмаганлиги сабаблари ҳужжат матнига ва тасдиқловчи ёзувга ёзиб қўйилиши лозим.

Нотариус мазкур ҳаракатларни амалга оширишда ҳужжатни имзолаган фуқаронинг, сурдо ёки тифло таржимоннинг имзоси ҳақиқийлигини шаҳодатлашни алоҳида нотариал ҳаракат сифатида рўйхатга олмайди.

Бир шахс ҳужжатни имзоловчи фуқаро, сурдо ёки тифло таржимон сифатида нотариал ҳаракатни амалга оширишда иштирок этишига йўл қўйилмайди.

Сурдо таржимоннинг ваколати унга Ўзбекистон Республикаси карлар жамияти томонидан ва тифло таржимоннинг ваколати унга Ўзбекистон Республикаси кўзи ожизлар жамияти томонидан берилган ишончнома ва хизмат гувоҳномаси орқали аниқланади.

Кар-соқовлик нуқсони (кар-соқов, кар, қулоғи оғир, заиф эшитувчи) бўлган ҳамда муомала лаёқатига эга бўлган саводли фуқаро нотариал ҳаракатларни амалга оширишни сўраб мурожаат қилса, ариза унинг ўзи томонидан ва сурдо таржимон томонидан имзоланиши мумкин.

Кар-соқовлик нуқсони (кар-соқов, кар, қулоғи оғир, заиф эшитувчи) бўлган, муомала лаёқатига эга бўлган, бироқ сурдо таржимон билан мулоқот қила олмайдиган саводли фуқаро ўз имзоси билан ариза мазмуни ўзининг хоҳиш-иродасига мувофиқ эканлигини нотариус билан ёзма равишда билдирадиган бўлса, нотариал ҳаракатларни амалга оширишда сурдо таржимоннинг иштироки шарт эмас. Ушбу ёзишмалар ариза ва бошқа ҳужжатлар билан бирга тикиб қўйилади.

Мазкур бандда белгиланган тартибда аризани имзолаш жараёни аудио ва видеоёзув воситаларидан фойдаланилган ҳолда амалга оширилади.

Агар нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган фуқаро саводсиз, кўзи ожиз (кўр, заиф кўрувчи) бўлса ёки қандайдир сабаблар туфайли кўзи яхши кўра олмаса, шунингдек касаллиги туфайли ҳужжатни ўқий олмаса, нотариус унга ҳужжат матнини овоз чиқариб ўқиб беради ва бу ҳақда ҳужжат матнида ва тасдиқловчи ёзувда қайд этади.

Таржимон ёки сурдо таржимон ёхуд тифло таржимон ҳужжат таржимасини нотўғри ёки ёлғон таржима қилганлиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилишлари ҳақида нотариус томонидан огоҳлантирилади ва бу ҳақда ҳужжат матнида кўрсатилади.



6-БОБ. ИШОНЧНОМАНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ


19. Ишончномани тузиш ва тасдиқлаш учун ишончли вакилнинг иштироки талаб этилмайди.

Жисмоний ва юридик шахслар ишончнома бўйича вакил бўлиши мумкин.

Ишончли вакил ҳақидаги, шунингдек ишончнома объекти ҳақидаги маълумотлар ишончнома берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатлар ёки унинг сўзларига асосан ёзилиши мумкин. Ишончли вакил ҳақидаги, шунингдек ишончнома объекти ҳақидаги маълумотлар ишончнома берувчининг сўзларига асосан ёзилган ҳолларда берилган маълумотларнинг тўғрилиги учун ишончнома берувчи масъулдир. Бу ҳақда ишончнома матнида қайд этиб қўйилади.

Нотариус томонидан тегишли маълумотларга аниқлик киритилгандан сўнг, идоралараро электрон ҳамкорлик йўли билан автоматик тарзда МИБ маълумотлар базаси орқали жисмоний ва юридик шахсларнинг ижро ҳужжатлари бўйича қарздорлиги мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномалар олинади. Бунда, текшириш ўтказилган сана ва вақти кўрсатилган ҳамда махсус QR-кодга эга бўлган текшириш натижалари тўғрисидаги маълумотнома (кўчирма) Тизимда сақланади.

20. Ишончнома бир ёки бир нечта вакилга берилиши мумкин. Агар ишончнома бир нечта вакилга берилса, уларнинг ҳар бири ишончномада кўрсатилган ваколатларни биргаликда амалга ошириши ёки алоҳида-алоҳида бажариши ҳақида ишончноманинг матнида кўрсатилади.

Бундай ҳолатда, нотариус ишончнома бўйича ҳар бир вакилга берилган ваколатлар доирасини аниқлайди ва битимни тасдиқлайди.


21. Агар ишончнома бўйича вакиллик қилувчи юридик шахс бўлса, ишончнома матнида юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли ёзилади.


22. Белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган якка тартибдаги тадбиркор ўзининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини бошқа шахсга ишончнома бериш орқали ўтказишига йўл қўйилмайди.


23. Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналар, халқаро ташкилотлар, хорижий компаниялар ҳамда фирмалар ваколатхоналарига ҳамда уларнинг ходимларига, оила аъзоларига тегишли "CMD", "D", "UN", "T", "X", "M" сериядаги давлат рақамларига эга бўлган автомототранспорт воситаларидан фойдаланиш ва (ёки) уларни тасарруф этиш ишончномаларини нотариал тасдиқлашда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг розилигини тасдиқловчи ҳужжат талаб қилинади.


24. 18 ёшга тўлмаган шахсларга автотранспорт воситалари, 16 ёшга тўлмаган шахсларга мототранспорт воситалари билан боғлиқ ишончномаларни расмийлаштиришга йўл қўйилмайди.


25. Ўзбекистон Республикаси ҳудудига бошқа давлатлардан олиб келинган автомототранспорт воситалари билан боғлиқ ишончномалар бериш улар божхона органларида расмийлаштирилгандан ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органларида рўйхатдан ўтказилгандан кейин қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


26. Нотариус кўчмас мулк ва автомототранспорт воситасини тасарруф этиш ҳуқуқи билан ишончномани тасдиқлашда ишончнома матнида Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 23 ва 24-моддалари мазмуни тушунтирилганлиги ҳақида кўрсатиб ўтиши лозим.


27. Ўз ваколатини бошқа шахсга ишониб топшириш тартибида берилган ишончнома матнида асосий ишончнома тасдиқланган сана, жой ва реестр рақами, асосий ишончнома олган, берган ва ваколат ишониб топширилаётган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми ва доимий ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинган манзили, асосий ишончнома билан берилган барча ёки айрим ваколатларини (масалан, автомототранспорт воситасини сотиш, бошқариш, таъмирлаш, ҳайдаб олиб бориш ва ҳ.к.) берилаётганлиги ҳақида аниқ кўрсатилиши керак.

Бошқа шахсга ўтказиш йўли билан берилган ишончноманинг амал қилиш муддати асосий ишончноманинг амал қилиш муддатидан ошмаслиги керак. Бунда ваколат берувчи жисмоний шахсларнинг ўлим ҳақида далолатнома ёзуви қайд этилмаганлиги Тизим орқали "ФҲДЁнинг ягона электрон архиви" ахборот тизимида текширилади ва олинган маълумотнома Тизимда сақланади.

Асосий ишончнома билан берилган барча ваколатларни бошқа шахсга ишониб топшириш тартибида берилган ишончнома тасдиқланганда асосий ишончнома нотариал идорада олиб қолинади ва мазкур ишончнома бўйича ваколатлар бошқа шахсга берилганлиги ҳақида ёзиб қўйилади.

Асосий ишончнома билан берилган айрим ваколатларни бошқа шахсга ишониб топшириш ҳақида ишончнома тасдиқланганда эса асосий ишончномага қандай ваколатлар бошқа шахсга ишониб топширилганлиги ҳақида белги қўйилиб, ундан нусха олинади.


28. Ушбу Регламентда келтирилган тегишли ҳужжатлар ўрганиб чиқилганидан сўнг нотариус, нотариус ёрдамчиси, стажёри ёки нотариал идора котиби томонидан ишончнома лойиҳаси тайёрланади.

Ишончнома лойиҳаси жисмоний ёки юридик шахслар томонидан мустақил тайёрланган ва нотариусга тақдим этилган ҳолларда эса нотариус ишончнома лойиҳасининг қонун ҳужжатларига мувофиқлигини текширади.

Жисмоний ва юридик шахслар томонидан тақдим қилинган ишончномаларнинг лойиҳалари ёки нотариал идорада тузиладиган ишончномаларнинг лойиҳалари қонун ҳужжатларига зид бўлмаслиги лозим.


29. Ишончнома матни аниқ ва равшан ёзилган бўлиши лозим, ҳужжатнинг мазмунига тааллуқли сана ва муддатлар ҳеч бўлмаганда бир марта сўз билан, ҳужжатнинг матнида баҳолар кўрсатилса, рақам ҳамда сўз билан ёзилиши, юридик шахсларнинг номлари эса - уларнинг органлари жойлашган ерларини (почта манзилини) кўрсатган ҳолда қисқартиришларсиз ёзилиши, зарур ҳолларда эса банкдаги ҳисобварақ ва солиқ тўловчининг шахсий идентификация рақами (кейинги ўринларда - СТИР) кўрсатилиши лозим. Фуқароларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, доимий ёки вақтинча рўйхатга олинган манзили тўлиқ кўрсатилган ҳолда ёзилиши, нотариал ҳаракатларни амалга оширишда чет эл фуқаролари қатнашаётган бўлса, уларнинг фуқаролиги, ишончли вакилга берилаётган ваколатлар доираси, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 141 ва 142-моддалари тушунтирилганлиги кўрсатилиши керак.

Бунда ишончноманинг мазмуни Тизимга аниқ ва тўлиқ киритилиши ҳамда ишончнома берувчига тушунтирилиши лозим.


30. Нотариус мулкни ҳадя қилиш шартномасини тасдиқлаш билан боғлиқ ишончномани тасдиқлашда ишончнома матнида ҳадя олувчининг номи ва ҳадя нарсасини кўрсатиши шарт.


31. Ишончнома Тизимга киритилади ҳамда ҳар бир битим алоҳида тартиб рақами билан рўйхатга олинади ва нотариус томонидан тасдиқланадиган ёки бериладиган ҳужжатнинг тасдиқловчи ёзувида кўрсатилади.

Тизимдаги тартиб рақамлари ҳар бир календарь йил бошида биринчи тартиб рақамидан бошланади.


32. Ишончномани расмийлаштиришда Тизимга қуйидаги шахсларнинг жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (кейинги ўринларда - ЖШ ШИР) киритилиши шарт:

Ўзбекистон Республикасининг биометрик паспортга ёки ID-картага эга бўлган фуқаролари;

Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасига ёки ID-картага эга бўлган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар;

ЖШ ШИР мавжуд бўлган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча (доимий) яшаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар;

ЖШ ШИР мавжуд бўлган 16 ёшга тўлмаган фуқаролар.

16 ёшга тўлмаган фуқароларда ЖШ ШИР мавжуд бўлмаганда Тизимга уларнинг туғилганлик ҳақида гувоҳномасининг серияси ва рақами киритилади.

Мазкур банд талаблари қонун ҳужжатларига мувофиқ яшаш гувоҳномасисиз ва доимий рўйхатга олинмаган Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан кўчмас мулк сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлган чет эл фуқароларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Юридик шахснинг СТИРи Тизимга киритилиши шарт.


7-БОБ. ИШОНЧНОМАНИ ТАСДИҚЛАШ УЧУН

ТЎЛОВЛАРНИ АМАЛГА ОШИРИШ ТАРТИБИ


33. Ишончномани тасдиқлашда нотариус томонидан Ўзбекистон Республикаси "Давлат божи тўғрисида"ги Қонуни билан тасдиқланган Давлат божи ставкаларининг миқдорларига асосан давлат божи ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланадиган Нотариуслар томонидан амалга ошириладиган ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар учун ундириладиган тўловлар миқдорлари доирасида ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар амалга оширилганлиги учун ҳақ ундиради.

Ишончнома гербли махсус бланкада чоп этилган ҳолларда қонун ҳужжатларига мувофиқ герб йиғими ундирилади.

Тасдиқланаётган ишончнома, шу жумладан ишончномани тасдиқлаш учун мурожаат қилган шахс тўғрисидаги маълумотлар Тизимга тўлиқ киритилганидан сўнг нотариал ҳаракат учун ундириладиган тўловлар миқдори Тизимда автоматик равишда ҳисобланади.

Тизим орқали тўлов квитанциялари нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун мурожаат қилган шахсга чиқариб берилади ҳамда унинг Тизимга киритилган мобил телефони рақамига тўловларнинг миқдори, нотариал ҳаракатни тасдиқлаш коди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг "ишонч телефони" рақами кўрсатилган SMS хабар йўлланади.

Нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун мурожаат қилган шахснинг мобил телефони мавжуд бўлмаганда, истисно тариқасида, Тизимга у томонидан кўрсатилган, нотариал идорага бирга келган бошқа шахснинг мобил телефони рақамини, агар фақат ўзи келган бўлса, нотариуснинг мобил телефони рақамини киритишга рухсат этилади.

Нотариал ҳаракатлар тўловлар амалга оширилганлиги ҳақидаги маълумотлар Тизимга келиб тушгандан ҳамда нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун мурожаат қилган шахс нотариал ҳаракатни тасдиқлаш кодини нотариусга берганидан сўнг амалга оширилади.

Тўловлар амалга оширилганлиги ҳақидаги маълумот Тизимда сақланади.

Ишончнома давлат божининг имтиёзли тўланишига ҳуқуқ берувчи яқин қариндош бўлган шахслар ўртасида тузилаётган бўлса, уларнинг қариндошлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилади ва уларнинг ксеронусхаси олиб қолинади.



8-БОБ. ИШОНЧНОМАНИ ИМЗОЛАШ ТАРТИБИ


34. Ишончнома лойиҳаси ишончнома берувчига ўқиб танишиб чиқиш учун тақдим этилади.

Агар нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган фуқаро саводсиз, кўзи ожиз бўлса ёки қандайдир сабаблар туфайли кўзи яхши кўра олмаса, шунингдек касаллиги туфайли битимни ўқий олмаса, нотариус унга ҳужжат матнини овоз чиқариб ўқиб беради ва бу ҳақда ҳужжат матнида ва тасдиқловчи ёзувда қайд этади.


35. Ишончноманинг барча нусхаларини ишончнома берувчи (унинг қонуний вакили, васий ёки ҳомийси) фамилияси, исми ва отасининг исмини тўлиқ ёзиб нотариус иштирокида шахсан имзолайдилар.


36. Ишончнома берувчининг (унинг қонуний вакили, васий ёки ҳомийси) камида иккита бармоқлари излари махсус мосламаларда сканер қилинади.

Агар уларнинг жисмоний нуқсони (бармоқларнинг йўқлиги, бармоқ излари йўқолганлиги ва бошқа) сабабли махсус мосламаларда уларнинг бармоқ изларини сканер қилиш имконияти мавжуд бўлмаса нотариал ҳаракатларни имзолаш жараёни мажбурий аудио ва видеоёзув воситаларида қайд этилади.


37. Ишончноманинг барча нусхаларига нотариус тегишли тасдиқловчи ёзувни ёзиб, Тизимга қайд қилинган тартиб рақамини, ундирилган тўловлар (давлат божи, герб йиғими ҳамда ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар амалга оширилганлиги учун ҳақ) миқдорини кўрсатиб имзолайди ва муҳрини қўяди.


38. Ишончнома бир неча алоҳида варақларда баён этилган тақдирда, улар махсус тешик очгич (люверс) ёрдамида тешган ҳолда улар ип ўтказиб тикилади, варақлари эса рақамланади ҳамда нотариал идоранинг муҳри қўйилган ҳолда нотариуснинг имзоси билан тасдиқланади.


39. Тасдиқланган ишончноманинг бир нусхаси ишончнома берувчига берилади, иккинчи нусхаси нотариал идорада қолдирилади.



9-БОБ. ИШОНЧНОМАНИ ЎЗГАРТИРИШ

ВА БЕКОР ҚИЛИШ ТАРТИБИ


40. Ишончнома берувчи томонидан ишончнома бекор қилинган тақдирда ишончнома берган шахснинг бу ҳақдаги аризасидаги имзосининг ҳақиқийлиги нотариал тартибда шаҳодатлантирилади. Бу ҳақда нотариал идорада сақланаётган ишончнома нусхасига (бошқа нотариал идора томонидан бекор қилинган ҳоллар бундан мустасно) белги қўйилади ва Тизимга маълумот киритилади. Аризанинг иккинчи нусхаси ишончли вакилни хабардор қилиш учун ишонч билдирувчига берилади.


41. Ишончномадаги қўшимча ва тузатишлар ишончномани имзолаган шахсларнинг имзосидан олдин изоҳланиши ва тасдиқловчи ёзувнинг охирида нотариуснинг имзосидан олдин такроран изоҳланиши, нотариуснинг имзоси ва муҳри билан тасдиқланиши керак. Тасдиқловчи ёзувдаги тузатишлар нотариуснинг имзосидан олдин изоҳланиши ва имзоси ҳамда муҳри билан тасдиқланиши керак. Бунда, тузатишлар шундай қилиниши керакки, ўчирилган барча сўзларни ва рақамларни бошланғич матнда ўқиш имкони бўлиши лозим.


42. Тасдиқловчи ёзувнинг матни техник воситаларда (компьютерда) ўчирилмасдан аниқ ёзилиши шарт. Очиқ жойларга чизиқ тортиб қўйилиши, ёзувлар ва бошқа тузатишлар ушбу Регламентнинг 41-банди асосида изоҳланиши керак.

Тасдиқловчи ёзувларини амалга ошириш учун тегишли ёзув матни бўлган штамплар ишлатилиши мумкин.

Тасдиқловчи ёзув тегишли ҳужжатга сиғмаган тақдирда, у ҳужжатга бириктириб қўйилган алоҳида қоғоз варағида давом эттирилиши ёки тўла баён этилиши мумкин. Бунда ҳужжат матни баён этилган варақлар ва тасдиқловчи ёзув варақлари махсус тешик очгич (люверс) ёрдамида тешган ҳолда ип ўтказиб тикилади, рақамланади, ҳужжатнинг охирги варағи ёрлиқ билан елимланган ҳолда нотариуснинг имзоси билан тасдиқланиб, муҳр босилади.


43. Нотариус ишончномани ҳақиқий эмас деб топганлиги тўғрисидаги суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори, ажримини олган тақдирда, бу ҳақда ишончноманинг нотариал идора йиғмажилдларида сақланадиган асл нусхасига тегишли ёзув киритади, ўз имзоси ва муҳрини қўяди ва Тизимга маълумот киритади.

Ишончнома бекор қилинган вақтда тўланган давлат божи, герб йиғими ҳамда ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар амалга оширилганлиги учун тўловлар қайтарилмайди.


44. Нотариус йўл қўйган хатоси натижасида ўзи расмийлаштирган битимнинг нотўғрилигини билиб қолган тақдирда, у ана шу битимни белгиланган тартибда бекор қилиш чораларини кўриш учун бу ҳақда прокурорга дарҳол хабар қилишга мажбур. Нотариус прокурорни хабардор қилганлиги тўғрисида шу куннинг ўзида тегишли ҳудудий адлия органларига хабар беради.



10-БОБ. НОТАРИУСЛАР ТОМОНИДАН МАНСАБДОР

ШАХСЛАР ТАСДИҚЛАГАН ИШОНЧНОМАЛАРНИ

ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


45. Қонуннинг 26-моддасида назарда тутилган мансабдор шахслар томонидан тасдиқланган нотариал ҳаракатларни амалга ошириш билан боғлиқ ишончнома ва ишончноманинг амал қилишини тугатиш учун асос бўладиган ҳужжатлар нотариал идорага келиб тушган кундан кечиктирмай нотариус томонидан Тизимга маълумот киритилади.

Нотариус сақлаш учун келиб тушган ишончномани текшириб кўриши ва унинг қонун ҳужжатларига номувофиқлигини аниқлаган тақдирда, бу ҳақда дарҳол ишончнома олувчига ва ишончномани тасдиқлаган мансабдор шахсга маълум қилиши шарт.



11-БОБ. ИШОНЧНОМАНИ ТАСДИҚЛАШНИ

РАД ҚИЛИШ ТАРТИБИ


46. Қонуннинг 38-моддасига асосан нотариус қуйидаги ҳолларда ишончномани тасдиқлашни рад этади, агар:

бундай ишончномани амалга ошириш қонунга зид бўлса;

муомалага лаёқатсиз фуқаро ёхуд зарур ваколатлари бўлмаган вакил ишончномани тасдиқлашни сўраб мурожаат қилган бўлса;

юридик шахс номидан амалга ошириладиган ишончнома унинг уставида ёки низомида кўрсатилган мақсадларга зид бўлса;

ишончнома қонун талабларига мувофиқ бўлмаса;

ишончномани тасдиқлаш учун тақдим этилаётган ҳужжатлар қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлмаса.

Шунингдек, ишончномани тасдиқлаш учун тўловни тўламаслик ишончномани тасдиқлашни рад этиш учун асос ҳисобланади.

Ишончномани тасдиқлаш рад этилган тақдирда нотариус ишончномани тасдиқлашни рад этиш ҳақида мурожаат қилинган кундан бошлаб уч кундан кечиктирмасдан қарор чиқаради.

Нотариус ишончномани тасдиқлаш тўғрисидаги мурожаати рад этилган шахснинг илтимосига биноан рад этиш сабабини ёзма равишда баён этиши ва рад этиш устидан шикоят қилиш тартибини тушунтириб бериши лозим.

Нотариус ишончномани тасдиқлашни рад этганда тўланган давлат божи, герб йиғими ҳамда ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар учун ундирилган тўловлар қайтариб берилади.


12-БОБ. ҲУЖЖАТЛАРНИ НОТАРИАЛ ИДОРАДА

САҚЛАШ ВА НОТАРИАЛ АРХИВГА ТОПШИРИШ


47. Қонуннинг 10-моддасига асосан, нотариал идора нотариал иш юритиш ҳужжатлари ва материалларининг бут сақланишини таъминлаши, ўз нотариал архивини юритиши шарт.

Нотариал иш юритиш ҳужжатлари ва материаллари уч йил ўтгач адлия бошқармалари ҳузуридаги идоравий нотариал архивларга (кейинги ўринларда - нотариал архив) топширилиши керак.

Нотариал расмийлаштирилган битимнинг электрон нусхаси Тизимда сақланади ва электрон архив шакллантириб борилади.


48. Ҳужжатлар йиғмажилдлари нотариал идора архивига топширилишига қадар чангдан, қуёш нури таъсиридан ҳимоялайдиган ва уларнинг яхши сақланишини таъминлайдиган шкафларда туради.

Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш жараёни қайд этилган аудио ва видеоёзув файли нотариал ҳаракатга Тизим томонидан берилган реестр рақами билан номланади ва электрон ахборот ташувчи жисмларда сақланади.

Календарь йил якунида аудио ва видеоёзувлар файллари нусхалари DVD дискларга ёзилади ҳамда нотариал идоранинг темир жавони ёки сейфларида алоҳида сақланади.

Электрон ахборот ташувчи жисмларда ёки DVD дискларда сақланаётган аудио ва видеоёзувлар файллари нотариус ишдан бўшаганда ёки бошқа ишга ўтказилганда текшириб кўрилган ҳолда далолатнома асосида қабул қилиниб, янги тайинланган ёки вазифаси юклатилган нотариусга топширилади.

Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш жараёнини қайд этилган аудио ва видеоёзувлар файллари белгиланган тартибда нотариал ҳаракатлар йиғма жилдлари билан идоравий нотариал архивларга топширилиши керак.


49. Йиғмажилдлардан бирон-бир ҳужжат олиш ва беришга йўл қўйилмайди.


50. Календарь йил тугаши билан масъул шахс йиғмажилдларни нотариал идора архивида сақлаш учун тайёрлайди.

Йиғмажилддаги ҳужжатлар туркумлаштирилади, расмийлаштирилади, тартибга келтирилиб, муқоваланади ва тикилади.

Йиғмажилд охирида алоҳида тоза вараққа тикилган варақлар сони ёзилади. Ушбу вараққа масъул шахс ва нотариуснинг имзолари ҳамда нотариуснинг муҳри қўйилади.

Йиғмажилд муқовасидаги сана ҳужжатлар йиғмажилдини юритиш бошланган ва тугалланган кун, ой ва йилга мувофиқ келиши керак.


51. Нотариал идора ҳужжатлар ва материалларни нотариал архивга топширишидан олдин масъул шахс уларни тайёр ҳолга келтиради.


52. Нотариал идора томонидан ҳужжатлар ва материаллар нотариал архивга топширилаётганда, уларнинг бутлигини кўриб чиқиш адлия бошқармасининг доимий фаолият олиб борувчи эксперт комиссияси томонидан амалга оширилади.


53. Эксперт комиссияси ҳужжатлар ва материалларни кўриб чиқишда архив иши тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилади.


54. Эксперт комиссияси томонидан ҳужжатлар нотариал архивга топширилиши лозим деб топилганда, икки нусхада топшириш-қабул қилиш далолатномаси тузилади.

Далолатномада топширилаётган ҳужжатлар рўйхати тўлиқ кўрсатилиши шарт. Далолатнома эксперт комиссияси аъзолари ва нотариал идорада раҳбарлик қилувчи нотариус томонидан имзоланади ҳамда унга нотариуснинг гербли муҳри қўйилади.


55. Ишончномалар билан боғлиқ ҳужжатлар йиғмажилдлари улар тасдиқланган вақтдан бошлаб нотариал архивда 5 йил мобайнида сақланади.



13-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


56. Мурожаат қилувчи нотариал хизматдан фойдаланишдан уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Мурожаат қилувчи нотариал хизматдан фойдаланишдан бош тортганда унинг мурожаати кўрмасдан қолдирилади. Бунда, битимни тасдиқлаш учун тўланган тўловлар қайтарилади.


57. Нотариус ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган мурожаат қилувчилар ҳақидаги маълумотларнинг сир сақланишини таъминлаши керак.


58. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳамда Нотариал палата ва унинг ҳудудий бошқармалари ушбу Регламент талаблари ижроси бўйича нотариал фаолият устидан доимий назоратни ва мониторингни амалга оширадилар.


59. Мурожаат қилувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.


60. Мазкур Регламент талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.






Маъмурий регламентга

ИЛОВА



Ишончномаларни тасдиқлаш бўйича

давлат хизматини кўрсатиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Бажариш муддатлари



1-босқич

Жисмоний ёки юридик шахс


1. Ишончномаларни тасдиқлаш учун нотариал идорага ўзи келиб ёки электрон тизим (ЯИДХП ёки Е-notarius.uz ахборот портали) орқали мурожаат қилиш.



1. Хоҳишига кўра.


2. Мазкур Регламентда келтирилган тегишли ҳужжатларни нотариусга тақдим қилиш.



2. Мурожаат қилинганда.







2-босқич

Нотариус


1. Мурожаат қилувчини қабул қилиш, унинг шахсини, муомала ва ҳуқуқ лаёқатини аниқлаш, тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиб чиқиш.



1. Мурожаат қилувчи нотариал идорага келганда.


2. Ишончнома предметига нисбатан тақиқ ёки хатлов мавжуд эмаслигини аниқлаш.


2. Автоматик тарзда.







3-босқич

Нотариус


1. Ишончнома лойиҳасини тайёрлаш ва лойиҳани ишончнома берувчига ўқиб бериш ҳамда ишончнома мазмунини тушунтириш.


2. Ишончнома ва ишончнома берувчи ҳақидаги маълумотларни Тизимга киритиш.


Ҳужжатлар тўлиқ ўрганиб чиқилганда 30 дақиқа ичида









4-босқич

Жисмоний ёки юридик шахс


Нотариал ҳаракат учун давлат божи, герб йиғими ҳамда ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар учун тўловларни амалга ошириш.


Тўлов амалга оширилган вақтда









5-босқич

Нотариус


Тўлов миқдори ва тасдиқлаш коди киритилган "SMS" хабарнома юбориш ва хабарномада келтирилган тасдиқлаш кодини Тизимга киритиш.



Тўлов амалга оширилган вақтда









6-босқич

Нотариус


Ишончномаларни нотариал тасдиқлаш.


1-5-босқичлар тўлиқ амалга оширилганда 15 дақиқа ичида



               

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 19 ноябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 23 ноябрь, 46-сон, 515-модда





































Время: 0.1899
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск