ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Маҳаллий давлат ҳокимият органлари / Хокимиятлардаги комиссиялар ва органлар /

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги Миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш бўйича жамоатчилик кенгашлари тўғрисида Намунавий низом (ЎзР ВМ 17.11.2020 й. 723-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 17 ноябрдаги

723-сон қарорига

1-ИЛОВА



Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши,

вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги

Миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни

таъминлаш бўйича жамоатчилик кенгашлари тўғрисида

НАМУНАВИЙ НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Намунавий низом Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги Миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш бўйича жамоатчилик кенгашларининг (кейинги ўринларда - Жамоатчилик кенгаш) асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Жамоатчилик кенгашлари ўз фаолиятини мустақил амалга оширувчи маслаҳат органи ҳисобланади.

Жамоатчилик кенгашлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида тузилади ҳамда унинг фаолияти белгиланган ҳудудга нисбатан татбиқ этилади.



2-БОБ. ЖАМОАТЧИЛИК КЕНГАШИНИНГ

АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ, ФУНКЦИЯЛАРИ,

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


3. Қуйидагилар Жамоатчилик кенгашининг асосий вазифалари ҳисобланади:

турли миллат вакиллари яшаётган ҳудудлар аҳолисининг маиший ва ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳар чоракда муҳокама қилиш ва ҳамкорликда ҳал этишни ташкил қилиш ҳамда мониторингини олиб бориш;

жамиятда юзага келиши мумкин бўлган миллатлараро ихтилофлар ва можароларнинг барвақт олдини олиш ва профилактика чора-тадбирларини амалга оширишга кўмаклашиш;

миллатлараро муносабатлар соҳасида давлат органлари билан фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ва ижтимоий шериклик механизмларини такомиллаштириш бўйича таклифлар бериш;

миллатлараро муносабатлар соҳасида давлат сиёсати амалга оширилиши учун масъул бўлган давлат органлари фаолияти бўйича жамоатчилик назоратини кучайтириш;

миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан самарали ҳамкорлигини ташкил этиш учун фуқаролар билан боғлаб турадиган “кўприк” ролини бажариш;

турли миллат ва элатга мансуб фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи энг муҳим масалалар юзасидан давлат органларининг фаолияти ҳақидаги жамоатчилик фикрини тизимли мониторинг қилишда ва ҳар томонлама таҳлил қилишда, ижтимоий сўровлар ўтказишда, жумладан, уларни ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўтказишда иштирок этиш;

этномаданий инфратузилмани, жумладан, миллий маданий марказларнинг, шунингдек, фаолияти миллатлараро муносабатлар соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш доирасидаги вазифаларни ҳал этишга йўналтирилган давлат муассасаларининг этномаданий инфратузилмасини ривожлантиришга кўмаклашиш;

Ўзбекистондаги миллат ва элатларнинг ўзига хос хусусиятларини сақлаб қолиш мақсадида Ўзбекистоннинг туристик маҳсулотларини оммалаштириш, шу жумладан жойларда этнотуризмни ривожлантириш ишларида ҳамкорлик қилиш;

фуқароларнинг она тилида таълим олиш имкониятини таъминлаш даражасини ошириш бўйича таклифлар бериш;

миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни таъминлашга доир қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, қарорларда, шунингдек, давлат, тармоқ ва ҳудудий ривожлантириш дастурларида жамоатчилик фикри ҳисобга олинишини назорат қилиш;

миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан белгиланган ҳудудда соғлом маънавий-руҳий ҳолатни, қонунийлик, юқори ҳуқуқий маданият ва одоб-ахлоқни таъминлаш борасида таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш;

миллатлараро муносабатлар соҳасида олиб борилаётган давлат сиёсатининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг кўламда тушунтириш мақсадида давлат органлари раҳбарларининг, фуқаролик жамияти институтлари мутахассислари, экспертлари ҳамда вакилларининг оммавий ахборот воситаларидаги чиқишларини, учрашувлар, тақдимотлар, давра суҳбатлари ҳамда бошқа тадбирларни ташкил этиш;

Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясининг ижросини таъминлаш юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар мониторингини олиб бориш.


4. Жамоатчилик кенгаши ўзининг асосий вазифаларига мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни таъминлашга оид ташаббус ва мурожаатларини кўриб чиқишда иштирок этади, уларни кўриб чиқиш натижалари бўйича Вазирлар Маҳкамасига тегишли таклифлар тайёрлайди;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни таъминлашнинг самарали шакл ва усуллардаги ўзаро ҳамкорлигини таҳлил қилади, шунингдек, уларни такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқади;

миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни таъминлашга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, шунингдек, давлат органларининг ички идоравий ҳужжатларини такомиллаштириш, улардаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқади ҳамда ушбу таклифларни Жамоатчилик кенгаши аъзолари ўртасида муҳокама қилиш тадбирларини ташкил қилишда иштирок этади;

жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, дўстлик муҳитини ва кўп миллатли катта ягона оила туйғусини мустаҳкамлаш, ёшларда Ватанга садоқат ва қонунларга ҳурмат руҳини кучайтириш, уларни ижтимоий, сиёсий, психологик ва маънавий-маърифий жиҳатдан юксалтириш бўйича таклифлар тайёрлайди, ушбу соҳада маънавий-маърифий ва маданий тадбирларни ташкил этишда иштирок этади, шунингдек, бу борадаги илмий-маърифий ва ўқув адабиётларини такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқади;

миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш бўйича белгиланган ҳудудда амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар ҳақида мунтазам равишда маълумот беради ҳамда мавжуд муаммоларни ҳал қилиш, камчиликларни бартараф қилиш ҳақида таклифлар ишлаб чиқади;

миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишга бағишланган илмий-назарий ва илмий-амалий анжуманлар, семинарлар, давра суҳбатларини ташкил қилишда иштирок этади;

Жамоатчилик кенгаши фаолиятини расмий веб-сайтларда ҳамда оммавий ахборот воситаларида ёритиш бўйича амалга оширилаётган ишлар натижаларини таҳлил қилади, уларнинг самарадорлигини ошириш ва мавжуд камчиликларни бартараф этишга доир таклифлар тайёрлайди;

ўз вазифаларини амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, шунингдек, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ҳамда фуқаролар билан ҳамкорлик қилади.


5. Жамоатчилик кенгаши ўзининг асосий вазифалари ва функцияларини бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз ваколатлари доирасида давлат органларидан керакли ҳужжатларни, статистик ва таҳлилий маълумотларни сўраб олиш ва қабул қилиш;

Жамоатчилик кенгаши ваколатига тегишли масалаларни ҳал қилиш учун Жамоатчилик кенгаши аъзоларидан иборат жамоатчилик комиссияларини ташкил этиш;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари билан келишган ҳолда миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни таъминлашга бағишлаб ўтказиладиган йиғилишлар ва бошқа тадбирларда иштирок этиш;

турли миллат вакиллари ҳамда улар оила аъзоларининг конституциявий ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таҳлилий ўрганиш;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига Жамоатчилик кенгаши ваколатига тегишли масалалар бўйича таклифлар киритиш;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда Жамоатчилик кенгаши томонидан ташкил этиладиган тадбирларга давлат, жамоат, маданият ва санъат арбоблари, олимлар, мутахассислар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини жалб қилиш, шунингдек, улар билан ҳамкорликда тадбирлар ташкил қилиш;

Жамоатчилик кенгашининг фаолияти ҳақида оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш.

Жамоатчилик кенгаши қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


6. Жамоатчилик кенгаши ўз фаолиятини амалга оширишда қуйидаги мажбуриятларга эга:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, вазирликлар ва идоралар томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, мазкур Низомга ва бошқа Қонун ҳужжатларига риоя қилиши;

давлат органи ва унинг мансабдор шахсларининг ўз ваколатлари доирасида амалга оширадиган фаолиятига аралашмаслиги;

давлат органи ва унинг мансабдор шахслари фаолият кўрсатиши учун тўсқинлик қилмаслиги;

фуқароларнинг ор-номуси ва қадр-қимматини таҳқирлашга, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўймаслиги;

жамоатчилик назоратини амалга ошириш давомида олинган ахборотнинг, агар бундай ахборотни тарқатиш қонун билан чекланган бўлса, махфийлигига риоя қилиши шарт.

Жамоатчилик кенгашига қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.



3-БОБ. ЖАМОАТЧИЛИК КЕНГАШИНИНГ ТАРКИБИ


7. Жамоатчилик кенгашининг таркибига унинг раиси, масъул котиб ва аъзолари киради. Жамоатчилик кенгаши ўз фаолиятини жамоатчилик асосида олиб боради.


8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ёки уларни вазифасини бажарувчи шахс Жамоатчилик кенгашининг раиси ҳисобланади.

Жамоатчилик кенгашининг намунавий таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Жамоатчилик кенгашининг аъзоси бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг ўрнига ушбу лавозимга янги тайинланган ёки унинг вазифасини бажариш зиммасига юкланган шахс киритилади.

Миллий маданий марказлар ҳамда дўстлик жамиятлари фахрийлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг бошқа фуқаролари Жамоатчилик кенгашининг таркибига киритилиши мумкин.


9. Қуйидаги ҳолатларда Жамоатчилик кенгашининг раиси, масъул котиби ва аъзолари унинг таркибидан чиқарилиши мумкин:

Жамоатчилик кенгашининг мажлисларида мунтазам равишда иштирок этмаганда, мазкур Низомда назарда тутилган мажбуриятларни бажармаганда;

уларга нисбатан чиқарилган суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганда;

вафот этганда, шунингдек, суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори асосида улар муомалага лаёқатсиз, бедарак йўқолган ёки вафот этган деб топилганда.


10. Жамоатчилик кенгашининг таркиби тўғрисидаги маълумотлар ва унга киритилган ўзгартиришлар улар тасдиқланган пайтдан бошлаб 5 кун ичида Жамоатчилик кенгашининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.


11. Жамоатчилик кенгашининг раиси Жамоатчилик кенгаши фаолиятига умумий раҳбарлик қилади ҳамда қуйидаги ваколатларни амалга оширади:

Жамоатчилик кенгашининг шахсий таркибини тасдиқлаш;

Жамоатчилик кенгаши мажлисини чақириш, кун тартибини ва мажлисни олиб бориш тартибини белгилаш;

Жамоатчилик кенгаши мажлисига раислик қилиш;

Жамоатчилик кенгашининг иш режаси, Жамоатчилик кенгаши мажлисининг баённомаси ва Жамоатчилик кенгашининг иш юритувига оид бошқа ҳужжатларини тасдиқлаш;

Жамоатчилик кенгаши қарорларининг бажарилишини назорат қилиш;

Жамоатчилик кенгаши аъзоларининг зиммасига юклатилган топшириқлар бажарилишини ва фаолиятини мувофиқлаштириш;

Вазирлар Маҳкамасига Жамоатчилик кенгашига кирувчи шахсларни унинг таркибидан чиқариш бўйича таклифлар киритиш;

Жамоатчилик кенгаши аъзоларининг унинг фаолиятида иштирок этиш тартибини белгилаш;

Жамоатчилик кенгаши йиғилишларини ўтказиш муддатлари ва тартибини аниқлаш;

Жамоатчилик кенгаши доимий ишчи органининг иш тартибини белгилаш;

Жамоатчилик кенгаши аъзоларининг ваколатларини тўхтатиш бўйича таклифлар киритиш;

Жамоатчилик кенгашида тадбирларга тайёргарлик кўриш ва тадбирларни ўтказиш тартибини белгилаш;

Жамоатчилик кенгашининг самарали ишини таъминлаш бўйича бошқа ваколатларни амалга ошириш.


12. Жамоатчилик кенгашининг масъул котиби:

Жамоатчилик кенгашининг мажлисига керакли ҳужжатлар ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди;

Жамоатчилик кенгаши мажлисининг кун тартиби бўйича ўтишини ташкил этади;

Жамоатчилик кенгашининг раиси билан мажлисни ўтказиш муддати, жойи ҳамда таклиф қилинувчилар ҳақида келишади;

Жамоатчилик кенгаши аъзолари ва таклиф қилинган шахсларни мажлисни ўтказиш жойи, санаси ва вақти ҳақида хабардор қилади;

Жамоатчилик кенгаши қарорларининг бажарилиши мониторингини олиб боради ва унинг натижаларини Жамоатчилик кенгаши мажлисида кўриб чиқиш бўйича таклиф киритади;

Жамоатчилик кенгаши баённомасини расмийлаштиради ҳамда тасдиқланган баённомани Жамоатчилик кенгаши аъзоларига ва бошқа манфаатдор шахсларга юборилишини таъминлайди;

Жамоатчилик кенгашининг расмий веб-сайтида ва бошқа ресурсларда жойлаштириладиган Жамоатчилик кенгашининг фаолияти тўғрисидаги маълумотлар таркиби бўйича таклифлар киритади ва уни раис билан келишади;

Жамоатчилик кенгаши қарорларини бажариш масалалари юзасидан давлат органлари раҳбарлари билан ҳамкорлик қилади;

фуқароларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилади ҳамда ариза, таклиф ва шикоятларни кўриб чиқиш ишларини ташкил этади;

қонун ҳужжатлари ва Жамоатчилик кенгаши қарорларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


13. Жамоатчилик кенгашининг аъзолари:

Жамоатчилик кенгаши мажлисларида кўриладиган масалаларни ҳал қилиш ва муҳокама қилишда ўз ваколатларини бошқага бериш ҳуқуқисиз қатнашадилар. Жамоатчилик кенгаши аъзолари айрим ҳолларда унинг мажлисларида қатнаша олмаган тақдирда, ўз фикрларини ёзма тарзда Жамоатчилик кенгаши масъул котибига тақдим этишлари мумкин ва кўрсатиб ўтилган фикрлар мажлисда кўриб чиқилади ва овоз беришда ҳисобга олинади;

миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш борасидаги фаолиятни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва давлат органлари ички идоравий ҳужжатларини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқадилар;

Жамоатчилик кенгашининг кун тартибига киритилган масалалар юзасидан таҳлилий материаллар тайёрлайдилар;

Жамоатчилик кенгашининг ваколатига кирадиган масалалар билан боғлиқ мурожаатларни кўриб чиқадилар ва натижалари бўйича тегишли ҳужжатларни тайёрлайдилар;

турли миллат вакиллари ва уларнинг оила аъзоларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича Жамоатчилик кенгашига таклифлар киритадилар.



4-БОБ. ЖАМОАТЧИЛИК КЕНГАШИНИНГ ИШЧИ ОРГАНИ


14. Жамоатчилик кенгашининг ишчи органи таркиби Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосарлари котибияти ҳамда Жамоатчилик кенгашининг аъзоларидан шакллантирилади.


15. Жамоатчилик кенгашининг ишчи органи:

Жамоатчилик кенгаши фаолиятининг методик, ташкилий-ҳуқуқий, ташкилий-техник таъминот масалаларини ҳал қилади;

Жамоатчилик кенгашининг иш режалари лойиҳаларини тайёрлайди, Жамоатчилик кенгашига кўриб чиқиш учун киритади ва тасдиқланган иш режасининг бажарилишини таъминлайди;

Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги мажлисига барча зарур ҳужжатларни тайёрлайди, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ходимларидан керакли ҳужжатлар ва маълумотларни сўраб олади;

Жамоатчилик кенгаши мажлисининг кун тартибидаги масалалар бўйича таҳлилий материаллар тайёрлайди;

Жамоатчилик кенгаши ваколатларига кирувчи мурожаатларни кўриб чиқади ва тегишли ҳужжатларни тайёрлайди;

Жамоатчилик кенгаши томонидан берилган бошқа вазифаларни амалга оширади.



5-БОБ. ЖАМОАТЧИЛИК КЕНГАШИ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ


16. Жамоатчилик кенгаши ўзининг ваколатларига киритилган масалалар юзасидан, шунингдек, унинг ички фаолиятини ташкил этиш масалалари юзасидан қарорлар қабул қилади.

Жамоатчилик кенгаши фаолиятининг асосий масалалари Жамоатчилик кенгаши мажлисларида кўриб чиқилади. Жамоатчилик кенгаши мажлиси Жамоатчилик кенгашининг иш режаси асосида камида ҳар чоракда бир маротаба чақирилади.

Жамоатчилик кенгашининг раиси Жамоатчилик кенгаши аъзоларининг камида учдан бир қисмининг ёзма мурожаати асосида навбатдан ташқари мажлис чақириши мумкин.


17. Жамоатчилик кенгаши мажлисларига миллий маданий марказлар, дўстлик жамиятлари, давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари таклиф қилиниши шарт.

Жамоатчилик кенгаши мажлисига таклиф қилинувчи шахслар рўйхати Жамоатчилик кенгаши раиси билан келишган ҳолда, Жамоатчилик кенгаши масъул котиби томонидан шакллантирилади.


18. Жамоатчилик кенгаши мажлисининг кун тартиби лойиҳаси Жамоатчилик кенгаши аъзоларининг таклифлари ва Жамоатчилик кенгаши раиси топшириғи асосида унинг масъул котиби томонидан шакллантирилади.


19. Жамоатчилик кенгаши мажлислари унинг раиси томонидан олиб борилади.

Жамоатчилик кенгаши мажлисларида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ўринбосарлари ёки бошқа ходимлар иштирок этиши мумкин.


20. Жамоатчилик кенгаши мажлиси, агар унда Жамоатчилик кенгаши аъзоларининг камида учдан икки қисми (кворум) иштирок этган тақдирда, ваколатли ҳисобланади.

Мажлисни ўтказиш учун кворум шаклланмаган тақдирда, Жамоатчилик кенгашининг янги мажлиси ўтказиладиган сана эълон қилинади.

Жамоатчилик кенгашининг аъзолари ўз мажлисларида кўриб чиқиладиган масалаларни муҳокама қилиш ва ҳал қилишда ўз ваколатини бошқаларга ўтказиш ҳуқуқига эга эмас.


21. Жамоатчилик кенгашининг қарори унинг мажлисида қатнашаётган аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Агар овозлар тенг келиб қолса, Жамоатчилик кенгаши раисининг овози ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.


22. Жамоатчилик кенгаши қарор қабул қилишда масалаларни эркин муҳокама қилиш, овоз бериш, жамоатчилик фикрини инобатга олиш, тенглик ва коллегиалликка асосланади.


23. Жамоатчилик кенгашининг ҳар бир аъзоси қабул қилинган қарорга ўзининг фикрларини ёзма тарзда билдириш ҳуқуқига эга. Бунда фикрлар Жамоатчилик кенгаши мажлиси баённомасига киритиб қўйилади.


24. Жамоатчилик кенгашининг қарори қабул қилинган кундан бошлаб уч иш кунидан кечикмасдан тегишли давлат органларига юборилади.

Жамоатчилик кенгашининг қарори тавсиявий хусусиятга эгадир. Агар қарор давлат органлари томонидан маъқулланмаса, улар қарор қабул қилинган кундан бошлаб ўн кундан кечикмасдан Жамоатчилик кенгашига асослантирилган жавобини тақдим қилади.


25. Тезкор қарор қабул қилиш зарурати юзага келганда, Жамоатчилик кенгашининг қарори Жамоатчилик кенгаши раиси ташаббуси билан унинг аъзолари билан маслаҳатлашилган ҳолда сўров йўли билан қабул қилиниши мумкин.


26. Жамоатчилик кенгаши мажлисида қабул қилинган қарор мажлис баённомаси билан расмийлаштирилади. Баённома Жамоатчилик кенгаши котиби томонидан имзоланади, мажлисга раислик қилувчи томонидан тасдиқланади ҳамда уч кунлик муддатда Жамоатчилик кенгаши аъзоларига ва бошқа манфаатдор шахсларга юборилади.


27. Жамоатчилик кенгашининг ишчи органи ва масъул котиби Жамоатчилик кенгаши аъзолари билан биргаликда Жамоатчилик кенгаши қарорларини ижро этиш йўлларини тизимли ўрганади ва кўриб чиқади, зарур ҳолларда, Жамоатчилик кенгаши раисига таклифлар киритади.


28. Ишчи орган Жамоатчилик кенгаши қарорларини ижро этиш натижалари ҳақида ҳар ойда Жамоатчилик кенгаши раисига маълумот тақдим этади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


29. Жамоатчилик кенгашининг моддий-техник таъминоти Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.


30. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги Миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш бўйича жамоатчилик кенгашлари ўз ваколатига кирувчи масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши билан ҳамкорлик қилади.


31. Жамоатчилик кенгашининг қарорлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги Миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш бўйича жамоатчилик кенгашларининг фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ қарорлари юзасидан белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 18 ноябрь







































Время: 0.0057
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск