ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси / Гидрометеорология /

2020-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси гидрометеорология хизматини ривожлантириш Концепцияси (ЎзР Президентининг 17.11.2020 й. ПҚ-4896-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2020 йил 17 ноябрдаги

ПҚ-4896-сон қарорига

1-ИЛОВА



2020-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси

гидрометеорология хизматини ривожлантириш

КОНЦЕПЦИЯСИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. 2020-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси гидрометеорология хизматини ривожлантириш Концепцияси (кейинги ўринларда - Концепция) 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш ва гидрометеорологик фаолиятни такомиллаштиришнинг концептуал ёндашувини белгилаш мақсадларида ишлаб чиқилди.


2. Концепция гидрометеорология фаолиятини такомиллаштиришнинг мақсади, вазифалари ва асосий йўналишларини, фан ва техника ютуқлари, инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологиялар асосидаги устувор тадбирларни белгилайди.



2-БОБ. ГИДРОМЕТЕОРОЛОГИЯ ХИЗМАТИНИ

РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ МАҚСАД

ВА ВАЗИФАЛАРИ


3. Концепциянинг асосий мақсади миллий гидрометеорология хизмати вазифаларини жаҳон стандартлари даражасида бажарилишини таъминловчи юқори самарали инновацион хизматга айлантиришдан иборат.


4. Гидрометеорология хизматини ривожлантириш вазифалари қуйидагилардан иборат:

гидрометеорология фаолиятини амалга ошириш, шу жумладан кузатиш тизимларининг фаолият кўрсатиши, маълумотларни тақдим этиш шакли, мазмуни ва муддатларини шакллантириш талабларини белгилаш соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш;

кузатув тармоғи зичлигини ошириш ҳамда ўлчов воситалари ва замонавий усулларини татбиқ этиш орқали кузатув тармоғини ривожлантириш ва модернизациялаш;

гидрометеорология ва атроф табиий муҳит ифлосланиши мониторинги соҳасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш орқали кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш;

гидрометеорология хизмати соҳасидаги илмий тадқиқотлар натижаларини ишлаб чиқариш фаолиятига татбиқ этиш;

маълумотларни тўплаш, ишлов бериш ва тақдим этишнинг замонавий воситалари ва технологияларидан фойдаланган ҳолда кузатув тармоғидан олинадиган ахборот ресурслари интеграциясини таъминлаш;

гидрометеорология ва иқлим ўзгариши соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш;

иқлимга боғлиқ табиий офатлар, иқлим ўзгаришига мослашиш ва унинг салбий оқибатларини юмшатиш чоралари тўғрисида аҳоли хабардорлигини ошириш.



3-БОБ. ГИДРОМЕТЕОРОЛОГИЯ ХИЗМАТИНИ

РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ АСОСИЙ

ЙЎНАЛИШЛАРИ


5. Концепция қуйидаги устувор йўналишларни назарда тутади:

гидрометеорология фаолиятини тартибга солишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш;

гидрометеорология хизмати инфратузилмасини модернизациялаш;

гидрометеорология ва иқлимшунослик соҳасида хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш;

гидрометеорология хизматининг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш;

гидрометеорология ва иқлим ўзгариши соҳасида илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш;

гидрометеорология ва иқлим ўзгариши соҳасида минтақавий ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш;

гидрометеорология фаолиятини кенг тарғиб қилиш ва аҳоли хабардорлигини ошириш.


6. Гидрометеорология фаолиятини тартибга солишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш доирасида қуйидагилар белгиланади:

гидрометеорология фаолиятини амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган "Гидрометеорология фаолияти тўғрисида"ги ва "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган гидрометеоролог" унвонини таъсис этиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунларини қабул қилиш;

гидрометеорология фаолиятининг турли хил шаклларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий базани қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш;

гидрометеорология соҳасидаги давлат стандартлари ва техник регламентларни қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш;

гидрометеорология соҳасидаги халқаро ва давлатлараро стандартларни татбиқ этиш ва уйғунлаштириш.


7. Гидрометеорология хизмати инфратузилмасини модернизациялаш доирасида қуйидагилар назарда тутилади:

илғор информацион технологиялар, замонавий кузатув воситалари, таҳлилий асбоб-ускуналар, қурилмалар ва барқарор алоқа тизимларини жорий этиш орқали кузатув тармоғини техник қайта жиҳозлаш, жумладан гидрометеорология хизмати марказининг гидрометеорологик станциялари ва постлари сонини амалдаги 335 тадан 397 тагача орттириш, автоматлаштирилган метеорологик станциялар улушини 14 фоиздан 100 фоизга, қор кўчки станциялар ва агрометеорологик постлар улушини 100 фоизга етказиш;

ер усти кузатувлари маълумотларини комплекс таҳлил қилиш, масофадан зондлаш ва замонавий математик моделлаштириш усуллари асосида барча фаолият турлари, шу жумладан метеорология, агрометеорология, гидрология ва атроф табиий муҳит ифлосланиши мониторинги бўйича тезкор мониторинг интеллектуал тизимини яратиш;

атмосферани масофадан ва радиолокацион зондлаш замонавий воситаларини, жумладан қўшимча 4 та метеорологик локаторларни ўрнатиш, иқтисодиётнинг об-ҳавога боғлиқ тармоқлари фаолияти ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида уларни Ўзбекистон Республикасининг ҳудудини тўлиқ қамраб олувчи ер усти метеорологик радиолокаторлар ягона тармоғига бирлаштириш;

турли муддатли гидрометеорологик прогнозлашнинг инновацион услубларини жорий этиш, турли барвақтликдаги об-ҳаво прогнозларининг ишончлилигини ошириш, жумладан суткалик 92 фоиздан 95 фоизга, 2-3 суткалик 90 фоиздан 92 фоизга, 4-5 суткалик 88 фоиздан 90 фоизга ошириш;

сунъий йўлдош маълумотлари ҳамда масофавий зондлаш орқали олинган маълумотлар асосида хавфли гидрометеорологик ҳодисалар тўғрисида эрта огоҳлантириш тизимини такомиллаштириш;

гидрометеорологик маълумотлар тақдим этиш сифатини тубдан яхшилаш, гидрометеорология хизмати тизимида ахборот технологиялари ва замонавий дастурий маҳсулотларни кенг жорий этиш;

гидрометеорологик ахборотлар ва атроф табиий муҳит ифлосланиши ҳолати тўғрисида маълумотлар ягона электрон фондини шакллантириш;

гидрометеорология хизмати ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларини рақамли иқтисодиётга интеграциялаш, давлат органлари билан самарали ахборот ҳамкорлигини ташкил этиш;

атроф табиий муҳит ифлосланиши мониторинги ахборот тизимини такомиллаштириш ва атроф табиий муҳит ифлосланиши ҳақидаги маълумотларни ўз вақтида тақдим этиш мақсадида атроф табиий муҳит ифлосланиши мониторингининг янги усулларини ривожлантириш ва татбиқ этиш, замонавий автоматик ўлчов воситаларини ўрнатиш;

гидрометеорология хизмати рақамли ва телекоммуникация инфратузилмасининг технологик ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирларини амалга ошириш.


8. Гидрометеорология ва иқлимшунослик соҳасида хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш доирасида қуйидагилар назарда тутилади:

иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолининг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ахборот маҳсулотларини тайёрлаш ҳамда миллий гидрометеорология хизмати фаолиятига гидрометеорологик ва иқлимий хизмат кўрсатишнинг халқаро моделларини интеграциялаш, шунингдек, турли гидрометеорологик маълумотлар кўрсаткичлари/мезонларни яхшилаш;

авиаметеорология бўлинмаларида Жаҳон метеорология ташкилоти ва Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти стандартлари асосида сифат менежменти тизимини такомиллаштириш;

иқлимнинг эҳтимолий ўзгаришлари, уларга мослашиш ва салбий оқибатларини юмшатиш тўғрисида ахборот маҳсулотларини яратиш орқали иқлимий хизмат кўрсатишни ривожлантириш;

хавфларни олдиндан аниқлаш ва давлат органлари, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолини аввалдан хабардор қилишни таъминлайдиган хавфли гидрометеорологик ҳодисалар тўғрисида барвақт огоҳлантириш тизимларини ривожлантириш, шунингдек, шторм огоҳлантиришларнинг оқланиш даражасини 92 фоиздан 95 фоизга етказиш;

туризм соҳаси самарадорлигини ошириш мақсадида ихтисослаштирилган гидрометеорологик хизмат кўрсатиш, жумладан биоиқлимий шароитларни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон туристик салоҳияти картографик модели ва унинг мобил иловасини яратиш.


9. Гидрометеорология хизматининг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш доирасида қуйидагилар назарда тутилади:

илғор технологиялар, малакавий ва касбий тайёргарликка қўйиладиган талабларни эътиборга олган ҳолда кадрлар сиёсати тизимини, жумладан кадрларни танлаш механизми, иш жараёнини ташкил этишни такомиллаштириш;

"Гидрометеорология" йўналиши бўйича базавий олий таълим олиш имкониятини кенгайтириш;

гидрометеорология хизмати ишлаб чиқариш бўлинмалари ходимларининг мақсадли сиртқи таълим олишини ташкил этиш;

Тошкент гидрометеорология коллежи негизида ўрта махсус маълумотли кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш;

гидрометеорология хизмати тизимидаги олий маълумотли мутахассислар улушини 23 фоиздан 35 фоизга етказиш;

юқори малакали маҳаллий ва хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда гидрометеорология хизмати ҳамда бошқа ташкилотлар ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини ташкил этиш, масофавий таълим олиш технологияларини жорий этиш;

гидрометеорология, иқлим ўзгариши ва мослашиш, атроф табиий муҳит ифлосланиши мониторинги ва рақамли технологиялар соҳасида илғор хорижий тажрибани ўрганиш бўйича стажировкалар ва семинарлар ташкил этиш ҳамда ўтказиш.


10. Гидрометеорология ва иқлим ўзгариши соҳасида илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш доирасида қуйидагилар назарда тутилади:

илмий-тадқиқот ишларини уларнинг натижаларини ишлаб чиқариш фаолиятига амалий ва мақсадли жорий этилишини ҳисобга олиб амалга ошириш;

гидрометеорология соҳасида фундаментал ва амалий илмий тадқиқотларни ривожлантириш;

кузатувлар ва гидрометеорологик маълумотларга ишлов бериш, хавфли гидрометеорологик ҳодисалар хавфи ва минтақавий иқлимнинг эҳтимолий ўзгаришларини баҳолаш услубларини такомиллаштириш бўйича инновацион илмий тадқиқот лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти илмий лабораториялари ва ноёб объектларини замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш орқали босқичма-босқич модернизациялаш;

кузатувлар, гидрометеорологик маълумотларга ишлов бериш, шунингдек, хавфли гидрометеорологик ҳодисаларни прогнозлашнинг илмий услубларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш;

минтақавий иқлимнинг эҳтимолий ўзгаришлари, уларнинг оқибатларини прогнозлаш, асосий эътиборни қишлоқ хўжалиги ва сув ресурсларига қаратган ҳолда, иқтисодиёт тармоқларининг заифлигини баҳолаш услубларини ишлаб чиқиш;

гидрометеорологик, агрометеорологик кузатувлар ва атроф табиий муҳит ифлосланиши мониторинги пунктларининг мақбул жойлашувини белгиловчи ер усти кузатув пунктлари тармоғини ривожлантириш бўйича илмий тадқиқотлар ўтказиш;

халқаро тажриба ва инновацион ютуқлардан фойдаланган ҳолда илмий тадқиқот услубларини такомиллаштириш;

Гидрометеорология илмий-тадқиқот институтидаги илмий даражага эга илмий ходимлар улушини 47 фоиздан 65 фоизга етказиш.


11. Гидрометеорология ва иқлим ўзгариши соҳасида минтақавий ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш доирасида қуйидагилар назарда тутилади:

тегишли халқаро мажбуриятлар, хусусан Жаҳон метеорология ташкилоти Конвенцияси, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли Конвенцияси, Киото протоколи ва Париж битими, ЮНЕСКО Халқаро гидрология дастури, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Гидрометеорология бўйича давлатлараро кенгаши доирасидаги мажбуриятларни бажариш;

етакчи хорижий метеорология ва гидрология хизматлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш;

ягона халқаро ва минтақавий гидрометеорологик кузатувлар ҳамда маълумот алмашиш тизимини шакллантириш ва ривожлантиришда иштирок этиш;

гидрометеорология, иқлим ўзгариши, атроф табиий муҳит мониторинги, илғор технологиялар билан алмашиш соҳасида халқаро ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этиш;

трансчегаравий ҳудудларда гидрометеорологик кузатув маълумотлари билан алмашиш соҳасида минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш;

гидрометеорология ва иқлим ўзгариши соҳасидаги техник кўмак лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш учун ҳамкорликни кенгайтириш, халқаро молиявий институтлар ва иқлимий молиялаштириш жамғармалари маблағларини жалб қилиш;

гидрометеорология ва атроф табиий муҳит ифлосланиши мониторинги соҳасида хорижий турдош муассасалар билан тажриба алмашиш.


12. Гидрометеорология фаолиятини кенг тарғиб қилиш ва аҳоли хабардорлигини ошириш доирасида қуйидагилар назарда тутилади:

гидрометеорологик маълумотлар ва кўрсатилаётган ихтисослаштирилган хизматлар рўйхатини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Очиқ маълумотлар порталида жойлаштириш учун умумий маълумотлар тўпламини кенгайтириш;

гидрометеорологик маълумотларни визуаллаштириш сифатини яхшилаш, Ўзгидромет расмий веб-сайтини янгилаш ва унинг мобил иловасини яратиш;

фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, етакчи таълим ва илмий муассасалар ходимлари, гидрометеорология соҳасидаги етакчи мутахассисларни кенг жалб қилган ҳолда учрашувлар, давра суҳбатлари, экспертлик ва жамоатчилик муҳокамалари ўтказиш орқали фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари билан очиқ мулоқотни таъминловчи жамоатчилик билан ўзаро ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш;

"Гидрометеорология ва атроф-муҳит мониторинги" илмий журнали нашр этилишини ташкиллаштириш.



4-БОБ. ГИДРОМЕТЕОРОЛОГИЯ ХИЗМАТИНИ

РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИНИ

АМАЛГА ОШИРИШДАН КУТИЛАЁТГАН

НАТИЖАЛАР


13. Концепциянинг асосий йўналишларини амалга ошириш миллий гидрометеорология хизматини замонавий жаҳон технологиялари даражасига олиб чиқишга имкон беради.


14. Концепцияни амалга оширишдан иловада белгиланган асосий кўрсаткичларга эришиш кутилмоқда.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 18 ноябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 23 ноябрь, 46-сон, 514-модда



















































Время: 0.2333
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск