ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Соғлиқни сақлаш / Тиббиёт муассасалари /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 30.08.2018 й. ПҚ-3925-сон "Аҳолига неврологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

30.08.2018 й.

N ПҚ-3925



АҲОЛИГА НЕВРОЛОГИК ЁРДАМ

КЎРСАТИШНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўтган даврда аҳолига кўрсатилаётган ихтисослаштирилган тиббий ёрдамнинг ҳаммабоплиги ва тезкорлигини ошириш бўйича комплекс ишлар амалга оширилди, ташхис қўйиш ва даволашнинг замонавий усуллари жорий этилмоқда, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати сезиларли даражада ошди.

Шу билан бирга, неврологик касалликларга ташхис қўйиш, уларни профилактика қилиш ва даволаш, шунингдек, ихтисослаштирилган тиббий ёрдамнинг ҳаммабоплигини таъминлаш соҳасидаги айрим муаммо ва камчиликлар сақланиб қолмоқда.

Хусусан, сўнгги ўн йилда ўлим билан якунланиш даражаси юқорилиги билан ажралиб турадиган айрим неврологик касалликлар билан хасталаниш барқарор ортиб бормоқда, реабилитация тадбирларининг даражаси пастлиги эса аҳоли ўртасида ногиронликнинг кўпайишига олиб келмоқда.

Профилактика ва даволаш ишларини ташкил этиш, неврологик касалликларни эрта аниқлаш хамда бу йўналишда илмий-амалий тадқиқотлар ўтказишни таъминлайдиган ягона марказлашган тизим мавжуд эмас.

Замон талабларига жавоб берадиган нейрореабилитация тадбирлари ва неврологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш, шунингдек, ихтисослаштирилган ёрдам турларини кенгайтириш, унинг сифатини яхшилаш ва ҳаммабоплигини ошириш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлигининг Республика ихтисослаштирилган неврология ва инсульт илмий-амалий тиббиёт марказини (кейинги ўринларда Марказ деб юритилади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


2. Қуйидагилар Марказ фаолиятининг асосий вазифа ва йўналишлари этиб белгилансин:

неврологик касалликлар профилактикаси, диагностикаси ва уларни даволашнинг ягона вертикал тизимини ташкил этиш ва давлат тиббиёт муассасаларининг ихтисослаштирилган неврология бўлимларига ташкилий-услубий жиҳатдан раҳбарлик қилиш;

экспериментал ва клиник неврология соҳасида, шу жумладан компьютер, стимуляция ва роботлаштирилган технологиялардан фойдаланган ҳолда неврологик касалликларни профилактика, диагностика қилиш ва даволаш учун янги усулларини жорий этишга қаратилган комплекс илмий-амалий тадқиқотларни амалга ошириш;

умуман республика бўйича ва ҳар бир ҳудудда неврологик касалланиш тенденцияларини ўз вақтида аниқлаш бўйича илмий-тадқиқот ва таҳлилий ишларни амалга ошириш, соғлиқни сақлаш муассасалари учун мазкур касалликларни профилактика қилиш, эрта аниқлаш ва даволаш схемаларини ишлаб чиқиш;

скрининг-сўров усулидан фойдаланган ва неврологик касалликлар ривожланиши хатарининг якка тартибдаги даражасини ҳисобга олган ҳолда ушбу касалликлар ривожланиш хавфи бўлган беморларни, шунингдек, касалликнинг эрта босқичларидаги беморларни фаол аниқлаш;

неврологик касалликларнинг ҳужайра ва ген терапиясига доир инновацион ёндашувларни ишлаб чиқиш, давлат тиббиёт ташкилотларининг ушбу йўналишдаги ихтисослаштирилган бўлимларида инсульт, тутқаноқ ва бошқа кенг тарқалган неврологик касалликлар билан хасталанган беморларни скрининг текширувлари ҳамда популяция регистрини жорий этиш;

неврология ва нейрореабилитология соҳасида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, давлат тиббиёт муассасалари неврология бўлимларининг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш;

етакчи хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда соғлиқни сақлаш тизими бирламчи бўғини мутахассислари иштирокида неврология ва нейрореабилитология бўйича семинар-тренинглар, маҳорат сабоқлари, вебинарлар ва телекўприклар ташкил этиш;

неврология ва нейрореабилитология соҳасидаги хорижий илмий-тадқиқот марказлари, клиникалари ва олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, улар билан қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда хорижий грантларни жалб этиш;

мавжуд тиббиёт техникаси ва аппаратлари паркини мунтазам янгилаш ва модернизация қилишни таъминлаш, Марказни жаҳоннинг илғор ютуқлари даражасида неврология соҳасида ихтисослаштирилган юқори технологияли тиббий ёрдам кўрсатиш имконини берадиган замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозлаш.


3. Белгилансинки, давлат тиббиёт ташкилотларининг ихтисослаштирилган неврология бўлимлари Марказнинг ташкилий-услубий бўлинмалари ҳисобланади.


4. Аҳолига ихтисослаштирилган неврологик ёрдам кўрсатиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастури (кейинги ўринларда - Чора-тадбирлар дастури) 1-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.

Вазирлик ва идоралар раҳбарлари Чора-тадбирлар дастурида белгиланган тадбирларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли амалга оширилиши учун шахсан жавобгар эканликлари белгилансин.


5. Аҳолига ихтисослаштирилган неврологик ёрдам кўрсатиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастурини мониторинг қилиш бўйича ишчи комиссия (кейинги ўринларда - Комиссия) 2-иловага* мувофиқ таркибда ташкил этилсин.

Қуйидагилар Комиссиянинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

масъул ижрочиларнинг мазкур қарорда кўзда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш, шунингдек, уларнинг ўз вақтида, сифатли ва самарали ижросини ташкил этиш;

Марказ фаолиятига неврологик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги илм-фан ва техника ютуқларини, замонавий технологиялар ва илғор тажрибани татбиқ этишга кўмаклашиш;

Марказ олдига қўйилган вазифаларни бажаришда юзага келаётган муаммоларни ва уларни келтириб чиқараётган шарт-шароитларни аниқлаш, неврологик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

неврология хизмати фаолиятини, тиббиёт ходимлари зиммасига инсульт ва неврологик касалликлар билан хасталанган беморларга юқори малакали ёрдам кўрсатиш бўйича юкланган мажбуриятларнинг самарали бажарилишини назорат қилиш;

неврологик ёрдам кўрсатишни амалга ошираётган тиббиёт муассасалари томонидан беморларнинг ишлаб чиқилган стандартлар асосида даволаниши жараёнини, шу жумладан жойларга чиққан ҳолда ўрганиш.


6. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб олий тиббиёт таълим муассасаларида "нейрореабилитология" мутахассислиги бўйича янги магистратура ва клиник ординатура йўналишларини очиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


7. Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани, С. Машҳадий кўчаси, 217-уйда жойлашган Тошкент давлат стоматология институти қошидаги академик лицей (кейинги ўринларда - Академик лицей) бинолари Марказга оператив бошқариш ҳуқуқи билан берилсин.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда Академик лицейнинг жойлаштирилишини таъминласин.

Белгилансинки, Академик лицей ўқувчилари лицей жойлаштирилгунга қадар Марказга берилган биноларда ўқишни давом эттиради.


8. Қуйидагилар Марказ фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

фаолият тури бўйича ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик ва хайрия маблағлари;

халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.


9. Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 8 июндаги "Соғлиқни сақлаш тизимида экспериментни тугаллаш ва ислоҳотларни чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 264-сон қарори билан тасдиқланган:

Ташхис қўйиш ва даволаш сифати стандартларига риоя қилган ҳолда аҳолига пулли асосда юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш қоидалари;

Имтиёзли тоифага кирувчи беморларга ордер бериш, уларни шифохонага жойлаштириш ва давлат бюджети маблағлари ҳисобига даволаш қийматини тўлаш тартиби;

Шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож беморларни шифохонага жойлаштириш тўғрисидаги низом;

Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари даромадларини шакллантиришнинг асосий манбалари ва улар фаолиятини молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низомнинг амал қилиши Марказга татбиқ этилсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда 2019-2020 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш давлат дастурларини шакллантиришда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ Марказ бино ва иншоотларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш, шунингдек, уни тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш лойиҳаларини белгиланган тартибда уларга киритсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

бир ой муддатда Марказ Низоми ва тўзилмасини тасдиқласин ҳамда унинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;

икки ой муддатда Марказни олдига қўйилган вазифаларни юқори ва профессионал даражада бажаришга қодир бўлган малакали мутахассислар билан таъминласин;

2019 йил 1 декабрга қадар муддатда даволаш-диагностика хизматларини кўрсатишнинг исботловчи тиббиётга асосланган замонавий технология ва усулларини жорий этишни ҳисобга олган ҳолда неврологик касалликлар диагностикаси ва уларни даволаш стандартлари ҳамда клиник протоколларни қайта кўриб чиқсин ва янгиласин;

бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


12. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлигига 2018 йилда Давлат бюджетининг "Соғлиқни сақлаш" соҳаси бўйича харажатлар параметрлари доирасида ушбу қарор ижросини таъминлаш учун зарур бюджет маблағларини ажратсин, 2019 йилдан бошлаб эса ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида зарур маблағларни назарда тутсин.


13. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда Марказни юқори технологияли тиббий ускуналар билан жиҳозлаш учун хорижий давлатлар, халқаро молия институтларининг имтиёзли кредитлари (заёмлари) ва грантларини ҳамда бошқа бюджетдан ташқари маблағларни жалб этиш бўйича зарур чоралар кўрсин.

14. Қуйидагиларга:

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига - назарда тутилган барча тадбирларнинг ўз вақтида ва тўлиқ молиялаштирилиши, шунингдек, Марказ биноси ва хоналари реконструкция қилиниши, мукаммал таъмирланиши, замонавий илмий ва лаборатория ускуналари, зарур бутловчи қисмлар ва сарф материаллари билан таъминланиши;

Бош вазир ўринбосари - Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Ў. Умурзаков зиммасига - Марказни замонавий юқори технологик тиббиёт ускуналари билан жиҳозлаш учун халқаро молия институтлари ва донор ташкилотларнинг техник кўмаклашиш маблағлари ва грантлари жалб этилиши;

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.К. Шадманов зиммасига - Марказ ва туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларининг ихтисослаштирилган неврология бўлимлари фаолиятининг самарали ташкил этилиши учун шахсий жавобгарлик юклансин.


15. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А. Абдувохитов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдуҳакимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                     Ш. Мирзиёев



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 3 сентябрь













































Время: 0.2126
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск