ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Қурилиш ва архитектура / Умумий қоидалар /

"Шаффоф қурилиш" миллий ахборот тизими тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 19.11.2020 й. 732-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 19 ноябрдаги

732-сон қарорига

1-ИЛОВА



"Шаффоф қурилиш" миллий

ахборот тизими тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Шаффоф қурилиш" миллий ахборот тизими (кейинги ўринларда - ахборот тизими)нинг шаҳарсозлик фаолияти тўғрисидаги ахборотлардан фойдаланувчи субъектларнинг вазифалари, жавобгарлиги ҳамда ишлаши тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


ахборот тизими - ахборотни тўплаш, сақлаш, излаш, унга ишлов бериш ҳамда ундан фойдаланиш имконини берадиган, ташкилий жиҳатдан тартибга солинган ахборот ресурслари жамланмаси, ахборот технологиялари ва алоқа воситалари;


ахборот тизими фойдаланувчиси - қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ёки томонларнинг келишувига кўра ахборот тизимидаги ахборот ресурсларидан фойдаланувчи жисмоний ва юридик шахслар;


ахборот тизими иштирокчиси - идоравий маълумотлар базалари ахборот тизимига интеграция қилинган вазирликлар ва идоралар ҳамда ахборот тизимидан фойдаланувчилар;


ахборот хавфсизлиги - ахборот ва қўллаб-қувватловчи инфратузилманинг табиий ёки сунъий тусга эга, ахборот муносабатлари субъектларига жиддий зарар етказиши мумкин бўлган тасодифий ёки қасддан қилинадиган таъсирлардан муҳофаза қилинганлиги;


идоралараро интеграциялашув платформаси - электрон давлат хизматларини кўрсатиш ва электрон ўзаро ҳамкорликни ташкил қилиш доирасида "Электрон ҳукумат"нинг ахборот тизимларини интеграциялаш учун мўлжалланган ахборот-дастурий воситалар жамланмаси.


3. Қурилиш соҳасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази (кейинги ўринларда - Марказ) ахборот тизимнинг оператори ҳисобланади.

Ахборот тизими доирасида идоралараро ахборот алмашинуви белгиланган тартибда бепул амалга оширилади.


4. Қуйидагилар ахборот тизими иштирокчилари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги;

ҳудудий қурилиш бош бошқармалари, туман ва шаҳар қурилиш бўлимлари;

Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси ва Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциялари;

экспертиза идоралари;

Молия вазирлиги;

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда вазирликлар ва идоралар ҳузуридаги Буюртмачи хизмати инжиниринг компаниялари;

буюртмачи, лойиҳачи ва пудрат ташкилотлари ва бошқа шаҳарсозлик фаолияти субъектлари.


5. Ахборот тизимининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

объектларнинг манзилли дастури, тегишли вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ишлаб чиқилган объектларнинг йиллик манзилли рўйхати шакллантирилишини, маълумотлар базаси янги қурилиш, реконструкция ва мукаммал таъмирлаш объектлари бўйича турларга бўлиб юритилишини таъминлаш;

объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишда ҳудудий ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компаниялари томонидан лойиҳаолди ишларининг амалга оширилиши, буюртмачи билан лойиҳа ташкилоти ўртасида шартнома тузилиши ва аванс маблағлари ажратилиши ҳамда ишлар тугалланганлиги тўғрисидаги аниқ ва ишончли маълумотларнинг мунтазам электрон базага киритиб борилиши ва юритилишини таъминлаш;

лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказишда буюртмачи ва экспертиза ташкилоти ўртасида тузилган шартномалар, кўрсатилган хизматларнинг молиялаштирилганлиги, тугалланган лойиҳа-смета ҳужжатларининг экспертизадан ўтказилганлигига оид электрон маълумотлар базасини шакллантириш;

объектлар қурилишини молиялаштиришда пудратчи билан буюртмачи ўртасида шартнома имзоланганлиги ва аванс маблағлари тўланганлиги, ойма-ой бажарилган ишларнинг ҳисоботини юритиш ва бажарилган ишларга нисбатан мутаносиб равишда молиялаштирилганлиги тўғрисидаги аниқ ва ишончли маълумотларнинг электрон базасини шакллантириш;

объектлар қурилишида иштирок этаётган барча пудратчилар ва ёрдамчи пудратчилар ҳақидаги маълумотларни йиғиш, бажарилган иш ҳажмлари асосида тўловларни ўз вақтида амалга ошириш, улар томонидан амалга оширилаётган иш турлари бўйича маълумотлар базаларини шакллантириш;

объектларда қурилиш жараёнларини назорат қилиш ва мониторинг олиб боришда уларни рўйхатга олиш, қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциялари томонидан амалга оширилаётган назорат текширувларини ва кўрсатиб ўтилган камчиликларни қайд этиш, уларни бартараф этиш бўйича маълумотлар базаларини шакллантириш.



2-БОБ. АХБОРОТ ТИЗИМИ ИШТИРОКЧИЛАРИНИНГ

ВАЗИФАЛАРИ


6. Ахборот тизими таркибига кирувчи "Архитектура-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш" ахборот тизимининг ишлаш схемаси ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ шакллантирилади ҳамда қуйидаги босқичларда амалга оширилади:

ахборот тизими томонидан автоматик равишда архитектура-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш учун электрон шаклда тушган мурожаат тегишлилиги бўйича ҳудудий қурилиш бошқармасига юборилади;

ҳудудий қурилиш бошқармаси сўровномада қайд этилган маълумотларнинг ҳаққонийлигини текширади;

ҳудудий қурилиш бошқармаси архитектура-режалаштириш топшириғини ахборот тизимида ишлаб чиқади, электрон шаклда расмийлаштиради ва ўз электрон рақамли имзоси билан тасдиқлайди;

ҳудудий қурилиш бошқармаси архитектура-режалаштириш топшириғини мурожаат қилувчининг электрон манзилига юборади ва бу ҳақида уни ахборот-коммуникация тизимлари орқали хабардор қилади;

ахборот тизими автоматик равишда тасдиқланган архитектура-режалаштириш топшириғини ягона маълумотлар базасига жойлаштиради.


7. Ахборот тизими таркибига кирувчи "Лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш" ахборот тизимининг ишлаш схемаси ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шакллантирилади ҳамда қуйидаги босқичларда амалга оширилади:

ахборот тизими томонидан автоматик равишда лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш бўйича тушган мурожаат топшириқни шакиллантириш учун "Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси" ДУК, унинг ҳудудий филиали ёки шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизасини амалга ошириш учун белгиланган тартибда аккредитациядан ўтган тадбиркорлик субъектлари (кейинги ўринларда - экспертиза идораси) раҳбарига юборилади;

экспертиза идораси раҳбари лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш бўйича электрон шаклда тушган мурожаатни кўриб чиқиш учун экспертиза идорасининг бош экспертига юборади;

экспертиза идорасининг бош эксперти лойиҳа-смета ҳужжатларининг тўлиқлигини кўриб чиқиш ва тўлиқ бўлган тақдирда, экспертиза бўйича шартномани тайёрлаш учун экспертиза идорасининг шартномалар бўлимига юборади;

экспертиза идорасининг шартномалар бўлими лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш учун шартномани тайёрлайди ва буюртмачига юборади ҳамда буюртмачи томонидан лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш бўйича тўлов амалга оширилгандан сўнг бош экспертиза идорасининг бош экспертига ҳабарномани юборади;

экспертиза идорасининг бош эксперти тўлов амалга оширилганлиги тўғрисидаги ҳабарномани олгандан сўнг лойиҳа-смета ҳужжатини экспертизадан ўтказиш бўйича мурожаатни бажариш муддатини белгилаган ҳолда экспертиза идорасининг муайян экспертига юборади;

экспертиза идорасининг эксперти объектнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш ҳамда экспертиза натижаси бўйича маълумотларни ахборот тизимига киритиш ва экспертиза хулосасини тайёрлаш учун экспертиза идорасининг бош экспертига юборади;

экспертиза идорасининг бош эксперти экспертиза идорасининг эксперти томонидан тақдим этилган маълумотларни кўриб чиқади, уларга асосан экспертиза хулосасини тайёрлайди ҳамда экпертиза хулосасини тасдиқлаш учун экспертиза идорасининг раҳбарига юборади;

экспертиза идорасининг раҳбари экспертиза хулосасини ўз электрон рақамли имзоси билан тасдиқлайди ва буюртмачига юборади;

ахборот тизим томонидан автоматик равишда экспертиза хулосаси ҳамда лойиҳа-смета ҳужжатлари ягона электрон реестрга жойлаштирилади.


8. Ахборот тизими таркибига кирувчи "Қурилиш назорати" ахборот тизимининг ишлаш схемаси ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ шакллантирилади ҳамда қуйидаги босқичларда амалга оширилади:

ахборот тизими автоматик равишда объект қурилишини (реконструкциясини) бошлаш ҳақида электрон шаклда тушган ҳабарномани тегишлилиги бўйича Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциясига юборади;

Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциясининг шартномалар бўлими қурилиш (реконструкция) объекти бўйича қурилиш ишлари назоратини олиб бориш учун шартномани тайёрлайди, объект тўғрисидаги маълумотларни ахборот тизимига киритади, объект бўйича буюртмачининг техник назорати, лойиҳачининг муаллифлик назорати ва пудратчининг ички назорат ходимларига ахборот тизимида шахсий кабинетларини рўйхатдан ўтказади ҳамда шартнома бўйича тўлов амалга оширилганидан сўнг қурилш объекти топшириғини шакллантириш учун Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси раҳбарига юборади;

Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси раҳбари қурилиш объекти бўйича инспекция инспекторини бириктиради;

Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси инспектори қурилиш (реконструкция) объекти жойлашган ҳудудга чиққан ҳолда назорат ишларини олиб боради, назорат натижаларида қурилиш меъёрларини бузиш ҳолатлари аниқланса, ушбу ҳолатларни тасдиқловчи фотосуратларни бириктирган ҳолда ахборот тизимига киритади, қурилиш меъёрлари ва қоидалари талабларининг бажарилишида аниқланган камчиликларни бартараф қилиш бўйича ёзма кўрсатмани расмийлаштиради ҳамда буюртмачининг техник назоратига, лойиҳачининг муаллифлик назоратига ва пудратчининг ички назоратига тақдим этади;

буюртмачи, лойиҳачи ёки пудрат ташкилоти аниқланган камчиликларни бартараф қилиш юзасидан чора-тадбирларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ҳамда инспекция инспекторига тақдим этади, камчиликлар бартараф этилгандан сўнг тегишли далолатномани тузади ҳамда инспекция инспекторига тақдим этади;

инспекция инспектори буюртмачининг техник назорати, лойиҳачининг муаллифлик назорати ва пудратчининг ички назорати томонидан ахборот тизимига киритилган маълумотларни текширади, буюртмачининг техник назорати, лойиҳачининг муаллифлик назорати ва пудратчининг ички назорати фаолиятини назорат қилади.


9. Ахборот тизими таркибига кирувчи "Инвестиция дастурига мувофиқ объектлар мониторингини олиб бориш" ахборот тизимининг ишлаш схемаси ушбу Низомга 4-иловага мувофиқ шакллантирилади ҳамда қуйидаги босқичларда амалга оширилади:

Қурилиш вазирлиги Инвестиция дастурига мувофиқ қурилиш объектларини ахборот тизимига киритади;

Қурилиш вазирлиги ахборот тизимига киритилган қурилиш объектлари бўйича ҳудудий ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияларининг шахсий кабинетларини очади;

Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компаниялари қурилиш объекти бўйича қурилиш жараёнида ишлаб чиқилган архитектура-режалаштириш топшириғини, лойиҳа-смета ҳужжатларини, тузилган шартномаларни ва бошқа тегишли ҳужжатларни ахборот тизимига юклайди;

Қурилиш вазирлиги Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компаниялари томонидан киритилган маълумотлар ва ҳужжатларни назорат қилади ҳамда ахборот тизимига киритилган маълумотлардан фойдаланган ҳолда ахборот-таҳлилий маълумотларни тайёрлайди.


10. Буюртмачи ташкилотларнинг техник назорати, лойиҳа ташкилотларининг муаллифлик назорати ва пудрат ташкилотларининг ички назорат ходимлари объектларда қурилиш жараёнида аниқланган қоида бузилишлари тўғрисидаги маълумотларни ахборот тизимига киритиб боради.


11. Инжиниринг компаниялари:

белгиланган тартибда шакллантирилган йиллик манзилли рўйхатлар ва уларга киритилган ўзгартиришларни;

манзилли рўйхатларни келишиш учун зарур бўлган асословчи бирламчи ва келишиш ҳужжатларини;

қурилиш объектларида бажарилган ишлар ва молиялаштириш бўйича ойлик ҳисоботлар ва маълумотларни;

Инвестиция дастури мониторингини олиб бориш учун қурилишнинг барча босқичларида тегишли ҳужжатлар ва маълумотлар тўғрисидаги ахборотларни мунтазам равишда ахборот тизимига киритиб боради.


12. Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда манзилли рўйхатларни келишишда ваколатли органлар тасдиқлаган параметрлар асосида буюртмачи ташкилотлар томонидан шакллантирилган ёки киритилган ўзгартиришларнинг манзилли рўйхатларини ҳар бир объект бўйича белгиланган тартибда келишади.


13. Ахборот тизими иштирокчилари тегишли ахборот ва маълумотларни ахборот тизимига белгиланган тартибда ва муддатларда киритиб боради ҳамда уларнинг ишончлилиги ва тўлиқлиги учун жавобгар ҳисобланади.



3-БОБ. АХБОРОТ ТИЗИМИДАН ФОЙДАЛАНИШ

ИМКОНИЯТИНИ ТАҚДИМ ЭТИШ


14. Ахборот тизими фойдаланувчиларига тизимдан фойдаланиш имкониятини тақдим этиш оператор томонидан амалга оширилади.


15. Фойдаланувчилар ахборот тизимидаги фаолиятни шахсий кабинетлари орқали амалга оширади.


16. Ахборот тизими фойдаланувчилари шахсий кабинетлардан фойдаланишга рухсат олиш учун операторга электрон тарзда сўров юборади.


17. Оператор икки иш куни мобайнида ахборот тизимидан фойдаланувчининг шахсий кабинетини рўйхатдан ўтказади.



4-БОБ. АХБОРОТ ТИЗИМИНИНГ ЭЛЕКТРОН

ҲУКУМАТ БИЛАН ИНТЕГРАЦИЯСИ


18. Ахборот тизими ўзининг функционал вазифаларининг давлат органлари ва ташкилотларнинг ахборот тизимлари ва маълумотлар базаси билан интеграциясини ҳамда маълумот алмашинувини таъминлайди.


19. Ахборот тизимининг давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари ва маълумотлар базаси, шу жумладан, "Электрон ҳукумат"нинг ахборот тизимлари ва маълумотлар базаси билан интеграцияси "Электрон ҳукумат"нинг идоралараро интеграция платформаси орқали амалга оширилади.



5-БОБ. АХБОРОТ ХАВФСИЗЛИГИНИ

ТАЪМИНЛАШ


20. Ахборот тизими ва унинг таркибига кирувчи қуйи тизимда ва маълумотлар базасида ахборот хавфсизлигини таъминлашнинг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

ахборотни сақлаш, қайта ишлаш ва узатиш жараёнида ахборот яхлитлигини сақлаш, шунингдек, фойдаланувчиларнинг ваколатлари доирасида ахборотдан фойдаланишни таъминлаш;

ахборотни йўқ қилиш, модификация қилиш, бузиш, кўпайтириш, блокировкалаш бўйича рухсатсиз ҳаракатларни, шунингдек, ахборот ресурсларига ноқонуний аралашишнинг бошқа шаклларининг олдини олиш;

иш жараёнига рухсатсиз таъсир этадиган ва зарар келтирадиган дастурлар киритилишидан, жумладан, компьютер вируслари киритилишидан муҳофаза қилишни таъминлаш;

фойдаланувчилар ҳаракатларининг мониторингини олиб бориш, таҳлил қилиш ва журналда рўйхатга олиш;

фойдаланувчилар хабарларни ўз вақтида ва ҳимояланган тарзда узатишини таъминлаш;

ахборот тизимининг узлуксиз ишлашини таъминлаш.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


21. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА



"Шаффоф қурилиш" миллий ахборот тизими таркибига

кирувчи "Архитектура-режалаштириш топшириғини

ишлаб чиқиш" ахборот тизимининг ишлаш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

1-босқич


Тизим томонидан автоматик равишда


Архитектура-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш учун электрон шаклда тушган мурожаатни тегишлилиги бўйича ҳудудий қурилиш бошқармасига юбориш.

2-босқич


Ҳудудий қурилиш бошқармаси


Сўровномада қайд этилган маълумотларнинг ҳаққонийлигини текшириш.

3-босқич


Ҳудудий қурилиш бошқармаси


Архитектура-режалаштириш топшириғини ахборот тизимида ишлаб чиқиш, электрон шаклда расмийлаштириш ва ўз электрон рақамли имзоси билан тасдиқлаш.

4-босқич


Ҳудудий қурилиш бошқармаси


Архитектура-режалаштириш топшириғини мурожаат қилувчининг электрон манзилига юбориш ва бу ҳақида уни ахборот-коммуникация тизимлари орқали хабардор қилиш (тегишли ҳолларда).

5-босқич


Тизим томонидан автоматик равишда


Тасдиқланган архитектура-режалаштириш топшириғини ягона маълумотлар базасига жойлаштириш.




Низомга

2-ИЛОВА



"Шаффоф қурилиш" миллий ахборот тизими таркибига

кирувчи "Лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан

ўтказиш" ахборот тизимининг ишлаш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

1-босқич


Тизим томонидан автоматик равишда


Лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш бўйича тушган мурожаатни раҳбарга топшириқни шакллантириш учун юбориш.

2-босқич


Раҳбар


Лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш бўйича электрон шаклда тушган мурожаатни кўриб чиқиш учун бош экспертга юбориш.

3-босқич


Бош эксперт


Лойиҳа-смета ҳужжатларининг тўлиқлигини кўриб чиқиш ва тўлиқ бўлган тақдирда экспертиза бўйича шартномани тайёрлаш учун шартномалар бўлимига юбориш.

4-босқич


Шартномалар бўлими


1. Лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш учун шартномани тайёрлаш ва буюртмачига юбориш.


2. Буюртмачи томонидан лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш бўйича тўлов амалга оширилгандан сўнг бош экспертга ҳабарномани юбориш.

5-босқич


Бош эксперт


Тўлов амалга оширилганлиги тўғрисида ҳабарномани олгандан сўнг лойиҳа-смета ҳужжатини экспертизадан ўтказиш бўйича мурожаатни экспертларга (бажариш муддатини белгилаган ҳолда) юбориш.

6-босқич


Эксперт


1. Объектнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш.


2. Экспертиза натижаси бўйича маълумотларни Тизимга киритиш ва экспертиза хулосасини тайёрлаш учун бош экспертга юбориш.

7-босқич


Бош эксперт


1. Экспертлар томонидан тақдим этилган маълумотларни кўриб чиқиш ва уларга асосан экспертиза хулосасини тайёрлаш.


2. Экпертиза хулосасини тасдиқлаш учун раҳбарга юбориш.

8-босқич


Раҳбар


Экспертиза хулосасини ўз электрон рақамли имзоси билан тасдиқлаш ва буюртмачига юбориш.

9-босқич

Тизим томонидан автоматик равишда


Экспертиза хулосасини ҳамда лойиҳа-смета ҳужжатларини ягона электрон реестрга жойлаштириш.




Низомга

3-ИЛОВА


"Шаффоф қурилиш" миллий ахборот тизими

таркибига кирувчи "Қурилиш назорати"

ахборот тизимининг ишлаш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

1-босқич

Тизим томонидан автоматик равишда

Объект қурилишини (реконструкциясини) бошлаш ҳақида электрон шаклда тушган ҳабарномани тегишлилиги бўйича Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияга юбориш.

2-босқич

Шартномалар бўлими

1. Қурилиш (реконструкция) объекти бўйича қурилиш ишлари назоратини олиб бориш учун шартнома тайёрлаш.


2. Қурилиш объекти бўйича маълумотларни ахборот тизимига киритиш.


3. Қурилиш объекти бўйича буюртмачининг техник назорати, лойиҳачининг муаллифлик назорати ва пудратчининг ички назорат ходимларига ахборот тизимда шахсий кабинетларини рўйхатдан ўтказиш.


4. Шартнома бўйича тўловлар амалга оширилганидан сўнг қурилш объекти топшириғини шакллантириш учун раҳбарга юбориш.

3-босқич


Раҳбар


Қурилиш объекти бўйича инспекторларни бириктириш.

4-босқич

Инспектор

1. Қурилиш (реконструкция) объекти ҳудудига чиққан ҳолда ўрганиш ишларини олиб бориш.


2. Назорат натижалари бўйича объект қурилиши (реконструкцияси) ишларида белгиланган қурилиш меъёрларини бузиш ҳолатлари аниқланса, фотосуратларни бириктирган ҳолда ахборот тизимига киритиш.


3. Қурилиш меъёрлари ва қоидалари талабларининг бажарилишида аниқланган камчиликларни бартараф қилиш бўйича ёзма кўрсатмани расмийлаштириш ҳамда буюртмачининг техник назорати, лойиҳачининг муаллифлик назорати ва пудратчининг ички назоратига тақдим этиш.

5-босқич

Буюртмачи, лойиҳачи ёки пудрат ташкилоти

1. Аниқланган камчиликларни бартараф қилиш юзасидан чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди ҳамда инспекторга тақдим этади.


2. Камчиликлар бартараф этилгандан сўнг тегишли далолатномани тузади ҳамда инспекторга тақдим этади.



6-босқич

Инспектор

1. Буюртмачининг техник назорати, лойиҳачининг муаллифлик назорати ва пудратчининг ички назорати томонидан ахборот тизимига киритилган маълумотларни текшириш.


2. Буюртмачининг техник назорати, лойиҳачининг муаллифлик назорати ва пудратчининг ички назорати фаолиятини назорат қилиш.




Низомга

4-ИЛОВА



"Шаффоф қурилиш" миллий ахборот тизими таркибига

кирувчи "Инвестиция дастурига мувофиқ объектлар

мониторингини олиб бориш" ахборот

тизимининг ишлаш

СХЕМАСИ

Босқичлар



Субъектлар


Тадбирлар


1-босқич


Қурилиш вазирлиги


Инвестиция дастурига кирган қурилиш объектларини ахборот тизимига киритиш.

2-босқич


Қурилиш вазирлиги


Ахборот тизимига киритилган қурилиш объектлари бўйича ҳудудий ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияларининг шахсий кабинетларини очади.

3-босқич


Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компаниялари


Қурилиш объекти бўйича қурилиш жараёнида ишлаб чиқилган архитектура-режалаштириш топшириғини, лойиҳа-смета ҳужжатларини, тузилган шартномаларни ва бошқа тегишли ҳужжатларни ахборот тизимига юклайди.

4-босқич

Қурилиш вазирлиги


1. Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компаниялари томонидан киритилган маълумотлар ва ҳужжатларни назорат қилади.


2. Ахборот тизимига киритилган маълумотлардан фойдаланган ҳолда ахборот-таҳлилий маълумотларни тайёрлайди.

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 20 ноябрь



















































Время: 0.1899
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск