ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Қишлоқ ва сув хўжалиги / Қишлоқ ва сув хўжалигининг давлат томонидан тартибга солиниши ва қўллаб-қувватланиши /

Ўзбекистон Республикаси Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 10.11.2020 й. 705-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 10 ноябрдаги

705-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Пиллачилик ва

қоракўлчиликни ривожлантириш

қўмитаси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитасининг (кейинги ўринларда - Қўмита) мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва жавобгарлиги, фаолиятини ташкил этиш тартибини, шунингдек, унинг раҳбарларининг функционал вазифалари, ҳуқуқлари ва жавобгарлигини белгилайди.


2. Қўмита пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи, шунингдек, ушбу тармоқларни ягона илмий-техник сиёсатни юритган ҳолда, мувофиқлаштирилган тарзда ривожлантиришни таъминловчи давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

Қўмита Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади.


3. Қўмита ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек, ушбу Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


4. Қўмитанинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.


5. Қўмита, унинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги ҳудудий бошқармалари (кейинги ўринларда - ҳудудий бошқармалар) юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади.


6. Қўмитанинг расмий номи:

а) давлат тилида:

тўлиқ номи - Ўзбекистон Республикаси Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси, қисқартирилган номи - Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси;

б) рус тилида:

тўлиқ номи - Комитет Республики Узбекистан по развитию шелководства и каракулеводства, қисқартирилган номи - Комитет по развитию шелководства и каракулеводства;

в) инглиз тилида:

тўлиқ номи - Committee of the Republic of Uzbekistan for the development of sericulture and karakul farming, қисқартирилган номи - Committee of sericulture and karakul farming.


7. Қўмитанинг жойлашган жойи (почта манзили): Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Исмоил ота кўчаси 1а-уй, 100170.



2-БОБ. ҚЎМИТАНИНГ ТУЗИЛМАСИ


8. Қўмита тизимига:

Қўмитанинг марказий аппарати;

Қўмитанинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳудудий бошқармалари;

Ипакчилик илмий-тадқиқот институти;

Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти;

Бухоро чўл-яйлов озуқабоп ўсимликлар уруғчилиги илмий-ишлаб чиқариш маркази киради.



3-БОБ. ҚЎМИТАНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


1-§. Қўмитанинг асосий вазифалари

ва функциялари


9. Қуйидагилар Қўмитанинг асосий вазифалари ҳисобланади:

пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини, шунингдек, ушбу тармоқларни ягона илмий-техник сиёсатни юритган ҳолда, мувофиқлаштирилган тарзда ривожлантиришни таъминлаш;

тут плантациялари ва яйловларнинг қатъий ҳисобини юритиш ва фондини ўрганиш, шунингдек, пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш учун озуқа базасини яхшилаш;

ипак қуртининг ва қоракўл зотли қўйларнинг юқори даражада маҳсулдор наслларини жорий қилиш;

пилла ва қоракўл терисидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш мақсадида хомашё тайёрлаш ва уни қайта ишлаш учун қулай шароитлар яратиш;

маркетинг тадқиқотларини ўтказиш ҳамда ипак ва қоракўлдан тайёрланган маҳсулотларни, энг аввало, ташқи бозорларда сотишга кўмаклашиш;

пиллачилик ва қоракўлчилик билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига ўз фаолиятини кенгайтириш, кластерлар ташкил этиш ва маҳсулотни экспорт қилишда ҳар томонлама ёрдам бериш.


10. Қўмита ўзига юкланган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:


а) пиллачилик ва қоракўлчиликни рвожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини, шунингдек, ушбу тармоқларни ягона илмий-техник сиёсатни юритган ҳолда, мувофиқлаштирилган тарзда ривожлантиришни таъминлаш соҳасида:

пиллачилик ва қоракўлчилик тармоғида давлат бошқаруви органларининг, хўжалик бирлашмаларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фаолиятини мувофиқлаштиради;

пиллачилик ва қоракўлчилик тармоғини ривожлантириш, қоракўл зотли қўйларнинг сара генофондини сақлаб қолиш ва такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

илмий-тадқиқот муассасалари томонидан ишлаб чиқилган селекция-наслчилик дастурларини амалиётга татбиқ этиш ишларини мувофиқлаштиради;

норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, халқаро молиявий институтлар ва донор мамлакатларнинг маблағларини жалб қилиш орқали тармоқ корхона ва ташкилотларининг ривожланиши, кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга кўмаклашади;

қўшилган қиймат занжирини яратиш мақсадида ипакни қайта ишлаш ташкилотлари, чорвачилик хўжаликлари ва гиламчилик ҳунармандлари ўртасида кооперацияни йўлга қўйишда кўмаклашади;


б) тут плантациялари ва яйловларнинг қатъий ҳисобини юритиш ва фондини ўрганиш, шунингдек, пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш учун озуқа базасини яхшилаш соҳасида:

янги тутзорларни барпо этиш, тут қаторларини кенгайтириш ва мавжуд тутзорларни модернизация қилиш орқали пиллачиликнинг озуқа базасини мустаҳкамлаш, яйловлар унумдорлигини ошириш ҳамда яйлов ўсимликлари уруғчилигини йўлга қўйишга илмий, амалий ва методик ёрдам кўрсатади;

тут қаторлари ва тутзорларни кенгайтириш мақсадида суғориладиган ер майдонлари ажратиш бўйича тегишли давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан ўзаро самарали ҳамкорликни таъминлайди;


в) ипак қуртининг ва қоракўл зотли қўйларнинг юқори даражада маҳсулдор наслларини жорий қилиш соҳасида:

тармоққа кирувчи ташкилотларга ипак қуртининг юқори маҳсулдор зотларини яратиш, парвариш қилиш ва сифатли уруғ ишлаб чиқаришни йўлга қўйишда кўмаклашади;

қоракўлчиликда наслчилик ишларини яхшилаш ва наслчилик ишини илмий асосда такомиллаштиришда кўмаклашади;


г) пилла ва қоракўл терисидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш мақсадида хомашё тайёрлаш ва уни қайта ишлаш учун қулай шароитлар яратиш соҳасида:

пилла ва қоракўл терисидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш мақсадида хомашё тайёрлаш ва уни қайта ишлаш учун қулай шароитлар яратади;

ҳудудларда ипак, ипак чиқиндилари, жун ва пахта аралашмали гиламлар тўқишни ташкил этиш учун ҳунармандлар ва ташкилотларни керакли миқдорда хомашё ҳамда гилам тўқиш дастгоҳлари ва мосламалари билан таъминлаш чораларини кўради;

пиллачилик ва қоракўлчилик тармоғи ташкилотларининг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун кўмир, полиэтилен, полипропилен, минерал ўғитлар, ёқилғи-мойлаш материаллари ва бошқа зарур маҳсулотларни ўз вақтида, тартибга солинадиган нархлар бўйича ажратиш орқали белгиланган тартибда моддий-техника ресурсларини етказиб бериш ҳамда пиллачилик ва қоракўлчилик тармоғининг хўжалик юритувчи субъектларини электр энергияси ва табиий газ билан узлуксиз таъминлаш бўйича чоралар кўради;


д) маркетинг тадқиқотларини ўтказиш ҳамда ипак ва қоракўлдан тайёрланган маҳсулотларни, энг аввало, ташқи бозорларда сотишга кўмаклашиш соҳасида:

ипак ва қоракўлчилик маҳсулотларини сотиш бозорларини кенгайтириш бўйича маркетинг тадқиқотлари олиб бориш ҳамда ипак ва қоракўлдан тайёрланган маҳсулотларни, энг аввало, ташқи бозорларда сотишга кўмаклашади;

республика ҳудудлари бўйича пилла ва қоракўл етиштиришнинг прогноз ҳажмларини белгилайди, пилла ва қоракўл тайёрлаш ва қайта ишлаш ташкилотлари бўйича пилла ва қоракўл етиштириш учун буюртмаларни жойлаштиради;

сифатли пилла ва қоракўл етиштириш ва тайёрлаш, уни дастлабки қайта ишлаш, хом ипак ва ипак калава ишлаб чиқариш бўйича янги қувватларни ташкил этиш ва мавжудларини модернизация қилишни ташкил этади;


е) пиллачилик ва қоракўлчилик билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига ўз фаолиятини кенгайтириш, кластерлар ташкил этиш ва маҳсулотни экспорт қилишда ҳар томонлама ёрдам бериш соҳасида:

тармоққа хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш ва ресурсларни тежайдиган замонавий технологияларни жорий этишга кўмаклашади;

ипакдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш ва унинг сифатини янада яхшилаш, энг харидоргир турлари ва дизайнини ўзлаштириш, тармоқ маҳсулотларини халқаро талабларга мувофиқ сертификатлаштириш ва стандартлаштиришни таъминлайди, сифат менежментининг замонавий усулларини кенг жорий этишга доир ишларни самарали ташкил этади;

пиллачилик ва қоракўлчилик тармоғини ривожлантириш борасида ипак ва қоракўл маҳсулотлари нархини шакллантиришнинг мақбул механизмини яратиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқади, тайёр ипак ва қоракўлдан тайёрланган маҳсулотлар экспорти ҳажмини оширади ҳамда ички ва ташқи бозордаги нархлар мониторингини юритади;

халқаро сифат стандартларини жорий қилиш ва қўлда тўқилган гиламчилик маҳсулотларини экспорт қилиш ишларини ташкил этишга яқиндан кўмаклашади;

пилла ва қоракўл етиштириш ва тайёрлаш ҳажмларини босқичма-босқич кўпайтириш, уларнинг сифатини янада яхшилаш ҳамда маҳсулдорлигини оширишга кўмаклашади.

Қўмита қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Қўмита ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бевосита, шунингдек, ҳудудий бошқармалар ҳамда унга идоравий мансуб бўлган тузилмалар орқали амалга оширади.



2-§. Қўмита марказий аппаратининг асосий

вазифалари ва функциялари


11. Қуйидагилар Қўмита марказий аппаратининг асосий вазифалари ҳисобланади:

ҳудудий бошқармалар ва идоравий мансуб ташкилотлар билан биргаликда Қўмитага юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилишини таъминлаш;

тут плантациялари ва яйловларнинг қатъий ҳисобини юритиш ва фондини ўрганиш, шунингдек, пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш учун озуқа базасини яхшилаш чоралари ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини назорат қилиш;

ипак қурти ва қоракўл зотли қўйларнинг юқори даражада маҳсулдор наслларини жорий қилиш;

пилла ва қоракўл терисидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш мақсадида хомашё тайёрлаш ва уни қайта ишлаш учун қулай шароитлар яратиш;

маркетинг тадқиқотларини ўтказиш ҳамда ипак ва қоракўлдан тайёрланган маҳсулотларни, энг аввало, ташқи бозорларда сотишга кўмаклашиш;

пиллачилик ва қоракўлчилик билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига ўз фаолиятини кенгайтириш, кластерлар ташкил этиш ва маҳсулотни экспорт қилишда ҳар томонлама ёрдам бериш;

давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг пиллачилик ва қоракўлчилик тармоғидаги фаолияти мувофиқлаштирилишини таъминлаш;

пиллачилик ва қоракўлчилик тармоғида мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ишларини ташкил этиш;

пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш.


12. Қўмита марказий аппарати ўзига юкланган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:

Қўмита ва унинг раҳбарияти фаолиятини ташкилий ва ахборот-таҳлил жиҳатдан таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ҳукумат қарорларининг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари томонидан бажарилиши юзасидан тизимли назоратни таъминлайди;

Қўмита томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиладиган ҳужжатлар лойиҳаларининг сифатли ва ўз вақтида ишлаб чиқилишини ҳамда уларнинг иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказилишини ташкил этади;

Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари ва унга идоравий мансуб бўлган ташкилотлар фаолиятига раҳбарлик қилади, мувофиқлаштиради ва назорат қилади;

Қўмита фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлайди;

Қўмитанинг ваколатига кирувчи тезкор, ташкилий, кадрлар, молиявий, ишлаб чиқариш-хўжалик ҳамда бошқа масалалар бўйича қарорлар қабул қилади;

пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш бўйича давлат органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фаолиятини мувофиқлаштиради;

пиллачилик ва қоракўлчиликни янада ривожлантириш ҳамда тармоқларда тадбиркорлик учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар киритади;

пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш соҳасидаги илғор халқаро тажрибани тизимли ўрганади ва жорий этади;

вазирликлар ва идораларни жалб этган ҳолда, пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантиришга қаратилган стратегик дастурлар, "йўл хариталари" ва бошқа дастурий ҳужжатларни ишлаб чиқади;

пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш соҳасида хорижий мамлакатларнинг тегишли органлари ва халқаро ташкилотлар билан ҳар томонлама ҳамкорликни ташкил қилади;

пиллачилик ва қоракўлчилик тармоғида фаолият юритаётган кластерларнинг электрон рўйхатини юритади ва эълон қилади;

пиллани қайта ишловчи корхоналарнинг ўзларига карашли озуқа базаси яратилишини, пилла хомашёси етиштиришнинг инновацион технологиялари кенг жорий этилишини ҳамда экспортга йўналтирилган юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулот ҳолига келтирилгунга кадар чуқур қайта ишлашни ўз ичига олган пиллачилик кластерлари ташкил қилинишини таъминлайди;

қоракўл зотли қўйларни кўпайтиришга мўлжалланган барча яйловларни Қўмитанинг доимий эгалигига олади ва уларнинг мустақил равишда, шу жумладан ноль ставкада қоракўлчилик кластерларига ижарага берилишини таъминлайди;

республиканинг яйловларга эга барча ҳудудларида озуқа базасини яратган ҳолда, майда шохли наслдор молларни кўпайтириш, шунингдек, мол сўйиш, тери ва жунни қайта ишлаш, гўшт-сут маҳсулотлари, ярим тайёр ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил қилиш бўйича қоракўлчилик кластерлари ташкил қилинишини таъминлайди;

қоракўлчилик кластерларига қоракўл зотли қўйларни боқишга мўлжалланган, шу жумладан ўрмон билан қопланмаган ўрмон фонди ерларидан яйловлар ижарага берилишини таъминлайди;

қоракўлчилик кластерлари билан яйловлардан самарали фойдаланиш, уларнинг ҳолати ёмонлашиб кетишига йўл қўймаслик, илмий ва инновацион ёндашувларни қўллаган ҳолда майда шохли наслдор молларни кўпайтириш, кластер иштирокчилари ўртасида кооперация алоқаларини йўлга қўйиш орқали хомашёни чуқур қайта ишлашни ва маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича мажбуриятларни юклаган ҳолда шартномалар имзолайди;

Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти ҳамда Бухоро чўл-яйлов озуқабоп ўсимликлар уруғчилиги илмий-ишлаб чиқариш марказининг қоракўлчилик кластерлари билан яқиндан ҳамкорлик қилишини ташкил этади ва таъминлайди;

пиллачилик ва қоракўлчилик тармоғида фаолият юритувчи субъектларни давлат органларининг ноқонуний қарорларидан, уларнинг мансабдор шахсларининг ҳаракатларидан (ҳаракатсизлигидан) ўз ваколатлари доирасида ҳимоя қилади;

давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан киритиладиган ва қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ва амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек, бошқа ҳужжатларни уларнинг пиллачилик ва қоракўлчилик тармоғига таъсири юзасидан экспертизадан ўтказади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш ҳамда уларни қабул қилиш мақсадга мувофиқ эмаслиги бўйича таклифлар киритади;

пиллачилик ва қоракўлчилик тармоғига салбий таъсир кўрсатадиган қонун ҳужжатлари ва давлат органлари қарорларини бекор қилиш бўйича таклифлар киритади.

Қўмитанинг марказий аппарати қонун ҳужжатларига ва қўмита раҳбариятининг топшириқларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.



3-§. Қўмита ҳудудий бошқармаларининг

асосий вазифалари ва функциялари


13. Қуйидагилар Қўмита ҳудудий бошқармаларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

Қўмитанинг ҳудудий бошқармаларига юкланган вазифалар ва функцияларни самарали бажариш;

тут плантациялари ва яйловларнинг қатъий ҳисобини юритиш ва фондини ўрганиш, шунингдек, пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш учун озуқа базасини яхшилаш ишларини ташкил этиш орқали:

янги тутзорларни барпо этиш, тут қаторларини кенгайтириш ва мавжуд тутзорларни модернизация қилиш орқали пиллачиликнинг озуқа базасини мустаҳкамлаш, яйловлар унумдорлигини ошириш ҳамда яйлов ўсимликлари уруғчилигини йўлга қўйиш;

тут қаторлари ва тутзорларни кенгайтириш мақсадида суғориладиган ер майдонлари ажратиш бўйича тегишли давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан худудларда Қўмитанинг ҳамкорлигини таъминлаш;

ипак қуртининг ва қоракўл зотли қўйларнинг юқори маҳсулдор наслларини жорий қилиш:

худудлардаги тармоққа кирувчи ташкилотларга ипак қуртининг юқори маҳсулдор зотларини яратиш, парвариш қилиш ва сифатли уруғ ишлаб чиқаришга кўмаклашиш;

пилладан ва қоракўл терисидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш мақсадида хомашё тайёрлаш ва уни қайта ишлаш учун қулай шароитлар яратиш:

ҳудудларда ипак, ипак чиқиндилари, жун ва пахта аралашмали гиламлар тўқишни ташкил этиш учун ҳунармандлар ва ташкилотларни керакли миқдорда хомашё ҳамда гилам тўқиш дастгоҳлари ва мосламалари билан таъминлаш чораларини кўриш;

пиллачилик ва қоракўлчилик билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига ўз фаолиятини кенгайтириш, кластерлар ташкил этиш ва маҳсулотни экспорт қилишда ҳар томонлама ёрдам бериш:

ипак ва қоракўл маҳсулотини сотиш бозорларини кенгайтириш бўйича маркетинг тадқиқотлари олиб бориш ҳамда ипак ва қоракўлдан тайёрланган маҳсулотларни, энг аввало, ташқи бозорларда сотишга кўмаклашиш.


14. Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари ўзларига юкланган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:

ҳудудий бошқарма ва унинг раҳбарияти фаолиятини ташкилий ва ахборот-таҳлил жиҳатдан таъминлайди;

ҳудудий бошқарма фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлайди;

ҳудудий бошқарманинг ваколатига кирувчи тезкор, ташкилий, кадрлар, молиявий, ишлаб чиқариш-хўжалик ҳамда бошқа масалалар бўйича қарорлар қабул қилади;

қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар киритади;

пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш соҳасидаги илғор халқаро тажрибани тизимли ўрганади ва жорий этади;

пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантиришга қаратилган стратегик дастурлар, "йўл хариталари" ва бошқа дастурий ҳужжатларни ишлаб чиқиш бўйича таклифлар киритади;

ўз ваколатлари доирасида пиллачилик ва қоракўлчилик тармоғида фаолият юритувчи субъектларни қонуний ҳимоя қилишни таъминлайди;

пиллачилик ва қоракўлчилик тармоғида хўжалик юритувчи субъектларга тенг шарт-шароитларни таъминлаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатларнинг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан бажарилишини ўз ваколатлари доирасида назорат қилади;

пиллани қайта ишловчи корхоналарнинг ўзларига карашли озуқа базаси яратилишини, пилла хомашёси етиштиришнинг инновацион технологиялари кенг жорий этилишини ҳамда экспортга йўналтирилган юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулот ҳолига келтирилгунга кадар чуқур қайта ишлаш ташкил этилишининг мониторингини юритади ва Қўмитага тегишли маълумотлар киритиб боради;

қоракўлчилик кластерларининг ташаббускорлари томонидан яйловлардан самарали фойдаланиш, уларнинг ҳолати ёмонлашиб кетишига йўл қўймаслик, илмий ва инновацион ёндашувларни қўллаган ҳолда майда шохли наслдор молларни кўпайтириш, кластер иштирокчилари ўртасида кооперация алоқаларини йўлга қўйиш орқали хомашёни чуқур қайта ишлашни ва маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкил этиш ишларини мониторинг қилади ва Қўмитага тегишли маълумотлар киритиб боради.

Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари қонун ҳужжатларига ва Қўмита раҳбариятининг топшириқларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.



4-§. Қўмитанинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги


15. Қўмита ўзига юкланган асосий вазифалар ва функцияларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан Қўмита ваколатига тегишли масалаларни ҳал қилиш учун зарур бўлган ахборотни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

Қўмита ваколатига тегишли масалалар бўйича зарур статистика маълумотларини давлат статистика органларидан бепул олиш;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ёки Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек, Қўмитага юкланган вазифа ва функцияларни бажариш билан боғлиқ бўлган бошқа ҳужжатларни белгиланган тартибда киритиш;

вазирликлар ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш, зарур ҳолларда, бошқа вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қўшма қарорлар ва бошқа ҳужжатлар чиқариш;

Қўмитанинг ваколатига кирадиган масалаларда давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фаолиятини мувофиқлаштириш;

Қўмита ва унинг ҳудудий бошқармаларининг давлат мулкини ўзининг ташкилий тузилмаси доирасида бир ҳудудий бошқармадан бошқасига бепул фойдаланиш ҳуқуқи асосида белгиланган тартибда ўтказиш;

Қўмита ходимларини уларнинг тегишли соҳадаги фаолиятининг асосий кўрсаткичлари бўйича параметрларни бажарганликларини ҳисобга олган ҳолда моддий рағбатлантириш тартиби, миқдори ва шартларини белгилаш;

Қўмита ваколатларига кирадиган масалалар бўйича таклифларни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига, давлат бошқаруви органларига, хўжалик бирлашмаларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига киритиш;

Қўмита ваколатларига кирадиган масалалар бўйича идоралараро тусдаги халқаро шартномаларни белгиланган тартибда тузиш;

Қўмита ваколатларига кирадиган масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси манфаатларини белгиланган тартибда халқаро даражада ифода этиш;

пиллачилик ва қоракўлчилик тармоқларининг муаммолари бўйича жамоатчилик, консультатив, илмий-техник ва бошқа кенгашлар, идоралараро эксперт комиссиялари ташкил этиш, махсус кенгашлар чақириш, шунингдек, пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш билан боғлиқ узоқ муддатли дастурлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, ушбу соҳада давлат сиёсатини юритиш ва бошқа масалаларни ҳал этиш учун илмий-тадқиқот, лойиҳалаш, конструкторлик ташкилотлари, олий таълим муассасалари ва юридик шахсларнинг вакилларини ҳамда жисмоний шахсларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жалб этиш;

яйловларни қоракўлчилик кластерларига мустақил равишда, шу жумладан ноль ставкада ижарага бериш;

судларга даъво аризалари ва аризалар киритиш, ўзининг ваколатига кирадиган масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бузилиши билан боғлиқ ишларнинг кўриб чиқилишида суд жараёнларида иштирок этиш;

пиллачилик ва қоракўлчилик тармоқларига оид божхона тарифларини ўзгартириш, квоталарни жорий этиш ёки бекор қилиш, шунингдек, солиқлар ва йиғимларни тўлаш бўйича имтиёзлар бериш ёхуд имтиёзларни бекор қилиш, имтиёзли кредитлар бериш ва давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг бошқа турларини қўллаш тўғрисида тегишли давлат органларига таклифлар киритиш;

Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари ва унга идоравий мансуб бўлган ташкилотлар томонидан қабул қилинган қарорлар ва буйруқларни бекор қилиш, тўхтатиб туриш (тўлиқ ёки қисман) ёхуд уларни қонунчиликка мувофиқлаштириш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

пиллачилик ва қоракўлчилик тармоқларини ривожлантириш соҳасида хорижий ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни амалга ошириш;

хорижий мутахассисларни ходимлар ва маслаҳатчилар сифатида жалб қилиб, уларга, истисно тариқасида, Қўмитанинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан иш ҳақи ва бошқа тўловлар миқдорларини белгилаш.

Қўмита қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


16. Қўмитанинг фаолият соҳасига кирувчи масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари мажбурий тартибда у билан келишилиши шарт.


17. Қўмита:

ўзига юкланган асосий вазифалар ва функцияларни самарали бажариш, шунингдек, пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш соҳасидаги давлат сиёсатининг самарали амалга оширилиши;

ўз фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичларга эришишни сўзсиз таъминланиши;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг, шунингдек, Қўмита томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг сифати, пировард натижалари ва амалга оширилиши оқибатлари;

пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш соҳасидаги дастурлар, чора-тадбирлар, "йўл хариталари" ва бошқа дастурий ҳужжатлар самарали амалга оширилиши учун жавоб беради.



5-§. Қўмита марказий аппаратининг

ҳуқуқлари ва жавобгарлиги


18. Қўмита марказий аппарати ўзига юкланган асосий вазифалар ва функцияларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат бошқаруви органларидан, хўжалик бирлашмаларидан, Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлардан масалаларни таҳлил қилиш ва ўрганиб чиқиш учун зарур бўлган материаллар ва маълумотларни, Қўмита марказий аппаратида кўриб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини сўраш ва олиш;

хорижий малакали мутахассисларни ходимлар ва маслаҳатчилар сифатида жалб қилиш, Қўмитага юкланган вазифаларни бажариш мақсадида эксперт комиссиялари ва ишчи гуруҳларни ташкил қилиш ҳамда уларни бюджетдан ташқари ва бошқа маблағлар ҳисобидан мукофотлаш;

зарурат бўлганда, белгиланган тартибда Қўмитада кўриб чиқиладиган масалаларни ўрганиб чиқиш, ахборот ва таҳлилий материалларни, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш учун Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлар раҳбарлари ва вакилларини жалб қилиш, ушбу мақсадлар учун эксперт комиссиялари ва ишчи гуруҳлар ташкил қилиш;

Қўмитанинг ҳудудий бошқармаларидан ва идоравий мансуб ташкилотларидан улар томонидан киритилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилиши охирига етказилишини талаб қилиш, зарурат бўлганда уларни камчиликларни бартараф этиш учун қайтариш;

Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари раҳбарлари иштирокида мажлислар ўтказиш;

Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари раҳбарларига белгиланган тартибда тезкор ҳал қилишни талаб қиладиган ва Қўмитага юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ масалалар бўйича топшириқлар бериш;

Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотларининг Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг топшириқлари, шунингдек, Қўмита ва унинг раҳбарияти ҳужжатлари ва топшириқлари бажарилиши бўйича фаолиятини ўрганиш ва текшириш;

Қўмита марказий аппаратида пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш муаммолари бўйича жамоатчилик, маслаҳат, илмий-техник ва бошқа кенгашлар, идоралараро эксперт гуруҳларини ташкил этиш, йиғилишлар чақириш, шунингдек, пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш билан боғлиқ узоқ муддатли дастурлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, пиллачилик ва қоракўлчилик тармоқларида давлат сиёсатини юритиш ва бошқа масалаларни ҳал этиш учун илмий-тадқиқот, лойиҳалаш, конструкторлик ташкилотлари, олий таълим муассасалари ва юридик шахслар вакиллари ҳамда жисмоний шахсларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жалб этиш;

судларга даъво аризалари ва аризалар топшириш, суд жараёнларида ўзининг ваколатига кирадиган масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг бузилиши билан боғлиқ ишлар кўриб чиқилишида иштирок этиш;

Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари томонидан қабул қилинган қарорлар ва буйруқларни бекор қилиш, тўхтатиб туриш (тўлиқ ёки қисман) ёхуд уларни қонунчиликка мувофиқлаштириш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

яйловларни қоракўлчилик кластерларига мустақил равишда, шу жумладан ноль ставкада ижарага бериш;

пиллачилик ва қоракўлчилик тармоқларини ривожлантириш соҳасида хорижий ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни амалга ошириш.

Қўмита марказий аппарати қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


19. Қўмита марказий аппарати:

Қўмитага юкланган вазифалар ва функциялар самарали бажарилиши, шунингдек, пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш соҳасида давлат сиёсати самарали амалга оширилиши;

Қўмита фаолияти билан боғлиқ бўлган прогноз кўрсаткичларга эришилишини сўзсиз таъминлаш бўйича Қўмита марказий аппарати бўлинмаларининг иши ташкил қилиниши;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг, шунингдек, Қўмита томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг сифати, пировард натижалари ва амалга оширилиши оқибатлари;

Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари томонидан пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш соҳасидаги дастурлар, чора-тадбирлар, "йўл хариталари" ва бошқа дастурий ҳужжатлар самарали амалга оширилиши ташкил қилиниши учун жавоб беради.



6-§. Қўмита ҳудудий бошқармаларининг

ҳуқуқлари ва жавобгарлиги


20. Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари ўзларига юкланган асосий вазифалар ва функцияларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмаларининг ҳудудий бошқармаларидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан ўзларининг ваколатларига кирадиган масалаларни ҳал қилиш учун зарур бўлган ахборотни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

Қўмита ваколатига тааллуқли бўлган муҳим муаммоларни ҳал қилиш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиш ва кўриб чиқиш бўйича ҳудудий миқёсдаги идоралараро комиссиялар ва кенгашларни ташкил қилиш;

ўз ваколатларига кирадиган масалалар бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти органларига таклифларни кўриб чиқиш учун киритиш;

судларга даъво аризалари ва аризалар топшириш, суд жараёнларида ўзининг ваколатларига кирадиган масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг бузилиши билан боғлиқ ишлар кўриб чиқилишида иштирок этиш.


21. Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари:

ўзларига юкланган асосий вазифалар ва функциялар сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминланиши;

Қўмита ҳудудий бошқармаларининг фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичларга эришиш таъминланиши;

Қўмитага киритиладиган ҳужжатлар лойиҳалари ва таклифларнинг, шунингдек, Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг сифати, пировард натижалари ва амалга оширилиши оқибатлари;

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар туманларида (шаҳарларда) пиллачилик ва қоракўлчилик тармоқлари бўйича аниқланган муаммолар ҳар томонлама ва чуқур таҳлил қилиниши ҳамда умумлаштириш асосида таклифлар тайёрланиши;

Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятларда пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантиришга оид дастурлар, чора-тадбирлар, "йўл хариталари" ва бошқа дастурий ҳужжатлар самарали амалга оширилиши учун жавоб беради.



4-БОБ. ҚЎМИТА РАҲБАРЛАРИНИНГ

ФУНКЦИОНАЛ МАЖБУРИЯТЛАРИ


22. Қуйидагилар Қўмита раисининг асосий функционал мажбуриятлари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилиш;

Қўмита фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва бошқа қонун ҳужжатлари билан Қўмитага юкланган вазифалар ва функциялар бажарилишини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тасдиқланган Қўмитанинг фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича концепциялар, комплекс дастурлар ва комплекс тадбирлар бажарилишини танқидий ва чуқур таҳлил қилиш;

Қўмита, шунингдек, унинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичларга сўзсиз эришишни таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқилишини ташкил этиш ва амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси таркибий бўлинмалари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси котибиятлари, шунингдек, тегишли вазирликлар ва идоралар билан Қўмита фаолияти соҳасига кирадиган масалалар бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиш, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида масалаларни кўриб чиқишда иштирок этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг топшириқларини ўз вақтида ва сифатли бажариш;

ўз ўринбосарларининг ваколатларини белгилаш, улар ўртасида вазифаларни тақсимлаш, Қўмитанинг бошқа мансабдор шахслари ваколатларини белгилаш, ўз ўринбосарлари ва бошқа мансабдор шахсларнинг Қўмита фаолиятининг алоҳида қисмларига раҳбарлик қилиши учун шахсий масъулияти даражаларини белгилаш;

Қўмита фаолиятини режалаштиришни ташкил этиш, Қўмита ва ўз ўринбосарларининг ҳар чораклик иш режаларини тасдиқлаш, уларнинг бажарилиши юзасидан назоратни таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек, ижро интизоми мустаҳкамланиши мақсадида Президенти Администрациясининг тегишли таркибий бўлинмаларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида" 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон, шунингдек, "Давлат органлари ва ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 5 октябрдаги ПҚ-3962-сон қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини ташкил этиш ҳамда мониторинг олиб боришнинг амалий тизимини яратиш, Қўмита фаолиятида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни бажариш, шунингдек, Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чораларини кўриш;

Қўмита ходимларини тизимли равишда қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил қилиш;

Қўмита тизимида кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларнинг самарали фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш, Қўмитанинг кадрлар захирасини шакллантириш;

фаолият соҳасидаги масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари сифатли ишлаб чиқилишини, уларнинг "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида", "Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида" 2018 йил 8 августдаги ПФ-5505-сон Фармони, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 августдаги ПФ-5519-сон Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Регламенти ва Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 22 мартдаги 242-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламенти талабларига қатъий мувофиқ равишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ўз вақтида киритилишини ташкил этиш, шунингдек, уларнинг Вазирлар Маҳкамаси аппаратида ишлаб чиқилиши, Вазирлар Маҳкамаси раҳбарияти ҳузурида ҳимоя қилиниши ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясида кўриб чиқилишида иштирок этиш;

"Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида", "Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ва Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 17 октябрдаги 345-сон қарори билан тасдиқланган Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қонун лойиҳаларига доир фаолиятининг намунавий регламентига мувофиқ Қўмитанинг қонун лойиҳаларини тайёрлаш фаолиятини ташкил этиш;

Қўмитага тақдим этилган таклифлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг тўлиқ ва ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминлаш, уларни пухта иқтисодий, молиявий, ҳуқуқий экспертизадан ва бошқа экспертизадан ўтказиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Регламенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламентида белгиланган муддатларда уларни келишиш (виза қўйиш);

Қўмита раҳбарлари ва ходимларининг хизмат сафарларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида" 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон ва "Хорижий хизмат сафарларида бўлишнинг самарадорлиги ва хорижий делегацияларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифини ташкил этиш учун мансабдор шахсларнинг шахсий жавобгарлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 3 августдаги ПҚ-3170-сон қарорлари талабларига мувофиқ ташкил этиш, хизмат сафарларининг асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, сафар учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланишни таъминлаш;

ўз ўринбосарлари ва Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари ва унинг идоравий мансуб ташкилотлари раҳбарлари фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини мунтазам равишда танқидий таҳлил қилиш, Қўмита ҳайъати мажлисларида уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш, якунлари бўйича зарур чоралар кўриш;

Қўмита ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал қилиш, ўз ўринбосарларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортишга доир масалаларни кўриб чиқиш тўғрисида таклифлар киритиш;

Қўмита ходимлари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 мартдаги 62-сон қарори билан тасдиқланган Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари асосида тасдиқланган Қўмита ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этилишини таъминлаш;

"Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ Қўмита тизимида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш;

Қўмита ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда идоравий мансуб ташкилотлари ишини ташкил этишнинг замонавий шакллари жорий этилишини таъминлаш;

аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорлик қилишда, шу жумладан "ягона дарча" принципини жорий этиш орқали давлат хизматлари сифати ва самарадорлигини ҳамда улардан эркин фойдаланишни ошириш ҳамда "Электрон ҳукумат тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш доирасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишга доир самарали ишларни ташкил этиш, аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган муддатларда ва тартибда жисмоний шахсларни ва юридик шахслар вакилларини мунтазам равишда шахсан қабул қилиш, шу жумладан жойларга бориб қабул қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорликни, уларнинг фаолиятида Қўмита ходимлари ва раҳбарларининг фаол иштирок этишини ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Виртуал қабулхонасидан тушган мурожаатлари ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқилишини таъминлаш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларда, Ўзбекистон Республикаси судларида, шунингдек, давлат органлари, халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар вакиллари иштирокида ўтказиладиган расмий тадбирларда Қўмита номидан иштирок этиш;

Қўмитанинг ҳайъати мажлисларида раислик қилиш;

зарурат бўлганда, Қўмитанинг, шунингдек, ҳудудий бошқармалар ва идоравий мансуб ташкилотларнинг тузилмаларига ўзгартиришлар киритиш;

Қўмита марказий аппаратининг, шунингдек, ҳудудий бошқармалар ва идоравий мансуб ташкилотлар тузилмасини, штатлар жадвалини ва харажатлар сметасини тасдиқлаш;

Қўмита марказий аппаратининг таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомларни, шунингдек, Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари низомлари ва идоравий мансуб ташкилотлар уставларини белгиланган тартибда тасдиқлаш;

Қўмита марказий аппарати ходимлари, Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари раҳбарлари билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилиш;

Қўмита, Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотларининг мансабдор шахслари учун бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар чиқариш ва кўрсатмалар бериш, шунингдек, уларнинг бажарилишини белгиланган тартибда назорат қилиш;

Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотларининг мансабдор шахслари учун кўрсатмалар бериш ва уларнинг ижро этилишини назорат қилиш, шунингдек таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомларни, шунингдек ҳудудий бошқармалари фаолиятига тегишли низомлар, қоидалар, йўриқномалар ва бошқа ҳужжатларни тасдиқлаш;

пиллачилик ва қоракўлчилик тармоғида кадрларни тайёрлаш, ушбу соҳада фаолият юритаётган ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш чораларини кўриш;

пиллачилик ва қоракўлчилик тармоғидаги ходимларни ва мутахассисларни уларнинг кўп йиллик ва самарали фаолияти, алоҳида хизматлари учун Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотлари билан тақдирлаш учун белгиланган тартибда таклифлар киритишни таъминлаш ва мукофотлашга тавсиялар бериш;

бюджет маблағлари, бюджетдан ташқари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан ходимларни моддий рағбатлантириш ва Қўмита тизимининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантириш чораларини кўриш.


23. Қуйидагилар Қўмита раиси ўринбосарларининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилиш;

Қўмита раиси вақтинча бўлмаганда, тегишли буйруқ асосида унинг вазифаларини бажариш;

Қўмитанинг ўзи мутасаддилик қиладиган таркибий бўлинмалар фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва бевосита бошқариш, уларнинг ходимлари ўртасида вазифаларни тақсимлаш;

Қўмита фаолиятининг ўзи мутасаддилик қиладиган йўналишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тасдиқланган Қўмитанинг фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича концепциялар, комплекс дастурлар ва комплекс тадбирларнинг бажарилишини танқидий ва чуқур таҳлил қилиш;

ўзи мутасаддилик қиладиган таркибий бўлинмалар томонидан прогноз кўрсаткичларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш чораларини кўриш, бўлинмалар раҳбарларининг ҳисоботларини мунтазам равишда эшитиш ва ушбу кўрсаткичларга эришиш учун уларнинг шахсий масъулиятини ошириш;

ўзи мутасаддилик қиладиган таркибий бўлинмалар раҳбарларининг чораклик режаларини тасдиқлаш, уларнинг бажарилиши юзасидан назоратни таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек, ижро интизоми мустаҳкамланиши мақсадида Президенти Администрациясининг тегишли таркибий бўлинмалари раҳбарларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида" 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон, шунингдек, "Давлат органлари ва ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 5 октябрдаги ПҚ-3962-сон қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини ташкил этиш ҳамда мониторинг олиб боришнинг амалий тизимини яратиш, Қўмитанинг ўзи назорат қиладиган таркибий бўлинмалари фаолиятида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни бажариш, шунингдек, таркибий бўлинмалар раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чораларини кўриш;

Қўмита ҳайъати қарорлари, Қўмита раисининг буйруқлари ва топшириқлари ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

ўзи мутасаддилик қиладиган таркибий бўлинмаларда ходимларни танлаш ва жой-жойига қўйиш бўйича Қўмита раисига таклифлар киритиш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалар томонидан сифатли ишлаб чиқилишини ташкил этиш, мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмаларда тайёрланган ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқиш ва улар кейинчалик Қўмита раиси томонидан кўриб чиқилиши, имзоланиши (виза қўйилиши) учун виза қўйиш, уларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Регламенти талабларига қатъий мувофиқ равишда Вазирлар Маҳкамасига ўз вақтида киритилишини таъминлаш, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси аппаратида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда Қўмита раисининг топшириғига биноан иштирок этиш;

Қўмитага тақдим этилган таклифлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тўлиқ ва ҳар томонлама кўриб чиқиш, уларни пухта иқтисодий, молиявий, ҳуқуқий ва бошқа экспертизадан ўтказиш;

хизмат сафарларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон ва "Хорижий хизмат сафарларида бўлишнинг самарадорлиги ва хорижий делегацияларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифини ташкил этиш учун мансабдор шахсларнинг шахсий жавобгарлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 3 августдаги ПҚ-3170-сон қарорлари талабларига тўлиқ мувофиқ амалга ошириш, хизмат сафарларининг асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, сафар учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланишни таъминлаш;

ўзи мутасаддилик қиладиган таркибий бўлинмалар раҳбарлари фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини мунтазам равишда танқидий таҳлил қилиш;

ўзи мутасаддилик қиладиган таркибий бўлинмалар раҳбарлари ва ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш бўйича Қўмита раисига таклифлар киритиш;

Қўмита ходимларининг Одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя қилишини, мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалар раҳбарлари ва ходимларининг ушбу қоидаларга риоя этишини таъминлаш;

ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш;

давлат хизматлари кўрсатиш самарадорлиги, сифати ва қулайлигини ошириш бўйича Қўмита раисига таклифлар киритиш;

"Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган муддатларда ва тартибда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича самарали ишларни ташкил этиш, аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, жисмоний шахсларни ва юридик шахслар вакилларини мунтазам равишда шахсан қабул қилиш, шу жумладан жойларга бориб қабул қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорлик қилиш, уларнинг фаолиятида фаол иштирок этиш, жисмоний ва юридик шахслар вакилларининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасидан тушган мурожаатлари ўз вақтида ва тўлақонли кўриб чиқилишини таъминлаш;

давлат сирига киритилган маълумотлар ва махфий ахборот билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш.



5-БОБ. ҚЎМИТА РАҲБАРЛАРИНИНГ

ЖАВОБГАРЛИГИ


24. Қўмита раиси:

Қўмитага юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши;

Қўмитанинг жавобгарлик соҳалари бўйича;

ўзининг функционал мажбуриятларини сифатли бажариш учун шахсан жавоб беради.


25. Қўмита раисининг ўринбосарлари:

Қўмитага юкланган асосий вазифалар ва функцияларнинг ўзи мутасаддилик қиладиган таркибий бўлинмаларда бажарилиши;

Қўмитанинг жавобгарлик соҳалари бўйича ўзи назорат қиладиган масалалар юзасидан;

ўзининг функционал мажбуриятларини сифатли бажариш учун шахсан жавоб берадилар.



6-БОБ. ҚЎМИТА ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


1-§. Қўмита раҳбарияти


26. Қўмитага Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган раис раҳбарлик қилади.


27. Қўмитага раисининг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.


28. Қўмита раиси мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш ва тиббий хизмат кўрсатиш шартларига кўра - вазирга, унинг биринчи ўринбосари - вазирнинг биринчи ўринбосарига, ўринбосари - тегишли равишда вазир ўринбосарларига, Қўмитанинг марказий аппарати ходимлари - вазирликлар марказий аппарати, ҳудудий бўлинмалари ходимлари эса - вазирликлар ҳудудий бўлинмалари ходимларига тенглаштирилади.


29. Раис бўлмаган вақтда, унинг ваколатлари раиснинг биринчи ўринбосари томонидан, у бўлмаган вақтда эса - раиснинг буйруғига мувофиқ бошқа ўринбосар томонидан амалга оширилади.


30. Қўмита марказий аппарати бўлимлари (шўъбалари) бошлиқлари ва ходимлари, ҳудудий бошқармалар бошлиқлари ва бошлиқ ўринбосарлари, шунингдек, идоравий мансуб ташкилотларнинг раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари Қўмита раиси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.


31. Қорақалпоғистон Республикаси пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Қўмита билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Ҳудудий бошқармаларнинг ходимлари Қўмита раиси билан келишилган ҳолда, тегишли ҳудудий бошқарманинг бошлиғи томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.



2-§. Қўмита марказий аппарати таркибий

бўлинмаларининг ҳудудий бўлинмалар ва идоравий

мансуб ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги


32. Қўмита марказий аппарати таркибий бўлинмаларининг ҳудудий бошқармалар ва идоравий мансуб ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги марказий аппарат таркибий бўлинмаларининг раҳбарлари томонидан таъминланади.


33. Қўмита марказий аппаратининг таркибий бўлинмалари ҳудудий бошқармалар ва идоравий мансуб ташкилотлар билан ўз фаолиятлари йўналишлари бўйича ўзаро ҳамкорликда:

топшириқларни ҳудудий бўлинмалар ва идоравий мансуб ташкилотларга етказади ҳамда уларнинг бажарилишини назорат қилади;

Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотларига таркибий бўлинмаларнинг бевосита фаолияти масалалари бўйича сўровлар юборади ҳамда уларнинг ижро этилишини назорат қилади;

Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари фаолиятининг амалиётини текширади ва ўрганади, натижаларни умумлаштиради, уни такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва қабул қилади;

Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш ва фаолияти натижалари тўғрисида ҳисобот ва ахборот материаллари, статистика маълумотлари ва бошқа маълумотларнинг ўрганилишини ташкил қилади;

Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари иш режаларини таҳлил қилади, уларнинг фаолиятини режалаштиришни такомиллаштириш чораларини кўради;

Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотларидан тушган таклифларни кўриб чиқади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари иштирокини ташкил этади, пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича улардан тушган таклифларни кўриб чиқади.


34. Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари Қўмита марказий аппаратининг таркибий бўлинмалари билан ҳамкорлик қилади, шу жумладан:

Қўмита раҳбарияти топшириқлари ижроси ҳақида ахборот беради;

фаолиятнинг белгиланган соҳасида қонун ҳужжатларини амалга ошириш бўйича фаолият натижалари тўғрисида Қўмита марказий аппаратига ахборот тақдим этади;

уларнинг фаолиятини текшириш ва ўрганиш натижасида аниқланган ишдаги камчиликларни ва қоидабузарликларни бартараф этиш натижалари тўғрисида ахборот беради;

Қўмитанинг марказий аппаратига ўз фаолияти натижалари тўғрисидаги ҳисоботларни белгиланган тартибда ва муддатларда тақдим этади.


35. Қўмита марказий аппаратининг таркибий бўлинмалари ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлиги жараёнида юзага келадиган келишмовчиликлар Қўмита раисининг топшириғига биноан унинг тегишли ўринбосарлари томонидан кўриб чиқилади. Агар кўрсатиб ўтилган кўриб чиқишдан кейин келишмовчиликлар тартибга солинмаса, улар бўйича қарор бевосита қўмита раиси томонидан қабул қилинади.



3-§. Қўмитанинг давлат бошқарувининг бошқа органлари,

хўжалик бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти

органлари ва бошқа ташкилотлар билан

ўзаро ҳамкорлиги


36. Қўмита ўз вазифалари ва функцияларини амалга оширишда давлат бошқарувининг бошқа органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.


37. Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари ўз ваколатлари доирасида давлат бошқарувининг бошқа органлари, хўжалик бирлашмаларининг ҳудудий органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.



4-§. Қўмита ҳайъати ва бошқа органлар


38. Қўмитада раис (ҳайъат раиси), унинг ўринбосарлари (лавозими бўйича), марказий аппарат таркибий бўлинмаларининг фаолиятнинг асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи бошлиқлардан иборат таркибда ҳайъат тузилади.

Ҳайъат таркибининг сони ва шахсий таркиби Қўмитаси раисининг тақдимномаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.


39. Ҳайъатга қуйидаги вазифалар юкланади:

ушбу Низомда белгиланган Қўмита фаолиятининг асосий йўналишларини тайёрлаш ва амалга ошириш;

қонун ҳужжатларида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатларида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш учун Қўмита тизими ходимлари ва раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини ошириш чораларини кўриш, таркибий бўлинмалар ва ҳудудий бошқармалар ҳамда идоравий мансуб ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботларини тизимли асосда эшитишни ташкил этиш;

ҳар чоракда ва тизимли тарзда Қўмита фаолияти натижадорлигини кўриб чиқиш;

Ҳайъатнинг кенгайтирилган мажлисларини ўтказиш, шу жумладан сайёр йиғилишларни ташкил этиш орқали Қўмита фаолиятининг долзарб масалалари муҳокама қилинишини таъминлаш, шунингдек, юзага келган муаммоларни бартараф этиш бўйича тегишли қарорларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг қарорлари ва топшириқларида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш учун Қўмита раҳбарлари ва ходимларининг шахсий жавобгарлигини ошириш ва ижро интизомини мустаҳкамлаш.

Ҳайъат Қўмита ваколатларига кирувчи бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқишга ҳақлидир.


40. Ҳайъат мажлисига Қўмита ваколатига кирадиган масалалар бўйича давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари, бошқа ташкилотлар раҳбарлари таклиф қилиниши мумкин.


41. Ҳайъат мажлисида унинг таркибининг ярмидан ортиғи иштирок этса, Ҳайъат мажлиси қонуний ўтказилган деб ҳисобланади. Кўриб чиқилаётган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.


42. Ҳайъат қарорлари Қўмита раисининг буйруғи (Қўмитанинг қарорлари) билан амалга оширилади.


43. Қўмита раиси ва ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, Қўмита раиси мустақил равишда қарор қабул қилади.


44. Ҳайъатнинг фаолият юритиш тартиби ҳайъат томонидан тасдиқланадиган унинг регламенти билан белгиланади.


45. Қўмитада раиснинг биринчи ўринбосари (Кенгаш раиси), Қўмита фаолиятининг асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи айрим таркибий бўлинмалар раҳбарлари ва мутахассислари, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари ва бизнес-уюшмалар вакилларидан иборат таркибдаги Жамоатчилик маслаҳат кенгаши ташкил қилинади.


46. Жамоатчилик маслаҳат кенгашининг шахсий таркиби, аъзолари сони, шунингдек, унинг Низоми Қўмита раисининг буйруғи билан тасдиқланади.

Жамоатчилик маслаҳат кенгашининг мажлисида қабул қилинган қарорга асосан Кенгаш раисига унинг шахсий таркибига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилади.


47. Қуйидагилар Жамоатчилик маслаҳат кенгашининг асосий вазифалари ҳисобланади:

республикада пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган муаммоли масалаларни муҳокама қилиш;

пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантиришнинг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлашга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни амалда рўёбга чиқаришнинг механизмларини танқидий кўриб чиқиш;

қонунчилик базасини такомиллаштиришда иштирок этиш, шу жумладан Қўмитанинг кўриб чиқиши учун ишлаб чиқилаётган ва киритилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилиш орқали иштирок этиш.



7-БОБ. ҚЎМИТА ФАОЛИЯТИНИНГ

САМАРАДОРЛИГИНИ БАҲОЛАШ

МЕЗОНЛАРИ


48. Қўмита раиси, раиснинг биринчи ўринбосари ва раис ўринбосари, Қўмита ҳудудий бошқармалари бошлиқлари фаолиятининг самарадорлиги Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири томонидан тасдиқланадиган фаолият самарадорлигини баҳолаш мезонларига асосан баҳоланади.

Қўмита марказий аппарати бўлимлари (шўъбалари)нинг бошлиқлари, шунингдек, марказий аппарат ва ҳудудий бошқармалар ходимларининг, идоравий мансуб ташкилотлар раҳбарлари ва ходимларининг фаолияти Қўмита раиси томонидан тасдиқланадиган фаолият самарадорлигини баҳолаш мезонларига асосан амалга оширилади.


49. Қўмита фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш якунларига кўра Қўмита раҳбарлари ва ходимларини рағбатлантириш (мукофотлаш) ёки интизомий жазога тортиш чоралари кўрилади.



8-БОБ. ҚЎМИТА МАРКАЗИЙ АППАРАТИ ВА

УНИНГ ҲУДУДИЙ БОШҚАРМАЛАРИ ФАОЛИЯТИНИ

МОЛИЯЛАШТИРИШ ВА УЛАРНИНГ ХОДИМЛАРИНИ

МОДДИЙ РАҒБАТЛАНТИРИШ


50. Қўмита марказий аппарати фаолиятини молиялаштириш, ходимларига иш ҳақи тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш Ўзбекистон Республикаси республика бюджети ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан, Қўмита ҳудудий бошқармалари фаолиятини молиялаштириш, ходимларига иш ҳақи тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш Қорақалпоғистон Республикаси бюджети ва вилоятлар маҳаллий бюджетлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.


51. Қўмита марказий аппарати ва унинг ҳудудий бошқармалари ходимларининг иш ҳақи лавозим маоши, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган рағбатлантирувчи тўловлардан иборат бўлади.


52. Қўмита марказий аппарати ходимларининг лавозим маошларини Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига асосан белгилашда тариф коэффициенти 1,4 бараварга оширилган ҳолда, ҳудудий бўлинмалар ходимларининг лавозим маошларини Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига асосан белгилашда тариф коэффициенти 1,2 бараварга оширилган ҳолда қўлланилади.

Ушбу бандни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси республика бюджети ва маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


53. Қўмита марказий аппарати ва унинг ҳудудий бошқармалари ходимларига Қўмита ҳузуридаги бюджетдан ташқари жамғарма маблағлари ҳисобидан узоқ муддат хизмати учун қуйидаги миқдорда ҳар ойда устама тўланади (рағбатлантириш коэффициентини ҳисобга олган ҳолда, лавозим маошига нисбатан фоиз ҳисобида):

  

Иш стажи бўйича гуруҳ

Иш стаж учун устама миқдори

2 йилдан 5 йилгача

10 фоиз

5 йилдан 10 йилгача

20 фоиз

10 йилдан 15 йилгача

30 фоиз

15 йилдан 20 йилгача

40 фоиз

20 йилдан 25 йилгача

50 фоиз

25 йилдан юқори

60 фоиз

Узоқ муддат хизмати учун тўланадиган устама олиш ҳуқуқини берувчи иш стажи Қўмита томонидан тасдиқланадиган тартибга мувофиқ ҳисоблаб чиқилади.


54. Лавозим маошларига устамалар (рағбатлантириш коэффициентини ҳисобга олган ҳолда) ва бошқа рағбатлантириш тўловлари, шунингдек, Қўмитанинг марказий аппарати ва ҳудудий бошқармалари ходимларини моддий мукофотлаш Қўмита раиси томонидан тасдиқланадиган низомга мувофиқ тўланади.



9-БОБ. ҚЎМИТАНИНГ ҲИСОБОТ БЕРИШИ


55. Қўмита раҳбарлари Вазирлар Маҳкамаси олдида Қўмита фаолияти тўғрисида мунтазам равишда ҳисобот бериб боради.

Вазирлар Маҳкамасининг соҳага масъул раҳбари Қўмита раҳбарларининг уларга юкланган вазифаларни самарали бажариши бўйича фаолиятининг доимий мониторингини олиб боради, Қўмита фаолияти самарадорлигига холисона баҳо беради.

Мониторинг ва баҳолаш якунлари бўйича Қўмитанинг алоҳида ўрнак кўрсатган раҳбарлари, мансабдор шахслари ва ходимлари рағбатлантирилади ёхуд йўл қўйилган жиддий камчиликлар учун эгаллаб турган лавозимидан озод қилишгача жавобгарликка тортилади.


56. Қўмита марказий аппаратининг таркибий бўлинмалари раҳбарлари Қўмита раиси ва унинг ўринбосарлари олдида марказий аппарат фаолияти тўғрисида мунтазам равишда ҳисобот бериб боради.

Ўзларга юкланган вазифаларни самарали бажариши бўйича фаолиятининг доимий мониторингини олиб боради, марказий аппарат фаолияти самарадорлигига холисона баҳо беради.

Мониторинг ва баҳолаш якунлари бўйича марказий аппаратнинг алоҳида ўрнак кўрсатган раҳбарлари, мансабдор шахслари ва ходимлари рағбатлантирилади ёхуд йўл қўйилган жиддий камчиликлар учун эгаллаб турган лавозимидан озод қилишгача жавобгарликка тортилади.



10-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


57. Қўмитани қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 11 ноябрь


























Время: 0.0088
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск