ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси / Сейсмология /

Нефть ва газ конларини ўзлаштиришнинг сейсмогеодинамик жараёнларга таъсирини мониторинг қилиш тизими тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 25.11.2020 й. 746-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 25 ноябрдаги

746-сон қарорига

ИЛОВА



Нефть ва газ конларини ўзлаштиришнинг

сейсмогеодинамик жараёнларга таъсирини

мониторинг қилиш тизими тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси ҳудудида нефть ва газ конларини ўзлаштиришнинг сейсмогеодинамик жараёнларга таъсирини мониторинг қилиш тизимини (кейинги ўринларда - мониторинг тизими) жорий этиш ва унинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Нефть ва газ конларини ўзлаштиришнинг сейсмогеодинамик жараёнларга таъсирининг мониторинги (кейинги ўринларда - мониторинг) мунтазам кузатишлар, ахборотни йиғиш, тўплаш ва уни қайта ишлашни, геологик муҳит сейсмотектоник ҳолатини таҳлил қилиш, нефть ва газ конларини ўзлаштириш ва фаолиятнинг бошқа турлари таъсири остида ер қаърида содир бўлаётган геологик, сейсмогеодинамик ўзгаришлар мониторингини ўз ичига олади.


3. Мониторинг атроф табиий муҳитнинг давлат мониторинги тизимининг таркибий қисми ҳисобланади.


4. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


ер қаъри - ер қобиғининг тупроқ қатламидан қуйида жойлашган, тупроқ қатлами бўлмаганда эса ер юзасидан ёки сув объектлари тубидан қуйида жойлашган, геологик жиҳатдан ўрганиш ва ўзлаштириш мумкин бўлган чуқурликкача бўлган қисми;


мониторинг объекти - доимий равишда кузатув ишлари олиб бориладиган, унда кечаётган жараёнларни, улардаги ўзгаришларни ўз вақтида аниқлаш ва прогнозлаш учун олиб бориладиган табиий, техноген объект ёки унинг бир қисми;


мониторинг маълумоти - жараёнлар ва ҳодисаларни мунтазам ёки тезкор назорат қилиш ва кузатиш натижасида олинган маълумот тури;


сейсмиклик - турли кучдаги зилзилаларнинг вақт ва макон бўйича кузатилиши ва такрорланиши бўлиб, зилзилаларнинг ҳудудий тарқалиши, интенсивлиги ва бошқа хусусиятлари билан тавсифланади;


сейсмогеодинамик жараёнлар - зилзилалар содир бўлишига олиб келиши мумкин бўлган вақт ва маконда литосфера массаларининг чуқурликдаги ва ер юзасига яқин қисмида ҳаракатларини келтириб чиқарадиган жараёнлар;


сейсмик станция - зилзила, кучли портлашлар ёки бошқа кучли тебратувчи манбалар натижасида ҳосил бўлган сейсмик тўлқинларнинг ер юзасидаги тебранишларини ёзиб олиш (қайд этиш) учун мўлжалланган асбоб-ускуналар тўплами;


сейсмик мониторинг - сейсмик жараёнларни вақт ва маконда узлуксиз кузатиш;


сейсмик режим - муайян ҳудудда (минтақа) зилзилаларнинг 5 ўлчамли (кенглиги, узоқлиги, чуқурлиги, энергияси, вақти) муҳит бўйича ўзгариши;


техноген сейсмиклик - инсон фаолияти таъсири натижасида зилзиланинг юзага келиши ёки ортиб бориши;


фавқулодда вазият - одамлар қурбон бўлишига, уларнинг соғлиғи ёки атроф табиий муҳитга зарар етишига, жиддий моддий талафотлар келтириб чиқаришга ҳамда одамларнинг ҳаёт фаолияти шароити издан чиқишига олиб келиши мумкин бўлган ёки олиб келган авария, ҳалокат, хавфли табиий ҳодиса, табиий ёки бошқа офат натижасида муайян ҳудудда юзага келган ҳолат.


5. Нефть ва газ конларида табиий ва техноген зилзилаларни мониторинг қилиш, углеводородлар қазиб олинишининг сейсмик режимга таъсирини ўрганиш, ер ёриқлари бўйлаб регионал майдонларда кучланишларни баҳолаш ҳамда техноген омилларнинг тектоник кучланишларга таъсирини ўрганиш мониторинг тизимининг асосий мақсади ҳисобланади.


6. Қуйидагилар мониторинг тизимининг асосий вазифалари ҳисобланади:

нефть ва газ конларини ўзлаштиришнинг сейсмогеодинамик жараёнларга таъсирини мониторинг қилиш мақсадида мунтазам сейсмометрик, геофизик ва космик геодезия комплекс кузатувларини ташкил этиш ва амалга ошириш;

углеводород хомашёсини қазиб чиқараётган маҳаллий ва хорижий компанияларни нефть ва газ конларида сейсмикликнинг ўзгариши тўғрисидаги ахборот билан таъминлаш;

фавқулодда вазиятларни келтириб чиқарувчи кучли техноген зилзилаларнинг эҳтимоли ва кўламини прогнозлаштириш;

сейсмик режимнинг ўзгариши натижасида фавқулодда вазият юзага келиши ва геологик муҳитнинг сейсмогеодинамик ҳолати ўзгаришларининг алоҳида хавфли вазиятлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа манфаатдор ташкилотларга хабар бериш.



2-БОБ. МОНИТОРИНГ ТИЗИМИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

ВА МОНИТОРИНГНИ АМАЛГА ОШИРИШ ТАРТИБИ


7. Мониторинг тизими ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ ташкил этилади.


8. Мониторинг тизими маълум бир объектни вақт оралиғида кузатиш, маълумотлар сифатини таҳлил қилиш ва кузатув натижалари базасини яратиш учун қурилмалар, дастурлар ва усуллар мажмуасидан иборат.


9. Республика ҳудудида маҳаллий ва хорижий компаниялар томонидан ўзлаштирилаётган нефть ва газ конлари мониторинг объектлари ҳисобланади.


10. Мониторинг нефть ва газ конларида ўзаро ҳамкорлик асосида аниқ ажратилган объектлар бўйича мониторинг маълумотлари алмашинувини таъминлаш орқали амалга оширилади.


11. Мониторинг Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 12 майдаги 119-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг ер қаъри мониторингини олиб бориш тартиби тўғрисидаги низом, мазкур низом, шунингдек, нефть ва газ конларини ўзлаштириш шарт-шароитларига, конларни ишга тушириш режалари ва ер қаърининг тегишли участкасидаги фаолиятни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ амалга оширилади.

Мониторингни амалга ошириш методикаси Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг қўшма қарорлари билан тасдиқланади.


12. Мониторинг тизимида маҳаллий (ишлаб чиқариш) даражада сейсмологик, геофизик ва космик геодезия кузатувлари амалга оширилади.

Сейсмологик кузатувлар ўзлаштирилаётган нефть ва газ конлари ҳудудларида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Республика сейсмопрогностик мониторинг маркази томонидан ҳудудий сейсмикликни минтақавий ҳамда камида 4 та маҳаллий сейсмик станциялар ёрдамида мунтазам сейсмометрик ўлчовлар асосида ўрганиш орқали амалга оширилади. Кузатувлар натижалари бўйича ҳудудий сейсмиклик тўғрисида ахборотлар жамланади, қайта ишланади, маҳаллий зилзилалар базаси яратилади, техноген жараёнларнинг сейсмикликка таъсири баҳоланади.

Геофизик кузатувлар ўзлаштирилаётган нефть ва газ конлари ҳудудларида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ғ.О.Мавлонов номидаги Сейсмология институти (кейинги ўринларда - Сейсмология институти) томонидан геофизик майдонларнинг ўзгариши динамикасини майдон бўйича жойлаштирилган доимий ва қайта кузатув нуқталарида ўтказиладиган ўлчовлар асосида ўрганиш орқали амалга оширилади. Бунда қайта кузатув нуқталарида майдонларни ўлчаш цикллари ҳар чоракда камида бир марта ўтказилади. Кузатувлар натижалари бўйича конларни ўзлаштириш билан боғлиқ бўлган ўрганилаётган параметрлардаги ўзгаришлар аниқланади ҳамда ҳудуддаги сейсмогеодинамик ҳолат баҳоланади.

Космик геодезия кузатувлари ўзлаштирилаётган нефть ва газ конлари ҳудудларида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги томонидан ер қобиғининг замонавий вертикал ҳаракатлари ўзгаришининг динамикасини майдон бўйича жойлаштирилган қайта кузатув нуқталарида ўтказиладиган ўлчовлар асосида ўрганиш орқали амалга оширилади. Бунда қайта кузатув нуқталарида майдонларни ўлчаш цикллари йилига камида икки марта ўтказилади. Кузатувлар натижалари бўйича ҳудуддаги замонавий вертикал ҳаракатлар баҳоланади ҳамда сейсмогеодинамик жараёнлардаги конларни ўзлаштириш билан боғлиқ ўзгаришлар аниқланади.


13. Кузатувлар нефть ва газ конларида фойдаланиш учун белгиланган тартибда берилган контурлар доирасида амалга оширилади.


14. Мониторинг натижасида:

тектоник кучланишларга техноген омилларнинг таъсири аниқланади;

нефть ва газ конларини ўзлаштираётган маҳаллий ва хорижий компаниялар конлардаги сейсмогеодинамик ҳолатнинг ўзгариши тўғрисида ахборот билан таъминланади;

углеводородларни қазиб олишнинг сейсмогеодинамик жараёнларга таъсири баҳоланади;

фавқулодда вазиятларни келтириб чиқарувчи кучли зилзилаларнинг эҳтимоли ва кўлами прогноз қилинади;

сейсмологик, геофизик ва космик геодезия кузатувларининг маълумотлар базаси яратилади.


15. Мониторинг давомида олинган маълумотлар Сейсмология институтига, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Республика сейсмопрогностик мониторинг марказига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги томонидан бирламчи таҳлил қилинади ҳамда тегишли маълумотлар базаларига умумлаштирилади.

Уларга маҳаллий ва хорижий компаниялар томонидан мониторинг натижалари таҳлили билан солиштириш учун зарур нефть ва газ конларига ҳамда уларнинг эксплуатациясига тааллуқли маълумотлар тақдим этиб борилади.


16. Мониторинг маълумотларини комплекс таҳлил қилиш, тегишли хулоса бериш ва ҳисоботлар тайёрлаш Сейсмология институти томонидан амалга оширилади.


17. Мониторинг тизимини бошқариш ва давлат назоратини амалга ошириш Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан амалга оширилади.



3-БОБ. МОНИТОРИНГ МАЪЛУМОТЛАРИНИ

ТАҚДИМ ЭТИШ


18. Мониторинг давомида олинган ахборот, илмий таҳлил натижалари, хулоса ва амалий таклифлар белгиланган тартибда:

углеводород конлари ҳудудларида сейсмогеодинамик жараёнларнинг ўзгаришлари бўйича - нефть ва газ қазиб чиқарувчи маҳаллий ва хорижий компанияларга;

ер қаърида фавқулодда вазиятга олиб келувчи ҳолатлар аниқланганда - тезкорлик билан Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигига, нефть ва газ қазиб чиқарувчи маҳаллий ва хорижий компаниялар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларига тақдим этилади.


19. Мониторинг натижалари ҳақида берилган ахборотда сейсмик режим ва сейсмогеодинамик вазиятнинг ўзгаришларини ҳисобга олган ҳолда тегишли участкаларда ер қаърининг ҳолати тўғрисидаги маълумотлар, ҳисобга олиш, умумлаштириш, сақлаш ва белгиланган тартибда тегишли чора-тадбирлар кўриш учун хулосалар ва тавсиялар назарда тутилади.


20. Давлат органлари ва ташкилотларнинг раҳбарлари, шунингдек, ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини олган жисмоний шахслар мониторинг натижаларининг таҳлили ва улар билан солиштириш учун зарур бўладиган нефть ва газ конларининг ўзлаштирилиши бўйича маълумотнинг тўғрилиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ масъулдирлар.


21. Мониторинг маълумотларини тақдим этиш тақиқланмайди, давлат сирлари билан боғлиқ бўлган маълумотлар бундан мустасно.

Давлат сирларига оид маълумотларни умумлаштириш ва бериш тартиби ҳамда шартлари Ўзбекистон Республикасининг "Давлат сирларини сақлаш тўғрисида"ги Қонунида белгиланган тартибда амалга оширилади.



4-БОБ. МОНИТОРИНГ ТИЗИМИ

ФАОЛИЯТИНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ


22. Мониторинг тизимининг фаолиятини молиялаштириш тегишли нефть ва газ конлари бўйича ишлаб чиқилган алоҳида техник топшириқ шартлари ҳамда бажариладиган ишлар ҳажмидан келиб чиқиб (ўрнатиладиган сейсмик станциялар сони, геофизик ва космик геодезия кузатувларининг ўлчаш циклларини ҳисобга олган ҳолда) ташкил этилади.


23. Мониторинг тизимини ташкил этиш ва унинг фаолияти билан боғлиқ ишларни молиялаштириш Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 12 майдаги 119-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг ер қаъри мониторингини олиб бориш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган тартибда амалга оширилади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


24. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.






Низомга

ИЛОВА



Нефть ва газ конларидан фойдаланишнинг сейсмогеодинамик

жараёнларга таъсирини мониторинг қилиш тизимининг

ташкилий-функционал

СХЕМАСИ

    

Мониторинг

объектлари


Республика ҳудудида маҳаллий ва хорижий компаниялар томонидан ўзлаштирилаётган нефть ва газ конлари

        


       








Мониторингни олиб борувчи давлат органлари


Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Республика сейсмопрогностик мониторинг маркази


Фанлар академияси Сейсмология институти


Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги

    


     








Мониторинг турлари


Сейсмометрик кузатувлар


Геофизик кузатувлар


Космик геодезия кузатувлари

  


   








Мониторингни амалга ошириш


Кузатувлар ўзлаштирилаётган нефть ва газ конлари ҳудудларида ҳудудий сейсмикликни минтақавий ҳамда камида 4 та маҳаллий сейсмик станциялар ёрдамида мунтазам сейсмометрик ўлчовлар асосида ўрганиш орқали амалга оширилади


Кузатувлар ўзлаштирилаётган нефть ва газ конлари ҳудудларида геофизик майдонларнинг ўзгариши динамикасини майдон бўйича жойлаштирилган доимий ва қайта кузатув нуқталарида ўтказиладиган ўлчовлар асосида ўрганиш орқали амалга оширилади


Кузатувлар ўзлаштирилаётган нефть ва газ конлари ҳудудларида ер қобиғининг замонавий вертикал ҳаракатлари ўзгаришининг динамикасини майдон бўйича жойлаштирилган қайта кузатув нуқталарида ўтказиладиган ўлчовлар асосида ўрганиш орқали амалга оширилади


      


      







Мониторинг натижалари


1. Тектоник кучланишларга техноген омилларнинг таъсири аниқланади.


2. Нефть ва газ конларини ўзлаштираётган маҳаллий ва хорижий компаниялар конлардаги сейсмогеодинамик ҳолатнинг ўзгариши тўғрисида ахборот билан таъминланади.


3. Углеводородларни қазиб олишнинг сейсмогеодинамик жараёнларга таъсири баҳоланади.


4. Фавқулодда вазиятларни келтириб чиқарувчи кучли зилзилаларнинг эҳтимоли ва кўлами прогноз қилинади.


5. Сейсмологик, геофизик ва космик геодезия кузатувларининг маълумотлар базаси яратилади.

      


     






Мониторинг маълумотларини комплекс таҳлил қилиш


Фанлар академияси Сейсмология институти

  


     







Мониторинг маълумотларини тақдим этиш


Углеводород хом ашёсини қазиб чиқараётган маҳаллий ва хорижий компаниялар


Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари

           

           

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 26 ноябрь















































Время: 0.0022
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск