ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Фуқаролик ва оила қонунчилиги / Никоҳ ва оила / Кон-кариндошлик. Болаларнинг насл-насабини белгилаш. Алимент мажбуриятлари. Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялаш /

Ижтимоий етимликнинг олдини олиш хизматларининг фаолиятини ташкил қилиш тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 21.11.2020 й. 738-сон қарорига 3-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 21 ноябрдаги

738-сон қарорига

3-ИЛОВА



Ижтимоий етимликнинг олдини олиш хизматларининг

фаолиятини ташкил қилиш тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган болалар ва оилалар учун SOS Ўзбекистон болалар маҳаллалари уюшмасининг ижтимоий етимликнинг олдини олиш хизматларини (кейинги ўринларда - хизмат) ташкил этиш, уларнинг мақоми ва фаолият тартибини белгилайди.


2. Хизмат SOS Ўзбекистон болалар маҳаллалари уюшмаси филиалининг (кейинги ўринларда - филиал) таркибий бўлинмаси ҳисобланади.

Хизмат оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган болалар ҳамда оилаларнинг ҳаётини яхшилашга қаратилган ижтимоий хизматлар кўрсатиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан келишган ҳолда SOS Ўзбекистон болалар маҳаллалари уюшмаси бошқарувининг қарорига асосан ташкил қилинади.


3. Хизмат ходимларининг функционал вазифалари ҳамда ижтимоий хизматлар турлари SOS Ўзбекистон болалар маҳаллалари уюшмаси (кейинги ўринларда - уюшма) томонидан тасдиқланади.



2-БОБ. ХИЗМАТНИНГ МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ


4. Хизматнинг мақсади оиладаги болаларнинг барча эҳтиёжларини қондира оладиган мустаҳкам оила фаолиятини шакллантириш орқали ижтимоий етимликни олдини олиш.


5. Хизматнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

болаларнинг оилада ўсиши ва ривожланиши учун қулай шароитлар яратиш орқали уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини рўёбга чиқариш;

оиланинг ички муносабатларида оиланинг барча аъзолари ўртасида самимийликни йўлга қўйиш;

болаларни тарбиялашда ота-оналарнинг билим даражасини ошириш ва ота-оналик кўникмаларини шакллантириш;

болалар ва оилаларнинг муаммоларини ижобий ҳал қилиш усуллари бўйича жамиятга кўмак кўрсатиш;

ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни жамиятга интеграциялаш, уларни жамиятдан ажратиш ва бошқа салбий стереотипларни бартараф қилиш;

болаларнинг ўз оилаларида яшаш ҳуқуқларини таъминлаш учун манфаатдор ташкилотлар ҳамкорлигини тузиш;

оилада болаларнинг ўсиши ва ривожланиши учун энг яхши муҳитни яратишга кўмаклашиш;

ижтимоий етимликнинг олдини олиш ва бартараф қилиш учун бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш.



3-БОБ. ХИЗМАТ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


6. Хизмат болалар ва уларнинг оилаларига кенг миқёсда ижтимоий, психологик хизматлар кўрсатади ва уларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлайди.


7. Хизмат филиал ҳудудида ва/ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки бошқа хамкор ташкилотлар ҳудудида (ижарага олинган биноларда) ташкил этилади.

Хизмат оилаларга хизмат кўрсатадиган мутахассисларнинг мобил гуруҳларини ҳам йўлга қўйиши мумкин.


8. Кўрсатиладиган хизмат турлари, кўлами ва давомийлиги уюшма томонидан тасдиқланган ички ҳужжатларга мувофиқ белгиланади.


9. Психологик хизматлар болалар ва ота-оналарнинг психологик барқарорлик даражасини ошириш, ҳаёт қийинчиликларига бардош бериш қобилиятини шакллантириш мақсадида уларнинг эҳтиёжларига мувофиқ якка тартибда ҳамда гуруҳ ҳолидаги маслаҳатлар, ташхислаш ва психологик коррекция чоралари шаклида кўрсатилади.


10. Хизмат ўзини ўзи ривожлантириш, ота-оналик кўникмалари, қаттиқ ҳаяжон ва ҳис-туйғуларни бошқариш, алоқа ўрнатиш, етакчилик, болаларни ривожлантириш психологияси, оиладаги низоларни бошқариш, ташқи дунё билан мулоқот қилиш кўникмаларини яхшилаш, жамиятга мослашиш қобилиятлари, шахсий гигиена кўникмалари, ўзини ўзи намоён этиш кўникмалари, соғлом турмуш тарзи ва бошқа ҳаётий кўникмалар бўйича тренинглар ташкил этади.


11. Хизмат болалар учун хизмат ҳиссий ва когнитив ривожланиш синфлари, мактабга тайёргарлик гуруҳлари, мактаб ёшидаги болалар учун куни узайтирилган гуруҳлар, мактабдан ташқари тадбирлар, компьютер саводхонлиги бўйича машғулотлар, шунингдек, мусиқа, рақс тўгаракларини ва бошқа тўгаракларни ташкиллаштириб беради.


12. Хизмат ёшларнинг эхтиёжидан келиб чиқиб, улар учун ўзига ўзи ёрдам гуруҳи, мунозара клублари, мавзули учрашувлар, ёшлар клублари ва бошқаларни ташкил этишда ёшларга кўмаклашади.


13. Хизмат болалар ва оилаларга тиббий ёрдам олишда, эмлаш, амбулаторияда, стационар, санаторийда даволаниш, тиббий реабилитация қилишда ёрдам беради. Бундан ташқари, дори-дармонлар, уй аптечкалари, махсус жиҳозлар ва шахсий фойдаланиш мосламалари (ногиронлиги бўлган шахслар аравачаси, эшитиш аппарати ва бошқалар) сотиб олишда ҳам ёрдам кўрсатади.

14. Хизматнинг ижтимоий ходимлари репродуктив саломатлик, жинсий йўл билан юқадиган касалликлар, ОИВ/ОИТС каби соҳаларда болалар ва катталарнинг хабардорлигини ошириш бўйича чора-тадбирларни ташкил этади.


15. Зарур ҳолларда хизмат болалар ва катталар билан саломатликка оид уларни қизиқтирадиган масалалар бўйича гуруҳ кўринишидаги махсус мунозараларни ўтказиш учун мутахассисларни таклиф қилади/ёллайди.


16. Давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлиқца хизмат болалар учун ёзги оромгоҳ ва санаторийларга йўлланма олишда ёрдам беради.


17. Хизмат қуйидаги йўналишлар бўйича якка тартибда ва гуруҳ шаклидаги маслаҳатлар, тренинглар, семинарлар ва учрашувларни ташкил этади:

ота-оналик кўникмаларини ошириш;

болаларни тарбиялаш масалаларида маслаҳатларни тақдим этиш;

ота-оналарнинг болалар ҳуқуқ ва эҳтиёжлари соҳасидаги билимларини ошириш;

ота-оналарнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари соҳасидаги билимларни ошириш.


18. Хизмат тутинган ота-оналар ва васийларни (ҳомийларни) қўллаб-қувватлаш мақсадида, шунингдек, болалари институционал тарбия муассасаларидан (болалар уйлари, меҳрибонлик уйлари, ва ҳ.к.) қайтиб келган оилаларнинг ота-оналарига мавзули машғулотларни ташкил этади.


19. Болаларини мактабгача таълим ташкилотида қолдириш имконига эга бўлмаган ота-оналар, ишламайдиган ва болаларини парвариш қилаётган ёш оналар учун уларнинг бандлигини таъминлашга, бошқа масалаларни ҳал қилишга ёрдам бериш мақсадида болаларнинг тегишли хизмат хонасида кундузги вақтда қолиш имконияти ташкил этилади.

Болаларни кундузги вақтда парвариш қилиш ота-оналар билан хизмат ўртасида тузилган келишувга кўра амалга оширилади.

Хизматнинг ушбу тури 1 ёшдан 6 ёшгача бўлган болалар учун мўлжалланган. Гуруҳда бир вақтнинг ўзида 5 дан ортиқ бола бўлмаслиги керак. Болалар кундузги парвариш гуруҳида бўлган вақтида мутахассислар томонидан болаларнинг ёши ва ривожланиш хусусиятларига қараб билимларини ривожлантиришга қаратилган ишлар олиб борилиши мумкин.


20. Хизмат оилаларга йўқолган ҳужжатларини тиклаш, мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тиклаш, ижтимоий нафақалар сўраб мурожаат қилиш учун ҳужжатларни расмийлаштириш, алимент олиш ва тўлаш каби ҳуқуқий хусусиятдаги масалаларни ҳал қилишда ёрдам беради.


21. Давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда хизмат касб-ҳунарга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, янги касб-ҳунарларни ўзлаштириш, улар бўйича стажировка қилиш ва ишга жойлашишда кўмаклашади.


22. Хизмат ўсмирлар учун касбга йўналтириш бўйича чора-тадбирларни ташкил қилади.


23. Оилаларнинг турмуш шароитини яхшилаш мақсадида, шунингдек, оиладаги инқирозли вазиятларда хизмат болалар ва оилаларга моддий ёрдам, шу жумладан, озиқ-овқат солинган пакетлар, кийим-кечак ва бошқа энг зарур буюмларни тақдим этиши мумкин.


24. Хизмат жамият аъзоларига, болалар ва ота-оналар учун миллий ва халқаро байрамларга бағишланган ижтимоий тадбирларни ташкил этишда ёрдам беради. Шунингдек, хизмат болалар ва оилалар учун мавзуга оид танлов ва викториналар, байрам тадбирлари, маданий ҳордиқ чиқариш тадбирларини ташкил қилиши мумкин.


25. Болалар ва оилаларга ёрдам бериш учун хизмат штатдаги ва жалб қилинган мутахассислардан пулли асосда ёки жамоатчилик асосида фойдаланади.


26. Болалар ва оилалар ҳақида мутахассислар томонидан олинган маълумотлар махфийдир ва ошкор қилинмайди.


27. Хизмат ҳимояга муҳтож оилалар ва болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш вазифаларини бажаришга жалб қилинган ҳамкор ташкилот ходимларининг билим ва малакаларини оширишга кўмаклашади.


28. Хизматнинг ўз ресурслари етарли бўлмаган ҳолатларида хизмат ҳамкор ташкилотларнинг иштирокини таъминлайди.



4-БОБ. ХИЗМАТНИНГ МАҚСАДЛИ ГУРУҲИ


29. Хизматнинг мақсадли гуруҳи 18 ёшгача бўлган қуйидаги тоифадаги болалардир:

ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлиш хавфи остидаги болалар;

ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар;

ота-оналари фарзандларига тегишли тарзда ғамхўрлик қилиш имконияти йўқ болалар;

кўп болали оила фарзандлари;

ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар;

ўз оиласига реинтеграция қилиш имконига эга бўлган болалар.


30. Хизматга қабул қилинган болаларнинг ота-оналари ҳам хизматдан ёрдам олишлари мумкин.


31. Хизматга қабул қилинмаган мушкул вазиятга тушиб қолган болалар ёки оилалар зарур ёрдам олиш учун тегишли ваколатли органларга ёки жамоат ташкилотларига юборилади.



5-БОБ. МАҚСАДЛИ ГУРУҲЛАРНИ ҚАБУЛ

ҚИЛИШ ВА ЧИҚАРИШ МЕЗОНЛАРИ


32. Хизматга қабул қилишда оила болаларнинг ота-она қарамоғидан маҳрум бўлиш хавфи мезонлари бўйича баҳоланади.

Хизматга қабул қилиш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

ваколатли органларнинг (васийлик ва ҳомийлик органлари, таълим ва тиббиёт муассасаларининг) хизматга мурожаатлари/йўлланмалари;

маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари, ҳамкор ташкилотлар, шу жумладан, нодавлат ва нотижорат ташкил отларнинг хизматга мурожаатлари/йўлланмалари.


33. Хизмат оилаларга 6 ойдан 18 ойгача ҳамроҳлик қилади. Бу вақт мобайнида хизматнинг саъй-ҳаракатлари оиланинг ўзини ўзи таъминлаш мезонларига эришишига қаратилади. Оила ўзини ўзи таъминлаш мезонларига эришганидан сўнг хизматнинг ҳамроҳлигидан чиқарилади.

Оиланинг ўзини ўзи таъминлаш мезонлари қуйидагилардир:

ота-оналарнинг болаларни сифатли парвариш қила олиши (улар ота-оналик кўникмаларига эга бўлиб, болалар ҳуқуқлари тўғрисида биладилар);

оиланинг етарли ресурсларга эга бўлиши (иқтисодий хавфсизлик, барқарор уй-жой, озиқ-овқат билан таъминланганлик);

болаларнинг асосий эҳтиёжлари қондирилиши (таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқалар).

Ушбу мезонларга эга бўлиш оилани ривожлантириш режасида белгиланган мақсадларга эришганлигини англатади.


34. Оилани ривожлантириш режаси ҳар 6 ойда оилани хизматдан чиқариш масаласини аниқлаш учун баҳоланади.


35. Оила ўз хоҳишига кўра хизматдан белгиланган муддатидан аввал чиқиши ёки ҳамкорлик қилмаслиги сабабига кўра хизматдан чиқарилиши мумкин.


36. Агар оила 18 ой давомида хизмат ҳамроҳлигида бўлиб, режалаштирилган мақсадларга эришмаса, бу оилага келгусида ҳамроҳлик қилиш мақсадга мувофиқ эмаслиги туфайли хизматдан чиқарилиши лозим. Ушбу қоиданинг ҳар бир истисноси уюшманинг ички ҳужжатларига мувофиқ қатъий асосланган бўлиши керак.



6-БОБ. ИНФРАТУЗИЛМА ВА ЗАРУР РЕСУРСЛАР


37. Хизмат ушбу Низомда баён қилинган барча хизматларни тақдим этиш учун етарли хоналарга эга бўлиши керак.


38. Мутахассислар, алоҳида ва гуруҳ ҳолидаги маслаҳатлар, гуруҳ машғулотлари, тренинглар ва семинарлар иши учун хоналар, болаларнинг яшаш жойлари, ўйин хонаси, ресурс хонаси тегишли мебель, жиҳозлар, компьютер, офис ва мультимедиа техникаси, махсус асбоб-ускуналар ва анжомлар билан жиҳозланган бўлиши лозим.


39. Агар аҳоли пунктида касбий кўникмаларга эга бўлиш учун ўқув марказлари бўлмаса, хизматнинг махсус жиҳозланган хоналарида касбий кўникмаларга эга бўлиш учун шароит яратилади. Шу мақсадда хоналарда асбоб-ускуналар (тикувчилик, сартарошлик, ошпазлик ва бошқалар) ўрнатилади. Ушбу асбоб-ускуналар ва жиҳозлар тегишли шартнома тузилган ҳолда касб эгаллаш ва қонуний даромад олиш мақсадида вақтинча фойдаланиш учун оилаларга берилиши мумкин.


40. Агар хизмат атрофида қулай ҳудуд бўлса, унда жиҳозланган болалар ўйин майдончаси яратилиши мумкин. Қишлоқ жойларда хизмат атрофидаги ҳудуд жамоалар аҳолисининг иқтисодий фаровонлигини ошириш, яъни жамоалар аҳолиси томонидан нон ёпиш мақсадида миллий печларни (тандирларни) ўрнатиш, сабзавот ва мевали дарахтларни экиш учун ишлатилиши мумкин.


41. Мутахассисларнинг мобил гуруҳи ишини таъминлаш мақсадида хизмат болалар ва оилаларга қулай бўлган ҳудудда мобил гуруҳнинг кўчиб юриб хизмат кўрсатиши учун транспорт воситаси билан таъминланади.



7-БОБ. ХИЗМАТ ТАЪМИНОТИ ВА УНИ

МОДДИЙ-ТЕХНИК ЖИҲАТДАН ТАЪМИНЛАШ


42. Хизмат таъминоти ва уни моддий-техник жиҳатдан таъминлаш давлат бюджети маблағлари, муассислар, юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий хайрия маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобига амалга оширилади.

Ишчиларга тўланадиган иш ҳақи, коммунал хизматлар харажатлари ва бошқа жорий харажатлар, бино ва иншоотларни сақлаш харажатлари, уларни таъмирлаш, уларга хизмат кўрсатиш ва бошқа хизмат харажатлари давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўлиқ молиялаштирилади.

Хизмат, шу жумладан, юқорида санаб ўтилган харажатларга қўшимча сифатида муассислар, юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий хайрия маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобига бошқа харажатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



8-БОБ. ХИЗМАТ ШТАТИ ВА БОШҚАРУВИ


43. Хизмат ишини бошқариш филиал директорининг бевосита раҳбарлигида координатори томонидан амалга оширилади.


44. Хизмат ходимларининг сони иловада келтирилган Намунавий штатларга мувофиқ белгиланади.






Низомга

ИЛОВА



Ижтимоий етимликнинг олдини олиш хизматларининг

НАМУНАВИЙ ШТАТЛАРИ

Т/р

Лавозимлар номи


Штат бирликлари сони


ЯСТ бўйича

разряди


Тошкент

шаҳри


Самарқанд

шаҳри


Урганч

шаҳри


Шовот

тумани


1

Координатор


1

1

1


8

2

Координатор ёрдамчиси


1




5

3

Етакчи ижтимоий ходим


1

1

1

1

7

4

Ижтимоий ходим


4

4

2

2

6

5

Психолог


2

2

1

1

Халқ таълими муассасаларидаги психологнинг базавий тариф ставкасига тенглаштирилади


6

Хизмат хоналари фарроши


0,5

0,5


0,5

1

7

Юрисконсульт


0,5

0,5

0,5


8

8

Ишга жойлаштириш бўйича мутахассис


0,5

0,5

0,5


4

9

Қоровул





2

1

              

Изоҳ: SOS Ўзбекистон болалар маҳаллалари уюшмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишувга кўра ва хизматнинг умумий штатлар сони доирасида ушбу штат нормативларига ўзгартиш киритилиши мумкин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 21 ноябрь









































Время: 0.2125
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск