ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Алоҳида ўқув юртларини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти / Олий таълим / Чет эл олий ўқув юртлари / Бошқалар /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 02.12.2020 й. 762-сон "Тошкент шаҳрида Япония рақамли университетини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

02.12.2020 й.

N 762




ТОШКЕНТ ШАҲРИДА ЯПОНИЯ РАҚАМЛИ

УНИВЕРСИТЕТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси ва Япония ўртасида икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 28 декабрдаги ПҚ-4553-сон қарорида белгиланган вазифалар ҳамда олий таълим соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва таълим жараёнига илғор хорижий тажрибани татбиқ этиш, умумэътироф этилган халқаро стандартлар асосида эҳтиёж юқори бўлган йўналишларда олий маълумотли малакали мутахассисларни тайёрлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети билан "Digital Knowledge Co., Ltd." компанияси (Япония) ўртасида 2020 йил 17 апрелда "JDU - Japan Digital Universities" сателлит кампусини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома (кейинги ўринларда - Шартнома) имзоланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда муассис сифатидаги "Digital Knowledge Co., Ltd." компаниясининг (Япония) Тошкент шаҳрида Япония рақамли университетини (кейинги ўринларда - Университет) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


3. Қуйидагилар Университетнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгилансин:

ахборот-коммуникация технологиялари, дастурий таъминотни ишлаб чиқиш, ахборот тизими ва компьютер тармоқларини бошқариш ҳамда иқтисодиётнинг эҳтиёж юқори бўлган бошқа соҳалари бўйича олий маълумотли рақобатбардош кадрларни халқаро стандартлар даражасида сифатли тайёрлашни таъминлаш;

республиканинг олий таълим тизимига ўқув жараёнини замонавий таълим технологиялари асосида ташкил этиш бўйича илғор хорижий тажрибани жорий этиш, очиқ ахборот-таълим муҳитининг ривожланишига кўмаклашиш;

ўқув ва илмий лойиҳаларни амалга оширишда, шунингдек, илм-фан ва ишлаб чиқариш соҳаларидаги долзарб муаммоларни ҳал этишга йўналтирилган илмий-амалий тадқиқотлар олиб боришда республика ва хорижий етакчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик қилиш;

Университетда етакчи хорижий олий таълим муассасаларининг таълим дастурларини жорий этиш;

кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш ҳамда модернизация қилишга йўналтирилган янги таълим дастурлари, ўқитишнинг масофавий шаклларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

таълим ва илм-фан соҳаларида хорижий мамлакатларнинг, хусусан Япониянинг етакчи олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари ҳамда бизнес ҳамжамиятлари билан узоқ муддатли алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш.


4. Белгилаб қўйилсинки:

Университет нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланади;

Университетда ўқитиш Япониянинг Отемае университети, Токио онлайн университети ва бошқа нуфузли олий таълим муассасалари (кейинги ўринларда - Япония университетлари) ҳамда Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартлари талаблари инобатга олинган, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда Университет томонидан тасдиқланадиган ўқув режалари ва фан дастурларига мувофиқ япон ва ўзбек тилларида тўлов-контракт асосида амалга оширилади;

Университетда бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кундузги ва масофавий таълим шаклларида кадрлар тайёрлаш амалга оширилади;

Университетга абитуриентларни қабул қилиш ва битирувчиларни аттестациядан ўтказиш "Digital Knowledge Co., Ltd." компанияси (кейинги ўринларда - Муассис) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда Университет томонидан белгиланадиган талаблар, тартиб ва муддатларга мувофиқ амалга оширилади;

Шартнома шартларига мувофиқ Университет битирувчиларига олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган Япония университетлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг белгиланган намунадаги дипломлари берилади;

Университет ректори Муассис томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади;

Университетда талабалар ўқиши учун тўлов-контракт маблағлари миқдори Муассис томонидан белгиланади;

Университетга белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясидан лицензия олингандан сўнг таълим фаолияти билан шуғулланишга рухсат этилади.


5. Муассиснинг қуйидаги мажбуриятларни ўз зиммасига олиши тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин:

Университетнинг моддий-техник ва ўқув базасини шакллантириш бўйича ташкилий тадбирларни, шу жумладан таъмирлаш-тиклаш ишларини олиб бориш;

Университетни замонавий лаборатория ускуналари, ўқув ва илмий адабиётлар, мебель, компьютер техникаси билан таъминлаш ҳамда ўқув жараёнига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;

Университетни танлов асосида малакали профессор-ўқитувчилар таркиби билан тўлдириш ҳамда Япония университетлари таълим дастурлари асосида сифатли таълим жараёнини таъминлаш;

ҳар йили ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг қобилиятли, иқтидорли ҳамда ўзлаштириш кўрсаткичлари юқори бўлган фарзандлари орасидан танлов асосида бепул (Университет гранти асосида) 10 нафардан кам бўлмаган абитуриентларни ўқишга қабул қилиш.


6. Тошкент шаҳридаги Япония рақамли университетининг Васийлик кенгаши таркиби иловага мувофиқ маъқуллансин.

Васийлик кенгаши қуйидаги йўналишлар бўйича Университет фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашувчи жамоатчилик органи эканлиги инобатга олинсин:

Университет фаолиятини ташкил этишни таъминлаш, тўлақонли йўлга қўйиш билан боғлиқ ташкилий, молиявий, ҳуқуқий, иқтисодий, ўқув-методик, моддий-техник ва бошқа масалаларни ҳал этиш;

Университетни моддий-техник жиҳатдан таъминлаш учун молиявий ёрдам ташкил этиш, бюджетдан ташқари маблағларни жалб этиш;

Университетнинг тузилмасини тасдиқлаш;

зарур лойиҳа, қурилиш-монтаж ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш, Университетни жиҳозлаш, унинг инфратузилмасини яратиш, моддий-техник таъминлашга доир тармоқ жадвалларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

Университет фаолиятини ташкил этиш бўйича тасдиқланган тармоқ жадвалларида белгиланган вазифаларнинг бажарилиши юзасидан мунтазам назорат ва мониторинг олиб бориш;

таълим жараёнини, талабаларнинг ишлаб чиқариш амалиётини Япония ва Ўзбекистондаги тегишли ташкилотларда самарали ташкил этиш ва такомиллаштириш, бакалавриат таълим йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрлаш сифатини тизимли равишда ошириш, Университет битирувчиларини ишга жойлаштириш, меҳнат бозорининг кейинги ривожини ҳисобга олган ҳолда мутахассислар ва илмий-техник кадрлар тайёрлашнинг истиқболли йўналишларини белгилашда кўмаклашиш;

ижтимоий-иқтисодий соҳанинг юқори малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёжларидан келиб чиқиб, 2020/2021 ўқув йили ҳамда кейинги ўқув йилларида Университетга қабул қилиш параметрларини Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда белгилаш;

Университет фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш учун ҳомийлик ҳайриялари, техник кўмак маблағларини (грантларни) ва бошқа бюджетдан ташқари маблағларни жалб этиш;

Университетнинг моддий-техник, ўқув-методик базасини мустаҳкамлаш, шу жумладан уни замонавий ахборот-коммунникация воситалари ва жиҳозлари, ўқув-лаборатория ускуналари ҳамда ўқув-методик адабиётлар билан таъминлашга, Университет инфратузилмасини яхшилашга кўмаклашиш;

таълим дастури асосида Япониядаги етакчи университетларда талабалар ўқишини давом эттиришни, шунингдек, махсус стипендиялар бериш орқали хориждаги бошқа етакчи таълим муассасаларига малакавий амалиёт ўташга юбориш учун иқтидорли талабаларни танлов асосида саралаб олишни ташкил этиш.


7. Белгилаб қўйилсинки, "Муҳандис-дастурчи" бакалавриат таълим йўналиши бўйича Университетга талабаларни қабул қилиш 2020/2021 ўқув йилидан, "Компьютер графикаси ва дизайн" бакалавриат таълим йўналиши бўйича - кейинги ўқув йилидан бошлаб амалга оширилади.

Бунда, келгуси йилларда, республика иқтисодиёт тармоқларининг юқори малакали кадрларга бўлган эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда, Университетда Васийлик кенгаши қарорига асосан зарур янги бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кадрлар тайёрланади.


8. Университет Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Тошкент шаҳар, Учтепа тумани, Кичик халқа йўли кўчаси, 21-а уй манзилидаги 3-ўқув биносининг биринчи қаватига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.

Бунда, мазкур бино ва иншоотлар ҳамда унга тегишли ҳудудни сақлаш билан боғлиқ барча харажатлар, жумладан, коммунал тўловлар Университет маблағлари ҳисобига қопланади.


9. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети билан биргаликда Университетда япон тили, инглиз тили, Ўзбекистон тарихи ва бошқа фанлар бўйича назарий ва амалий машғулотлар олиб бориш учун республика олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларининг юқори малакали ўқитувчилари ва мутахассисларини жалб этсин ҳамда истиқболда уларнинг стажировка ўташи ва малака оширишини ташкил этсин.


10. Университет фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

Муассис маблағлари;

тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;

хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия ташкилотларининг грантлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


11. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Муассисга:

Университет уставини тасдиқлаш ҳамда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказишда;

Университет тузилмасини тасдиқлашда;

Университетни танлов асосида малакали профессор-ўқитувчилар таркиби билан таъминлашда зарур ёрдам кўрсатсин.


12. Университетга ўқув ва илмий-тадқиқот ишларига таклиф қилинадиган хорижий профессор-ўқитувчиларнинг яшаш ҳамда транспорт харажатларини тузиладиган шартномалар асосида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун белгиланган тарифларда тўлашга рухсат берилсин.


13. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Университетда таълим сифатини таъминлаш ҳамда қонунчиликка риоя этилишини белгиланган тартибда назорат қилсин.


14. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


15. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А. Мусаев ҳамда Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълими вазири И.У. Маджидов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                        А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 2 декабрдаги

762-сон қарорига

ИЛОВА



Тошкент шаҳридаги Япония рақамли

университетининг Васийлик кенгаши

ТАРКИБИ


1. Х.Хага

-

"Digital Knowledge Co., Ltd." акциядорлик жамияти (Япония) президенти, Васийлик кенгаши раиси


2. У. Бегимкулов

-

Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирининг фан ва инновациялар бўйича ўринбосари, Васийлик кенгаши раиси ўринбосари


3. О. Пекось

-

Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари


4. У. Азизов

-

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ректори


5. С. Бабаходжаев

-

Тошкент ахборот технологиялари университети ректори


6. Ч. Кобаяши

-

"Digital Knowledge Co., Ltd." акциядорлик жамияти (Япония) лойиҳа менежери (келишув асосида)


7. X. Торигое

-

Отемае университети (Япония) президенти (келишув асосида)


8. Ё. Мураока

-

Токио онлайн университети (Япония) президенти (келишув асосида)


9. лавозими бўйича

-

Тошкент шаҳридаги Япония рақамли университети ректори, Васийлик кенгаши котиби


       

Изоҳ. Васийлик кенгаши аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига, ушбу лавозимларга янгидан тайинланган шахслар ёки зиммасига тегигили функцияларни бажариш юкланган шахслар киритилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 3 декабрь




































Время: 0.1967
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск