ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Божхона қонунчилиги / Божхона назорати ва олиб чиқиш ва олиб киришдаги бошқа назорат /

Божхона назорати остида автомобиль йўлларида ташилаётган товарларнинг божхона ҳамроҳлигидаги кузатувини ташкил этиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 22.12.2020 й. 800-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 22 декабрдаги

800-сон қарорига

1-ИЛОВА



Божхона назорати остида автомобиль йўлларида

ташилаётган товарларнинг божхона ҳамроҳлигидаги

кузатувини ташкил этиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси автомобиль йўлларида ташиладиган божхона назорати остидаги транспорт воситалари ва товарларни божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўланилади:


божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориш - автотранспорт воситаларининг божхона органлари томонидан хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш мақсадида божхона назорати остида махсус жиҳозланган автомобиль ёрдамида кузатиб борилиши;


жўнатувчи божхона пости - товарларнинг барча туркуми ёки унинг бир қисми учун божхона ҳамроҳлигидаги кузатув бошланадиган божхона пости;


қабул қилиш-топшириш пункти - божхона ҳамроҳлигида кузатиб борилаётган товарлар, транспорт воситалари ва уларга тегишли ҳужжатларни қабул қилиш-топшириш амалга ошириладиган жой;


манзилдаги божхона пости - товарларнинг барча туркуми ёки унинг бир қисми учун божхона ҳамроҳлигидаги кузатув тугайдиган божхона пости;


ташувчи - божхона назорати остида турган чет эл товарлари ташилишини амалга оширувчи ёки транспорт воситасидан фойдаланиш учун масъул шахс;


транспорт воситалари - йўловчиларни ва товарларни ташиш учун фойдаланиладиган барча воситалар, шу жумладан, контейнерлар ва бошқа транспорт жиҳозлари.


3. Товарлар ва транспорт воситаларини божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориш товарлар ва транспорт воситалари божхона назорати остида ташилаётганда Ўзбекистон Республикасининг божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида амалга оширилади.


4. Божхона ҳамроҳлигидаги кузатувни амалга оширувчи ходимлар ушбу Низом талабларига амал қилади ва божхона пости бошлиғига бўйсунади.


5. Божхона ҳамроҳлигидаги кузатувни амалга ошириш учун ходимлар ва махсус жиҳозланган автомобилларни ажратиш, божхона ҳамроҳлигида кузатиладиган товарлар ва транспорт воситаларини қабул қилиш-топшириш пунктлари, кузатув ҳужжатларини расмийлаштириш тартиби ва уларнинг шакллари, шунингдек, божхона ҳамроҳлигида кузатувни амалга оширувчи ходимларнинг ўзаро ҳамкорлик тартиби Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси (кейинги ўринларда - Давлат божхона қўмитаси) томонидан белгиланади.


6. Божхона ҳамроҳлигида кузатувни амалга оширишда ташувчи, юк жўнатувчи ёки юк қабул қилувчининг сарфланган харажатлари божхона органлари томонидан қоплаб берилмайди.


7. Божхона ҳамроҳлигида кузатиб борилаётган божхона назорати остидаги товарлар, транспорт воситалари ва уларнинг ҳужжатларига нисбатан Ўзбекистон Республикасининг божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган божхона назорати шакллари қўлланилиши мумкин.


8. Жўнатувчи ҳамда манзилдаги божхона постларида, шунингдек, қабул қилиш-топшириш пунктларида божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориладиган товарлар ва транспорт воситаларининг божхона расмийлаштируви устувор тартибда амалга оширилади.



2-БОБ. БОЖХОНА ҲАМРОҲЛИГИДАГИ

КУЗАТУВ ОСТИДА АМАЛГА

ОШИРИЛАДИГАН ТАШИШ


9. Божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориш чет эл товарларини ташиётган автотранспорт воситаларига нисбатан қўлланилади, қуйидаги ҳоллар бундан мустасно:

товарлар Халқаро йўлларда ташиш дафтарчасини қўллаган ҳолда юкларни халқаро ташиш тўғрисидаги божхона конвенциясига (Женева, 1975 йил 14 ноябрь) мувофиқ ташилган тақдирда;

миллий автоташувчилар томонидан импорт товарларни божхона назорати остида ташиш учун жиҳозланган транспорт воситаларида, ушбу ташувчилар томонидан лицензия карточкаси тақдим этилган ҳолда ташилган тақдирда;

товарлар қонун ҳужжатларга мувофиқ, биринчи ва учинчи турдаги гувоҳнома асосида ваколатли иқтисодий операторлар реестрига киритилган юридик шахслар томонидан амалга оширилганда;

Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 47-бобига мувофиқ божхона тўловлари тўланиши таъминланган тақдирда;

товарлар божхона ҳудудига инсонпарварлик ёрдами ва техник кўмак сифатида, шунингдек, халқаро почта жўнатмалари ва фельдъегер почтаси сифатида тасдиқловчи ҳужжатлар бўлган тақдирда олиб кирилганда.

Агар хавфни бошқариш тизимида назорат чораси мавжуд бўлса, давлат божхона хизмати органлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чет эл товарларини ташиётган автотранспорт воситаларига нисбатан божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориш қўлланилади.


10. Божхона ҳамроҳлигидаги кузатувдан озод этиш учун божхона тўловлари тўланишини таъминлаш чет эл товарлари "эркин муомалага чиқариш" божхона режимига расмийлаштирилганда тўланиши лозим бўлган фоиз ва миқдорларда, преференциялар ҳамда имтиёзлар инобатга олинмаган ҳолда ҳисобланган миқдордан кам бўлмаслиги лозим.


11. Божхона ҳамроҳлигидаги кузатувдан озод этиш учун божхона тўловлари тўланишини таъминлашнинг энг юқори миқдори миллий валютада компенсация тўлаш тўғрисида қарор қабул қилинган кундаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг расмий курси бўйича, чет эл товарлари ташилаётган битта транспорт воситаси учун юз минг евро эквивалентидан ошмаслиги лозим, тирик ҳайвонлар ташилаётган транспорт воситаларини божхона ҳамроҳлигидаги кузатувдан озод этиш учун божхона тўловлари тўланишини таъминлаш бундан мустасно.

12. Божхона ҳамроҳлигидаги кузатувдан озод этиш учун божхона тўловлари тўланишини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда - ЯИДХП) орқали Давлат божхона қўмитасига миллий валютада тақдим этилади.


13. Божхона тўловларининг тўланиши таъминланган суммаси чет эл товарлари "эркин муомалага чиқариш" божхона режимига расмийлаштирилганда тўланиши лозим бўлган божхона тўловлари миқдорига мувофиқ бўлмаганда ёки кам бўлганда, божхона пости ходими шу вақтнинг ўзида ЯИДХП орқали сабабларини кўрсатган ҳолда, чет эл товарларини ташиётган автотранспорт воситаларига нисбатан божхона ҳамроҳлигида кузатиб боришдан озод қилишни рад этишга ҳақли.



3-БОБ. БОЖХОНА ҲАМРОҲЛИГИДАГИ

КУЗАТУВНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШ


14. Товарлар ва транспорт воситаларининг божхона ҳамроҳлигидаги кузатуви автотранспорт воситаларининг турини инобатга олган ҳолда, ҳаракатланиш учун қулай ва якуний манзилга етказиб бериш учун қисқа йўналиш (катта ҳажмли ва оғир вазнли автотранспорт воситалари, шунингдек, махсус, хавфли ҳамда катта ҳажмли ва оғир вазнли юкларни ташийдиган автотранспорт воситалари бундан мустасно) бўйлаб амалга оширилади.

Божхона ҳамроҳлигидаги кузатувни амалга ошириш давомийлиги оддий юкларни якуний манзилгача ташиш муддатларидан кўп бўлмаслиги лозим.


15. Божхона ҳамроҳлигидаги кузатув "BOJXONA NAZORATI" ёзувли, овоз бериш, сигнал ёритгичли қурилмалар билан жиҳозланган махсус транспорт воситасида амалга оширилади.

Қўл юки сифатида ташилаётган чет эл товарининг божхона ҳамроҳлигидаги кузатуви ушбу қўл юкини божхона чегараси орқали амалда олиб ўтаётган шахснинг Ўзбекистон Республикаси Божхона кодекси талаблари асосида ташувчи сифатида жавобгарлиги остида ва ушбу шахс хоҳишига кўра, унга тегишли бўлган ёки у томонидан ижарага олинган (ёлланган) ёхуд бошқа транспорт воситасида амалга оширилиши мумкин.

Бунда божхона ҳамкорлигида кузатиб бориш билан боғлиқ харажатлар ташувчи ёки бошқа манфаатдор шахслар томонидан қопланади.


16. Божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориш куннинг ёруғ вақтида, автотранспорт воситаси жўнатувчи божхона органига етиб келган пайтдан эътиборан олти соатдан кечиктирмай бошланиши керак. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ёки Вазирлар Маҳкамасининг тегишли ёзма топшириғи асосида куннинг қоронғи вақтида ҳам кузатув амалга оширилиши мумкин.

Агар бир йўналиш бўйлаб ҳаракатланувчи транспорт воситаларининг сони йигирматага етса, божхона ҳамроҳлигидаги кузатув дарҳол бошланади.


17. Қабул қилиш ва топшириш пунктларида тескари йўналиш бўйича божхона ҳамроҳлигида кузатиб борилаётган товарлар ва транспорт воситалари ҳаракатланиш учун тайёр бўлганда, божхона ходимлари қабул қилиш ва топширишни ушбу пунктда амалга оширади.

Қарама-қарши йўналишда ҳаракатланаётган автотранспорт воситалари колоннаси ҳаракатининг йўналиши ва вақти мос тушган ҳолларда, учрашув жойида қабул қилиш-топширишни амалга оширишга рухсат берилади. Бунда божхона ҳамроҳлигида кузатиб борилаётган ҳамда хизмат автотранспорт воситалари тўхтаганда, бошқа транспорт воситалари ҳаракатига ҳалал бермаслиги ва шахслар ҳаётига хавф солмаслиги лозим.

Божхона ҳамроҳлигидаги кузатувни амалга оширишда ҳужжатлар ушбу Низомнинг 26-31-бандларига мувофиқ расмийлаштирилади.


18. Жўнатувчи божхона пости бошлиғи ёки унинг вазифасини бажарувчи шахс:

автотранспорт воситаларини божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориш учун ходимларни ажратади;

божхона ҳамроҳлигида кузатувни амалга оширувчи ходимларга божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши, маълумотларни электрон тизимларга ўз вақтида, тўғри киритиш, божхона ҳужжатларини тўғри расмийлаштириш ҳамда ҳудудий божхона бошқармалари масъул ходимлари билан ўзаро алоқада бўлиш тартиблари юзасидан тушунтиришлар беради.


19. Божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориладиган транспорт воситалари ҳужжатларини расмийлаштирадиган жўнатувчи божхона пости масъул ходими:

ҳужжатларни ўрганиб чиқади, транспорт воситалари эшик ва люкларининг, қўл юки идиши ҳамда улардаги қулфларнинг ишончлилиги, шунингдек, қиёслаш воситаларини, муҳрларнинг бутлигини текширган ҳолда, божхона ҳамроҳлигидаги кузатувни амалга ошириш учун зарур ҳужжатларни расмийлаштиради. Агар текшириш давомида товарлар ташилаётган транспорт воситаси қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаса, товарларни ташишга транспорт воситасини лозим даражада жиҳозлаш ёхуд божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш бўйича чоралар кўриш шарти билан рухсат беради;

божхона ҳамроҳлигида кузатиб борилаётган товарлар, транспорт воситалари ва уларга тегишли ҳужжатларни белгиланган тартибда топширади.


20. Божхона ҳамроҳлигидаги кузатувни амалга оширувчи ходим:

божхона ҳамроҳлигида кузатиб борилаётган товарлар, транспорт воситалари ва уларга тегишли ҳужжатларни белгиланган тартибда қабул қилади;

божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориладиган товарлар ва транспорт воситаларини қабул қилиб олишда транспорт воситалари эшик ва люкларининг, қўл юки идиши ҳамда улардаги қулфларнинг ишончлилиги, шунингдек, улардаги қиёслаш воситалари, муҳрларнинг бутлигини текширади, камчиликлар аниқланганда, ташувчидан аниқланган камчиликларни бартараф қилишни талаб қилади;

тижорат ва транспорт ҳужжатларида кўрсатилган маълумотлар билан транспорт воситасига қўйилган божхона идентификация воситалари мослигини текширади;

божхона ҳамроҳлигида кузатиб боришни амалга ошириш жараёнида кузатилаётган товарга тегишли бўлган барча ҳужжатларни шахсан ўзида сақлайди;

пост бошлиғи ёки унинг ўринбосари кўрсатмасига асосан товар ва транспорт воситаларининг белгиланган тартибда божхона ҳамроҳлигида кузатиб борилишини амалга ошириш ва уларни белгиланган манзилга етказиш чораларини кўради.

Бир йўналишда ҳаракатланишга мўлжалланган йўлларда кузатилаётган автотранспорт воситалари ортида тўпланган транспорт воситаларини ўтказиб юбориш чораларини кўради.


21. Йўналиш бўйича кейинги ҳудудий божхона бошқармасининг божхона ҳамроҳлигидаги кузатувни амалга оширувчи масъул ходимлари қабул қилиш-топширишни мазкур Низомнинг 17-бандига мувофиқ белгиланган жойларда ва 22-бандида келтирилган тартибда амалга оширадилар.


22. Сўнги манзилдаги божхона постига етказиб берилган товарлар ва транспорт воситалари мазкур божхона постининг масъул ходимига топширилади ҳамда божхона назорати зонасига жойлаштирилади.



4-БОБ. БОЖХОНА ҲАМРОҲЛИГИДАГИ

КУЗАТУВ УЧУН БОЖХОНА ЙИҒИМЛАРИ


23. Божхона ҳамроҳлигидаги кузатув учун божхона йиғимлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган миқдорларда ундирилади, қонун ҳужжатларига мувофиқ божхона ҳамроҳлигидаги кузатув учун божхона йиғимларидан озод этилган ҳолатлар бундан мустасно.


24. Божхона ҳамроҳлигидаги кузатув учун божхона йиғимлари олдиндан ёки божхона ҳудудида тўланиши лозим.

Бир транспорт воситасида ҳамда битта қўл юки ташилаётган транспорт воситасида бир нечта божхона постлари учун мўлжалланган товарларни ташишда, божхона ҳамроҳлигидаги кузатув учун божхона йиғими, биринчи жўнатиш божхона постидан якуний манзилдаги постигача бўлган масофадан келиб чиққан ҳолда бир маротаба ундирилади.


25. Божхона ҳамроҳлигидаги кузатув учун божхона йиғимлари ташувчи ёки бошқа манфаатдор шахслар томонидан тўланади.



5-БОБ. БОЖХОНА ҲАМРОҲЛИГИДАГИ КУЗАТУВ


26. Божхона ҳамроҳлигидаги кузатувни амалга оширувчи ходимлар томонидан ташувиш шартлари ва товарларнинг хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда йигирматадан кўп бўлмаган автотранспорт воситалари кузатиб борилиши мумкин.

Тўхташ вақтида божхона ҳамроҳлигидаги кузатувни амалга оширувчи ходимлар автотранспорт воситалари гуруҳи назоратини таъминлаши лозим.


27. Божхона ҳамроҳлигидаги кузатувни амалга ошириш давомида авария ёки енгиб бўлмас куч таъсирида ёхуд бошқа ҳолларда транспорт воситаларидан бирининг носозлиги юзага келиб, ҳаракатни давом эттира олмаганда, божхона ҳамроҳлигидаги кузатувни амалга оширувчи ходимлар транспорт воситалари гуруҳи ҳаракатини тўхтатади ва бу ҳақда ушбу ҳудуддаги ҳудудий божхона бошқармасига ёки энг яқин ҳудудда жойлашган божхона постига хабар беради, шунингдек, товарлар йўқотилишининг олдини олиш бўйича зудлик билан божхона назоратини таъминлаш чораларини кўради.

Ҳаракатни давом эттириш учун носоз ҳолга келган автотранспорт воситасини ҳудудий божхона бошқармаси ёки божхона пости масъул ходимига топширгандан сўнг белгиланган тартибда қолган автотранспорт воситаларининг божхона ҳамроҳлигидаги кузатувини давом эттиради.

Агарда, автотранспорт воситаси носозлигини қисқа вақтда бартараф этиш имкони мавжуд бўлса, таъмирлаш тугатилгандан сўнг божхона ҳамроҳлигидаги кузатув давом эттирилади. Cодир бўлган ҳолат тўғрисида юзага келган ҳолат, уни бартараф этиш юзасидан кўрилган чоралар, товарларнинг ҳолати ҳамда кейинчалик божхона назорати ва расмийлаштирувини амалга ошириш учун зарур бўлган бошқа маълумотларни акс эттирган ҳолда далолатнома тузилади.


28.Божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориш жараёнида товар ва транспорт воситаси авария ёки енгиб бўлмас куч таъсирида шикастланган, фойдаланиш учун яроқсиз ҳолга келиб қолган ёки йўқ бўлганда, божхона ҳамроҳлигидаги кузатувни амалга оширувчи ходимлар ташувчи ва ҳалокат содир бўлган йўл участкасида хизмат кўрсатувчи йўл-патруль хизмати ва бошқа ваколатли орган ходимлари билан биргаликда содир бўлган ҳолат тўғрисида далолатнома тўлдиради.

Божхона ҳамроҳлигидаги кузатувни амалга ошираётган ходимлар юзага келган ҳолат бўйича зудлик билан ҳудудий божхона бошқармаси навбатчилик қисмига ва божхона пости бошлиғига хабар беради.

Ҳудудий божхона бошқармаси ва божхона пости раҳбарияти содир бўлган ҳолат бўйича кечиктириб бўлмайдиган зарур чораларни кўради.


29. Божхона ҳамроҳлигида кузатиб борилаётган транспорт воситалари ички ишлар органларининг блок постларида тўхтатилиши ҳамда товарларни кўриш учун автомобилнинг юк бўлмаси очилиши тақиқланади.

Божхона ҳамроҳлигида кузатиб борилаётган транспорт воситаларини тўхтатишга фақат товар ва транспорт воситалари Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари талабларини бузган ҳолда, божхона ҳамроҳлигидаги кузатув остида ҳаракатланаётганлиги тўғрисида гумон қилиш учун жиддий асослар мавжуд бўлган тақдирда, Давлат божхона қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармаси раҳбарияти томонидан берилган ёзма кўрсатма мавжуд бўлганда йўл қўйилади.


30. Божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориш давомида товарлар ва транспорт воситалари божхона кўригидан ўтказилганда белгиланган тартибда далолатнома тўлдирилиб, унинг бир нусхаси тижорат ҳамда транспорт ҳужжатларига илова қилинади, иккинчи нусхаси божхона кўригини амалга оширган божхона органи иш юритувида қолади ва Давлат божхона қўмитасининг ягона автоматлаштирилган ахборот тизимига тегишли маълумотлар киритилади. Божхона ҳамроҳлигидаги кузатув остида бўлган транспорт воситасининг юкхонаси ёки қўл юки идишига янги махсус божхона пломбаси қўйилади.


31. Божхона ҳамроҳлигидаги кузатув остида олиб кетилаётган транспорт воситаси божхона ҳамроҳлигидаги кузатувни амалга оширувчи ходимларнинг қонуний талабини бажармасдан кетиб қолганда, зудлик билан бу ҳақда ушбу ҳудуддаги ҳудудий божхона бошқармаси ҳамда ўзи хизмат олиб бораётган ҳудудий божхона бошқармалари навбатчилик қисмига хабар беради.

Хабарни олган навбатчилик қисми ички ишлар органларининг ҳудудий таркибий тузилмаларига божхона ҳамроҳлигидаги кузатувдан қочиб кетган транспорт воситасини қидириб топиш бўйича маълумот беради.

Ички ишлар органлари:

божхона органидан хабар келиб тушиши билан божхона ҳамроҳлигидаги кузатувдан қочиб кетган транспорт воситасини қидириб топиш ва блок постларида тўхтатиш ҳамда божхона органларига топшириш чораларини кўради;

республикамиз магистраль йўлларидаги автотранспорт воситаларини назорат қилиш ("Автотранспорт воситаларининг ҳаракатланишини видеокузатуви тизими") тизими маълумотларини электрон шаклда Давлат божхона қўмитасига онлайн режимида тақдим этади.

Божхона органлари ваколатли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ички ишлар органи томонидан онлайн режимида тақдим этилган электрон маълумотлар асосида республика ҳудудида ҳаракатланаётган божхона назорати остидаги товарлар ва транспорт воситалари устидан назоратни амалга ошириб боради.

Божхона ҳамроҳлигидаги кузатувни амалга оширувчи ходимларнинг қонуний талабини бажармасдан, божхона ҳамроҳлигидаги кузатувдан кетиб қолган транспорт воситаси топилганда, ушбу транспорт воситаси божхона кўригидан ўтказилади ва ташувчига нисбатан божхона қонунбузилиш ҳолати юритилади.

Агар товарлар йўқотилганлиги аниқланса, Кодекс ҳамда ушбу Низомнинг 10-банди талаблари асосида ҳисоблаб чиқарилган божхона тўловлари ташувчидан сўзсиз ундириб олинад.



6-БОБ. БОЖХОНА ҲАМРОҲЛИГИДАГИ КУЗАТУВНИ

АМАЛГА ОШИРУВЧИ ХОДИМЛАРНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


32. Божхона ҳамроҳлигидаги кузатувни амалга оширувчи ходимлар қуйидагиларга мажбур:

товарлар ва транспорт воситаларини божхона ҳамроҳлигидаги кузатув остида етказиб беришда божхона қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиш;

божхона ҳамроҳлигидаги кузатув давомида хавфсизлик чораларини кўриш ва уларга риоя этиш;

божхона ҳамроҳлигидаги кузатувга олинган товарлар ва автотранспорт воситаларига тегишли ҳужжатларнинг сақланишини таъминлаш;

кузатилаётган товарга тегишли ҳужжатларни транспорт воситаси ҳайдовчисига ёки товар кузатувчисига (экспедиторга) ёхуд бошқа шахсларга бермаслик;

вақти-вақти билан автотранспорт воситасининг юк жойлаштирилган қисмига қўйилган муҳрлар ва пломбаларнинг ҳолатини, шунингдек, ташилаётган товарларни идентификацияловчи бошқа таъминлов воситаларининг сақланишини текшириш;

авария ёки енгиб бўлмас куч таъсирида содир бўлган вазиятларда юк ташувчига кўмаклашиш;

йўл ҳаракати қоидаларига, йўналишига, етказиб бериш муддатларига ва вақтларига қатъий риоя қилиш.


33. Божхона ҳамроҳлигидаги кузатувни амалга оширувчи ходимларга қуйидагилар тақиқланади:

мазкур Низом талабларини бузиш;

божхона ҳамроҳлигида кузатиб борилаётган товарлар ва транспорт воситаларини назоратсиз қолдириш;

автотранспорт воситаси юкхонасини зарурат бўлмаганда очиш, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.


34. Божхона ҳамроҳлигидаги кузатувни амалга оширувчи ходимлар кузатиб борилаётган товарлар, автотранспорт воситалари ва уларнинг ҳужжатлари йўқ қилиниши ёки йўқолишига сабаб бўладиган ҳолатлар вужудга келган вазиятда товарлар, автотранспорт воситалари ва уларнинг ҳужжатлари сақланишини таъминлаш бўйича зарур чораларни кўриши шарт.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


35. Божхона ҳамроҳлигидаги кузатув остида ташиладиган товарлар, транспорт воситаларини ташиш қоидаларини бузганлик, шунингдек, божхона ҳамроҳлигидаги кузатувни амалга оширувчи ходимларнинг қонуний талабларига бўйсунмаслик учун ташувчи Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.


36. Божхона органлари ва ички ишлар органларининг мансабдор шахслари ушбу Низом талабларини бузганликлари учун Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 23 декабрь























Время: 0.1996
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск