язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Давлат ҳуқуқий тизими асослари/ Шахснинг ҳуқуқий мақоми/ Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари ва муҳофазаси. Омбудсман/ Ўзбекистон Республикасининг 24.04.1997 й. 392-I-сон "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида"ги Қонуни (Янги таҳрири)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

24.04.1997 й.

N 392-I



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ МАЖЛИСИНИНГ ИНСОН

ҲУҚУҚЛАРИ БЎЙИЧА ВАКИЛИ

(ОМБУДСМАН) ТЎҒРИСИДА

(Янги таҳрири)


Ушбу Қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) ҳуқуқларини, мажбуриятларини, фаолиятининг асосий йўналишлари ва кафолатларини белгилайди.


1-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг

Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) (бундан буён матнда Вакил деб юритилади) мансабдор шахс бўлиб, унга давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар (бундан буён матнда ташкилотлар ва мансабдор шахслар деб юритилади) томонидан инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан парламент назоратини таъминлаш ваколатлари берилган.

Ўзбекистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили институти инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мавжуд шакллари ҳамда воситаларини тўлдиради. Вакил Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва уларни халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқлаштиришга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади, фуқароларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳуқуқий маданиятини оширишга кўмаклашади.


2-модда. Вакил фаолиятининг ҳуқуқий асослари


Вакил ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари, бошқа қонун ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига, шунингдек халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормаларига амал қилади.

Вакил ўз ваколатларини мустақил ҳамда давлат органлари ва мансабдор шахсларга тобе бўлмаган тарзда амалга оширади ва у Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига ҳисобдордир.


3-модда. Вакилни сайлаш


Вакил Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан беш йил муддатга сайланади.

Вакил лавозимига номзод Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари кўриб чиқиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан киритилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ва Сенатининг Вакилни сайлаш тўғрисидаги қарори палаталарнинг мажлисларида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Сенати аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Вакил номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг мажлисларида кўриб чиқилганидан кейин бу масала юзасидан қабул қилинган узил-кесил қарор Ўзбекистон Республикаси Президентига қонунда белгиланган тартибда юборилади.

Вакил ўзининг ваколатлари муддати тугагач, янги Вакил сайлангунига қадар ўз вазифасини бажаришни давом эттириб туради.



4-модда. Вакил лавозимига номзодга қўйиладиган талаблар


Сайланиш куни йигирма беш ёшга тўлган, камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси Вакил лавозимига сайланиши мумкин.



5-модда. Вакил ўринбосари


Вакилнинг белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан сайланадиган ўринбосари бўлади.

Вакил ўз лавозимидан муддатидан илгари озод қилинган тақдирда, Вакил ўринбосари унинг вазифасини янги Вакил сайлангунига қадар бажариб туради ва Вакил учун белгиланган кафолатлар ана шу даврда унга нисбатан татбиқ этилади.



6-модда. Вакил фаолиятининг асосий принциплари


Вакил фаолиятининг асосий принциплари қонунийлик, адолатпарварлик, демократизм, инсонпарварлик, ошкоралик, ҳар бир инсон учун очиқликдир.



7-модда. Вакилнинг фаолияти тўғрисидаги ҳисобот

Вакилнинг фаолияти тўғрисидаги ҳисобот Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг мажлисларида ҳар йили эшитилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ҳар йили, ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 февралидан кечиктирмай, ўз мажлисида Вакилнинг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни эшитади.

Вакилнинг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатида эшитиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Вакилнинг фаолияти тўғрисидаги ҳисобот Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги фракциялар ва депутатлар гуруҳлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қўмиталари томонидан дастлабки тарзда кўриб чиқилади.

Вакилнинг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни эшитиш якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари қарорлар қабул қилади, қарорлар Вакилга юборилади.


8-модда. Вакил лавозимига номувофиқ бўлган фаолият


Вакил сиёсий партияга аъзоликни ёки унда иштирок этишни ўз ваколатлари муддатига тўхтатиб туриши ёхуд тугатиши шарт. Вакил илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланиши мумкин эмас.


9-модда. Вакилни лавозимидан муддатидан илгари озод қилиш


Вакил лавозимдан қуйидаги ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан муддатидан илгари озод қилиниши мумкин:

у ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилиш тўғрисида ариза берган тақдирда;

унинг соғлиғи ҳолати барқарор тарзда бузилган ва бу тиббиёт муассасаси томонидан берилган гувоҳнома билан тасдиқланган тақдирда;

унга нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирган тақдирда;

у қонунга кўра Вакил фаолиятига номувофиқ бўлган лавозимга сайланган ёки тайинланган тақдирда.


10-модда. Вакил томонидан мурожаатларни кўриб чиқиш

Вакил аризалар, таклифлар ва шикоятлар тарзида келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқади. Вакил шикоятларни ушбу Қонунда назарда тутилган тартибда, аризалар ва таклифларни алоҳида қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқади.

Вакил Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини бузаётган ташкилотлар ёки мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари ёхуд ҳаракатсизлиги устидан берган шикоятларини кўриб чиқади ва у ўз текширувини ўтказиш ҳуқуқига эга.

Вакил учинчи шахсларнинг, шу жумладан нодавлат нотижорат ташкилотларининг муайян бир кишининг ёки бир гуруҳ шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги устидан берган шикоятларини кўриб чиқиш учун, башарти уларнинг бунга розилиги бўлса, қабул қилади.

Шикоятлар оғзаки, ёзма ёки электрон шаклда берилиши мумкин.

Вакил қабул жадвалларига мувофиқ жисмоний шахсларнинг ва юридик шахслар вакилларининг шахсий қабулини, шунингдек жисмоний шахсларнинг ва юридик шахслар вакилларининг сайёр шахсий қабулларини ташкил этади.

Жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш жадваллари, қабулни ўтказиш вақти, жойи ҳамда қабулга олдиндан ёзилиш тўғрисидаги ахборот, жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш тартиби Вакилнинг расмий веб-сайтида эълон қилиш, шунингдек унинг маъмурий биносида ҳамма кириши мумкин бўлган жойлардаги стендларга ёки бошқа техник воситаларга жойлаштириш орқали манфаатдор шахслар эътиборига етказилади.

Вакил суднинг ваколат доирасига кирадиган масалаларни кўриб чиқмайди.

Аноним мурожаатлар Вакил томонидан кўриб чиқилмайди.



11-модда. Вакил томонидан шикоятларни кўриб чиқиш шартлари


Вакил арз қилувчига ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги маълум бўлиб қолган пайтдан эътиборан ёки арз қилувчи, агар у ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг бошқа воситаларидан фойдаланган ҳамда қабул қилинган қарорлардан қаноатланмаган бўлса, ўз шикояти бўйича қабул қилинган охирги қарордан хабар топган пайтдан эътиборан бир йил давомида берилган шикоятларни кўриб чиқади.

Шикоят беришнинг узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган муддати Вакил томонидан тикланиши мумкин.


12-модда. Вакилга бериладиган шикоятларга қўйиладиган талаблар

Вакилга берилган шикоятда арз қилувчининг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар, шикоят нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан берилган тақдирда эса, унинг тўлиқ номи, жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак.

Шикоятда қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан шикоят қилинаётган ташкилотнинг номи, мансабдор шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми) кўрсатилади, арз қилувчининг фикрича, унинг ҳуқуқларини бузган қарорларнинг, ҳаракатларнинг ёки ҳаракатсизликнинг моҳияти баён этилади.

Шикоятлар давлат тилида ёки бошқа тилларда берилиши мумкин.

Ёзма шикоят арз қилувчининг имзоси ёки нодавлат нотижорат ташкилотининг ваколатли шахси имзоси билан тасдиқланган бўлиши керак. Ёзма шикоятни арз қилувчининг имзоси билан тасдиқлаш имкони бўлмаган тақдирда, шикоят уни ёзиб берган шахснинг имзоси билан тасдиқланиб, унинг фамилияси (исми, отасининг исми) ҳам қўшимча равишда ёзиб қўйилиши керак.

Электрон шаклда берилган шикоят қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши керак.

Вояга етмаганлар, муомалага лаёқатсиз ва муомала лаёқати чекланган шахсларнинг манфаатларини кўзлаб шикоятлар қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда уларнинг қонуний вакиллари томонидан берилиши мумкин.

Вакил инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида ахборот мавжуд бўлганда ёки ҳимоянинг ҳуқуқий воситаларидан мустақил равишда фойдаланишга лаёқатсиз шахсларни ҳимоя қилиш учун ўз ташаббуси билан фактлар текширувини ўтказишга ҳақлидир.

Шикоят бўйича илгари қабул қилинган мавжуд қарорлар ёки уларнинг кўчирма нусхалари, шунингдек уни кўриб чиқиш учун зарур бўлган бошқа ҳужжатлар шикоятга илова қилиниши мумкин бўлиб, мазкур ҳужжатлар қайтарилмайди, арз қилувчи уларни қайтариш ҳақида ёзма ариза берган ҳоллар бундан мустасно.

Арз қилувчилар ва уларнинг вакиллари шикоятни у кўриб чиқилгунига қадар ва кўриб чиқилаётган пайтда шикоят юзасидан қарор қабул қилингунига қадар ёзма ёки электрон шаклда ариза бериш орқали қайтариб олиши мумкин. Шикоятни қайтариб олиш тўғрисидаги ариза қонун бузилишларини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича Вакил томонидан чоралар кўрилишини истисно этмайди.

Вакилга берилган шикоят учун давлат божи ундирилмайди.



13-модда. Вакилнинг ҳуқуқлари


Вакил қуйидаги ҳуқуқларга эга:

шикоятни кўриб чиқиш;

арз қилувчи ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун фойдаланиши мумкин бўлган воситалар ва шаклларни кўрсатиш;

шикоятни унинг моҳиятига кўра ҳал қилишга ваколатли бўлган ташкилот ёки мансабдор шахсга юбориш;

арз қилувчини унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан таништириш;

сабабини албатта кўрсатган ҳолда шикоятни кўриб чиқишни рад этиш;

қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа чора-тадбирларни кўриш.


14-модда. Вакилнинг шикоятларни кўриб чиқиш чоғидаги ҳуқуқлари


Вакил шикоятларни кўриб чиқиш, шунингдек фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги ҳолларини ўз ташаббуси билан текшириш чоғида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

аниқланиши лозим бўлган ҳолатларни текширишда кўмаклашишни сўраб ташкилотлар ва мансабдор шахсларга мурожаат қилиш;

аниқланиши лозим бўлган ҳолатларни текшириш учун ташкилотларнинг вакилларини ва мансабдор шахсларни таклиф этиш. Текширишни ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан шикоят берилган ташкилотга ёхуд мансабдор шахсга топшириш мумкин эмас;

ташкилотларга ва мансабдор шахслар ҳузурига монеликсиз кириш;

ташкилотлар ва мансабдор шахслардан ҳужжатлар, материаллар ва бошқа маълумотларни сўраш ҳамда олиш;

мансабдор шахслардан тушунтиришлар олиш;

аниқланиши лозим бўлган масалалар юзасидан ташкилотлар ва мутахассисларга хулосалар тайёрлашни топшириш;

инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахлдор масалалар юзасидан ташкилотлар ҳамда мансабдор шахслар томонидан ўтказилаётган текширишларда иштирок этиш;

ушлаб турилган ёки қамоқда сақланаётган шахс билан учрашув ва суҳбатлар ўтказиш;

инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги қонун ҳужжатларининг аниқланган бузилишларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига белгиланган муддатларда кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;

ҳаракатларида инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилганлиги аниқланган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида тегишли органларга илтимоснома билан кириш;

фуқаролар манфаатларини кўзлаб аризалар ва даъволар билан судларга давлат божи тўламасдан мурожаат этиш.

Фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги ҳолларини текшираётганда маълум бўлиб қолган, арз қилувчининг ва бошқа шахсларнинг шахсий ҳаётига тааллуқли маълумотлар уларнинг розилигисиз ошкор қилиниши мумкин эмас.


14-1-модда. Ушлаб турилган ва қамоққа олинган, маъмурий

қамоққа олинган ва озодликдан маҳрум этишга ҳукм

қилинган шахсларнинг Вакилга мурожаат этиши

Ушлаб турилган ва қамоққа олинган, маъмурий қамоққа олинган ва озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар (бундан буён матнда қамоқда турган шахслар деб юритилади) ёзма шаклдаги мурожаатларни (хатлар ва телеграммаларни) уларнинг сони чекланмаган ҳолда Вакилнинг номига юбориш ҳуқуқига эга. Вакил номига юбориладиган мурожаатлар цензура қилинмайди.

Жазони ижро этиш муассасаларининг, қамоқда сақлаш жойларининг ва махсус қабулхоналарнинг (бундан буён матнда қамоқда сақлаш жойлари деб юритилади) маъмурияти қамоқда турган шахсларнинг мурожаатларини Вакилга йигирма тўрт соатдан кечиктирмай, муҳрланган тарзда юборади, телеграммаларни эса дарҳол юборади. Вакилнинг жавоби кўздан кечирилиши мумкин эмас ва арз қилувчига зудлик билан етказиб берилади.

Вакил шикоятлар кўриб чиқилаётганда, шунингдек фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги ҳолларини ўз ташаббуси билан текшираётганда қамоқда сақлаш жойларига монеликсиз кириш ҳуқуқига эга. Мазкур муассасаларнинг маъмурияти Вакилнинг хавфсизлигини таъминлайди.

Қамоқда сақлаш жойларининг маъмурияти Вакилга қамоқда турган шахслар билан монеликсиз ва холи учрашиш ҳамда суҳбатлашиш учун зарур шарт-шароитларни таъминлаши шарт, учрашув ва суҳбат ушбу муассасалар ходимлари уларни кўриб турадиган, лекин эшитмайдиган шароитларда холи ўтказилади.


15-модда. Вакилнинг фаолиятига кўмаклашиш


Мансабдор шахслар фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлигига тааллуқли, Вакил сўраган ҳужжатлар, материаллар ҳамда бошқа маълумотларни тақдим этишлари шарт.

Вакил ўз фаолиятига доир масалалар бўйича давлат органларининг, корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг раҳбарлари ва бошқа мансабдор шахслари томонидан дарҳол қабул қилиниш ҳуқуқидан фойдаланади.

Фаолияти давлат сири ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирлар билан боғлиқ ташкилотлар, муассасалар ва корхоналарга Вакилнинг кириши тартиби, шунингдек давлат сири ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи ахборотни Вакилга тақдим этиш Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Вакилнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш белгиланган тартибда жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.


16-модда. Вакилнинг шикоятни текшириш

натижаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлари


Вакил шикоятни текшириш натижаларига биноан:

арз қилувчига кўриб чиқиш натижаларини маълум қилиши;

ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлигида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги аниқланган ташкилот ёки мансабдор шахсга бузилган ҳуқуқларни тиклаш юзасидан тавсиялар бўлган ўз хулосасини юбориши шарт. Бунда Вакилнинг хулосасини олган ташкилот ёки мансабдор шахс уни кўриб чиқиши ва бир ойдан кечиктирмай асослантирилган жавоб юбориши шарт.


17-модда. Вакилнинг хулосаси


Вакилнинг хулосасида қуйидаги тавсиялар назарда тутилиши мумкин:

иш ташкилот ёки мансабдор шахс томонидан охирига етказилиши зарурлиги;

ташкилот ёки мансабдор шахснинг қарори ўзгартирилиши ёхуд бекор қилиниши кераклиги;

ташкилот ёки мансабдор шахснинг қарори асосланиши зарурлиги;

ташкилот ёки мансабдор шахс қўшимча қарор қабул қилиши лозимлиги.

Вакилнинг хулосасида бошқа тавсиялар ҳам бўлиши мумкин.



18-модда. Вакилнинг дахлсизлик ҳуқуқи


Вакил дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланади ва у Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас.

Вакилга нисбатан жиноят иши фақат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан қўзғатилиши мумкин.

Вакилни мажбурий келтиришга, ушлаб туришга, шунингдек унинг шахсий буюмлари, юки, транспорти, турар жойи ва хизмат хонасини кўздан кечиришга йўл қўйилмайди.


19-модда. Вакил томонидан шикоятлар кўриб чиқилаётганда

инсон ҳуқуқлари ҳимоя қилинишининг кафолатлари


Вакилга шикоят берган шахс, шунингдек Вакил томонидан ахборот тўплаш ва уни таҳлил этиш ёки эксперт баҳоси бериш топширилган шахслар бундай ҳаракат учун таъқиб қилиниши ёки ҳуқуқлари бошқача тарзда чекланиши мумкин эмас.

Вакил томонидан шикоятлар кўриб чиқилаётганда жисмоний шахснинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеига, шунингдек юридик шахсларнинг мулк шакли, жойлашган ери (почта манзили), ташкилий-ҳуқуқий шакллари ва бошқа ҳолатларга қараб камситилишига йўл қўйилмайди.


20-модда. Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари

ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия


Вакилнинг зиммасига юкланган вазифаларни бажариш юзасидан унинг фаолиятига кўмаклашиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Кенгашлари томонидан Вакил раислигида Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия (бундан буён матнда Комиссия деб юритилади) тузилади.

Комиссия таркиби нодавлат нотижорат ташкилотларининг, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида касбий ва амалий билимларга эга бўлган олимлар жумласидан тузилади. Комиссия таркибига ижро этувчи ҳокимият органларининг вакиллари ҳам маслаҳат овози ҳуқуқи билан кириши мумкин.

Комиссия ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Кенгашлари томонидан тасдиқланадиган Низомга амал қилади.

Вакил Комиссия аъзосини ўз вакили этиб тайинлаши мумкин.

Комиссия ўз ваколатлари муддати тугагач, янги Вакил сайлангунига қадар ўз ваколатларини бажаришни давом эттириб туради.


20-1-модда. Вакилнинг қонун ҳужжатларини

такомиллаштиришга доир фаолияти

Вакил ўз фаолиятига доир масалалар бўйича қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари кўриб чиқиши учун қонунларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларда иштирок этиши юзасидан таклифлар киритишга ҳақлидир.

Вакил қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳлар фаолиятида иштирок этиши, лойиҳаларнинг ҳуқуқий экспертизасини ўтказиши, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг мажлисларида иштирок этиши ҳамда муҳокама этилаётган қонун лойиҳалари бўйича таклифлар ва мулоҳазалар киритиши мумкин.



20-2-модда. Вакилнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари

соҳасида фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини

юксалтиришга доир фаолияти

Вакил фуқароларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида Ўзбекистон Республикаси қонунлари, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ва халқаро шартномалари, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ҳамда нормалари тўғрисидаги билими ва хабардорлигини ошириш чора-тадбирларини кўради.

Вакил инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш воситалари, усуллари ва механизмларига ўқитишга қаратилган маърифий ва таълим дастурларини, илмий-амалий тадбирлар ҳамда семинарларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади.



20-3-модда. Вакилнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари

соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга

доир фаолияти

Вакил инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилотларга аъзо бўлиб киришга, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича хорижий институтлар билан ҳамкорликни ривожлантиришга ҳақли.

Вакил Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро шартномалари бажарилиши тўғрисида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий институтларнинг хабардорлигини оширишга кўмаклашади.

Вакил Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро шартномаларнинг бажарилишига доир маърузаларини тайёрлашда иштирок этади.



20-4-модда. Вакилнинг парламент назоратининг

бошқа субъектлари билан ҳамкорлиги

Вакил жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги ҳолларини ўз ташаббусига кўра текшириш билан боғлиқ материалларни ҳар чоракда умумлаштириб боради.

Вакил жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш билан боғлиқ материалларни умумлаштириш ҳамда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, шунингдек жамият ва давлат манфаатлари бузилишига олиб келувчи сабаблар ҳамда шарт-шароитларни аниқлаш натижаларига кўра давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари вакилларининг ахборотини эшитиш масаласини кўриб чиқиш тўғрисидаги таклиф билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўмиталарига мурожаат қилиши мумкин.

Вакил Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг парламент назоратини амалга оширишга доир тадбирларида иштирок этишга, уларга кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан материаллар тақдим этишга ҳақлидир.

Вакил Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарига инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга доир айрим масалалар юзасидан маъруза киритиши мумкин.



20-5-модда. Вакилнинг Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суди билан ҳамкорлиги

Вакил Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди кўриб чиқиши учун қонунга мувофиқ масалалар киритиш ҳуқуқига эга.

Вакил Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мажлисларида иштирок этиши мумкин ва суд томонидан кўриб чиқилаётган барча масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини баён этишга ҳақлидир.



20-6-модда. Вакилнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари

ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари

билан ҳамкорлиги

Вакил мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини, шу жумладан тармоқ ва ҳудудий дастурларни, шунингдек инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва бошқа қарорларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорликни ўз ваколатлари доирасида амалга оширади.

Вакил нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакилларининг Вакил томонидан шакллантириладиган ишчи ва эксперт гуруҳлари, комиссиялар ва бошқа жамоатчилик-маслаҳат органлари фаолиятида иштирок этиши учун зарур шароитлар яратади.

Вакил инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида мавжуд материаллар тўғрисида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ахборот алмашувини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширади.

Вакил нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан биргаликда тадбирлар, маслаҳатлашувлар ва музокаралар ўтказиши, шунингдек ижтимоий шериклик тўғрисида битимлар ва шартномалар тузиши мумкин.



20-7-модда. Вакил фаолиятининг очиқлиги

Вакил манфаатдор шахсларнинг, шунингдек оммавий ахборот воситаларининг Вакил фаолияти тўғрисидаги ахборотдан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фойдаланишини таъминлайди.

Вакил ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотни Вакилнинг расмий веб-сайтида жойлаштиради ва янгилаб туради, Вакилнинг йиллик ҳисоботини, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро шартномаларнинг бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикасининг маърузаларини ва бошқа материалларни оммавий ахборот воситаларида эълон қилади.

Вакил ўз матбуот органини таъсис этиши ва бошқа матбуот нашрларининг ҳаммуассиси бўлиши мумкин.



20-8-модда. Вакилнинг Қорақалпоғистон Республикаси,

вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги минтақавий вакили

Вакил Комиссия аъзолари орасидан ўзининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги вакилини (бундан буён матнда Вакилнинг минтақавий вакили деб юритилади) тайинлайди.

Вакилнинг минтақавий вакили қуйидаги ҳуқуқларга эга:

тегишли минтақада яшовчи жисмоний шахсларнинг ёки тегишли минтақада жойлашган нодавлат нотижорат ташкилотларининг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқиш, уларнинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тиклашда кўмаклашиш;

маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига, корхоналар, муассасалар, ташкилотларга ва уларнинг мансабдор шахсларига аниқлаштирилиши лозим бўлган ҳолатлар юзасидан текширув ўтказишда кўмаклашишни сўраб мурожаат қилиш, шунингдек улардан кўриб чиқилаётган масалалар бўйича ҳужжатлар, материаллар ва бошқа маълумотларни сўраш ҳамда олиш;

инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда уларни ҳимоя қилиш соҳасида ахборот-маърифий ишларни амалга ошириш, шу жумладан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда амалга ошириш.

Вакилнинг минтақавий вакили:

ўз фаолияти тўғрисида ҳар чоракда Вакилга ахборот тақдим этиши;

арз қилувчининг шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек шикоятларни текширишга доир ахборотни Вакилнинг рухсатисиз ва розилигисиз ошкор этмаслиги шарт.

Вакилнинг минтақавий вакили қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ва унинг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари Вакилнинг минтақавий вакили фаолиятига кўмаклашади.

Вакилнинг минтақавий вакили инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир фаолияти тўғрисида ҳар йили тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесини, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларини хабардор қилади.

Вакилнинг минтақавий вакилига Вакил томонидан имзоланадиган гувоҳнома берилади.



20-9-модда. Вакилнинг қийноққа солиш ва бошқа

шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни

камситувчи муомала ҳамда жазо турларини

қўллашнинг олдини олиш бўйича фаолияти

Вакил қамоқда сақлаш жойларига мунтазам кириб туриш орқали қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича чоралар кўради.

Вакил қамоқда сақлаш жойларига кирганида:

қамоқда турган шахсларнинг сони ҳақида ахборот олади;

қамоқда турган шахсларни сақлаш ва улар билан муомалада бўлиш шароитларини ўрганади;

қамоқда турган шахслар билан, шунингдек қамоқда сақлаш жойлари маъмуриятининг ходимлари билан учрашувлар ва суҳбатлар, шу жумладан холи учрашувлар ва суҳбатлар ўтказади. Бунда мазкур учрашувлар ва суҳбатлар жараёни боришининг баённомаси юритилади, зарур бўлганда техника воситаларидан фойдаланилади;

шахснинг қамоқда туришининг қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжатлар билан танишади ва уларнинг кўчирма нусхаларини олади;

қамоқда сақлаш жойларининг маъмуриятидан қамоқда турган шахсни тиббий текширувдан ўтказишни, унга тиббий, психологик ва бошқа ёрдам кўрсатилишини талаб қилади, мазкур тадбирлар ўтказилаётганда ушбу шахснинг розилиги билан ҳозир бўлади;

қамоқда сақлаш жойларининг маъмурияти раҳбарларидан қамоқда турган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш масалалари юзасидан тушунтиришлар олади;

қамоқда сақлаш жойлари маъмуриятининг ғайриқонуний ҳаракатларига (ҳаракатсизлигига) чек қўйиш учун зудлик билан чоралар кўради;

қамоқда турган шахсларни сақлаш шароитлари тўғрисида хулоса тузади ва уни тегишли ташкилотларга ёки мансабдор шахсларга юборади;

тегишли давлат органларига уларнинг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олишга доирфаолиятини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ва таклифлар киритади.

Вакил шахслар турган, ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган бошқа жойларда ҳам қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича мазкур модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган чораларни кўради.

Вакилнинг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича фаолиятига кўмаклашиш учун Вакил томонидан эксперт гуруҳи тузилади. Эксперт гуруҳи тўғрисидаги низом Вакил томонидан тасдиқланади.

Эксперт гуруҳининг таркиби нодавлат нотижорат ташкилотларининг, қоида тариқасида, юриспруденция, тиббиёт, психология, педагогика соҳасида, шунингдек бошқа соҳаларда касбий ҳамда амалий билимларга эга бўлган вакиллари орасидан шакллантирилади.

Вакил эксперт гуруҳи аъзоларининг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олишга доир вазифаларини белгилайди, шунингдек уларга қамоқда сақлаш жойларига ва шахслар турган, ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган бошқа жойларга монеликсиз кириш ҳуқуқини берувчи махсус йўлланмалар беради. Махсус йўлланма Вакил Котибиятининг ходимларига ҳам берилади.



21-модда. Вакилнинг Котибияти ҳамда Вакил

фаолиятининг моддий-техника таъминоти


Вакилнинг фаолиятини таъминлаш учун Котибият тузилади, мазкур Котибият ҳақидаги низом Вакил томонидан тасдиқланади. Вакилнинг Котибияти юридик шахс ҳисобланади.

Котибият тузилмасида Вакилнинг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича фаолиятига кўмаклашувчи сектор тузилади.

Вакилнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ўз муҳри бўлади.

Вакил фаолиятининг моддий ва бошқа таъминоти Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади ҳамда унда алоҳида сатрда назарда тутилади.


22-модда. Вакил тўғрисидаги қонун ҳужжатларини

бузганлик учун жавобгарлик


Вакил тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2004 йил, 38-сон, 420-модда


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси", 2004 йил, 9-сон, 170-модда