язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Конституциялар ва кодекслар/ Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси/ Ўзбекистон Республикасининг 12.01.2021 й. ЎРҚ-661-сон "Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 11.12.2020 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 19.12.2020 й. маъқулланган)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

12.01.2021 й.

N ЎРҚ-661



СУД ҚАРОРЛАРИНИ ҚАЙТА КЎРИШ ИНСТИТУТИ

ТАКОМИЛЛАШТИРИЛИШИ МУНОСАБАТИ БИЛАН

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ФУҚАРОЛИК

ПРОЦЕССУАЛ КОДЕКСИГА ЎЗГАРТИШ ВА

ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2020 йил 11 декабрда қабул қилинган

Сенат томонидан 2020 йил 19 декабрда маъқулланган



1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 22 январда қабул қилинган ЎРҚ-460-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил, 1-сонга 1-илова, N 10, 672-модда; 2019 йил, N 3, 166-модда, N 5, 261-модда, N 9, 592-модда, N 10, 671-модда, N 11, 791, 792-моддалар, N 12, 880-модда; 2020 йил, N 1, 1, 3-моддалар, N 3, 198, 199-моддалар) қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:


1) 4-модда биринчи қисмининг тўртинчи хатбошисидаги "апелляция, кассация ва назорат" деган сўзлар "апелляция ва кассация" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


2) 6-модданинг:

тўртинчи ва бешинчи қисмлари чиқариб ташлансин;

олтинчи ва еттинчи қисмлари тегишинча тўртинчи ва бешинчи қисмлар деб ҳисоблансин;


3) 17-модданинг:

учинчи қисмидаги "апелляция, кассация ва назорат" деган сўзлар "апелляция ва кассация" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

тўртинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ишни кассация тартибида такроран кўриш беш нафар судьядан иборат таркибда амалга оширилади";


4) 20-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ишни биринчи инстанция судида кўрган судья, агар суднинг ҳал қилув қарори апелляция ёки кассация инстанцияси суди томонидан бекор қилинган бўлса, бу ишни такроран кўриши мумкин эмас, бундан янги очилган ҳолатлар бўйича ишларни кўриш, шунингдек сиртдан иш юритиш тартибида қабул қилинган ҳал қилув қарорини қайта кўриш ҳоллари мустасно.

Ишни биринчи инстанция судида кўрган судья шу ишни апелляция ёки кассация инстанцияси судида кўришда иштирок этиши мумкин эмас.

Ишни апелляция инстанцияси судида кўришда иштирок этган судья шу ишни биринчи инстанция ёки кассация инстанцияси судида кўришда иштирок этиши мумкин эмас.

Ишни кассация инстанцияси судида кўришда иштирок этган судья шу ишни биринчи инстанция ёки апелляция инстанцияси судида, ёхуд кассация инстанцияси судида мазкур Кодекснинг 419-3-моддасига мувофиқ такроран кўришда иштирок этиши мумкин эмас";


5) 25-модданинг иккинчи ва учинчи қисмлари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Иш Ўзбекистон Республикаси Олий судида, Қорақалпоғистон Республикаси судида, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларида кўрилаётганда судья ёки суднинг бутун таркиби рад қилинган тақдирда, иш шу суднинг ўзида, лекин суднинг бошқа таркибида кўрилади.

Агар Қорақалпоғистон Республикаси судида, вилоятлар ёки Тошкент шаҳар судларида ушбу Кодекснинг 21-моддасида кўрсатилган сабабларга кўра рад қилиш қаноатлантирилганидан кейин мазкур ишни кўриш учун суднинг янги таркибини тузиш имкони бўлмаса, иш Ўзбекистон Республикаси Олий судига ўтказилиши керак. Бундай ҳолда иш Ўзбекистон Республикаси Олий судида кўрилади ёки Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг фармойишига биноан бошқа тегишли судга кўриш учун юборилади";


6) 29-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"29-модда. Қорақалпоғистон Республикаси судининг,

вилоятлар, Тошкент шаҳар судларининг судловига

тегишли ишлар


Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс ариза берувчи бўлган фарзандликка олиш тўғрисидаги ишларни, шунингдек қонун билан ўз ваколатига киритилган бошқа ишларни кўради.

Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари алоҳида ҳолатлардан келиб чиқиб, ҳар қандай ишни фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судидан олишга ва уни биринчи инстанция суди сифатида ўз иш юритувига қабул қилишга ёки ишни бир суддан бошқа фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судига ўтказишга ҳақли";


7) 40-модданинг биринчи қисмидаги "шикоят қилиш" деган сўзлар "шикоят қилиш (протест келтириш)" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


8) 50-модданинг:

иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Прокурор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда, шунингдек прокурорнинг аризасига кўра қўзғатилган ишлар бўйича фуқаролик ишининг муҳокамасида иштирок этишга ҳақли. Прокурор бошқа шахсларнинг аризалари билан қўзғатилган ишнинг муҳокамасида ўз ташаббуси билан иштирок этиши мумкин эмас";

учинчи қисми чиқариб ташлансин;


9) 138-модданинг еттинчи қисмидаги "апелляция, кассация ва назорат" деган сўзлар "апелляция ва кассация" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


10) 168-модданинг учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Келишув битими апелляция, кассация инстанцияси суди томонидан тасдиқланган тақдирда, иш бўйича илгари қабул қилинган барча суд ҳужжатлари бекор қилиниши тўғрисида ажрим чиқарилади ва иш юритиш тугатилади";


11) 249-модда:

қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Суднинг ҳал қилув қарори қонуний, асослантирилган ва адолатли бўлиши керак. У фақат суд мажлисида текширилган далилларга асосланган бўлиши керак";

учинчи ва тўртинчи қисмлари тегишинча тўртинчи ва бешинчи қисмлар деб ҳисоблансин;


12) 260-модда чиқариб ташлансин;


13) 264-модданинг биринчи қисмидагиқори инстанция" деган сўзлар "апелляция инстанцияси" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


14) 270-5-модданинг олтинчи қисми чиқариб ташлансин;


15) 275-модданинг:

номидаги "(қарори)" деган сўз чиқариб ташлансин;

биринчи, иккинчи ва учинчи қисмларидаги "(қарор)" деган сўз чиқариб ташлансин;


16) 285-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"285-модда. Сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорини

қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги ариза


Жавобгар сиртдан ҳал қилув қарорини қабул қилган судга шу ҳал қилув қарори қабул қилинганидан кейин ўн беш кун ичида уни қайта кўриб чиқиш тўғрисида ариза беришга ҳақли.

Сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорини қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги ариза ушбу Кодекснинг 287-291-моддаларида назарда тутилган тартибда кўриб чиқилади";


17) қуйидаги мазмундаги 285-1-модда билан тўлдирилсин:


"285-1-модда. Сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарори

устидан шикоят қилиш (протест келтириш)


Сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарори устидан ушбу Кодекснинг 44-бобида назарда тутилган тартибда апелляция шикояти (протести) берилиши мумкин";


18) 298-модданинг иккинчи қисмидаги "Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича судига, фуқаролик ишлари бўйича вилоят ёки Тошкент шаҳар судига" деган сўзлар "Қорақалпоғистон Республикаси судига, вилоятлар ёки Тошкент шаҳар судларига" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


19) 43-боб чиқариб ташлансин;


20) 44-бобнинг 383-402-моддалари қуйидаги мазмундаги 383-402-1-моддалар билан алмаштирилсин:


"383-модда. Апелляция шикояти (протести) бериш ҳуқуқи


Тарафлар ва ишда иштирок этишга жалб қилинган бошқа шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахслар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил суднинг ҳал қилув қарори устидан апелляция тартибида шикоят қилиши мумкин, бундан тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низолар мустасно.

Прокурор, юқори турувчи прокурор прокурорнинг иштирокида кўрилган иш бўйича, шунингдек тарафларнинг мурожаати мавжуд бўлган тақдирда биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция протести келтиришга ҳақли.


384-модда. Апелляция шикоятларини (протестларини)

кўриб чиқадиган судлар


Қуйидагилар:

1) Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати - тегишли фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судларининг ҳал қилув қарорлари, ажримлари, қарорлари устидан берилган;

2) Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди - ҳудудий ҳарбий судларнинг ҳал қилув қарорлари, ажримлари, қарорлари устидан берилган;

3) Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати - Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий судининг биринчи инстанция бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорлари, ажримлари, қарорлари устидан берилган апелляция шикоятларини (протестларини) кўриб чиқади.


385-модда. Апелляция шикоятини (протестини) бериш тартиби


Апелляция шикояти (протести) апелляция инстанцияси суди номига йўлланади, лекин ҳал қилув қарорини, ажримни, қарорни чиқарган судга берилади.

Апелляция шикояти (протести) судга ишда иштирок этувчи шахсларнинг сонига қараб кўчирма нусхалари билан бирга тақдим этилади, бундан электрон ҳужжат тарзида юбориладиган апелляция шикояти (протести) мустасно.

Зарур ҳолларда, судья апелляция шикояти берган шахснинг ёки протест келтирган прокурорнинг зиммасига апелляция шикоятига ёхуд протестга илова қилинган ёзма материалларнинг кўчирма нусхаларини ишда иштирок этувчи шахсларнинг сонига қараб тақдим этиш мажбуриятини юклатиши мумкин.


385-1-модда. Апелляция шикоятини (протестини) бериш муддати


Апелляция шикояти (протести) ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ичида берилиши мумкин.

Белгиланган муддат ўтгандан кейин берилган апелляция шикояти (протести) апелляция шикоятини (протестини) берган шахсга қайтарилади.

Ўтказиб юборилган муддат, агар муддатни ўтказиб юбориш сабаблари суд томонидан узрли деб топилган бўлса, шикоят (протест) бераётган шахснинг илтимосномасига кўра биринчи инстанция судининг ажримига биноан тикланиши мумкин.

Ўтказиб юборилган муддатни тиклаш ҳақидаги масала ушбу Кодекснинг 155-моддасида назарда тутилган тартибда ҳал қилинади.


386-модда. Апелляция шикоятининг (протестининг) мазмуни


Апелляция шикоятида (протестида) қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:

1) шикоят (протест) йўлланаётган суднинг номи;

2) шикоят (протест) бераётган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми (номи), унинг яшаш жойи ёки жойлашган ери (почта манзили);

3) шикоят қилинаётган ёки протест келтирилаётган ҳал қилув қарори, ажрим, қарор ва ушбу суд ҳужжатларини чиқарган суд;

4) ҳал қилув қарорининг, ажримнинг, қарорнинг нотўғрилиги нимадан иборат эканлиги;

5) шикоят (протест) бераётган шахснинг илтимоси;

6) шикоятга (протестга) илова қилинган ёзма материалларнинг рўйхати.

Апелляция шикоятини шикоят бераётган шахс ёки унинг вакили имзолайди. Апелляция протестини прокурор ёки унинг ўринбосари келтиради ва имзолайди.

Апелляция шикоятида (протестида) шикоятни (протестни) берган шахснинг ёхуд унинг вакилининг телефонлари ва факслари рақамлари, электрон почта манзили кўрсатилиши мумкин.


387-модда. Апелляция шикоятига (протестига)

илова қилинадиган ҳужжатлар


Апелляция шикоятига қуйидагилар илова қилинади:

давлат божи ва почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

апелляция шикояти вакил томонидан имзоланган тақдирда - уни имзолашга вакилнинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжат;

шикоят қилинаётган суд ҳужжатининг нусхаси.

Прокурорнинг иштирокисиз кўриб чиқилган иш бўйича апелляция шикоятига протест келтириш учун асос бўлиб хизмат қилган тарафнинг мурожаати нусхаси илова қилинади.

Суднинг аризани қайтариш ҳақидаги ёки аризани қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрими устидан апелляция шикоятига (протестига) қайтарилган ариза ва унга қўшиб берилган ҳужжатлар ҳам илова қилиниши керак.


388-модда. Апелляция шикоятини (протестини)

ҳаракатсиз қолдириш


Агар апелляция шикоятини (протестини) бериш пайтида ушбу Кодекс 385-387-моддаларининг талаблари бузилишига йўл қўйилган бўлса, апелляция шикояти (протести) ҳаракатсиз қолдирилади.

Апелляция шикоятини (протестини) ҳаракатсиз қолдириш тўғрисида судья бу шикоятнинг (протестнинг) ҳаракатсиз қолдирилишига асос бўлган камчиликларни ва уларни тузатиш учун берилган муддатни кўрсатган ҳолда ажрим чиқаради. Ажрим апелляция шикояти (протести) берган шахсга имзо қўйдириб топширилади ёки унга почта орқали ёхуд ахборот тизими орқали электрон ҳужжат тарзида юборилади.

Агар шикоят (протест) берган шахс ажримда кўрсатилган камчиликларни белгиланган муддатда бартараф этса, шикоят (протест) дастлаб судга тақдим этилган кунда берилган ҳисобланади. Акс ҳолда, шикоят (протест) берилмаган ҳисобланиб, шикоятни (протестни) берган шахсга қайтарилади ва бу ҳақда ажрим чиқарилади. Шикоят (протест) уни берган шахсга ажрим билан бирга имзо қўйдириб топширилади ёки унга почта орқали ёхуд электрон ҳужжат тарзида юборилади.


389-модда. Биринчи инстанция судининг апелляция шикоятини

(протестини) олганидан кейинги ҳаракатлари


Судья ёки суд раиси апелляция шикоятини (протестини) олгандан кейин:

1) ишда иштирок этувчи шахсларга шикоятнинг (протестнинг) кўчирма нусхасини юбориши;

2) ишда иштирок этувчи шахсларни апелляция инстанцияси судида ишни кўриш вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилиши;

3) ҳал қилув қарори устидан шикоят қилиш (протест келтириш) учун белгиланган муддат ўтган вақтдан эътиборан ўн кун ичида ишни келиб тушган шикоят (протест) билан бирга апелляция инстанцияси судига юбориши шарт.

Ҳал қилув қарори, ажрим, қарор устидан шикоят қилиш (протест келтириш) учун белгиланган муддат ичида ҳеч ким ишни суддан талаб қилиб олиши мумкин эмас. Ишда иштирок этувчи шахслар судда иш материаллари ва келиб тушган шикоят (протест) билан танишишга ҳақли.

Шикоят қилиш (протест келтириш) учун ўтказиб юборилган муддат тикланган тақдирда биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорининг ижросини тўхтатишга ҳақли бўлиб, бу ҳақда ажрим чиқарилади.

Ҳал қилув қарорининг ижроси апелляция инстанцияси суди томонидан шикоятни (протестни) кўриб чиқиш натижалари бўйича ажрим қабул қилингунига қадар бўлган муддатга тўхтатилади.


390-модда. Апелляция шикоятига (протестига) қўшилиш


Суд процессида апелляция шикояти берган тараф томонида иштирок этаётган шерик иштирокчилар ва учинчи шахслар берилган шикоятга қўшилиши мумкин. Мазкур шахслар келтирилган апелляция протестига ҳам қўшилиши мумкин.

Шикоятга (протестга) қўшилиш ҳақида ариза берилганда давлат божи ундирилмайди.


391-модда. Апелляция шикояти (протести) юзасидан

тушунтириш бериш (эътироз билдириш)


Ишда иштирок этувчи шахслар шикоят (протест) юзасидан судга тушунтиришлар (эътирозлар) уларни тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилиб, тақдим этишга ҳақли.

Тушунтиришлар (эътирозлар) ишда иштирок этувчи шахслар сонига қараб мутаносиб миқдордаги кўчирма нусхалари билан бирга судга тақдим этилади, бундан электрон ҳужжат тарзида юбориладиган тушунтиришлар (эътирозлар) мустасно. Суд тушунтиришларнинг (эътирозларнинг) кўчирма нусхаларини ишда иштирок этувчи шахсларга топширади (юборади).


392-модда. Апелляция инстанцияси судининг ишни

шикоят (протест) билан бирга олганидан

кейинги ҳаракатлари


Зарур ҳолларда, апелляция инстанцияси суди:

ишда иштирок этувчи шахсларга шикоят (протест) юзасидан тушунтиришлар (эътирозлар) тақдим этишни таклиф қилади. Тушунтиришлар (эътирозлар), шунингдек уларга илова қилинган ҳужжатлар ишда иштирок этувчи шахслар сонига қараб кўчирма нусхалари билан бирга тақдим этилади, бундан электрон ҳужжат тарзида юбориладиган тушунтиришлар (эътирозлар), шунингдек уларга илова қилинган ҳужжатлар мустасно. Суд тушунтиришларнинг (эътирозларнинг) кўчирма нусхаларини ишда иштирок этувчи шахсларга топширади (юборади);

ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномасига кўра ёки ўз ташаббуси билан далилларни талаб қилиб олади.


393-модда. Апелляция шикоятини (протестини) тўлдириш,

ўзгартириш, шикоятдан воз кечиш ва протестни қайтариб олиш


Апелляция шикояти берган шахс апелляция инстанцияси суди маслаҳатхонага киргунига қадар шикоятни тўлдиришга, ўзгартиришга ёки ундан воз кечишга ҳақли.

Апелляция протести келтирган прокурор, шунингдек юқори турувчи прокурор апелляция инстанцияси суди маслаҳатхонага киргунига қадар протестни тўлдиришга, ўзгартиришга ёки қайтариб олишга ҳақли.

Шикоятдан воз кечилганда ва протест қайтариб олинган тақдирда, апелляция инстанцияси суди ажрим чиқаради ҳамда унга кўра апелляция тартибида иш юритишни тугатади.

Апелляция шикояти (протести) рад этилганлиги (қайтариб олинганлиги) сабабли мазкур шикоят (протест) бўйича апелляция тартибида иш юритишнинг тугатилиши, агар тегишли суд қарори устидан бошқа шахслар томонидан шикоят қилинган бўлса, бошқа апелляция шикоятларини (протестини) кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди.


394-модда. Даъвогарнинг арз қилинган талабларидан

воз кечиши, жавобгарнинг даъвогар талабларини

тан олиши ва тарафларнинг келишув битими


Апелляция шикояти (протести) берилгандан кейин даъвогарнинг арз қилинган талабларидан воз кечиши, жавобгарнинг даъвогар талабларини тан олиши ва тарафларнинг келишув битими ёзма шаклда, шу жумладан электрон ҳужжат тарзида апелляция инстанцияси судига тақдим этилиши керак.

Агар иш муҳокамаси давомида даъвогар арз қилинган талабларидан воз кечса, жавобгар билдирилган талабларни тан олса ёки тарафлар келишув битими тузса, бу ҳақда суд мажлисининг баённомасига ёзиб қўйилади.

Суд даъводан воз кечишни қабул қилишдан ёки келишув битимини тасдиқлашдан олдин даъвогарга ёки тарафларга бундай процессуал ҳаракатларнинг оқибатларини тушунтиради.

Апелляция инстанцияси суди даъвогарнинг арз қилинган талабларидан воз кечишини қабул қилганида ёки тарафларнинг келишув битимини тасдиқлаганида чиқарилган ҳал қилув қарорини бекор қилади ва иш юритишни тугатади.

Агар даъвогарнинг арз қилинган талабларидан воз кечиши ёки тарафларнинг келишув битими қонунга зид бўлса ёхуд бошқа бировнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига хилоф бўлса, суд воз кечишни қабул қилмайди ёхуд тузилган келишув битимини тасдиқлашни рад этади ва ишни апелляция тартибида кўриб чиқади.


395-модда. Апелляция шикоятини (протестини) кўриш муддати


Апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори устидан берилган апелляция шикоятини (протестини) иш судга келиб тушган кундан эътиборан бир ойдан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқади.

Алоҳида ҳолларда, апелляция шикоятини (протестини) кўриб чиқиш муддати ишни кўраётган судлов ҳайъати томонидан кўпи билан бир ойга узайтирилиши мумкин.


396-модда. Апелляция инстанцияси судининг ишни кўриш доираси


Суд ишни апелляция тартибида кўраётганда суд ҳужжатларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текширади. У янги далилларни ўрганиб чиқиши ва янги фактларни аниқлаши мумкин.

Апелляция инстанцияси суди суд ҳужжатини тўлиқ ҳажмда текшириб чиқиши шарт.


397-модда. Апелляция инстанцияси судида ишларни кўриш тартиби


Апелляция инстанцияси судида суд муҳокамаси мазкур моддада белгиланган хусусиятларни инобатга олган ҳолда, ушбу Кодекснинг 22-бобида белгиланган қоидалар бўйича ўтказилади.

Апелляция инстанцияси судининг мажлисида раислик қилувчи ушбу Кодекснинг 211 ва 212-моддаларига амал қилган ҳолда, суд мажлисида тегишли тартибни таъминлашга доир зарур чораларни кўради.

Раислик қилувчи суд мажлисини очади ва кимнинг шикояти (протести) бўйича ҳамда қайси суднинг ҳал қилув қарори устидан қандай иш кўрилишини эълон қилади. Раислик қилувчи ишда иштирок этувчи шахсларнинг қайси бири келмаганлигини, келмаганлик сабаблари тўғрисида қандай маълумотлар борлигини аниқлайди, судга келганларнинг шахсини аниқлайди, шунингдек мансабдор шахсларнинг ва вакилларнинг ваколатларини текширади.

Раислик қилувчи суд таркибини эълон қилади, суд мажлисининг котиби, прокурор, эксперт, мутахассис, таржимон сифатида кимлар иштирок этаётганлигини эълон қилади ва ишда иштирок этувчи шахсларга уларнинг рад қилишга доир ҳуқуқларини тушунтиради.

Арз қилинган рад қилишлар ушбу Кодекснинг 4-бобида белгиланган тартибда ҳал этилади.

Раислик қилувчи ишда иштирок этувчи шахсларга уларнинг процессуал ҳуқуқлари ва мажбуриятларини тушунтиради.

Ишни кўриш вақти ва жойи ҳақида белгиланган тартибда хабардор қилинганлиги тўғрисида маълумотлар мавжуд бўлмаган ишда иштирок этувчи шахсларнинг бирор-бири суд мажлисига келмаган тақдирда, суд ишнинг муҳокамасини кейинга қолдиради.

Ишни кўриш вақти ва жойи ҳақида белгиланган тартибда хабардор қилинган ишда иштирок этувчи шахсларнинг суд мажлисига келмаганлиги ишнинг муҳокамасига тўсқинлик қилмайди. Бироқ суд бундай ҳолларда ҳам судга келмаганлик сабабларини узрли деб топиб, ишнинг муҳокамасини кейинга қолдиришга ҳақли.

Прокурорнинг ёки адвокатнинг судга узрли сабабларсиз келмаганлиги тўғрисида суд хусусий ажрим чиқариб, бу ҳақда тегишли юқори турувчи прокурорга ёки Ўзбекистон Республикаси адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаси ҳузуридаги малака комиссиясига хабар беради.

Ишда иштирок этувчи шахсларнинг апелляция инстанциясида ишнинг муҳокамаси билан боғлиқ бўлган барча масалалар бўйича илтимосномалари ва аризалари ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг фикрлари эшитилгандан кейин суд томонидан ҳал этилади.

Апелляция инстанцияси судида ишни кўриш раислик қилувчининг ёки судьялардан бирининг маърузаси билан бошланади.

Маърузачи ишнинг ҳолатларини, биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорининг мазмунини, апелляция шикоятида (протестида) келтирилган важларни ва улар юзасидан берилган тушунтиришларни (эътирозларни), янги далилларнинг мазмунини, шунингдек суд ҳужжатининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш учун суд кўриши зарур бўлган бошқа маълумотларни баён қилади.

Суд раислик қилувчининг ёки судьялардан бирининг маърузасидан кейин суд мажлисига келган ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришларини эшитади, бу шахслар апелляция шикоятида (протестида) кўрсатилмаган важларни келтиришга ва қўшимча материаллар тақдим этишга ҳам ҳақли.

Дастлаб апелляция шикояти берган шахс ва унинг вакили ёки, агар иш протест бўйича кўрилаётган бўлса, прокурор сўзга чиқади. Ҳал қилув қарори устидан ҳар иккала тараф томонидан шикоят қилинган бўлса, биринчи бўлиб даъвогар сўзга чиқади.

Ушбу Кодекснинг 52-моддасида назарда тутилган тартибда ишда иштирок этувчи давлат бошқаруви органларининг, ташкилотларнинг вакиллари, шунингдек фуқаролар, агар улар суднинг ҳужжати устидан шикоят қилмаган бўлса, апелляция инстанцияси судида тарафлар ва учинчи шахслардан кейин сўзга чиқади.

Ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришларидан сўнг прокурор суд ҳужжатининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилиги тўғрисида фикрини баён этади, бундан прокурорнинг протести бўйича қайта кўрилаётган суд ҳужжатлари мустасно.

Ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришлари ва прокурор фикри эшитилгандан сўнг апелляция инстанцияси суди ажрим чиқариш учун алоҳида хонага (маслаҳатхонага) киради.

Апелляция инстанцияси судининг ажрими иш кўрилгандан сўнг дарҳол чиқарилади.

Алоҳида ҳолларда, асослантирилган ажримни тайёрлаш беш кунгача бўлган муддатга кечиктирилиши мумкин, бироқ ажримнинг хулоса қисмини суд апелляция муҳокамаси тамомланган мажлиснинг ўзидаёқ эълон қилиши керак.

Судьяларнинг маслаҳатлашуви, ажрим чиқариш ва уни ўқиб эшиттириш ушбу Кодексда белгиланган тартибда амалга оширилади.


398-модда. Апелляция инстанцияси судида иш

юритишни тўхтатиб туриш


Апелляция инстанцияси суди иш юритишни ушбу Кодекснинг 10-бобида назарда тутилган тартибда тўхтатиб туради.


399-модда. Апелляция инстанцияси судининг ваколатлари


Суд ишни апелляция тартибида кўриб чиққач, ўз ажрими билан:

1) ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришга, шикоятни (протестни) эса қаноатлантирмасликка;

2) ишни янгидан кўриш учун юбормасдан ҳал қилув қарорини ўзгартиришга ёки ҳал қилув қарорини бутунлай ёки қисман бекор қилишга ва янги ҳал қилув қарори чиқаришга;

3) ҳал қилув қарорини қисман ёки бутунлай бекор қилишга ҳамда ушбу Кодекснинг 122 ва 124-моддаларида кўрсатилган асосларга кўра аризани кўрмасдан қолдиришга ёхуд иш юритишни тугатишга;

4) ушбу Кодекс 399-3-моддаси иккинчи қисмининг 2 ва 4-бандларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда ҳал қилув қарорини бекор қилишга ва ишни янгидан кўриш учун юборишга ҳақли.

Суд харажатларини тақсимлаш тўғрисидаги масала ҳал қилинмаганлиги ёки нотўғри ҳал қилинганлиги суднинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ёки ўзгартириш учун асос бўлмайди. Бундай ҳолда, ажримнинг хулоса қисмида суд харажатлари ушбу Кодекснинг 138-141-моддаларида назарда тутилган тартибда тақсимланиши кўрсатилади.


399-1-модда. Суд ҳужжатини бекор қилиш

ёки ўзгартириш асослари


Суд ҳужжатини апелляция тартибида бекор қилишга ёки ўзгартиришга қуйидагилар асос бўлади:

1) иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўлиқ аниқланмаганлиги;

2) суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги;

3) суднинг ҳал қилув қарорида баён этилган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ келмаслиги;

4) моддий ҳуқуқ нормаларининг ёки процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёки нотўғри қўлланилганлиги.

Суднинг мазмунан тўғри бўлган ҳал қилув қарори, ажрими, қарори фақат расмий асосларга кўра бекор қилиниши мумкин эмас.


399-2-модда. Моддий ҳуқуқ нормаларини

бузиш ёки нотўғри қўллаш


Қуйидаги ҳолларда моддий ҳуқуқ нормалари бузилган ёки нотўғри қўлланилган деб ҳисобланади, агар:

1) суд қўлланилиши лозим бўлган қонун ёки бошқа қонун ҳужжатини қўлламаган бўлса;

2) суд қўлланилмаслиги лозим бўлган қонун ёки бошқа қонун ҳужжатини қўллаган бўлса;

3) суд қонун ёки бошқа қонун ҳужжатини нотўғри талқин қилган бўлса.


399-3-модда. Процессуал ҳуқуқ нормаларини

бузиш ёки нотўғри қўллаш


Процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёки нотўғри қўлланилганлиги ишнинг нотўғри ҳал этилишига сабаб бўлган ёки сабаб бўлиши мумкин бўлган тақдирдагина ҳал қилув қарорининг, ажримнинг ёки қарорнинг бекор қилинишига асос бўлади.

Агар:

1) иш суд томонидан ғайриқонуний таркибда ёки тааллуқлилик тўғрисидаги қоидалар бузилган ҳолда кўрилган бўлса;

2) иш суд муҳокамасида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган, аммо суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилинмаган шахслардан бирор-бири йўқлигида кўрилган бўлса;

3) иш кўрилаётганида иш юритилаётган тилга доир қоидалар бузилган бўлса;

4) суд ишида иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисидаги масалани ҳал қилган бўлса;

5) ҳал қилув қарори, ажрим, қарор чиқаришда суд маслаҳатининг сир сақланишига доир қоидалар бузилган бўлса;

6) ҳал қилув қарори, ажрим, қарор судья томонидан имзоланмаган ёки ишни кўрган ва ҳал қилган судьялардан (судьядан) бошқа судьялар (судья) томонидан имзоланган бўлса;

7) ишда суд мажлиси баённомаси мавжуд бўлмаса ёки у имзоланмаган бўлса, ҳал қилув қарори, ажрим, қарор бекор қилиниши мумкин.


399-4-модда. Апелляция инстанцияси судининг ажрими


Апелляция инстанцияси судининг ажримида қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:

1) ажрим чиқарилган сана ва жой;

2) ажрим чиқарган суднинг номи ва таркиби;

3) тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг иштироки тўғрисидаги маълумотлар;

4) иш кимнинг шикояти ёки протести бўйича кўриб чиқилганлиги;

5) шикоят қилинган ёки протест келтирилган суд ҳужжатининг номи ва унинг қисқача мазмуни;

6) шикоятда ёки протестда баён этилган важлар, тақдим этилган материалларнинг қисқача мазмуни, ишни кўришда иштирок этган шахсларнинг тушунтиришлари ва прокурорнинг фикри;

7) апелляция инстанцияси суди хулосага келишига асос бўлган сабаблар ҳамда суд амал қилган моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари;

8) қарорнинг хулоса қисми.

Суд шикоятни (протестни) рад қилган тақдирда ўз ажримида қайси сабабларга кўра шикоятдаги (протестдаги) важларни нотўғри деб ёки қарорни бекор қилиш, ўзгартириш ёхуд янги ҳал қилув қарори чиқариш учун асос бўлмайди деб топганлигини кўрсатиши шарт.

Апелляция инстанцияси судининг ажрими ишни кўрган судьялар томонидан имзоланади.

Апелляция инстанцияси суди ажримининг нусхалари ишда иштирок этган шахсларга ажрим чиқарилган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай почта орқали ёки электрон ҳужжат тарзида юборилади.

Апелляция инстанцияси судининг ажрими чиқарилган кундан эътиборан қонуний кучга киради.


400-модда. Биринчи инстанция судининг ажрими устидан

хусусий шикоят (протест) бериш ҳуқуқи


Тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахслар биринчи инстанция судининг ажримлари устидан суд томонидан ажрим топширилган ёки юборилган кундан эътиборан йигирма кун ичида апелляция инстанцияси судига қуйидаги ҳолларда суднинг ҳал қилув қароридан алоҳида шикоят қилиши ва прокурор протест келтириши мумкин:

1) ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда;

2) суднинг ажрими ишнинг кейинги ҳаракатланишига тўсқинлик қиладиган ҳолларда.

Биринчи инстанция судининг бошқа ажримлари устидан хусусий шикоят (протест) берилмайди, бироқ бундай ажримларга қарши эътирозлар апелляция шикоятига (протестига) киритилиши мумкин.


401-модда. Хусусий шикоятлар (протестлар) бериш

ва уларни кўриб чиқиш тартиби


Хусусий шикоятлар (протестлар) ушбу бобда белгиланган тартибда берилади ва кўриб чиқилади.


402-модда. Биринчи инстанция судининг ажрими устидан

шикоят қилинганлиги (протест келтирилганлиги)

муносабати билан ишни кўрадиган апелляция

инстанцияси судининг ваколатлари


Апелляция инстанцияси суди хусусий шикоятни (протестни) кўриб чиқиб:

1) ажримни ўзгартишсиз қолдиришга, шикоятни (протестни) эса қаноатлантирмасликка;

2) ажримни бекор қилишга ва ишни мазмунан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишга;

3) ажримни бутунлай ёки қисман ўзгартиришга ёхуд бекор қилишга ва масалани мазмунан ҳал қилишга ҳақли.


402-1-модда. Биринчи инстанция судининг қарори устидан

берилган апелляция шикояти (протести)


Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича биринчи инстанция судининг қарори устидан берилган апелляция шикояти (протести) мазкур бобда биринчи инстанция судининг ажримлари устидан шикоят (протест) бериш учун назарда тутилган тартибда кўриб чиқилади";


21) 403 ва 404-моддалар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"403-модда. Кассация шикояти (протести) бериш ҳуқуқи


Тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахслар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил биринчи инстанция судининг апелляция тартибида кўрилган ҳал қилув қарори, ажрими, қарори ҳамда апелляция инстанцияси судининг ажрими устидан кассация шикояти бериши, бундан тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низолар мустасно, прокурор эса ушбу Кодексда белгиланган ҳолларда кассация протести келтириши мумкин.


404-модда. Кассация шикоятини (протестини) кўрадиган суд


Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори ва апелляция инстанцияси судининг ажрими устидан берилган кассация шикояти (протести) Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан кўрилади";


22) 405-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Кассация шикояти (протести) бевосита Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига берилади.

Кассация шикояти (протести) ишда иштирок этувчи шахсларнинг сонига қараб кўчирма нусхалари билан бирга судга тақдим этилади, бундан электрон ҳужжат тарзида юбориладиган кассация шикояти (протести) мустасно.

Зарур ҳолларда, судья кассация шикояти берган шахс ёки протест келтирган прокурор зиммасига кассация шикоятига (протестига) илова қилинган ёзма материалларнинг кўчирма нусхаларини ишда иштирок этувчи шахсларнинг сонига қараб тақдим этиш мажбуриятини юклатиши мумкин.

Ходим билан тузилган меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинганда ёки ходим бир ишдан бошқа ишга ғайриқонуний равишда ўтказилганида уни илгариги ишига тиклаш тўғрисида суд чиқарган ҳал қилув қарори устидан кассация шикояти (протести) ушбу қарорнинг ижросига доир ҳужжат илова қилинган тақдирдагина қабул қилинади";


23) қуйидаги мазмундаги 405-1-модда билан тўлдирилсин:


"405-1-модда. Кассация шикояти (протести) бериш муддати


Кассация шикояти (протести) апелляция инстанцияси судининг ажрими қабул қилинган кундан эътиборан бир йил ичида берилиши мумкин.

Ўтказиб юборилган кассация шикояти (протести) бериш муддати шикоят (протест) бераётган шахснинг илтимосномасига кўра кассация инстанция судининг судьяси томонидан, башарти илтимоснома кассация шикояти (протести) бериш муддати ўтган кундан эътиборан уч ойдан кечиктирмай берилган бўлса ва ўтказиб юборилган муддат суд томонидан узрли деб топилса, тикланиши мумкин.

Ўтказиб юборилган кассация шикояти (протести) бериш муддатини тиклаш ёки тиклашни рад этиш тўғрисида ажрим чиқарилади";


24) 406-модданинг:

биринчи қисми 3-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"3) шикоят қилинаётган (протест келтирилаётган) ҳал қилув қарори, ажрим, қарор ва ушбу суд ҳужжатларини чиқарган суд";

учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Кассация протести протест келтирган прокурор томонидан имзоланган бўлиши керак";


25) 407-модда:

қуйидаги мазмундаги иккинчи ва учинчи қисмлар билан тўлдирилсин:

"Прокурорнинг иштирокисиз кўрилган иш бўйича кассация протестига тарафнинг протест келтиришга асос бўлиб хизмат қилган мурожаатининг кўчирма нусхаси илова қилинади.

Кассация шикоятига (протестига) иш бўйича қабул қилинган суд ҳужжатларининг кўчирма нусхалари илова қилиниши керак";

иккинчи қисми тўртинчи қисм деб ҳисоблансин;


26) қуйидаги мазмундаги 407-1-407-7-моддалар билан тўлдирилсин:


"407-1-модда. Ишни талаб қилиб олиш


Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси кассация шикояти (протести) бўйича ишни суддан талаб қилиб олишга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва уларнинг ўринбосарлари, вилоят прокурори, унга тенглаштирилган прокурор ва уларнинг ўринбосарлари ушбу Кодекснинг 403-моддасида кўрсатилган шахсларнинг мурожаати мавжуд бўлган тақдирда, кассация протести келтириш тўғрисидаги масалани ҳал этиш учун тегишли суддан ишни талаб қилиб олишга ҳақли.


407-2-модда. Кассация шикоятини (протестини) ўрганиш


Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси кассация шикоятини (протестини) беш кундан ортиқ бўлмаган муддатда ўрганади.

Кассация шикоятини (протестини) ўрганиш натижалари бўйича судья қуйидаги ажримлардан бирини чиқаради:

1) кассация шикоятини (протестини) қабул қилишни рад этиш тўғрисида;

2) кассация шикоятини (протестини) қайтариш ҳақида;

3) кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш ва ишни талаб қилиб олиш тўғрисида.

Ушбу модда иккинчи қисмининг 1 ва 2-бандларида кўрсатилган ажримнинг кўчирма нусхаси шикоятга (протестга) илова қилинган ҳужжатлар билан бирга кассация шикоятини (протестини) берган шахсга ушбу Кодекснинг 273-моддасида назарда тутилган тартибда ва муддатда юборилади.


407-3-модда. Кассация шикоятини (протестини)

қабул қилишни рад этиш


Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси кассация шикоятини (протестини) қабул қилишни қуйидаги ҳолларда рад этади, агар:

1) кассация шикояти (протести) суд ҳужжати устидан шикоят қилиш (протест келтириш) ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан берилган бўлса;

2) кассация шикояти (протести) қонуний кучга кирмаган ёки қонунчиликка мувофиқ кассация тартибида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин бўлмаган ёхуд апелляция тартибида кўрилмаган суд ҳужжати устидан берилган бўлса;

3) кассация шикояти (протести) кассация тартибида кўрилган суд ҳужжати устидан берилган бўлса;

4) кассация шикоятини (протестини) бериш муддати ўтказиб юборилган ва ўтказилган муддатни тиклаш рад этилган бўлса.

Кассация шикоятини (протестини) қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажримда кассация шикоятини (протестини) қабул қилишни рад этиш асослари кўрсатилади, кассация шикоятини беришда тўланган давлат божини қайтариш ҳақидаги масала ҳал этилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ёки унинг ўринбосари томонидан кассация шикоятини (протестини) қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим кассация шикоятини (протестини) берган шахснинг аризасига кўра бекор қилиниши мумкин.

Кассация шикоятини (протестини) қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажримни бекор қилиш ҳақидаги ариза суд ҳужжатининг кассация шикояти (протести) бериш муддати ичида берилиши мумкин.

Ушбу модданинг тўртинчи қисмида кўрсатилган муддат ўтгандан сўнг берилган ариза кўриб чиқилмайди.

Кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим бекор қилинган тақдирда, кассация шикояти (протести) судга дастлабки мурожаат қилинган кунда берилган деб ҳисобланади.


407-4-модда. Кассация шикоятини (протестини) қайтариш


Кассация шикояти (протести) қуйидаги ҳолларда қайтарилади, агар:

1) шикоят (протест) ушбу Кодекс 406-моддаси биринчи қисмининг 1-5-бандларида назарда тутилган талабларга жавоб бермаса;

2) шикоятга (протестга) шикоят (протест) қилинаётган суд ҳужжатларининг кўчирма нусхалари илова қилинмаган бўлса;

3) шикоятга давлат божи ва почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинмаган бўлса, қонунда давлат божи тўлашни кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш ёки унинг миқдорини камайтириш имконияти назарда тутилган ҳолларда эса бу ҳақда илтимоснома мавжуд бўлмаса ёхуд илтимоснома рад этилган бўлса;

4) шикоятга вакилнинг шикоятни имзолаш ваколатини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинмаган бўлса;

5) прокурорнинг иштирокисиз кўрилган иш бўйича кассация протестига тарафнинг протест келтиришга асос бўлиб хизмат қилган мурожаатининг кўчирма нусхаси илова қилинмаган бўлса;

6) шикоят (протест) бериш муддати ўтган ва ўтказиб юборилган муддатни тиклаш ҳақидаги илтимоснома мавжуд бўлмаса;

7) шикоятни (протестни) қайтариш тўғрисида ариза келиб тушган бўлса.

Кассация шикоятини (протестини) қайтариш ҳақидаги ажримда шикоятни (протестни) қайтариш асослари кўрсатилади, кассация шикоятини беришда тўланган давлат божини қайтариш тўғрисидаги масала ҳал этилади.

Шикоят (протест) берган шахс ушбу модда биринчи қисмида кўрсатилган ҳолатлар бартараф этилганидан кейин умумий тартибда қайтадан мурожаат қилишга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ёки унинг ўринбосари томонидан кассация шикоятини (протестини) қайтариш тўғрисидаги ажрим кассация шикоятини (протестини) берган шахснинг аризасига кўра бекор қилиниши мумкин.

Кассация шикоятини (протестини) қайтариш ҳақидаги ажримни бекор қилиш тўғрисидаги ариза суд ҳужжатининг кассация шикояти (протести) бериш муддати ичида берилиши мумкин.

Ушбу модданинг бешинчи қисмида кўрсатилган муддат ўтгандан сўнг берилган ариза кўриб чиқилмайди.

Кассация шикоятини (протестини) қайтариш ҳақидаги ажрим бекор қилинган тақдирда, кассация шикояти (протести) судга дастлабки мурожаат қилинган кунда берилган деб ҳисобланади.


407-5-модда. Кассация шикоятини (протестини)

иш юритишга қабул қилиш


Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси ушбу Кодекс талабларига риоя этган ҳолда берилган кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиши шарт.

Кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримда қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) ажрим чиқарилган сана ва жой;

2) ажрим чиқарган судьянинг фамилияси, исми, отасининг исми;

3) шикоят (протест) берган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми (номи);

4) устидан шикоят (протест) берилаётган суд ҳужжатлари;

5) тегишли суддан ишни талаб қилиб олиш ҳақидаги хулоса.


407-6-модда. Суд ҳужжатлари ижросини тўхтатиб туриш


Ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномасига кўра, кассация инстанцияси суди (судьяси) биринчи инстанция судида қабул қилинган ҳал қилув қарорининг, апелляция инстанцияси суди ажримининг ижросини кассация инстанциясида иш юритиш тамомлангунига қадар тўхтатиб туришга ҳақли.

Судья суд ҳужжати ижросини тўхтатиб туриш тўғрисида ёки унинг ижросини тўхтатиб туришни рад этиш ҳақида кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримда кўрсатади.


407-7-модда. Кассация шикоятини (протестини) суд

муҳокамасида кўриб чиқиш учун тайинлаш ва ишда

иштирок этувчи шахсларни хабардор қилиш


Кассация шикоятини (протестини) суд муҳокамасида кўриб чиқиш учун тайинлаш тўғрисидаги масала иш кассация инстанцияси судига келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай ҳал қилинади.

Кассация шикоятини (протестини) суд муҳокамасида кўриб чиқиш учун тайинлаш ҳақидаги ажримда суд мажлисини ўтказиш вақти ва жойи кўрсатилади.

Кассация шикояти (протести) берган шахс, шунингдек ишда иштирок этувчи шахслар ишни кассация инстанциясида кўриш вақти ва жойи ҳақида хабардор қилинади. Иш муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида белгиланган тартибда хабардор қилинган шахсларнинг келмаганлиги ишнинг кассация тартибида кўрилишига тўсқинлик қилмайди";


27) 408-модда чиқариб ташлансин;


28) 409-модда чиқариб ташлансин;


29) 412-модда чиқариб ташлансин;


30) 413-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Кассация шикояти берган шахс кассация инстанцияси суди маслаҳатхонага киргунига қадар шикоятни тўлдиришга, ўзгартиришга ёки ундан воз кечишга ҳақли.

Кассация протести келтирган прокурор, шунингдек юқори турувчи прокурор кассация инстанцияси суди маслаҳатхонага киргунига қадар протестни тўлдиришга, ўзгартиришга ёки қайтариб олишга ҳақли.

Шикоятдан воз кечилган ва протест чақириб олинган тақдирда, кассация инстанцияси суди ажрим чиқариб, кассация тартибида иш юритишни тугатади.

Кассация шикоятидан (протестидан) воз кечилганлиги (унинг чақириб олинганлиги) сабабли у бўйича иш юритувнинг тугатилиши, агар суд ҳужжати устидан бошқа шахслар томонидан шикоят қилинган бўлса, бошқа кассация шикоятини (протестини) кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди";


31) 415-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"415-модда. Кассация шикоятини (протестини) кўриш муддати


Кассация шикояти (протести) уни суд муҳокамасида кўриб чиқиш учун тайинлаш тўғрисидаги ажрим чиқарилган кундан эътиборан бир ойдан кўп бўлмаган муддатда кўриб чиқилади.

Алоҳида ҳолларда кассация шикоятини (протестини) кўриб чиқиш муддатини ишни кўриб чиқаётган судлов ҳайъати томонидан кўпи билан яна бир ойга узайтирилиши мумкин ";


32) 416-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Суд ишни кассация тартибида кўраётганида биринчи инстанция ва апелляция инстанцияси суди томонидан моддий ҳуқуқ нормалари тўғри қўлланилганлигини ва процессуал қонун талабларига риоя этилганлигини ишдаги материаллар бўйича текширади.

Кассация инстанцияси суди янги далилларни ўрганиб чиқиш ва янги фактларни аниқлаш ҳуқуқига эга эмас";


33) 417-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"417-модда. Ишни кассация инстанцияси судида кўриш тартиби


Кассация тартибида иш ушбу Кодекснинг 397-моддасида назарда тутилган қоидаларга асосан, мазкур бобда белгиланган хусусиятларни инобатга олган ҳолда кўрилади.

Кассация инстанцияси судида ишни кўриш раислик қилувчининг ёки судьялардан бирининг маърузаси билан бошланади.

Маърузачи иш ҳолатларини, биринчи ва апелляция инстанциялари суди ҳужжатларининг мазмуни, кассация шикоятининг (протестининг) важлари ва келиб тушган тушунтиришлар (эътирозлар) мазмунини баён қилади. Шундан сўнг суд мажлисида ҳозир бўлган ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришлари эшитилади.

Дастлаб кассация шикояти берган шахс ёки унинг вакили ёхуд, агар иш протест бўйича кўрилаётган бўлса, прокурор сўзга чиқади. Суд ҳужжати устидан ҳар иккала тараф томонидан шикоят берилган бўлса, биринчи бўлиб даъвогар сўзга чиқади.

Ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришлари ва прокурор фикри эшитилганидан кейин, кассация инстанцияси суди ажрим чиқариш учун маслаҳатхонага киради.

Кассация инстанцияси судининг ажрими иш кўрилганидан кейин дарҳол чиқарилади.

Алоҳида ҳолларда асослантирилган ажрим тайёрланиши беш кунгача бўлган муддатга қолдирилиши мумкин, бироқ суд ажримнинг қарор қисмини кассация муҳокамаси тугаган мажлисда эълон қилиши керак";


34) 419-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Кассация инстанциясининг суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича қуйидагиларга ҳақли:

1) ҳал қилув қарорини, ажримни, қарорни ўзгаришсиз, кассация шикоятини (протестини) эса қаноатлантирмасдан қолдиришга;

2) ҳал қилув қарорини, ажримни, қарорни тўлиқ ёхуд қисман бекор қилишга ва ишни янгидан кўриш учун юбормасдан янги ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор қабул қилишга;

3) ҳал қилув қарорини, ажримни, қарорни ўзгартиришга;

4) ушбу Кодекс 399-1-моддаси биринчи қисмининг 1-бандида ва 399-3-моддаси иккинчи қисмининг 4-бандида назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда, ҳал қилув қарорини, ажримни, қарорни бекор қилишга ва ишни янгидан кўриш учун суд ҳужжати бекор қилинган суд инстанциясига юборишга;

5) ҳал қилув қарорини, ажримни, қарорни тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва аризани кўрмасдан қолдиришга ёхуд иш юритишни тўлиқ ёки қисман тугатишга;

6) айрим суд ҳужжатларини бекор қилишга ва иш бўйича илгари қабул қилинган суд ҳужжатларидан бирини ўз кучида қолдиришга";


35) қуйидаги мазмундаги 419-1-419-3-моддалар билан тўлдирилсин:


"419-1-модда. Кассация инстанцияси судининг ажрими


Кассация инстанцияси судининг ажримида қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:

1) ажрим чиқарилган сана ва жой;

2) ажрим чиқарган суднинг номи ва таркиби;

3) тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг иштироки тўғрисидаги маълумотлар;

4) иш кимнинг шикояти (протести) бўйича кўриб чиқилганлиги;

5) шикоят қилинган ёки протест келтирилган суд ҳужжатининг номи ва унинг қисқача мазмуни;

6) шикоятда (протестда) баён этилган важлар, тақдим этилган материалларнинг қисқача мазмуни, ишни кўришда иштирок этган шахсларнинг тушунтиришлари, прокурорнинг фикри;

7) кассация инстанцияси судининг хулосага келишига асос бўлган сабаблар ҳамда суд амал қилган моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари;

8) қарорнинг хулоса қисми.

Суд ҳужжатлари бекор қилинган ва иш янгидан кўриб чиқиш учун юборилган тақдирда, кассация инстанцияси суди ишни янгидан кўрганда қайси ҳолатлар аниқланиши зарурлигини, қайси далиллар талаб қилиб олиниши кераклигини, шунингдек иш топширилаётган суд бошқа қандай ҳаракатларни бажариши кераклигини кўрсатиши шарт.

Кассация инстанцияси суди шикоятни (протестни) рад қилган тақдирда, шикоят (протест) важлари нотўғри деб топилиши ёки ҳал қилув қарорини бекор қилиш, ўзгартириш ёхуд янги ҳал қилув қарори чиқариш учун асос бўлмаслиги сабабларини ўз ажримида кўрсатиши шарт.

Кассация инстанцияси судининг ажрими ишни кўрган судьялар томонидан имзоланади.

Кассация инстанцияси суди ажримининг нусхалари ишда иштирок этган шахсларга ажрим чиқарилган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай почта орқали ёки электрон ҳужжат тарзида юборилади.

Кассация инстанцияси судининг ажрими чиқарилган кундан эътиборан қонуний кучга киради.


419-2-модда. Кассация инстанцияси суди

кўрсатмаларининг мажбурийлиги


Кассация инстанцияси судининг ажримида баён қилинган кўрсатмалар мазкур ишни янгидан кўраётган суд учун мажбурийдир.

Кассация инстанцияси суди у ёки бу далилнинг ишончлилиги ёки ишончсизлиги тўғрисидаги, айрим бир далилларнинг бошқаларидан устунлиги ҳақидаги, иш янгидан кўрилган тақдирда қандай қарор чиқарилиши кераклиги тўғрисидаги масалаларни олдиндан ҳал қилиб қўйишга ҳақли эмас.


419-3-модда. Ишни кассация тартибида

такроран кўриш


Ушбу Кодекснинг 403-моддасида кўрсатилган шахслар Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ёки уларнинг ўринбосарларига ишни кассация тартибида такроран кўриш ҳақида протест киритиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилишга ҳақли.

Ишни кассация тартибида такроран кўриш ҳақида протест киритиш тўғрисидаги ариза кассация шикояти (протести) бериш муддати ичида, мазкур муддат ўтган ҳолларда эса - ажрим қабул қилинган кундан бошлаб бир ой ичида берилиши мумкин.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган муддатлар ўтганидан кейин берилган ариза кўриб чиқилмайди.

Ушбу Кодекс 399-1-моддасининг биринчи қисми 4-бандида назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ёки уларнинг ўринбосарлари кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган суд ҳужжатлари устидан ишни кассация тартибида такроран кўриш тўғрисида протест киритишга ҳақли.

Ишни кассация тартибида такроран кўриш умумий асосларга кўра амалга оширилади";


36) 420-модда чиқариб ташлансин;


37) 421-модда чиқариб ташлансин;


38) 46-боб чиқариб ташлансин;


39) 438-модданинг матнидаги "Апелляция, кассация ёки назорат инстанцияси" деган сўзлар "Апелляция ёки кассация инстанцияси" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


40) 439-модданинг биринчи қисмидаги "ёки прокурор" деган сўзлар чиқариб ташлансин;


41) 458-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ижро этилган суд ҳужжати ўзгартирилган ёки бекор қилинган ва иш янгидан кўриб чиқилганидан кейин талабларни қаноатлантиришни тўлиқ ёки қисман рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилинган ёки иш юритишни тугатиш тўғрисида ёхуд аризани кўрмасдан қолдириш тўғрисида ажрим чиқарилган тақдирда, ўзгартирилган ёки бекор қилинган суд ҳужжати бўйича жавобгардан даъвогарнинг фойдасига ундирилган нарсаларнинг барчаси жавобгарга қайтариб берилиши керак (ҳал қилув қарорининг қайтарма ижроси)";


42) 460-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"460-модда. Суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги

масаланинг апелляция ёки кассация инстанцияси суди

томонидан ҳал қилиниши


Апелляция ёки кассация инстанцияси суди ҳуқуқ тўғрисидаги низони узил-кесил ҳал қилса ёки иш юритишни тамомласа, суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги масалани ҳал қилиши ёхуд уни ҳал қилиш учун биринчи инстанция судига топшириши шарт.

Агар юқори турувчи суднинг ажримида суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги масала бўйича ҳеч қандай кўрсатма бўлмаса, жавобгар биринчи инстанция судига тегишли ариза беришга ҳақли. Биринчи инстанция суди бу аризани ушбу Кодекснинг 459-моддаси қоидаларига биноан кўриб чиқади ва ҳал қилади".


2-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин;

ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.


3-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                              Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 13 январь