ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий суди Пленумининг қарорлари / Умумий масалалар /

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 15.01.2021 й. 1-сон "Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

15.01.2021 й.

N 1



СУД ҚАРОРЛАРИНИ ҚАЙТА КЎРИШ

ИНСТИТУТИ ТАКОМИЛЛАШТИРИЛИШИ

МУНОСАБАТИ БИЛАН ПРОЦЕССУАЛ

ҚОНУН НОРМАЛАРИНИ ҚЎЛЛАШНИНГ

АЙРИМ МАСАЛАЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан, шунингдек судлар томонидан процессуал қонун нормалари тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида, "Судлар тўғрисида"ги Қонуннинг 17-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига (бундан буён матнда ЖПК деб юритилади), Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига (бундан буён матнда ФПК деб юритилади), Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига (бундан буён матнда ИПК деб юритилади), Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига (бундан буён матнда МСИЮтК деб юритилади), Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига (бундан буён матнда МЖтК деб юритилади) суд қарорларини қайта кўриш институтини такомиллаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.

2021 йилнинг 13 январидан суд қарорлари устидан назорат тартибида шикоят бериш институти тугатилди, суд қарорлари устидан апелляция ва кассация тартибида шикоят беришнинг амалдаги тартиби тубдан ўзгартирилди, апелляция ва кассация инстанцияси судлари ваколатлари кенгайтирилди, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилди.


2. Судларга тушунтирилсинки, ЖПК 1, 3-моддалари, ФПК 1, 7-моддалари, ИПК 1, 6-моддалари, МСИЮтК 1, 8-моддалари, МЖтК 1, 9-моддалари мазмунига кўра, суд муҳокамаси, шу жумладан, апелляция ва кассация инстанцияси судларида ҳам, суд ишларини юритиш суд муҳокамаси юритилаётган пайтда амалда бўлган қонун ҳужжатларига мувофиқ олиб борилади. Шу муносабат билан 2021 йил 13 январдан бошлаб:

маъмурий судлар иш юритишига қабул қилинган, бироқ мазмунан кўриб чиқилмаган маъмурий ҳукуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар судловга тегишлилиги бўйича жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларига ўтказилиши лозим;

суд муҳокамаси бошланган (иш юритишга қабул қилинган) кассация шикоятлари (протестлари) вилоятлар ва уларга тенглаштирилган судлар ёки Ўзбекистон Республикаси Олий суди судлов ҳайъатлари томонидан мазмунан кўриб тугалланиши шарт;

суд муҳокамаси бошланмаган (иш юритишга қабул қилиш масаласи ҳал этилмаган) кассация шикоятлари (протестлари), агар уларни қайтариш ёки иш юритишга қабул қилишни рад этиш учун бошқа асослар мавжуд бўлмаса, ўтиб кетган апелляция шикояти (протести) бериш муддатини тиклаган ҳолда апелляция тартибида кўриб чиқилиши лозим;

маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича суд ҳужжатлари устидан апелляция тартибида шикоят бериш институти муқаддам мавжуд бўлмагани ва фақат 2021 йилнинг 13 январидан жорий этилганини инобатга олиб, ушбу ишлар бўйича кассация шикоятлари (протестлари) апелляция шикоятини (протестини) бериш учун ўтказиб юборилган муддатни тиклаган ҳолда апелляция тартибида кўриб чиқилиши лозим;

апелляция ва кассация инстанцияси судлари томонидан 2021 йил 13 январга қадар чиқарилган қарорлар устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг тегишли судлов ҳайъатига кассация тартибида шикоят (протест) берилиши мумкин. Апелляция ёки кассация инстанцияси суди қарори бекор қилинган тақдирда, иш янгидан кўриб чиқиш учун апелляция инстанцияси судига юборилади. Ишни апелляция тартибида янгидан кўриб чиқишда шуни эътиборга олиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 13-моддасининг биринчи қисми мазмунига кўра, агар қилмишнинг жиноийлиги ёки жазога лойиқлиги ҳукм қонуний кучга киргунга қадар янги жиноят қонуни билан бартараф этилган бўлса, жиноят иши ЖПК 83-моддасининг 2-банди билан тугатилади;

суд муҳокамаси бошланмаган (иш юритишга қабул қилиш масаласи ҳал этилмаган) назорат шикоятлари (протестлари), агар уларни қайтариш ёки иш юритишга қабул қилишни рад этиш учун бошқа асослар мавжуд бўлмаса, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг тегишли судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида кўриб чиқилади;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяларининг ўрганишида бўлган Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатига назорат тартибида протест келтириш тўғрисидаги шикоятлар (аризалар), ишни кассация инстанцияси судида такроран кўриб чиқиш учун протест келтириш тўғрисидаги ариза сифатида кўриб чиқилиши лозим;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьясининг назорат шикоятини кўриб чиқиш учун судлов ҳайъатига ўтказишни рад этиш тўғрисидаги ажримининг мавжудлиги белгиланган муддатлар доирасида кассация шикояти (протести) билан мурожаат қилиш учун тўсқинлик қилмайди.


3. Процессуал қонунларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга мувофиқ, вилоятлар ва уларга тенглаштирилган судлар суд ҳужжатлари устидан берилган ва ушбу судлар томонидан суд муҳокамаси бошланган (иш юритишга қабул қилинган) апелляция ва кассация шикоятлари (протестлари) мазкур босқич судлари тегишли судлов ҳайъатлари томонидан мазмунан кўриб тугалланиши шарт.

Вилоятлар ва уларга тенглаштирилган судлар суд ҳужжатлари устидан берилган бўлиб, улар бўйича суд муҳокамаси бошланмаган (иш юритишга қабул қилиш масаласи ҳал этилмаган) апелляция ва кассация шикоятлари (протестлари) апелляция шикояти (протести) билан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг тегишли судлов ҳайъатларига мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилган, апелляция шикояти (протести) бериш муддатлари ўтиб кетган ҳолда эса, апелляция шикоятига (протестига) шикоят (протест) бериш муддатини тиклаш тўғрисидаги илтимосномани илова қилиш зарурати тушунтирилган ҳолда аризачиларга қайтарилиши лозим.


4. Судларга тушунтирилсинки, апелляция ёки кассация шикояти (протести) бериш муддатини тиклаш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқишда қонунларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар муддатни ўтказиб юборишда узрли сабаб бўладиган ҳолат сифатида тан олиниши мумкин.

Фуқаролик, маъмурий, иқтисодий ишлар, шунингдек маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ишлар бўйича ўтказиб юборилган апелляция ёки кассация шикояти (протести) бериш муддатини тиклаш масаласини муҳокама этиш чоғида, судлар ФПК, МСИЮтК, ИПК ва МЖтКда белгиланган суд қарорлари устидан шикоят (протест) бериш муддатларидан келиб чиқишлари лозим.


5. ФПК 438 ва 445-моддалари, ИПК 326 ва 333-моддалари, МСИЮтК 268 ва 275-моддаларига кўра, суд ҳужжатини ўзгартирган ёки бекор қилган апелляция ёки кассация инстанциясининг қарорлари ва ажримларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш, суд ҳужжатини ўзгартирган ёхуд янги суд ҳужжати қабул қилган инстанция томонидан амалга оширилади. Суд ҳужжати янги очилган ҳолатлар бўйича бекор қилинган тақдирда, илгари ўзи қабул қилган суд ҳужжатини бекор қилган суднинг ўзи томонидан иш процессуал қонунда белгиланган умумий тартибда кўриб чиқилади.

Шу муносабат билан 2021 йил 13 январга қадар қабул қилинган кассация инстанцияси судининг қарорлари ва ажримларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш, суд ҳужжатини ўзгартирган ёки янги қарор қабул қилган тегишли вилоят ва унга тенглаштирилган суд томонидан кўриб чиқилади. Кассация инстанцияси суди ҳужжати бекор қилинган ҳолда, иш шу суд томонидан апелляция тартибида кўриб чиқилади.

Суд ҳужжати ўзгартирилган ёхуд бекор қилинган назорат инстанцияси судининг 2021 йил 13 январга қадар қабул қилинган қарорлари ва ажримларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳам худди шу тартибда амалга оширилади. Назорат инстанцияси суди ҳужжати бекор қилинган тақдирда, иш Ўзбекистон Республикаси Олий судининг тегишли судлов ҳайъати томонидан кассация тартибида кўриб чиқилади.


6. ИПК 25-моддасига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга мувофиқ, бундай ҳуқуқий муносабатлар иштирокчилари юридик ёки жисмоний шахс бўлишидан қатъи назар, инвестициявий низоларга оид ишларни кўриб чиқиш иқтисодий судлар ваколатига ўтказилган.

Шу билан бирга умумий қоидага кўра, фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 2021 йил 13 январга қадар суд муҳокамаси бошланган (иш юритишга қабул қилинган) бундай тоифага доир ишлар мазкур судлар томонидан мазмунан кўриб тугалланиши лозим.

Фуқаролик ишлари бўйича судларга 2021 йил 13 январга қадар берилган (алоқа бўлинмаларига топширилган), бироқ суд муҳокамаси бошланмаган (иш юритишга қабул қилиш масаласи ҳал этилмаган) бундай тоифадаги ишлар бўйича даъво аризалари судловга тегишлилиги бўйича иқтисодий судга ўтказилади.


7. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари, вилоятлар ва уларга тенглаштирилган судлар 2021 йилнинг охирига қадар ҳар ойда апелляция ва кассация амалиётини умумлаштириб боришлари ва натижалари бўйича янги процессуал қонун нормаларига сўзсиз риоя этиш юзасидан чоралар кўришлари лозим.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси

К. Камилов

Пленум котиби, Олий суд судьяси

И. Алимов

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz)
































Время: 0.0042
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск