ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий суди Пленумининг қарорлари / Жиноий ишлари бўйича / Умумий масалалар /

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 19.12.2020 й. 34-сон "Жиноят сабаблари ва улар содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни аниқлаш бўйича судлар ролини ошириш тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

19.12.2020 й.

N 34



ЖИНОЯТ САБАБЛАРИ ВА УЛАР

СОДИР ЭТИЛИШИГА ИМКОН БЕРГАН

ШАРТ-ШАРОИТЛАРНИ АНИҚЛАШ БЎЙИЧА

СУДЛАР РОЛИНИ ОШИРИШ ТЎҒРИСИДА


Суд амалиётида масалалар келиб чиқаётганлиги муносабати билан ва судлар томонидан жиноятларнинг олдини олиш чораларига оид жиноят-процессуал қонуни нормаларининг тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида, "Судлар тўғрисида"ги Қонуннинг 17-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 296-моддасига мувофиқ, суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд жиноят иши бўйича иш юритишда жиноят сабабларини ва улар содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни аниқлашлари шарт бўлиб, бу жиноятчилик ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган фаолият самарадорлигини жиддий тарзда ошириш воситаси ҳисобланади.


2. Жиноят ишини судда кўриш учун тайинлаш масаласини ҳал қилиш чоғида, судлар суриштирув ёки дастлабки тергов органи томонидан процессуал қонун талаблари, шу жумладан, жиноят сабаблари ва улар содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни аниқлашга доир талаблари бажарилган-бажарилмаганлигини синчковлик билан текширишлари зарур. Қонуннинг бу талаби бажарилмаган бўлса, суд бундай ҳолатлар аниқланишини таъминловчи чоралар кўриши шарт.


3. Қонунга кўра, суд жиноят содир этилишига имкон берган ҳолатларга тааллуқли фактик маълумотларни ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текшириб чиқишга мажбур. Шу мақсадда, зарурат бўлганда, суд мажлисига қўшимча гувоҳларни чақириш, бошқа далилларни талаб қилиб олиш лозим. Ишлаб чиқариш технологияси бузилганлиги, механизмлар техник ҳолати ва ҳ.к. билан боғлиқ ҳолатларни аниқлаш учун суд мутахассислар ёрдамидан фойдаланишга, зарурат туғилганда, экспертиза ўтказишга ҳақли. Агар суд муҳокамаси давомида қонун бузилганлиги ёки мансабдор шахслар томонидан хизмат вазифалари виждонан бажарилмаганлиги, шунингдек фуқароларнинг ишлаб чиқаришда ёки турмушда ноўрин хулқи-атвори, улар томонидан ижтимоий бурч бузилганлиги билан боғлиқ ҳолатлар аниқланса, суд мазкур шахсларни суд мажлисида гувоҳ тариқасида сўроқ қилишга ҳақли.


4. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган фаолият самарадорлиги содир этилган жиноят учун жавобгарлик муқаррарлиги принципига изчил риоя қилинишига боғлиқ.

Шуни инобатга олган ҳолда, жиноят ишини суд муҳокамасига тайёрлаш босқичида ва суд муҳокамаси давомида, судлар жиноятнинг барча иштирокчиларини аниқлаш ва уларни жавобгарликка тортиш учун қонунда назарда тутилган барча чораларни кўришлари, кўрилаётган иш материаллари билан содир этилган жиноятга алоқаси тасдиқланган шахсларга нисбатан асоссиз равишда жиноят ишини қўзғатишни рад этиш ёки тугатиш фактларига нисбатан доим муносабат билдиришлари лозим.


5. Судлар жиноятлар профилактикасига оид фаолиятида суд процессида жамоатчилик иштироки самарадорлигини оширишга қаратилган чоралар кўришлари зарур.

Тушунтирилсинки, суд муҳокамасида жамоат айбловчиси ёки жамоат ҳимоячиси иштирок этишига рухсат бериш тўғрисидаги масала жамоат ташкилоти ёки меҳнат жамоаси илтимосномасига кўра, судьянинг ажрими билан ҳал қилинади. Бунда жамоат айбловчиси ёки жамоат ҳимоячиси ваколатли орган томонидан юборилганлиги, унинг ваколатлари тегишли тартибда тасдиқланганлиги, муайян шахснинг суд муҳокамасида иштирок этишига тўсқинлик қилувчи ҳолатлар (кўриб чиқилаётган ишда жабрланувчи, гувоҳ, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар сифатида иштирок этиши, иш натижасидан шахсан манфаатдорлиги ва ҳ.к.) бор-йўқлиги текширилиши керак.

Шуни назарда тутиш лозимки, жамоат айбловчиси ёки жамоат ҳимоячиси жамоат ташкилоти умумий йиғилиши ёки унинг сайланадиган органи томонидан, корхона, муассаса, ташкилот меҳнат жамоасининг ёки унинг ташкилий бўлинмаси (бирлашманинг ишлаб чиқариш бирлиги, цех ва ҳ.к.) умумий йиғилиши томонидан кўрсатилиши мумкин. Жамоат айбловчиси ёки жамоат ҳимоячисини корхона ёки муассаса маъмурияти илтимосномасига кўра, ишда иштирок этишига рухсат бериш қонунга асосланмаган.

Бир жамоат ташкилоти ёки меҳнат жамоасидан айнан бир судланувчига нисбатан жамоат айбловчиси ва жамоат ҳимоячиси иштирок этишига йўл қўйилмайди.

Ишни судда кўриш учун тайинлангандан сўнг ишда иштирок этишга рухсат этилган жамоат айбловчиси ёки жамоат ҳимоячисига, унинг илтимосига кўра, иш материаллари билан танишиш ва зарур маълумотларни ёзиб олиш имконияти берилиши, суд мажлисининг тайёрлов қисмида эса, процессуал ҳуқуқлари тушунтирилиши лозим.


6. Судларнинг эътибори ҳукм, ажрим ва қарорлар матни пухта тузилиши зарурлигига қаратилсин, чунки ишонарли бўлмаган, асослантирилмаган, шошма-шошарлик билан тузилган суд ҳужжатлари суднинг обрўсини, у қабул қилаётган қарорларнинг тарбиявий ва профилактик аҳамиятини пасайтиради.

Суд мажлисида раислик қилувчи суд муҳокамаси олиб борилиши, шу жумладан, жиноятни содир этишга имкон берган ҳолатлар баённомада тўлиқ ва холисона акс эттирилиши учун шахсан жавобгардир.


7. Судлар жиноят сабаблари ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўришга доир қонун талабини бажаришда иш бўйича аниқланган ва жиноят содир этилишига олиб келган муайян ҳолатларни хусусий ажримда кўрсатишлари лозим.

Хусусий ажримда (қарорда) аниқланган камчилик ва хатоликлар моҳияти баён этилади, шунингдек улар билан содир этилган жиноят ёки бошқа ҳуқуқбузарлик ўртасидаги сабабий боғланиш кўрсатилади ва уларни бартараф этиш учун зарур чоралар кўриш тавсия этилади.

Хусусий ажримни (қарорни) суд мажлисида эълон қилиш мақсадга мувофиқлиги масаласи суд томонидан ҳал қилинади, бироқ, барча ҳолларда иш бўйича хусусий ажрим (қарор) чиқарилгани эълон қилинади ва бу ҳақда ёзув суд мажлиси баённомасига киритилади.


8. Хусусий ажрим (қарор) унинг устидан шикоят қилиш муддати ўтганидан сўнг қонуний кучга киради.

Апелляция (хусусий) шикояти ёки протести берилган ҳолда, хусусий ажрим (қарор) иш юқори турувчи суд томонидан кўрилгандан сўнг, башарти у бекор қилинмаса, қонуний кучга киради.


9. Судлар хусусий ажримлар (қарорлар) ўз вақтида ижро этилиши, жиноят ёки бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар амалда бартараф этилиши устидан назоратни кучайтиришлари лозим.


10. Судлар фуқароларнинг ҳуқуқбузарликлар олдини олиш ёки уларни тўхтатишга, жиноятчиларни ушлашга қаратилган ҳаракатларини рағбатлантириш мақсадида, уларнинг иш, ўқиш ёки яшаш жойига хабарномалар юбориш, шунингдек оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш амалиётини жорий этишлари лозим.


11. Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Харбий судига жиноят ишларини кўриб чиқишда иш бўйича жиноят сабаблари ва улар содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан қабул қилинаётган чоралар самарадорлигини тўлароқ текшириш, шу жумладан, қуйидагилар тавсия этилади:

суд муҳокамаларида, тегишли ташкилот ва жамоалар кузатувига топширилган судланганлар тузатилиши ва қайта тарбияланишида жамоатчилик иштирокини назарда тутувчи қонунчиликни қўллаш амалиётини мунтазам умумлаштириб бориш, мазкур материаллардан жиноятларни олдини олишга оид тадбирларда ўз вақтида ва тўлақонли фойдаланиш;

ушбу масалада судлар томонидан йўл қўйилаётган хатоларни мунтазам таҳлил қилиб бориш ва уларни бартараф этиш ҳамда уларга йўл қўймаслик мақсадида судьяларга аниқ ёрдам кўрсатиш;

суд процессининг тарбиявий-профилактик таъсири, иш фақат моддий ва процессуал қонун нормаларига қатъий риоя қилган ҳолда ҳал этилгандагина самара бериши мумкинлигини ҳисобга олиб, сансалорлик, дастлабки ва суд тергови тўлиқ эмаслиги ва бир томонлама олиб борилганлиги фактларига қатъийроқ муносабат билдириш;

агар суриштирув, тергов органи, прокурор ёки суднинг ўзи томонидан аниқланган жиноят сабаблари ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан чоралар кўрилмаган бўлса, ушбу бўшлиқ тўлдирилиб, унга хусусий ажрим чиқариш йўли билан муносабат билдириш.


12. Судлар ўта оғир жиноятлар, шу жумладан, терроризм, қасддан одам ўлдириш, коррупцияга оид, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига тажовуз қилиш билан боғлиқ, шу жумладан, вояга етмаганлар томонидан жиноятлар содир этилишига имкон берган ҳолатларга, шунингдек суриштирув, дастлабки терговни амалга оширишда йўл қўйилган қонун бузилишларига алоҳида эътибор беришлари керак.

Судлар жиноят ишларини кўришда аниқланган ҳар бир сансалорлик, хўжасизлик фактига, шунингдек корхона, муассаса, ташкилот ва айрим мансабдор шахс фаолиятида йўл қўйилгани бошқа ҳуқуқбузарликка нисбатан муносабат билдиришлари лозим.


13. Судлар қонуний кучга кирган ҳукмни, башарти суднинг фикрига кўра, бундай муҳокама тарбиявий-профилактик аҳамиятга эга бўлса, судланган шахснинг иш, ўқиш ёки яшаш жойига юбориши лозим.

Ахлоқ тузатиш ишлари тариқасидаги жазо белгиланган шахсга нисбатан ҳукм нусхасини унинг иш жойига юборар экан, суд меҳнат жамоаси эътиборини судланганнинг хулқи устидан назорат қилиш ва у билан тарбиявий ишлар олиб бориш мажбуриятига қаратиши лозим.

Зарур ҳолларда ҳукм маълумот учун матбуот, радио, телевидение ёки унинг тарбиявий таъсири кенг бўлишини таъминловчи бошқа усулларда жамоатчилик эътиборига етказилиши лозим.


14. Хусусий ажримлар (қарорлар) сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида юқори турувчи судлар бундай ажримлар (қарорлар) чиқарилиши амалиётини ҳамда амалда бажарилиши натижаларини мунтазам равишда ўрганишлари ва умумлаштириб боришлари лозим.


15. Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди жиноятлар ва бошқа ҳуқуқбузарликлар сабабларини ва улар содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни аниқлаш тўғрисидаги қонун талаблари бажарилиши устидан назоратни кучайтиришлари, хусусий ажримлар (қарорлар) сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган чоралар кўришлари лозим.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси

К. Камилов

Пленум котиби, Олий суд судьяси

И. Алимов

          


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz)


































Время: 0.0058
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск