ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА
ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Алоҳида ўқув юртларини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти / Олий таълим / Гуманитар фанларга оид олий ўқув юртлари (санъат, чет тиллар ва б.) /Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 22.01.2021 й. 31-сон "Ўзбекистон давлат хореография академиясининг Урганч филиалини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори
Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
22.01.2021 й.
N 31
ЎЗБЕКИСТОН ДАВЛАТ ХОРЕОГРАФИЯ
АКАДЕМИЯСИНИНГ УРГАНЧ ФИЛИАЛИНИ
ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Илова. Ўзбекистон давлат хореография академиясининг Урганч
филиали ҳамда унинг таркибидаги "Лазги" ижрочилигини
янада ривожлантириш бўлими фаолиятини ташкил этиш
Миллий рақс санъати соҳасида малакали мутахассислар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, Хоразмнинг қадимий рақси "Лазги"ни асраб-авайлаш, уни илмий ўрганиш, жаҳон миқёсида кенг тарғиб қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фанлар академияси ҳамда Хоразм вилояти ҳокимлигининг:
Ўзбекистон давлат хореография академиясининг давлат таълим муассасаси шаклидаги Урганч филиалини (кейинги ўринларда - Филиал) ташкил этиш;
Филиал таркибида "Лазги" ижрочилигини янада ривожлантириш бўлимини (кейинги ўринларда - "Лазги" бўлими) очиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. Филиал ва "Лазги" бўлимининг асосий вазифалари этиб тегишли равишда қуйидагилар белгилансин, жумладан:
а) Филиалнинг асосий вазифалари:
кадрлар тайёрлаш жараёнига соҳанинг етук ва малакали мутахассисларини жалб қилиш орқали илм-фан ва таълимнинг ўзаро интеграциясини таъминлаш;
рақс санъати бўйича юқори малакали бакалавр ва магистрларни, шунингдек, ушбу соҳада чуқур тадқиқотлар олиб бориш салоҳиятига эга илмий ва илмий-педагог кадрларни тайёрлаш;
илмий тадқиқотлар натижалари бўйича маънавий-маърифий ва илмий-оммабоп адабиётларни тайёрлаш ва нашр қилиш;
талаба ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида маҳаллий ва халқаро грантларни жалб этган ҳолда уларнинг хорижда таълим олиши, илмий-ижодий ишлар олиб боришини самарали ташкил этиш, ҳамкорликдаги концерт дастурларини мунтазам асосда йўлга қўйиш;
кадрлар илмий салоҳиятини ошириш, илмий-ижодий фаолиятни янада ривожлантириш, иқтидорли талаба ёшларни ушбу йўналишга кенг жалб этиш;
соҳа мутахассисларининг хорижий турдош олий таълим муассасаларида қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, шунингдек, стажировка ўташларини тизимли ташкил этиш;
б) "Лазги" бўлимининг асосий вазифалари:
"Лазги" ижрочилигини янада ривожлантириш, бу борада шаклланган ижро ва ижодий мактаблар фаолиятини қўллаб-қувватлаш;
фан-таълим ва ижрочиликнинг интеграциялашувини таъминлаш;
"Лазги" ижро йўли намуналари "Олтин фонди"ни яратиш;
анъанавий "Лазги" ижро йўлини асраб-авайлаш, уни замонавий ижро услублари намуналари билан янада такомиллаштириш, рақснинг ижтимоий-тарихий илдизлари, илмий-назарий негизлари, миллий ва умумбашарий қадриятлар билан боғлиқ жиҳатларини олимлар ва ижрочи мутахассислар иштирокида чуқур ўрганиш;
"Лазги" ижро йўлини кенг тарғиб қилиш бўйича халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш;
"Лазги" ижро намуналарини оммавий ахборот воситалари ҳамда Интернет ахборот тармоғи орқали чет элларда кенг тарғиб қилиш.
3. Ўзбекистон давлат хореография академиясининг Урганч филиали ҳамда унинг таркибидаги "Лазги" ижрочилигини янада ривожлантириш бўлими фаолиятини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар дастури иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Хоразм вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Филиалнинг самарали фаолият кўрсатиши учун тегишли чора-тадбирларни амалга оширсин ҳамда уч ой муддатда Филиал ҳузурида бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан доимий асосда фаолият кўрсатувчи:
"Лазги"нинг яратилиш тарихи ва ривожланиш даврини қамраб олган доимий экспозиция;
"Лазги" ижро йўлида яратилган ижод намуналарининг фонотекаси;
"Лазги"га оид либослар намуналари галереяси, кўргазмалар зали ҳамда артистик кафеси;
"Лазги" болалар ҳаваскорлик театр-студиясини ташкил этсин.
5. Белгилансинки:
Филиалда ўқув жараёни 2021/2022 ўқув йилидан бошланади;
Филиалга талабаларни бакалавриат таълим йўналишлари бўйича қабул кўрсаткичлари ҳар йили белгиланган тартибда тасдиқланадиган олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш параметрларидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилади;
"Лазги" бўлими бошқарув ходимларининг чекланган умумий сони 10 нафар этиб белгиланади.
6. Қуйидагилар Филиални молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўтказиладиган танловлар натижалари бўйича ажратиладиган грантлар;
тўлов-контракт асосида талабалар ўқитишдан тушадиган маблағлар;
хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида кўрсатилган хизматлардан тушадиган маблағлар;
таълим хизматлари кўрсатиш, илмий-ўқув, ўқув-методик, илмий-ижодий ва ахборот-таҳлилий маҳсулотларни ишлаб чиқишдан, концерт-томоша ва бошқа фаолият турларини амалга оширишдан олинган даромадлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик ва хайрия маблағлари;
қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
7. Хоразм вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан биргаликдабир ой муддатда Филиалга унинг фаолиятини самарали ташкил этиш учун Урганч шаҳридан оператив бошқарув ҳуқуқи асосида мақбул бино ажратилишини таъминласин.
8. Белгилаб қўйилсинки, ушбу қарорда назарда тутилган харажатларни молиялаштириш 2021 йилда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига ажратиладиган маблағлар доирасида, 2022 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.
9. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги қуйидагиларни таъминлаш учун зарур чора-тадбирларни амалга оширсин:
а) 2021 йил 1 мартга қадар Филиал уставини ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда тасдиқлаш;
б) 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб:
Филиалнинг илмий-педагог кадрлар таркибини олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тизимида фаолият олиб бораётган, шу жумладан, хорижий таълим ва илмий муассасаларда малакасини ошириб келган профессор-ўқитувчилар ва илмий ходимлар, шунингдек, соҳадаги салоҳиятли амалиётчи мутахассислар қаторидан шакллантириш;
хореография ва миллий рақснинг ижодий, илмий-методик ва ижро анъаналарини пухта ўзлаштириш ва муносиб давом эттириш мақсадида Филиалга миллий рақс санъати, шу жумладан, "Лазги" ижро йўли усталарини жалб этиш;
Филиалнинг таълим йўналишларини Давлат таълим стандартлари ҳамда тегишли малака талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган ўқув режалари, фан дастурлари ва ўқув-методик адабиётлар билан таъминлаш;
Филиални ўқув-лаборатория жиҳозлари ва компьютер техникаси билан таъминлаш, ўқув-методик жараёнларни ташкил этиш, штатлар жадвали ва харажатлар сметасини тасдиқлаш.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А. Мусаев ва Ўзбекистон Республикаси маданият вазири О.А. Назарбеков зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов
2021 йил 22 январдаги
31-сон қарорига
ИЛОВА
Ўзбекистон давлат хореография академиясининг Урганч
филиали ҳамда унинг таркибидаги "Лазги" ижрочилигини
янада ривожлантириш бўлими фаолиятини ташкил этиш бўйича
ЧОРА-ТАДБИРЛАР ДАСТУРИ
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2021 йил 22 январь