язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Тадбиркорлик субъектларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя ҳилиш/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 27.05.1998 й. 232-сон "Кичик тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантириш механизмини такомиллаштириш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

27.05.1998 й.

N 232


КИЧИК ТАДБИРКОРЛИКНИ

РИВОЖЛАНТИРИШНИ РАҒБАТЛАНТИРИШ

МЕХАНИЗМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Хусусий тадбиркорлик, кичик бизнесни ривожлантиришни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 1998 йил 9 апрелдаги ПФ-1987-сон Фармонини бажариш юзасидан ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш ва мувофиқлаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида кичик бизнес субъектлари учун кафолатларнинг кенг тизими белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Кичик бизнес субъектларини ташкил этиш, рўйхатдан ўтказиш ва уларнинг фаолияти тартибини мураккаблаштирувчи идоравий ҳужжатларни чиқариш, Ҳукумат қарорларида назарда тутилмаган қўшимча маълумотномалар ва ҳужжатларни талаб қилиш тақиқлансин.

2. Давлат бошқаруви органлари, кредит-молия муассасалари, суғурта ташкилотларига ва ҳукуматга қарашли бўлмаган ташкилотларга кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича вазифаларнинг амалга оширилиши учун масъулият юкланиши белгилаб қўйилсин.

Давлат ҳокимияти маҳаллий органларининг, шунингдек иловада кўрсатилган вазирликлар, идоралар ва тузилмаларнинг раҳбарлари уларнинг фаолияти улар кичик бизнес, хусусий тадбиркорликнинг ривожлантирилишига қанчалик самарали кўмаклашаётганликларига қараб баҳоланиши тўғрисида огоҳлантирилсинлар.

4. Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг республика кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари буюртмаларини шакллантириш ҳамда хорижий кредит линияларига танлов асосида киритиш учун республика минтақаларида чет эл кичик технологиялари ва ихчам асбоб-ускуналарининг, уларни етказиб берган ва намойиш этган ҳолда, кўргазма-тақдимотларини ўтказиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда республика минтақаларида 1998 йилнинг сентябри - 1999 йилнинг февралида кўргазма-тақдимотларни ўтказишнинг аниқ муддатларини икки ой муддатда белгиласин, кўргазмаларни ўтказишнинг ташкилий-техник шарт-шароитларини, уларда тадбиркорлик субъектларини қатнашишга кенг жалб этишни, оммавий ахборот воситаларида тегишли рекламалар берилишини таъминласин.


5. Белгилаб қўйилсинки, кичик технологиялар ва ихчам асбоб-ускуналардан фойдаланган ҳолда хорижий кредит линиялари бўйича намунавий инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқишни хорижий кредит линияларининг ваколатли ижрочи банкларининг кредит бериш шартларидан келиб чиққан ҳолда "Ўзинвестлойиҳа" компанияси Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги билан биргаликда амалга оширади.

Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, "Асака" банки бир ой муддатда, бошқа тижорат банклари уларда хорижий кредит линиялари очилишига қараб кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари ўртасида уларнинг намунавий лойиҳалар учун тегишли кредитлар олиши бўйича танловлар ўтказиш тартибини ишлаб чиқсинлар ҳамда уларни Ўзбекистон Товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар палатаси, Деҳқон ва фермер хўжаликлари уюшмаси аъзоларига етказсинлар.


6. Лойиҳаларни танлаб олиш тадбиркорликни ривожлантириш учун хорижий кредитлар бериш тартиби тасдиқлансин.

Белгилансинки, кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан хорижий кредитлардан ўз вақтида ва мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш тижорат банкларига юкланади.

8. Хорижий кредит линияларининг ваколатли ижрочи банкларига кичик бизнес субъектида гаров таъминоти етарли бўлмаган тақдирда:

келгуси ҳосил учун фьючерс контрактларини ёки кредит ҳисобига сотиб олинган асбоб-ускуналар билан ишлаб чиқарилган маҳсулотни;

кредит ҳисобига сотиб олинадиган, кейинчалик ким ошди савдосида сотиладиган ёки ўзининг гаров эгаси ҳуқуқини сотиш чоғида лизингга бериладиган хорижий ихчам асбоб-ускуналарни гаров сифатида қабул қилиш тавсия этилсин.


9. Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва Ўзбекистон банклар уюшмасининг:

тижорат банклари томонидан кичик корхоналарга хорижий кредит линияларига киритиш учун инвестиция лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш ва танлаб олиш бўйича бепул хизматлар кўрсатилиши тўғрисидаги ташаббуслари маъқуллансин.

10. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси 1998 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб ҳар чоракда кичик ва ўрта тадбиркорлик корхоналарини ташкил этиш ва тугатишнинг аҳволини, шунингдек ҳудудлар ва тармоқлар бўйича улар фаолиятининг асосий кўрсаткичларини акс эттирувчи статистик ахборотни белгиланган тартибда ишлаб чиқсин.

12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў.Т.Султонов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                     И. Каримов






Вазирлар Маҳкамасининг

1998 йил 27 майдаги

232-сон қарорига

1-ИЛОВА


Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида

кичик тадбиркорлик субъектлари учун белгиланган

КАФОЛАТЛАР

Т/р


Кафолатлар мазмуни


Қонун ҳужжатлари


2.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси аъзолари бўлган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш уларнинг вакиллари иштирокида амалга оширилиши мумкин.


"Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (39-модда)

3.

Белгилаб қўйилсинки, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳуқуқларга мувофиқ, назорат органлари томонидан мулкчилик шаклларидан қатьи назар хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини барча текширишлар фақат назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши билан келишилган ҳолда амалга оширилади. Текширишларни Республика кенгаши билан келишмасдан амалга оширадиган марказда ва жойлардаги назорат қилувчи органларнинг раҳбарлари белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Текширишларни тартибга солиш ва назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштиришни такомиллаштириш тўғрисида" 1996 йил 8 августдаги ПФ-1503-сон Фармони (3-банд)

4.

Белгилаб қўйилсинки, асосан халқ истеъмол моллари ишлаб чиқарадиган, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари чуқур қайта ишланадиган мавжуд кичик қўшма корхоналарни янада ривожлантириш ҳамда шундай янги корхоналарни барпо этиш, шунингдек энг аввало қишлоқ жойларда инфратузилмани ривожлантириш йўли билан рақобатбардош ва экспортга мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатишни кўзда тутувчи инвестиция лойиҳалари жалб этилаётган хорижий кредит маблағлари ҳисобига биринчи навбатда пул билан таъминланади.


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Кичик ва ўрта тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 1997 йил 31 январдаги ПФ-1702-сон Фармони (2-банд)

5.

Белгилаб қўйилсинки:

Ўзбекистон Республикаси ваколатли банкларининг кичик бизнес корхоналари учун, деҳқон-фермер хўжаликларини ҳам қўшган ҳолда, инвестиция лойиҳаларига ажратилган хорижий кредитларни қайта тақсимлашдан тушадиган воситачилик йиғимларининг умумий миқдори субкредит суммасидан олинадиган йиллик фойданинг 0,15 фоизидан ошмаслиги лозим;

хорижий кредит йўналишлари бўйича олинган кредитларни тўлаш муддати улар субзаёмга қайта тақсимланаётганида 3 ойдан ортиқ муддатга қисқартирилиши мумкин эмас.


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Хусусий тадбиркорлик, кичик бизнесни ривожлантиришни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 1998 йил 9 апрелдаги ПФ-1987-сон Фармони (7-банд)

6.

2005 йилнинг 1 июлидан бошлаб тадбиркорлик субъектларига нисбатан қуйидаги ҳуқуқий таъсир чораларини фақат суд орқали қўлланиш тартиби жорий этилсин:

фаолиятни тутатиш;

фаолиятни тўхтатиб қўйиш. Фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва соғлиғига бошқа ҳақиқий хавф-хатар юзага келишининг олдини олиш муносабати билан фаолиятни кўпи билан ўн иш кунигача тўхтатиб қўйиш ҳоллари бундан мустасно;

банклардаги ҳисоб рақамлари бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

молиявий санкцияларни қўллаш. Солиқ ва йиғимларни тўлаш муддатини ўтказиб юборганлик учун пеня қўшиш, шунингдек тадбиркорлик субъекти содир этилган ҳуқуқбузарликдаги айбига иқрор бўлиш ва молиявий санкция жарималарини ихтиёрий равишда тўлаш ҳоллари бундан мустасно;

ҳуқуқбузарлик предметларини давлат даромадига ўтказиш;

тадбиркорлик фаолиятининг айрим турлари билан шуғулланиш лицензиялари (рухсатномалари)ни ўн иш кунидан кўпроқ муддатга тўхтатиб қўйиш ёки амал қилишини тугатиш ва бекор қилиш (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг комиссиялари ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан бериладиган лицензиялар бундан мустасно).


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2005 йил 14 июндаги ПФ-3619-сон Фармони (1-банд ва Фармонга илова)

7.

Қуйидагилар белгилансин:

тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини текшириш (тафтиш қилиш) белгиланган тартибда фақат давлат солиқ хизмати органлари, улар томонидан текшириш давомида солиқ ва валютага оид жиноят аломатлари аниқланган тақдирда эса - Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши кураш департаменти томонидан амалга оширилади;

назорат органларининг раҳбарлари ва мансабдор шахслари тадбиркорлик субъектларини ўз ваколатлари ва назорат соҳаси доирасидан ташқари масалалар бўйича ҳар қандай текширувлар ўтказганлиги учун шахсан жавобгар, ҳатто жиноий жавобгар ҳам бўладилар;

фақат қўзғатилган жиноий иш юзасидан текширишни тайинлаш тўғрисидаги қарор ёки текширувларни ўтказиш тўғрисида назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича махсус ваколатли органнинг қарори мавжуд бўлгандагина қонунда кўзда тутилган ҳолларда тадбиркорлик субъектининг текширилаётган хўжалик юритувчи субъект билан ўзаро муносабатларинигина муқобил тарзда текширишга йўл қўйилади.

Муқобил текширишларни ўтказиш чоғида тадбиркорлик субъектларига бориш ва улардан текширишга тааллуқли бўлмаган молия-бухгалтерия ёки бошқа ҳужжатларни талаб қилиш ман этилсин.


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2005 йил 14 июндаги ПФ-3619-сои Фармони (2-банд)

8.

Қуйидагилар белгилансин:

давлат органларининг ноқонуний қарорлари ёки шу органлар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида тадбиркорлик субъектига етказилган зарарнинг ўрни суд қарори асосида тўла ҳажмда бевосита ана шу давлат органлари томонидан, биринчи навбатда, уларнинг бюджетдан ташқари жамғарма маблағлари ҳисобига қопланиши лозим.


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2005 йил 14 июндаги ПФ-3619-сон Фармони (3-банд)

9.

Тадбиркорлик субьектларидан:

давлат солиқ хизмати органлари ва давлат статистика органлари белгиланган молиявий ва статистик ҳисоботларга қўшимча равишда ҳар қандай маълумотлар, маълумотнома ва ҳужжатларни талаб қилишга (қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда текширувларни ўтказиш вақтида қилинган талаблар бундан мустасно);

бошқа давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан белгиланган тартибда тасдиқланган қонунларда назарда тутилмаган ҳар қандай ахборотни, шу жумладан ҳисобот, маълумотлар, маълумотнома ва ҳужжатларни талаб қилишларига йўл қўйилмайдиган тартиб ўрнатилсин.

Давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахслари қарорнинг ушбу бандини бузганлик учун шахсан жавобгар бўлишлари тўғрисида қаттиқ огоҳлантирилсин.


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тадбиркорлик субъектлари томонидан тақдим этиладиган ҳисобот тизимини такомиллаштириш ва уни ноқонуний талаб этганлик учун жавобгарликни кучайтириш тўғрисида" 2005 йил 15 июндаги ПҚ-100-сон қарори (7-банд)





Вазирлар Маҳкамасининг

1998 йил 27 майдаги

232-сон қарорига

2-ИЛОВА



Давлат бошқаруви органлари

ва бозор инфратузилмасининг Кичик бизнесни

ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш бўйича

ВАЗИФАЛАРИ

Органнинг номи


Кичик бизнесни ривожлантиришни

қўллаб-қувватлаш бўйича вазифалари

Кичик ва хусусий

тадбиркорликни

ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича республика

мувофиқлаштирувчи кенгаши

Кичик бизнесни ҳамда хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантириш давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш.

Давлат бошқаруви органлари ва бозор инфратузилмасининг кичик бизнесни ҳамда хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш: инвестиция лойиҳаларини маблағ билан таъминлаш, шу жумладан, хорижий кредит линиялари ҳисобига маблағ билан таъминлаш учун кредит ресурсларидан фойдаланишда уларнинг кафолатларига ва имтиёзларига риоя қилиш.

Мониторингни ташкил этиш ва инвестиция лойиҳаларини ва таклифларни танлов асосида танлаб олиш механизмини ишлаб чиқиш.

Инвестиция лойиҳаларини ва таклифларини маблағ билан таъминлаш механизмини ишлаб чиқиш, кредитлашнинг муаммоли масалаларини ҳал қилиш, бунда сансалорлик, буйруқбозлик ва салбий ҳолатларни бартараф этиш юзасидан қаттиқ назорат ўрнатишни таъминлаш.

Маблағ билан таъминлаш учун қабул қилинган инвестиция лойиҳаларини ҳисобга олиш тизимини ташкил этиш, уларнинг амалга оширилишини, ажратилган кредит ресурсларининг самарадорлигини ва улардан мақсадли фойдаланилишини мунтазам равишда таҳлил қилиш.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари


Кичик бизнес субъектлари учун маҳаллий солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича имтиёзлар белгилаш.

Кичик бизнесни ривожлантиришнинг ҳудудий дастурларини ишлаб чиқиш.

Кичик бизнес корхоналари учун турар-жой бўлмаган биноларни ижарага бериш ва уларни сотувга қўйиш.

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси

Ўзбекистон Республикасида тадбиркорликни, энг аввало кичик ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга кўмак бериш.

Хорижий шериклар билан амалий музокаралар ва алоқаларни кенгайтиришда, экспортбоп маҳсулотларини ташқи бозорларга олиб чиқишда, шунингдек рақобатбардош тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни таъминлайдиган янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш ҳамда фаолият кўрсатаётган ишлаб чиқаришларни техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш учун хорижий инвестицияларни тўғридан-тўғри жалб қилишда тадбиркорларга ёрдам кўрсатиш.

Бошқа давлатларнинг савдо-саноат палаталари ҳамда тадбиркорлар жамоат бирлашмалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш.

Тадбиркорларга кенг хизмат турларини кўрсатиш, жумладан ахборот таъмино ти ва консультатив ёрдам бериш, Ўзбекистон Республикаси ишлаб чиқарувчилари, улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳамда инвестиция имкониятлари тўғрисида ахборотлар, шунингдек салоҳиятли шериклари ва замонавий технологияларни сотиб олиш имкониятлари тўғрисида маълумотлар киритилган бизнес-каталоглар нашр этилишини ташкил қилиш.

Тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай муҳитни шакллантириш, бизнес юритишнинг умум қабул қилинган халқаро ҳуқуқ ва нормалари тажрибасини жорий этиш чора-тадбирларини амалга ошириш, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда ҳуқуқий ва иқтисодий шарт-шароитларни яхшилашга йўналтирилган қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш.

Тадбиркорларни ифодалаш ва уларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини, шу жумладан уларнинг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан муносабатларида, шунингдек судда ҳимоя қилиш.

Тадбиркорлик фаолияти учун таълим тизимини ривожлантириш ва кадрлар тайёрлашда, тадбиркорлар ўқишини ташкил этиш ҳамда малакасини оширишда уларни қўллаб-қувватлаш.

Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, "Асака банки", "Микрокредитбанк", кредит берувчи ва кредит линияларига хизмат кўрсатувчи тижорат банклари

Кичик бизнес субъектларини кредитлаш учун хорижий кредит линияларини жалб этиш.

Ўз маблағлари ва жалб қилинган кредит ресурслари, бюджетдан ташқари жамғармалар, халқаро молия ташкилотлари ва хорижий банклар кредит линиялари ҳисобидан кредитлар бериш.

Инвестиция лойиҳаларини комплекс экспертиза қилиш.

Кредит маблағларидан мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш.

Кенг кўламда банк хизматлари кўрсатиш (факторинг, лизинг, кредит, кафолатлар бериш ва бошқалар).

Бюджетдан ташқари  жамғармалар

Кичик бизнес субъектларига кредитлар бериш учун тижорат банкларида кредит линиялари очиш.

Кичик корхоналарнинг устав капиталида қатнашиш.

Маслаҳат ва ахборот хизматлари кўрсатиш шаклида техник ёрдам кўрсатиш.

Инфратузилмани ривожлантиришга кўмаклашиш.

Олинадиган кредитлар ва қўллаб-қувватлашнинг бошқа шакллари учун кафолатлар, мажбуриятлар ва кафилликлар бериш.

"Кафолат", "Ўзагросуғурта" суғурта компаниялари ва бошқалар

Кичик бизнес субъектлари таваккалчиликларини, шу жумладан, тузилган контрактларга оид таваккалчиликларни суғурта қилиш.

Кредитлар олиш, шу жумладан, хорижий тижорат банклари кредитларини олиш учун зарур бўлган суғурта кафолатлари бериш.


Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси

Қўшма корхоналар ташкил этиш, экспорт маҳсулотларини сотиш бозорларини, жаҳон бозори коньюнктураси, маҳсулот ишлаб чиқаришнинг илғор технологиялари тўғрисидаги ахборот билан таъминлаш учун хорижий шериклар излаб топишда кўмаклашиш.

Хўжалик юритувчи субъектларнинг қонуний ҳуқуқларини, манфаатларини ноҳалол рақобатчилардан, давлат бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳамда уларнинг рақобат тўғрисидаги, табиий монополиялар тўғрисидаги, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги, реклама фаолияти тўғрисидаги, банкротлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган мансабдор шахсларининг ҳужжатлари ва ҳаракатларидан ҳимоя қилишни ўз ваколати доирасида амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси

Кичик тадбиркорлик субъектларига уларнинг солиқларни тўғри ҳисоблашида ва бухгалтерия ҳисобини юритишида ёрдам кўрсатиш.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Текширишларни тартибга солиш ва назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштиришни такомиллаштириш тўғрисида" 1996 йил 8 августдаги ПФ-1503-сон Фармонининг кичик бизнес субъектларини текширишларни мувофиқлаштириш, хўжалик юритувчи субъектларни асоссиз равишда кўп марталаб текширишлар туфайли корхоналарни ишлаб чиқариш фаолиятидан узоқ вақт чалғитилишига йўл қўймасликка оид қисмида қатъий риоя қилинишини таъминлаш, шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига солиқ солишнинг соддалаштирилган тизимини жорий этиш.

ЎзР ВМ 01.05.2017 й. 252-сон Қарорига мувофиқ ўнинчи, ўн биринчи ва ўн иккинчи позициялар тўққизинчи, ўнинчи ва ўн биринчи позициялар деб ҳисоблансин

 

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси

Янги ташкил этилган кичик бизнес корхоналарини давлат регистрига киритиш ва уларга давлат рўйхатидан ўтказишнинг тегишли рақамини бериш.

Кичик бизнес субъектлари бўйича давлат статистика ҳисоботини юритиш.

Ўзбекистон

Республикаси Марказий банки

Тижорат банкларида кичик бизнес субъектларининг ҳисоб-китоб счётларини очишнинг, нақд пул тушуми сифатида кичик бизнес корхоналарига тушадиган нақд валюталарни инкассация қилишнинг умумий тартибини белгилаш.

Кичик бизнес корхоналарини кредитлашнинг умумий қоидаларини белгилаш.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги

Адлия вазирлигида, унинг жойлардаги органларида давлат рўйхатидан ўтказиш ва вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ва жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг кичик  тадбиркорлик масалаларига оид меъёрий ҳужжатларини оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш.

Қонунчиликнинг, шу жумладан, кичик бизнесни ривожлантириш билан боғлиқ масалалар бўйича қонунчиликнинг бажарилишини назорат қилишни таъминлаш.





Вазирлар Маҳкамасининг

1998 йил 27 майдаги

232-сон қарорига

3-ИЛОВА



Кичик тадбиркорликни ривожлантириш

учун лойиҳаларни танлаб олиш ва хорижий

кредитларни бериш

ТАРТИБИ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур тартиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Хусусий тадбиркорлик, кичик бизнесни ривожлантиришни янада рағбатланлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 1998 йил 9 апрелдаги ПФ-1987-сон Фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган ҳамда кичик ва ўрта тадбиркорликни ривожлантириш учун берилган хорижий банклар кредит линиялари доирасида лойиҳаларни танлаб олиш ва маблағ билан таъминлашни бошлаш механизмини белгилаб беради.

2. Хорижий кредит линиялари ҳисобига маблағ билан таъминлашнинг устувор ҳуқуқига:

- экспортга мўлжалланган маҳсулотлар;

- қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ва бошқа маҳаллий хом ашё ресурсларини қайта ишлаш бўйича;

- машинасозлик ва электрон саноати учун деталлар ва узеллар;

- кундалик эҳтиёждаги халқ истеъмол товарларини ишлаб чиқаришни назарда тутадиган инвестиция лойиҳалари эга бўлади.


3. Хорижий кредит линиялари ҳисобига инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун кредитлар кичик бизнес субъектлари: кичик фирмаларга, кичик ва ўрта корхоналарга берилади.

4. Хорижий кредит линиялари ҳисобига инвестиция лойиҳаларини маблағ билан таъминлаш тадбиркорлик субъекти танловига кўра намунавий ёки якка тартибдаги лойиҳалар бўйича амалга оширилади.


5. Кичик тадбиркорлик субъектларига кредит олиш учун зарур бўлган техник-иқтисодий ва юридик ҳужжатларнинг тўлиқ пакетини ишлаб чиқиш ва танлаб олиш бўйича хизматларнинг тўлиқ комплексини тақдим этиш:

- намунавий лойиҳалар бўйича - "Ўзинвестлойиҳа" республика инжиниринг компанияси, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ва тижорат банклари томонидан;

- якка тартибдаги лойиҳалар бўйича - "Ўзинвестлойиҳа" компанияси ва тижорат банклари томонидан амалга оширилади.


6. Лойиҳани экспертиза қилиш, танлов ўтказиш ва лойиҳани тегишли кредит линиясига киритиш ушбу кредит линияси берилган ваколатли банк томонидан амалга оширилади.



II. НАМУНАВИЙ ЛОЙИҲАЛАР АСОСИДА ИШЛАБ

ЧИҚИЛАДИГАН ИНВЕСТИЦИЯ ЛОЙИҲАЛАРИНИ

АМАЛГА ОШИРИШ УЧУН ХОРИЖИЙ

КРЕДИТЛАРНИ БЕРИШ


7. Хорижий кредит линиялари бўйича кичик технологиялар ва ихчам асбоб-ускуналардан фойдаланган ҳолда намунавий инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқишни хорижий кредит линияларининг ижрочи ваколатли банкларининг кредитлаш шартларидан келиб чиққан ҳолда "Ўзинвестлойиҳа" компанияси Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги билан биргаликда амалга оширади.

Намунавий лойиҳа қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:

харид қилинадиган асбоб-ускуналарнинг техник-иқтисодий параметрлари;

асбоб-ускуналардан фойдаланиш шартлари;

лойиҳа самарадорлигини баҳолаш;

лойиҳани қарзга олинган маблағлар ҳисобига маблағ билан таъминлаш ва қарзни узишнинг асосий шартлари.


8. Ваколатли банк икки ҳафта муддатда намунавий лойиҳаларни уларнинг иқтисодий самарадорлигини аниқлаш мақсадида дастлабки экспертизадан ўтказади. Дастлабки экспертиза натижаси ижобий бўлган тақдирда намунавий лойиҳалар Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ва ваколатли банк раҳбарияти томонидан тасдиқланади.

9. Намунавий лойиҳа тасдиқлангандан кейин ваколатли банк намунавий лойиҳалар тўғрисидаги ахборотларни ва ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун кредитлар берилиши юзасидан танлов (тендер) ўтказиш шартларини оммавий ахборот воситаларида эълон қилади ёки кичик ва ўрта бизнес субъектларига етказади.


10. Имкониятга эга бўлган қарз олувчи (кичик тадбиркорлик субъекти) лойиҳа мақсадини кўрсатган ҳолда ўз буюртманомасини ёки ўзи танлаган намунавий лойиҳани хорижий кредит линияси берилган ваколатли банк бўлинмасига беради. Буюртманомага банк белгилаган талабларга мувофиқ кредитни таъминлаш бўйича ҳужжатлар пакети илова қилинади.

Кичик тадбиркорликни ахборот-маслаҳат билан қўллаб-қувватлаш ҳудудий марказлари қарз олувчига тендерда қатнашиш учун буюртманомаларни расмийлаштиришда амалий ёрдам кўрсатадилар.

11. Кредит олишга буюртманомаларни кўриб чиқиш ва тендер ғолибини аниқлаш учун ваколатли банк муассасасида Савдо-саноат палатаси раҳбари бошчилигида доимий ишловчи танлов комиссияси тузилади, унинг таркибига қуйидагиларнинг ҳужжатларни имзолаш ваколатига эга бўлган вакиллари киради:

ваколатли банк (икки овозга эга);

Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши;

Кичик тадбиркорликни ахборот-маслаҳат билан қўллаб-қувватлаш ҳудудий марказлари;

суғурта агентликлари ("Ўзбекинвест", "ЎзинвестАИГ", "ЎзАИГ", "Ўзагросуғурта");

бошқа манфаатдор ташкилотлар.

12. Ваколатли банк манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда бир ой муддатда:

а) тадбиркор томонидан тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади, ундаги мавжуд ишлаб чиқариш базасининг айтилган мақсадларга ва белгиланган устуворликларга мувофиқлигини текширади;

б) кредитни бериш, ундан мақсадли фойдаланишни назорат қилиш ва унинг ўз вақтида қайтаришни таъминлашнинг техник ва ташкилий тартибини ишлаб чиқади;

в) экспорт хулосалари билан бирга, кредитлар олишга буюртманомаларни танлов комиссиясига кўриб чиқиш учун тақдим этади.


13. Танлов комиссияси танловни якунлайди ва унинг ғолибини эълон қилади, унга лойиҳанинг қисқача тавсифномаси, кредиторларнинг барча талабларини таъминлаш бўйича ўтказилган ишлар қайд этилган тегишли хулосани беради.


14. Танлов комиссиясининг барча аъзолари томонидан имзоланган ва унинг раиси томонидан тасдиқланган хулоса банкнинг кредит қўмитаси кўриб чиқиши ва кредит бериш тўғрисида қарор қабул қилиниши учун асос ҳисобланади.


15. Имкониятга эга бўлган қарз олувчи томонидан ваколатли банкка ҳужжатлар тўлиқ пакети билан буюртманома берилган санадан то тегишли кредит шартномасини имзолашгача бўлган энг кўп муддат икки ойдан ошмаслиги керак.

17. Имкониятга эга бўлган қарз олувчининг мулкини, шу жумладан кредитни таъминлаш учун гаровга қўйилган мулкини суғурталаш, мазкур Тартибнинг 11-бандида кўрсатилган суғурта агентликларидан бирортаси томонидан, уларнинг уставларига қатъий мувофиқ равишда амалга оширилади.



III. ЯККА ТАРТИБДАГИ ЛОЙИҲАЛАРНИ

ИШЛАБ ЧИҚИШ


18. Кичик тадбиркорлик субъекти якка тартибдаги лойиҳани маблағ билан таъминлашни олиш истагида у тегишли буюртманома билан "Ўзинвестлойиҳа" компаниясига ёки банкларда ташкил этилган, хорижий кредит линияларга хизмат кўрсатувчи инжиниринг компанияларига техник-иқтисодий асосланишни ишлаб чиқиш, бизнес-режа ва хорижий банкнинг кредит линиясига киритиш учун зарур бўлган бошқа техник ҳужжатларни ишлаб чиқиш тўғрисида мурожаат қилади.

19. Ҳужжатларнинг тўлиқ пакетини тайёрлаш тугагач "Ўзинвестлойиҳа" компанияси (тегишли инжиниринг компанияси) қуйидагиларни тузади:

а) кредиторларнинг барча талабларини таъминлаш бўйича ўтказилган ишлар, лойиҳанинг қисқача тавсифномаси берилган хулоса;

б) тегишли кредит линиясини ижро этиш ваколатига эга бўлган банкка тавсиянома, мазкур лойиҳани ушбу линияга киритиш учун батафсил асослар билан;

в) корхонанинг тавсияномани тайёрлаш пайтида тузилган техник паспорти.

Юқорида кўрсатилган ҳужжатларга уларни банкка жўнатишда қуйидагилар илова қилиниши керак:

шаклланган устав капиталининг миқдори тўғрисида хизмат кўрсатадиган банкдан кўчирма;

гаров шартномаси нусхаси, агар у талаб қилинса;

суғурта полислари нусхалари.

20. "Ўзинвестлойиҳа" компаниясининг, тижорат банкларидаги тегишли инжиниринг компанияларининг якка тартибдаги лойиҳаларни тайёрлаш бўйича хизматлари қиймати кичик бизнес субъекти хоҳишига кўра унга берилаётган кредит суммасига киритилиши мумкин.

21. Якка тартибдаги лойиҳани ишлаб чиқишга буюртманома берилган санадан то "Ўзинвестлойиҳа" компаниясида (тегишли инжиниринг компаниясида) ҳужжатлар тўлиқ пакети тайёрлашгача бўлган энг кўп муддат икки ойдан ошмаслиги керак.


22. Имкониятга эга бўлган қарз олувчининг якка тартибдаги лойиҳани маблағ билан таъминлаш юзасидан буюртманомасини тижорат банкида кўриб чиқиш намунавий лойиҳалар учун назарда тутилган тартибда амалга оширилади.


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами", 1998 й., N 5, 20-модда.