ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Қишлоқ ва сув хўжалиги / Умумий қоидалар /

2021-2025 йилларда қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизимини устувор ривожлантириш Концепцияси (ЎзР Президентининг 03.02.2021 й. ПФ-6159-сон Фармонига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2021 йил 3 февралдаги

ПФ-6159-сон Фармонига

1-ИЛОВА



2021-2025 йилларда қишлоқ хўжалигида билим

ва инновациялар тизимини устувор ривожлантириш

КОНЦЕПЦИЯСИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


Кейинги йилларда қишлоқ хўжалигида илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлигини ошириш, илғор технологиялар, илм-фан ютуқларини кенг жорий этиш, аграр соҳада билимларни тарқатиш ва инновацияларни жорий қилиш билан боғлиқ хизматларни ташкил қилиш борасида муайян чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Илм-фан соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида ҳудудларнинг тупроққлим шароитларига мос ва экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш имконини берувчи ўсимликларнинг янги навлари, экинларни парваришлаш ҳамда маҳсулот етиштириш бўйича ресурс тежайдиган интенсив агротехнологиялар амалиётга изчил татбиқ қилинмоқда.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда давлат буюртмаси бекор қилиниб, соҳада бозор тамойиллари ҳамда молиялаштиришнинг янги механизмлари жорий этилди. Хўжалик юритишнинг замонавий шакллари, жумладан кластер ва кооперациялар ташкил этилиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш, логистика тизимини кенгайтириш орқали қўшилган қиймат занжирини яратиш тадбирлари амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, агросаноат мажмуида стратегик тадқиқотлар ва прогнозлаш ишлари тизимли ташкил этилмаётганлиги сабабли соҳа ва унинг тармоқларида мавжуд муаммоларни таҳлил қилиш асосида илмий асосланган хулосаларга таянган ҳолда ривожлантириш истиқболларини белгилаш бўйича яхлит тизим яратилишига эришилмаган.

Натижада, қишлоқ хўжалигида таълим, илм-фан, инновацион фаолият ва ишлаб чиқаришнинг чуқур интеграциясини таъминлаш ҳамда ушбу тизимнинг самарали бошқарув бўғинларини шакллантириш зарурати пайдо бўлмоқда.

2021-2025 йилларда қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизимини устувор ривожлантириш концепцияси (кейинги ўринларда - Концепция) ушбу вазифаларни амалга оширишга хизмат қилади.

Мазкур Концепциянинг асосий мақсади қишлоқ хўжалигида таълим, илм-фан, инновацион фаолият ва ишлаб чиқаришнинг интеграциясини янада чуқурлаштириш, янги билимларни яратиш ва қўллаш, ресурс тежайдиган инновацион технологиялар, илғор хорижий ва маҳаллий фан ютуқларини жорий этиш, замонавий билим ва малакага эга мутахассисларни тайёрлаш ҳамда агрохизматлар кўрсатиш тизимини ривожлантиришга йўналтирилган бўлиб, қуйидаги устувор йўналишларни қамраб олади:

меҳнат бозори конъюнктураси ўзгаришига мос ҳолда инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган аграр таълим тизимини такомиллаштириш;

агросаноат мажмуидаги илмий муассасаларнинг илмий ва инновацион фаолиятини янада ривожлантириш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи субъектлар учун ахборот ва маслаҳат тизими асосида иш юритадиган агрохизматлар кўрсатиш тармоғини ривожлантириш.



2-БОБ. КОНЦЕПЦИЯНИНГ УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАРИ


I. МЕҲНАТ БОЗОРИ КОНЪЮНКТУРАСИ ЎЗГАРИШИГА

МОС ҲОЛДА ИНСОН КАПИТАЛИНИ РИВОЖЛАНТИРИШГА

ҚАРАТИЛГАН АГРАР ТАЪЛИМ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ


Яқин истиқбол ва келажакдаги мақсадли вазифалардан келиб чиқиб, олий ва профессионал таълим қамровини кенгайтириш, таълим жараёнига рақамли ва замонавий технологияларни жорий этиш, олий ва ўрта махсус маълумотга эга бўлган мутахассислар тайёрлаш, таълим сифатини ошириш ҳамда ушбу жараёнга кадрлар буюртмачиларини фаол жалб этиш, меҳнат бозоридаги тенденциялар ўзгариб боришини ҳисобга олган ҳолда, мутахассисларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш, олий таълим ва илмий муассасаларда илмий-тадқиқот ишлари натижадорлигини таъминлаш бугунги куннинг долзарб вазифаларидир.

Иқтисодиёт тармоқлари ва меҳнат бозорининг ўзгарувчан талаблари ҳамда кадрлар буюртмачиларининг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда давлат таълим стандартлари, ўқув режалари ва фан дастурлари ҳамда дарсликларни янгилаш, замонавий, юқори самарали ахборот-коммуникация технологияларини ўқув жараёнига жорий этиш асосида талаба ва ўқувчиларнинг амалиётини ташкил этишни тубдан такомиллаштириш, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги олий ва профессионал таълим муассасаларида кадрлар тайёрлаш сифатини оширишнинг истиқболли мақсадлари қуйидагилардан иборат:

қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизими доирасида йўналишлар ва ҳудудлар кесимида малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёжни аниқлаш;

қишлоқ хўжалигида билим ва инновацияларга бўлган эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда олий ва профессионал таълим муассасаларининг фаолиятини такомиллаштириш. Бунда:

меҳнат бозори таҳлиллари асосида тайёрланган хулосаларга таяниб, олий ва профессионал таълим муассасаларининг кадрлар тайёрлаш ва ўқув режаларини ҳамда ўқув фанлари дастурларини такомиллаштириш;

қишлоқ хўжалиги йўналишидаги олий ва профессионал таълим муассасаларининг барча йўналишларида "Агроконсалтинг" курси доирасида ўқув жараёнини ташкил этиш;

мақсадли йўналишларда олий ва профессионал таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг малакасини ошириш;

ўқув-методик материалларни тайёрлаш, жумладан ўқув жараёнига New Extensionist Learning Kits (агроконсультантларнинг янги авлодини ўқитиш) воситаларини жорий этиш;

Миллий марказда ҳамда замонавий агротехнологиялар асосида фаолият юритувчи хўжалик субъектларида талаба ва ўқувчиларнинг ўқув ва ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш;

олий ва профессионал таълим муассасаларининг ўқув лабораторияларини модернизациялаш ва реконструкция қилиш ҳамда янгиларини қуриш ва жиҳозлаш;

қишлоқ хўжалиги мутахассисларининг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тизимини самарали ташкил этиш Дастурини ишлаб чиқиш;

Миллий марказ ва унинг ҳудудий агрохизматлар марказларида янги хизмат турларини кенг жорий этиш мақсадида хорижий мутахассисларни жалб қилиш;

Миллий марказ ва унинг ҳудудий агрохизматлар марказларида фаолият олиб бораётган ва жалб қилинган ходимларни KPI тизими асосида баҳолаш механизмини жорий этиш;

агрохизматлар кўрсатиш сифатини ошириш бўйича хорижий экспертларни жалб этган ҳолда, ўқув ва амалий семинар ҳамда тренингларни ташкил этиш ҳамда Training of Trainers (TOT) дастурларини йўлга қўйиш;

қишлоқ хўжалиги мутахассисларини шартнома асосида қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш курсларини, жумладан Миллий марказ ва унинг ҳудудий агрохизматлар марказлари базасида ташкил этиш;

профессор-ўқитувчилар алмашинуви ва уларнинг касбий ҳаракатчанлигини таъминлаш назарда тутилади.



II. АГРОСАНОАТ МАЖМУИДАГИ ИЛМИЙ

МУАССАСАЛАРНИНГ ИЛМИЙ ВА ИННОВАЦИОН

ФАОЛИЯТИНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ


Ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини ошириш, янги навларни яратиш, селекция, уруғчилик ва кўчатчиликни ривожлантириш, илм-фан ютуқларини ишлаб чиқаришга жорий этиш, республика ҳудудларини муайян қишлоқ хўжалиги экинлари ва озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштириш каби концептуал йўналишларга асосланган илм-фанни ривожлантириш долзарб вазифа ҳисобланади. Бунда:

Қишлоқ хўжалиги соҳасида таълим, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг узвий интеграциясини таъминлаш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш фаолиятини йўлга қўйиш орқали қишлоқ хўжалиги соҳаси ҳамда унинг тармоқлари бўйича илмий изланишлар олиб бораётган ва кадрлар тайёрлаётган барча турдаги давлат илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш;

қишлоқ хўжалиги соҳасида илмий тадқиқот натижаларини тижоратлаштириш, илм-фан ютуқларини ишлаб чиқаришга жорий этиш, ишлаб чиқариш муаммоларига илм-фан орқали ечим топиш мақсадида соҳадаги илмий-тадқиқот муассасалари ва кластер, кооперациялар, фермер ҳамда деҳқон хўжаликларининг узвий ҳамкорлигини йўлга қўйиш;

Қишлоқ хўжалиги ва унга хизмат кўрсатувчи субъектлар, жумладан агросаноат кластерлари, кооперациялар, фермер ва деҳқон хўжаликларининг таклифлари асосида Қишлоқ хўжалигининг устувор йўналишлари, глобал, минтақавий ва ҳудудий муаммоларнинг илмий ечимларини тадқиқ қилиш бўйича беш йилга мўлжалланган дастурни ишлаб чиқиш.

Миллий дастур асосида фундаментал ва амалий тадқиқотлар, инновацион ва стартап лойиҳаларни амалга ошириш тизимини молиялаштириш, илмий тадқиқот натижаларини ишлаб чиқаришга жорий этиш ва бевосита буюртмаларга кўра тижоратлаштириш кўламини кенгайтириш, Миллий марказ мутахассислари ҳамда маслаҳатчилари малакасини оширишнинг истиқболли мақсадлари қуйидагилардан иборат:

сув танқислиги мавжуд бўлган ҳудудларда ер ва сув ресурсларини барқарор бошқариш бўйича халқаро саммит ўтказиш, ҳукуматлараро битим тузиш ҳамда халқаро илмий ҳамкорлик бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

таълим ва илмий фаолият йўналишидан келиб чиққан ҳолда тизимдаги олий таълим муассасалари кафедралари ва илмий-тадқиқот ташкилотлари раҳбарларининг ўзаро функционал вазифаларини бажаришдаги ўриндошлик фаолияти доирасидаги интеграцион тизимни амалга ошириш механизми бўйича низом ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

қишлоқ хўжалиги экинларининг дастлабки уруғчилигини ташкил этиш, йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган навларнинг уруғчилигини қайта тиклаш, етиштирилган оригинал уруғларни "Уруғчиликни ривожлантириш марказига" манфаатли шартномалар орқали етказиб бериш тизимини йўлга қўйиш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларининг илмий ишланмаларга бўлган талабини инобатга олган ҳолда замон талабларига жавоб берадиган, тижоратлаштириш даражаси юқори бўлган илмий тадқиқот натижаларини бевосита буюртмалар асосида ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга татбиқ этиш ишлари кўламини кенгайтириш;

ресурс тежайдиган инновацион техника ва технологиялар бўйича илғор хорижий ва маҳаллий тажрибаларга оид маълумотлар базасини яратиш, қишлоқ хўжалиги субъектлари учун қулай рақамли ахборот алмашинуви тизимини шакллантириш;

илмий-тадқиқот ташкилотлари томонидан яратилган интеллектуал мулкни халқаро миқёсда ҳимоя қилиш ва молиявий рағбатлантиришнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш;

илмий-тадқиқот ташкилотларида замонавий илмий-тадқиқот йўналишларини, лаборатория ва тажриба участкаларини ташкил қилиш, шунингдек, илмий тадқиқотларнинг сифати ва натижадорлигини ошириш мақсадида ноёб илмий объектлардан самарали фойдаланиш;

қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдор, иссиққа ва сувсизликка чидамли, яхши таъм, юқори даражадаги товар хусусиятларига эга нав ва дурагайларини яратиш мақсадида жаҳон коллекцияларидан селекция навлари ва дурагайларни интродукция қилиш;

агросаноат соҳасини ва қишлоқ ҳудудларини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича фаолият юритадиган, халқаро даражада эътироф этиладиган илмий мактабларни яратиш;

қишлоқ хўжалиги соҳаси билан боғлиқ илмий ташкилотлар фаолиятини қамраб олувчи ягона илмий тадқиқот тизимини шакллантириш;

қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожланган хорижий давлатларнинг илмий кутубхоналари билан шартнома асосида илмий нашрлар фондини бойитиш;

илмий тадқиқотчилар, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва талабаларининг электрон илмий адабиётлар каталогларидан ҳамда жаҳон таълим ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш;

жаҳон стандартлари асосида соҳага доир ноёб тарихий китоблар, энциклопедиялар, монография ва бошқа илмий нашрларнинг электрон каталоглар базасини босқичма-босқич шакллантириш.



III. ИЛМИЙ АХБОРОТ ВА МАСЛАҲАТ ТИЗИМИ АСОСИДАГИ

АГРОХИЗМАТЛАР ТАРМОҒИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ


Аграр соҳа ташкилотлари учун қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ва қишлоқ ҳудудларини ижтимоий ривожлантириш ҳамда янги иш ўринларини яратиш, агрохизматлар тармоғини яратиш ва кенгайтириш, таълим, илм-фан, инновацион фаолият ва ишлаб чиқаришнинг интеграциясини янада чуқурлаштириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бирига айланди.

Голландиянинг Вагенинген Университети билан ҳамкорликда Академик М. Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти ҳудудида жаҳон стандартлари асосида етакчи давлатларнинг илмий марказлари ва институтлари андозасида, миллий қишлоқ хўжалиги манфаатларига асосланган Илмий-тадқиқот маркази ташкил этилади.

Илмий-тадқиқот маркази қишлоқ хўжалиги соҳасида илмий тадқиқотларнинг устувор йўналишлари бўйича молиялаштириш манбалари ва механизмини такомиллаштиришни инобатга олган ҳолда, Қишлоқ хўжалигида илмий тадқиқотларни амалга ошириш бўйича Миллий дастурни (кейинги ўринларда - Миллий дастур) ишлаб чиқади ва илмий лойиҳаларнинг бажарилишини мувофиқлаштириш ва мониторингини юритиш ишларини амалга оширади.

Миллий дастур қуйидаги стратегик йўналишларни қамраб олади:

озиқ-овқат хавфсизлиги ва озиқ-овқат маҳсулотларининг санитар-гигиеник хавфсизлигини таъминлаш;

глобал иқлим ўзгариши салбий оқибатлари ва прогнозини ҳисобга олган ҳолда ер ва сув ресурсларини барқарор бошқариш;

қўшилган қиймат занжирини яратиш, жумладан қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари бозорлари ҳамда бозор инфратузилмасини ривожлантириш, экспортни кенгайтириш ва импортни оптималлаштириш;

аграр соҳа тараққиётини прогнозлаш ва режалаштириш, мониторинг ва баҳолаш, шунингдек, қишлоқ хўжалигида билимлар ва инновациялар тизимининг самарали фаолият кўрсатишини бошқариш;

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар Миллий маркази (кейинги ўринларда - Миллий марказ) бинолари ва инфратузилмаси объектларини, шунингдек, синов ва кўргазма майдончалари иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашни амалга ошириш;

Миллий марказ ҳузуридаги ҳудудий агрохизматлар марказларини босқичма-босқич ташкил этиш ҳамда уларнинг моддий-техника базасини замонавий техник воситалар ва технологиялар билан ривожлантириш;

қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизими фаолиятини халқаро стандартлар даражасида самарали ташкил этишга кўмаклашиш мақсадида хорижий экспертлар гуруҳини жалб этиш;

агрохизматлар кўрсатиш тартибини такомиллаштириш мақсадида "рақамли ахборот ва маслаҳат хизматлари" ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

аграр соҳадаги тадбиркорлик субъектларининг хизмат турларига ва инновацион ишланмаларга бўлган эҳтиёжларини баҳолаш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини янада ривожлантириш мақсадида "даладан истеъмолгача" тамойили асосида халқаро стандартларни кенг жорий этишга кўмаклашиш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари учун онлайн режимида ахборот-маслаҳат ва агрохизматлар кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш ҳамда маҳсулот етиштириш бўйича тавсияларни ўзида қамраб олган мобил платформаларни яратиш;

агрохизматлар кўрсатиш жараёнини реал вақт режимида масофадан видеокузатиш, мониторинг қилиш ҳамда агрохизматлар кўрсатишнинг сифати ва тезкорлигини баҳолаш тизимини жорий этиш;

етакчи хорижий давлатлар билан ҳамкорликда қишлоқ хўжалиги экинларининг ўсиши ва ривожланишини, зараркунанда ва касалликлар билан зарарланишини ҳамда озуқа элементларига бўлган талабини сунъий йўлдошларнинг (Sentinel, Аист ва бошқалар) спектр таҳлиллари орқали ўрганишни йўлга қўйиш;

давлат ва хусусий мулкчилик, шунингдек, давлат-хусусий шериклик шартларида юридик шахс мақомига эга бўлган консалтинг хизматларини ташкил этиш бўйича ташкилий, молиявий ва ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тадбирларини амалга ошириш;

Миллий марказ ва унинг ҳудудий агрохизматлар марказлари фаолиятига аграр соҳа олимлари ва малакали мутахассисларни тизимли равишда жалб этиш, агрохизматлар кўрсатувчи мутахассисларнинг маълумотлар базасини яратиш ва доимий янгилаб бориш;

илмий тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш ва трансфер қилиш бўйича амалий тажрибага эга бўлган ташкилотлар билан ҳамкорликда ўқув семинарлари ва тренинглар ташкил этиш орқали Миллий марказ ҳамда унинг ҳудудий агрохизматлар марказлари мутахассислари ва маслаҳатчиларининг малакасини ошириш.



3-БОБ. КОНЦЕПЦИЯНИ АМАЛГА ОШИРИШДАН

КУТИЛАЁТГАН НАТИЖАЛАР


Концепцияни амалга оширишдан қуйидаги натижалар кутилмоқда:

қишлоқ хўжалиги соҳаси билан боғлиқ илмий-тадқиқот ташкилотлари фаолиятини қамраб олувчи ягона билим ва инновациялар тизими шакллантирилади.

қишлоқ хўжалигида билим ва инновацияларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, олий таълим муассасалари ҳамда агротехнологиялар техникумлари фаолияти такомиллаштирилади;

хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда, Қишлоқ хўжалиги соҳаси учун кадрларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тизимини самарали ташкил этиш дастури ишлаб чиқилади;

Миллий марказ ва унинг ҳудудий агрохизматлар марказлари учун етук кадрларни тайёрлаш, уларнинг малакасини доимий ошириб бориш, қайта тайёрлаш ва фаолиятини сертификатлаш тизими яратилади;

глобал иқлим ўзгаришини инобатга олган ҳолда сув танқис минтақаларда ер ва сув ресурсларини барқарор бошқариш бўйича халқаро саммит ўтказилади ҳамда халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилади;

Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази ҳудудида Хитой Халқ Республикаси билан ҳамкорликда Янлин агроинновация парки ташкил этилади;

илмий-тадқиқот муассасалари томонидан яратилган интеллектуал мулкни халқаро миқёсда ҳимоя қилиш ва молиявий рағбатлантиришнинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилади;

ахборот маслаҳат ҳамда хизматлар тармоғини ривожлантириш учун Халқаро эксперт кенгаши (International Expert Board) ташкил этилади;

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар Миллий маркази ҳузуридаги 100 дан ортиқ хизматларни кўрсатиш тизими йўлга қўйилади;

қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар марказлари фаолиятига аграр соҳа олимлари ва малакали мутахассисларни тизимли равишда жалб этиш, агрохизматлар кўрсатувчи мутахассислар тўғрисидаги маълумотлари базаси яратилади ва доимий янгилаб борилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 4 февраль












































Время: 0.0168
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск