ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Солиқлар. Мажбурий тўловлар / Солиққа тортишнинг умумий қоидалари / Солиқ органлари фаолиятини тартибга солиш /

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 12.02.2021 й. 66-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 12 февралдаги

66-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси

ҳузуридаги Кадастр агентлиги тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг (кейинги ўринларда - Агентлик) мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, жавобгарлигини, фаолиятини ташкил этиш ва ҳисобот бериш тартибини, шунингдек, унинг раҳбарларининг функционал вазифалари ва масъулиятини белгилайди.


2. Агентлик кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, геодезия ва картография ҳамда давлат кадастрларини юритиш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминловчи ваколатли республика давлат бошқаруви органи ҳисобланади ва ўз фаолиятида бевосита Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига (кейинги ўринларда - Давлат солиқ қўмитаси) бўйсунади.


3. Агентлик Давлат солиқ қўмитаси тизимига киради.


4. Агентлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек, Давлат солиқ қўмитасининг қарорларига (буйруқларига) ва Ҳайъат қарорларига амал қилади.


5. Агентлик ўз фаолиятини давлат бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бирлашмалари, хорижий ва халқаро ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлар ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.


6. Агентликнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган ва норматив-ҳуқуқий тусга эга бўлган қарорлари давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бирлашмалари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шу жумладан, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.


7. Агентлик юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган мухрга ва бланкаларга, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигида очилган шахсий ғазна ҳисобварақларига ва банк ҳисобварақларига эгадир.


8. Агентликнинг расмий номи:

а) давлат тилида:

тўлиқ номи - Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, қисқартирилган номи - Кадастр агентлиги;

б) рус тилида:

тўлиқ номи - Агентство по кадастру при Государственном налоговом комитете Республики Узбекистан, қисқартирилган номи - Агентство по кадастру;

в) инглиз тилида:

тўлиқ номи - Cadastre Agency under the State Tax Committee of the Republic of Uzbekistan, қисқартирилган номи - Cadastre agency.


9. Агентлик жойлашган жой (почта манзили): Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Чўпонота кўчаси, "Ц" мавзеси, 100097.



2-БОБ. АГЕНТЛИКНИНГ ТУЗИЛМАСИ


10. Агентлик тизимига қуйидагилар киради:

Агентлик марказий аппарати;

Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари (кейинги ўринларда - ҳудудий бошқармалар);

Агентликнинг туман (шаҳар) бўлимлари;

Давлат кадастрлари палатаси;

Республика аэрогеодезия маркази;

Давлат картография-геодезия фонди;

"Геоинновация маркази" давлат унитар корхонаси;

"Компьютерлаштириш ва геоахборот технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш маркази" давлат унитар корхонаси;

Тошкент геодезия ва картография коллежи;

"Картография" давлат илмий ишлаб чиқариш корхонаси.

11. Агентлик тизимидаги ташкилотлар ва муассасалар маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан мустақилдир ва бевосита Агентликка бўйсунади.



3-БОБ. АГЕНТЛИКНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


12. Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

а) кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасида:

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш;

мол-мулкларни кўчмас мулк жумласига (тоифасига) кириши юзасидан хулоса бериш;

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш;

давлат ер кадастри, бинолар ва иншоотлар давлат кадастрини юритиш;

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлашга ва ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишига йўл қўймасликка қаратилган самарали ер назоратини амалга ошириш;

б) геодезия ва картография соҳасида:

геодезия ва картография соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш;

аэрокосмик суратга олиш, топография-геодезия, картографияга оид изланишлар ҳамда тадқиқотларни, ерларни масофадан зондлаш, геодинамик тадқиқотлар маълумотлари ва материалларидан фойдаланган ҳолда картографик мониторингни амалга ошириш;

давлат картография-геодезия кадастрини юритиш;

давлат геодезия назоратини амалга ошириш;

в) давлат кадастрларини юритиш соҳасида:

давлат кадастрларини юритиш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш;

давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг давлат кадастрларини юритиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш;

Давлат кадастрлари ягона тизимини юритиш, ҳудудлар давлат кадастрининг самарали юритилишини таъминлаш;

давлат кадастрларини юритиш тартибларига риоя қилинишини таъминлашга қаратилган давлат кадастр назоратини амалга ошириш;

г) кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, геодезия, картография ва давлат кадастрларини юритиш соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш;

д) кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, геодезия, картография ва давлат кадастрларини юритиш соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш.


13. Агентлик ўзига юкланган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:


1) кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасида:

а) кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлашда:

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасида ягона давлат сиёсатининг устувор ривожланиш йўналишларини ишлаб чиқади;

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш фаолиятини илмий-технологик ва методик таъминлашни ташкил этади;

б) кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишда:

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни ташкил этади ва назорат қилади;

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг юзага келиши, ўзгариши, бошқа шахсга ўтиши, чекланиши ва бекор бўлишини назарда тутувчи қарорлар, аукцион ва танлов баённомалари, нотариал тасдиқланган битимлар ҳамда бошқа ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Миллий географик ахборот тизимида давлат рўйхатидан ўтказишни ташкил этади;

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг юзага келиши, бошқа шахсларга ўтиши, чекланиши, бекор бўлиши ва кўчмас мулкка доир бошқа битимлар тўғрисидаги ягона электрон маълумотлар базасини ташкил қилади;

ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқали кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишнинг шаффоф ва оммага очиқ тизими ишлашини ташкил қилади;

кадастр ва кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказиш интеграцион ахборот тизими ривожлантирилишини ташкил этади;

кадастр муҳандислари фаолиятини методик қўллаб-қувватлайди;

кўчмас мулк объектлари манзиллари ягона реестри шакллантирилиши ва юритилишини ташкил этади;

бино ва иншоотларнинг кадастр қийматини белгилаш ишларини ташкил этади ва методик қўллаб-қувватлайди;

в) давлат ер кадастри, бинолар ва иншоотлар давлат кадастрини юритишда:

давлат ер кадастри, бинолар ва иншоотлар давлат кадастри юритилишини ташкил этади;

ер участкаларининг кадастр рақамларини идентификациялаш ва ҳисобга олинишини таъминлаш мақсадида давлат ер кадастрининг электрон маълумотлар базасини шакллантиради;

ер фонди тоифаларининг ер турлари бўйича Миллий ҳисобот Миллий геоахборот тизимида юритилишини ташкил этади ва амалга оширади;

маъмурий-ҳудудий бирликлар чегараларининг низоли участкаларига аниқлик киритиш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига (кейинги ўринларда - Вазирлар Маҳкамаси) киритади;

маъмурий-ҳудудий бирликларнинг чегараларини белгилаш лойиҳаларини ишлаб чиқади;

ер фонди ҳолатидаги ўзгаришларни ўз вақтида аниқлаш устидан кузатишлар тизимини ташкил этади ва амалга оширади;

ер ҳисоботини, туман (шаҳар) ер кадастри дафтарини фақат Миллий геоахборот тизимида юритади;

ҳар бир ер эгаси, ердан фойдаланувчи, ижарачи ва ер участкаси мулкдори бўйича ер кадастри электрон маълумотлар базасини шакллантиради;

давлат ер кадастри, бинолар ва иншоотлар давлат кадастрини юритиш соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда жисмоний ва юридик шахсларга тезкор ва сифатли давлат хизматлари кўрсатишни ташкил этади;

фойдаланувчиларни белгиланган тартибда кадастр ахборотлари билан таъминлашни ташкил этади;

г) кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлашга ва ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишига йўл қўймасликка қаратилган самарали ер назоратини амалга оширишда:

ерлардан мақсадли фойдаланиш бўйича давлат назоратини амалга оширади;

ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлашга қаратилган ер назоратини амалга оширади;

ер участкалари ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишига йўл қўймасликка қаратилган самарали ер назоратни амалга оширади;

ер участкаси чегараларини (чегара нуқталарини) ўзбошимчалик билан ўзгартиришга йўл қўймаслик чораларини кўради;

аэрокосмик суратлар ва учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланган ҳолда ерларни масофадан туриб зондлашни, шунингдек, геодезик ўлчов ускуналари ёрдамида ерларни ўрганишни ташкил этади ва амалга оширади;

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлашга қаратилган самарали кадастр назоратини ташкил этади ва амалга оширади;

кадастр йиғмажилди (паспорти) белгиланган тартибда шакллантирилиши ва расмийлаштирилишини назорат қилади;


2) геодезия ва картография соҳасида:

а) геодезия ва картография соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлашда:

геодезия ва картография соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

геодезия ва картография фаолияти соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқади;

давлат бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, хўжалик бирлашмаларининг, юридик шахсларнинг геодезия ва картографияга оид ишларни бажариш билан боғлиқ фаолиятини мувофиқлаштиради;

геодезия ва картография фаолиятини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида норматив ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади ҳамда тасдиқлайди;

геодезия ва картография фаолияти соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқади ҳамда тасдиқлайди;

геодезия ва картография фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган моддий-техника базага, асбоб-ускуналарга ва бошқа техник воситаларга доир талабларни белгилайди;

б) аэрокосмик суратга олиш, топография-геодезия, картографияга оид изланишлар ҳамда тадқиқотларни, ерларни масофадан зондлаш, геодинамик тадқиқотлар маълумотлари ва материалларидан фойдаланган ҳолда картографик мониторингни амалга оширишда:

аэрокосмик суратга олишга, топография-геодезияга, картографияга оид ва бошқа текширувларни ҳамда қидирув ишларини амалга оширади;

давлат геодезия, нивелир, гравиметрия тармоқларининг ҳамда геодезик зичлаштириш тармоқларининг турлари ва таркибини, шунингдек, уларни яратиш тартибини белгилайди;

давлат геодезия, нивелир, гравиметрия тармоқларини, геодезик зичлаштириш тармоқларини яратади, ривожлантиради ва ишлаш ҳолатида сақлаб туради;

Ернинг картографик мониторингини, уни масофадан туриб зондлашни ва геодинамик тадқиқотларини амалга оширади;

сунъий йўлдош навигация тизимларининг ишлашини таъминлаш учун геодезия ва картографияга доир материалларни (маълумотларни) яратади;

Фазовий маълумотларнинг миллий инфратузилмасини яратади, ривожлантиради ва унинг фаолият кўрсатишини таъминлайди;

Давлат топографик хариталари ва режаларини янгилаш даврийлиги нормаларини белгилайди;

Миллий географик ахборот тизимини, умумдавлат аҳамиятига молик бошқа географик ахборот тизимларини яратади, ривожлантиради ва юритади;

умумгеографик, сиёсий-маъмурий, илмий-маълумотга оид хариталарни ва бошқа мавзули хариталарни, шунингдек, тармоқлараро аҳамиятга молик атласларни, картография ўқув қўлланмаларини яратади ҳамда нашр этади;

географик объектларнинг номларини белгилашни, меъёрлаштиришни, давлат рўйхатидан ўтказишни, улардан фойдаланишни ва уларни сақлашни, шунингдек, Географик объектлар номларининг давлат реестрини юритишни амалга оширади;

илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ва тажриба-технологик ишларни бажаради;

давлат бошқаруви органларини, хўжалик бирлашмаларини, юридик ва жисмоний шахсларни геодезия, картографияга доир материаллар (маълумотлар) билан таъминлайди;

геодезия, картография ва кадастрга оид ишларни метрологик жиҳатдан таъминлашни ташкил этади;

геодезик ва картография соҳасида қўлланиладиган асбоб-ускуналарни таъмирлайди, метрологик аттестацияга тайёрлайди, уларни қиёслашни амалга оширади;

техник-ўлчаш воситаларини самарали жорий этишда асос бўлувчи метрологик таъминотга оид қиёслаш ва таъмирлаш ишларини амалга оширади;

Вазирлар Маҳкамасининг топшириғига кўра Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши масалаларига доир ҳужжатларни, шу жумладан, хариталар ва чегаралар чизиғи тавсифини тайёрлайди, чегаралар нуқталари координаталарининг каталогини тузади;

Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини (кейинги ўринларда - Давлат чегараси) делимитация, демаркация (редемаркация) қилиш ва унинг ўтиш чизиғини текшириш бўйича чегарадош давлатлар билан музокаралар жараёнида иштирок этади ҳамда ишларни бажариш учун зарур бўлган геодезия, картография ва гидрографияга оид ишларни амалга оширади, улар асосида материаллар (маълумотлар) тайёрлайди;

Давлат чегарасини делимитация, демаркация (редемаркация) қилиш масалалари бўйича аэрокосмик суратлар, геодезия маълумотлари, ерни масофадан зондлаш, топографик, картографик, гидрографик ва бошқа материаллар билан таъминлайди;

Давлат чегараси билан боғлиқ архив материалларини ўрганишда иштирок этади;

Давлат чегарасини делимитация, демаркация (редемаркация) қилиш масалалари бўйича манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан ҳамкорлик қилади;

Давлат чегарасини делимитация, демаркация (редемаркация) қилиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз ваколатлари доирасида ишлаб чиқади;

маъмурий-ҳудудий бирликлар чегараларини келишиб олиш учун хариталар тайёрлайди;

маъмурий-ҳудудий бирликларнинг давлат реестрини юритиш тартибини ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади ҳамда уни юритади;

маъмурий-ҳудудий бирликларнинг навбатчи хариталарини тайёрлаш тартибини ва уларга доир талабларни тасдиқлайди ҳамда навбатчи хариталарни юритади;

маъмурий-ҳудудий бирликларнинг қўшни чегаралари кўрсатилган хариталарни келишиб олиш учун тайёрлайди;

маъмурий-ҳудудий бирликларнинг чегараларини жойида марза белгилари билан белгилаш бўйича ер тузиш, геодезия ва картография ишларини бажаради;

учувчисиз учиш қурилмаларини, бутловчи ва эҳтиёт қисмларни ишлаб чиқаришни ташкил этади, улардан фойдаланишда энг замонавий технологиялар ва хорижий тажриба жорий этилишини таъминлайди, шунингдек, унинг функционал ва техник имкониятларини такомиллаштириш бўйича илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини ташкил этади;

учувчисиз учиш қурилмалари учун конструктив элементларни ишлаб чиқаришни ва дастурий таъминот яратишни босқичма-босқич маҳаллийлаштиришни ташкил этади;

учувчисиз учиш қурилмаларини бошқариш соҳасида синов оператор мутахассисларини тайёрлайди;

оператори бўлмаган учувчисиз учиш қурилмаларини фақат Вазирлар Маҳкамасининг рухсатномасига эга бўлган давлат бошқаруви органларига, хўжалик бирлашмаларига, иқтисодиёт тармоқларидаги бошқа ташкилотларга оператор билан ижарага беради;

учувчисиз учиш қурилмаларини таъмирлайди ва уларга техник хизматлар кўрсатади;

иқтисодиёт тармоқларида учувчисиз учиш қурилмаларини қўллаш ва улардан фойдаланишни методик қўллаб-қувватлайди;

учувчисиз учиш қурилмаларини ишлаб чиқаришда ва фойдаланишда энг янги технологияларни, шунингдек, хорижий тажрибани жорий этади;

учувчисиз учиш қурилмаларига ўрнатилган аэрофотокамераларнинг калибровка параметрларини аниқлайди;

геоахборот тизимлари учун юқори прецизион қурилмалар ва бутловчи элементларни ишлаб чиқаради;

иқтисодиёт тармоқларида учувчисиз учиш қурилмаларини қўллаш ва улардан фойдаланиш бўйича методик тавсияларни ишлаб чиқади;

в) давлат картография-геодезия кадастрини юритишда:

картография-геодезия давлат кадастрини юритади;

давлат картография-геодезия фонди шакллантирилиши ва юритилишини ташкил этади;

геодезия ва картографияга оид ишларнинг давлат ҳисобини юритади;

Ўзбекистон Республикасининг навбатчи маълумотнома тарзидаги харитасини юритади;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида геодезия координаталарининг, баландликларининг, гравиметрия ўлчовларининг ягона давлат тизимларини ҳамда давлат топографик хариталари ва режаларининг масштаб қаторини белгилаш масалалари бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритади;

умумдавлат аҳамиятига молик геодезия ва картографияга оид ишлар ҳамда махсус (тармоққа оид) аҳамиятга молик ишларни рўйхатга олишни амалга оширади;

график, рақамли, фотосурат шаклидаги ҳамда бошқа шакллардаги давлат топографик хариталари ва режаларини яратади, янгилайди ҳамда нашр этади;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида геодезия пунктларининг жойлашиш зичлиги нормаларини белгилайди ҳамда уларнинг жойлашган ерини аниқлайди;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида геодезия пунктларининг ҳисобини юритади;

г) давлат геодезия назоратини амалга оширишда:

давлат геодезия назоратини амалга оширади;

геодезия ва картография фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишининг олдини олади, уларни аниқлайди ва бартараф этади;

геодезия ва картография фаолиятининг барча субъектлари томонидан геодезия ва картография фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан назорат қилади;

картографияга доир материалларда ҳамда бошқа ҳужжатларда Давлат чегараси ва ҳудуди тўғри акс эттирилганлиги устидан назорат қилади;

геодезия ва картографияга оид ишларни рўйхатдан ўтказади;

геодезия пунктларини ҳисобга олади;

давлат геодезия, нивелир, гравиметрия тармоқларидаги геодезия пунктларининг, шунингдек, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда бошқа геодезия пунктларининг бут сақланиши ва уларнинг муҳофаза зоналари режимига риоя этилиши устидан назорат қилади;

геодезия ва картография фаолияти субъектлари томонидан давлат картография-геодезия фонди ҳамда идоравий картография-геодезия фондлари материалларининг (маълумотларининг) сақланиши устидан назорат қилади;

геодезия ва картография фаолияти субъектлари томонидан геодезия координаталари, баландликлари, гравиметрия ўлчовлари давлат тизимларининг ҳамда давлат топографик хариталари ва режаларининг масштаб қатори, маҳаллий координаталар ҳамда бошқа координаталар тизимларининг қўлланилиши устидан назорат қилади;

геодезия ва картография фаолияти субъектлари томонидан умумдавлат аҳамиятига молик геодезия ва картографияга доир материаллар (маълумотлар) давлат картография-геодезия фондига топширилиши, шунингдек, мазкур субъектларнинг ушбу фонддан олинган материаллардан (маълумотлардан) фойдаланиши устидан назорат қилади;

геодезия ва картографияга оид бажарилган ишлар тўғрисидаги техник ҳисоботларга доир талабларни белгилайди;

геодезия ва картографияга доир материалларни (маълумотларни) экспертизадан ўтказади;

маҳаллий координаталар тизимларини белгилайди ва улардан фойдаланиш тартибини аниқлайди;

солиқ солиш мақсадларида ер қаъридан фойдаланувчилар томонидан ҳақиқатда қазиб олинган (ажратиб олинган) фойдали қазилмалар ҳажмининг маркшейдерлик ишлари Агентликнинг Республика аэрогеодезия маркази ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги ҳудудлараро бўлинмалари томонидан амалга оширилиши устидан назоратни таъминлайди;

3) давлат кадастрларини юритиш соҳасида:

а) давлат кадастрларини юритиш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлашда:

давлат кадастрларини юритишни такомиллаштиришга қаратилган ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқади ва таъминлайди;

давлат кадастрларини юритиш соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқади;

давлат кадастрлари юритилишига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда тасдиқлайди;

б) давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг давлат кадастрларини юритиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиришда:

давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг давлат кадастрларини юритиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;

давлат бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар томонидан тегишли давлат кадастрлари маълумотлари Миллий геоахборот тизимига тақдим этиб борилиши мониторингини олиб боради;

давлат кадастрларини юритиш учун зарур бўлган картография материаллари билан белгиланган тартибда таъминлайди;

в) Давлат кадастрлари ягона тизимини юритиш, ҳудудлар давлат кадастрини юритишда:

Давлат кадастрлари ягона тизимини ва ҳудудлар давлат кадастрининг самарали юритилишини таъминлайди;

Давлат кадастрлари ягона тизимига киритиладиган тармоқ кадастр ахборотларини йиғиш, таҳлил қилиш, туркумлаш, сақлаш ва янгилашни амалга оширади;

манфаатдор вазирликлар, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда ўзаро электрон ахборот алмашувини таъминлайди;

Давлат кадастрлари ягона тизимини Миллий геоахборот тизимида шакллантиради;

давлат бошқаруви органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, хўжалик бирлашмаларига, юридик ва жисмоний шахсларга ахборот таъминоти ва фазовий маълумотларни, шу жумладан, давлат кадастрлари тўғрисидаги ахборотни бериш бўйича хизматлар кўрсатишни ташкил этади;

геофазовий маълумотларни яратиш ва улардан фойдаланиш, давлат кадастрларини юритиш соҳасидаги фаолиятнинг илмий-технологик ва методик таъминотини ташкил этади;

Давлат кадастрлари ягона тизими, Миллий географик ахборот тизимини яратади, янгилайди ва ривожлантирилишини ташкил этади;

г) давлат кадастрларини юритиш тартибларига риоя қилинишини таъминлашга қаратилган самарали кадастр назоратини амалга оширишда:

давлат кадастрларини юритиш тартибларига риоя қилинишини назорат қилади;

Давлат кадастрлари ягона тизими қонун ҳужжатларига мувофиқ юритилиши устидан назорат қилади;


4) кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, геодезия, картография ва давлат кадастрларини юритиш соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш соҳасида:

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, геодезия, картография ва давлат кадастрларини юритиш соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ишларини ташкил қилади ва амалга оширади;

мулкни рўйхатдан ўтказиш соҳасига оид халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикасига берилган баҳоларни ўрганади ва таҳлил қилади;

мулкни рўйхатдан ўтказиш соҳасига оид халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикасига берилган баҳоларга сабаб бўлган омиллар ва муаммоларни комплекс ўрганади ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

мулкни рўйхатдан ўтказиш соҳасига оид халқаро рейтинг ва индексларни тузувчи халқаро ва хорижий ташкилотлар билан алоқаларни йўлга қўяди ва ҳамкорлик қилади;


5) кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, геодезия, картография ва давлат кадастрларини юритиш соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни таъминлаш соҳасида:

кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этади;

кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими такомиллаштирилишини таъминлайди;

кадрлар заҳирасини яратиш, уларни қайта тайёрлаш ва стажировкадан ўтишини ташкил этади, Агентлик ва идоравий мансуб ташкилотлар, корхоналар ва муассасаларда кадрлар танловини амалга ошириш ва уларни жой-жойига қўйишни амалга оширади.



4-БОБ. АГЕНТЛИК ВА УНИНГ ТАРКИБИЙ

БЎЛИНМАЛАРИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ҲАМДА ЖАВОБГАРЛИГИ


1-§. Агентликнинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги


14. Агентлик ўзига юкланган асосий вазифаларни амалга ошириш ва функцияларни бажаришда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

1) Вазирлар Маҳкамасига норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек, Агентликка юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ бўлган бошқа ҳужжатларни киритиш;

2) ўз ваколати доирасида давлат органлари ва ташкилотлари, жисмоний ва юридик шахслар учун мажбурий бўлган, шу жумладан, бошқа давлат органлари билан биргаликда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш;

3) Агентлик ваколатларига тааллуқли масалалар бўйича давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва хўжалик бирлашмалари фаолиятини мувофиқлаштириш;

4) давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятида давлат ер, кадастр ва геодезия назорати соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя этилишини ўрганиш;

5) давлат органлари ва бошқа ташкилотлар мансабдор шахсларига, шунингдек, жисмоний шахсларга давлат кадастрларини юритиш, давлат ер, кадастр ва геодезия назорати соҳасида аниқланган қонун бузилишлари, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш ҳақида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар ва кўрсатмалар киритиш;

6) давлат ер, кадастр ва геодезия назорати соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилишига йўл қўймаслик ҳақида мансабдор шахсларни ёзма равишда огоҳлантириш;

7) давлат ер, кадастр ва геодезия назорати соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун давлат органлари ва бошқа ташкилотлар мансабдор шахсларига ва жисмоний шахсларга нисбатан маъмурий жазо қўллаш;

8) Давлат кадастрлари палатасининг туман (шаҳар) филиалларини босқичма-босқич тугатиш;

9) Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда Агентликнинг марказий аппарати, ҳудудий бошқармалари, унинг туман (шаҳар) бўлимлари, Давлат кадастрлари палатасининг марказий аппарати ва унинг ҳудудий бошқармаларига Агентликнинг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан қўшимча штат бирликларини киритиш;

10) Агентлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича методик материаллар ва тавсияларни ишлаб чиқиш;

11) малакали хорижий мутахассисларни, уларга истисно тариқасида Агентликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан хорижий валютада иш ҳақи ва бошқа тўловларни белгилаган ҳолда ходимлар ва маслаҳатчилар сифатида жалб қилиш;

12) меҳнат бозорининг амалдаги конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда тор доирадаги мутахассисларни шартнома асосида Агентлик ва Давлат кадастрлари палатасига ишга жалб этиш;

13) бошқа давлат органлари ва мансабдор шахслардан Агентликка юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва ахборотларни, шу жумладан, статистик маълумотларни сўраш ва бепул олиш;

14) Агентлик ваколатига кирувчи масалалар бўйича текширишлар ўтказиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўрганиш, шунингдек, ахборот-таҳлилий материалларни тайёрлаш учун вазирликлар ва идоралар, шунингдек, бошқа давлат ташкилотлари вакилларини жалб этиш;

15) текшириш давомида аниқланган ҳолатларга аниқлик киритиш мақсадида давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахслари ҳамда бошқа ходимларини, шунингдек, жисмоний шахсларни чақириш, қонун ҳужжатларининг бузилиши ҳолатлари юзасидан оғзаки ва ёзма тушунтиришлар талаб қилиш;

16) Агентликнинг ваколатига кирадиган масалалар бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамаси, Давлат солиқ қўмитаси, давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва хўжалик бирлашмаларига кўриб чиқиш учун киритиш;

17) Агентликнинг таркибий бўлинмаларида, ҳудудий бошқармалар, Давлат кадастрлари палатаси ва идоравий мансуб ташкилотларда ички назорат, коррупцион ҳуқуқбузарликлар ва қонунларга зид бошқа ҳаракатлар, шунингдек, Агентлик тизими ходимлари томонидан касбий ахлоқ қоидалари бузилишининг олдини олиш ва уларни минималлаштириш ҳамда профилактикасини амалга ошириш;

18) Агентликнинг ҳудудий бошқармалари, Давлат кадастрлари палатаси ва идоравий мансуб ташкилотлар томонидан пуллик хизмат кўрсатиладиган рўйхат ва тарифларни белгилаш ҳамда тасдиқлаш;

19) Агентлик ваколатига кирувчи масалалар бўйича идоралараро тусдаги халқаро шартномаларни белгиланган тартибда тузиш;

20) Агентлик ваколатига кирувчи масалалар юзасидан халқаро даражада Ўзбекистон Республикаси манфаатларини белгиланган тартибда ифода этиш;

21) ўз ваколати доирасида халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликни амалга ошириш;

22) Агентлик фаолиятини кенг ёритиш мақсадида расмий веб-сайтлар, шунингдек, ижтимоий тармоқларда саҳифалар яратиш;

23) ўз ваколати доирасида конференциялар, семинарлар, симпозиумлар ўтказиш ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан ташкил этилаётган шундай тадбирларда иштирок этиш;

24) кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, геодезия ва картография, давлат кадастрларини юритиш, ерларнинг ҳисобини юритиш ҳамда давлат ер, кадастр ва геодезия назорати соҳасини ривожлантиришга оид долзарб ва истиқболдаги муаммолар ечимини ишлаб чиқиш мақсадида, жумладан, хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда ишчи гуруҳларни тузиш;

25) Агентликнинг ваколатига кирувчи масалаларда судларга аризалар ва даъволарни киритиш;

26) ўз ваколати доирасида геодезия фаолиятини рухсат этувчи ҳужжат асосида амалга оширадиган юридик шахсларга аниқланган қонунчилик талаблари бузилишларини бартараф этишни юкловчи кўрсатмалар бериш;

27) Агентликнинг ва унинг идоравий мансуб ташкилотларининг давлатга тегишли мол-мулкини ўзининг ташкилий тузилмаси доирасида текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида бир таркибий бўлинмадан бошқа таркибий бўлинмага ўтказиш;

28) Агентлик ва унинг идоравий мансуб ташкилотлари ходимлари томонидан ўз соҳасида улар фаолиятининг асосий кўрсаткичлари бўйича параметрлар бажарилишини ҳисобга олган ҳолда уларни моддий рағбатлантириш тартиби, миқдорлари ва шартларини белгилаш;

29) давлат ер, кадастр ва геодезия назорати бўйича буюртманомаларни кўриб чиқиш билан боғлиқ масалаларнинг муҳокамасини ташкил этиш ва ўтказиш;

30) ўз ваколати доирасида маъмурий жавобгарликни келтириб чиқарадиган ҳолатлар юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённомалар тузиш;

31) Агентлик ваколатига кирувчи масалаларни кўриб чиқишда Давлат солиқ қўмитаси, шунингдек давлат органлари ва ташкилотларининг ҳайъат мажлисларида иштирок этиш;

32) риэлторлик ташкилотларига кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандисларини интизомий жавобгарликка тортиш масаласини киритиш;

33) кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандисларига малака шаҳодатномаларини бериш, унинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ва бекор қилиш;

34) ўз ваколати доирасида хорижий давлат органлари ва халқаро ташкилотлар билан тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш ва сақлаш;

35) қонунчиликда белгиланган тартибда Агентликнинг бюджетдан ташқари маблағлари жамғармасини шакллантириш;

36) Агентлик ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

37) бюджетдан ташқари маблағларни ҳамда Агентлик ва унинг идоравий мансуб ташкилотлари депозит ҳисобварақларида жойлашган маблағларни Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларининг депозит ҳисобварақларида миллий ва хорижий валютада жойлаштириш. Бунда маблағларни жойлаштиришдан олинган даромад Агентлик ва унинг идоравий мансуб ташкилотлари бюджетдан ташқари ҳисобварақларига ушбу даромадлар моддий-техник базани такомиллаштиришга, ижтимоий ривожлантиришга, ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилишга ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мақсадларга йўналтирилган ҳолда ўтказилади;

38) Агентлик фаолиятини таъминлаш учун зарур бўлган тегишли тузилмаларни ташкил этиш, уларни қайта ташкил этиш ва тугатиш, шунингдек, уларнинг уставлари (низомлари)ни тасдиқлаш;

39) давлат сири ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирга риоя қилиш шарти билан текширишни ўтказиш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва материаллар билан танишиш, давлат органларининг электрон базаларидан (банкларидан) фойдаланиш учун хизмат гувоҳномасини кўрсатган ҳолда давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ҳудудларига ва биноларига кириш.

Агентлик қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


15. Агентлик:

ўзига юкланган вазифалар ва функциялар самарали бажарилиши, шунингдек, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилиши, геодезия ва картография, давлат кадастрларини юритиш, ерларни ҳисобга олиш ҳамда давлат ер, кадастр ва геодезия назорати соҳасида давлат сиёсати самарали амалга оширилиши;

Агентликка юкланган вазифалар ва функциялар ўз вақтида ҳамда самарали бажарилиши;

Агентлик таркибий бўлинмаларининг Агентлик фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичларига эришишни таъминлаш бўйича ишларининг ташкил этилиши;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига киритилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва бошқа ҳужжатлар, шунингдек, Агентлик томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг сифати, пировард натижалари ва амалга оширилиши оқибатлари;

ўз фаолияти соҳасини ривожлантириш бўйича дастурлар, тадбирлар режалари, "йўл хариталари" ва бошқа дастурий ҳужжатларнинг самарали амалга оширилиши бўйича жавобгар ҳисобланади.



2-§. Агентлик марказий аппаратининг

ҳуқуқлари ва жавобгарлиги


16. Агентликнинг марказий аппарати ўзига юкланган асосий вазифаларни амалга ошириш ва функцияларни бажаришда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

1) Агентликнинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотларидан Агентликнинг марказий аппаратида кўриб чиқиладиган, таҳлил қилиш ва ишлаш учун зарур бўлган материаллар ҳамда маълумотларни, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ва бошқа ҳужжатларни сўраш ва олиш;

2) давлат органлари ва бошқа ташкилотлар мансабдор шахсларига, шунингдек, геодезия ва картография фаолиятининг барча субъектларига ҳамда кўчмас мулк объектининг мулкдорларига (балансда сақловчиларига) давлат кадастрларини юритиш, давлат ер, кадастр ва геодезия назорати соҳасида аниқланган қонун бузилишлари, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш ҳақида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;

3) тегишли маълумотлар базаларидан, давлат ахборот тизимларидан ва ваколатли органлар ресурсларидан белгиланган тартибда фойдаланиш;

4) Агентликка юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун зарур бўлган маълумот ва ҳужжатларни давлат бошқаруви органларидан ва ташкилотларидан ва уларнинг мансабдор шахсларидан бепул сўраш ва олиш;

5) Агентликнинг ҳудудий бошқармалари, туман (шаҳар) бўлимлари, Давлат кадастрлари палатасининг марказий аппарати ва ҳудудий бошқармалари раҳбарлари иштирокида давлат хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш масалалари бўйича йиғилишлар ўтказиш;

6) Агентликнинг ҳудудий бошқармалари, Давлат кадастрлари палатаси ва ҳудудий бошқармалари, шунингдек, Агентликнинг идоравий мансуб бошқа ташкилотлари раҳбарларига тезкор ҳал қилиниши талаб этиладиган ва Агентликка юкланган вазифалар ҳамда функцияларни бажариш билан боғлиқ масалалар юзасидан белгиланган тартибда топшириқлар бериш;

7) Агентликда кўриб чиқиладиган масалаларни ишлаб чиқиш, ахборот ва таҳлилий материалларни, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш учун зарур бўлганда Агентликнинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари раҳбарлари ҳамда вакилларини жалб қилиш, ушбу мақсадлар учун эксперт ва ишчи гуруҳларни ташкил этиш;

8) Агентликнинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотларидан улар киритган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини қайта ишлаб чиқишни талаб қилиш, зарур бўлганда уларни қайта кўриб чиқиш учун қайтариш;

9) Агентликнинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотларининг қабул қилинган қарорлари, буйруқлари ва бошқа ҳужжатлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг топшириқлари, шунингдек, Агентлик ва унинг раҳбариятининг ҳужжатлари ва топшириқлари бажарилишига оид фаолиятини ўрганиш ва текшириш;

10) Агентликка юкланган вазифаларни амалга ошириш учун илмий-тадқиқот, лойиҳалаш ташкилотлари, олий таълим муассасалари ҳамда бошқа юридик ва жисмоний шахсларни уларнинг хоҳишига кўра ҳамда шартнома асосида жалб этиш;

11) кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, геодезия ва картография, давлат кадастрларини юритиш, ерларнинг ҳисобини юритиш ҳамда давлат ер, кадастр ва геодезия назоратининг йиллик ҳамда истиқболли режаларини тасдиқлаш ва устувор йўналишларни белгилаш;

12) соҳада коррупция иллатларининг олдини олиш ва огоҳлантириш бўйича чоралар кўриш;

13) Агентликнинг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш;

14) қонун ҳужжатларида Агентлик томонидан тартибга солинадиган соҳадаги масалалар мавзусида ноширлик фаолиятини амалга ошириш;

15) Агентликка юкланган вазифаларни сифатли амалга оширишда ҳудудий бошқарма ва идоравий мансуб ташкилотлар ходимларини жалб этиш;

16) Агентлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва хўжалик бирлашмаларининг кўриб чиқиши учун таклифлар киритиш.

Агентлик марказий аппарати қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


17. Агентлик марказий аппарати:

Агентликнинг ҳудудий бошқармалари, Давлат кадастрлари палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда идоравий мансуб ташкилотлар билан биргаликда Агентликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш;

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, геодезия ва картография, ерларнинг ҳисобини юритиш, давлат кадастрларини юритиш ҳамда давлат ер, кадастр ва геодезия назоратини ривожлантиришнинг режалари, кутилаётган истиқболдаги ва жорий кўрсаткичларга эришиш бўйича Агентлик бўлимларининг фаолиятини ташкил этиш;

Агентлик томонидан кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва бошқа ҳужжатларни, шунингдек, Агентлик қабул қиладиган қарорларни сифатли тайёрлаш ва экспертизадан ўтказиш;

Агентликнинг ҳудудий бошқармалари, Давлат кадастрлари палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда идоравий мансуб ташкилотлар томонидан дастурлар, чора-тадбирлар режалари, "йўл хариталари" ва бошқа дастурий ҳужжатлар амалга оширилишини ташкил этиш;

фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларига риоя этилишини ва қонуний манфаатлари ҳимоя килинишини таъминлаш учун жавоб беради.



5-БОБ. АГЕНТЛИК РАҲБАРИЯТИНИНГ

АСОСИЙ ФУНКЦИОНАЛ ВАЗИФАЛАРИ


18. Қуйидагилар Агентлик директорининг (кейинги ўринларда - директор) асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

1) кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, геодезия ва картография, давлат кадастрларини юритиш, ерларнинг ҳисобини юритиш ҳамда давлат ер, кадастр ва геодезия назорати соҳасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилиш;

2) Агентлик фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, Давлат солиқ қўмитасининг қарорлари ва бошқа қонун ҳужжатлари билан Агентликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилишини ташкил этиш;

3) Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан тасдиқланган Агентлик фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича комплекс дастурлар ва тадбирларнинг бажарилиш ҳолатини танқидий ва чуқур таҳлил қилиш;

4) Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, унинг ўринбосарлари ва маслаҳатчилари, Давлат солиқ қўмитаси раисининг топшириқларини бажариш;

5) ўз ўринбосарлари ва Агентликнинг бошқа мансабдор шахслари ваколатларини белгилаш, улар ўртасида вазифаларни тақсимлаш, Агентлик фаолиятининг алоҳида участкаларига раҳбарлик қилиш учун ўз ўринбосарлари ва бошқа мансабдор шахсларнинг шахсий масъулияти даражасини белгилаш;

6) Агентлик фаолиятини режалаштиришни ташкил этиш, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, геодезия ва картография, давлат кадастрларини юритиш, ерларнинг ҳисобини юритиш ҳамда давлат ер, кадастр ва геодезия назорати соҳаларини ривожлантириш тенденцияларидан келиб чиқиб Агентлик ва ўз ўринбосарларининг ҳар чораклик иш режаларини тасдиқлаш ва уларнинг бажарилиши назоратини таъминлаш;

7) Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва топшириқлари ижросини ташкил этиш ва мониторинг олиб боришнинг амалий тизимини яратиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Давлат органлари ва ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 5 октябрдаги ПҚ-3962-сон қарорига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек, ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида" 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон қарорига ва Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ Агентлик фаолиятида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни бажариш;

8) Агентлик ва унинг тизимидаги ташкилотларнинг ходимларини тизимли равишда қайта тайёрлашни ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш;

9) Агентликда кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларнинг самарали фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш, Агентликнинг кадрлар заҳирасини шакллантириш;

10) Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасининг номенклатурасига кирадиган вакант лавозимларга таклиф этилган кадрларнинг, шунингдек, Агентликка ишга қабул қилинаётган бошқа кадрларнинг профессионал, ўз ишини билиши, амалий тажрибага, юксак даражада ишлаш хусусиятларига ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга эканлиги кафолатини таъминлаш;

11) "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида"ги, "Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг ва Вазирлар Маҳкамасининг регламентлари талабларига мувофиқ Агентлик фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари сифатли ишлаб чиқилишини ташкил этиш, уларнинг Вазирлар Маҳкамаси аппаратида пухта ишлаб чиқилишида, Вазирлар Маҳкамаси Раҳбарияти ҳузурида ҳимоя қилиниши ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясида кўриб чиқилишида иштирок этиш;

12) "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида"ги, "Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг қонунларига ва Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 17 октябрдаги 345-сон қарори билан тасдиқланган Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қонун лойиҳаси фаолиятининг намунавий регламентига мувофиқ Агентликнинг қонун лойиҳаларини тайёрлаш фаолиятини ташкил этиш;

13) ўз ваколати доирасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш, зарур ҳолларда давлат бошқарувининг бошқа органлари билан биргаликда қарорлар ва бошқа ҳужжатларни биргаликда қабул қилиш;

14) Агентлик раҳбарлари ва ходимларининг хизмат сафарларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида" 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон ва "Хорижий хизмат сафарларида бўлишнинг самарадорлиги ва хорижий делегацияларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифини ташкил этиш учун мансабдор шахсларнинг шахсий жавобгарлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 3 августдаги ПҚ-3170-сон қарорлари талабларига мувофиқ ташкил этиш, хизмат сафарларининг асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, сафар учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланишни таъминлаш;

15) ўз ўринбосарларининг фаолияти натижадорлиги ва самарадорлигини тизимли равишда танқидий ўрганиш, уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш, ҳисоботлар якунлари бўйича зарур чоралар кўриш;

16) Агентликнинг ҳудудий ва таркибий бўлинмалари раҳбарлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш;

17) Агентлик ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал қилиш, ўз ўринбосарларини ва Агентликнинг бошқа мансабдор шахсларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш, шу жумладан, уларнинг эгаллаб турган лавозимида қолиши мақсадга мувофиқлигига доир масалаларни кўриб чиқиш бўйича таклифлар киритиш, уларнинг шахсий масъулиятини оширишга доир тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш;

18) Агентлик ходимлари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 мартдаги 62-сон қарори билан тасдиқланган Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари асосида тасдиқланган Агентлик ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этилишини таъминлаш;

19) "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни талабларига мувофиқ Агентлик тизимида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш;

20) Агентлик ишини ташкил этишнинг замонавий шакллари жорий этилишини таъминлаш;

21) жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишга доир самарали ишларни ташкил этиш, аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида белгиланган муддатларда ва тартибда жисмоний шахсларни ва юридик шахслар вакилларини мунтазам равишда шахсан қабул қилиш, шу жумладан, жойларга бориб қабул қилиш;

22) Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорликни, уларнинг фаолиятида Агентлик ходимлари ва раҳбарларининг фаол иштирок этишини ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Виртуал қабулхонасидан тушган мурожаатлари ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқилишини таъминлаш;

23) давлат сирига киритилган маълумотлар ва махфий ахборот билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш;

24) Агентлик таркибий бўлинмалари ва ҳудудий бошқармалари тўғрисидаги низомни, лавозим йўриқномалари, шунингдек, идоравий мансуб ташкилотларнинг низом, тузилма ва уставларини ҳамда Агентликнинг бошқа локал ҳужжатларини белгиланган тартибда тасдиқлаш;

25) Агентлик марказий аппарати ходимларини (директор ўринбосарлари, Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бошқармалари, унинг туманлар (шаҳарлар) бўлимлари бошлиқлари, Давлат кадастрлари палатаси раиси ва ўринбосарларидан ташқари) тайинлаш, Давлат кадастрлари палатасининг ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) филиаллари бошлиқлари, Республика аэрогеодезия маркази директори, Давлат картография-геодезия фонди бошлиғи, "Картография" давлат илмий ишлаб чиқариш корхонаси, "Компьютерлаштириш ва геоахборот технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш маркази" ДУК раҳбари, Тошкент геодезия ва картография коллежи директори ҳамда Агентлик тизимидаги ташкилотларнинг комплаенс-назорат хизмати ходимларини Давлат солиқ қўмитаси раиси билан келишган ҳолда лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда меҳнат шартномаларини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш;

26) Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бошқармалари, унинг туманлар (шаҳарлар) бўлимлари бошлиқлари, Давлат кадастрлари палатаси раиси ва ўринбосарларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш бўйича Давлат солиқ қўмитаси раисига тавсиянома киритиш;

27) Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда идоравий мансуб ташкилотлари мансабдор шахслари ва ходимлари бажариши мажбурий бўлган буйруқлар, қарорлар, фармойишлар чиқариш ва кўрсатмалар бериш, шунингдек, уларнинг ижросини белгиланган тартибда назорат қилиш;

28) ходимларнинг белгиланган умумий чекланган сони доирасида Агентлик ва унинг ҳудудий бошқамарлари, Давлат кадастрлари палатаси ва унинг ҳудудий бошқармаларининг штатлар жадвалини, даромад ва харажатлар сметасини, шунингдек, Агентлик ва унинг тизимидаги ташкилотлар ва муассасаларнинг штатлар жадвалини, даромад ва харажатлар сметасини белгиланган тартибда тасдиқлаш;

29) Агентликнинг марказий аппарати, ҳудудий бошқармалари, унинг туман (шаҳар) бўлимлари, Давлат кадастрлари палатасининг марказий аппарати ва ҳудудий бошқармалари, шунингдек, Агентлик тизимидаги бошқа ташкилотларнинг тузилмасига бошқарув ходимларининг белгиланган умумий чекланган сони доирасида ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифларни Давлат солиқ қўмитаси раисига киритиш;

30) Давлат кадастрлари палатаси туман (шаҳар) филиалларининг намунавий тузилмаси ҳамда ходимларининг чекланган сонини иш ҳажмидан келиб чиққан ҳолда белгилаш ва ўзгартириш бўйича таклифларни Давлат солиқ қўмитаси раисига киритиш;

31) Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда Агентликнинг марказий аппарати, ҳудудий бошқармалари, туман (шаҳар) бўлимлари, Давлат кадастрлари палатасининг марказий аппарати ва ҳудудий бошқармаларига Агентликнинг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан қўшимча штат бирликларини киритиш бўйича таклифларни Давлат солиқ қўмитаси раисига киритиш;

32) меҳнат бозорининг амалдаги конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда тор доирадаги мутахассисларни шартнома асосида Агентлик ва Давлат кадастрлари палатасига ишга жалб этиш бўйича таклифларни Давлат солиқ қўмитаси раисига киритиш;

33) Агентликнинг идоравий мансуб ташкилотлари томонидан қонун ҳужжатларини бузган ҳолда қабул қилинган буйруқлари ва қарорларини (кўрсатмаларини) бекор қилиш;

34) алоҳида ўзини кўрсатган ходимларни уларга давлат мукофотлари бериш учун уларнинг номзодларини белгиланган тартибда тақдим этиш;

35) Агентлик фаолиятига оид соҳаларда халқаро ва ҳукуматлараро алоқаларни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, хорижий инвестициялар ва грантларни жалб этиш бўйича халқаро тадбирларда иштирок этиш.


19. Қуйидагилар Агентлик директори ўринбосарларининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

1) Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилиш;

2) директор вақтинча бўлмаганда директорнинг буйруғи асосида унинг вазифаларини бажариш;

3) Агентликнинг мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва уларга бевосита раҳбарлик қилиш, уларнинг ходимлари ўртасида вазифаларни тақсимлаш;

4) Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан тасдиқланган Агентлик фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича комплекс дастурлар ва тадбирларнинг бажарилиши ҳолатини танқидий ва чуқур таҳлил қилиш;

5) мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалар томонидан прогноз кўрсаткичларига эришишни сўзсиз таъминлаш чора-тадбирларини кўриш, бўлинмалар раҳбарларининг ҳисоботларини мунтазам эшитиш ва ушбу кўрсаткичларга эришиш учун уларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш;

6) мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмаларнинг иш режаларини тасдиқлаш, уларнинг бажарилиши устидан назоратни таъминлаш;

7) Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва топшириқлари ижросини ташкил этиш, Агентлик фаолиятида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни бажариш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Давлат органлари ва ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 5 октябрдаги ПҚ-3962-сон қарорига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек, ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида" 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон қарорига ва Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ топшириқлар ўз вақтида ва сифатли ижро этилиши юзасидан мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалар раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чора-тадбирларини кўриш;

8) Давлат солиқ қўмитаси ҳайъати, Давлат солиқ қўмитаси раиси ва Агентлик директорининг қарорлари, буйруқлари, фармойишлари ва топшириқлари ўз вақтида ҳамда сифатли бажарилишини таъминлаш;

9) мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмаларда кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш бўйича Агентлик директорига таклифлар киритиш, уларнинг профессионаллиги, ўз ишини билиши, амалий тажрибага, юксак даражада ишлаш хусусиятларига ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга эканлиги кафолатини таъминлаш, уларнинг касбий малакасини ошириш чора-тадбирларини кўриш, мутасаддилик қилинадиган бўлинмаларда кадрлар заҳирасини шакллантириш;

10) Агентлик фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалар томонидан сифатли ишлаб чиқилишини ташкил этиш, Агентликнинг таркибий бўлинмаларида тайёрланган ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқиш ва улар кейинчалик Агентлик директори томонидан кўриб чиқилиши, имзоланиши (виза қўйилиши) учун виза қўйиш, уларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Регламенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламенти талабларига қатъий мувофиқ равишда Вазирлар Маҳкамасига ўз вақтида киритилишини таъминлаш, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси аппаратида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда директорнинг топшириғига биноан иштирок этиш;

11) Агентликка тақдим этилган таклифлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тўлиқ ва ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминлаш;

12) Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида" 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон ва "Хорижий хизмат сафарларида бўлишнинг самарадорлиги ва хорижий делегацияларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифини ташкил этиш учун мансабдор шахсларнинг шахсий жавобгарлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 3 августдаги ПҚ-3170-сон қарорлари талабларига мувофиқ хизмат сафарларига чиқиш ва бўлиш, хизмат сафарларининг асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, сафар учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланишни таъминлаш;

13) Агентликнинг мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалари раҳбарлари ва ходимлари фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини мунтазам танқидий таҳлил қилиш, уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш;

14) Агентлик фаолиятига оид тегишли масалалар бўйича Агентлик фаолиятини такомиллаштиришга доир амалий чора-тадбирлар кўриш ҳамда ушбу соҳалардаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва уларни Агентлик директорига киритиш;

15) мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалар раҳбарлари ва ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш, шу жумладан, уларнинг эгаллаб турган лавозимида қолиши мақсадга мувофиқлиги масаласини кўриб чиқиш бўйича таклифларни директорга киритиш, функционал вазифалар ва юкланган вазифалар бажарилиши учун уларнинг шахсий масъулиятини ошириш бўйича тизимли чора-тадбирлар кўриш;

16) Агентлик ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя қилишини, мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалар раҳбарлари ва ходимларининг ушбу қоидаларга риоя этишини таъминлаш;

17) "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни талабларига мувофиқ Агентлик тизимида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш;

18) Агентлик фаолиятини такомиллаштириш ва ривожлантириш, шунингдек, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишга доир таклифларни директорга киритиш;

19) давлат хизматлари самарадорлигини, улардан эркин фойдаланишни ва кўрсатилиши сифатини ошириш ҳамда "Электрон ҳукумат тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунини амалга ошириш доирасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш;

20) "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида белгиланган муддатларда ва тартибда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича самарали ишларни ташкил этиш, аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, жисмоний шахсларни ва юридик шахслар вакилларини мунтазам равишда шахсан қабул қилиш, шу жумладан, жойларга бориб қабул қилиш;

21) Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорлик қилиш, уларнинг фаолиятида фаол иштирок этиш, жисмоний ва юридик шахслар вакилларининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасидан тушган мурожаатлари ўз вақтида ва тўлақонли кўриб чиқилишини таъминлаш;

22) давлат сирига киритилган маълумотлар ва махфий ахборот билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш.


20. Қуйидагилар Агентлик таркибий бўлинмалари раҳбарларининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

1) Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари талабларига, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этиш;

2) таркибий бўлинмалар фаолиятига бевосита раҳбарлик қилиш, ушбу бўлинмаларга юкланган вазифалар ва функциялар бажарилишини ташкил этиш;

3) тегишли таркибий бўлинмалар ва идоравий мансуб ташкилотлар фаолиятини ўз ваколатлари доирасида мувофиқлаштириш;

4) прогноз кўрсаткичларининг бажарилишини мунтазам таҳлил қилиш ҳамда ушбу кўрсаткичларга сўзсиз эришишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар кўриш бўйича таклифларни Агентлик раҳбариятига киритиш;

5) Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва топшириқлари ижросини ташкил этиш, Агентлик таркибий бўлинмалари ходимларининг ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни бажариш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Давлат органлари ва ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 5 октябрдаги ПҚ-3962-сон қарорига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек, ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида" 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон қарорига ва Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ топшириқлар ўз вақтида ва сифатли ижро этилиши чора-тадбирларини кўриш;

6) Давлат солиқ қўмитаси ҳайъати қарорлари, Давлат солиқ қўмитаси раиси ҳамда директор ва унинг ўринбосарлари қарорлари, буйруқлари, фармойишлари ва топшириқларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

7) таркибий бўлинмаларнинг ҳар чораклик иш режалари ишлаб чиқилишини таъминлаш, уларни тасдиқлаш учун киритиш, уларда кўрсатилган вазифалар ва тадбирлар ўз вақтида ҳамда сифатли бажарилишини таъминлаш;

8) таркибий бўлинмаларга юкланган вазифалар бажарилишини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш, Агентликнинг тегишли таркибий бўлинмалари ва идоравий мансуб ташкилотлари фаолияти соҳасига оид масалалар бўйича амалий ва методик ёрдам кўрсатиш;

9) таркибий бўлинмалар фаолияти соҳаларига оид қонун ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва уларни кўриб чиқиш учун Агентлик раҳбариятига киритиш;

10) таркибий бўлинмаларда кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйишда директорнинг мутасаддилик қилинадиган ўринбосарларига таклифлар киритиш, профессионаллиги, ўз ишини билиши, амалий тажрибага, юксак даражада ишлаш хусусиятларига ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга эканлиги кафолатини таъминлаш, уларнинг касб малакасини ошириш чораларини кўриш, таркибий бўлинмаларда кадрлар заҳирасини шакллантириш;

11) норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари таркибий бўлинмалар томонидан сифатли ишлаб чиқилишини ташкил этиш, Агентликнинг таркибий бўлинмаларида тайёрланган ҳужжатлар лойиҳаларини кейинчалик Агентлик раҳбарияти томонидан кўриб чиқиш, имзолаш (виза қўйилиши) учун кўриб чиқиш ва виза қўйиш, уларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг ва Вазирлар Маҳкамасининг регламентлари талабларига қатъий мувофиқ равишда Вазирлар Маҳкамасига ўз вақтида киритилишини таъминлаш, Агентлик раҳбариятининг топшириғи бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини Вазирлар Маҳкамаси аппаратида ишлаб чиқишда иштирок этиш;

12) Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон ва "Хорижий хизмат сафарларида бўлишнинг самарадорлиги ва хорижий делегацияларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифини ташкил этиш учун мансабдор шахсларнинг шахсий жавобгарлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 3 августдаги ПҚ-3170-сон қарорлари талабларига мувофиқ хизмат сафарларига чиқиш ва бўлиш, хизмат сафарлари асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, сафар учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланишни таъминлаш;

13) таркибий бўлинмалар ходимлари фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини мунтазам равишда танқидий таҳлил қилиш, йиғилишларда уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш, ҳисоботлар якунлари бўйича зарур чора-тадбирларни кўриш;

14) Агентлик ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя қилишини, таркибий бўлинмалар ходимларининг ушбу қоидаларга риоя этишини таъминлаш;

15) "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни талабларига мувофиқ таркибий бўлинмаларда коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали уларнинг содир этилишига олиб келувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш;

16) соҳа фаолиятини такомиллаштириш ва ривожлантиришга доир таклифларни Агентлик раҳбариятига киритиш;

17) жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни билан белгиланган муддатларда ва тартибда аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, жисмоний шахсларни ва юридик шахслар вакилларини мунтазам равишда шахсан қабул қилиш, шу жумладан, жойларга бориб қабул қилиш;

18) Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорлик қилиш, уларнинг фаолиятида фаол иштирок этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасидан тушган мурожаатларини ўз вақтида ва тўлақонли кўриб чиқиш;

19) давлат сири сирасига киритилган маълумотлар ва махфий ахборот билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш.


21. Агентликнинг ҳудудий бошқармалари раҳбарларининг асосий функционал вазифалари Агентлик директори томонидан тасдиқланади.



6-БОБ. АГЕНТЛИК РАҲБАРЛАРИНИНГ

ЖАВОБГАРЛИГИ


22. Агентлик директори:

Агентликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун;

Ушбу Низомнинг 15-бандида назарда тутилган жавобгарлик соҳалари бўйича;

Ушбу Низомнинг 18-бандида кўрсатилган ўз функционал вазифаларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беради.


23. Директор ўринбосарлари:

Агентликнинг ўзи назорат қиладиган таркибий бўлинмаларида Агентликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун;

Ушбу Низомнинг 15-бандида назарда тутилган Агентликнинг мутасаддилик қилинадиган масалаларга доир жавобгарлик соҳалари бўйича;

Ушбу Низомнинг 19-бандида кўрсатилган ўз функционал вазифаларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беради.


24. Агентлик таркибий бўлинмалари раҳбарлари:

Тегишли таркибий тузилмаларга юкланган вазифалар ва функцияларнинг амалга оширилиши учун;

Ушбу Низомнинг 15-бандида назарда тутилган Агентлик марказий аппаратининг жавобгарлик соҳалари бўйича;

Ушбу Низомнинг 20-бандида кўрсатилган ўз функционал вазифаларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беради.


25. Агентликнинг ҳудудий бошқармалари раҳбарларининг жавобгарлиги Агентлик директори томонидан тасдиқланади.



7-БОБ. АГЕНТЛИК ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


1-§. Агентлик раҳбарияти


26. Агентликка Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги директори раҳбарлик қилади.


27. Агентлик директори Давлат солиқ қўмитаси раисининг тавсиясига биноан Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган икки нафар ўринбосарга эга бўлади.

Агентлик директори Давлат солиқ қўмитаси раиси билан келишилган ҳолда Агентлик директори томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган уч нафар маслаҳатчига эга бўлади.

28. Агентлик директори бўлмаган вақтда унинг ваколатлари Агентлик директорининг буйруғи билан унинг ўринбосарларидан бирига юклатилади.

Агентлик директори, унинг ўринбосарлари мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, моддий таъминоти, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш бўйича тегишли равишда вазирга, вазирнинг ўринбосарларига тенглаштирилади.

Агентлик директорининг маслаҳатчилари меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шартларига кўра Агентлик директорининг ўринбосарига тенглаштирилади.

29. Директор лавозими бўйича Давлат солиқ қўмитаси ҳайъати таркибига киритилади.



2-§. Агентликнинг Давлат солиқ қўмитаси

марказий аппарати таркибий бўлинмалари, ҳудудий

бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари

билан ўзаро ҳамкорлиги


30. Агентлик ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бевосита, шунингдек, Давлат солиқ қўмитасининг марказий аппарати таркибий бўлинмалари ва ҳудудий бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) давлат солиқ инспекциялари ҳамда Давлат солиқ қўмитасининг идоравий мансуб ташкилотлари билан ҳамкорликда амалга оширади.


31. Агентликнинг Давлат солиқ қўмитаси марказий аппарати таркибий бўлинмалари, ҳудудий бошқармалари, шунингдек, идоравий мансуб ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлиги бевосита Агентлик директори ва унинг ўринбосарлари томонидан таъминланади.


32. Агентликнинг Давлат солиқ қўмитаси марказий аппарати таркибий бўлинмалари ва ҳудудий бошқармалари ҳамда идоравий мансуб ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлиги жараёнида юзага келадиган келишмовчиликлар Давлат солиқ қўмитаси раисининг топшириғига биноан унинг тегишли ўринбосари томонидан кўриб чиқилади. Агар раис ўринбосари томонидан келишмовчиликларни бартараф этишнинг имкони бўлмаса, сўнгги қарор бевосита Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси томонидан қабул қилинади.



3-§. Агентликнинг бошқа давлат бошқарув органлари,

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик

бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар

билан ўзаро ҳамкорлиги


33. Агентлик ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни амалга оширишда бошқа давлат бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.



4-§. Агентликнинг ҳайъати, бошқа кенгаш,

маслаҳат ва эксперт органлари

34. Агентликда Агентлик директори (ҳайъат раиси), унинг ўринбосарлари ва маслаҳатчилари (лавозими бўйича), шунингдек, унинг фаолияти асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи таркибий бўлинмалар раҳбарларидан иборат ҳайъат тузилади.

Ҳайъат таркибининг сони ва шахсий таркиби Агентлик директорининг тақдимномасига биноан Давлат солиқ қўмитаси раиси томонидан тасдиқланади.

Ҳайъат фаолияти тартиби ҳайъат томонидан тасдиқланадиган регламенти билан белгиланади.


34-1. Агентликда унинг асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи Агентлик директори ўринбосари (кенгаш раиси), Агентлик марказий аппарати таркибий бўлинмалари раҳбарлари ва мутахассисларидан иборат Тармоқ илмий-техник кенгаши Агентлик директорининг буйруғи билан ташкил этилади.


35. Тармоқ илмий-техник кенгаши низоми ва унинг шахсий таркиби Агентлик директорининг буйруғи билан тасдиқланади.


36. Агентликда Агентлик директорининг буйруғи билан кенгаш, маслаҳат ва эксперт органлари тузилиши мумкин.

Агентликда тузиладиган кенгаш, маслаҳат ва эксперт органлари таркиби ва улар тўғрисидаги низомлар Агентлик директорининг буйруғи билан тасдиқланади.



8-БОБ. АГЕНТЛИК ФАОЛИЯТИ САМАРАДОРЛИГИ

ВА НАТИЖАДОРЛИГИНИ БАҲОЛАШ

МЕЗОНЛАРИ ВА ИШ ИНДИКАТОРЛАРИ


37. Агентлик фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлиги мунтазам баҳоланиб борилади.


38. Агентлик фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш Агентлик директори томонидан тасдиқланадиган Агентлик фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари ва иш индикаторларига асосланади.


39. Агентлик фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш якунлари бўйича:

Агентлик раҳбарлари ва ходимларига нисбатан рағбатлантириш (мукофотлаш) ёки интизомий жавобгарлик чоралари;

Агентлик фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва унинг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари кўрилади.

Агентлик фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш тартиби Агентлик директори томонидан белгиланади.



9-БОБ. АГЕНТЛИКНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ ВА

МОДДИЙ-ТЕХНИК ТАЪМИНЛАШ, УНИНГ

ХОДИМЛАРИ МЕҲНАТИГА ҲАҚ ТЎЛАШ,

МОДДИЙ РАҒБАТЛАНТИРИШ, УЛАРНИ

ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ ҚИЛИШ


40. Агентлик ходимларининг иш ҳақи лавозим маоши, илмий даражалар, узоқ муддат хизмати учун устама ҳақлар, байрам кунлари учун мукофотлар, мукофотлар, қўшимча ҳақлар, устамалардан, рағбатлантириш тўловлари, қўшимча моддий рағбатлантириш тўловларидан ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлардан иборат.

41. Агентлик ходимлари лавозим маошларига ҳар ойда қўшиладиган рағбатлантириш хусусиятига эга бўлган қўшимча ҳақлар ва устамалар директор томонидан тасдиқланадиган, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишиладиган низомга мувофиқ тўланади.


42. Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари, туман (шаҳар) бўлимлари ҳамда Давлат картография-геодезия фонди Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, Агентликнинг бюджетдан ташқари жамғармаси ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига молиялаштирилади.

43. Агентликнинг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантиради:

Агентлик органлари томонидан кўрилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларга асосан ундириладиган жарималарнинг 100 фоизи;

фуқароларнинг уй-жойга доир мулк ҳуқуқи кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органларда ўз вақтида расмийлаштирилмаганлиги учун ундириладиган жарималарнинг 10 фоизи;

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган йиғимнинг 10 фоизи;

Давлат кадастрлари палатасининг туман (шаҳар) филиаллари томонидан кадастр йиғмажилдини тайёрлаш хизматларини кўрсатишдан тушган маблағларнинг 10 фоизи;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


44. Агентликнинг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағларидан:

Агентликни, унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) бўлимлари, Давлат кадастрлари палатаси, Давлат кадастрлари палатасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари, туман (шаҳар) филиаллари, Республика аэрогеодезия маркази, Давлат картография-геодезия фонди ҳамда Тошкент геодезия ва картография коллежини моддий-техник таъминлаш;

Агентлик, унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) бўлимлари, Давлат кадастрлари палатаси, Давлат кадастрлари палатасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари, туман (шаҳар) филиаллари, Республика аэрогеодезия маркази, Давлат картография-геодезия фонди ҳамда Тошкент геодезия ва картография коллежининг биноларини қуриш ҳамда бинолар ва асбоб-ускуналарни таъмирлаш ва қайта таъмирлаш;

Агентлик, унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) бўлимлари, Давлат кадастрлари палатаси, Давлат кадастрлари палатасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари, туман (шаҳар) филиаллари, Республика аэрогеодезия маркази, Давлат картография-геодезия фонди ҳамда Тошкент геодезия ва картография коллежининг ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш (ходимлар учун уй-жой қуриш, санаторий-курортда даволаниш ва тиббий хизмат кўрсатиш, мукофотлар тўлаш, устамалар белгилаш, моддий ёрдам ва бошқалар);

Агентлик, унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) бўлимлари ва Давлат картография-геодезия фонди ходимларининг лавозим маошларини аниқлашда Ягона тариф сеткаси бўйича 1,7 баравар миқдорида коэффициент қўлланилгандаги харажатлар;

Агентлик, унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) бўлимлари, Давлат кадастрлари палатаси, Давлат кадастрлари палатасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари, туман (шаҳар) филиаллари, Республика аэрогеодезия маркази, Давлат картография-геодезия фонди ҳамда Тошкент геодезия ва картография коллежининг раҳбарлари ва ходимларининг хизмат сафарлари харажатлари, шу жумладан, хорижий мамлакатларга хизмат сафарлари харажатлари;

Агентлик, унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) бўлимлари ва Давлат картография-геодезия фонди ходимларига устамалар, мартаба даражалари ва узоқ муддат хизмати учун қўшимча ҳақ тўлаш;

ой, чорак, ярим йиллик иш якунлари бўйича мукофотлаш;

ходимларнинг лавозим маошига иш участкасининг мураккаблиги ва муҳимлиги ҳамда меҳнатда юқори натижаларга эришганлиги учун устамалар тўлаш;

Агентлик фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонларига асосан ва эришилган якуний натижалардан келиб чиқиб мукофотлаш;

хизмат вазифаларини бажариш чоғидаги алоҳида хизматлари учун ва пенсияга чиқиши муносабати билан қимматбаҳо совғалар билан мукофотлаш;

Агентлик ходимларининг лавозим маошларига уларнинг функционал вазифаларни бажаришларини, билимлари даражасини, иш олиб бориш касбий қобилиятларини ҳар йили тест синовларидан ўтказиш асосида белгиланадиган махсус рағбатлантирувчи устамалар;

Агентлик, унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) бўлимлари, Давлат кадастрлари палатаси, Давлат кадастрлари палатасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари, туман (шаҳар) филиаллари, Республика аэрогеодезия маркази, Давлат картография-геодезия фонди ҳамда Тошкент геодезия ва картография коллежи ходимларининг малакасини ошириш, уларни ўқитиш ва стажировка ўтишини, шу жумладан, уларнинг хорижий мамлакатларга ташрифларини ташкил этиш, хорижий мамлакатларда ўтказиладиган конференция, семинарлар ва бошқа тадбирларда иштирок этиши;

Агентлик фаолияти билан боғлиқ масалалар бўйича Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрадиган хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар делегацияларининг ташрифларини ташкил этиш;

Агентлик, унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) бўлимлари ва Давлат картография-геодезия фондининг коммунал-фойдаланиш ҳамда бошқа жорий харажатлари;

Агентлик, унинг ҳудудий бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) бўлимларининг Агентликнинг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағларидан молиялаштириладиган штат бирликларини сақлаб туриш, шунингдек Агентлик, унинг ҳудудий бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) бўлимлари, Давлат кадастрлари палатаси ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари, туман (шаҳар) филиаллари, Республика аэрогеодезия маркази, Давлат картография-геодезия фонди ҳамда Тошкент геодезия ва картография коллежининг қўшимча штат бирликларини сақлаб туриш;

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, геодезия ва картография ҳамда давлат кадастрларини юритиш, шунингдек, давлат ер назоратини амалга ошириш ҳамда давлат хизматларини кўрсатишнинг автоматлаштирилган тизимини яратиш, юритиш ва техник қўллаб-қувватлаш;

Агентлик, унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) бўлимлари, Давлат кадастрлари палатаси, Давлат кадастрлари палатасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари, туман (шаҳар) филиаллари, Республика аэрогеодезия маркази, Давлат картография-геодезия фонди, Тошкент геодезия ва картография коллежи ҳамда идоравий мансуб ташкилотларининг фаолиятини яхшилашга қаратилган бошқа тадбирлар учун фойдаланилади.

45. Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари ходимларининг функционал вазифаларни бажариш, билим даражаси, иш олиб бориш бўйича касбий қобилиятларини тест синовидан ўтказиш натижалари бўйича бериладиган тоифаларга қараб лавозим маошларига 10 фоиздан 50 фоизгача миқдорда махсус рағбатлантирувчи устамаларни ҳар йили тест синовидан ўтказиш асосида қўллаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Агентлик томонидан тасдиқланади.


46. Агентлик марказий аппарати, ҳудудий бошқармалари ва унинг туманлар (шаҳарлар) бўлинмалари ҳамда Давлат картография-геодезия фондининг ходимларига ҳар ойда Агентликнинг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан узоқ муддат хизмати учун (иш стажига кўра) устама ҳақ миқдорлари лавозим маошига (лавозим маошига нисбатан рағбатлантириш коэффициентлари ҳисобга олинган ҳолда) нисбатан қуйидаги коэффициентлар билан ҳисобланади:

Иш стажи

Лавозим маошига устама ҳақ миқдори

(коэффициент ҳисобида)

1 йилдан 3 йилгача

0,1

3 йилдан 5 йилгача

0,2

5 йилдан 10 йилгача

0,4

10 йилдан 15 йилгача

0,5

15 йил ва ундан ортиқ

0,6

47. Узоқ муддат хизмати учун устама ҳақ олиш ҳуқуқини берувчи иш стажи Агентлик директори томонидан касаба уюшмаси органи билан келишган ҳолда тасдиқланадиган тартибга мувофиқ ҳар ойда ҳисоблаб чиқилади.

48. Агентликнинг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағларидан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Агентлик томонидан белгиланади.


49. Агентлик ва унинг идоравий мансуб ташкилотларнинг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, хусусан, ахборот-коммуникация технологиялари ва умумий фойдаланиш бўйича ахборот тизимларини жорий этиш, дастурий воситалар билан таъминлаш ҳамда Агентлик ва унинг идоравий мансуб ташкилотлар ходимларининг малакасини ошириш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш, моддий рағбатлантириш ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа мақсадлар учун қўшимча манба сифатида Агентликнинг бюджетдан ташқари ривожлантириш жамғармаси Давлат кадастрлари палатаси ва унинг ҳудудий органлари ҳамда тизимга кирувчи ташкилотларнинг жами бажарилган ишлар ҳажмига нисбатан 5 фоиздан кўп бўлмаган миқдорида ажратмалар ўтказиши ҳисобига шакллантирилади.

50. Агентлик бошқарув ходимлари учун аввалги иш жойида берилган узоқ муддат хизмати, ҳарбий ва махсус унвонлар (мартаба даражалари, малака даражалари, дипломатик даражалар ва бошқалар) учун қўшимча тўлов ва устамалар сақлаб қолинади.


10-БОБ. АГЕНТЛИКНИНГ ҲИСОБОТ БЕРИШИ


51. Директор мунтазам равишда Агентликнинг фаолияти тўғрисида Давлат солиқ қўмитасига ҳисобот беради.


52. Давлат солиқ қўмитаси Агентлик раҳбарларига юкланган вазифалар самарали бажарилиши учун уларнинг фаолияти устидан мунтазам мониторинг олиб боради, Агентлик фаолияти самарадорлигига холисона баҳо беради.


53. Мониторинг ва баҳолаш якунлари бўйича Агентликнинг алоҳида ўрнак кўрсатган раҳбарлари, мансабдор шахслари ва ходимлари рағбатлантирилади ёки йўл қўйилган жиддий камчиликлар учун эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган жавобгарликка тортилади.



11-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


54. Агентликни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


55. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 13 февраль






































Время: 0.0034
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск