язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Давлат ҳуқуқий тизими асослари/ Суверенитет. Конституция. Давлат рамзлари/ Давлат тили. Бошқа тиллардан фойдаланиш/ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 02.09.1993 й. 932-XII-сон "Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш тартиби ҳақида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ КЕНГАШИНИНГ

ҚАРОРИ

02.09.1993 й.

N 932-XII



"ЛОТИН ЁЗУВИГА АСОСЛАНГАН ЎЗБЕК

АЛИФБОСИНИ ЖОРИЙ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА”ГИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНИНИ

АМАЛГА КИРИТИШ ТАРТИБИ ҲАҚИДА


Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни эълон қилинган кундан эътиборан амалга киритилсин.


2. Янги алифбога босқичма-босқич ўтилиб, бу иш 2010 йилнинг 1 сентябрига қадар тўлиқ тугаллансин.

3.

Республика давлат комиссияси:

уч ойлик муддат ичида мактабгача тарбия болалар муассасаларида, мактаблар, ўрта ва олий ўқув юртларида, корхоналар, ташкилотлар, муассасалар ва жамоат бирлашмаларида янги алифбога босқичма-босқич ўтишнинг давлат дастури ва тартибини ишлаб чиқсин ва уни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиғига тақдим этсин;

1995 йил давомида ўзбек орфографиясининг янги қоидаларини ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси муҳокамасига тақдим этсин;

Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва Олий Кенгашнинг ушбу Қарорини рўёбга чиқаришда давлат ҳокимияти ва бошқарувининг республика ҳамда маҳаллий органларига услубият ва ахборот бобида мунтазам равишда ёрдам кўрсатиб борсин;

республика ва маҳаллий бошқарув органларининг янги алифбони жорий этиш юзасидан қилинаётган ишлар тўғрисидаги ахборотларини мунтазам тинглаб борсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги янги алифбога босқичма-босқич ўтишнинг давлат дастури ва тартиби асосида;

лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини амалда жорий этишга доир аниқ чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

1996 йил 1 сентябрдан эътиборан мактабгача тарбия болалар муассасаларида ва умумтаълим мактабларининг биринчи синфларида янги алифбо бўйича машғулотлар ўтказишни, қолган синфларида эса факультатив машғулотлар ташкил этишни таъминласин.

5. Ўзбекистон Республикаси Давлат матбуот қўмитаси 1996 йил 1 августига қадар лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ўрганиш учун керакли дарсликлар ва бошқа қўлланмалар нашр этилишини таъминласин.

6. Вилоятлар, туманлар ва шаҳарларнинг ҳокимлари Республика давлат комиссияси билан келишган ҳолда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини босқичма-босқич жорий этишга доир дастурни амалга ошириш бўйича комиссиялар тузсинлар.


7. Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, давлат ва хўжалик бошқарувининг бошқа органлари, жамоат бирлашмаларининг республика органлари, шу жумладан тасарруфларидаги корхоналарда, муассасаларда, ташкилотларда ҳам ходимларга янги алифбони ўргатишни ташкил этиш ҳамда бунинг учун керакли дарсликлар, ўқув қўлланмалари ва техника воситалари билан таъминлаш юзасидан махсус ишчи гуруҳлари тузсинлар.

Белгилаб қўйилсинки, янги алифбони жорий этишга доир барча ҳаражатлар мулкчилик шаклидан қатъи назар, корхоналар, ташкилотларнинг ўз маблағлари ҳисобидан (бюджет ташкилотлари бундан мустасно) амалга оширилади.


8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

1994 йилги ҳамда ундан кейинги йилларга мўлжалланган Давлат бюджетини шакллантириш чоғида янга алифбони жорий этиш мақсадида зарур бўладиган маблағларни бюджетдаги ташкилотлар учун - Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрига ажратилишини назарда тутсин;

1995-1996 йиллар давомида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш билан боғлиқ тадбирларни моддий-техника жиҳатидан таъминлашнинг ҳамда корхоналар, ташкилотлар, хўжаликлар ва ўқув юртларида янги алифбони факультатив тарзда ўрганишни ташкил этишнинг биринчи галдаги масалаларини ҳал этсин;

ушбу Қарор бажарилишининг бориши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашини мунтазам хабардор қилиб турсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги амалдаги қонун ҳужжатларини “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқлаштириш юзасидан таклифлар тайёрласин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин.


10. Янги алифбога тўлиқ ўтилган пайтдан, яъни 2010 йилнинг 1 сентябридан эътиборан 1940 йил 8 майда қабул қилинган “Ўзбек ёзувини лотинлаштирилган алифбедан рус графикаси асосидаги янги ўзбек алифбесига кўчириш тўғрисида”ги (Ўзбекистон ССР Олий Советинннг Ведомостлари, 1940 йил, 4-сон) Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


Ўзбекистон Республикаси

Олий Кенгашининг Раиси                                                    Ш. Йўлдошев