язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Халқаро алоқалар/ Ўзбекистон Республикаси билан имзоланган икки томонлама шартномалар/ Давлатлар бўйича ҳужжатлар тизими/ Туркия Республикаси/ Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркия Республикаси Ҳукумати ўртасида дипломатик паспорт эгалари учун визаларни ўзаро бекор қилиш тўғрисида Битим (ЎзР ВМ 15.01.2004 й. 23-сон қарори билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан

Туркия Республикаси Ҳукумати ўртасида

дипломатик паспорт эгалари учун визаларни

ўзаро бекор қилиш тўғрисида

БИТИМ


Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркия Республикаси Ҳукумати, бундан кейин Аҳдлашувчи Томонлар деб аталувчилар,

икки мамлакат ўртасида дўстона муносабатларнинг янада ривожланишига кўмаклашиш мақсадида,

қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:



1-модда


Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг ҳақиқий дипломатик паспортларга эга фуқаролари бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудига визасиз киришлари ва биринчи кирган санадан бошлаб 90 кундан ортиқ бўлмаган муддат мобайнида бўлишлари мумкин.



2-модда


Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг ҳақиқий дипломатик паспортларга эга фуқаролари бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида 90 кундан ортиқ бўлиш ниятида бўлса, бу шахслар олдиндан зарур визаларни олишлари лозим.

Визалар қабул қилаётган давлатнинг дипломатик ваколатхоналари томонидан бепул берилади.



3-модда


Аҳдлашувчи Томоннинг дипломатик ёки консуллик ваколатхоналарига ёки бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудидаги халқаро ташкилотларга тайинланган Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг ҳақиқий дипломатик паспортларга эга фуқаролари ўз хизмат фаолиятининг бутун даври мобайнида визасиз киришлари ва бўлишлари мумкин.

Ушбу модданинг 1-бандидаги қоидалар юқорида кўрсатилган шахсларнинг ҳақиқий дипломатик паспортларга эга бўлган ва улар билан бирга яшовчи оила аъзоларига ҳам дахлдордир.



4-модда


Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг ҳақиқий дипломатик паспортларга эга фуқаролари бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудида бўлиш даврида ушбу Томоннинг амалдаги қонун ва қоидаларига риоя қилишлари лозим.

Аҳдлашувчи Томонлар номақбул ҳисобланган шахсларнинг киришига рухсат беришни рад этиш ҳамда бундай шахсларнинг бўлиш муддатини қисқартириш ёки бекор қилиш ҳуқуқини ўзларида сақлаб қоладилар.



5-модда


Аҳдлашувчи Томонларнинг ташқи ишлар вазирликлари ушбу Битим кучга киришидан камида 30 кун илгари дипломатик каналлар орқали ушбу Битим қоидаларида кўрсатилган уларнинг ҳақиқий дипломатик паспортлари намуналарини алмашадилар.

Аҳдлашувчи Томонлардан бири ўз дипломатик паспортларини ўзгартирса, у бошқа Аҳдлашувчи Томонга дипломатик каналлар орқали янги паспорт намуналарини уларнинг амалга киришидан камида 30 кун илгари тақдим этади.



6-модда


Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бири миллий хафсизлик, жамоат соғлиғи ёки жамоат тартибини кўзлаб, ушбу Битимнинг амал қилишини давлатнинг бутун ҳудудида ёки маълум қисмида вақтинча, бутунлай ёки қисман тўхтатиб қўйиши мумкин. Битимнинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисида бошқа Аҳдлашувчи Томон 15 кун мобайнида дипломатик каналлар орқали хабардор қилинади. Аҳдлашувчи Томонлардан бири ушбу Битимнинг амал қилишини бутунлай ёки қисман тўхтатиб қўйса, бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳам бу каби чораларни кўриш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.



7-модда


Ушбу Битимга Аҳдлашувчи Томонлар ўзаро келишувга кўра унинг ажралмас қисми ҳисобланган алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ўзгартириш ва тўлдиришлар киритишлари мумкин ва улар 9-моддада кўрсатилган тартибда кучга киради.



8-модда


Ушбу Битим белгиланмаган муддатга тузилди ва Аҳдлашувчи Томонлардан бири бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг дипломатик каналлар орқали Битимнинг амал қилишини тўхтатиш нияти тўғрисида расмий хабарномани олган санадан бошлаб 30 кунга қадар амал қилади.



9-модда


Ушбу Битим иккала Аҳдлашувчи Томон унинг кучга кириши учун ўз миллий қонунчилигида кўрсатилган тартиботларни бажарганлиги тўғрисида сўнгги хабарнома олинган кундан бошлаб кучга киради.


Тошкент шаҳрида 2003 йил 19 декабрда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, турк ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга. Ушбу Битим қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолда инглиз тилидаги матндан фойдаланилади.



(имзолар)



“Ўзбекистон Республикаси Халқаро шартномалари тўплами”, 2004 йил, 1-сон