ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Норматив-ҳуқуқий актларни тайёрлаш, қабул қилиш ва тизимлаштириш /

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР Президентининг 15.03.2021 й. ПҚ-5025-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2021 йил 15 мартдаги

ПҚ-5025-сон қарорига

ИЛОВА



Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ва

қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни

тартибга солиш таъсирини баҳолашдан

ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тартибга солиш таъсирини баҳолаш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


ишлаб чиқувчи - норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқувчи ёки қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг тартибга солиш таъсирини баҳолашни ўтказувчи давлат органи ва ташкилоти;


тартибга солиш таъсирини баҳолаш (ТСТБ) - лойиҳанинг қабул қилиниши натижасида юзага келиши мумкин бўлган эҳтимолий оқибатларни аниқлаш ва баҳолаш, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг тартибга солиш мақсадларига эришилганлигини, самарадорлигини ҳамда тартибга солиш усулини қўллашда вужудга келган оқибатларни аниқлашга қаратилган чора-тадбирлар мажмуи;


манфаатдор томонлар - ўрганилаётган муаммо ёки таклиф этилаётган тартибга солиш доирасига тушадиган жисмоний ва юридик шахслар, давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари;


фойда - норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ёки қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатда назарда тутилган талабларнинг бажарилиши муносабати билан манфаатдор томонлар олиши мумкин бўлган (келган) ҳар қандай шаклдаги фойда ёки даромад;


харажатлар - норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ёки қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатда назарда тутилган талабларнинг бажарилиши муносабати билан манфаатдор томонларга етказилиши мумкин бўлган (етказилган) бевосита ва билвосита харажатлар;


ТСТБ бўйича ҳисобот - норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ёки қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжат юзасидан ўтказилган ТСТБ якунлари бўйича ишлаб чиқувчи томонидан тайёрланадиган ҳужжат;


ТСТБ натижалари бўйича хулоса - ТСТБ бўйича ҳисоботни кўриб чиқиш, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ёки қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни тегишли соҳага таъсирини баҳолаш якунлари бўйича хулоса берувчи органлар томонидан тайёрланадиган ҳужжат;


хулоса берувчи органлар - норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ёки қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳамда ТСТБ бўйича ҳисоботга тегишлилиги бўйича хулоса берувчи органлар.


3. ТСТБ муаммони, уни ҳал этиш йўлларини, тартибга солиш мақсадини таҳлил қилиш орқали лойиҳани ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг амал қилиши натижасида юзага келиши мумкин бўлган эҳтимолий оқибатлар, шу жумладан манфаатдор томонлар асоссиз харажат қилиши, ортиқча мажбурият юклаши, тақиқ ва чекловлар мавжудлигини аниқлаш мақсадида ўтказилади.


4. Тадбиркорлик фаолиятига, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига ҳамда атроф муҳитга таъсир кўрсатишни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжат мажбурий тарзда ТСТБдан ўтказилади.


5. Қуйидаги ҳолларда норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ёки қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжат ТСТБдан, шу жумладан жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилмайди:

норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ёки уларнинг оқибатларини бартараф этиш, юқумли ва паразитар касалликлар тарқалишининг олдини олиш бўйича чекловчи тадбирлар (карантин)ни белгилашга қаратилган бўлса;

норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ёки қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатда янги қабул қилинган қонунчилик ҳужжатларининг талабларига мувофиқлаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар назарда тутилса;

норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ёки қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжат ушбу Низомнинг 4-бандида кўрсатилган мезонларга жавоб бермаса.

Ушбу бандда кўрсатилган ҳолларда ишлаб чиқувчи лойиҳанинг тушунтириш хатида ТСТБдан ўтказиш рад этилганлигини асослаши лозим.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ёки қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжат давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ўз ичига олса, улар ишлаб чиқувчининг ташаббусига ёхуд топшириқ асосида жамоатчилик муҳокамасига жойлаштирилмасдан ТСТБдан ўтказилиши мумкин.


6. Қуйидагилар ТСТБдан ўтказиш учун ахборот манбалари ҳисобланади:

расмий статистик маълумотлар;

давлат органлари ва ташкилотларининг маълумотлари;

оқибатларни прогнозлаштириш масалалари бўйича илмий-таҳлилий материаллар ва нашрлар, илмий-амалий семинарлар, конференциялар ҳамда йиғилишлар материаллари;

ваколатли ташкилотлар ва ишлаб чиқувчи томонидан ўтказилган ижтимоий сўровларнинг натижалари;

оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтларда эълон қилинган нашрлар;

ТСТБдан ўтказиш доирасида давлат органи ва ташкилоти томонидан, шу жумладан бевосита жойига чиққан ҳолда ўтказилган ўрганишлар жараёнида олинган (аниқланган) маълумотлар;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


7. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси топшириқларига асосан ҳамда ишлаб чиқувчининг ташаббуси билан лойиҳалар ишлаб чиқилишидан олдин (режалаштириш вақтида) уларнинг концепцияси ТСТБдан ўтказилиши мумкин.

ТСТБдан ўтказилган лойиҳанинг концепцияси доирасида ишлаб чиқилган лойиҳа такроран ТСТБдан ўтказилмайди, лойиҳада унинг концепциясида назарда тутилмаган тартибга солиш воситаларини жорий этилиши белгиланган ҳоллар бундан мустасно.


8. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ёки қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ТСТБдан ўтказиш ушбу Низомга мувофиқ тасдиқланадиган услубиёт асосида амалга оширилади.


9. Давлат органлари ва ташкилотларида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ТСТБдан ўтказиш учун ҳуқуқшунос, иқтисодчи, давлат органларида фаолият юритаётган эксперт-таҳлил гуруҳлари вакиллари ҳамда ТСТБга масъул этиб белгиланган ходимлардан иборат ТСТБ бўйича ишчи гуруҳ ташкил қилинади.

Давлат органлари ва ташкилотларида норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг лойиҳасини ТСТБдан ўтказиш ишларини ташкил этиш ҳамда ТСТБ бўйича ишчи гуруҳ фаолиятини мувофиқлаштириш давлат органи ва ташкилотларида ТСТБга масъул этиб белгиланган ходимлар томонидан амалга оширилади.



2-БОБ. ЛОЙИҲАЛАРНИ ТСТБДАН

ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


1-§. Лойиҳани ва ТСТБ бўйича ҳисоботни ишлаб чиқиш,

жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш ҳамда вазирликлар

ва идоралар билан келишиш


10. Ушбу Низомнинг 4-бандида назарда тутилган лойиҳалар ишлаб чиқилганда, Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган шаклга мувофиқ ТСТБ бўйича ҳисобот тайёрланади ҳамда ишлаб чиқувчининг биринчи раҳбари (истисно ҳолларда - уларнинг биринчи ўринбосарлари) имзоси билан расмийлаштирилади.


11. ТСТБ бўйича ҳисоботда қуйидаги маълумотлар акс эттирилади:

ечими сифатида ТСТБдан ўтказиш таклиф этилаётган муаммо тавсифи, тартибга солиш бўйича чора кўрмаслик оқибатида юзага келиши мумкин бўлган салбий оқибатлар таҳлили;

таклиф этилаётган тартибга солишнинг мақсади, аниқланган муаммони ҳал қилиш ва белгиланган мақсадларга эришиш учун танланган усулни қўллаш мақсадга мувофиқлиги ва афзалликлари тавсифи;

муаммони ҳал қилиш учун мумкин бўлган муқобил усуллар таҳлили;

таклиф этилаётган лойиҳа манфаатларига таъсир кўрсатадиган субъектлар тўғрисида маълумотлар;

манфаатдор томонлар учун лойиҳани қабул қилиш ва уни амалга оширишдан олинадиган фойда ва (ёки) юзага келадиган харажатларни миқдорий ҳисоблаш йўли билан амалга оширилган таҳлил ва таққослаш натижалари;

таклиф этилаётган тартибга солиш усулининг тегишли соҳага таъсири ва уни қўллашда юзага келиши мумкин бўлган салбий оқибатлар хавфи;

тартибга солиш мақсадларига эришиш учун зарур бўлган ташкилий, техник, методик, ахборот ва бошқа тадбирлар;

лойиҳанинг кутилаётган кучга кириш санаси;

ТСТБдан ўтказиш билан боғлиқ бошқа маълумотлар.


12. ТСТБ бўйича ҳисоботда лойиҳа таъсиридан келиб чиқадиган оқибатнинг (ижобий, салбий ёки бетараф) аниқ тавсифи акс эттирилади.


13. Муҳим иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга лойиҳа ва ТСТБ бўйича ҳисобот ишлаб чиқувчи томонидан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига (regulation.gov.uz)га (кейинги ўринларда - портал) жойлаштирилиши орқали ўзи белгилаган, лекин 15 кундан кам бўлмаган муддатда, қоида тариқасида, жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади.

14. Лойиҳа бўйича асосланган таклифлар жамоатчилик муҳокамаси иштирокчилари томонидан порталнинг техник имкониятларидан фойдаланган ҳолда ихтиёрий шаклда тақдим этилади.


15. Жамоатчилик муҳокамаси иштирокчилари ҳамда бошқа ташкилотлар ва фуқаролар томонидан лойиҳанинг тартибга солиш таъсирини муқобил баҳолаш амалга оширилиши мумкин. Жамоатчилик муҳокамаси иштирокчилари томонидан ўтказилган лойиҳанинг тартибга солиш таъсирини муқобил баҳолаш натижалари бўйича тайёрланган хулосалар тегишли давлат органлари томонидан мажбурий тартибда кўриб чиқилади.


16. Ишлаб чиқувчи жамоатчилик муҳокамаси давомида муайян соҳада тартибга солувчи воситалар жорий этилиши мақсадга мувофиқлиги ва зарурлигини баҳолаш мақсадида лойиҳани, ТСТБ бўйича ҳисоботни ва бошқа зарур маълумотларни манфаатдор томонлар, шу жумладан илмий доиралар вакиллари ҳамда хорижий экспертлар билан муҳокама қилиши мумкин.


17. Ишлаб чиқувчи жамоатчилик муҳокамаси иштирокчилари ҳамда манфаатдор томонлар томонидан тақдим этилган таклифларни умумлаштиради ва уларни қабул қилиш ёки рад этиш тўғрисида Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган шаклга мувофиқ асосланган маълумотни ҳамда мазкур таклифлар асосида қайта ишланган лойиҳа ва ТСТБ бўйича ҳисоботни лойиҳа муҳокамаси муддати якунлангандан сўнг 5 кундан кўп бўлмаган муддатда порталга жойлаштиради.

Жамоатчилик муҳокамаси иштирокчиларининг таклифларини кўриб чиқиш якунлари бўйича маълумотнома ТСТБ ўтказишнинг барча жараёнларида ТСТБ бўйича ҳисоботга илова қилинади.


18. Жамоатчилик муҳокамаси асосида лойиҳани қайта ишлашда лойиҳа матни жамоатчилик муҳокамасига киритилганидан тубдан фарқ қилса, хусусан, унинг концептуал қоидалари ўзгартирилган тақдирда, лойиҳа жамоатчилик муҳокамасига такроран киритилади.


19. Ишлаб чиқувчи ўз ташаббуси билан ёки Адлия вазирлиги талабига мувофиқ жамоатчилик муҳокамаси давомида оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган ёки аҳолининг асосли эътирозларини келтириб чиқарган лойиҳа бўйича оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун ушбу лойиҳанинг мақсади, мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш бўйича матбуот анжуманлари ва брифингларни ўтказади.


20. Ишлаб чиқувчи жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш муддати давомида лойиҳа ва ТСТБ бўйича ҳисоботни манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан келишиш учун Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизимига жойлаштиради.


21. Лойиҳаларни манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан келишиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартиб ва муддатларда амалга оширилади.



2-§. Лойиҳа ва ТСТБ бўйича ҳисоботни хулоса

берувчи органлар билан келишиш


22. Жамоатчилик муҳокамаси ва идоралараро келишув якунлари бўйича қайта ишланган лойиҳа ва ТСТБ бўйича ҳисобот, шунингдек, ТСТБ юзасидан хулоса бериш учун зарур бўлган бошқа маълумотлар тегишли соҳага таъсирини баҳолашни ўрганиш учун хулоса берувчи органларга тақдим этилади.


23. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ва ТСТБ бўйича ҳисобот:

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан тадбиркорлик фаолиятига таъсири;

Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан рақобатга таъсири;

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан атроф-муҳитга таъсири жиҳатидан ўрганилади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига таъсирини ўрганиш тегишли соҳада давлат сиёсатини юритишга масъул бўлган давлат органлари ва ташкилотлари томонидан келишиш жараёнида амалга оширилади.

Мазкур бандда назарда тутилган давлат органларининг ҳудудий тузилмалари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорлари лойиҳалари бўйича хулоса беради.

Хулоса берувчи органлар заруратга кўра, лойиҳа ва ТСТБ бўйича ҳисоботни ўзаро муҳокама қилиш орқали биргаликда келишилган хулоса тайёрлашлари мумкин.


24. Хулоса берувчи органлар ТСТБ бўйича ҳисоботни ўрганиш жараёнида ишлаб чиқувчидан қўшимча маълумотларни сўраб олиш ҳуқуқига эга.


25. ТСТБ натижалари бўйича хулоса берувчи органлар томонидан 10 кун муддат мобайнида лойиҳанинг мақсадга мувофиқлиги, қайта кўриб чиқиш лозимлиги ёки мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида хулоса расмийлаштирилади ва хулоса берувчи органларнинг биринчи раҳбари (истисно ҳолларда - уларнинг биринчи ўринбосарлари) томонидан имзоланган ҳолда ишлаб чиқувчига тақдим этилади.



3-§. Лойиҳа ва ТСТБ бўйича ҳисоботни

Адлия вазирлигига киритиш


26. Жамоатчилик муҳокамаси ва идоралараро келишувдан ўтказилгандан ҳамда ТСТБ натижалари бўйича хулосалар олингандан сўнг қайта ишланган лойиҳа ва ТСТБ бўйича ҳисобот, шунингдек, ТСТБ натижалари бўйича хулоса ва бошқа зарур материаллар, уларни белгиланган тартибда ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ҳамда амалга оширилган ТСТБ сифатини ўрганиш учун ишлаб чиқувчи томонидан Адлия вазирлигига киритилади.


27. Лойиҳа ва ТСТБ бўйича ҳисобот хулоса берувчи органларнинг ТСТБ натижалари бўйича хулосалари мавжуд бўлгандагина Адлия вазирлигига киритилади.


28. Адлия вазирлиги ишлаб чиқувчи томонидан ТСТБ ўтказиш жараёнларида ушбу Низом талабларига риоя этилганлигини, лойиҳада манфаатдор томонлар асоссиз харажат қилиши, ортиқча мажбурият юклаши, тақиқ ва чекловлар мавжудлиги, муаммо таклиф этилаётган тартибга солиш усули билан ҳал этилишининг асослилигини ўрганади.


29. Адлия вазирлиги ишлаб чиқувчи томонидан ТСТБ жараёнлари ушбу Низом талабларига риоя этилмаган ҳолда ўтказилганлигини аниқлаган тақдирда, ТСТБдан ўтказиш жараёнларида йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш, шунингдек, қўшимча ўрганишларни амалга ошириш учун аниқ муддатни белгилаган ҳолда лойиҳа, ТСТБ бўйича ҳисобот ва ТСТБ натижалари бўйича хулосаларни ишлаб чиқувчига қайтаради.


30. Ишлаб чиқувчи томонидан ТСТБ ўтказиш жараёнлари ушбу Низом талабларига тўлиқ риоя этилган ҳолда ўтказилган тақдирда, Адлия вазирлиги лойиҳада манфаатдор томонлар асоссиз харажат қилиши, ортиқча мажбурият юклаши, тақиқ ва чекловлар мавжуд ёки мавжуд эмаслиги, муаммо таклиф этилаётган тартибга солиш усули билан ҳал этилишининг асосли ёки асосли эмаслигини назарда тутувчи лойиҳани қабул қилишнинг мақсадга мувофиқлиги ёки мувофиқ эмаслиги тўғрисида хулоса берилади.


31. Ишлаб чиқувчи томонидан лойиҳани Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ва Вазирлар Маҳкамасига киритишда унга ТСТБ бўйича ҳисобот, хулоса берувчи органлар ва Адлия вазирлигининг хулосалари илова қилинади.



3-БОБ. НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ ҲУЖЖАТЛАРНИ

ТСТБДАН ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


1-§. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ТСТБдан ўтказиш

режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш


32. Қуйидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ТСТБдан ўтказилади:

лойиҳаси ишлаб чиқилишида ТСТБдан ўтказилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар;

ушбу Низомнинг 4-бандида кўрсатилган ҳолатларни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат ТСТБдан ўтказилгандан сўнг камида бир йилдан кейин такроран ТСТБдан ўтказилиши мумкин.


33. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича ТСТБ ишлаб чиқувчи ёки давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ўз ваколатлари доирасида тартибга солиш предмети бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ТСТБдан ўтказиш режасига (кейинги ўринларда - ТСТБдан ўтказиш режаси) мувофиқ амалга оширилади.


34. ТСТБдан ўтказиш режасида қуйидагилар акс эттирилади:

ТСТБ ўтказилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар номи ва реквизитлари;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ТСТБдан ўтказиш учун асослар;

ТСТБни ўтказиш учун масъул давлат органи;

ТСТБни ўтказиш муддати.


35. Давлат органлари ва ташкилотлари ҳар йили 1 февралга қадар Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган шаклга мувофиқ ТСТБдан ўтказиш режаси лойиҳасига таклифларни шакллантиради ва биринчи раҳбари (истисно ҳолларда - уларнинг биринчи ўринбосарлари) имзоси билан Адлия вазирлигига тақдим этади.


36. Адлия вазирлиги ҳар йили 10 февралга қадар давлат органлари ва ташкилотлари таклифлари асосида ТСТБдан ўтказиш режаси лойиҳасини ишлаб чиқади ҳамда жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш учун 10 кун муддатга порталга жойлаштиради.


37. Адлия вазирлиги жамоатчилик муҳокамаси иштирокчилари томонидан тақдим этилган таклифларни умумлаштиради ва уларни қабул қилиш ёки рад этиш тўғрисида асосланган маълумотни ҳамда мазкур таклифлар асосида қайта ишланган ТСТБдан ўтказиш режасини ҳар йили 1 мартга қадар тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритади.


38. ТСТБдан ўтказиш режаси ҳар йили 20 мартга қадар Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Адлия вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган ТСТБдан ўтказиш режасини порталга жойлаштириш ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш орқали кенг жамоатчиликка етказилишини таъминлайди.


39. Давлат бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ҳуқуқий мониторингнинг замонавий механизмлари асосида қонун ҳужжатлари ижросининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 2019 йил 2 ноябрдаги ПҚ-4505-сон қарори ижроси доирасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг мониторинги (ҳуқуқий мониторинг) норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ТСТБдан ўтказиш билан бирга амалга оширилади ва унинг натижалари ТСТБдан ўтказишда инобатга олинади.



2-§. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ТСТБдан ва

жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш


40. Ишлаб чиқувчи ТСТБдан ўтказиш режасига мувофиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ТСТБдан ўтказади ва натижаси бўйича Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган шаклга мувофиқ ТСТБ бўйича ҳисоботларни тайёрлайди ҳамда ишлаб чиқувчининг биринчи раҳбари (истисно ҳолларда - уларнинг биринчи ўринбосарлари) имзоси билан расмийлаштиради.


41. ТСТБ бўйича ҳисоботда қуйидаги маълумотлар акс эттирилиши шарт:

норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг тури, номи ва реквизитлари;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг лойиҳаси ишлаб чиқилганда тайёрланган ТСТБ бўйича ҳисобот ва ТСТБ натижалари бўйича хулосалар (мавжуд бўлса);

тартибга солишнинг мақсадларига эришилганлиги ва самарадорлиги тўғрисида маълумотлар;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатдаги тартибга солиш усулини қўллашда юзага келган ижобий ва салбий оқибатлар таҳлили;

норматив-ҳуқуқий ҳужжат манфаатларига таъсир кўрсатган субъектлар тўғрисида маълумотлар;

манфаатдор томонлар учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг амал қилиши муносабати билан келтирилган фойда ва (ёки) юзага келган харажатларнинг миқдорий ҳисоблаш йўли билан амалга оширилган таҳлили ва таққослаш натижалари;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатдаги тартибга солиш усулларининг амал қилиши мақсадга мувофиқлиги ёки уларни бекор қилиш зарурлиги тўғрисида хулоса;

бошқа маълумотлар.


42. ТСТБ бўйича ҳисоботда норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг амал қилиши муносабати билан келиб чиққан оқибатнинг ижобий, салбий ёки бетараф таъсирининг аниқ тавсифи акс эттирилади.


43. ТСТБ бўйича ҳисобот ишлаб чиқувчи томонидан порталга жойлаштирилиши орқали 10 кун муддатда мажбурий тартибда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади.


44. Жамоатчилик муҳокамаси иштирокчилари томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг тартибга солиш таъсирини муқобил баҳолаш амалга оширилиши мумкин. Жамоатчилик муҳокамаси иштирокчилари томонидан ўтказилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг тартибга солиш таъсирини муқобил баҳолаш натижалари бўйича тайёрланган хулосалар тегишли давлат органлари томонидан мажбурий тартибда кўриб чиқилади.


45. Ишлаб чиқувчи жамоатчилик муҳокамаси давомида муайян соҳада тартибга солувчи воситалар жорий этилганлигининг мақсадга мувофиқлиги ва зарурлигини баҳолаш мақсадида ТСТБ бўйича ҳисоботни манфаатдор томонлар билан муҳокама қилиши мумкин.


46. Ишлаб чиқувчи жамоатчилик муҳокамаси иштирокчилари ва манфаатдор томонлар томонидан тақдим этилган таклифларни умумлаштиради ва уларни қабул қилиш ёки рад этиш тўғрисида Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган шаклга мувофиқ асосланган маълумотни ҳамда мазкур таклифлар асосида қайта ишланган ТСТБ бўйича ҳисоботни жамоатчилик муҳокамаси муддати якунлангандан сўнг 5 кундан кўп бўлмаган муддатда порталга жойлаштиради.

Жамоатчилик муҳокамаси иштирокчиларининг таклифларини кўриб чиқиш якунлари бўйича маълумотнома ТСТБ ўтказиш барча жараёнларида ТСТБ бўйича ҳисоботга илова қилинади.



3-§. ТСТБ бўйича ҳисоботни хулоса берувчи

органлар билан келишиш


47. Жамоатчилик муҳокамаси якунлари бўйича қайта ишланган ТСТБ бўйича ҳисобот тегишли соҳага таъсирини баҳолашни ўрганиш учун хулоса берувчи органларга тақдим этилади.


48. ТСТБ бўйича ҳисобот:

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан тадбиркорлик фаолиятига таъсири;

Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан рақобат муҳитига таъсири;

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан атроф-муҳитга таъсири;

тегишли соҳада давлат сиёсатини юритишга масъул бўлган давлат органлари ва ташкилотлари томонидан фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига таъсири жиҳатидан ўрганилади.

Мазкур бандда назарда тутилган давлат органларининг ҳудудий тузилмалари маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қабул қилинган қарорлари бўйича хулоса беради.

Хулоса берувчи органлар заруратга кўра, ТСТБ бўйича ҳисоботни ўзаро муҳокама қилиш орқали биргаликда келишилган хулоса тайёрлашлари мумкин.


49. Хулоса берувчи органлар ТСТБ бўйича ҳисоботни ўрганиш жараёнида ишлаб чиқувчидан қўшимча маълумотларни сўраб олиш ҳуқуқига эга.


50. ТСТБ натижалари бўйича хулоса берувчи органлар томонидан 10 кун муддатда ТСТБ натижалари тўғрисида хулосалар расмийлаштирилади ва хулоса берувчи органларнинг биринчи раҳбари (истисно ҳолларда - уларнинг биринчи ўринбосарлари) томонидан имзоланган ҳолда ишлаб чиқувчига тақдим этилади.



4-§. ТСТБ бўйича ҳисоботни Адлия вазирлигига

киритиш


51. Жамоатчилик муҳокамаси ўтказилгандан ва ТСТБ натижалари бўйича хулосалар олингандан сўнг қайта ишланган ТСТБ бўйича ҳисобот ТСТБ сифатини ўрганиш учун Адлия вазирлигига киритилади.


52. Адлия вазирлиги ишлаб чиқувчи томонидан ушбу Низом талабларига риоя этилганлигини, тартибга солиш мақсадларига эришилганлигини, норматив-ҳуқуқий ҳужжатдаги тартибга солиш усулини қўллашда юзага келган ижобий ва салбий оқибатларни, манфаатдор томонлар асоссиз харажат қилиши, ортиқча мажбурият юклаши, тақиқ ва чекловлар юзага келганлиги (келмаганлиги)ни ўрганади.


53. Адлия вазирлиги ишлаб чиқувчи томонидан ТСТБ жараёнлари ушбу Низом талабларига риоя этилмаган ҳолда ўтказилганлигини аниқлаган тақдирда, ТСТБдан ўтказиш жараёнларида йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш, шунингдек, қўшимча ўрганишларни амалга ошириш учун аниқ муддатни белгилаган ҳолда ТСТБ бўйича ҳисобот ва хулосаларни ишлаб чиқувчига қайтаради.


54. Ишлаб чиқувчи томонидан ТСТБ бўйича ҳисобот ушбу Низом талабларига тўлиқ риоя этилган ҳолда тайёрланган тақдирда, Адлия вазирлиги 10 кун муддатда тартибга солиш мақсадларига эришилганлиги, норматив-ҳуқуқий ҳужжатдаги тартибга солиш усулини қўллашда юзага келган ижобий ва салбий оқибатлар, манфаатдор томонлар асоссиз харажат қилиши, ортиқча мажбурият юклаши, тақиқ ва чекловлар юзага келганлиги (келмаганлиги) тўғрисида хулоса тайёрлайди ва ишлаб чиқувчига тақдим этади.



5-§. ТСТБ натижалари бўйича якуний маълумотни

Вазирлар Маҳкамасига киритиш


55. Адлия вазирлиги ТСТБдан ўтказиш режасига мувофиқ, қоида тариқасида, ҳар чоракда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ТСТБдан ўтказилиши ҳолатини таҳлил қилади ва унинг натижалари бўйича ТСТБдан ўтказиш режасининг бажарилиши ҳолати, ТСТБ бўйича ҳисоботларнинг умумлашмаси ҳамда қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган таклифларни (мавжуд бўлса) назарда тутувчи ахборот-таҳлилий маълумотни Вазирлар Маҳкамасига киритади.


56. Вазирлар Маҳкамаси ахборот-таҳлилий маълумотни кўриб чиқиш якунлари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ТСТБдан ўтказиш натижаларини амалга оширишга қаратилган "йўл харитаси"ни тасдиқлайди ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тўлиқ ёки алоҳида нормаларини ўзгартириш тўғрисида таклифларни Қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш дастурига ёки қонуности норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш режаларига киритиш чораларини кўради.



4-БОБ. ТСТБ ЎТКАЗИЛИШИНИ

НАЗОРАТ ҚИЛИШ


57. ТСТБ ўтказиш жараёнлари ушбу Низом талабларига риоя этилган ҳолда ўтказилишини назорат қилиш Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилади.


58. Адлия вазирлиги тартибга солиш таъсирини баҳолаш соҳасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича махсус ваколатли орган сифатида қуйидаги вазифаларни амалга оширади:

давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларнинг тартибга солиш таъсирини баҳолаш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради ва уларга услубий ёрдам кўрсатади;

давлат органлари ва ташкилотларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш бўйича фаолияти мониторингини олиб боради;

жамоатчилик муҳокамаси жараёнида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича келиб тушган, асосли деб топилган таклифларга жавоб қайтарилмаган (кўрмасдан қолдирилган) тақдирда мазкур камчиликларни бартараф этиш тўғрисида давлат органлари ва ташкилотларига бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритади;

давлат органлари ва ташкилотларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш учун масъул ходимлари рўйхатини шакллантиради, уларнинг малака ва кўникмаларини ошириб бориш, шу жумладан улар учун ўқув тадбирларини хорижда ташкил этиш юзасидан таклифлар киритиб боради;

Ўзбекистон Республикасининг тегишли халқаро рейтинглардаги кўрсаткичларини тизимли таҳлил қилиб боради ҳамда уларни янада яхшилаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади.


59. Адлия вазирлиги ҳар йили мамлакатда ТСТБ тизимининг ҳолати тўғрисида ахборот тайёрлаб, уни оммавий ахборот воситаларида эълон қилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига киритади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


60. ТСТБдан ўтказиш жараёнларига илмий-таълим муассасалари мутахассислари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари, чет эллик мутахассислар, шунингдек, амалиётчи-мутахассислар жалб этилиши мумкин.

Ушбу бандда назарда тутилган чора-тадбирларни молиялаштириш қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.


61. ТСТБдан ўтказаётган давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбарлари ва ТСТБга масъул ходимлари амалга оширилган ҳисоб-китоблар ҳамда тақдим этилган маълумот, ҳисобот ва хулосаларнинг асосланганлиги ва сифати учун жавобгар ҳисобланади.


62. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 16 март






































Время: 0.0050
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск