ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Соғлиқни сақлаш / Соғлиқни сақлашни молиялаштириш, моддий-техник жиҳатдан таъминлаш /

Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 08.04.2021 й. 193-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 8 апрелдаги

193-сон қарорига

ИЛОВА



Онкогематологик ва даволаш

қийин бўлган касалликларга чалинган

беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш

жамғармаси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.


2. Жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди ҳамда унинг маблағлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг (кейинги ўринларда - Вазирлик) Молия вазирлиги Ғазначилигида алоҳида очилган шахсий ғазна ҳисобварағида жамланади ва мазкур Низомда белгиланган мақсадларга сарфланади.


3. Жамғарма маблағларини шакллантириш ҳамда улардан фойдаланиш ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.



2-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ

ВА УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ ЙЎНАЛИШЛАРИ


4. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига тушадиган тамаки маҳсулотлари учун акциз солиғи йиғими суммасининг 7 фоизи;

Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


5. Жамғарма маблағларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:

онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш учун тегишли тиббиёт муассасаларини қуриш ва таъмирлаш, уларга асбоб-ускуналар, дори воситалари, тиббий буюмлар, лаборатория реактивлари ва бошқа сарфлаш воситаларини сотиб олиш;

онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликлар бўйича юқори технологияли мураккаб операцияларни амалга ошириш учун юқори малакали хорижий мутахассисларни республикага жалб қилиш;

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган рўйхат асосида оғир касалликка чалинган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг республикада йўлга қўйилмаган жарроҳлик амалиётлари бўйича хорижий давлатлардаги жарроҳлик операциялари билан боғлиқ харажатларни қоплаш;

онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларга республика ҳудудидаги давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотларининг юқори технологик ташхис қўйиш ва тиббий ёрдам кўрсатиш хизматларини харид қилиш харажатларини қоплаш.



3-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ

САРФЛАШ ВА БОШҚАРИШ


6. Жамғармадан маблағлар ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ таркибда шакллантирилган Жамғарма маблағларини бошқариш кенгаши (кейинги ўринларда - Кенгаш) қарорига кўра сарфланади.


7. Жамғарма маблағлари бўйича даромад ва харажатлар сметаси Кенгаш таклифлари асосида Вазирлик томонидан ишлаб чиқилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади.


8. Жамғарма маблағлари ҳисобидан ташхис қўйиладиган ва даволанадиган онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликлар рўйхати Вазирлик томонидан Кенгаш билан келишилган ҳолда тасдиқланади.


9. Жамғарма Кенгаши тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметасига мувофиқ ҳар йили 10 январга қадар, заруратга кўра, йил давомида бир неча маротаба Жамғарма маблағлари ҳисобидан онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни (кейинги ўринларда - беморлар) соғломлаштиришга кўмаклашиш ҳажмини (кейинги ўринларда - режалаштирилган кўмак хажми) тасдиқлайди.

Бунда Жамғарма Кенгаши:

а) Жамғарма маблағлари ҳисобидан ҳар йили, заруратга кўра, йил давомида бир неча маротаба соғломлаштиришга кўмаклашиладиган беморлар рўйхатини (кейинги ўринларда - рўйхат) Вазирлик тақдим этган статистик маълумотлар ҳамда ушбу беморларга тегишли тиббиёт ходимлари томонидан қўйилган ташхис ва хулосалар асосида тасдиқлайди.

рўйхатга киритиладиган беморлар уларга қўйилган ташхис асосида уларнинг ҳолатининг енгил, ўрта оғир, оғир ва ўта оғирлигидан келиб чиқиб ажратилади;

б) Жамғарма маблағларидан беморларга:

тиббий ёрдам кўрсатиш учун тегишли тиббиёт муассасаларига асбоб-ускуналар, тиббий буюмлар, лаборатория реактивлари ва бошқа сарфлаш воситаларини сотиб олиш юзасидан таклифларни ишлаб чиқади;

йил давомида бир нафар бемор учун касаллик турига қараб жамғарма маблағлари ҳисобидан кўрсатиладиган ёрдам ҳажми, қиймати ва етказиб бериладиган дори воситаларининг турлари юзасидан режалаштирилган кўмак хажмини ишлаб чиқади;

юқори технологияли мураккаб операцияларни амалга ошириш учун хорижий мутахассисларни республикага жалб қилиш учун мураккаб операциялар рўйхати, шунингдек, ушбу мутахассисларни келиши ва кетиши билан боғлиқ (меҳмонхона ҳамда хизмат хақи ва бошқалар) харажатлари миқдори тасдиқлайди;

республика ҳудудидаги давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотларидан харид қилинадиган юқори технологик ташхис қўйиш ва тиббий ёрдам кўрсатиш хизмат турларини тасдиқлайди.


10. Қуйидагилар Кенгаш аъзоларининг вазифалари ҳисобланади:

Кенгаш мажлисларида кўриб чиқиладиган масалаларни муҳокама қилиш ва ҳал этишда иштирок этиш;

Кенгаш томонидан кўриб чиқиладиган масалалар бўйича овоз бериш;

Кенгаш мажлисларида шахсан қатнашиш, агар қатнашиш имкони бўлмаган тақдирда, мажлис кун тартиби бўйича ўз фикрини ёзма равишда тақдим этишга ҳақлидирлар;

Жамғарма маблағлари ҳисобидан ушбу Низомнинг 5-бандида кўрсатилган мақсадлар бўйича оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали, шу жумладан, Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказининг (кейинги ўринларда - Марказ) расмий веб-сайти орқали охирги олти ой давомида амалга оширилган ишлар юзасидан йилда икки маротаба ҳисоботни эълон қилиш.


11. Кенгаш раиси:

Кенгаш мажлиси кун тартибини белгилайди ва тасдиқлайди;

Кенгаш қарорларини тасдиқлайди ва уларнинг бажарилишини назорат қилади;

Кенгаш аъзоларига юкланган вазифаларнинг бажарилиши юзасидан уларнинг ишини мувофиқлаштиради;

Кенгашнинг самарали ишлашини таъминлаш учун бошқа ваколатларни амалга оширади.


12. Кенгаш котиби:

ушбу Низомнинг 5-бандида кўрсатилган мақсадларга Жамғармадан маблағ ажратишга оид мурожаатларни Кенгаш мажлисида кўриб чиқишга тайёрлаш учун Кенгашнинг аъзоларига тегишлилиги бўйича тақсимлайди;

Кенгаш мажлисига барча зарур ҳужжатларнинг ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди;

мажлисни ўтказиш муддатлари ва жойи бўйича Кенгаш раисига таклифлар киритади;

кун тартибидаги масалалари бўйича Кенгаш мажлислари ўтказилишини ташкил этади;

Кенгаш аъзолари ва таклиф этилган шахсларни мажлис санаси, вақти, жойи ва кун тартиби лойиҳаси бўйича хабардор қилади;

Кенгаш баённомаларини расмийлаштиради ва тасдиқланган баённомаларни Кенгаш аъзоларига ва бошқа манфаатдор ташкилотларга юборади.

Кенгаш қарорлари ижросининг назоратини юритади ҳамда Кенгашга мунтазам равишда ахборот киритиб боради.

Кенгаш котиби Кенгаш аъзоси ҳисобланади.


13. Кенгаш ўз мажлисларини заруратга кўра, бироқ ҳар ойда камида бир марта ўтказади.


14. Кенгаш мажлисларини Кенгаш раиси, у бўлмаган тақдирда эса Кенгаш раисининг ўринбосари бошқаради.


15. Кенгаш мажлиси унда Кенгаш аъзоларининг камида учдан икки қисми қатнашганда ўтказилган ҳисобланади.


16. Кенгаш мажлисини ўтказиш учун кворум ёки раис ва унинг ўринбосари бўлмаганда, Кенгаш мажлисини ўтказишнинг янги санаси эълон қилинади.


17. Кенгаш мажлисига унда кўриб чиқиладиган масалаларнинг хусусиятига кўра, манфаатдор вазирлик ва идораларнинг вакиллари, тиббиёт соҳасида фаолият юритувчи ташкилотлар вакиллари таклиф этилиши мумкин.


18. Кенгаш қарори Кенгашнинг мажлисда қатнашган аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда, Кенгаш раисининг ёки раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.


19. Кенгаш қарорлари Кенгаш мажлиси баёни билан расмийлаштирилади. Кенгаш мажлисининг баёни Кенгаш раиси томонидан тасдиқланади.


20. Вазирликнинг Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи бошқармаси Жамғарманинг ишчи органи ҳисобланади.


21. Ишчи орган:

Жамғарманинг даромадлари ва харажатларининг йиллик молиявий режасини ишлаб чиқади;

даромадлар ва харажатлар сметаларини тайёрлайди, шунингдек, уларга қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ўзгартиришлар киритади;

Жамғарма тушумларини кўпайтириш ва унинг маблағларидан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар тайёрлайди;

Кенгаш розилиги билан қўшимча даромадларни жалб этиш мақсадида вақтинча бўш маблағларни белгиланган тартибда тижорат банклари депозитларига жойлаштиради;

Жамғарманинг тушумлар манбалари бўйича даромадлари ҳамда асосий харажатлари йўналишлари бўйича ҳисобини юритади;

Жамғарма маблағлари ҳисобидан Кенгаш қарорлари асосида ушбу Низомнинг 5-банди иккинчи хатбошисида белгиланган тадбирлар доирасида харидларни ташкил этиш бўйича буюртмалар ишлаб чиқилишини ва ишлаб чиқилган буюртмаларни Кенгаш билан келишган ҳолда харид жараёнларини ташкил этилиши, шунингдек, харид жараёнлари натижаларига кўра воситачилик шартномалари тузилиши ва молиялаштирилишини таъминлайди;

Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари бўйича ҳисоботларини мунтазам равишда Кенгашга киритади ва Кенгаш йиғилишларида иштирок этади;

ҳар чорак якуни бўйича Жамғарма маблағларидан фойдаланиш тўғрисида ҳисобот тайёрлайди ҳамда Вазирликка кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун тақдим этади.


22. Вазирлик:

Жамғарма маблағларини ушбу Низомга ҳамда Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари сметасига мувофиқ тасарруф этади;

ҳар йили 25 декабргача Жамғарманинг келгуси йил учун даромадлари ва харажатлари сметаларини белгиланган тартибда тасдиқлайди;

зарур ҳолларда, тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметаларига белгиланган тартибда тегишли ўзгартиришлар киритади;

Кенгаш қарорига мувофиқ қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Жамғарма маблағларидан молиялаштириладиган шартномаларни тузади;

Жамғарма томонидан ажратилган маблағлар бўйича, шу жумладан, шартномани узайтириш ва ўзгартириш бўйича Кенгаш билан келишган ҳолда тегишли ўзгартиришлар киритади;

Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини назорат қилади;

Жамғарманинг чорак якуни бўйича даромадлари ва харажатлари тўғрисидаги ҳисоботини кўриб чиқади ва тасдиқлайди;

Жамғарма даромадлари ва харажатлари сметасини бажариш бўйича чораклик ва йиллик ҳисоботларни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим қилади.


23. Кенгаш таклифи ҳамда Вазирлик ҳулосаси асосида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 сентябрдаги ПҚ-3948-сон қарори билан тасдиқланган Дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш натижалари Ўзбекистон Республикасида тан олинадиган мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар рўйхатида келтирилган мамлакат ва халқаро ташкилотларда рўйхатдан ўтган беморларни даволаш учун зарур бўлган дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказмасдан, Жамғарма маблағлари ҳисобидан харид қилиш ва беморларга ишлатишга рухсат берилади.



4-БОБ. ЖАМҒАРМАГА БЕМОРЛАР ТОМОНИДАН

СОҒЛОМЛАШТИРИШГА КЎМАКЛАШИШ ЮЗАСИДАН

МУРОЖААТ ЭТИШ ВА УЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ


24. Жамғарма маблағлари ҳисобидан ҳар йилга соғломлаштиришга кўмаклашиладиган беморлар рўйхатига киритилган беморлар томонидан режалаштирилган кўмак хажмига қўшимча таклифлар бўлган тақдирда, шунингдек, рўйхатга киритилмаган беморлар томонидан Жамғарма маблағлари ҳисобидан ёрдам кўрсатиш юзасидан Марказнинг расмий веб-сайти орқали электрон мурожаат қилинади.


25. Марказ келиб тушган мурожаатларни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатларда кўриб чиқиш ва таҳлил қилган ҳолда, Кенгашнинг навбатдаги мажлисига муҳокама учун киритишга масъул ҳисобланади.


26. Мурожаатлар кўриб чиқиш ва тегишли қарор қабул қилиш учун Марказ томонидан Кенгаш котибига Кенгаш мажлисидан беш кун олдин тақдим этилади.


27. Кенгаш котиби мурожаатлар Жамғарманинг тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметасига мувофиқ ҳамда тасдиқланган ушбу даромадлар ва харажатлар сметасига ўзгартириш киритиш имкониятларини инобатга олган ҳолда, Кенгаш мажлисида кўриб чиқилишини таъминлайди.


28. Кўриб чиқилган мурожаатлар юзасидан Кенгаш қарорлари Кенгаш мажлисининг баённомаси билан расмийлаштирилади ва ушбу баённомадан кўчирма Марказ томонидан уч кун муддатда мурожаат эгасига юборилади.



5-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШНИ ҲИСОБГА ОЛИШ

ВА НАЗОРАТ ҚИЛИШ


29. Жамғарма маблағларининг тушуми ва улардан фойдаланишнинг бухгалтерия ҳисобини юритиш, шунингдек, ҳисоботларни тузиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Вазирлик томонидан амалга оширилади.


30. Жамғарманинг жорий молия йилида фойдаланилмаган (ўзлаштирилмаган) маблағлари кейинги молия йилига ўтади.


31. Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланиш белгиланган тартибда ваколатли давлат органлари томонидан назорат қилинади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


32. Ушбу Низомни амалга оширишда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал қилинади.


33. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган

касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга

кўмаклашиш жамғармаси маблағларини шакллантириш

ҳамда улардан фойдаланиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Бажариш муддатлари



I-босқич

Соғлиқни сақлаш вазирлиги


Жамғарма маблағлари бўйича даромад ва харажатлар сметаси Кенгаш таклифлари асосида ишлаб чиқиш.



Белгиланган муддатларда


Жамғарманинг келгуси йил учун даромадлари ва харажатлари сметаларини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқлаш.



Ҳар йили 25 декабрга қадар


Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини назорат қилиш.



Доимий


Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари тўғрисидаги ҳисоботини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш.



Ҳар чорак якуни бўйича


Жамғарма даромадлари ва харажатлари сметасини бажариш бўйича чораклик ва йиллик ҳисоботларни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим қилиш.


Белгиланган муддатларда







II-босқич

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Жамғарма маблағларини бошқариш кенгаши


Жамғарма маблағларини Жамғарма маблағларини бошқариш кенгаши (кейинги ўринларда - Кенгаш) қарорига мувофиқ сарфлаш.



Доимий


Жамғарма маблағлари ҳисобидан ташхис қўйиладиган ва даволанадиган онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликлар рўйхатини Соғлиқни сақлаш вазирлиги (кейинги ўринларда - Вазирлик) томонидан Кенгаш билан келишилган ҳолда тасдиқлаш.





Жамғарма Кенгаши томонидан тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметасига мувофиқ Жамғарма маблағлари ҳисобидан онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни (кейинги ўринларда - беморлар) соғломлаштиришга кўмаклашиш ҳажмини (кейинги ўринларда - режалаштирилган кўмак хажми) тасдиқлаш.


Ҳар йили 1 февралга қадар, заруратга кўра, йил давомида бир неча маротаба







III-босқич

Жамғарма маблағларини бошқариш кенгаши, Соғлиқни сақлаш вазирлиги


Беморларга режалаштирилган кўмак хажми доирасида Жамғарма маблағларидан:


онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш учун тегишли тиббиёт муассасаларига асбоб-ускуналар, дори воситалари, тиббий буюмлар, лаборатория реактивлари ва бошқа сарфлаш воситаларини сотиб олиш;


онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликлар бўйича юқори технологияли мураккаб операцияларни амалга ошириш учун юқори малакали хорижий мутахассисларни республикага жалб қилиш;


онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларга республика ҳудудидаги давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотларининг юқори технологик ташхис қўйиш ва тиббий ёрдам кўрсатиш хизматларини харид қилиш харажатларини қоплашга фойдаланилади.


Доимий









IV-босқич

Мурожаатчи


Жамғарма маблағлари ҳисобидан ҳар йилга соғломлаштиришга кўмаклашиладиган беморлар рўйхатига киритилган беморлар томонидан режалаштирилган кўмак хажмига қўшимча таклифлар бўлган тақдирда, шунингдек, рўйхатга киритилмаган беморлар томонидан Жамғарма маблағлари ҳисобидан ёрдам кўрсатиш юзасидан Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказининг (кейинги ўринларда - Марказ) расмий веб-сайти орқали электрон мурожаат қилиш.


Қўшимча таклиф бўлган ҳолларда









V-босқич

Марказ


Марказга келиб тушган мурожаатларни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатларда кўриб чиқиш ва таҳлил қилган ҳолда, Кенгашнинг навбатдаги мажлисига муҳокама учун киритиш.


Белгиланган муддатларда









VI-босқич

Жамғарма маблағларини бошқариш кенгаши


Мурожаатлар Жамғарманинг тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметасига мувофиқ ҳамда тасдиқланган ушбу даромадлар ва харажатлар сметасига ўзгартириш киритиш имкониятларини инобатга олган ҳолда, Кенгаш мажлисида кўриб чиқиш.



Белгиланган муддатларда

Марказ


Кўриб чиқилган мурожаатлар юзасидан Кенгаш қарорини Кенгаш мажлисининг баённомаси билан расмийлаштириш ва ушбу баённомадан кўчирмани Марказ томонидан мурожаат эгасига юбориш.


Уч кун муддатда

           





Низомга

2-ИЛОВА



Онкогематологик ва даволаш қийин

бўлган касалликларга чалинган беморларни

соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси

маблағларини бошқариш кенгаши

ТАРКИБИ

       

1. Сабиров Улуғбек

Юсупхонович


-

Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари, Кенгаш раиси

2. Каюмов Абдурахман

Абдумавлянович


-

Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, Кенгаш раисининг ўринбосари


3. Варисова Максуда

Азизовна*


-

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати (келишув асосида)


4. Ганиев Дониёр

Авазович*


-

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати (келишув асосида)


5. Тиллашайхов Мирзаголиб

Нигматович


-

Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори


6. Шарипов Алишер

Мирҳамидович


-

Болалар миллий тиббиёт маркази директори


7. Мирталипов Миразим

Мирсаматович*


-

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг молиялаштириш ва режалаштириш бошқармаси бошлиғи


8. Ибрагимова Сапура

Захидовна*


-

Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институти шифокори


9. Искандаров Камол

Зайниддинович*


-

Болалар миллий тиббиёт маркази шифокори


10. Умарова Азиза

Фархадовна


-

"SmartGov consulting" консалтинглик бюросининг ижрочи директори (келишув асосида)


11. Ходжаханова Мунира

Абдукаххаровна


-

"EZGU AMAL" жамоат фонди васийлик кенгаши раиси (келишув асосида)


12. Қодиров Мирзохиджон

Мухторович


-

"Дори воситалари, тиббий буюмларва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаш Давлат маркази" ДУК директори


13. Махмудова Азиза

Жумановна


-

Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази директорининг илмий-ишлар бўйича ўринбосари, Кенгаш котиби


           

Изоҳ. Кенгаш аъзолари бошқа ишга ўтганлари тақдирда ушбу лавозимларга янгидан тайинланган шахслар ёки тегишли мажбуриятларни бажариш зиммасига юклатилган масъул шахслар кенгаш таркибига киритилади.


*) Ушбу Кенгаш аъзоларининг лавозимлари ўзгариб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида фаолиятларини давом эттирсалар, Кенгаш қарори билан улар Кенгаш таркибида фаолиятларини давом эттиришлари мумкин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 9 апрель












































Время: 0.0054
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск