язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Инвестициялар/ Ўзбекистон Республикасининг 24.12.1998 й. 719-I-сон "Инвестиция фаолияти тўғрисида"ги Қонуни (Эски таҳрири)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

24.12.1998 й.

N 719-I



ИНВЕСТИЦИЯ ФАОЛИЯТИ ТЎҒРИСИДА

(Эски таҳрири)


1-модда. Инвестиция фаолияти тўғрисидаги

қонун ҳужжатлари

Инвестиция фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборат.

Қорақалпоғистон Республикасида инвестиция фаолияти соҳасидаги муносабатлар Қорақалпоғистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан ҳам тартибга солинади.

Чет эл инвестицияларини амалга ошириш билан боғлиқ муносабатларнинг ўзига хос хусусиятлари чет эл инвестициялари тўғрисидаги, чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари билан ҳам тартибга солинади.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг инвестиция фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


2-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


инвестициялар - иқтисодий ва бошқа фаолият объектларига киритиладиган моддий ва номоддий неъматлар ҳамда уларга доир ҳуқуқлар;

инвестиция фаолияти - инвестиция фаолияти субъектларининг инвестицияларни амалга ошириш билан боғлиқ ҳаракатлари мажмуи;


инвестор - ўз маблағларини, қарзга олинган ва жалб этилган маблағларни, мулкий бойликларни ва уларга доир ҳуқуқларни, шунингдек интеллектуал мулкка доир ҳуқуқларни инвестиция фаолияти объектларига инвестициялашни амалга оширувчи инвестиция фаолияти субъекти;

инвестиция фаолияти иштирокчиси - инвесторнинг буюртмаларни бажарувчи сифатида инвестиция фаолиятини таъминловчи инвестиция фаолияти субъекти;

реинвестициялар - инвесторнинг фаолияти натижасида олинган фойдани (даромадни) муомалага киритиш.


3-модда. Мўлжалланган объектига кўра

инвестицияларнинг турлари

Инвестициялар мўлжалланган объектига кўра капитал, инновация ва ижтимоий инвестицияларга бўлинади.

Капитал инвестициялар жумласига асосий фондларни вужудга келтириш ва такрор ишлаб чиқаришга, шунингдек моддий ишлаб чиқаришнинг бошқа шаклларини ривожлантиришга қўшиладиган инвестициялар киради.

Инновация инвестициялари жумласига техника ва технологияларнинг янги авлодини ишлаб чиқиш ва ўзлаштиришга қўшиладиган инвестициялар киради.

Ижтимоий инвестициялар жумласига инсон салоҳиятини, малакаси ва ишлаб чиқариш тажрибасини оширишга, шунингдек номоддий неъматларнинг бошқа шаклларини ривожлантиришга қўшиладиган инвестициялар киради.



4-модда. Инвестицияларни амалга ошириш шакллари

Инвесторлар инвестицияларни қуйидаги йўллар билан амалга оширишлари мумкин:

юридик шахслар тузиш ёки уларнинг устав жамғармаларида (капиталларида) улушли иштирок этиш, шу жумладан, мол-мулкни ёки акцияларни олиш;

қимматли қоғозларни, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси резидентлари томонидан эмиссия қилинган қарз мажбуриятларини олиш;

концессияларни, шу жумладан, табиий ресурсларни қидириш, ишлаб чиқиш, қазиб олиш ёки улардан фойдаланишга бўлган концессияларни олиш;

мулк ҳуқуқини, шу жумладан, улар жойлашган ер участкалари билан биргаликда савдо ва хизмат кўрсатиш соҳалари объектларига, турар жойларга мулк ҳуқуқини, шунингдек ерга ҳамда бошқа табиий ресурсларга эгалик қилиш ва улардан фойдаланиш (шу жумладан, ижара асосида фойдаланиш) ҳуқуқини қонун ҳужжатларига мувофиқ олиш.

Инвесторлар инвестицияларни қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа шаклларда ҳам амалга оширишлари мумкин.

Инвестициялар бирламчи ёки такроран қўшиладиган шаклларининг ўзгартирилиши уларнинг инвестициялар сифатидаги даражасининг ўзгаришига олиб келмайди.



5-модда. Инвестиция ресурслари

Инвестиция ресурслари жумласига қуйидагилар киради:

пул ва бошқа молиявий маблағлар, шу жумладан кредитлар, пайлар, акциялар ва бошқа қимматли қоғозлар;

кўчар ва кўчмас мол-мулк (бинолар, иншоотлар, ускуналар ва бошқа моддий бойликлар) ҳамда уларга доир ҳуқуқлар;

интеллектуал мулк объектлари, шу жумладан, техникавий ҳужжатлар тарзида тузилган техникага, технологияга, тижоратга оид ва бошқа билимлар мажмуи, у ёки бу турдаги ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун зарур бўлган билимлар ва ишлаб чиқариш тажрибаси, ноу-хау;

ерга ва бошқа табиий ресурсларга, бинолар, иншоотлар, ускуналарга эгалик қилиш ва улардан фойдаланиш ҳуқуқи, шунингдек мулк ҳуқуқидан келиб чиқувчи ашёвий ҳуқуқлар;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа бойликлар.



6-модда. Инвестиция фаолияти объектлари

Моддий ва номоддий неъматлар ишлаб чиқариш объектлари инвестиция фаолиятининг объектларидир.

Барпо этилиши ва фойдаланилиши қонун ҳужжатларида белгиланган санитария-гигиена, радиация, экология, архитектура-шаҳарсозликка оид ва бошқа талабларга жавоб бермайдиган, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган объектларга инвестиция киритиш тақиқланади.



7-модда. Инвестиция фаолиятининг субъектлари

Қуйидагилар инвестиция фаолиятининг субъектлари (инвесторлар ва иштирокчилар) бўлишлари мумкин:

Ўзбекистон Республикасининг резидентлари - фуқаролари (жисмоний шахслари), юридик шахслари;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва давлат бошқаруви органлари;

хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар ва чет эллик юридик шахслар ҳамда фуқаролар, шунингдек фуқаролиги бўлмаган шахслар ва Ўзбекистон Республикасининг чет элда доимий яшовчи фуқаролари;

ҳамкорликда инвестиция фаолиятини амалга ошираётган юридик ва жисмоний шахслар, шунингдек давлатлар ва халқаро ташкилотлар.

Инвесторлар қонун ҳужжатларига мувофиқ буюртмачи (маблағ киритувчи), кредитор, сотиб олувчи бўлишлари, шунингдек инвестиция фаолияти иштирокчиси вазифасини бажарувчи бўлишлари мумкин.

Инвестиция фаолиятининг иштирокчилари инвестор билан тузилган шартнома асосида инвесторнинг буюртмасини бажарувчи бўлишлари мумкин.



8-модда. Инвесторнинг ҳуқуқлари

Мулк шаклларидан ва фаолият туридан қатъи назар, инвесторлар инвестиция фаолиятини амалга оширишда тенг ҳуқуқларга эгадирлар.

Инвестицияланиши ушбу Қонун ёки бошқа қонунлар билан чекланган ёхуд тақиқланган объектлардан ташқари, ҳар қандай объектга инвестициялар киритиш инвесторнинг мутлақ ҳуқуқи ҳисобланади ва қонун билан қўриқланади.

Инвестор инвестициялаш мақсади, йўналиши, тури ва ҳажмини мустақил равишда белгилайди, буни амалга ошириш учун шартнома асосида, қоида тариқасида, танлов (тендер) савдосини ўтказиш йўли билан юридик ва жисмоний шахсларни инвестиция фаолияти иштирокчилари сифатида жалб этади.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ инвестор инвестиция объектларига ва уларнинг натижаларига эгалик қилиш, улардан фойдаланиш, уларни тасарруф этиш, шунингдек реинвестиция қилиш ҳуқуқига эга.

Қонун ҳужжатларида белгиланган мулк ҳуқуқини қўлга киритишни келтириб чиқармайдиган объектларга инвестиция киритиш инвесторнинг кейинчалик бу объектларга эгалик қилиш, уларни оператив бошқариш ёки улардан фойдаланишдан олинадиган фойда (даромадлар)да иштирок этиш ҳуқуқини истисно этмайди.

Инвесторнинг қарорига биноан инвестиция объектларига ва уларнинг натижаларига эгалик қилиш, улардан фойдаланиш, уларни тасарруф этиш ҳуқуқи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бошқа юридик ва жисмоний шахсларга берилиши мумкин. Ҳуқуқларни бериш пайтида тарафларнинг ўзаро муносабатлари улар тузадиган шартномалар асосида тартибга солинади.

Агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, инвестор, ўзига зарур бўлган мол-мулкни юридик ва жисмоний шахслардан ўзаро келишув асосида белгиланадиган нарх ва шартларда, ҳажми ва номенклатурасини чекламаган тарзда олишга ҳақли.

Инвестор қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


9-модда. Инвесторнинг мажбуриятлари

Инвестор:

инвестиция лойиҳаларида санитария-гигиена, радиация, экология, архитектура-шаҳарсозликка оид ва бошқа талабларга риоя этилганлиги хусусида экспертиза хулосасини олиши;

рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг талабларига риоя этиши;

солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаши;

шартнома бажарилмаслиги ёки лозим даражада бажарилмаслиги туфайли инвестиция фаолияти иштирокчисига етказилган зарарни қоплаши;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва давлат бошқаруви органларининг ўз ваколати доирасида қўйиладиган талабларини бажариши шарт.

Инвесторнинг зиммасида қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


10-модда. Инвестиция фаолияти иштирокчисининг ҳуқуқлари

Инвестиция фаолиятининг иштирокчиси қуйидагиларга ҳақли:

танлов (тендер) савдосининг иштирокчиси бўлиш;

инвесторлар билан уларнинг буюртмаларини бажариш учун шартномалар тузиш;

агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, инвестор олдидаги ўз мажбуриятини бажаришга бошқа шахсларни жалб этиш;

агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, инвестиция фаолияти объектининг ҳақиқий қийматини пасайтириш натижасида эришилган тежамни мустақил равишда тасарруф этиш.

Инвестиция фаолиятининг иштирокчиси қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.



11-модда. Инвестиция фаолияти иштирокчисининг

мажбуриятлари

Инвестиция фаолиятининг иштирокчиси:

қонун ҳужжатларида белгиланган нормалар, қоидалар ва стандартларга риоя этиши;

шартномаларни ўз вақтида ва лозим даражада бажариши;

шартномани бажармаслиги ёки лозим даражада бажармаслиги туфайли инвесторга етказилган зарарни қоплаши;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва давлат бошқаруви органларининг ўз ваколати доирасида қўйилган талабларини бажариши шарт.

Инвестиция фаолиятининг иштирокчиси лицензияланиши лозим бўлган фаолиятни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда лицензия олиши шарт.

Инвестиция фаолиятининг иштирокчиси зиммасида қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



12-модда. Инвестиция фаолияти субъектларининг

ўзаро муносабатлари

Шартнома тузиш, шериклар ва кафилларни танлаш, мажбуриятларни белгилаш, шунингдек инвестиция фаолияти субъектлари ўзаро муносабатларининг бошқа шартлари қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.



13-модда. Инвестиция фаолиятида нарх белгилаш

Инвестиция фаолияти жараёнида маҳсулот (ишлар, хизматлар) баҳоси, қоида тариқасида, танлов (тендер) савдоси натижаларига кўра, келишилган нархларда белгиланади.

Инвестиция фаолияти субъекти бозорда устун мавқени эгаллаган ҳолларда нархларни давлатнинг ваколатли органи қонунларга мувофиқ тартибга солади.


14-модда. Инвестиция фаолиятини давлат

томонидан тартибга солиш

Инвестиция фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш қуйидаги йўллар билан амалга оширилади:

инвестиция фаолиятининг қонунчилик негизини такомиллаштириш;

солиқ тўловчилар ва солиқ солиш объектларини, солиқ ставкалари ва уларга доир имтиёзларни табақалаштирувчи солиқ тизимини қўллаш;

асосий фондларни жадал амортизация қилиш;

нормалар, қоидалар ва стандартларни белгилаш;

монополияга қарши чораларни қўллаш;

кредит сиёсати ва нарх белгилаш сиёсатини ўтказиш;

ерга ва бошқа табиий ресурсларга эгалик қилиш ва улардан фойдаланиш шартларини белгилаш;

инвестиция лойиҳаларини экспертиза қилиш механизмларини белгилаш;

Ўзбекистон Республикасининг Инвестиция дастурига киритилган инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши мониторингини юритиш.

Инвестиция фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа шаклларда ҳам амалга оширилади.



15-модда. Марказлаштирилган инвестициялар

Давлат инвестиция фаолияти доирасида:

давлат бюджети ва бюджетдан ташқари фондлар маблағи ҳисобидан тўғридан-тўғри молиялаш йўли билан амалга ошириладиган инвестиция;

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати кафолати остида чет эл инвестициялари ва кредитларини жалб этган ҳолда амалга ошириладиган инвестиция марказлаштирилган инвестиция ҳисобланади.

Марказлаштирилган инвестицияларни бошқариш давлат инвестициялари мақсадлари учун объектларни, инвестициялаш шарт-шароитларини белгилашдан ва улар билан боғлиқ бошқа масалаларни ҳал этишдан иборат.

Марказлаштирилган инвестицияларни бошқариш маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва давлат бошқарув органлари томонидан уларнинг ваколатлари доирасида амалга оширилади.



16-модда. Марказлаштирилган инвестицияларни

амалга ошириш бўйича қарорлар қабул қилиш

Марказлаштирилган инвестицияларни амалга ошириш бўйича қарорлар давлат органлари томонидан ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг истиқболга мўлжалланган тахминлари, аниқ мақсадга мўлжалланган илмий-техник ва комплекс давлат дастурлари ҳамда ана шу инвестицияларнинг мақсадга мувофиқлигини аниқловчи техник-иқтисодий асослар негизида қабул қилинади.

Умумдавлат аҳамиятига молик бўлган аниқ мақсадга мўлжалланган комплекс давлат дастурларининг лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган тартибда ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси давлат бюджетидан молияланадиган инвестицияларнинг ҳажмларини тасдиқлайди.


17-модда. Марказлаштирилган инвестицияларни

жойлаштириш

Марказлаштирилган инвестицияларни жойлаштириш, қоида тариқасида, давлат контракти асосида амалга оширилади.

Давлат контракти инвестиция фаолияти иштирокчисини - бажарувчини танлов (тендер) асосида саралаб олиш орқали тузилади. Бунда мазкур бажарувчи учун қонун ҳужжатларида муайян имтиёзлар белгилаб қўйилиши мумкин.



18-модда. Ўзбекистон Республикасининг

Инвестиция дастури

Ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг устувор йўналишларида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган Ўзбекистон Республикасининг Инвестиция дастурига киритилади.

Ўзбекистон Республикасининг Инвестиция дастурига киритилган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш иштирокчиларига солиққа оид ва бошқа имтиёзлар берилади. Ҳар бир алоҳида инвестиция лойиҳаси бўйича ёки умуман Ўзбекистон Республикасининг Инвестиция дастури бўйича бериладиган имтиёзларнинг аниқ рўйхати қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқланади.


19-модда. Инвестиция лойиҳалари экспертизаси

Бюджет маблағлари ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига, шунингдек чет эл инвестицияларини Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумати кафолати остида жалб этилган ҳолда молияланадиган инвестиция лойиҳалари экспертизадан ўтказилиши шарт. Экспертизани ўтказиш тартибини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайди. Бошқа манбалар ҳисобига молияланадиган инвестиция лойиҳалари санитария-гигиена, радиация, экология, архитектура-шаҳарсозликка оид ва бошқа талаблар бажарилишига доир қисмида, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат экспертизасидан ўтказилиши лозим.

Банкларнинг кредит ресурслари ҳисобидан молияланадиган кичик тадбиркорлик инвестиция лойиҳалари тижорат банки томонидан мазкур инвестиция лойиҳасини амалга оширишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида экспертиза қилиниши лозим.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари доирасида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари шу шартномаларда назарда тутилган тартибда экспертиза қилиниши лозим.



20-модда. Инвестиция фондлари

Инвестиция фаолиятини амалга ошириш мақсадида тегишли инвестиция фондлари ташкил этилиши мумкин.


21-модда. Инвестиция фаолияти субъектлари

ҳуқуқларининг кафолатлари

Давлат инвестиция фаолияти субъектларининг ҳуқуқларини кафолатлайди.

Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари инвестиция фаолияти субъектларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилаётган фаолиятига аралашишга ҳақли эмас.

Агар давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари инвестиция фаолияти субъектларининг фаолиятида қонун ҳужжатлари бузилганлигини аниқласалар, улар ваколатлари бўлган ва муайян қоидабузарликни бартараф этиш билан бевосита боғлиқ чораларни кўришлари мумкин. Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари қоидабузарлик мавжудлиги фактидан инвестиция фаолияти субъектларининг бошқа қонуний фаолиятига аралашиш ёки фаолиятини чеклаб қўйиш учун асос сифатида фойдаланиши мумкин эмас.

Ушбу модданинг қоидалари халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принципларига мувофиқ белгиланадиган, Ўзбекистон Республикасининг миллий хавфсизлигини таъминлашга бевосита боғлиқ бўлган қонун ҳужжатларини қабул қилиш, уларга қўшимчалар киритиш ёки уларни бекор қилишга нисбатан татбиқ этилмайди.


22-модда. Инвестицияларни ҳимоя қилиш

Давлат инвестициялар ҳимоя қилинишини кафолатлайди.

Ўзбекистон Республикасида инвестициялар ва инвесторларнинг бошқа активлари давлат мулкига айлантирилмайди.

Инвестициялар ва инвесторларнинг бошқа активлари реквизиция қилинмайди, табиий офатлар, авариялар, эпидемиялар, эпизоотия ҳоллари ва бошқа фавқулодда хусусиятга эга бўлган ҳолатлар бундан мустасно.

Инвестицияларни реквизиция қилиш тўғрисидаги қарор:

ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган ҳоллардан келиб чиқувчи вазифаларни ҳал этиш учун зарур бўлган инвестициялар ёки бошқа активларнинг энг кам миқдори чекланадиган;

камситилмайдиган асосда ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга ошириладиган;

етказилган зарарга монанд равишда компенсация тўланадиган реквизиция бўйича талабларга риоя этилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинади. Давлат кўрсатиб ўтилган компенсация тўловлари ўз вақтида амалга оширилишига кафил бўлади.

Инвестор Инвестицияларни реквизиция қилиш тўғрисидаги қарор юзасидан суд тартибида низолашишга ҳақли.

Инвестициялар суғурта қилиниши мумкин, қонунда назарда тутилган ҳолларда эса суғурта қилиниши шарт.


23-модда. Маблағлардан фойдаланиш кафолатлари

Инвестиция фаолияти субъектининг инвестиция фаолияти натижасида олинган фойдаси (даромади) солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўлангач, унинг хоҳишига кўра реинвестиция қилиниши ёки бошқа ҳар қандай усулда ишлатилиши мумкин.

Инвестиция фаолияти субъекти олган акциялар ва бошқа қимматли қоғозлар, унинг мақсадли банк омонатлари, шунингдек олинган мол-мулк олиб қўйилган (реквизиция қилинган) ҳолларда улар қиймати ёки ижара тўловлари қонун ҳужжатларига мувофиқ қопланади (компенсация тўланади).

Инвестиция фаолияти субъектининг ҳисобварақларидан фойдаланишни чеклаб қўйиш ёки маблағларни мажбуран олиб қўйиш қонунда белгиланган тартибда амалга оширилиши мумкин.


24-модда. Инвестицияларнинг қўшимча

кафолатлари ва ҳимоя қилиш чоралари

Инвестицияларнинг қўшимча кафолатлари ва ҳимоя қилиш чоралари ҳукумат томонидан кафолатлар беришни, инвестиция лойиҳаларини молиявий таъминлашда кўмаклашишни, махсус солиқ ва тўлов режими яратилишини, лойиҳалар амалга оширилишининг давлат мониторинги юритилишини ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа чораларни ўз ичига олиши мумкин.

Инвестицияларнинг қўшимча кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари инвестиция фаолияти субъектларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига биноан берилади.



25-модда. Очиқ ахборотдан эркин фойдалана олиш

Инвестиция фаолияти субъектларининг манфаатларига муайян тарзда дахлдор умум мажбурий тусдаги қонун ҳужжатларидан улар эркин фойдалана олишлари лозим.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва давлат бошқаруви органлари инвестиция фаолияти субъектларининг сўровларига кўра уларни қизиқтирган ахборотни қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда беришлари шарт.


26-модда. Инвестиция фаолиятини чеклаб

қўйиш, тўхтатиб туриш ёки тугатиш

Инвестиция фаолиятини чеклаб қўйиш, тўхтатиб туриш ёки тугатиш инвесторнинг, давлатнинг ваколатли органи ёки суднинг қарорига кўра амалга оширилиши мумкин.

Инвестиция фаолиятини чеклаб қўйиш, тўхтатиб туриш ёки тугатиш тўғрисидаги қарор:

инвестор қонунда белгиланган тартибда банкрот деб эълон қилинган ёки топилган;

фавқулодда вазиятлар юзага келган;

инвестиция фаолияти жараёнида қонун ҳужжатларида белгиланган санитария-гигиена, радиация, экология, архитектура-шаҳарсозликка оид ва бошқа талаблар, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилишига олиб келиши мумкин бўлган ҳолатлар аниқланган ҳолларда қабул қилиниши мумкин.

Тадбиркорлик субъекти фаолиятини тўхтатиб туриш ёки тугатишга олиб келадиган инвестиция фаолиятини чеклаб қўйиш, тўхтатиб туриш (фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва саломатлиги учун бошқа реал хавф юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ ҳолда инвестиция фаолиятини ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб қўйиш ҳоллари бундан мустасно) ёки тугатиш суд тартибида амалга оширилади.

Инвестиция фаолияти субъектига ушбу модда иккинчи қисмининг учинчи хатбошисида кўрсатилган ҳолларда етказилган зарарни қоплаш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.


27-модда. Инвестиция фаолияти тўғрисидаги қонун

ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Инвестиция фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор бўлган шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Инвестиция фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилган тақдирда, инвестиция фаолиятининг субъекти етказилган зарарнинг, шу жумладан, бой берилган фойданинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эгадир.


28-модда. Низоларни ҳал этиш

Инвестициялар билан боғлиқ низолар (инвестицияга оид низолар) суд томонидан ҳал этилади.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                         И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ахборотномаси", 1999 й., N 1, 10-модда