ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Норматив-ҳуқуқий актларни тайёрлаш, қабул қилиш ва тизимлаштириш /

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек уларга илова қилинадиган ахборот-таҳлилий материалларни юридик-техник жиҳатдан расмийлаштиришнинг Ягона услубиёти (ЎзР 20.04.2021 й. ЎРҚ-682-сон Қонунига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикасининг

2021 йил 20 апрелдаги

ЎРҚ-682-сон Қонунига

ИЛОВА



Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар

лойиҳаларини, шунингдек уларга илова

қилинадиган ахборот-таҳлилий материалларни

юридик-техник жиҳатдан расмийлаштиришнинг

ЯГОНА УСЛУБИЁТИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Ягона услубиёт норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини (бундан буён матнда лойиҳа деб юритилади), шунингдек уларга илова қилинадиган ахборот-таҳлилий материалларни юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш тартибини белгилайди.


2. Лойиҳани расмийлаштиришнинг асосий принциплари:

юридик шаклнинг аниқлиги ва қатъийлиги;

тилнинг равон ва тушунарли бўлиши;

муносабатларнинг тегишли соҳасини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг тўлиқлиги;

ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг аниқлиги;

синовдан ўтган атамалар, тушунчалар ва ифодалардан фойдаланиш;

нормалар таърифининг мумкин қадар аниқлиги ва лўндалиги;

ҳуқуқий кўрсатмаларни баён этиш шакли, тузилиши ва усулларининг бир хиллиги, ягоналиги;

қонунчилик техникаси қоидаларига риоя этилиши.



2-БОБ. ЛОЙИҲАНИНГ МАТНИГА

ВА ТУЗИЛИШИГА ДОИР ТАЛАБЛАР


1-§. Умумий қоидалар


3. Лойиҳанинг матни лўнда, оддий ва равон тилда баён этилган бўлиши керак. Лойиҳанинг матни турлича шарҳлаш ва талқин қилинишларга олиб келмаслиги керак. Лойиҳанинг жумлалари расмий тил услубидан ва юридик атамалардан фойдаланилган ҳолда, умумий қабул қилинган грамматика, имло ва пунктуация қоидаларига мувофиқ тузилади.


4. Лойиҳанинг матни қуйидаги талабларга мувофиқ бўлиши керак:

жумлаларнинг соддалиги ва қисқалиги;

таърифнинг аниқлиги;

баён этишнинг тизимлилиги ва кетма-кетлиги.


5. Лойиҳада, шунингдек унга илова қилинадиган ахборот-таҳлилий материалларда қуйидагиларнинг қўлланилишига йўл қўйилмайди:

оғзаки нутқ шакллари;

давлат тилида тенг маъноли сўзлар ва тушунчалар мавжуд бўлган тақдирда, чет тиллари атамалари;

эскирган ҳамда кўп маънони англатадиган сўзлар ва иборалар, мажозий таққослашлар, сифатлашлар, киноялар;

аббревиатура ва қисқартмалар (бундан умумий қабул қилинган аббревиатура ва қисқартмалар, шунингдек қонуности ҳужжатларининг иловаларидаги ташкилотларнинг қисқартирилган номлари мустасно).


6. Лойиҳада қонунчиликда мавжуд бўлмаган тушунча ва атамалар, шунингдек техникавий ва бошқа махсус тушунчалардан фойдаланилганда уларнинг таърифлари берилади. Қонунчилик амалиётига мувофиқ умум қўлланиладиган тушунчаларга таъриф бериш талаб этилмайди.


7. Тушунчанинг ёки атаманинг таърифи унинг мазмунини тўлиқ очиб бериши керак. Тушунчани ёки атамани айнан шу тушунчанинг ўзи ва атама орқали, шунингдек ўзи таърифланиши лозим бўлган бошқа тушунча ва атамалар орқали таърифлашга йўл қўйилмайди.


8. Лойиҳада кўп маротаба қўлланилган уч ва ундан ортиқ тушунчага таъриф бериш зарурати бўлганда, улар алоҳида банд (модда)да кўрсатилади ва лойиҳа матнининг бошида келтирилади.


9. Сўз бирикмалари бир неча марта қўлланилган тақдирда, улар биринчи бор қайси таркибий бирликда (моддада, қисмда, бандда, кичик бандда, хатбошида) қўлланилган бўлса, ўша таркибий бирликда тўлиқ таҳрирда баён қилинади ва мазкур тушунчанинг лойиҳанинг кейинги қоидаларида қўлланиладиган қисқартирилган таърифи қавс ичида бош келишикда кўрсатилади.


10. Лойиҳада, қоида тариқасида, худди шундай юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатда кўрсатилган ҳуқуқий нормалар қайта такрорланмайди.

Зарур бўлганда, лойиҳада юқорироқ юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг айрим қоидалари мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ҳавола қилинган ҳолда акс эттирилади.


11. Бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга доир ҳаволалар ҳуқуқий нормаларнинг ўзаро боғлиқлигини кўрсатиш зарурати бўлган ҳоллардагина ёки такрорлашларга йўл қўймаслик учунгина лойиҳа матнига киритилишига йўл қўйилади. Ҳаволалар аниқ бўлиши ва муайян норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг алоҳида қоидаларини кўрсатиши керак.

Ҳар бир ҳавола лойиҳа бўйича тайёрланаётган тушунтириш хатида норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг реквизитлари, унинг ҳавола қилинаётган таркибий бирлиги кўрсатилган ҳолда асослантирилиши керак.

Лойиҳада пастроқ юридик кучга эга бўлган аниқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, давлат органларининг баённомаларига, топшириқларига ва хатларига ҳавола қилишга йўл қўйилмайди.


12. Қонун лойиҳасида (қонунда) қонун ҳужжатларига ҳавола қилиш зарурати бўлганда кетма-кетлик тартибида қонун ҳужжатининг тури ва номи кўрсатилади. Бунда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарори бўйича уни қабул қилиш санаси ва рақами ҳам кўрсатилади.


13. Модданинг (банднинг) матнини шу норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг бошқа моддаларида (бандларида) такрор баён қилишга, шунингдек идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга бошқа идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишни назарда тутувчи нормалар киритилишига йўл қўйилмайди.


14. Лойиҳанинг тузилиши ҳуқуқий тартибга солиш предметининг мантиқан ривожланиб бориши ва ёритилишини таъминлаши керак.


15. Ҳажмига кўра қонуности ҳужжатининг лойиҳаси пасайиб борувчи қуйидаги таркибий бирликларга бўлинади: бўлимлар, кичик бўлимлар, боблар, параграфлар, бандлар, кичик бандлар ва хатбошилар.

Қонун лойиҳаларининг бўлиниши мазкур бобнинг 2-параграфига мувофиқ амалга оширилади.


16. Лойиҳанинг бўлимлари рим рақамлари, кичик бўлимлари ва боблари эса араб рақамлари билан рақамланади ва сарлавҳаларга эга бўлади. Параграфлар "§" белгиси билан белгиланади, араб рақамлари билан рақамланади ва сарлавҳаларга эга бўлади.

Бўлимлар, кичик бўлимлар, боблар ва параграфларнинг белгиси ва номи бош ҳарф билан, "ярим қора" шрифтда, матн марказига тўғриланган ҳолда, қўштирноқларсиз, қаторлар ўртасидаги бирлик интервалда ва сатр бошисиз, битта қаторда рақами кўрсатилиб, кетидан нуқта қўйилган ҳолда ёзилади.


17. Қуйидаги таркибий бирликнинг киритилишига йўл қўйилмайди:

агар лойиҳада боблар бўлмаса, "бўлим" бирлигининг;

агар лойиҳада бўлимлар бўлмаса, "кичик бўлим" бирлигининг;

агар лойиҳада бандлар бўлмаса, "кичик банд" ва "хатбоши" бирликларининг.


18. Ҳар бир ишлаб чиқиладиган лойиҳа номга эга бўлиши керак. Ном қисқа, тушунарли ифодаланиши ва унинг асосий ҳуқуқий тартибга солиш предметини акс эттириши зарур.


19. Лойиҳа уни қабул қилиш сабаблари ва мақсадларини тушунтиришдан иборат бўлган, лойиҳанинг бошланишида жойлаштириладиган муқаддимага эга бўлиши мумкин.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг муқаддимаси унинг мазмунини мантиқий ривожлантирувчи бир нечта хатбошиларда баён этилиши мумкин.

Муқаддима:

мустақил норматив кўрсатмаларни ўз ичига олмаслиги;

моддалар ва бандларга бўлинмаслиги;

норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниши муносабати билан ўз кучини йўқотган деб топилиши, ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши лозим бўлган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга доир ҳаволаларга эга бўлмаслиги;

лойиҳада қўлланиладиган асосий тушунчаларнинг аҳамиятини ўз ичига олмаслиги;

рақамланмаслиги керак.


20. Лойиҳанинг муқаддимасида (идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар учун мажбурий) лойиҳанинг қабул қилиниши учун асос бўлган ёки ижроси таъминланаётган қонунчилик ҳужжатлари кўрсатилиши мумкин.


21. Лойиҳада ҳуқуқий нормалар араб рақамларида нуқта қўйилган ҳолда рақамланиб, моддалар ва бандлар тарзида баён қилинади, шунингдек сарлавҳаларга эга бўлмайди, бундан моддалар мустасно.

Ҳуқуқий нормаларни иккиланган (қўшалоқ) тарзда рақамлашга йўл қўйилмайди.


22. Ҳар бир модда ва банд, қоида тариқасида, битта ҳуқуқий нормани ўз ичига олиши ҳамда тўлиқ ва тугалланган мазмунга эга бўлиши керак.

Лойиҳанинг қарор қисмига энг муҳим бўлган ҳуқуқий нормалар киритилади, бундан қонун лойиҳалари мустасно.


23. Бандлар кичик бандлар ёки хатбошиларга бўлиниши мумкин.


24. Кичик бандлар доирасимон қавс билан ёпиладиган кичик ҳарфлар билан белгиланади. Ҳарфлар алифбо бўйича кетма-кетликда баён қилиниши керак.


25. Кичик бандлар фақат хатбошиларга бўлиниши мумкин. Хатбошилар бошланишида дефис ёки бошқа белгиларни ишлатишга йўл қўйилмайди.


26. Лойиҳага талаблар, рўйхатлар, жадваллар, графиклар, тарифлар, хариталар, схемалар, тузилмалар, ҳужжатларнинг, бланкаларнинг намуналари, шунингдек тавсия хусусиятига эга ҳужжатлар (намунавий низомлар, уставлар, шартномалар, услубий тавсиялар ва бошқалар) илова қилиниши мумкин.


27. Агар лойиҳанинг қарор қисмидаги бандлари (кичик бандлари, хатбошилари) билан, қонун лойиҳаларида эса моддалар (қисмлар, бандлар, кичик бандлар, хатбошилар) билан ҳужжатларни тасдиқлаш назарда тутилган бўлса, норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг тегишли таркибий бирлиги ва у томонидан тасдиқланадиган ҳужжатнинг номи бир-бирига мос равишда баён этилиши керак.


28. Бўлимлардан иборат бўлган иловалар изчил кетма-кетликда рақамланган бандларга эга бўлади. Бўлим рим рақамлари билан белгиланадиган тартиб рақамига ва номга эга бўлади.



2-§. Қонун лойиҳалари (қонун) тузилишининг

ўзига хос хусусиятлари


29. Қонун лойиҳасининг тузилиши унинг мазмунига боғлиқ бўлади ва қуйидаги кетма-кетликда белгиланади:

қўлланилиш ёки амал қилиш соҳаси;

умумий қоидалар: ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг асосий принциплари, қонунда фойдаланиладиган тушунчалар ва махсус атамаларнинг таърифи, субъектларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳаси нормаларини амалга оширишнинг механизмлари;

қабул қилинаётган қонун нормаларини бузганлик учун жавобгарлик тўғрисидаги норма;

айрим қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни, шунингдек мазкур қонун қабул қилиниши муносабати билан қонунларни ўз кучини йўқотган деб топишни назарда тутадиган нормалар;

қабул қилинаётган қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш зиммасига юклатилаётган субъект;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилинаётган қонунга мувофиқлаштириш тўғрисидаги топшириқ;

қонуннинг кучга кириш тартиби.


30. Қонун лойиҳасида (қонунда) пастлаб борувчи қуйидаги таркибий бирликлардан фойдаланилади:

қисм;

бўлим;

кичик бўлим;

боб;

параграф;

модда.


31. Қонун лойиҳаси (қонун) моддасида пастлаб борувчи қуйидаги таркибий бирликлардан фойдаланилади:

қисм;

банд;

кичик банд;

хатбоши.

Йирик тизимлаштирилган қонун лойиҳалари қисмларга, бўлимлар кичик бўлимларга, боблар параграфларга бўлиниши мумкин.


32. Қонун лойиҳаси (қонун) қисмининг белгиси ва номи саҳифанинг ўртасига бош ҳарфлар билан тагма-таг ёзилади. Қонун лойиҳаси (қонун) қисмининг номи "ярим қора" шрифтда ёзилади.


33. Бўлимлар рим рақамлари, кичик бўлимлар ва боблар эса араб рақамлари билан рақамланади ҳамда сарлавҳаларга эга бўлади. Параграфлар "§" белгиси билан белгиланади, араб рақамлари билан рақамланади ва сарлавҳаларга эга бўлади.

Кичик бўлимлар, боблар ва параграфларнинг белгиси ва номи бош ҳарф билан, бўлимларнинг белгиси ва номи эса бош ҳарфлар билан "ярим қора" шрифтда, қўштирноқларсиз, қаторлараро бирлик интервалда, битта қаторда рақами кўрсатилиб, кетидан нуқта қўйилган ҳолда ёзилади.


34. Қонун лойиҳасининг (қонуннинг) моддаси:

унинг асосий таркибий бирлиги ҳисобланади;

араб рақамлари билан белгиланадиган тартиб рақамига эга бўлади;

номга эга бўлади, бундан айрим қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек уларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги қонун лойиҳалари мустасно.

Модда белгиси бош ҳарф билан ва хатбошидан ёзилади.

Модданинг номи унинг рақам белгиси билан бир қаторга бош ҳарф билан "ярим қора" шрифтда ёзилиб, ундан кейин нуқта қўйилади. Агар модда номга эга бўлмаса, у ҳолда модданинг рақамидан кейин нуқта қўйилади ҳамда модданинг белгиси бош ҳарф билан ва ярим қора шрифт билан хатбошидан ёзилади.

Модда рақамланмайдиган қисмларга бўлинади. Модда қисмларининг жойлашув тартиби бош ҳарф билан бошланадиган ва нуқта билан тугайдиган хатбошиларни кетма-кет санаш орқали аниқланади.

Моддаларнинг қисмлари бандларга бўлиниб, бандлар доирасимон қавс билан ёпиладиган араб рақамлари ёки кичик ҳарфлар билан белгиланади. Моддаларнинг қисмлари хатбошиларга бўлиниши мумкин.

Бандлар қавс ичида араб рақамлари билан кичик бандларга ёки хатбошиларга бўлиниши мумкин.


35. Қонун лойиҳасининг (қонуннинг) қисмлари, бўлимлари, кичик бўлимлари, боблари, параграфлари ва моддалари изчил кетма-кетликда рақамланиши керак. Ҳар бир бобнинг (параграфнинг) моддаларини алоҳида-алоҳида рақамлашга ёки ҳар бир бўлимнинг (кичик бўлимнинг) бобларини алоҳида-алоҳида рақамлашга йўл қўйилмайди.


36. Қонун лойиҳасига (қонунга) қисмлар, бўлимлар, кичик бўлимлар, боблар, параграфлар, моддалар ёки бутун қонун лойиҳасига (қонунга) доир изоҳлар киритилиши мумкин эмас.


37. Агар қонун лойиҳасига (қонунга) бир нечта илова мавжуд бўлса, улар "№" белгиси кўрсатилган ҳолда араб рақамлари билан рақамланади. Қонун лойиҳасининг (қонуннинг) матнида иловага ҳавола қилинганида "№" белгиси кўрсатилади.

Илова белгиси 12 ўлчамли шрифтда қонун лойиҳаси (қонун) матнидан кейинги саҳифанинг юқорисидаги ўнг бурчакка, қонуннинг рақами ва имзоланган санаси кўрсатилмаган ҳолда жойлаштирилади.

Илованинг номи саҳифанинг ўртасига жойлаштирилади.



3-§. Қонун лойиҳаси (қонун) нормаларини

баён этишга доир умумий талаблар


38. Қонун қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:

нормаларнинг бир хил талқин қилинишини таъминловчи, уларни аниқлаштириш учун қонуности ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилишни талаб этмайдиган ҳолда батафсил ифода этилиши;

қонун матнида уни амалга оширишнинг аниқ механизми мавжудлиги;

қонун лойиҳасида ҳуқуқий муносабатлар субъектлари ҳуқуқ ва мажбуриятларининг тўлиқ рўйхати мавжудлиги;

декларатив ва мавҳум нормаларнинг йўқлиги.


39. Қонун нормалари бошқа қонунлар нормалари билан ўзаро боғлиқ бўлиши керак. Бунда қонун нормаларининг таърифи бошқа қонунларда қўлланиладиган таърифлар билан бир хил баён этилиши керак.


40. Қонун лойиҳасининг (қонуннинг) матнини ишлаб чиқиш жараёнида унда қонунчилик тизимлаштирилади, қонуности ҳужжатларида мавжуд бўлган барча ҳуқуқий нормалар бирлаштирилади, қонунчиликдаги бўшлиқларни тўлдирувчи янги нормалар ишлаб чиқилади, айрим ҳуқуқий кўрсатмалар ўртасидаги номувофиқликлар, асоссиз такрорланишлар ва қарама-қаршиликлар бартараф этилади.

Бунда қонун қабул қилингач, нормалари қонунда ўз аксини топган барча эски қонуности ҳужжатлари ўз тартибга солиш заруратини йўқотади ва кучини йўқотган деб топилиши лозим.


41. Бир ҳужжатда муайян ҳуқуқ тармоғининг ва ижтимоий муносабатлар соҳасининг барча масалалари имкон қадар тўлиқ тартибга солиниши керак. Қонуннинг айрим нормаларини ўзгартириш зарурати бўлганда, янги алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжатни шакллантирмаган ҳолда уларни мазкур қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар сифатида расмийлаштириш керак.


42. Қонун лойиҳаси билан бир вақтда қуйидагилар ишлаб чиқилади:

қонун қабул қилиниши муносабати билан ўз кучини йўқотган деб топилиши лозим бўлган қонуности ҳужжатлар рўйхати;

қонун лойиҳасига кирган қонуности ҳужжатлари нормаларини ўз ичига олган қиёсий жадвал ва бундай бирлаштиришнинг асоси;

қонун қабул қилинганлиги муносабати билан амалдаги қонуности ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ёки уларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги қарор лойиҳалари.



3-БОБ. ЛОЙИҲАЛАРНИ ЮРИДИК-ТЕХНИК

ЖИҲАТДАН РАСМИЙЛАШТИРИШ ВА РАСМИЙ

ЭЪЛОН ҚИЛИШ МАНБАЛАРИНИ КЎРСАТИШ ТАРТИБИ


1-§. Умумий қоидалар


43. Лойиҳанинг матни А4 форматдаги қоғоз варағининг бир томонида унинг масштаби кичрайтирилмаган ҳолда жойлаштирилиши керак.


44. Агар лойиҳа икки ёки ундан ортиқ саҳифада баён этилган бўлса, унинг ҳар бир саҳифаси ва иловалари алоҳида рақамланиши керак. Саҳифанинг тартиб рақами саҳифанинг юқорисида ўртада 2 рақамидан бошлаб ёзилади. Биринчи саҳифада 1 рақами қўйилмайди.


45. Лойиҳалар, қоида тариқасида, Мiсrоsоft Wоrd редакторидан ва қуйидаги параметрлардан фойдаланган ҳолда тайёрланади:

саҳифанинг чап ҳошияси 3 см, ўнг ҳошияси 2 см, паст ва юқори ҳошиялари 2 см;

идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари учун 12 ўлчамли шрифт, бошқа лойиҳалар учун 14 ўлчамли шрифт;

биринчи қаторнинг сатр бошиси 1,27 см (қонун лойиҳалари учун 1,25);

қаторлар ўртасидаги интервал (множитель) 1.


46. Лойиҳанинг (бундан идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси мустасно) биринчи саҳифа юқори қисмининг ўнг бурчагида "Лойиҳа" сўзи қўйилади, унинг ўлчами матн шрифти ўлчами билан айнан бир хил бўлиши лозим.


47. Лойиҳа турининг матни бош ҳарфлар билан, матнни марказга тўғрилаган ҳолда, "ярим қора" шрифтда, қаторлар ўртасидаги бирлик интервалда ва сатр бошисиз расмийлаштирилади. Қонун ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони ва қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари лойиҳаларининг тури икки қаторда ифодаланади.


48. Лойиҳанинг номи кичик ҳарфларда, "ярим қора" шрифтда, матн марказга тўғриланган ҳолда, қўштирноқларсиз, қаторлараро бирлик интервалда ва сатр бошисиз ёзилади.


49. Матннинг ҳар бир қаторида сўзлар кўчирилмасдан тугалланган бўлиши лозим. Ҳар бир қатор охирида боғловчилар, "№" белгиси, сонлар қисми, аббревиатуралар ва бошқа шу кабилар, қоида тариқасида, қолдирилмайди.


50. Илова белгиси 12 ўлчамли шрифтда саҳифанинг юқори ўнг бурчагида, илованинг рақами (агар иловалар бир нечта бўлса), илова қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжат тури кўрсатилган ҳамда ҳужжат рақами ва санаси учун жой қолдирилган ҳолда жойлаштирилади.


51. Илованинг номи кичик ҳарфларда, "ярим қора" шрифтда, матн марказга тўғриланган ҳолда, қўштирноқларсиз, қаторлар ўртасидаги бирлик интервалда ва сатр бошисиз ёзилади.



2-§. Ўзбекистон Республикасининг халқаро

шартномаларини ратификация қилиш тўғрисидаги

қонун лойиҳаларини (қонунларни) юридик-техник

жиҳатдан расмийлаштиришнинг ўзига хос хусусиятлари


52. Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини ратификация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси (қонун) бир нечта халқаро шартномани ратификация қилишни ўз ичига олса, бундай қонун лойиҳаси (қонун) моддалари номга эга бўлмаган қонун лойиҳаларига (қонунларга) нисбатан қўлланиладиган умумий қоидаларга мувофиқ расмийлаштирилади.

Ратификация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасидаги (қонундаги) Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномасининг номи ушбу халқаро шартнома имзоланган асл нусхадаги ном билан айнан бир хил бўлиши керак.



3-§. Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини

юридик-техник жиҳатдан расмийлаштиришнинг

ўзига хос хусусиятлари


53. Вазирликлар ёки идораларнинг буйруқлари ва қарорлари матнлари Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвирланган тегишли бланкаларда ёзилиши ва уларни қабул қилган органнинг (органларнинг) номини ўз ичига олган бўлиши керак.

54. Битта буйруқ ёки қарор билан бир нечта низом, қоида ёки йўриқнома тасдиқланишига йўл қўйилмайди.



4-§. Расмий эълон қилиш манбаларини кўрсатиш тартиби


55. Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилганида қуйидагилар кўрсатилади:

қонун эълон қилинган расмий манба ёки янги таҳрирдаги (агар у бўлса) қонун эълон қилинган расмий манба;

қонун ҳужжатига киритилган барча кейинги ўзгартиш ва қўшимчалар эълон қилинган расмий манбалар.


56. Қонун ўз кучини йўқотган деб топилганда қонун эълон қилинган расмий манба ёки янги таҳрирдаги (агар у бўлса) қонун эълон қилинган расмий манба кўрсатилади. Шунингдек, ўз кучини йўқотган деб топилаётган асосий қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар қайси қонунлар билан киритилган бўлса, ўша қонунлар ҳам уларнинг расмий эълон қилинган манбаи кўрсатилиб, алоҳида тарзда ўз кучини йўқотган деб топилади.



4-БОБ. НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ ҲУЖЖАТЛАРГА

ЎЗГАРТИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ, ШУНИНГДЕК

УЛАРНИ ЎЗ КУЧИНИ ЙЎҚОТГАН ДЕБ ТОПИШ ТЎҒРИСИДАГИ

ЛОЙИҲАЛАРНИ ТАЙЁРЛАШНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ


1-§. Умумий қоидалар


57. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек уларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги лойиҳа, қоида тариқасида, қуйидаги ҳолларда тайёрланади:

Ўзбекистон Республикаси қонунларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатларининг ва Вазирлар Маҳкамаси қарорларининг қонунчиликни янгидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқлаштиришга доир талабларини бажариш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг топшириқларини бажариш учун;

агар ишлаб чиқилаётган лойиҳа бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ёки қўшимчалар киритиш, шунингдек уларни ўз кучини йўқотган деб топиш заруриятини келтириб чиқарса;

лойиҳани тайёрлаш жараёнида худди шундай муносабатларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжудлиги маълум бўлиб қолганда ҳамда янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилмасдан мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш йўли билан ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш имконияти аниқланганда;

айни бир масала бўйича бир талай норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд бўлишини ва ҳуқуқий нормаларда аниқланган зиддиятларни бартараф этиш учун.


58. Қуйидагилар норматив-ҳуқуқий ҳужжатга ўзгартишлар киритиш деб эътироф этилади:

рақамлар, сўзлар, жумлалар, графалар, блоклар ва позицияларни алмаштириш;

хатбошилар, кичик бандлар, бандлар, моддалар (моддаларнинг қисмлари), параграфлар, боблар, кичик бўлимлар, бўлимлар, қисмлар, иловаларни ўз кучини йўқотган деб топиш ёки рақамлар, сўзлар, жумлалар, графалар, блоклар, позициялар ва хатбошиларни чиқариб ташлаш;

хатбошилар, кичик бандлар, бандлар, моддалар (моддаларнинг қисмлари), параграфлар, боблар, кичик бўлимлар, бўлимлар, қисмлар, иловаларни, шунингдек параграфлар, боблар, кичик бўлимлар, бўлимлар, қисмлар, иловаларнинг номларини янги таҳрирда баён қилиш.

Графа - икки вертикал чизиқ билан чегараланган жадвал шаклида ифодаланган матннинг, ҳужжатнинг бўлими ёки банди.

Блок - турли шаклларда (тўртбурчак, тўғри бурчак, цилиндр, овал ва ҳ.к.) функционал жиҳатдан бирлаштирилган жадвалларнинг бир қисми;

Позиция - икки горизонтал чизиқ билан чегараланган жадвал шаклида графада ифодаланган матннинг, ҳужжатнинг бўлими, кичик бўлими, боби, банди, кичик банди.


59. Қуйидагилар норматив-ҳуқуқий ҳужжатга қўшимчалар киритиш деб эътироф этилади:

норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг таркибий бирлигини янги сўзлар, рақамлар ёки жумлалар билан тўлдириш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни таркибий бирликлар (қисм, бўлим, кичик бўлим, боб, параграф, илова, графа, блок, позиция, модда (модданинг қисми), банд, кичик банд ва хатбоши) билан тўлдириш.


59-1. Қонуности ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни, шунингдек уларни ўз кучини йўқотган деб топишни назарда тутувчи қонуности ҳужжати лойиҳасининг номида мазкур лойиҳа билан киритилаётган асосий ўзгартиш ва қўшимчаларнинг моҳияти кўрсатилиши керак.

59-2. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни, шунингдек уларни ўз кучини йўқотган деб топишни назарда тутувчи лойиҳа, қоида тариқасида, уни қабул қилиш зарурияти, сабаблари ва мақсадларига оид тушунтиришни қамраб олган, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг моҳиятини ва аҳамиятини очиб берадиган муқаддимага эга бўлади. Зарур бўлган тақдирда, қонуности ҳужжати лойиҳасининг муқаддимасида у қайси қонунчилик ҳужжатларини ижро этиш учун ёки қайси қонунчилик ҳужжатларига асосан қабул қилинаётган бўлса, ўша қонунчилик ҳужжатлари кўрсатилади.

60. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи матн қуйидагиларга бўлинади:

арабча рақамлар билан нуқта қўйиб рақамланадиган бандлар;

кичик ҳарфларда қавс билан рақамланадиган кичик бандлар;

хатбошилар.


61. Агар модда ёки банд билан тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатга фақат битта ўзгартиш ёки қўшимча киритиш назарда тутилган бўлса, кичик бандлар қўлланилмайди.


62. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишда унинг бўлимлари, кичик бўлимлари, боблари, параграфлари, моддалари, бандлари рақамлар билан рақамланиши ҳамда кичик бандларининг рақамлар билан рақамланиши ёки ҳарфлар билан рақамланиши ўзгармайди.


63. Агар норматив-ҳуқуқий ҳужжат янги таркибий бирликлар билан тўлдирилаётган бўлса, уларни асосий рақам ёки ҳарф белгилари тепасига қўйиладиган қўшимча рақамлар билан белгилаш зарур.


64. Асосий рақам ёки ҳарф белгилари тепасига қўйиладиган рақамларни қўшишга фақат кейинги ўзгартишлар ва қўшимчаларни киритишда йўл қўйилади. Таркибий бирликларнинг барча рақамланиши ўзгаришининг олдини олиш учун бундай белгилардан фақат кейинги қўшимчаларда фойдаланилади.


65. Агар тегишли қўшимчалар норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг таркибий бирлиги (қисм, бўлим, кичик бўлим, боб, параграф, модда (модданинг қисми), банд, кичик банд ва хатбоши) охирига киритилаётган бўлса, мавжуд рақамланиш давом этади.


66. Модда, банд ёки кичик банд янги хатбоши билан тўлдирилганда мазкур модданинг, банднинг ёки кичик банднинг кейинги хатбошилари рақамланиши тегишли тартибда ўзгаради.


67. Агар лойиҳа бир вақтнинг ўзида бир нечта норматив-ҳуқуқий ҳужжатга ёки уларнинг таркибий бирликларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни, шунингдек уларни ўз кучини йўқотган деб топишни назарда тутаётган бўлса, мазкур ҳужжатлар (уларнинг юридик кучи ва қабул қилинган санаси бўйича) хронологик тартибда жойлаштирилади. Айнан битта санада қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар уларнинг рақамларига мувофиқ ортиб бориш тартибида жойлаштирилади.


68. Агар қонуности ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек уларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги нормаларни ўз ичига олган лойиҳада ушбу нормалар икки ёки ундан ортиқ бандни ташкил этса ва катта ҳажмга эга бўлса, улар лойиҳага илова (иловалар) тарзида тайёрланади.

Бу ҳолда, қонуности ҳужжати лойиҳасининг иловани тасдиқлаш назарда тутилаётган таркибий бирлигида киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг, шунингдек ўз кучини йўқотган деб топилаётган нормаларнинг моҳияти қисқача баён этилади.

69. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилганда мазкур ҳужжатнинг тури, қабул қилиш санаси, рақами ва номи кўрсатилади.


70. Агар тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг иловасига киритилаётган бўлса, лойиҳада тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг номи келтирилмайди, балки у билан тасдиқланган илованинг номи кўрсатилади.


71. Ўзгартирилаётган, қўшилаётган ва чиқариб ташланаётган сўзлар ҳамда рақамлар қўштирноқ ичига олинади.


72. Агар илованинг, қисмнинг, бўлимнинг, кичик бўлимнинг, бобнинг, параграфнинг, модданинг, банднинг, кичик банднинг, хатбошининг ва жумланинг матнини сезиларли ўзгартириш талаб этилса, уларни янги таҳрирда баён этиш зарур.


73. Агар норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг қисми, банди ёки кичик банди кириш хатбошисининг давоми бўлган хатбошилардан иборат бўлса, хатбошиларни ҳисоблаш кириш хатбошисидан бошланади.


74. Қонуности ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топишни назарда тутувчи лойиҳанинг иловаси фақат бандлардан иборат бўлади. Бу ҳолда бандлардан иборат ўз кучини йўқотган деб топилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг рўйхати келтирилади.


75. Бутун норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ёки унинг кичик бандига қадар бўлган, шу жумладан кичик бандни ҳам қўшган ҳолда, таркибий бирлигини ўз кучини йўқотган деб топиш зарур бўлган ҳолларда, ушбу ҳужжат умуман ёки унинг кичик бандига қадар бўлган, шу жумладан кичик бандни ҳам қўшган ҳолда, таркибий бирлиги ўз кучини йўқотган деб топилади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг хатбоши тарзидаги таркибий бирлигини ўз кучини йўқотган деб топиш зарур бўлган ҳолларда, мазкур хатбоши чиқариб ташланади.


76. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг тегишли таркибий бирликлари ўз кучини йўқотган деб топилган тақдирда, кейинги таркибий бирликларнинг рақамланиши ўзгармайди.

Хатбоши чиқариб ташланганда кейинги хатбошиларнинг кетма-кетлиги қайта кўриб чиқилади.

77. Агар норматив-ҳуқуқий ҳужжатда фақат битта амалдаги таркибий бирлик мавжуд бўлиб, қолганлари эса ўз кучини йўқотган бўлса, ушбу таркибий бирликни ўз кучини йўқотган деб топиш зарур бўлган тақдирда, бутун норматив-ҳуқуқий ҳужжат ўз кучини йўқотган деб топилиши шарт.


78. Ўз кучини йўқотган деб топилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг рўйхатларига амал қилиш муддати тугаган вақтинчалик тусдаги ҳужжатлар ёки нормалар киритилмайди.


79. Амал қилиш муддати тугаган норматив-ҳуқуқий ҳужжат алоҳида нормасининг ёки бутун норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг амал қилиш муддати узайтирилмайди. Бу ҳолда янги норма киритилишини назарда тутувчи лойиҳа тайёрланади.


80. Агар ўз кучини йўқотган деб топилиши лозим бўлган моддада (модданинг қисмида, бандида, кичик бандида ва хатбошисида), бандда, кичик бандда ёки хатбошида тегишли равишда ўз кучини йўқотиши керак бўлган иловага кўрсатма мавжуд бўлса, мазкур таркибий бирлик ва унда назарда тутилган илова ўз кучини йўқотган деб топилиши лозим.

Агар илова тўлиқ ўз кучини йўқотган деб топилиши мумкин бўлмаса, унинг фақат тегишли таркибий бирликлари ўз кучини йўқотган деб топилиши (чиқариб ташланиши) лозим.


81. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат тўлиқ ёки қисман ўз кучини йўқотган деб топилган тақдирда, ўз кучини тўлиқ ёки қисман йўқотган деб топилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатга қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг қоидаларига кўра ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган бўлса, ўша норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг тегишли қоидалари ҳам ўз кучини йўқотган деб топилиши лозим.

Илгари қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ўз кучини йўқотган деб топишни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат ўз кучини йўқотган деб топилган тақдирда, илгари қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг амал қилиши тикланмайди. Мазкур қоида норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг таркибий бирлигини ўз кучини йўқотган деб топишга (чиқариб ташлашга) нисбатан ҳам татбиқ этилади.



2-§. Қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш

тўғрисидаги қонун лойиҳалари (қонунлар), шунингдек

ўз кучини йўқотган деб топиладиган қонунлар рўйхатини

ўз ичига олган қонун лойиҳалари (қонунлар) тузилишининг

ўзига хос хусусиятлари


82. Ўзбекистон Республикасининг қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси (қонун) номланишга эга бўлмаган моддалардан иборат бўлади. Моддалар бандларга ёки хатбошиларга бўлинади. Моддалардаги бандлар хатбошиларга бўлинади.

Қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ва қонунларни ёки уларнинг таркибий бирликларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги нормалар қонунларда араб рақамлари билан рақамланиб, кичик қавслар билан ёпиладиган бандлардан иборат алоҳида моддалар тарзида баён этилиши мумкин.



5-БОБ. ЛОЙИҲАГА ИЛОВА ҚИЛИНАДИГАН

АХБОРОТ-ТАҲЛИЛИЙ МАТЕРИАЛЛАРГА

ҚЎЙИЛАДИГАН АСОСИЙ ТАЛАБЛАР


83. Лойиҳага илова қилинадиган ахборот-таҳлилий материаллар, қоида тариқасида, ахборот-таҳлилий материалнинг ҳажмига қараб Мiсrоsоft Wоrd редакторидан ва қуйидаги параметрлардан фойдаланган ҳолда тайёрланади:

саҳифанинг чап ҳошияси 1-3 см, ўнг ҳошияси 1-2 см, пастки ва юқори ҳошияси 1-2 см;

ахборот-таҳлилий материалнинг ҳажмига қараб 11-14 ўлчамли шрифт;

биринчи қатор хатбошиси 0,50-1,27 см;

қаторлар ўртасидаги интервал (множитель) 1-1.2.


84. Лойиҳанинг тушунтириш хатида қуйидагилар бўлиши керак:

норматив-ҳуқуқий ҳужжатни тайёрлаш учун асос ва уни қабул қилиш зарурлигини асослантириш, шу жумладан лойиҳа тайёрлаш топширилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек юқори турувчи органнинг топшириқлари (топшириқ мавжуд бўлганда) тўғрисидаги маълумотлар;

лойиҳани ишлаб чиқувчининг тўлиқ номи;

мақсадлар ва вазифалар, шунингдек лойиҳа билан белгиланадиган асосий қоидалар, уларнинг қисқача асоси. Бунда лойиҳанинг эришишга йўналтирилган асосий мақсадлари белгиланади, лойиҳанинг аниқ мақсадларга эришишга восита бўлиши мумкин бўлган алоҳида қоидалари қисқача кўрсатилади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилишдан кутилаётган натижалар. Бунда норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниши муносабати билан ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш натижасида юз бериши мумкин бўлган ижобий ўзгаришлар келтирилади. Кутилаётган натижалар, миқдорий кўрсаткичлар кўрсатилган ҳолда баён қилиниши ҳам мумкин;

лойиҳа предметига тааллуқли бўлган халқаро ҳужжатлар ва хорижий мамлакатлар қонунчилигининг принциплари, қоидалари ва ифода шакллари тўғрисидаги ахборот (қонуности ҳужжатлари учун - зарур бўлган тақдирда). Тегишли соҳада ижобий хорижий тажриба мавжуд бўлган тақдирда, тушунтириш хатида лойиҳани тайёрлашда ҳисобга олинган норма назарда тутилган давлат, ҳужжатнинг тури, номи ва қисқача мазмуни кўрсатилиши мумкин;

лойиҳа мазмунининг тавсифи, унда лойиҳанинг тузилиши бўлимлар, кичик бўлимлар, боблар, параграфлар ва моддаларнинг мазмуни билан бирга қисқача баён этилади (қонуности ҳужжатлари учун - зарур бўлган тақдирда). Зарур бўлганда норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг энг муҳим қисмини ташкил этувчи қоидаларнинг асосий моҳияти очиб берилади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниши муносабати билан бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ёхуд уларни ўз кучини йўқотган деб топиш зарурияти мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги тўғрисидаги ахборот;

лойиҳада фойдаланиладиган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ҳаволанинг ҳар бирини асослаш. Бунда унга ҳавола қилинадиган лойиҳа нормасининг мазмуни қисқача очиб берилади;

агар норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг қоидаларини амалга ошириш қўшимча молиявий харажатларни талаб этса ёки Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетида йўқотишларга олиб келса, қисқача молиявий-иқтисодий асос. Агар норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг қоидаларини амалга ошириш кўрсатиб ўтилган харажатларни талаб этмаса ёки йўқотишларга олиб келмаса, у ҳолда бу ҳақда тушунтириш хатида тегишли ахборот келтирилади;

лойиҳа бўйича ўтказилган жамоатчилик ва (ёки) мутахассислар муҳокамаси ҳамда унинг натижалари тўғрисидаги ахборот, шу жумладан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида ўтказилган муҳокама натижалари юзасидан ахборот;

лойиҳани манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан келишиб олиш тўғрисидаги ахборот. Бунда лойиҳа келишилган (виза қўйилган) манфаатдор вазирликлар ва идоралар санаб ўтилади;

лойиҳа бўйича келишмовчиликлар мазмунининг қисқача баёни ва улар тўғрисидаги асослантирилган фикр (келишмовчиликлар мавжуд бўлган тақдирда);

лойиҳани асослаш учун зарур бўлган бошқа маълумотлар.


85. Таққослаш жадвали қуйидаги учта графадан иборат бўлади:

ўзгартиш ёки қўшимча киритиш таклиф этилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжат тегишли таркибий бирлигининг амалдаги таҳрири;

лойиҳада таклиф этилаётган таҳрир;

киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг асоси.

Таққослаш жадвалида тегишли таркибий бирликнинг амалдаги ва таклиф этилаётган таҳрири графалари қуйидаги тарзда баён этилади:

амалдаги таҳрир графаларида ўзгартирилаётган сўзлар (рақамлар) курсив билан тагига чизиб кўрсатилади, таклиф этилаётган таҳрир графаларида эса "ярим қора" шрифт билан ажратиб кўрсатилади;

таклиф этилаётган таҳрир графасида қўшилаётган сўзлар (рақамлар) "ярим қора" шрифт билан ажратиб кўрсатилади;

амалдаги таҳрир графасида чиқариб ташланаётган сўзлар (рақамлар) ва хатбошилар, шунингдек ўз кучини йўқотган деб топилаётган бошқа таркибий бирликлар "ярим қора курсив" шрифт билан ажратиб кўрсатилади.

Агар лойиҳада тегишли таркибий бирликнинг янги таҳрири баён этилса, фақат ўзгартирилаётган, қўшилаётган, чиқариб ташланаётган сўзлар (рақамлар) ажратиб кўрсатилади.

Амалдаги ва таклиф этилаётган таҳрирларнинг графаларида таркибий бирликнинг ўзгартиш киритилаётган таркибий бирлик билан боғлиқ бўлган ва киритилаётган тузатишларнинг кўринарли бўлишини таъминлайдиган тегишли қисмлари оддий шрифтда келтирилади.

Қисм ёки хатбоши белгисидан ҳам фойдаланилади, "тўлдирилмоқда", "чиқариб ташланмоқда", "кўчирилмоқда" деган сўзлар қўлланилади.


86. Келишмовчиликлар жадвали (норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган лойиҳа бўйича тайёрланган келишмовчиликлар жадвалидан ташқари) қуйидаги учта графадан иборат бўлади:

норматив-ҳуқуқий ҳужжат тегишли таркибий бирлигининг таклиф этилаётган таҳрири;

манфаатдор органларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали орқали келиб тушган фикр-мулоҳазалар ва таклифлар;

кўриб чиқиш натижалари.

Келишмовчиликлар жадвалининг "Таклиф этилаётган таҳрир" графасида фикр-мулоҳазалар ва таклифлар тақдим этилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг тегишли таркибий бирлиги акс эттирилади.

Келишмовчиликлар жадвалининг "Манфаатдор органларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари" графасида лойиҳа бўйича ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини тақдим этган орган ҳамда ташкилотнинг таклиф ва мулоҳазалари ёки улар асосида баён этилган таҳрир келтирилади.

Келишмовчиликлар жадвалининг "Кўриб чиқиш натижалари" графасида тақдим этилган фикр-мулоҳазалар ва таклифларни кўриб чиқиш натижалари тўғрисидаги маълумотлар ишлаб чиқувчи томонидан кўрсатилади. Агар фикр-мулоҳазалар ва таклифлар инобатга олинса, фикр-мулоҳазалар ва таклифлар берилган таркибий бирликнинг янги таҳрири келтирилади. Агар фикр-мулоҳазалар ва таклифлар инобатга олинмаса, қайси асословчи маълумотлар сабабли мазкур фикр-мулоҳазалар ва таклифлар инобатга олинмаган бўлса, ўша маълумотлар тегишли тартибда кўрсатилади.


87. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи лойиҳа бўйича тайёрланган келишмовчиликлар жадвали қуйидаги тўрт графадан иборат бўлади:

ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжат тегишли таркибий бирлигининг амалдаги таҳрири;

лойиҳада таклиф этилаётган таҳрир;

манфаатдор органларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари;

кўриб чиқиш натижалари.

Биринчи иккита графа қиёсий жадвал бўйича баён этилади.

"Манфаатдор органларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари" ҳамда "Кўриб чиқиш натижалари" графаларида лойиҳани киритаётган орган томонидан ушбу Ягона услубиёт 86-бандининг олтинчи ва еттинчи хатбошиларида назарда тутилган маълумотлар кўрсатилади.


88. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқиш ва келишиб олиш хронологияси ҳақидаги маълумотномада қуйидагилар кўрсатилади:

норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг тури;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг номи;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатни киритиш учун асос;

лойиҳани ишлаб чиқувчининг номи;

норматив-ҳуқуқий ҳужжат келишиб олинган сана, вазирлик ва идоранинг номи, унинг раҳбарининг Ф.И.О. ва лавозими, келишиб олиш натижалари тўғрисидаги ахборотни, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган органларга киритилган санани ўз ичига олган жадвал.


89. Концепцияда қуйидагилар белгиланиши керак:

ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг асосий ғояси, мақсади ва предмети;

тегишли ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг умумий тавсифи ва унинг ҳолатига берилган баҳо мазкур соҳада амалда бўлган қонунлар ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар таҳлили илова қилинган ҳолда;

қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш заруриятининг асоси;

қонун лойиҳаларининг асосий қоидалари;

бўлажак қонуннинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа оқибатлари прогнози.


90. Ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг асосий ғояси, мақсади ва предметини аниқлашда концепцияда қонун лойиҳасининг мазмуни, у эришишга йўналтирилган асосий вазифалар ва мақсадлар, лойиҳа тартибга солиши керак бўлган ижтимоий муносабатлар очиб берилади, шунингдек унинг амал қилиши татбиқ этиладиган қўлланилиш соҳаси, ҳуқуқий муносабатлар субъектларининг ваколатлари (ҳуқуқлари ва мажбуриятлари) баён этилади.


91. Тегишли ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг умумий тавсифида ва унинг ҳолатига берилган баҳода ушбу соҳада амал қилувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ҳолати акс эттирилади, хусусан:

тегишли соҳада ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари;

қонунчиликдаги бўшлиқлар ва зиддиятлар, эскирган, амалда ўз аҳамиятини йўқотган, самарасиз ёхуд амалга ошириш механизмига эга бўлмаган қоидаларнинг мавжудлиги;

ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг мавжуд камчиликларини бартараф этишнинг оқилона ва самаралироқ усуллари;

халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормалари, шунингдек хорижий мамлакатлардаги ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш тажрибаси;

статистика, жамиятшунослик, сиёсатшуносликка оид тадқиқотларни, шунингдек бошқа илмий тадқиқотларни ўтказиш натижалари;

бўлажак қонунни амалга ошириш учун қабул қилиниши зарур бўлган қонуности ҳужжатлари рўйхати кўрсатилади.

Қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш зарурияти асосида қонунни қабул қилиш зарурлигидан далолат берувчи далиллар баён қилинади.


92. Баён қилинадиган далиллар аниқ, асосланган бўлиши ва муаммонинг амалдаги қонунчилик мукаммал эмаслиги билан сабаб-оқибат алоқасини белгилаши керак. Қонун лойиҳаси тегишли бўлган қонунчилик тармоғи, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг ҳужжат орқали амалга оширишга қаратилган қоидалари, шунингдек унинг ҳуқуқий тизим учун аҳамияти ҳам кўрсатилади.


93. Қонун лойиҳаларининг асосий қоидаларида бўлажак қонунда белгиланадиган қоидалар, имконият бўлганда бўлимлар, кичик бўлимлар, боблар, параграфлар ва моддаларнинг қисқа мазмуни баён этилган намунавий тузилмаси баён қилинади.


94. Бўлажак қонуннинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа оқибатлари прогнози тахмин қилинаётган оқибатлар ва уни амалга оширишдан кутилаётган пировард натижалари тавсифини ўз ичига олади. Бунда бўлажак қонун амалга оширилишининг нафақат ижобий, балки эҳтимолдаги салбий оқибатлари ҳам ҳисобга олиниши керак. Бўлажак қонуннинг ҳуқуқий оқибатларини прогноз қилишда, зарур бўлганда, унинг ижро этилишини таъминлайдиган маъмурий-ҳуқуқий, суд-ҳуқуқ механизмлари ҳам ҳисобга олинади.


95. Ишлаб чиқувчи концепцияда бошқа зарур ахборотни ҳам кўрсатиши мумкин.

Тайёрланган концепция, агар қонун лойиҳасини тайёрлаш тўғрисидаги топшириқда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ишлаб чиқувчининг раҳбари томонидан тасдиқланади, шундан кейин қонун лойиҳасининг бевосита матни тайёрланади.

Зарур бўлганда, концепция юқори турувчи органлар билан олдиндан келишиб олиниши мумкин.


96. Тайёрланган қонун лойиҳасига қуйидагилар ҳам илова қилинади:

халқаро ҳужжатларнинг ва хорижий мамлакатлар қонунчилигининг, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигининг тегишли қоидалари, тегишли халқаро тажрибани Ўзбекистон Республикаси шароитида қўллашнинг мақбуллиги тўғрисидаги асослантирилган таклифлар кетма-кетлик тартибида кўрсатилган ҳолдаги таҳлилий-қиёсий жадвал;

қонун лойиҳаси қабул қилиниши муносабати билан қабул қилиниши, ўзгартиш ёки қўшимчалар киритилиши, ўз кучини йўқотган деб топилиши лозим бўлган қонуности ҳужжатларининг рўйхати. Бунда қонуности ҳужжатини қабул қилиш, унга ўзгартиш ёки қўшимчалар киритиш учун асослар ва уларнинг қабул қилиниши, уларга ўзгартиш ёки қўшимчалар киритилиши учун масъул бўлган органлар қисқача кўрсатилади.

Қонун лойиҳасига бошқа таҳлилий ва ахборот материаллари ҳам илова қилиниши мумкин.



6-БОБ. ИШЛАБ ЧИҚУВЧИНИНГ ЮРИДИК

ХИЗМАТИ ТОМОНИДАН ЛОЙИҲАНИНГ

ҲУҚУҚИЙ ЭКСПЕРТИЗАСИНИ ЎТКАЗИШ


97. Лойиҳада ишлаб чиқувчининг биринчи раҳбари томонидан виза қўйилишидан олдин унинг юридик хизмати лойиҳани Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлиги, шунингдек ҳавола қилувчи нормаларни қўллашнинг асослилиги ва мақсадга мувофиқлиги нуқтаи назаридан ҳуқуқий экспертизадан ўтказади.

Лойиҳаларнинг ҳуқуқий экспертизаси жараёнида юридик хизмат уларда коррупция учун, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тизимида бошқа ҳуқуқбузарликларни содир этиш учун шарт-шароитлар яратувчи, шунингдек тадбиркорлик субъектлари учун ортиқча маъмурий ҳамда ўзга чекловларни жорий этувчи, тадбиркорлик субъектларининг асоссиз харажатлари юзага келишига олиб келувчи қоидалар ва нормалар бор-йўқлигини аниқлаш нуқтаи назаридан таҳлилни ҳам амалга оширади.


98. Лойиҳа қонунчиликка, қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқ бўлган, шунингдек ҳавола қилувчи нормаларнинг қўлланилиши асосли ва мақсадга мувофиқ бўлган тақдирда, юридик хизмат унинг юзасидан ҳуқуқий хулоса тайёрлайди, хулоса юридик хизмат раҳбари (юридик хизмат раҳбари лавозими мавжуд бўлмаган тақдирда юрисконсульт) томонидан имзоланади.


99. Юридик хизматнинг ҳуқуқий хулосасида қуйидагилар акс эттирилади:

норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқиш қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга биноан топширилган бўлса, ўша норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар (номи, қабул қилинган санаси, рақами, эълон қилинган расмий манбаи, топшириқ баён этилган тегишли моддаси ёки банди (кичик банди, хатбошиси) тўғрисидаги, шунингдек юқори органнинг топшириқлари (органнинг номи, топшириқнинг рақами ва санаси, зарур бўлган тақдирда, топшириқ берган мансабдор шахс) тўғрисидаги маълумотлар (топшириқ мавжуд бўлганда);

лойиҳа асосий қоидаларинингҳуқуқий табиати тушунтирилган ҳолда, бу қоидалар моҳияти ва аҳамиятининг қисқача баёни;

лойиҳанинг қонунчиликка, қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлиги, шунингдек лойиҳадаги ҳар бир ҳавола қилувчи норма қўлланилишининг асослилиги ва мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги хулоса;

лойиҳанинг коррупцияга қарши ва бошқа турдаги экспертизалардан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумотлар.


100. Лойиҳа қонунчиликка ва қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқ бўлмаганда, шунингдек ҳавола қилувчи нормалар асоссиз ва мақсадга номувофиқ бўлганда, юридик хизмат ишлаб чиқувчининг лойиҳани тайёрлаш учун масъул бўлган таркибий бўлинмасига уни тегишли фикр-мулоҳазалар билан маромига етказиш учун қайтаради.



7-БОБ. ЛОЙИҲАНИ МАНФААТДОР ОРГАНЛАР

ВА ТАШКИЛОТЛАР БИЛАН КЕЛИШИБ ОЛИШ


101. Лойиҳа юзасидан юридик хизмат томонидан хулоса тақдим қилинганидан кейин ишлаб чиқувчи унга биринчи раҳбар даражасида виза қўяди ҳамда уни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишиб олиш ягона электрон тизими орқали узил-кесил келишиб олиш (виза қўйиш) учун манфаатдор органлар ва ташкилотларга (бундан буён матнда манфаатдор органлар деб юритилади) юборади, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно.


102. Қуйидагилар билан мажбурий тартибда келишиб олинади:

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан - барча лойиҳалар, шу жумладан давлат ривожланиш дастурлари ва инвестиция дастурлари лойиҳалари;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан - Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларидан маблағлар ажратиш, шунингдек давлат харидларини амалга ошириш масалаларига доир лойиҳалар;

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан - инвестициялар, савдо ва иқтисодий жиҳатдан тартибга солиш масалаларига доир лойиҳалар;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан - давлат фуқаровий хизматини тартибга солиш, шу жумладан давлат органлари ва ташкилотлари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ҳамда уларни моддий рағбатлантириш, шунингдек уларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган ташкилий-штат тузилмасини ўзгартириш масалаларига доир лойиҳалар;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги билан - давлат-хусусий шериклик масалаларига доир лойиҳалар;

Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг кенгаши билан - фермер, деҳқон ва томорқа хўжаликларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига дахлдор масалаларга доир лойиҳалар;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили ва Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан - тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга бевосита ёки билвосита таъсир кўрсатувчи масалаларга доир лойиҳалар;

Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан - товар ва молия бозорларидаги рақобат масалаларига доир лойиҳалар;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан - ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва маҳаллий давлат дастурларига оид лойиҳалар;

Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси билан - ер қаърини геологик ўрганиш, ундан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш, шунингдек кончилик соҳасидаги муносабатларни бошқаришга оид лойиҳалар;

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси билан - адвокатлик фаолияти ва суд ишларини юритиш билан боғлиқ масалаларга доир лойиҳалар;

Ўзбекистон Солиқ маслаҳатчилари палатаси билан - солиқ маслаҳатига оид фаолият соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш масалаларига доир лойиҳалар.

Лойиҳалар қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда бошқа давлат органлари ҳамда ташкилотлар билан ҳам мажбурий тартибда келишиб олинади.

Ҳукуматнинг фаолияти билан боғлиқ лойиҳалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси хулосаси олинади.


103. Агар манфаатдор органнинг раҳбарида лойиҳа юзасидан фикр-мулоҳазалар ва таклифлар бўлса, у ўз фикр-мулоҳазалари ҳамда таклифларини Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишиб олиш ягона электрон тизимида асослаган ҳолда кўрсатади ҳамда лойиҳани фикр-мулоҳазалар ва таклифлар билан имзолайди.


104. Хатда асосланмаган фикр-мулоҳазалар ва таклифлар ишлаб чиқувчи томонидан қабул қилинмаслиги мумкин. Бунда асосланмаган фикр-мулоҳазалар ва таклифлар қабул қилинмаганлигининг оқибатлари учун жавобгарлик манфаатдор органнинг ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини асослаб бермаган биринчи раҳбари зиммасига юклатилади.


105. Қабул қилиниши лойиҳанинг мазмуни ва тузилишини жиддий равишда ўзгартирадиган, лойиҳага доир бўлган фикр-мулоҳазалар ҳамда таклифлар мавжуд бўлган тақдирда манфаатдор орган ўзининг лойиҳа вариантини Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва уларни келишиб олиш ягона электрон тизими орқали ишлаб чиқувчига таклиф этиши мумкин.


106. Ишлаб чиқувчи манфаатдор органларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифларини кўриб чиқади, зарур ҳолларда, лойиҳага тегишли тузатишлар киритади.


107. Манфаатдор органларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари бўйича келишмовчиликлар жадвали тузилиб, у биринчи раҳбар (алоҳида ҳолларда - унинг биринчи ўринбосари) томонидан имзоланади.

Кўриб чиқиш натижалари жадвалда "қабул қилинди", "қабул қилинмади" тарзида акс эттирилади. Қабул қилинмаган фикр-мулоҳазалар ва таклифлар юзасидан уларнинг қабул қилинмаганлиги асоси кўрсатилади.


108. Келишмовчиликлар жадвали лойиҳа билан биргаликда норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилувчи органга белгиланган тартибда киритилади.



8-БОБ. ЛОЙИҲАНИНГ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИДАГИ ҲУҚУҚИЙ ЭКСПЕРТИЗАСИ


109. Барча манфаатдор органлар билан келишиб олинганидан кейин ишлаб чиқувчи лойиҳани норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилувчи органга киритишдан олдин уни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун қуйидагиларни илова қилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига юборади:

таклифларни кўриб чиқиш натижаларига доир жадвал;

ишлаб чиқувчининг юридик хизмати раҳбари (юридик хизмат раҳбари лавозими мавжуд бўлмаган тақдирда - юрисконсульт) томонидан имзоланган ҳуқуқий хулоса, унда уни имзолаган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, лавозими, алоқа боғланадиган телефонлари кўрсатилиши керак;

агар лойиҳага кўра бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилаётган бўлса, таққослаш жадвали;

лойиҳани ишлаб чиқиш режа-жадвали - қонун лойиҳалари учун;

халқаро ҳужжатларнинг ва хорижий мамлакатлар қонунчилигининг, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигининг тегишли қоидалари, тегишли халқаро тажрибани Ўзбекистон Республикаси шароитларида қўллаш мақбуллиги тўғрисидаги асосли таклифлар изчил кетма-кетликда кўрсатилган ҳолдаги таҳлилий қиёсий жадвал (қонуности ҳужжатлари учун - зарур бўлган тақдирда);

келишмовчиликлар жадвали, агар лойиҳа манфаатдор органлар томонидан фикр-мулоҳазалар ва таклифлар билан келишилган (виза қўйилган) бўлса ҳамда мазкур органларнинг ушбу фикр-мулоҳазалари ва таклифлари баён этилган хатларнинг кўчирма нусхалари;

тартибга солиш таъсирини баҳолаш тўғрисида аҳборот ва хулоса (қонунчиликда белгиланган ҳолларда);

лойиҳани ишлаб чиқиш ва келишиб олиш хронологияси тўғрисидаги маълумотномалар.


110. Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқувчига қуйидаги ҳолларда ҳуқуқий экспертиза ўтказилмасдан қайтарилади:

лойиҳа барча манфаатдор органлар билан уларнинг биринчи раҳбарлари (алоҳида ҳолларда - уларнинг биринчи ўринбосарлари) даражасида келишиб олинмаганда;

Ушбу Ягона услубиётнинг 109-бандида кўрсатилган ҳужжатлар лойиҳага илова қилинмаганда.


111. Лойиҳанинг ҳуқуқий экспертизаси якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси адлия вазири (алоҳида ҳолларда - вазирнинг биринчи ўринбосари) лойиҳага виза қўяди.

Фикр-мулоҳазалар ва таклифлар мавжуд бўлган тақдирда лойиҳага фикр-мулоҳазалар ва таклифлар билан виза қўйилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 20 апрель





















































Время: 0.0209
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск