ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизликни таъминловчи органлар / Миллий гвардия /

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ходимларининг хизматни ўташ тартиби тўғрисида Низом (ЎзР Президентининг 22.04.2021 й. ПҚ-5089-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2021 йил 22 апрелдаги

ПҚ-5089-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси

ходимларининг хизматни ўташ тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси (кейинги ўринларда - Миллий гвардия) сафдор-сержант ва офицерлар таркибидаги ходимларининг (кейинги ўринларда - ходимлар) хизматни ўташ тартибини белгилайди.


2. Ходимларнинг хизмати (кейинги ўринларда - хизмат) давлат хизмати тури бўлиб, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, конституциявий тузумни ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш бўйича вазифаларни амалга оширишдан иборат.


3. Хизматни ўташ қуйидаги тартибларни ўз ичига олади:

хизматга қабул қилиш;

махсус унвонлар бериш ва улардан маҳрум этиш;

лавозимга тайинлаш, лавозимдан озод этиш ва лавозимдан лавозимга ўтказиш;

ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

ходимнинг бошқа давлат органлари ва ташкилотларига сайланганида (тайинланганида, сафарбар этилганида) хизмат ўташи;

аттестация ўтказиш;

таътиллар бериш;

ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш;

хизмат ўташ режимини таъминлаш;

хизмат муддатларини узайтириш, хизматдан бўшатиш ва хизматга тиклаш.



2-БОБ. МИЛЛИЙ ГВАРДИЯ БЎЛИНМАЛАРИГА

МАХСУС УНВОНЛИ ЛАВОЗИМЛАРГА

ХИЗМАТГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ


4. Хизматга ихтиёрий равишда ёши ўн саккиздан кичик ва ўттиздан катта бўлмаган, шу жумладан ўттиз ёшда бўлган Қўриқлаш бош бошқармаси идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмаларининг тегишли касбий тайёргарликка эга, тайёргарлик машғулотлари ва танлов босқичларидан ўтган ишчи ва хизматчилари орасидан (бундан тор доирадаги мутахассисликка эга бўлган номзодлар мустасно) танлаб олиш орқали Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қабул қилинади.

Зарур ҳолларда, Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланадиган рўйхат бўйича Миллий гвардиянинг айрим бўлинмаларига Миллий гвардия ходимлари лавозимига ўттиз ёшдан катта бўлган фуқаролар агар улар хизматда бўлишнинг энг юқори ёшига тўлган пайтида кўп йиллик хизмати учун пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлса қабул қилиниши мумкин.


5. Эркаклар Миллий гвардия ходими лавозимига тайинлангунига қадар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларидаги муддатли ҳарбий хизматни ёки сафарбарлик чақирув резервидаги ҳарбий хизматни ўташи ёхуд олий ўқув юртларида ҳарбий тайёргарликдан ўтиши керак.


6. Хизматга кириш истагини билдирган фуқаро (кейинги ўринларда - номзод) доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган жойидаги Миллий гвардия бўлинмаларига Миллий гвардия Қўмондонининг буйруғи билан белгиланадиган рўйхат бўйича ҳужжатларни тақдим этади.


7. Номзодларнинг бўй кўрсаткичлари қуйидаги антропометрик параметрларга мос бўлиши лозим:

эркаклар учун 178 сантиметрдан паст бўлмаслиги;

аёллар учун 170 сантиметрдан паст бўлмаслиги лозим.

Номзодларга махсус биометрик параметрлар ўрнатиладиган бўлинмалар ва лавозимлар рўйхати ҳамда тор ихтисослик бўйича мутахассислар қаторидан бўлган номзодларнинг бўй кўрсаткичлари Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланади.


8. Алоҳида ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони, қарори ёки фармойиши, шунингдек, розилигига ёхуд Миллий гвардия қўмондонининг буйруғига асосан бошқа давлат органлари ва ташкилотларидан ходимлар, Миллий гвардиянинг катта амалий иш тажрибасига эга пенсионерлари, ушбу Низомнинг 4-бандида белгиланган талаблар инобатга олинмаган ҳолда хизматга қабул қилиниши мумкин.

10. Танлов қуйидаги босқичларда амалга оширилади:

номзодни дастлабки ўрганиш;

якка тартибда суҳбат;

жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш;

психологик тест.


11. Танловларни ташкил этиш учун Миллий гвардия бўлинмаларида қабул комиссиялари ташкил этилади.

Миллий гвардияга хизматга қабул қилиш бўйича танлов номзоднинг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган жойи бўйича амалга оширилади.

Миллий гвардия Қўриқлаш бош бошқармаси аппарати, Давлат органлари объектларини қўриқлаш бўйича бошқармаси, Хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналарни қўриқлаш бўйича алоҳида батальони ва Тошкент шаҳар Қўриқлаш бошқармасига хизматга истисно тариқасида, Тошкент шаҳрида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинмаган фуқаролар орасидан ҳам номзодларни танлаш ва қабул қилишга рухсат берилади.


12. Тор ихтисослик бўйича мутахассислардан иборат бўлган номзодлар Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланадиган рўйхат ва тартибда танловсиз хизматга қабул қилиниши мумкин.

Миллий гвардия ахборот-коммуникация технологиялари, психологик ва юридик таъминлаш бўлинмаларига хизматга қабул қилинаётган номзодлар, истисно тариқасида, танлов имтиҳонларидан озод этилади.

Миллий гвардия учун зарур ҳолларда илмий даража ёки илмий унвонга эга бўлган фан арбоблари, шунингдек, маданият вакиллари, сўнгги беш йил давомида республика миқёсидаги спорт мусобақасининг ғолиби бўлган ёки халқаро миқёсдаги спорт мусобақасининг 1-3-ўринларидан бирини эгаллаган спортчилар истисно тариқасида танловсиз хизматга қабул қилиниши мумкин.


13. Номзоднинг тегишли ҳужжатларини йиғиш жараёнида унга бир пайтнинг ўзида хизматга яроқлилик даражасини аниқлаш мақсадида ҳарбий-тиббий комиссиясига йўлланма берилади.

Хизматни ўташга тўсқинлик қилувчи касалликлар ва жисмоний нуқсонлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Хизматга кирувчи номзодларга хизмат сири ҳисобланувчи Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланадиган ҳамда ошкор этилиши ман этиладиган махсус талаблар ҳам ўрнатилади.

Номзоднинг шахсий ҳужжатлар йиғмажилдларини расмийлаштириш давомида хизматга қабул қилинишида тўсқинлик қилувчи маълумотлар (хизматга қабул қилиш учун умумий ва махсус талабларга мос келмаслик) аниқланган тақдирда уни шахсий ҳужжатлар йиғмажилдларини расмийлаштириш тўхтатилиб, хизматга қабул қилиш мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида ваколатли раҳбар томонидан қарор қабул қилинади, бу ҳақда номзодга хабар берилади. Рад этилиши сабаблари номзодга маълум қилинмайди.

Хизматга мавжуд бўш лавозимларни ҳисобга олган ҳолда танлов якунига кўра юқори натижаларга эришган номзодлар қабул қилинади.


14. Ўзбекистон Республикаси "Темурбеклар мактаби" ҳарбий-академик лицейлари ва Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейларининг битирувчилари хизматга қабул қилиниши учун Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланадиган тартибда устунликка эга бўлади.


15. Танловдан муваффақиятли ўтган номзодлар хизматга қабул қилиш ваколатига эга бўлган бошлиқнинг буйруғи билан хизматга қабул қилиниб, лавозимга тайинланади.


16. Ходимлар лавозимларга қуйидагича жамланади:

офицерлар таркиби - олий маълумотга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан;

сафдор-сержантлар таркиби - ўрта, ўрта-махсус, касб-ҳунар ёки олий маълумотга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг захирасидаги офицерларни Миллий гвардиянинг сафдор-сержантлар таркиби лавозимларига тайинлашга йўл қўйилмайди.


17. Хизматга биринчи марта қабул қилинган фуқаролар қуйидаги мазмунда қасамёд қабул қилади:

"Мен (фамилияси, исми, отасининг исми) Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясига хизматга кирар эканман, Ўзбекистон халқи ва Ўзбекистон Республикаси Президентига садоқатли бўлишга, Ватанга, қасамёдга, Жанговар Байроққа содиқ қолишга, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси талабларини, ўз хизмат бурчимни сўзсиз ҳамда виждонан бажаришга, ҳар қандай шароитда хиёнат ва сотқинлик қилмасликка, ўзимнинг жанговар шайлигим учун шахсан жавобгар бўлишга, мардлик ва фидокорлик билан, ўз ҳаётимни аямасдан халқ ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишга қасамёд қиламан".


18. Хизматга қабул қилишда ходимга хизмат гувоҳномаси ва шахсий рақамли жетон берилади.

Ходимнинг хизмат гувоҳномаси ва жетонининг намуналари, шунингдек, уларни бериш ва ҳисобини юритиш тартиби Миллий гвардия қўмондони томонидан тасдиқланади.

Ходимнинг хизмат гувоҳномаси ўқотар қуролни олиб юриш ва сақлаш ҳуқуқини, шунингдек, қонунга мувофиқ унга берилган бошқа ҳуқуқ ва ваколатларни тасдиқлайди.


19. Танловларни ташкил этиш ва ўтказиш, шунингдек, номзодларнинг шахсий ҳужжатлари йиғмажилдларини расмийлаштириш тартиби Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланади.


20. Қасамёд қабул қилиш, дастлабки синов муддатини ўташ ва мураббийларни бириктириш тартиби Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланади.


21. Хизматга қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг ҳарбий хизматга мажбур фуқаролари ҳарбий ҳисобдан чиқарилади ва Миллий гвардиянинг махсус ҳисобида туради.


22. Хизматга қабул қилинган ходимга дастлабки синов муддати тайинланади ва унга мураббий бириктирилади.

Дастлабки синов муддати уч ойдан ортиқ бўлиши мумкин эмас.


23. Хизматга қабул қилиш ва бўшатиш, шунингдек, махсус унвонлар бериш Миллий гвардия қўмондони томонидан ваколат берилган раҳбарларнинг буйруқлари билан амалга оширилади.



3-БОБ. МАХСУС УНВОНЛАРНИ БЕРИШ

ВА УЛАРДАН МАҲРУМ ҚИЛИШ


24. Махсус унвон ходимнинг хизмат мажбуриятларига муносабати, ўтаган хизмат йиллари ва эгаллаган лавозимини инобатга олган ҳолда якка тартибда берилади.


25. Ходимларга қуйидаги махсус унвонлар берилади:

сафдор-сержантлар таркиби - сафдор, кичик сержант, сержант, катта сержант;

офицерлар таркиби:

кичик офицерлар таркиби - лейтенант, катта лейтенант, капитан;

катта офицерлар таркиби - майор, подполковник, полковник;

генераллар таркиби - генерал-майор, генерал-лейтенант, генерал-полковник.


26. Биринчи ва навбатдаги махсус унвонлар махсус унвонлар бериш ваколатига эга бўлган бошлиқнинг буйруғи билан берилади.


27. "Сафдор" махсус унвони Миллий гвардия сафдор-сержантлар таркиби лавозимига тайинланган шахсларга уларни тайинлаш (қабул қилиш) билан бир вақтда берилади.

"Сафдор" махсус унвони хизматга қабул қилиш ваколатига эга бўлган бошлиқлар томонидан берилади.


28. "Кичик сержант", "сержант", "катта сержант" махсус унвонлари Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг минтақавий ўқув марказларида малака ошириш курсини муваффақиятли тамомлаган сафдор-сержант таркибига берилади.


29. Миллий гвардия офицерлар таркиби лавозимларига қабул қилинган номзодларга уларни лавозимга тайинлаш билан бир вақтда "катта сержант" махсус унвони берилади, бу унвонда улар дастлабки синов муддати тугаб, офицерлик унвони берилгунига қадар хизмат олиб борадилар.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари захирасидаги офицерлар ҳисобланувчи ва Миллий гвардия офицерлар таркиби лавозимларига қабул қилинган номзодларга мавжуд ҳарбий унвонига тенг даражадаги махсус унвон берилади.


30. Миллий гвардия офицерлар таркибининг биринчи махсус унвони "лейтенант" ҳисобланади.

Айрим ҳолларда, илмий даражаси ёхуд фаолиятнинг тор ихтисослик турлари бўйича кўп йиллик стажи ва иш (хизмат) тажрибасига эга бўлган фуқароларга Миллий гвардия офицерлар таркиби лавозимларига тайинлаш вақтида биринчи унвон сифатида "майор" махсус унвонигача бўлган, шу жумладан "майор" унвони ҳам махсус унвонларидан бири берилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони, қарори, фармойиши асосида ёки розилиги билан генераллар таркиби лавозимларига хизматга юборилган, махсус, ҳарбий ва бошқа унвони бўлмаган шахсларга белгиланган тартибда "полковник" махсус унвонигача бўлган, шу жумладан "полковник" махсус унвони ҳам берилиши мумкин.

Миллий гвардия офицерлар таркибининг биринчи махсус унвони Миллий гвардия қўмондонининг буйруғи билан берилади.

"Лейтенант" махсус унвони қуйидагиларга берилади:

Миллий гвардия офицерлар таркиби лавозимларига қабул қилиниб, синов муддатини муваффақиятли ўтаган шахсларга;

Миллий гвардия сафдор-сержантлар таркибидан офицерлик лавозимларига тайинланганларга.


31. Миллий гвардия офицерлар таркибининг навбатдаги махсус унвонлари қуйидагилар томонидан берилади:

"майор" махсус унвонигача - офицерлар таркиби унвонларини бериш ваколатига эга бошлиқлар томонидан, бошлиқлари бундай ваколатга эга бўлмаган таркибий тузилмалар ходимларига эса Миллий гвардия қўмондони томонидан;

"подполковник" махсус унвони - Миллий гвардия қўмондони томонидан;

"полковник" махсус унвони - Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилган ҳолда Миллий гвардия қўмондони томонидан;

генераллар таркибининг махсус унвонлари - Миллий гвардия қўмондонининг тавсияномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан.


32. Махсус унвонда хизмат ўташ муддатлари қуйидагича белгиланади:

"сафдор" - икки йил;

"кичик сержант" - икки йил;

"сержант" - икки йил;

"катта сержант" - муддатсиз;

"лейтенант" - икки йил;

"катта лейтенант" - икки йил;

"капитан" - уч йил;

"майор" - тўрт йил;

"подполковник" - беш йил;

"полковник" ва ундан юқори махсус унвонларда хизмат қилиш муддатлари белгиланмайди.


33. Навбатдаги махсус унвонлар белгиланган хизмат муддатини ўтаган ходимларга улар эгаллаб турган лавозимининг унвон поғонасига мувофиқ берилади.


34. Навбатдаги махсус унвонни четлаб ўтиб, махсус унвонлар берилишига йўл қўйилмайди.


35. Ходим мавжуд унвонидан юқори даражадаги унвон белгиланган лавозимга ўтказилганда, мавжуд унвонида бўлиш муддати ўтган бўлса, лавозимига қачон тайинланганидан қатъи назар, навбатдаги махсус унвон бериш учун тақдим этилади.


36. Махсус унвонда хизмат ўташ муддати календарь ҳисобда махсус унвон бериш ҳақида буйруқ чиқарилган кундан эътиборан ҳисобланади (ушбу Низомнинг 46 ва 47-бандлари талаблари асосида берилган махсус унвонлар бундан мустасно).

Ходимнинг махсус унвони пасайтирилган тақдирда унинг аввалги унвонини қайта тиклангунига қадар ўтаган хизмат даври навбатдаги унвон муддатига қўшилмайди.


37. Мардлик ва қаҳрамонлик, юқори профессионаллик ва ватанпарварлик сифатларини кўрсатган ходимларга навбатдаги махсус унвон муддатидан олдин берилиши, шунингдек, штат бўйича эгаллаб турган лавозимидаги махсус унвонидан бир поғона юқори унвон берилиши мумкин.

Муддатидан олдин навбатдаги махсус унвонлар қуйидагиларга берилади:

генераллар таркиби лавозимларига тайинланган ("полковник" махсус унвонидан паст унвонга эга бўлган) ходимларга - мавжуд махсус унвонда қанча муддат хизмат ўтаганидан қатъи назар;

офицерлар таркибидаги лавозимларда хизмат қилаётган ходимларга - мавжуд махсус унвонда хизмат қилиш учун белгиланган муддатнинг камида учдан икки қисми ўтганидан сўнг.

Миллий гвардия қўмондони мавжуд махсус унвонда хизмат ўташ учун қанча муддат белгиланганидан қатъи назар, навбатдаги махсус унвонларни бериш ҳуқуқига эга.

Эгаллаб турган лавозимига кўра назарда тутилгандан бир поғона юқори навбатдаги махсус унвон қуйидагиларга берилади (генераллар таркиби махсус унвонлари бундан мустасно):

илмий даража ёки илмий унвонга эга бўлган Миллий гвардия офицерлар таркиби ходимларига - мавжуд унвонда хизмат ўташ муддати тугаганидан сўнг;

Миллий гвардия офицерлар таркиби лавозимларидаги ходимларга - мавжуд унвонда хизмат ўташ муддатининг камида бир ярим баравари ўтганидан сўнг.

Бир вақтнинг ўзида муддатидан олдин ҳамда эгаллаган лавозимига кўра назарда тутилган бир поғона юқори навбатдаги махсус унвон берилишига йўл қўйилмайди.


38. Пенсия олиш ҳуқуқини берадиган хизмат йилини ҳамда навбатдаги махсус унвон учун белгиланган муддатини ўтаган, эгаллаб турган лавозимига кўра белгиланган унвон поғонаси "капитан" бўлган, ижобий тавсифланадиган офицерлар таркибидаги ходимларга хизматдан бўшатиш билан бир вақтда "майор" махсус унвони берилиши мумкин.


39. Ходимларга навбатдаги махсус унвон берилиши қуйидаги ҳолларда кечиктирилади:

ходим Миллий гвардия ихтиёрида бўлганда;

ходимда амалдаги интизомий жазоси мавжуд бўлганда;

ходим аттестациядан шартли равишда ўтганида;

ходимга нисбатан жиноят иши қўзғатилганда;

интизомий жазо тариқасида эгаллаб турган лавозимидан озод этилган ва бошқа лавозимга ўтказилган тақдирда - лавозимидан озод этилган кундан бошлаб, бир йил давомида.


40. Навбатдаги махсус унвон берилишини асоссиз равишда кечиктирилишига йўл қўйган бошлиқлар ва ходимлар белгиланган тартибда интизомий жавобгарликка тортилади.


41. Миллий гвардия офицерлар таркиби ходимларининг махсус унвонларини интизомий жазо тариқасида бир поғона пасайтириш мумкин. Бунда унвон "лейтенант" махсус унвонигача пасайтирилади.

"Подполковник" ва ундан паст махсус унвонлар Миллий гвардия қўмондони томонидан пасайтирилади.

"Полковник" махсус унвони Миллий гвардия қўмондони томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилган ҳолда пасайтирилади.

Махсус унвони пасайтирилган ходимнинг аввалги унвони эгаллаб турган лавозимидан қатъи назар, Миллий гвардия қўмондони томонидан унвонини пасайтиришни тавсия этган бошлиқнинг (ёки унга тенглаштирилган бошлиқнинг) ёхуд юқори лавозимдаги бошлиқнинг тақдимномаси бўйича тикланиши мумкин.

Генераллар таркиби ходимларининг махсус унвонлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан пасайтирилади ва тикланади.


42. Махсус унвони пасайтирилган ва сўнгра тикланган ходимнинг махсус унвондаги муддати унвони пасайтирилгунига қадар ўтаган хизмати билан қўшиб ҳисобланади.


43. Суднинг ҳукми асосида махсус унвонлардан маҳрум қилиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

сафдор-сержантлар таркибининг махсус унвонлари - ушбу унвонларни бериш ваколатига эга бошлиқлар томонидан;

офицерлар таркибининг махсус унвонлари - Миллий гвардия қўмондонининг буйруғи билан.

Генераллар таркиби махсус унвонига эга шахслар махсус унвонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан суднинг тегишли тақдимномаси асосида маҳрум қилиниши мумкин.

Суд шахснинг махсус унвонини тиклаш ҳақида қарор қабул қилганида махсус унвондан маҳрум қилган бошлиқ ёки бундай ваколатга эга юқори турувчи раҳбар томонидан тикланади.


44. Назорат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ёки махсус унвон ва мартаба даражаси бўлиши назарда тутилган бошқа органлардан хизматга қабул қилинган ёки ўтказилган шахсларнинг махсус унвонлари эгаллаб турган лавозимидан қатъи назар, Миллий гвардия қўмондони томонидан ушбу Низом иловасига мувофиқ берилади.

Ушбу тартиб назорат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ёки махсус унвонлар бўлиши назарда тутилган бошқа органлар бўлинмаларига қабул қилинган ёки ўтказилган ходимларга ҳам қўлланилади.


45. Қуролли Кучлар таркибига кирувчи тузилмалар ва таълим муассасаларидан хизматни давом эттириш учун келган оддий аскар ва сержантлар таркиби ҳарбий хизматчиларига (шартнома асосида хизмат ўтаган) лавозимга тайинлаш тўғрисидаги буйруқ билан бирга уларнинг ҳарбий унвонларига мувофиқ тенглаштирилган махсус унвонлар берилади.


46. Ушбу Низомнинг 44 ва 45-бандларида белгиланган тартибда навбатдаги махсус унвон берилган ходимларга уларни аввалги иш жойида унвонда хизмат ўтаган даври ҳисобга олинади.


47. Ушбу Низомнинг 30-банди учинчи хатбоши, 44 ёки 45-бандларига мувофиқ махсус унвонлар берилган (шу жумладан мазкур Низом кучга киргунга қадар хизматга қабул қилинган ёки ўтказилган) ходимларга хизмат йиллари учун фоизли устама ҳақ белгилашда уларнинг аввалги иш жойидаги (фоизли устама тўлаш учун белгиланган) хизмат ёки меҳнат стажлари инобатга олинади ҳамда ушбу давр ходим Миллий гвардиядан бўшатилган тақдирда, унга пенсия тайинлашда умумий хизмат стажига қўшиб ҳисобланади.


48. Юқори ёки тенг лавозимга вазифасини бажарувчи этиб тайинлаган ходимларга навбатдаги махсус унвонлар вазифа бажарувчи этиб тайинлангунга қадар эгаллаган лавозимининг унвон поғонаси бўйича берилади.

Агар вақтинча лавозимни бажариш учун тайинланган ходимнинг аввал эгаллаган лавозимининг унвон поғонаси навбатдаги унвонни бериш учун мос келмаса, уни навбатдаги махсус унвонга тавсия этиш мумкин эмас. Бунда лавозим вазифасини бажариш муддати олти ойдан ошмаслиги лозим.


49. Ходимлар аввал эгаллаган лавозимларидаги штат жадвали бўйича ўзгаришлар (штатлар қисқариши, унвон поғонаси кўтарилиши ёки туширилиши) лавозим вазифасини бажарувчи этиб тайинланганларидан ёки ўқишга кирганларидан сўнг инобатга олинмайди.


50. Махсус унвонлар бериш, улардан маҳрум қилиш ва уларни тиклашга доир ҳужжатларни расмийлаштириш ҳамда уларни кўриб чиқиш тартиби Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланади.



4-БОБ. ЛАВОЗИМГА ТАЙИНЛАШ, ЛАВОЗИМДАН ОЗОД

ЭТИШ ВА ЛАВОЗИМДАН ЛАВОЗИМГА ЎТКАЗИШ


51. Миллий гвардия ходимларининг асосий лавозимлари бўйича махсус унвонлари рўйхати Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан, уларга тенглаштирилган лавозимлар рўйхати эса Миллий гвардия қўмондони томонидан тасдиқланади.


52. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланадиган ва озод этиладиган лавозимлардан ташқари, лавозимларга тайинлаш ва озод этиш тартиби Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланади.


53. Тайинланиши учун ходимларнинг соғлиги инобатга олиниши талаб этиладиган лавозимлар Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланади.


54. Ходимлар лавозимга ваколатли бошлиқлар томонидан қуйидаги қоидаларга риоя этган ҳолда тайинланади:

а) ходимларни лавозимга тайинлаш уларнинг маълумоти, мутахассислиги ёки лавозимга яқин мутахассислик, шунингдек, амалий иш тажрибасига мувофиқ амалга оширилади;

б) бўш лавозим вазифасини бажаришнинг узлуксиз муддати олти ойдан, жамланган лавозимда эса тўрт ойдан ошмаслиги лозим;

в) ташкилий-штат ўзгаришлари бўлганида, шунингдек, ходимнинг ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ ҳолатлар юзага келганида у эгаллаб турган лавозимдан озод қилинади ва ўттиз кундан ортиқ бўлмаган муддатга, айрим ҳолларда эса Миллий гвардия қўмондонининг рухсати билан икки ойдан ошмаган муддатга пул таъминоти (охирги лавозими бўйича) сақланган ва хизмат стажини бир куни бир кунга ҳисоблаган ҳолда, Миллий гвардиянинг лавозимга тайинлаш ва озод этиш ваколатига эга бўлган бўлинмалар ихтиёрига олинади.

Миллий гвардия ихтиёрида бўлиш муддатини ҳисоблашда вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик даври (лаёқатсизлик ҳақидаги ҳужжат бўлганида) ёки қўшимча таътилда бўлиш (бола парваришлаш таътилида бўлиш вақти бундан мустасно) инобатга олинмайди.

Ходимларнинг Миллий гвардия ихтиёрида белгиланган муддатдан ортиқ бўлгани учун ҳақ тўланмайди, бунда ушбу даврнинг бир куни бир кунга тенглаштирилган ҳолда умумий хизмат стажига киритилади;

г) ходим ёки унинг оила аъзолари ҳаёти ёхуд соғлиғига хавф юзага келганида, шунингдек, уларнинг соғлиги ҳолати туфайли хизмат (яшаш) жойини ўзгартириш зарур бўлганида, ушбу ходимни бошқа туман (шаҳар, вилоят)га хизматга ўтказиш лавозимга тайинлаш ваколатига эга бошлиқ томонидан амалга оширилади;

д) ўзаро қариндош бўлган ходимлар (ота-она, турмуш ўртоғи, ака-ука, опа-сингил, фарзандлар, шунингдек, турмуш ўртоғининг ота-онаси, ака-укаси, опа-сингиллари), агар унда хизмат ўташ бирининг иккинчисига бўйсуниши ёки назорат остида бўлиши билан боғлиқ бўлса, бир бўлинмадаги лавозимларга тайинланиши мумкин эмас;

е) Миллий гвардия таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилар таркиби лавозимларига тегишли соҳада камида ўн йиллик илмий, педагогик ёки амалий иш тажрибасига эга бўлган шахслар шаҳодатланган лавозимлар ҳисобидан тайинланиши мумкин;

ж) ходимни эгаллаб турган лавозимдан четлаштиришга доир жиноят иши бўйича суд қарори чиқарилганда, у эгаллаб турган лавозимидан озод этилади ҳамда аввалги хизмат вазифаларини бажариш билан боғлиқ бўлмаган паст ёки тенг мавқели лавозимга тайинланади ёхуд Миллий гвардиянинг лавозимга тайинлаш ва озод этиш ваколатига эга бўлган бўлинмалари ихтиёрида қолдирилади.

Эгаллаб турган лавозимидан четлаштирилган ходимни Миллий гвардиядан бўшатиш ёки уни аввалги ёхуд тенг мавқели лавозимга тайинлаш масаласи бунга ваколатли бошлиқлар томонидан суд қарори асосида ҳал этилади.

Ходимни эгаллаб турган лавозимидан қонунга хилоф тарзда четлаштириш туфайли юзага келган мажбурий прогулнинг бир йилдан ортиқ бўлмаган муддати учун унга пул таъминоти тарзида ҳақ тўланади.


55. Ходимни лавозимдан лавозимга ўтказиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

юқори лавозимга - босқичма-босқич, уларнинг ишчанлик ва ахлоқий-касбий қобилиятлари, юқори лавозимдаги мажбуриятларни бажаришда топширилган участкаларда эришган ютуқлари ва кўрсатган натижалари, мураккаб шароитларда вазифаларни бажариш қобилиятига баҳо берилган ҳолда;

тенг лавозимга - хизмат зарурати юзасидан, ўзининг хоҳишига кўра, соғлиги бўйича (ҳарбий-тиббий комиссия хулосаси асосида), оилавий шароитига кўра, суд қарори асосида лавозимдан четлаштириш ёки бўш лавозимларни жамлаш зарурати юзага келганда ходимнинг касбий ва шахсий хислатларини инобатга олиб, унинг эгаллаб турган лавозимидаги амалий тажрибасидан фойдаланиш мақсадида, шунингдек, ташкилий-штат ўзгаришлари бўлганида;

паст лавозимга - ўзининг хоҳишига кўра, соғлиги бўйича (ҳарбий-тиббий комиссия хулосаси асосида), аттестация тартибида эгаллаб турган лавозимига нолойиқ деб топилганида, интизомий жазо чораси сифатида эгаллаб турган лавозимидан озод этилганда, шунингдек, ташкилий-штат ўзгаришлари бўлганида ёки суд қарори асосида лавозимидан четлаштирилганлиги сабабли тенг лавозимга ўтказиш имконияти бўлмаганда ёки мустаҳкамлаш тариқасида.

Бошлиқнинг ходимни паст лавозимга ўтказиш ҳақидаги буйруғида бунинг асослари кўрсатилади.


56. Юқори, тенг ёки паст лавозимлар эгаллаб турган лавозим билан назарда тутилган махсус унвонга мувофиқ, махсус унвонлар тенг бўлганида эса - лавозим маоши миқдори бўйича аниқланади.


57. Эгаллаб турган лавозимига нолойиқлиги сабабли ёки интизомий жазо тариқасида паст лавозимга тайинланган ходимларни хизмат бўйича кўтариш уларнинг касбий ва шахсий хислатлари, соғлиги, иш натижалари ва хизмат вазифаларини бажариш бўйича кўрсатган қобилиятидан келиб чиқиб, камида бир йилдан кейин амалга оширилади.


58. Хизмат жойи ўзгарган ходим Миллий гвардия хизмат бўйича кўчириш ҳақида буйруқни ёки ёзма хабарни олган кунидан сўнг ўн кундан кечикмасдан моддий ва ишониб берилган мулкни топширганидан кейин, хизмат жойига сафарбар қилиниши лозим, ходим навбатдаги таътилда ёки даволанишда бўлган ҳоллар бундан мустасно.


59. Миллий гвардия олий ҳарбий таълим муассасаларига ҳамда ҳарбий ва ихтисослаштирилган олий таълим муассасаларига, шу жумладан касбий тайёргарликка ўқишга қабул қилинган ходимлар эгаллаб турган лавозимларидан озод этилади ва курсантлар (тингловчилар) сафига киритилади.


60. Ходимни махфий ҳужжатлар билан ишлаши учун белгиланган лавозимга тайинлашда унга давлат сирини ташкил қилувчи маълумотларга рухсатнома бериш белгиланган тартибда расмийлаштирилади.

Давлат сирини ташкил этувчи маълумотларга рухсатномаси бўлмаган ходимни махфий ҳужжатлар билан ишлаши белгиланган лавозимга тайинлашга йўл қўйилмайди.

Ходим давлат сирини ташкил этувчи маълумотларга рухсатномадан белгиланган тартибда маҳрум қилинганда, эгаллаб турган лавозимидан озод этилади ва махфий ҳужжатлар билан ишлаш талаб этилмайдиган лавозимга ўтказилади.


61. Миллий гвардияда раҳбар лавозимларини эгаллаган ходимлар фаолиятининг самарадорлигини ошириш, коррупция ва ваколатлар суиистеъмол қилинишининг олдини олиш, шахсий таркиб ўртасида соғлом муҳитни таъминлаш мақсадида ходимлар амалий иш тажрибасини ва касбий тайёргарлик даражасини инобатга олган ҳолда тенг лавозимга, жумладан бошқа туман (шаҳар, вилоят) ёки таркибий тузилмага, қоида тариқасида, эгаллаб турган лавозимида беш йил ишлаганидан сўнг ротация тартибида ўтказилиши мумкин.


62. Ходимларни Миллий гвардия ихтиёрида қолдириш, ротация қилиш ҳамда ходимларни ҳарбий хизматчи лавозимларига, ҳарбий хизматчиларни ходимлар лавозимларига тайинлаш тартиби Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланади.



5-БОБ. ХОДИМЛАРНИ ТАЙЁРЛАШ, ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ

ВА УЛАРНИНГ МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ


63. Миллий гвардия учун ходимларни тайёрлаш Миллий гвардия таълим муассасалари, олий ҳарбий ва ихтисослаштирилган таълим муассасалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида, шунингдек, халқаро шартномалар асосида хорижий давлатлар таълим муассасаларида амалга оширилади.

Хорижий давлатлар таълим муассасаларида ўқиш учун танлов ўтказиш тартиби ва шартлари Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланади.


64. Хизматга қабул қилинган фуқаролар (курсантлар ва тингловчилар бундан мустасно) мажбурий тартибда махсус касбий (бошланғич) тайёргарликдан ўтади.


65. Ходим бошқа турдаги касбий фаолият билан боғлиқ лавозимга тайинланганда ёки уни янги йўналишлар бўйича тайёрлаш зарур бўлганида қайта тайёргарликдан ўтиши шарт.


66. Ходимлар Миллий гвардия таълим муассасаларида Миллий гвардия қўмондони томонидан тасдиқланадиган дастурлар асосида малака оширади.

Миллий гвардия таълим муассасаларида назарда тутилмаган мутахассисликлар бўйича ходимларнинг малакасини ошириш Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида, Ўзбекистон Республикасининг бошқа таълим муассасаларида ёки хорижий давлатлар таълим муассасаларида ташкил этилади.

67. Ходимларнинг хизмат, жанговар ва жисмоний тайёргарлигини, маънавий-ахлоқий даражасини ошириш учун Миллий гвардияда тизимли равишда хизмат, жанговар ва жисмоний тайёргарлик машғулотлари ташкил этилади.

Ходим махсус тайёргарликдан, шунингдек, жисмоний куч ишлатиш, махсус воситалар ва ўқотар қурол қўллаш билан боғлиқ шароитларда ҳаракатланишга касбий яроқлилиги бўйича ҳар йилги текширувдан ўтиши шарт. Махсус тайёргарликдан ўтган ходимга тегишли сертификат берилади.


68. Ходимларни махсус касбий (бошланғич) тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, шунингдек, хизмат ўташ вақтида хизмат, жанговар ва жисмоний тайёргарликдан ўтишини ташкил этиш тартиби ва шартлари Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланади.



6-БОБ. ХОДИМНИНГ БОШҚА ДАВЛАТ

ОРГАНЛАРИ ВА ТАШКИЛОТЛАРИГА САЙЛАНГАНИДА

(ТАЙИНЛАНГАНИДА, САФАРБАР ЭТИЛГАНИДА)

ХИЗМАТНИ ЎТАШИ


69. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлигига, Сенати аъзолигига, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоят, туман ва шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари депутатлигига сайланган (тайинланган), Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони, қарори, фармойиши, шунингдек, розилигига ёхуд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига, фармойишига асосан бошқа давлат органларига ёки уларнинг тасарруфидаги ташкилотларга тайинланган, худди шунингдек, Миллий гвардия қўмондонининг буйруғи билан бошқа давлат органларининг таълим муассасаларига ўқишга юборилган ходимлар эгаллаб турган лавозимидан озод этилиб, Миллий гвардия кадрларининг амалдаги захирасига (кейинги ўринларда - кадрлар захираси) киритилади.


70. Агарда қонунчиликда бошқа тартиб назарда тутилмаган бўлса, кадрлар захирасига киритилган ходимлар ушбу Низомда белгиланган тартибда хизмат ўтайди.


71. Кадрлар захирасига киритилган ходимларнинг лавозими ўзгарганда (бошқа лавозимга тайинланган, лавозимдан озод қилинган, ўқишдан четлаштирилган), улар рағбатлантирилган, шунингдек, интизомни бузган тақдирда, улар фаолият кўрсатаётган давлат органлари ёки уларнинг тасарруфидаги ташкилотлар, таълим муассасалари раҳбарлари бу ҳақда Миллий гвардияни ёзма равишда хабардор қилади.


72. Кадрлар захирасига киритилган ходимларни давлат мукофотига тавсия этиш, Миллий гвардияда хизматда бўлишнинг белгиланган чегарадаги ёшига тўлганида хизмат муддати улар фаолият олиб бораётган давлат органлари ёки уларнинг тасарруфидаги ташкилотлар, шунингдек, таълим муассасалари раҳбарларининг тақдимномасига асосан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда узайтирилади.


73. Кадрлар захирасига киритилган ходимларга махсус унвонлар қуйидаги тартибда берилади:

"полковник" махсус унвонигача, шу жумладан "полковник" унвони ҳам - аввал эгаллаган лавозимидан қатъи назар, ходим фаолият олиб бораётган давлат органлари ёки уларнинг тасарруфидаги ташкилотлар, шунингдек, таълим муассасалари раҳбарларининг киритган тавсияномасига кўра, мазкур Низомда белгиланган тартибда Миллий гвардия қўмондони томонидан;

генераллар таркибининг махсус унвонлари - Миллий гвардия қўмондони ҳамда улар фаолият кўрсатаётган давлат органлари ёки уларнинг тасарруфидаги ташкилотлар раҳбарларининг биргаликдаги тавсияномасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан.


74. Кадрлар захирасига киритилган ходимларга таътиллар, шунингдек, хорижий давлатларга боришлари учун рухсатномалар улар фаолият олиб бораётган давлат органлари ёки уларнинг тасарруфидаги ташкилотлар, таълим муассасалари раҳбарларининг рухсати билан расмийлаштирилади.


75. Кадрлар захирасига киритилган ходимлар хизматни ўташ тартиби билан боғлиқ ўзгаришлардан хабардор бўлишлари, лавозими ўзгарганида (бошқа лавозимга тайинланганида, лавозимидан озод этилганида, ўқишдан четлаштирилганида), мукофотланганида, интизом бузилишига йўл қўйганида, шунингдек, ўзларига нисбатан жиноят иши қўзғатилганида Миллий гвардияга ёзма равишда ахборот бериши шарт.


76. Кадрлар захирасига киритилган ходимлар никоҳдан ўтганида, оиласи таркибида бошқа ўзгаришлар бўлганида, қариндошларига (ота-она, эр-хотин, ака-ука, опа-сингил, ўғил-қизлар, шунингдек, эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари ва болалари) нисбатан жиноят иши қўзғатилганида уч иш куни ичида, меҳнат таътили ёки хизмат сафарида бўлганида эса таътил ва сафар тугаши билан дарҳол Миллий гвардияга ёзма равишда хабар берадилар.


77. Кадрлар захирасига киритилган ходимлар хизмат мажбуриятларини бажариш (ўқиш) муддати якунланганидан сўнг давлат органлари ёки уларнинг тасарруфидаги ташкилотлар, шунингдек, таълим муассасалари томонидан Миллий гвардия ихтиёрига қайтариб юборилади.


78. Миллий гвардияга қайтган ходим Миллий гвардия қўмондонининг буйруғи билан кадрлар захирасидан чиқарилади ва аввалги, унга тенг ёки юқори лавозимга тайинланади.


79. Интизом бузилиши ва бошқа салбий сабабларга кўра давлат органлари ёки уларнинг тасарруфидаги ташкилотлардаги лавозимидан озод этилиб, шунингдек, ўқишдан четлаштирилиб, Миллий гвардияга қайтариб юборилган ходимни лавозимга тайинлаш ёки хизматдан бўшатиш ушбу Низомда белгиланган тартибда амалга оширилади.


80. Кадрлар захирасига киритилган ходимлар таълим муассасаларини тамомлаганидан сўнг ўқиш даврида олган маълумоти ва мутахассислигига ҳамда амалий иш тажрибасидан келиб чиқиб лавозимга тайинланади.


81. Хизматда бўлишнинг белгиланган чегара ёшига етган ёки хизматни давом эттириш истаги бўлмаган ходимлар кадрлар захирасига киритилгунига қадар эгаллаган лавозими бўйича мазкур Низомга мувофиқ хизматдан бўшатилади.


82. Кадрлар захирасига киритилган ходимлар ва уларнинг оила аъзолари хизмат (ўқиш) вақтида, шунингдек, бўшатилганидан сўнг қонун ҳужжатлари ва мазкур Низомда Миллий гвардия ходимлари ва уларнинг оила аъзолари учун белгиланган барча турдаги таъминот, ҳуқуқ, имтиёз ва бошқа афзалликлардан фойдаланади.


83. Кадрлар захирасига киритилган ходимларнинг давлат органлари ёки уларнинг тасарруфидаги ташкилотлар, шунингдек, таълим муассасаларида лавозим мажбуриятларини бажариш (ўқиш) даври уларга хизмат қилган йиллари учун устамани тўлаш, навбатдаги махсус унвонни олиш ва пенсия тайинлаш учун Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясидаги хизмат стажига қўшиб ҳисобланади.



7-БОБ. АТТЕСТАЦИЯ ЎТКАЗИШ


84. Миллий гвардияда аттестация ходимларнинг билим даражасини, ишга муносабатини, касбий тайёргарлигини, эгаллаб турган лавозимига лойиқлигини холисона баҳолаш, мамлакатимизда олиб борилаётган давлат сиёсатининг мазмун-моҳиятидан хабардорлиги даражасини аниқлаш, шунингдек, хизмат интизомини мустаҳкамлаш ва зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш чоғида уларнинг масъулиятини ошириш мақсадларида ўтказилади.

Аттестация ошкоралик, талабчанлик, принципиаллик ва хайрихоҳлик вазиятида ўтиши лозим.


85. Ходимлар хизмат даврида навбатдаги ва навбатдан ташқари аттестациядан ўтадилар.


86. Навбатдаги аттестациядан ўтказиш муддати лавозимга тайинланган ва охирги аттестациядан ўтказилган кундан бошлаб ҳисобланади.

Навбатдаги аттестация беш йилда бир марта ёки навбатдаги махсус унвон бериш учун ўтказилади.

Қуйидаги ходимлар навбатдаги аттестациядан ўтмайдилар:

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланганлар;

эгаллаб турган лавозимида бир йилдан кам муддат хизмат қилганлар;

хизмат сафарида, даволанишда (даволаш-профилактика муассасаларида вақтинча хизматдан озод қилиш варақаси ёки маълумотномаси берилган ҳолда) ва малака оширишда бўлганлар;

кадрлар захирасига киритилганлар. Ушбу тоифадаги ходимлар кадрлар захирасидан чиқарилиб, Миллий гвардиядаги лавозимга тайинланган кундан бошлаб камида бир йил ўтганидан сўнг умумий тартибда аттестациядан ўтадилар;

ҳомиладорлик, туғиш ва болани парвариш қилиш таътилида бўлганлар. Болани парвариш қилиш таътилида бўлган ходимлар хизмат вазифаларини бажаришга киришганларидан сўнг камида бир йил ўтганидан сўнг аттестациядан ўтадилар.


87. Навбатдан ташқари аттестациядан:

юқори лавозимга, хизмат муддатини узайтиришга ва давлат мукофотига тавсия этилаётганида;

иш кўрсаткичлари паст бўлган, касбий яроқлилигини аниқлаш бўйича текширувдан ўта олмаган, хизмат интизомини қўпол тарзда бузган ёки мунтазам бузиб келаётган, Миллий гвардия ходимининг шаънига путур етказувчи ножўя ҳаракатлар содир этган ходимлар ўтадилар.

Навбатдан ташқари аттестация ўтказиш ҳақидаги қарорни лавозимга тайинлаш ваколатига эга бўлган бошлиқ қабул қилади.


88. Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Миллий гвардия қўмондонининг қарорига асосан ходимлар навбатдан ташқари аттестациядан ўтказилиши мумкин, бунинг учун махсус комиссия тузилади.


89. Аттестацияни ташкил қилиш ва ўтказиш, аттестация комиссиялари таркибини шакллантириш ва тасдиқлаш тартиби Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланади.



8-БОБ. ТАЪТИЛЛАР


90. Ходимларга қуйидаги таътиллар берилади:

йиллик асосий таътил;

ҳомиладорлик ва туғиш, болаларни парвариш қилиш таътиллари;

касаллик бўйича (ҳарбий-тиббий комиссия хулосасига асосан) таътил;

ўқиш билан боғлиқ таътил - олий таълим муассасаларида сиртқи таълим шаклида ўқиётган ходимлар учун;

ижодий таътил - амалий фаолиятни илмий иш билан бирга олиб бораётган ходимларга диссертациясини якунлаши учун;

қўшимча таътил - Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга кириш имтиҳонларни топшириши учун, оилавий шароити бўйича, жанговар ҳаракатларда ва фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этишда қатнашганларга.

Шунингдек, ходимларга қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа асослар бўйича ҳам таътиллар берилиши мумкин.


91. Ходимларга дам олиш ва иш қобилиятини тиклашлари учун таътилни ўтказиш жойига бориш ва қайтиш учун зарур бўлган, бироқ уч календарь кундан ошмайдиган вақт қўшилган (байрам кунлари ҳисобга олинмаган, лавозими ва пул таъминоти сақланган) ҳолда давомийлиги ўттиз календарь кун бўлган йиллик асосий таътил берилади.


92. Ходимларга биринчи хизмат йили учун бериладиган таътилнинг давомийлиги улар хизматга қабул қилинган кундан бошлаб календарь йилнинг охиригача бўлган вақтга мутаносиб равишда ҳар тўлиқ ой хизмат учун таътилнинг икки ярим кун ҳисобида таътил муддатини тўлиқ бир кунгача етказиш томонига яхлитлаш йўли билан ҳисобланади. Муддати ўн календарь кундан кам бўлган таътил ходимнинг хоҳишига кўра кейинги йили асосий таътил билан бирга қўшиб берилиши мумкин.

Бунда ушбу таътил ходимни дастлабки синов муддатини ўтганидан сўнг берилади.

Миллий гвардия қўмондони асосий таътилни ходим дастлабки синов муддатини ўтаганидан сўнг хизматининг биринчи йилининг исталган даврида бериш ҳуқуқига эга.


93. Ходимнинг белгиланган хизмат муддатини ўтагандан кейин йиллик асосий таътилига қўшимча равишда календарь ҳисобида давомийлиги қуйидагича бўлган ҳақ тўланадиган қўшимча таътил берилади:

ўн йиллик хизматидан сўнг - беш кун;

ўн беш йиллик хизматидан сўнг - ўн кун;

йигирма йиллик хизматидан сўнг - ўн беш кун.


94. Йиллик асосий таътил даврида ходим Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар органларининг даволаш-профилактика муассасаларида вақтинча хизматдан озод қилиш варақаси ёки маълумотномаси берилган ҳолда даволанганида таътил ушбу муддатга узайтирилади.


95. Фавқулодда ҳолатлар даври белгиланган, табиий офат ҳудуди деб эълон қилинган ёки уларга тенглаштирилган жойларда хизмат ўтаган ходимларга улар фойдаланмаган йиллик асосий таътил уларнинг хоҳишига кўра кейинги йилнинг асосий таътилига қўшиб берилади.


96. Ходимлар Миллий гвардиянинг бошқа бўлинмаларига ўтказилган тақдирда, уларнинг фойдаланилмай қолган йиллик асосий таътили янги хизмат жойи бўйича берилади.


97. Ходимга йилига бир маротаба қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси ҳудуди доирасида йиллик асосий таътилни ўтказадиган жойига, шунингдек, санаторий-курортларда даволаниш жойларига бориши ва қайтиши учун сарфлаган йўл харажатлари тўлаб берилади.


98. Ходимларга йиллик асосий таътил хоҳишига кўра икки қисмга бўлиб берилиши мумкин. Бунда, таътилнинг бир қисми ўн беш иш кунидан кам бўлмаслиги керак. Ушбу ҳолатда таътил гувоҳномаси таътилнинг ҳар бир қисми учун алоҳида расмийлаштирилади.


99. Аёл ходимларга ҳомиладорлик ва туғиш, болани парваришлаш учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда таътил берилади. Бунда уларга қонунчиликда белгиланган қўшимча имтиёз, кафолат ва компенсациялар татбиқ этилади.

Бола (болаларни) асраб олган ходимларга қонун ҳужжатларига мувофиқ болани парваришлаш учун таътил берилади. Аёл ходимларга ҳомиладорлик ва туғиш таътили пул таъминоти сақланган ҳолда, болани парваришлаш таътили эса пул таъминоти сақланмаган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган муддат ва тартибда берилади.

Қонунчиликда белгиланган алоҳида ҳолларда болани парваришлаш таътили эркак ходимларга ҳам берилиши мумкин.

Ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари навбатдаги таътил ҳисобига қўшилмайди. Ҳомиладорлик ва туғиш таътили олдидан ёки бевосита ундан кейин аёл ходимларга уларнинг хоҳишига кўра жорий йил учун навбатдаги таътил берилади.

Болани парваришлаш учун таътил тугайдиган йилдаги навбатдаги таътил календарь йилнинг охиригача ушбу таътил тугаган кундан бошлаб календарь йилининг охиригача бўлган вақтга мутаносиб равишда ҳар тўлиқ ой хизмат учун икки ярим кун ҳисобида ҳисобланади ва ушбу Низомнинг 92-бандида белгиланган талаблар ҳисобга олинган ҳолда берилади.

Болани парвариш қилиш таътиллари даврида ходимнинг лавозими сақланади ва ушбу таътиллар муддати хизмат стажига (шу жумладан мутахассислиги бўйича хизмат стажига ҳам) қўшилади, лекин ҳаммасини жамлаганда олти йилдан ошмаслиги керак. Бунда хизмат муддати ҳар бир куни бир кунга тенглаштирилган ҳолда ҳисобланади.

100. Ходимларга касаллиги бўйича таътиллар ҳарбий-тиббий комиссиянинг хулосаси асосида берилади. Ушбу таътилнинг давомийлиги ҳарбий-тиббий экспертизасига оид қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

Касаллик сабабли таътилда бўлишнинг узлуксиз умумий муддати тўрт ойдан ошмаслиги лозим. Айрим касалликлар бўйича даволанишда бўлиш учун кўпроқ муддат талаб қилинган ҳолларда, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда узайтирилиши мумкин.

Ходимлар касаллик бўйича таътилда узлуксиз бўлишнинг белгиланган муддати тугаганидан сўнг кейинги хизматга яроқлилигини ҳал қилиш учун ҳарбий-тиббий комиссияда гувоҳлантирилиши лозим.

Ходимнинг хизмат мажбуриятларини бажаришда олинган ярадорлиги (шикастланиш, жароҳатлар)ни даволашда бўлган даври, жароҳат прогнозини инобатга олган ҳолда маълум бир муддат билан чекланмайди. Шахсларнинг мазкур тоифаси даволаниш тугагандан сўнг ҳарбий-тиббий гувоҳлантирилишидан ўтказилади.

Касаллик сабабли берилган таътил йиллик асосий таътил ҳисобига киритилмайди.

Ходим хизматдан бўшатилаётганда, унга касаллиги сабабли таътил берилмайди.


101. Олий таълим муассасаси ёки илмий тадқиқот муассасасининг мустақил изланувчиси бўлган ходимларга диссертацияларини якунлашлари учун қонунчиликда белгиланган тартибда ижодий таътил берилади.


102. Олий таълим муассасасига кириш имтиҳонлари топшириш учун рухсат олган ходимларга таълим муассасасига бориш ва у ердан қайтиш вақтини ҳисобга олган ҳолда, камида ўн беш календарь куни давом этадиган ва пул таъминоти сақланмайдиган қўшимча таътил берилади.

Олий таълим муассасаларида сиртдан ўқиётган ходимларга имтиҳонлар, синовлар ва бошқа ўқув ишларини топшириш даврида сессия муддатига пул таъминоти сақланган ҳолда таътил берилади.


103. Ходимларга оиласидаги кечиктириб бўлмайдиган ижтимоий-маиший масалаларни ҳал этиш, қариндошлик бурчини бажариш билан боғлиқ бўлган, шунингдек, бошқа узрли сабабларга кўра таътилни ўтказиш жойига бориш ва қайтиш учун вақт ҳисобга олинмаган, пул таъминоти сақланмаган ҳолда ўн кунгача қисқа муддатли қўшимча таътил берилиши мумкин.


104. Ходимларга йиллик асосий таътил жорий календарь йили давомида берилмаган бўлса, ушбу таътил кейинги йилнинг биринчи чорагида берилиши лозим.


105. Ходимни таътилдан фақат хизмат юзасидан ўта зарур ҳоллардагина ўзининг розилиги ва хизматга қабул қилиш ваколатига эга бошлиқнинг ёзма қарори билан чақириб олишга йўл қўйилади.

Таътилдан чақириб олинганида унинг фойдаланилмай қолган қисми, қоида тариқасида, жорий йилда берилади.

Агар йиллик асосий таътилнинг фойдаланилмаган қисми ўн кун ва ундан ортиқ бўлса, ходимга таътил ўтказадиган жойига бориши учун пул маблағи берилади, аммо масофа уни чақириб олинган аҳоли пунктидан узоқ бўлмаслиги керак.


106. Ушбу Низомнинг 135-банди "а", "б", "в", "г", "д" ва "е" кичик бандлари асосида хизматдан бўшатилаётган ходимларга ишдан бўшатиш ҳақида қарор қабул қилинган календарь йили учун ҳақ тўланадиган ҳар йилги асосий ва қўшимча таътиллар берилади.

Бошқа асосларга кўра хизматдан бўшатилаётган ходимларга фойдаланилмаган ҳақ тўланадиган асосий ва қўшимча таътиллар учун пул компенсацияси тўланади.


107. Ходимларга таътиллар бериш, таътилдан чақириб олиш, шунингдек, уларни муддатларини ҳисоблаш тартиби ва шартлари Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланади.



9-БОБ. ХОДИМЛАРНИНГ ИЖТИМОИЙ-ҲУҚУҚИЙ

ҲИМОЯСИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


108. Ходим ўз фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари талабларидан келиб чиққан ҳолда, эгаллаб турган лавозими бўйича хизмат вазифаларини бажаришда давлат органининг вакили сифатида иш юритади ва давлат ҳимояси остида бўлади.


109. Ходимнинг хизмат вазифаларини бажариш чоғида ўз ваколатлари доирасидаги қонуний талаблари барча фуқаролар ва мансабдор шахслар томонидан бажарилиши мажбурийдир. Ходимнинг қонуний талабларини бажармаслик ва унинг хизмат вазифаларини бажаришга тўсқинлик қилувчи хатти-ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликни келтириб чиқаради.


110. Ходим томонидан жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ёки ўқотар қуролни қўллаш қонун асосида амалга оширилган бўлса, бунда у жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарар учун жавобгар бўлмайди.

Ходимларнинг жисмоний куч ишлатиши, махсус воситаларни ёки ўқотар қуролни қўллашининг асослилиги қонун ҳужжатларига мувофиқ аниқланади.


111. Ходим хизмат мажбуриятларини бажариш вақтида зарур мудофаа ёки охирги зарурат ҳолатида, ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ушлаш ёхуд буйруқ ёки бошқа вазифани ижро этиш вақтида, шунингдек, касб фаолиятига боғлиқ асосли таваккалчилик қилиш оқибатида зарар етказса, уни жавобгарликдан озод қилиш масаласи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


112. Ходим хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида фақат бевосита ёки тўғридан-тўғри бошлиғига бўйсунади.


113. Қонун билан тўғридан-тўғри ваколат берилган шахслардан ташқари ҳеч ким ходимнинг қонуний фаолиятига аралашиш, ходимни қонун билан Миллий гвардияга юклатилмаган мажбуриятларни бажаришга мажбурлаш ҳуқуқига эга эмас.

Ходим ўз иш юритувида бўлган ишлар ва материалларнинг моҳияти бўйича ҳеч қандай тушунтириш беришга, шунингдек, уларни, шу жумладан фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатларни танишиб чиқиш учун тақдим этишга мажбур эмас, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар ва тартиблар бундан мустасно.


114. Ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш қуйидагилар орқали таъминланади:

соғлиғини сақлаш;

пул таъминотини тўлаш;

уй-жой майдони билан таъминлаш;

мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш;

хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида транспорт воситаларидан имтиёзли фойдаланиш;

давлат пенсия таъминоти;

давлат суғуртаси;

ижтимоий ёрдам кўрсатиш;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа чора-тадбирлар.


115. Ходимлар белгиланган намунадаги бепул кийим-бош билан таъминланадилар.


116. Миллий гвардия ходимлари, қонун ҳужжатлари билан бепул даволаниш имтиёзи бўлган пенсионерлари ҳамда уларнинг оила аъзоларига тиббий-санитария ёрдами (ортопедик, стоматология ва ортодонтия ёрдами бундан мустасно) ички ишлар органлари даволаш-профилактика муассасалари томонидан ички ишлар органлари ходимлари учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бепул амалга оширилади.

Миллий гвардия ходимлари, қонун ҳужжатлари билан бепул даволаниш имтиёзи бўлган пенсионерлари санаторий-курорт шароитида даволаниш учун йилига бир марта имтиёзли йўлланмалар билан таъминланади.

Санаторий-курорт шароитида даволаниш ва тиббий реабилитация тадбирларини ташкил этиш ички ишлар органлари ходимлари учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Миллий гвардия ходимлари сафига қабул қилинаётган номзодлар, ходимлар, пенсионерлар ҳамда уларнинг оила аъзоларини тиббий кўрикдан ўтказиш ички ишлар органлари тизимидаги ҳарбий-тиббий комиссиялар томонидан ички ишлар органлари ходимлари учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Миллий гвардия ходимлари, пенсионерлари ҳамда уларнинг оила аъзолари ички ишлар органлари даволаш-профилактика муассасаларида стационар равишда даволанганда уларнинг овқатланиши учун пул тўлаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Миллий гвардия тасарруфидаги объектларда санитария назоратини ҳамда эпидемиологик суриштирув ишларини олиб бориш Миллий гвардия тизимидаги тиббиёт хизматлари томонидан амалга оширилади.


117. Миллий гвардия ходимлари белгиланган тартибда ҳар йили диспансеризациядан ўтказиладилар.


118. Ходимларнинг фарзандлари яшаётган жойдаги давлат мактабгача таълим ташкилотларига қонунчиликда белгиланган тартибда имтиёзли рўйхат асосида, шунингдек, Миллий гвардия ҳамда Ички ишлар вазирлиги мактабгача таълим ташкилотларига ва ёзги соғломлаштириш оромгоҳларига навбатсиз ва имтиёзли равишда жойлаштирилади.

Миллий гвардия мактабгача таълим муассасалари ва ёзги соғломлаштириш оромгоҳларига қабул қилиш тартиби ва шартлари Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланади.


119. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларига, шунингдек, Миллий гвардиядан бўшатилган фуқароларга ҳамда уларнинг оила аъзоларига ушбу Низомда назарда тутилмаган бошқа имтиёз, кафолат ва компенсациялар қонунчиликда белгиланган манбалар ҳисобидан ҳам берилиши мумкин.


120. Хизмат муддати, педагогик иш стажи, шунингдек, илмий унвони мавжудлиги учун ходимларга қонун ҳужжатларга мувофиқ устама ҳақлар тўланади.

Хизмат муддатини ҳисоблаш тартиби Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланади.


121. Хизмат вазифаларини виждонан бажариб келаётган, юксак касбий тайёргарлик даражасига эришган, юксак маънавий-ахлоқий хислатларга эга бўлган, шунингдек, ўз фаолиятида юқори натижаларни кўрсатган ходимларга ҳар ойлик қўшимча тўловни назарда тутувчи "учинчи тоифа мутахассиси", "иккинчи тоифа мутахассиси", "биринчи тоифа мутахассиси" ва "уста" малака тоифалари берилади.

Малака тоифаларини бериш тартиби ва шартлари Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланади.


122. Ходим ёки унинг яқин қариндошларининг мол-мулкига унинг хизмат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ ҳолда етказилган зарарнинг ўрни ихтиёрий ёки мажбурий суғурта маблағларидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўлиқ ҳажмда қопланади, ушбу сумма кейинчалик айбдор шахслардан ундириб олинади.

Ушбу қоида Миллий гвардиядан пенсияга чиқарилган шахсларга, агар зарар уларга ёки яқин қариндошларининг мол-мулкига Миллий гвардиядаги хизмат фаолияти билан боғлиқ ҳолда етказилганида ҳам татбиқ этилади.

Ходимнинг хизмат мажбуриятларини бажариши туфайли, унинг ёки яқин қариндошларининг мол-мулкига етказилган зарарни қоплаш тартиби қонун ҳужжатларида белгиланади.


123. Ходимлар Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган маблағлар ҳисобидан давлат томонидан мажбурий суғурта қилинади.


124. Хизматдан бўшатилаётган ходимларга бир марта тўланадиган нафақа пули берилади.

Хизматдан бўшатилаётган ходимлар кўп йиллик ва виждонан (бенуқсон) хизматлари учун ваколатли раҳбарлар томонидан қимматбаҳо совға ёки пул мукофоти билан тақдирланиши мумкин.


125. Миллий гвардия қўмондони хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида тан жароҳати олган ходимларга, шунингдек, ҳалок бўлганларнинг оиласига Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланган тартибда ва миқдорда бир марталик нафақа тайинлашга ҳақли.

Ходимлар, боқувчисини йўқотганда эса уларнинг оила аъзолари қонунда белгиланган тартибда ва миқдорда давлат пенсия таъминоти олиш ҳуқуқига эга.


126. Хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида тан жароҳати, шикастланиш олган ёки ҳалок бўлган ходимларнинг фарзандларини хизматга, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари ва ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда афзалликлар бериш тартиби ва шартлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


127. Соғлиқни сақлаш, молиявий таъминоти, таътиллар бериш, уй-жой майдони ва имтиёзли ипотека кредитлари билан таъминлаш, мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш, хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида транспорт воситаларидан имтиёзли фойдаланиш, давлат пенсия таъминоти, давлат ижтимоий суғуртаси, ижтимоий ёрдам кўрсатиш жараёнида ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



10-БОБ. ХИЗМАТНИ ЎТАШ РЕЖИМИ


128. Ходимлар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонун ҳужжатлари ва мазкур Низомда белгиланган мажбуриятларни бажарадилар ҳамда ҳуқуқ ва эркинликлардан фойдаланадилар.


129. Ходимларнинг ҳафталик иш вақти қирқ соатдан ошиши мумкин эмас, зарур бўлган ҳолларда эса улар кучайтирилган ёки суткалик режимда хизматни ўташга жалб этилиши мумкин.

Одатдаги хизматни ўташ режими олти кунлик иш ҳафтаси ўрнатилишини назарда тутади, бунда кунлик иш давомийлиги етти соатдан, беш кунлик иш ҳафтасида эса - саккиз соатдан ошмаслиги керак.

Кучайтирилган режим кунига иш вақтидан ташқари давомийлиги тўрт соатдан ошмайдиган хизмат белгиланишини назарда тутади.

Суткалик режим уч маҳал овқатланиш ҳамда камида саккиз соат дам олиш учун вақт берилган ҳолда, хизматни йигирма тўрт соат давомида ўташни назарда тутади.

Суткалик режим ходимларга хизматни ўташ чоғида уларнинг хоҳишига кўра, хизмат ўташ жойида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчилари учун белгиланган умумқўшин паёги нормалари доирасида белгиланадиган озиқ-овқат паёги учун бериладиган компенсация ўрнига уч маҳал бепул овқат берилиши мумкин, ўз хизмат вазифаларини доимий равишда суткалик навбатчилик асосида бажарадиган ходимлар бундан мустасно.

Кучайтирилган ёки суткалик режим жорий этилиши муносабати билан иш соатлари (кунлари)нинг белгиланган нормалари оширилганлиги эвазига ходимга Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланган тартибда пул компенсацияси тўланади ёки дам олиш кунлари (отгуллар) берилади ёхуд бу кунлар унинг йиллик асосий таътилига қўшилади.

Кучайтирилган ва суткалик режимни жорий этиш ҳамда бекор қилиш, шунингдек, ходимларни жанговар ҳаракатларда иштирок этишга жалб қилиш Миллий гвардия қўмондонининг буйруғи билан амалга оширилади.


130. Дам олиш ва байрам кунлари хизмат вазифаларини бажаришга жалб этиладиган ходимларга ҳафтанинг бошқа кунларида дам олиш куни берилади.


131. Миллий гвардия бўлинмаларининг навбатчилик қисмлари суткалик нарядининг хизмати йигирма тўрт соатга мўлжаллаб ташкил этилади.

Навбатчилик вақтида наряд ходимларига навбатма-навбат овқатланиш ва қисқа муддатли дам олиш учун умумий давомийлиги уч сменалик режимда - олти соат, тўрт сменалик режимда - тўрт соат давом этадиган танаффуслар берилади.

Смена тугагач, Навбатчилик қисмлари ва объектларни қўриқлаш нарядлари ходимларига ҳамда хизмат вазифаларини суткалик навбатчилик режимида доимий бажарувчи бошқа ходимларга белгиланган тартибда дам олиш берилади.


132. Миллий гвардияда асосий хизмат вазифаларига қўшимча равишда суткалик режимда навбатчиликка тушган ходимларга навбатчилик тугаганидан сўнг камида 24 соат давом этадиган дам олиш вақти берилади.


133. Миллий гвардия хизмат фаолиятининг хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, соҳавий бўлинмалари бошлиқлар томонидан тасдиқланадиган кун тартиби ишлаб чиқилади.


134. Уруш ҳолати эълон қилинган даврда ходимларнинг хизматни ўташ тартиби қонун ҳужжатларида белгиланади.



11-БОБ. ХИЗМАТ МУДДАТИНИ УЗАЙТИРИШ,

ХИЗМАТДАН БЎШАТИШ ВА ХИЗМАТГА ТИКЛАШ


135. Ходим қуйидаги асосларга кўра хизматдан бўшатилади:

а) ўзининг хоҳиши (пенсия олиш ҳуқуқини берадиган хизмат муддатини ўтамаганларга) - ходимнинг билдиргиси асосида;

б) хизматда бўлишнинг белгиланган чегара ёшига тўлганлиги;

в) пенсия олиш ҳуқуқини берадиган хизмат муддатини ўтаганлиги - ходимнинг билдиргиси асосида;

г) ташкилий-штат ўзгаришлари;

д) касаллиги - ҳарбий-тиббий комиссиянинг хизматга яроқсизлиги тўғрисидаги хулосаси асосида;

е) соғлигининг чекланганлиги ҳолати - ҳарбий-тиббий комиссиянинг Миллий гвардиядаги хизматга яроқлилиги чеклангани тўғрисидаги ва хизмат бўйича бошқа лавозимга ўтказиш имконияти мавжуд бўлмаган тақдирда, эгаллаб турган лавозимига мувофиқ хизмат мажбуриятларини бажара олмаслиги ҳақидаги хулосаси асосида;

ж) дастлабки синов муддати давомида хизматга яроқсизлиги;

з) малакаси етарли эмаслиги оқибатида эгаллаб турган лавозимига нолойиқлиги - аттестация натижалари асосида;

и) хизмат интизомини қўпол равишда бузганлиги;

к) Миллий гвардия ходимининг шаънига путур етказувчи хатти-ҳаракатлар содир этганлиги;

л) жинояти учун суднинг ҳукми, ажрими, қарори қонуний кучга кирганидан кейин ҳукм қилинганлиги;

м) ходимда интизомий жазо чораси мавжуд бўлган тақдирда, мунтазам равишда хизмат интизомини бузганлиги;

н) бошқа турдаги давлат хизматига ўтганлиги (кадрларнинг амалдаги захирасига киритмасдан);

о) Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги бекор қилинганлиги ёки хорижий давлат фуқаролигини олганлиги;

п) ходимларга қонун ҳужжатларида белгиланган чеклов ва тақиқларга риоя этмаганлиги.


136. Миллий гвардияда хизматда бўлишнинг чегара ёши сафдор-сержант таркибидаги ходимлар учун эллик ёш, офицерлар таркиби учун - эллик беш ёш, генераллар таркиби учун - олтмиш ёш, аёлларга эса (мавжуд унвонидан қатъи назар) - эллик ёшни ташкил этади.


137. Юксак касбий тайёргарликка, эгаллаб турган лавозимида иш тажрибасига эга бўлган ва соғлигининг ҳолатига кўра хизматни ўташга яроқли ходимларнинг хизмат муддати ўзининг розилиги билан Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланган тартибда беш йилгача, бошлиқлар таркибидаги, Миллий гвардия таълим муассасаларида профессор-ўқитувчилик лавозимларини эгаллаб турган ва илмий даражага эга бўлган шахсларнинг эса - ўн йилгача бўлган муддатга узайтирилиши мумкин.


138. Хизмат муддатини узайтириш тўғрисидаги қарор ходимни мазкур Низомда назарда тутилган асослар бўйича Миллий гвардиядан бўшатиш эҳтимолини истисно этмайди.


139. Қуйидаги ҳолларда ходимларнинг хизматдан бўшатилишига йўл қўйилмайди:

тиббиёт муассасаларида даволанишда бўлганида, Миллий гвардия ҳамда Ички ишлар вазирлигининг тиббиёт муассасалари томонидан вақтинча меҳнатга лаёқатсиз деб топилганда;

таътилда ёки хизмат сафарида бўлганда;

асирга ёки гаровга олинганида (ўз ихтиёри билан асирга ёки гаровга тушиш ҳоллари бундан мустасно).


140. Ходимга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилаётган, судда кўрилаётган жиноят иши бўйича якуний қарор қабул қилинмаган ёки суд ҳукми қонуний кучга кирмаган бўлса, у хизматдан бўшатилиши мумкин эмас.


141. Ходим юқори турувчи мансабдор шахсларга хизматдан бўшатилиши юзасидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга.


142. Хизматдан бўшашга қарор қилган ходим бўшашни режалаштирган кундан камида икки ой аввал бўшатиш ваколатига эга бўлган бошлиғига билдирги билан мурожаат этади.

Ходимларнинг хизматдан бўшатилиши қуйидаги тартибда амалга оширилади:

"подполковник" махсус унвонигача, шу жумладан "подполковник" унвони ҳам, - Миллий гвардия қўмондонининг ёки хизматга қабул қилиш ваколатига эга бошлиқнинг буйруғи билан;

"полковник" ва ундан юқори махсус унвонлардаги ходимлар - белгиланган тартибда Миллий гвардия қўмондонининг буйруғи билан.


143. Ходимнинг хизмат муддати календарь ҳисобда йигирма йилга етганидан сўнг ўтаган хизмат муддати учун пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бунга Миллий гвардия ва хорижий давлатлар олий таълим муассасаларида (Миллий гвардия халқаро шартномаларга мувофиқ), Ўзбекистон Республикасининг олий ҳарбий ва ихтисослаштирилган олий таълим муассасаларида ўқиш, Қуролли Кучларда муддатли ҳарбий хизмат ёки сафарбарлик чақирув резервидаги хизматни ўташ даврини ҳам ўз ичига олади.

Ушбу ҳолатда ходимга пенсия тайинлашда унинг календарь тарзда ҳисобланадиган хизмат муддатига қонун ҳужжатларида ва ушбу Низомда белгиланган имтиёзли ҳисобланадиган хизмат муддати қўшилади.


144. Пенсия олиш ҳуқуқини берувчи хизмат муддатини ўтамаган, ушбу Низомнинг 135-банди "б", "г", "д" ёки "е" кичик бандларига мувофиқ хизматдан бўшатилаётган ходимлар бўшаш кунида умумий иш стажи йигирма беш ва ундан ортиқ йилни ташкил этганда, шунинг камида ўн икки йил олти ойи Миллий гвардия ҳамда Ички ишлар органлари хизматларига тўғри келганда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлади.


145. Ходимлар ҳалок бўлганлиги (вафот этганлиги), бедарак йўқолган деб топилганлиги ёки вафот этган деб эълон қилинганлиги сабабли Миллий гвардия шахсий таркиби рўйхатидан ўчирилади.

Суднинг бедарак йўқолган ёки вафот этган деб топиш тўғрисидаги қарори бекор қилинганда, бедарак йўқолган ёки вафот этган деб топилиши оқибатида шахсий таркиб рўйхатидан ўчирилган шахсни ходим сифатида қайта шахсий таркиб рўйхатига киритиш Миллий гвардия қўмондонининг буйруғи асосида амалга оширилади.


146. Ушбу Низомнинг 135-банди "л" кичик бандига асосан хизматдан бўшатилиб, ғайриқонуний равишда жиноий жавобгарликка тортилганлиги ёхуд асоссиз бўшатилганлиги тан олинган ҳолларда, шунингдек, ғайриқонуний равишда хизматдан бўшатилган деб топилган шахсларни хизматга тиклаш суднинг хизматга тиклаш тўғрисидаги қонуний кучга кирган қарори ёхуд Миллий гвардия қўмондонининг қарори асосида амалга оширилади.

Тикланиши лозим бўлган шахсларни шахсий таркиб рўйхатига киритиш ва лавозимга тайинлаш Миллий гвардия қўмондони буйруғи билан амалга оширилади.


147. Ушбу Низомнинг 146-бандида назарда тутилган шахслар бўшатилганидан ёки суднинг хизматга тиклаш тўғрисидаги қарори чиқарилганидан бошлаб уч ой муддатда хизматга тиклаш ҳақида Миллий гвардияга мурожаат этишлари лозим.

Хизматга тиклаш шахсни бўшатилган кунидан тикланган кунига қадар бўлган оралиқ даври учун навбатдаги махсус унвон бериш, фоизли қўшимча ҳақ тўлаш ва пенсия тайинлаш учун хизмат йилларини ҳисоблашда хизмат стажига қўшиб ҳисоблаш шарти билан аввалги махсус унвони, эгаллаб турган лавозими, бунинг имкони бўлмаса, унга тенг ёки бошқа лавозимга тайинлаш орқали амалга оширилади.

Хизматдан бўшатилган шахс бўшатилганидан ёки суднинг хизматга тиклаш тўғрисидаги қарори қонуний кучга кирган кундан уч ой муддат ўтгандан кейин Миллий гвардияга мурожаат этса, мурожаат қилиш муддатидан кейинги давр навбатдаги махсус унвон бериш, фоизли қўшимча ҳақ тўлаш ва пенсия тайинлаш учун хизмат йилларини ҳисоблашда узлуксиз хизмат стажига қўшиб ҳисобланмайди.

Агар шахс уч ойлик муддатни узрли сабабларга кўра ўтказиб юборган тақдирда, ушбу муддат Миллий гвардия қўмондони томонидан тикланиши мумкин.


148. Хизматга тикланаётган шахсга етказилган моддий ва маънавий зарар суднинг қарори асосида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланади.


149. Хизматга тикланган ходимларга пенсия тайинлаш учун хизмат йилларини ҳисоблаш чоғида ҳисобга олинадиган хизмат стажига:

озодликдан маҳрум қилиш ёки озодликни чеклаш билан боғлиқ жазолар ўталганда - бир куни уч кун;

қамоқ тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилганида - бир куни уч кун;

озодликдан маҳрум қилиш ёки озодликни чеклаш билан боғлиқ бўлмаган жазолар ўталганда бир куни бир кун ҳисобида қўшилади.

Хизматга тикланган ходимларга навбатдаги махсус унвон бериш, фоизли қўшимча ҳақ тўлашда хизмат йилларига бўшатилгандан кейинги даври бир куни бир кун ҳисобида қўшилади.


150. Ушбу Низомнинг 135-банди "в", "г", "е" ва "н" кичик бандларига мувофиқ хизматдан бўшатилган ходимлар махсус унвонни тиклаган ҳолда хизматга қайта қабул қилиниши мумкин.

Ушбу Низомнинг 135-банди "а" кичик бандига мувофиқ хизматдан бўшатилган ходимлар уларнинг Миллий гвардиядаги календарь ҳисобдаги амалий иш стажи ўн йилдан ортиқ бўлганда, Миллий гвардиянинг ҳудудий бошқармалари ва соҳавий хизматлари, таълим муассасалари бошлиқларининг асослантирилган тақдимномаларига асосан, шунингдек, хизматдан бўшашига ўқишга кириши сабаб бўлган ҳолларда хизматга қайта қабул қилиниши мумкин.

Миллий гвардиядан аввал бўшатилган шахсларни хизматга қабул қилиш тартиби Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланади.


151. Давлат ҳокимияти органларига тайинланганлиги муносабати билан хизматдан бўшатилган ва тайинланган лавозими бўйича ваколат муддати тугаганлиги сабабли хизматга қайта қабул қилинган ходимларнинг ушбу органлардаги меҳнат фаолияти даври, агар қонунда бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, Миллий гвардиядаги умумий хизмат муддатига қўшилиб, бир куни бир кунга ҳисобланади.


152. Миллий гвардияда хизматни ўтаётган, шу жумладан кадрлар захирасида бўлган ходимларга хизмат муддати, агар қонун ҳужжатларда ва ушбу Низомда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, имтиёзли равишда - бир куни бир ярим кунга тенглаштириб ҳисобланади.

Миллий гвардия, олий ҳарбий ва ихтисослаштирилган таълим муассасалари ва хорижий давлатлар (Ўзбекистон Республикаси томонидан халқаро шартномаларга мувофиқ юборилган тақдирда) олий таълим муассасаларида, жумладан, касбий тайёргарлик факультетида ва раҳбар кадрлар тайёрлаш факультети (олий курслари)да кундузги таълим ўқиш даври бир куни бир кунга ҳисоблаган ҳолда хизмат муддатига қўшилади.

Алоҳида даврда жамоат тартибини сақлашда, террорчиликка қарши операциялар ўтказишда, фавқулодда ҳолат тартибини ҳуқуқий таъминлаш ва уларнинг оқибатларини бартараф этишда иштирок этган, шунингдек, ушбу ҳаракатларда иштирок этиши давомида олган ярадорлиги, шикастланиш ва жароҳатланганлиги оқибатида даволаш-профилактика муассасасида бўлган ходимлар ушбу даврдаги хизмат муддати бир куни уч кунга тенглаштирилиб ҳисобланади.

Ходимларнинг алоҳида даврда жамоат тартибини сақлашда, террорчиликка қарши операцияларда, фавқулодда ҳолат режимини ҳуқуқий таъминлашда ва унинг оқибатларини бартараф этишда иштирок этганлиги ва муддатлари ҳақида ваколатли бошлиқ буйруқ чиқаради, буйруқдан кўчирма уларнинг шахсий ҳужжатлари йиғмажилдларига қўшилади.



12-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


153. Мазкур Низом асосида Миллий гвардия қўмондони томонидан Миллий гвардиянинг айрим бўлинмаларида ходимлар томонидан хизматни ўташнинг бошқа тартиби ва шартлари белгиланиши мумкин.


154. Фуқароларни Миллий гвардиядаги ишчи ва хизматчилар лавозимига ишга қабул қилиш ва ҳужжатларини расмийлаштириш тартиби меҳнат фаолиятининг хусусиятидан келиб чиқиб, Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланади.

Миллий гвардия ишчи ва хизматчиларининг меҳнат муносабатлари меҳнат соҳасидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.


155. Хизматни ўташнинг ушбу Низомда назарда тутилмаган масалалари қонун ҳужжатларига мувофиқ тартибга солинади.






Низомга

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ходимлари

унвонларининг бошқа давлат хизматларидаги

унвон ва мартаба даражаларига нисбатан

ТАҚҚОСЛАНМАСИ

Т/р

Миллий

гвардиянинг

махсус унвонлари


Ички ишлар

органлари-

нинг махсус

унвонлари


Ҳарбий

унвонлар


Божхона

хизматларининг

махсус унвонлари


Давлат солиқ хизмати

органларининг махсус

унвонлари


(Ҳарбий)

прокуратура

хизматларининг

мартаба даражалари


Адлия

хизматлари-

нинг мартаба

даражалари


Суд хизмат-

ларининг

мартаба

даражалари


1.

лейтенант


лейтенант


лейтенант


божхона хизмати лейтенанти


солиқ хизматининг III даражали инспектори


3-даражали юрист,

адлия лейтенанти


3-даражали юрист


3-даражали юрист


2.

катта лейтенант


катта лейтенант


катта лейтенант


божхона хизмати катта лейтенанти


солиқ хизматининг II даражали инспектори


2-даражали юрист,

адлия катта лейтенанти


2-даражали юрист


бешинчи малака даражаси,

3-даражали юрист


3.

капитан


капитан


капитан


божхона хизмати капитани


солиқ хизматининг I даражали инспектори


1-даражали юрист, адлия капитани


1-даражали юрист


тўртинчи малака даражаси,

2-даражали юрист


4.

майор


майор


майор


божхона хизмати майори


солиқ хизматининг III даражали маслаҳатчиси


адлия маслаҳатчиси,

адлия майори


3-даражали адлия маслаҳатчиси


учинчи малака даражаси,

3-даражали адлия маслаҳатчиси


5.

подполковник


подполковник


подполковник


божхона хизмати подполковниги


солиқ хизматининг II даражали маслаҳатчиси


адлия кичик маслаҳатчиси,

адлия подполковниги


2-даражали адлия маслаҳатчиси


иккинчи малака даражаси,

2-даражали адлия маслаҳатчиси


6.

полковник


полковник


полковник


божхона хизмати полковниги


солиқ хизматининг I даражали маслаҳатчиси


адлия катта маслаҳатчиси,

адлия полковниги


1-даражали адлия маслаҳатчиси


биринчи малака даражаси,

1-даражали адлия маслаҳатчиси


7.

генерал-майор


генерал-майор


генерал-майор


божхона хизмати генерал-майори


солиқ хизматининг III даражали давлат маслаҳатчиси


3-даражали

давлат адлия маслаҳатчиси,

адлия генерал-майори


3-даражали давлат адлия маслаҳатчиси


олий малака даражаси


8.

генерал-лейтенант


генерал-

лейтенант


генерал-

лейтенант


божхона хизмати генерал-

лейтенанти


солиқ хизматининг II даражали давлат маслаҳатчиси


2-даражали

давлат адлия маслаҳатчиси,

адлия генерал-лейтенанти


2-даражали давлат адлия маслаҳатчиси


9.

генерал-полковник

генерал-

полковник


генерал-

полковник


божхона хизмати генерал-

полковниги


солиқ хизматининг I даражали давлат маслаҳатчиси


1-даражали

давлат адлия маслаҳатчиси адлия генерал-полковниги


1-даражали давлат адлия маслаҳатчиси


         

Изоҳ: Унвонлар ва мартаба даражалари Миллий гвардиянинг генерал таркибидаги махсус унвонларига Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишган ҳолда тенглаштирилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 23 апрель









































Время: 0.0053
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск