ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш /

Амир Темур номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати академиясига бакалавриат таълим йўналиши бўйича кундузги таълим шаклида ўқишга номзодларни саралаб олиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 27.04.2021 й. 241-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 27 апрелдаги

241-сон қарорига

ИЛОВА



Амир Темур номидаги Ўзбекистон Республикаси

Давлат хавфсизлик хизмати академиясига бакалавриат

таълим йўналиши бўйича кундузги таълим шаклида

ўқишга номзодларни саралаб олиш ва қабул

қилиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Амир Темур номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати академиясига (кейинги ўринларда - Академия) бакалавриат таълим йўналиши бўйича кундузги таълим шаклида ўқишга номзодларни саралаб олиш ва қабул қилиш тартибини белгилайди.


2. Академия таянч олий ҳарбий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланиб, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати (кейинги ўринларда - ДХХ) ва Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати (кейинги ўринларда - ПДХХ) фаолияти йўналишлари бўйича офицер кадрларни тайёрлайди.


3. Академияга бакалавриат таълим йўналиши бўйича кундузги таълим шаклида ўқишга, қоидага кўра, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларининг битирувчилари бўлган, эркак жинсидаги Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қабул қилинади.

Академияга бакалавриат таълим йўналиши бўйича ўқишга соғлиғининг ҳолатига кўра яроқли деб топилган, бўйи 170 см дан паст бўлмаган ҳамда белгиланган тартибда танловдан муваффақиятли ўтган қуйидаги ёш чегараларидаги номзодлар қабул қилинади:

ўн етти ёшдан йигирма уч ёшгача бўлган, шу жумладан ўқишга қабул қилинган йили ўн етти ёшга тўладиган, умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларининг битирувчилари;

ўн саккиз ёшдан йигирма беш ёшгача бўлган, шу жумладан ўқишга қабул қилинган йили ўн саккиз ёшга тўладиган, офицерлар таркиби ҳарбий унвонларига эга бўлмаган, умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал маълумотга эга резервдаги ҳарбий хизматга мажбурлар;

ўн саккиз ёшдан йигирма беш ёшгача бўлган умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал маълумотга эга, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ва контракт асосида ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар;

йигирма олти ёшгача бўлган ва Академияда бакалавриат таълим йўналиши бўйича ўқиш истагини билдирган республика олий таълим муассасаларининг 1- ва 2-курс (қабул йилида) талабалари. Бунда, саралаб олишнинг барча босқичларидан муваффақиятли ўтган номзодлар Академияда ўқишни биринчи курсдан бошлайди.


4. Академияда ўқишга қабул қилиш учун саралаб олиш тенг ҳуқуқлилик ва адолат тамойиллари асосида амалга оширилади.



2-БОБ. АКАДЕМИЯДА ЎҚИШГА

НОМЗОДЛАРНИ САРАЛАБ ОЛИШ


5. Амир Темур номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати академиясига бакалавриат таълим йўналиши бўйича кундузги таълим шаклида ўқишга номзодларни саралаб олиш ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ ташкил этилади.


6. Академияда ўқишга кириш истагини билдирган номзодларнинг соҳанинг ўзига хос хусусиятлари ва белгиланган махсус талабларига асосан шахсий ва ишчанлик қобилиятларини чуқур ўрганиш бўйича махсус тадбирлар ДХХ бўлинма ва органлари ҳамда ПДХХнинг тегишли бўлинмалари томонидан ДХХ ҳамда ПДХХнинг алоҳида ички идоравий ҳужжатлари талабларига мувофиқ амалга оширилади.


7. Академияда ўқишга ватанпарвар, кенг тафаккур ва дунёқарашга, юксак маънавий-ахлоқий сифатларга эга, интеллектуал ривожланган, чет тиллардан бирини умумий ўрта таълим даражасида ўзлаштирган ва яхши жисмоний тайёргарликка эга ёшларни жалб қилиш мақсадида ДХХнинг расмий веб-сайтида ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали тарғибот-ташвиқот тадбирлари амалга оширилади.


8. Тарғибот-ташвиқот тадбирлари жараёнида ёшларда ҳарбий-ватанпарварлик туйғусини шакллантириш, ҳарбий хизмат ва ҳарбий хизматчи касбининг мазмун-моҳияти, мажбуриятлари, ҳарбий соҳа мутахассислигини танлашга онгли муносабат ва қизиқишларини мустаҳкамлаш борасида тушунтириш ишлари олиб борилади. Бунда:

ёшларнинг ДХХ бўлинма ва органлари ҳамда ПДХХнинг вакиллари, шунингдек, фахрийлари билан учрашувлари ташкил этилади;

Академияга ўқишга қабул қилиш тартиби ва шартлари, муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ҳарбий хизматчиларга ва контракт бўйича ҳарбий хизматчиларга Академияга ўқишга киришда бериладиган имтиёзларни ҳамда Академиядаги ҳаётни акс эттирувчи кўргазмали тарғибот материаллари тайёрланади ва тарқатилади;

академик лицейлар, умумтаълим мактаблари ва профессионал таълим муассасалари битирувчи-ўқувчиларига ДХХ ҳамда ПДХХ ҳарбий хизматчисининг касби, Академияга тайёргарлик кўриш ва кириш тартиби тўғрисидаги маълумотларни етказиш мақсадида "очиқ эшиклар куни" тадбирлари ташкил этилади.


9. Академияга ўқишга танлов бошланганлиги тўғрисида қабул йилидан олдинги йилнинг 10 октябрига қадар ДХХнинг расмий веб-сайтида ҳамда оммавий ахборот воситаларида эълон берилади. Танловда қатнашиш истагини билдирган номзодлар қабул йилидан олдинги йилнинг 10 ноябрига қадар ДХХнинг расмий веб-сайтида жойлаштириладиган белгиланган намунадаги электрон анкета-сўровномаларни тўлдирадилар. Электрон анкета-сўровномаларни тўғри тўлдирган номзодларга анкета-сўровномалар қабул қилинганлиги юзасидан 3 кун ичида электрон тарзда хабар юборилади ва улар ўқишга номзодлар рўйхатига киритилади.

Электрон анкета-сўровномаларни нотўғри тўлдирган номзодлар 1 кун ичида анкета-сўровномаларни қайта тўлдириши мумкин.


10. Ўқишга номзодлар қуйидаги босқичларда танловлардан ўтади:

дастлабки саралаб олиш;

махсус касбий танлаш;

тест синовлари.


11. Ўқишга номзодларнинг рўйхати Академия томонидан ҳудудлар (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри) кесимида шакллантирилади ҳамда дастлабки саралаб олиш босқичини ўтказиш учун қабул йилидан олдинги йилнинг 15 ноябрига қадар ДХХ бўлинма ва органлари ҳамда ПДХХнинг тегишли бўлинмаларига тақдим этилади.



1-§. Дастлабки саралаб олиш


12. Дастлабки саралаб олиш босқичида номзодларнинг умумтаълим даражасидаги билимлари, маънавий-ахлоқий сифатлари, индивидуал психологик, психофизиологик хусусиятлари, соғлиғи ва жисмоний тайёргарлиги, ҳарбий ихтисосликнинг замонавий талабларига жавоб бера олиш қобилияти, ғоявий-руҳий барқарорлиги ҳамда интеллектуал салоҳияти аниқланади.


13. Дастлабки саралаб олиш номзодларнинг яшаш, ўқиш, хизмат жойи бўйича ДХХ бўлинма ва органлари, ПДХХнинг тегишли органлари ҳамда Академия мутахассислари томонидан ўтказилади.


14. Дастлабки саралаб олиш босқичида қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:

дастлабки саралаб олиш тест синовлари;

ҳужжатларни тўплаш ва дастлабки ўрганиш;

индивидуал психологик ва психофизиологик ўрганиш;

дастлабки тиббий кўрикдан ўтказиш;

жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолашнинг дастлабки босқичи.


15. Дастлабки саралаб олиш тест синовлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази (кейинги ўринларда - Давлат тест маркази) ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан ДХХ билан тузилган шартнома асосида номзоднинг она тили, Ўзбекистон тарихи, математика ҳамда чет тили фанларидан билим даражасини аниқлаш мақсадида қабул йилидан олдинги йилнинг 15 ноябридан 15 декабригача ўтказилади.

Бунда, тест синовларида иштирок этиш учун номзодлардан (тўлиқ давлат таъминотидаги шахслар бундан мустасно) базавий ҳисоблаш миқдорининг ярим баравари миқдорида тўлов ундирилади.

Тест топшириқлари шакли (фан мазмуни таркиби, саволлар сони, топшириқлар тури, вақт меъёри), баҳолаш мезонлари, тест синовини ўтказиш муддатлари Давлат тест маркази ва Академия томонидан тасдиқланади ҳамда уларнинг расмий веб-сайтларига тест синовлари бўлиб ўтишидан камида бир ой олдин жойлаштирилади.

Тест синовлари натижалари Давлат тест маркази томонидан тест синовлари тўлиқ якунлангандан кейин 5 иш куни ичида Академияга тақдим этилади ва ДХХнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

Дастлабки саралаб олиш тест синовлари натижалари бўйича тўплаш мумкин бўлган энг юқори баллнинг камида 30% (ўттиз фоиз) ини тўплаган номзодлар саралаб олиш тадбирларининг кейинги босқичларида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлади.


16. Номзоднинг ҳужжатларини тўплаш ва дастлабки ўрганишда ДХХ бўлинма ва органлари ҳамда ПДХХнинг тегишли органлари томонидан қабул йилидан олдинги йилнинг 20 ноябридан 31 декабригача номзод тўғрисидаги зарур маълумотлар таҳлил қилинади (оилавий аҳволи ва бошқалар). Бунда, номзодларнинг ижтимоий фаоллиги, дунёқараши, маънавий-ахлоқий фазилатлари ва ишбилармонлик хусусиятлари суҳбат ўтказиш орқали аниқланади ҳамда ҳарбий хизматчи касбини танлаш билан боғлиқ сабабларга аниқлик киритилади.


17. Номзодларнинг ижтимоий фаоллиги, дунёқараши, маънавий-ахлоқий фазилатларини ва ишбилармонлик хусусиятларини аниқлаш қуйидаги мезонлар асосида амалга оширилади:

номзодларнинг мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушуниши, давлатни ва конституциявий тузумни ҳимоя қилиш асосларини билиши, шунингдек, фуқаролик ҳуқуқ ва мажбуриятларини англаши;

юқори даражадаги ҳушёрлик ҳамда ёт ғоя ва мафкураларга нисбатан қатъият билан курашиш зарурлигини англаши;

бурч ва масъулиятни ҳис этиши, қатъиятлилик, ташаббускорлик, меҳнатсеварлик ва ҳалоллик каби фазилатларга эгалиги;

жамоанинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашиши;

замонавий ахборот технологияларидан самарали фойдалана олиши ва етарли билим-кўникмаларга эга бўлиши;

номзоднинг хизмат (меҳнат) фаолиятида, илгари ўқиган таълим муассасасида эришган натижалари.


18. Ҳужжатларни тўплаш ва дастлабки ўрганиш жараёнида соҳанинг ўзига хос хусусиятлари ва белгиланган махсус талаблар нуқтаи назаридан мос келмаган номзодлар дастлабки саралаб олишнинг кейинги босқичларига қўйилмайди.


19. Номзодларни индивидуал психологик ва психофизиологик ўрганиш ДХХ томонидан ишлаб чиқилган методикага мувофиқ қабул йилидан олдинги йилнинг 15-31 декабрь кунлари ДХХ бўлинма ва органлари ҳамда ПДХХнинг тегишли органлари мутахассис-психологларидан ташкил топган психологлар гуруҳи (кейинги ўринларда - психологлар гуруҳи) томонидан амалга оширилади.

Психологлар гуруҳи таркибига республиканинг етакчи олий таълим муассасаларидан тегишли мутахассислар шартнома асосида жалб қилиниши мумкин.


20. Индивидуал психологик ва психофизиологик ўрганиш натижалари асосида психологлар гуруҳи томонидан номзодлар бўйича қуйидаги хулосалар берилади:

Академияда ўқишга тавсия этилади;

Академияда ўқишга тавсия этилмайди.

Индивидуал психологик ва психофизиологик ўрганиш натижалари бўйича Академияда ўқишга тавсия этилмаган номзодлар саралаб олишнинг кейинги босқичига қўйилмайди.


21. Номзодларни дастлабки тиббий кўрикдан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 декабрдаги ПҚ-4076-сон қарори билан тасдиқланган "Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида тинчлик ва уруш даврида тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низомга мувофиқ, номзодлар соғлиғининг ҳарбий хизматга яроқлилигини текшириш мақсадида ДХХнинг ҳудудий ҳарбий-тиббий комиссиялари томонидан қабул йилидан олдинги йилнинг декабрь ойида амалга оширилади.

Дастлабки тиббий кўрикдан ўтказиш натижалари бўйича номзоднинг Академияда ўқишга яроқлилиги тўғрисида хулоса берилади.

Соғлиғининг ҳолатига кўра Академияда ўқишга яроқсиз деб топилган номзодлар саралаб олишнинг кейинги босқичига қўйилмайди.


22. Номзодларнинг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолашнинг дастлабки босқичи жойларда тегишли мутахассислар таркибида ташкил этиладиган Жисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш бўйича махсус комиссиялар томонидан қабул йилининг январь ойида мазкур Низомга 2-иловада келтирилган методикага мувофиқ амалга оширилади.


23. Спорт устаси унвони ёки спорт устасига номзодлик тўғрисидаги тегишли ҳужжатни тақдим этган номзодлар жисмоний тайёргарлик синовларидан озод этилади.


24. Жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолашнинг дастлабки босқичида қониқарсиз натижа кўрсатган номзодларга қўшимча равишда ўз устида ишлаш бўйича тавсиялар ва жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолашнинг якуний босқичида қайта жисмоний тайёргарлик синовларини топшириш учун имконият берилади.



2-§. Махсус касбий танлаш


25. Махсус касбий танлаш босқичининг асосий мақсади Академияда ўқишга номзодларнинг соғлиғи, ДХХ ва ПДХХ ҳарбий хизматчиси касбини эгаллаш сабаблари, мустаҳкам маънавий-ахлоқий ва интеллектуал салоҳиятни аниқлашдан иборат.


26. Махсус касбий танлаш босқичида қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:

ҳужжатларни якуний ўрганиш;

жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолашнинг якуний босқичи;

якуний суҳбат;

якуний тиббий кўрикдан ўтказиш.


27. Дастлабки саралаб олиш босқичларидан муваффақиятли ўтган номзодларга нисбатан ҳужжатларни якуний ўрганиш ДХХ ва ПДХХ ҳарбий хизматчиларига қонун ҳужжатларида белгиланган махсус талабларни инобатга олган ҳолда қабул йилининг январь-апрель ойларида амалга оширилади.

Белгиланган махсус талабларга мос келмаган номзодлар сабаблари ошкор этилмаган ҳолда махсус касбий танлашнинг кейинги босқичларига қўйилмайди.


28. Номзодларнинг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолашнинг якуний босқичи жойларда тегишли мутахассислар таркибида ташкил этиладиган Жисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш бўйича махсус комиссиялар томонидан мазкур Низомнинг 2-иловасидаги методикага мувофиқ қабул йилининг март-апрель ойларида амалга оширилади.


29. Жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолашнинг якуний босқичида белгиланган меъёрий талабларнинг барчасини муваффақиятли бажарган номзодлар жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолашнинг якуний босқичидан "ўтган" деб ҳисобланади.


30. Жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолашнинг якуний босқичидан ўтмаган номзодлар махсус касбий танлашнинг кейинги босқичга қўйилмайди.


31. Номзодлар билан якуний суҳбат ўтказиш ДХХ бўлинма ва органлари ҳамда ПДХХнинг вакилларидан иборат таркибда тузилган якуний суҳбат ўтказиш комиссиялари томонидан номзоднинг касб танлаш сабаблари, маънавий-ахлоқий фазилатлари, умумий дунёқараши, қизиқишлари, ижтимоий фаоллиги, таълим муассасасидаги фанларни ўзлаштириш даражасини ҳар томонлама ўрганиш, келгусида ДХХ ва ПДХХнинг офицерлик лавозимларида хизмат фаолиятини давом эттира олишга муносиблигини аниқлаш ҳамда коллегиал тарзда хулоса чиқариш асосида қабул йилининг апрель-май ойларида амалга оширилади.


32. Якуний суҳбат ўтказиш комиссиялари томонидан қуйидагилар тўғрисида хулосалар берилади:

Академияда ўқишга тавсия этилади;

Академияда ўқишга тавсия этилмайди.

Якуний суҳбат ўтказиш натижаларига кўра Академияда ўқишга тавсия этилмаган номзодлар махсус касбий танлашнинг кейинги босқичига қўйилмайди.


33. Номзодларни якуний тиббий кўрикдан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 декабрдаги ПҚ-4076-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида тинчлик ва уруш даврида тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низомга мувофиқ, ДХХнинг марказий поликлиникаси ва ҳудудий бошқармаларда ташкил этилган махсус ҳарбий-тиббий комиссиялар томонидан қабул йилининг июнь ойида амалга оширилади.

Якуний тиббий кўрикдан ўтказиш натижалари бўйича номзоднинг Академияда ўқишга соғлиғига кўра яроқлилиги тўғрисида хулоса берилади.

Соғлиғининг ҳолатига кўра Академияда ўқишга яроқсиз деб топилган номзодлар тест синовларига қўйилмайди.


34. Дастлабки саралаб олиш ва махсус касбий танлаш босқичларидан муваффақиятли ўтган номзодлар Академияга ўқишга кириш учун ўтказиладиган тест синовларида қатнашиш, шунингдек, тест синовлари вақтида номзодларга белгиланган имтиёзлардан фойдаланиш хуқуқини қўлга киритади.



3-§. Тест синовлари


35. Тест синовларини ўтказиш тартиби ва муддати Давлат тест маркази томонидан Академия билан келишилган ҳолда белгиланади.


36. Тест синовлари блоклари Академия таълим йўналишлари рўйхатига мувофиқ Давлат тест маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ишлаб чиқилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат комиссияси (кейинги ўринларда - Давлат комиссияси) томонидан тасдиқланади.

Тест синовларининг натижалари тест синовлари тўлиқ якунлангандан кейин 5 кун ичида Академияга тақдим этилади ва ДХХнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.


37. Номзод умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида ўрганган чет тилларидан бирида имтиҳон топширади.


38. Олдинги ўқув йили учун қабул жараёнида ўтказилган тест синовларида белгиланган баллни тўплай олмаган, тиббий кўрик натижалари бўйича маълум чекловлар берилган ва/ёки индивидуал психологик ва психофизиологик ўрганиш натижалари ҳамда жисмоний тайёргарлик даражаси бўйича ўқишга кириш учун тавсия этилмаган номзодларга кейинги ўқув йилида Академияда ўқиш учун ҳужжат топширишга умумий асосларда бир мартадан кўп бўлмаган имконият берилади.



3-БОБ. НОМЗОДЛАРГА БЕРИЛАДИГАН ИМТИЁЗЛАР


39. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2012 йил 31 майдаги ПҚ-1765-сон қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган ва Академияга ўқишга имтиёзли кириш учун ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тегишли тавсияномаларига эга бўлган фуқароларга тест синови натижалари бўйича улар тўплаган баллнинг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл кўринишида имтиёз берилади.


40. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбийлари ва унинг таркибига кирувчи вазирлик ҳамда идораларнинг ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2018 йил 14 майдаги ПҚ-3726-сон қарорига мувофиқ:

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирувчи вазирликлар ва идораларнинг контракт бўйича ҳарбий хизматни ўтаётган офицерлар, сержантлар ва оддий аскарлар таркибидаги ҳарбий хизматчиларининг ва Миллий гвардиянинг хизматдаги ходимларининг тегишли вазирлик ҳамда идоралар тавсияномалари берилган фарзандлари дастлабки саралаб олиш ва махсус касбий танлаш тадбирларидан муваффақиятли ўтиш натижалари бўйича Академиянинг белгиланган қабул квотаси доирасида ўқишга кириш ҳуқуқидан фойдаланади;

ҳарбий хизмат мажбуриятини (хизмат мажбуриятини) бажариш чоғида ҳалок бўлган, шунингдек, ҳарбий хизмат мажбуриятини (хизмат мажбуриятини) бажариш чоғида ярадор бўлиши, контузия, шикастланиш ёки касалликлар оқибатида ногирон бўлиб қолган контракт бўйича ҳарбий хизматни ўтаётган офицерлар, сержантлар ва оддий аскарлар таркибидаги ҳарбий хизматчиларнинг ва Миллий гвардия ходимларининг тегишли вазирлик ҳамда идоралар тавсияномалари берилган фарзандлари дастлабки саралаб олиш ва махсус касбий танлаш тадбирларидан муваффақиятли ўтиш натижалари бўйича Академиянинг белгиланган қабул квотасидан ташқари тест синовларисиз ўқишга кириш ҳуқуқидан фойдаланади.


41. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сержантларининг мақоми тўғрисида" 2004 йил 12 апрелдаги 170-сон қарорига мувофиқ:

"Илғор сержант" номинациясида республика турининг ғолиблари бўлган сержантлар дастлабки саралаб олиш ва махсус касбий танлаш тадбирларидан муваффақиятли ўтиш натижалари бўйича Давлат комиссиясининг қарори билан тест синовлари топширмасдан ўқишга қабул қилинадилар;

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг сержантлар таркиби лавозимларида 5 йил бенуқсон хизмат қилган сержантларга эса ижобий тавсифномалар, қўмондонлик, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарликда ютуқлари мавжуд бўлган тақдирда, Академияга ўқишга қабул қилишда тўпланиши мумкин бўлган энг кўп баллнинг 20 фоизи миқдорида қўшимча баллар кўринишида имтиёз берилади.


42. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Усмирларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва Давлат хизмати учун кадрлар захирасини тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2019 йил 28 июндаги ПҚ-4375-сон қарорига мувофиқ:

"Темурбеклар мактаби" ҳамда "Ёш чегарачилар" ҳарбий академик лицейлари битирувчилари Академияга ўқишга киришда Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовларида ўзлари тўплаган балларнинг 30 фоизи миқдоридаги қўшимча баллар кўринишидаги имтиёздан фойдаланади;

имтиёзли диплом олган ДХХ "Темурбеклар мактаби" ҳамда "Ёш чегарачилар" ҳарбий академик лицейларининг битирувчилари Академияга тест синовларисиз, дастлабки саралаб олиш ва махсус касбий танлаш тадбирларидан муваффақиятли ўтиш натижалари бўйича Академиянинг белгиланган қабул квотаси доирасида ўқишга кириш ҳуқуқидан фойдаланади.


42-1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий мусиқа академик лицейини ташкил этиш тўғрисида" 2022 йил 16 февралдаги ПҚ-129-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий мусиқа академик лицейи битирувчиларига Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга киришда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовларида ўзлари тўплаган балларнинг 30 фоизи миқдорида балл шаклида имтиёз берилади.

42-2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ватан таянчи" болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати фаолиятини ташкил этиш тўғрисида" 2022 йил 2 мартдаги ПҚ-150-сон қарорига мувофиқ "Ватан таянчи" ҳаракатининг тегишли тавсияномаларига эга бўлган "Ватан таянчи" отряди аъзоларига Академияга ўқишга киришда тест синовлари натижаларига кўра тўплаган балларининг 5 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклида имтиёз берилади.

43. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 3 майдаги ПҚ-4306-сон қарорига мувофиқ, асосий олимпиадаларнинг республика босқичида 1 - 3-ўринларни эгаллаган шахслар 3 йил муддат давомида амал қилувчи ихтисослик фани бўйича сертификат асосида Академияга тест синовларида, имтиёз сифатида, максимал балл тўплаган ҳисобланади.


44. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2019 йил 22 апрелдаги ПҚ-4296-сон қарорига мувофиқ, Академияга курсантларни қабул қилишнинг умумий сонидан "Меҳрибонлик" уйи ва Болалар шаҳарчасининг битирувчилари бўлган чин етимлар учун улар дастлабки саралаб олиш ва махсус касбий танлаш тадбирларидан муваффақиятли ўтган тақдирда, қўшимча равишда бир фоизгача қабул квоталари ажратилади.


45. Номзод бир вақтнинг ўзида ушбу Низомнинг 39-44-бандларида кўрсатилган имтиёзларга эга бўлса, у томонидан тўпланган баллар йиғиндисига имтиёзлар бўйича энг юқори балл қўшилади.


46. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 3 майдаги ПҚ-4306-сон қарорига мувофиқ асосий олимпиадаларнинг республика босқичида 1-3 ўринларни эгаллаган иштирокчиларга уч йил муддат давомида амал қилувчи сертификатга мувофиқ ихтисослик фани бўйича кириш имтиҳонларида максимал балл олиш ҳуқуқи берилади, ҳамда Халқаро математика олимпиадаси (IMO), Халқаро физика олимпиадаси (IPhO), Халқаро кимё олимпиадаси (IChO), Халқаро биология олимпиадаси (IBO), Халқаро информатика олимпиадаси (IOI) ғолиблари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мард ўғлон" давлат мукофотини таъсис этиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 21 ноябрдаги ПҚ-3402-сон қарорига мувофиқ, "Мард ўғлон" давлат мукофоти соҳиблари бўлган умумтаълим ва профессионал таълим муассасаларининг ўқувчилари дастлабки саралаб олиш ва махсус касбий танлаш тадбирларидан муваффақиятли ўтган тақдирда Академия қабул комиссиясининг қарори билан Академиянинг белгиланган қабул квотаси доирасида тест синовларисиз қабул қилинади.

Академияга белгиланган қабул квотаси доирасида тест синовларисиз ўқишга қабул қилишга тавсия этилган халқаро олимпиадалар, халқаро ва республика танловлари, мусобақаларининг ғолиблари ҳамда "Мард ўғлон" давлат мукофоти соҳиблари бўлган умумтаълим ва профессионал таълим муассасалари ўқувчиларининг рўйхати Давлат комиссияси томонидан тасдиқланади.


47. Академиянинг қабул комиссияси томонидан қабул йилининг 25 июнигача бўлган муддатда халқаро ва республика олимпиадалари, "Илғор сержант" номинациясида республика тури ғолиблари, "Мард ўғлон" давлат мукофоти соҳиблари ва хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимларининг фарзандлари, ДХХ "Темурбеклар мактаби" ҳарбий академик лицейининг имтиёзли битирувчилари тўғрисидаги маълумотлар ўқиш йўналиши, шакли ва тили кўрсатилган ҳолда Давлат тест маркази ва Давлат комиссиясига тақдим этилади.

Давлат комиссияси ДХХ ва ПДХХ тақдимномалари асосида тест синовлари ўтказилгунига қадар улар бўйича алоҳида қарор қабул қилади.


48. Чет тилини билиш даражаси ҳақидаги халқаро тан олинган сертификат (TOEFL бўйича камида 72 ёки IELTS бўйича камида 5,5 балл, TestDaF (TDN3), CEFR бўйича камида B2) ёки Давлат тест маркази томонидан бериладиган чет тилини билиш даражаси ҳақидаги В2 ва ундан юқори даражадаги сертификат тақдим этганларга чет тили фанидан тўплаш мумкин бўлган максимал балл қўйилади ҳамда улар чет тилидан тест синовларида иштирок этмайди.


49. Давлат тест маркази томонидан бериладиган умумтаълим фанини билиш даражаси тўғрисидаги сертификатга эга бўлган номзодларга сертификатдаги ўзлаштириш фоизига мос равишда кириш тест синовларида ушбу умумтаълим фанидан белгиланган максимал баллга нисбатан табақалаштирилган (пропорционал) балл берилади ҳамда улар ушбу фандан тест синови топширмайди.



4-БОБ. НОМЗОДЛАРНИ АКАДЕМИЯГА

ЎҚИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ


50. Номзодларни ўқишга қабул қилиш бўйича Академия қабул комиссияси тузилади.


51. Давлат тест маркази томонидан тест синовлари натижалари тақдим этилганидан кейин беш кун ичида Академия қабул комиссияси ўқишга қабул қилиш тўғрисида қарор қабул қилади.


52. Академия бошлиғининг буйруғи билан бакалавриат таълим йўналиши бўйича кундузги таълим шаклига ўқишга қабул қилинган номзодларга курсант мақоми берилади.


53. Академияга қабул қилинган ҳарбий хизматчиларнинг хизмат ўташ жойларига уларнинг ўқишга қабул қилинганлиги бўйича буйруқдан кўчирма юборилади.


54. Дастлабки саралаб олиш ва махсус касбий танлаш босқичлари натижалари юзасидан номзодларнинг ариза ҳамда шикоятларини кўриб чиқиш учун Апелляция комиссияси ташкил этилади.

Апелляция комиссиясига тақдим этилган ариза ва шикоятлар улар келиб тушган кундан бошлаб 10 иш кунидан ошмаган муддатда мурожаат қилган номзод иштирокида кўриб чиқилади.


55. Тест синовлари натижаси бўйича берилган апелляция шикоятлари Давлат тест маркази томонидан белгиланган тартибда кўриб чиқилади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


56. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.


57. Ушбу Низом юзасидан келиб чиқадиган низоли масалалар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.






Низомга

1-ИЛОВА



Амир Темур номидаги Ўзбекистон Республикаси

Давлат хавфсизлик хизмати академиясига бакалавриат

таълим йўналиши бўйича кундузги таълим шаклида

ўқишга номзодларни саралаб олиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Муддатлар



1-босқич

Давлат хавфсизлик хизмати академияси (Академия)


1. Академияга ўқишга ёшларни жалб қилиш мақсадида оммавий ахборот воситаларида хамда Давлат хавфсизлик хизматининг расмий веб-сайтида тарғибот-ташвиқот тадбирларини ташкил этиш.



Қабул йилидан олдинги йилнинг октябрь ойида


2. Академияга ўқишга номзодлар танлови бошланганлиги юзасидан оммавий ахборот воситаларида хамда Давлат хавфсизлик хизматининг расмий веб-сайтида эълон бериш.


Қабул йилидан олдинги йилнинг 10 октябрига қадар







2-босқич

Ўқишга номзодлар


Давлат хавфсизлик хизматининг расмий веб-сайтида жойлаштирилган белгиланган намунадаги электрон анкета-сўровномаларни тўғри ва белгиланган талаблар асосида тўлдириш.


Қабул йилидан олдинги йилнинг 10 ноябрига қадар









3-босқич

Академия


1. Давлат хавфсизлик хизматининг расмий веб-сайти орқали ўқишга номзоддарнинг электрон шаклдаги анкета-сўровномаларини қабул қилиш ва бу ҳақида номзодларга электрон тарзда хабар юбориш.



Қабул йилидан олдинги йилнинг 10 ноябрига қадар


2. Ўқишга номзоддарнинг рўйхатини шакллантириш ҳамда дастлабки саралаб олиш босқичини ўтказиш учун Давлат хавфсизлик хизмати бўлинма ва органлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг тегишли бўлинмаларига тақдим қилиш.


Қабул йилидан олдинги йилнинг 15 ноябрига қадар

I. ДАСТЛАБКИ САРАЛАБ ОЛИШ

4-босқич

Давлат тест маркази


Дастлабки саралаб олиш тест синовларидан ўтказиш.


Қабул йилидан олдинги йилнинг 15 ноябридан 15 декабригача


Давлат хавфсизлик хизмати бўлинма ва органлари ҳамда "Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг тегишли органлари



Ҳужжатларни тўплаш ва дастлабки ўрганиш.


Қабул йилидан олдинги йилнинг 20 ноябридан 31 декабригача


Мутахассис - психологлар



Индивидуал психологик ҳамда психофизиологик ўрганиш.



Қабул йилидан олдинги йилнинг 15-31 декабрь


Ҳудудий ҳарбий-тиббий комиссия



Тиббий кўрикдан ўтказиш.



Қабул йилидан олдинги йилнинг декабрь ойида


Жисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш бўйича махсус комиссия


Жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолашнинг дастлабки босқичи.



Қабул йилининг январь ойида


II. МАХСУС КАСБИЙ ТАНЛАШ

5-босқич

Давлат хавфсизлик хизмати бўлинма ва органлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президента давлат хавфсизлик хизматининг тегишли органлари



Ҳужжатларни якуний ўрганиш.


Қабул йилининг январь-апрель ойлари

Жисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш бўйича махсус комиссия



Жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолашнинг якуний босқичи.



Қабул йилининг март-апрель ойлари


Давлат хавфсизлик хизмати бўлинма ва органлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президента давлат хавфсизлик хизматининг тегишли органлари



Якуний суҳбат ўтказиш.


Қабул йилининг апрель-май ойлари


Махсус ҳарбий-тиббий комиссия



Якуний тиббий кўрикдан ўтказиш.



Қабул йилининг июнь ойда


III. ТЕСТ СИНОВЛАРИ

6-босқич

Давлат тест маркази


Тест синови.


белгиланган муддатларда









7-босқич

Қабул комиссияси


1. Ўқишга қабул қилиш тўғрисида қарор қабул қилиш.



Тест синовлари натижалари тақдим этилганидан сўнг 5 кун муддатда



2. Академияга қабул қилинган ҳарбий хизматчиларнинг хизмат ўташ жойларига буйруқдан кўчирма юбориш.


Буйруқ чиққандан сўнг 10 кун муддатда

       





Низомга

2-ИЛОВА



Амир Темур номидаги Ўзбекистон Республикаси

Давлат хавфсизлик хизмати академиясига ўқишга

номзодларни дастлабки саралаб олиш ва махсус

касбий танлаш босқичларида жисмоний

тайёргарлик даражасини баҳолаш

МЕТОДИКАСИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Номзодларнинг жисмоний тайёргарлик даражаси уларнинг мазкур Методикада назарда тутилган тегишли машкларни бажаришини текшириш орқали баҳоланади.


2. Номзодларга дастлаб машқларни бажаришга қўйиладиган талаблар ва мезонлар ҳамда машқларни бажариш тартиби жисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш бўйича махсус комиссиялар таркибига кирган мутахассислар томонидан тушунтирилади.


3. Номзодлар жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тадбирларига спорт кийимларида келишлари шарт.


4. Номзодлар қуйидаги машқларни бажарадилар:

100 метрга югуриш;

турникда тортилиш;

3000 метрга югуриш.

Машқлар оралиғида номзодларга дам олиш учун 10-15 дақиқа вақт берилади.


5. Белгиланган машқларни топшириш кунида узрсиз сабабларга кўра қатнаша олмаган (шунингдек, қониқарсиз баҳо олган) номзодлар ўта олмаган деб топилади.



2-БОБ. МАШҚЛАРНИ БАЖАРИШГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР ВА МЕЗОНЛАР


6. 100 метрга югуриш машқи юқори ёки қуйи стартдан амалга оширилади.


7. 100 метрга югуриш машқини 15,4 сония ичида бажарган тақдирда номзод ушбу синовдан "ўтган" деб ҳисобланади.


8. Ушбу машқ ўйингоҳнинг югуриш йўлаги ёки қаттиқ қопламага эга текис (стандарт) майдонда юқори старт ҳолатидан бажарилади. Старт олиш тартибини ўзлаштириш учун дастлабки "Стартга" ва "Диққат" командалари ҳамда "Олға" ижро командаси берилади. "Стартга" командаси берилганида старт олиш чизиғига келиб, кучли оёқ старт олиш чизиғи яқинига қўйилиб, иккинчи оёқ ярим қадам ортда қолдирилади. "Диққат" командаси берилганида тана вазни олдинда турган оёққа ўтказилиб, гавда ва бош олдинга эгилади, қўл тирсаклари эса букилади. "Олға" ижро командаси берилганида югуриш амалга оширилади.


9. Турникда тортилиш машқини бажаришда қўл кафтлари турникда олдинга қаратилган ҳолда ушланиб, қўллар параллель узатилган ҳолда тутилади, тана бир оз букилган, оёқ тўғри туширилган, учи тўлиқ пастга узатилиб, товонлар жуфт тутилган ҳолатдан бажарилади. Қўллар букилиб, тана юқорига кўтарилар экан, жағ турник устига тўлиқ чиқарилган ҳолат қабул қилинади. Қўллар яна тўлиқ узатилар экан, тана бир маромда пастга туширилиб дастлабки ҳолат эгалланади. Тананинг осилган ҳолати 1-2 сония давомида сақланади. Жуфт тутилган оёқларни 45° гача букишга рухсат берилади. Танани силташ, оёқни олд-орқага тебратиш, оёқларни чалиштириш, бир қўлда осилиб олиш амаллари ман этилади.

Турникда камида 8 маротаба тортилган номзод ушбу синовдан "ўтган" деб ҳисобланади.


10. 3000 метрга югуриш машқлари стадионнинг югуриш йўлакчалари ёки текис жойларида, умумий ёки алоҳида старт берилган ҳолда ўтказилади. Старт ва марра чизиқлари бир жойда белгиланиши мумкин.


11. 3000 метрга югуриш машқини 14,30 дақиқа ичида бажарган тақдирда, улар ушбу синовдан "ўтган" деб ҳисобланади.


12. Ушбу машқ ҳар қандай очиқ табиатда, умумий старт олган тарзда бажарилади. Старт олиш ва финиш марралари айнан бир жойда ёки алоҳида жиҳозланади. Югуриш давомида машқ иштирокчилари бир-бирига халал бермаслиги лозим. Югуриш амалидан юриш амалига ўтган ёки дистанциядан четга чиққан иштирокчи машқни бажара олмади деб ҳисобланади.


13. Номзодлар белгиланган жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш талабларининг барчасини муваффақиятли топшира олган тақдирда, жисмоний тайёргарлик синовларидан "ўтган" деб ҳисобланади.



3-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


14. Жисмоний тайёргарлик синовларида қатнашган номзодлар учун қайднома расмийлаштирилади.


15. Қайднома комиссия раиси ва аъзолари томонидан имзоланади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 28 апрель











































Время: 0.0053
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск