ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси / Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш / Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ва объектлар. Қизил китоб /

Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг қўриқланма зоналари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 05.05.2021 й. 282-сон қарорига 5-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 5 майдаги

282-сон қарорига

5-ИЛОВА



Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг

қўриқланма зоналари тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом давлат қўриқхоналари, мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхоналари, буюртма қўриқхоналар ва давлат табиат ёдгорликлари (кейинги ўринларда - муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар)нинг қўриқланма зоналарини белгилаш ҳамда режимини ўрнатиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади.


2. Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар билан чегарадош ҳудудлар, шу жумладан, уларнинг ҳудудий қисмлари оралиғида жойлашган ҳудудлар муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг қўриқланма зоналари ҳисобланади.

Умумдавлат аҳамиятига молик бўлган муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг қўриқланма зоналари Вазирлар Маҳкамасининг, маҳаллий аҳамиятга молик муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг қўриқланма зоналари маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари асосида белгиланади.

Муқаддам ташкил этилган, лекин ташкил этиш даврида қўриқланма зоналари белгиланмаган муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар (давлат қўриқхоналаридан ташқари) қўриқланма зоналарининг ўлчамлари ва режими, шунингдек, ер участкаларини сақлаш вазифаси махсус ваколатли давлат органларининг ёки мазкур ҳудудлар қайси юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлса, шу юридик ва жисмоний шахсларнинг тақдимномасига асосан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан белгиланади.

Қўриқланма зоналарнинг белгиланиши билан боғлиқ харажатлар мазкур ҳудудлар қайси давлат органи, юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлса, шу давлат органи, юридик ва жисмоний шахслар томонидан қопланади.


3. Муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд қўриқланма зонасининг ўлчамлари, чегараларива режими муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ташкил этиш билан бир вақтда белгиланади.

Қўриқланма зонасининг ўлчамлари ва унинг чегаралари давлат экологик экспертизаси хулосасига асосан муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг табиий объектлари ва мажмуаларини муҳофаза қилиш мақсадида умумдавлат аҳамиятга молик муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг қўриқланма зоналари чегаралари Вазирлар Маҳкамасининг, маҳаллий аҳамиятга молик муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг қўриқланма зоналари чегаралари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарори билан ўзгартирилиши мумкин.


4. Қўриқланма зона ҳудудидаги ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ижарачилар ва мулкдорлар ер майдонларидан фойдаланишда қўриқланма зона режимига риоя этишлари шарт.

Қўриқланма зонада жойлашган юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкалари олиб қўйилмайди. Бунда юридик ёки жисмоний шахслар қўриқланма зонанинг режимини мунтазам бузса, маъмурий жавобгарликка тортилса ва ушбу шахсларга нисбатан бошқа ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилганда, уларнинг муддатли ёкидоимий фойдаланишдаги ер участкалари ёхуд уларнинг бир қисми белгиланган тартибда олиб қўйилиши мумкин.


5. Муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд қўриқланма зонасида ер эгалари, экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш ёки ўрмон хўжалиги органлари томонидан қуйидагилар таъминланади:

муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг табиий объектлари ва мажмуаларига ҳар қандай салбий таъсирнинг олдини олиш ва камайтириш;

муҳофаза этиладиган табиий ҳудуднинг алоҳида қисмлари ўртасидаги алоқани таъминлаш орқали ҳайвонларнинг яшаш шароитлари ва миграциясини яхшилаш, уларни муҳофаза қилиш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудда етарли самарага эришилмаган ҳолатларда уларнинг сонини кўпайтириш ва тиклаш;

муҳофаза этиладиган табиий ҳудудда муҳофаза остига олинган ўсимлик ва ҳайвон турлари учун тегишли биотехник тадбирларни амалга ошириш;

ўсимлик ва ҳайвонот дунёсидан фойдаланиш, муҳофаза қилиш, қайта тиклаш, бошқа табиий объектлардан барқарор фойдаланиш ҳамда уларни саноқдан ўтказишнинг энг оқилона усулларини ишлаб чиқиш ва синовдан ўтказиш;

антропоген таъсир доирасидаги ҳудудлардан хўжалик мақсадларида фойдаланишда муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд табиий объектлари ва мажмуаларини сақлаш бўйича илмий тадқиқотлар ўтказиш;

табиий объектлар ва мажмуаларга зарар етказмайдиган, бошқариладиган экологик туризмни амалга ошириш.


6. Ушбу Низом асосида ҳар бир муҳофаза этиладиган табиий ҳудуднинг тоифаси, тури ва унинг қўриқланма зонасига ўрнатиладиган режимнинг хусусиятларига мувофиқ равишда муҳофаза этиладиган табиий ҳудуднинг қўриқланма зонаси тўғрисидаги низом мазкур муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд қайси давлат органи ёки юридик ва жисмоний шахслар таркибида бўлса, шу давлат органи ёки юридик ва жисмоний шахслар томонидан экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш органлари билан келишган ҳолда ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.



2-БОБ. ҚЎРИҚЛАНМА ЗОНА РЕЖИМИ


7. Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг қўриқланма зоналарида қуйидагилар тақиқланади:

экологик тизимлар барқарорлигининг бузилиши ва табиий ландшафтлар кўринишининг ўзгартирилишига олиб келадиган ишларни амалга ошириш;

оқова ва чиқинди сувларни ташлаш учун рельефнинг паст жойларидан фойдаланиш;

ўта хавфли кимёвий ва биологик моддаларни қўллаш, атроф муҳитга зарарли физик таъсир кўрсатувчи ҳаракатларни амалга ошириш;

иқлимлаштириш мақсадида ўсимлик ва ҳайвонларнинг турлари ҳамда кенжа турларини жойлаштириш;

саноат усулида қайта ишлаш мақсадида доривор, озиқ-овқатбоп ва техник ўсимликлар хомашёларини тайёрлаш;

қишлоқ хўжалиги ва бошқа ўсимликларни ҳимоя қилиш мақсадида кимёвий заҳарли восита (пестицид)ларни қўллаш;

илмий мақсадлардан ташқари ҳайвонларни овлаш, дарахт ва буталарни кесиш;

дарё ва сойларнинг гидрологик режимини ўзгартириш;

ўсимликлар ва ландшафт қопламини ўзгартириш;

муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар табиий объектлари ва мажмуаларига салбий таъсир қилувчи саноат объектларининг фаолият юритиши, уларни қуриш, қайта таъмирлаш;

портлатиш йўли билан геологик-қидирув ишларини олиб бориш;

муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар табиий объектлари ва мажмуаларига салбий таъсир қилувчи фойдали қазилмаларни қазиб олиш ишларини амалга ошириш;

ишлаб чиқариш ва истеъмол чиқиндиларини, шунингдек, радиоактив материалларни сақлаш ва кўмиш.


8. Муҳофаза этиладиган табиий ҳудуднинг қўриқланма зонасидаги табиий объектлар ва мажмуаларга салбий таъсир кўрсатувчи ёки кўрсатиши мумкин бўлган фаолият турлари давлат экологик экспертизаси хулосасига асосан чекланиши мумкин.

Чеклашлар қуйидаги йўллар билан амалга оширилади:

қўриқланма зонада жойлашган табиий объектлардан фойдаланишда атроф муҳитга чиқинди ёки ифлослантирувчи моддалар чиқарилишига сабаб бўладиган фаолият турларига вақтинча тақиқ ўрнатиш (календарь йилнинг маълум бир вақти, мавсуми ёки даври учун);

айрим фаолият турларининг табиий ресурслардан фойдаланиш ҳажмлари белгиланмаган ҳолларда фойдаланиш ҳажмларини белгилаш, шунингдек, қонун ҳужжатларида ёки ваколатли давлат органлари томонидан белгиланган меъёрларга нисбатан камроқ ҳажмларда фойдаланиш тартибини ўрнатиш.

Муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд қайси давлат органи, юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлса, шу давлат органи, юридик ва жисмоний шахслар ёки мазкур ҳудуднинг бошқарув органи билан келишган ҳолда айрим фаолият турларига давлат экологик экспертизаси хулосасига асосан рухсат этилиши мумкин.


9. Табиатни муҳофаза қилиш талабларига риоя қилиш ёки муайян ишларни бажариш, шу жумладан ер участкасидаги тупроқ қатламини, ноёб ўсимликларни ва давлат табиат ёдгорликларини асраш мақсадида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг қўриқланма зоналарида унинг ҳолатига салбий таъсир кўрсатадиган ёки кўрсатиши мумкин бўлган фаолиятни чеклаш ёки тақиқлаш учун ер участкаларини сақлаш вазифаси белгиланади. Ер участкаларини сақлаш маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарори билан амалга оширилади.


10. Қўриқланма зонада чекланган ва тақиқланган хўжалик ёки бошқа турдаги фаолиятлар рўйхати муҳофаза этиладиган табиий ҳудуднинг қўриқланма зонасига кириш жойларида ўрнатиладиган маълумотлар тахтасида ёзиб қўйилади.


11. Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг қўриқланма зонаси ҳудудида ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни чорвачилик эҳтиёжлари учун тайёрлаш ва чорва молларни ўтлатиш маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тасдиқланган меъёрларга қатъий риоя қилган ҳолда давлат ўрмон фонди ерларида ўрмон билетларига мувофиқ, аҳоли пунктлари ва захира ерларда Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаларининг рухсатномаларига мувофиқ амалга оширилади.


12. Қўриқланма зонанинг ўлчамлари, чегаралари ва режими тўғрисидаги маълумотлар, шу жумладан, чекланган хўжалик фаолияти ва бошқа фаолият турларининг рўйхати муҳофаза этиладиган табиий ҳудуднинг паспортига киритилади.


13. Ушбу Низомнинг 5-бандида назарда тутилган чора-тадбирлар муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни бошқариш режаларига мувофиқ амалга оширилади. Зарур ҳолларда бошқарув режалари лойиҳалари ердан фойдаланувчилар, ер эгалари ва ижарачилар билан келишилади.

Қўриқланма зона ҳудудида биотехник тадбирларнинг ўтказилиши муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд, бошқа юридик ва жисмоний шахслар томонидан амалга оширилади.


14. Қўриқланма зона ҳудудида сайёҳлик ва экскурсия қатнов йўналишлари (экосўқмоқлар), тўхташ жойлари, кўргазма майдончалари, ёввойи ҳайвонлар сақланадиган вольерлар ташкил қилиш, шунингдек, муҳофаза этиладиган табиий ҳудуднинг фаолиятини, табиатни муҳофаза қилиш ва бошқа масалаларни тарғиб этиш учун махсус майдонлар ажратилиши мумкин.

Сайёҳлар тўхташ жойлари, чодирлар ўрнатиш, автотранспорт воситаларини жойлаштириш, гулхан ёқиш ва шу кабилар фақат махсус ажратилган жойларда амалга оширилади.



3-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


15. Қўриқланма зонанинг режими муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг қўриқлаш ходимлари, экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш органлари ҳамда ўрмон фонди ерларида ўрмон қўриқчилари томонидан таъминланади.


16. Қўриқланма зона режимининг таъминланиши бўйича назорат экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш органлари ҳамда муҳофаза этиладиган табиий ҳудуднинг қўриқлаш ходимлари, шунингдек, ўрмон фонди ерларидаги ўрмонларни муҳофаза қилиш органлари томонидан амалга оширилади.


17. Қўриқланма зонаси режими бузилишида айбдор бўлган юридик ва жисмоний шахслар белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Қўриқланма зонаси режимининг бузилиши натижасида етказилган зарар айбдорлар томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда ва тартибда қопланиши лозим.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 6 май


















































Время: 0.2186
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск