Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Банклар ва бошқа кредит ташкилотлари / ққққққ /

Микрокредит ташкилотлари ва ломбардлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва тартибга солиш тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 07.05.2021 й. 3300-сон билан рўйхатга олинган Марказий банк Бошқарувининг 02.04.2021 й. 5/10-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2021 йил 7 майда 3300-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Марказий банки Бошқарувининг

2021 йил 2 апрелдаги

5/10-сон қарорига

1-ИЛОВА



Микрокредит ташкилотлари ва ломбардлар фаолиятини

мувофиқлаштириш ва тартибга солиш тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси ҳамда "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида", "Микромолиялаш тўғрисида" ва "Микрокредит ташкилотлари тўғрисида"ги қонунларига мувофиқ микрокредит ташкилотлари ва ломбардлар томонидан фаолиятни амалга оширишда уларга қўйиладиган талабларни белгилайди.



1-БОБ. МИКРОКРЕДИТ ТАШКИЛОТЛАРИ ТОМОНИДАН

ФАОЛИЯТНИ АМАЛГА ОШИРИШДА УЛАРГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


1-§. Умумий қоидалар


1. Ўзбекистон Республикасининг "Микрокредит ташкилотлари тўғрисида"ги, "Микромолиялаш тўғрисида"ги ва "Истеъмол кредити тўғрисида"ги қонунларига мувофиқ микрокредит ташкилотлари микрокредит, микроқарз, микролизинг беришни, шунингдек бошқа турдаги микромолиявий хизматларни кўрсатишни, шу жумладан истеъмол кредитларини беришни ҳамда факторинг операцияларини амалга оширади.


2. Микрокредит ташкилотлари фаолиятни амалга оширишда банклардан кредитлар, юридик шахслардан ҳамда жисмоний шахс-таъсисчилардан (иштирокчилардан, мулкдорлардан) қарз маблағларини жалб этишга ҳақли.


3. Микрокредит ташкилоти барқарор фаолият кўрсатиши учун шакллантирилган жами хусусий капиталнинг миқдори микрокредит ташкилотининг жами активларининг 10 фоиздан кам бўлмаган даражада бўлиши керак.


4. Микрокредит ташкилотлари барча таъминотсиз (ишончга асосланган) микрокредитларнинг (микроқарзларнинг) улар шакллантирган устав фондига фоиз нисбатини мустақил равишда белгилайди.


5. Микромолиявий хизматлар кўрсатишда фойдаланилмаган ва микрокредит ташкилоти ихтиёрида қолган пул маблағлари депозит сифатида банкка қўйилиши мумкин.


6. Микрокредит ташкилоти фаолияти давомида вужудга келган зарарларни қоплаш учун захира фонди яратилиши кўзда тутилиши мумкин ва унинг миқдори микрокредит ташкилотининг таъсис ҳужжатларида кўрсатилади.



2-§. Микрокредит ташкилотларининг

активлари сифатини таснифлаш


7. Микрокредит ташкилотининг таваккалчиликка эга барча активлари, шу жумладан, берган микрокредитлари, миқроқарзлари, микролизинг ва факторинг хизматлари, бошқа кредит ташкилотларига барча талаблари, гаровга олинган мулкка эгалик ҳуқуқини қўллаган ҳолда ундириб олинган мулклари мазкур Низомга мувофиқ ўз вақтида ва тўғри таснифланиши ва уларга активлар бўйича эҳтимолий йўқотишларни қоплаш захираси (бундан буён матнда активлар бўйича захира деб юритилади) яратилиши шарт.


8. Микрокредит ташкилотининг активлари сифатига кўра "стандарт", "субстандарт", "шубҳали" ва "умидсиз" тоифаларга таснифланади.


9. Микрокредит ташкилотининг активлари сифати қуйидагича таснифланади:

асосий қарз ва (ёки) фоизлар ўз муддатида қайтарилишига шубҳа туғдирмайдиган активлар - "стандарт";

асосий қарз ва (ёки) фоизларни қайтариш муддати 31 кундан 60 кунгача кечиктирилганда - "субстандарт";

асосий қарз ва (ёки) фоизларни қайтариш муддати 61 кундан 90 кунгача кечиктирилганда - "шубҳали";

асосий қарз ва (ёки) фоизларни қайтариш муддати 91 ва ундан ортиқ кунга кечиктирилганда "умидсиз".

Асосий қарз ва (ёки) унга ҳисобланган фоизлар бўйича тўлов муддати 30 кундан ўтган қарздорлиги мавжуд активларнинг сифати "стандарт" деб таснифланиши мумкин эмас.


10. Активларнинг қуйида келтирилган асосий шартларидан ҳеч бўлмаганда биттаси ўзгартирилган бўлса, улар шартлари қайта кўриб чиқилган активлар деб ҳисобланади:

фоиз ставкасининг пасайтирилиши, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкнинг (бундан буён матнда Марказий банк деб юритилади) қайта молиялаш ставкаси пасайиши муносабати билан фоиз ставкасининг пасайтирилиши ҳолатлари бундан мустасно;

асосий қарздан қисман воз кечилиши;

фоизларга доир тўловларнинг бир қисми ёки барчасидан воз кечилиши;

активнинг асосий ва (ёки) фоизларининг тўлаш муддати кечиктирилиши ёки узайтирилиши, ойлик тўловлар санаси ўзгартирилиши бундан мустасно;

таъминот турининг ўзгартирилиши, бундан активнинг бир қисми қайтарилганлиги муносабати билан таъминотдан чиқарилган ёки гаров ўзгартирилгандан сўнг гаровнинг актив қолдиғига нисбати микрокредит ташкилотининг ички ҳужжатларида кўрсатилган чегарадан кам бўлмаган миқдорда алмаштирилган ҳолатлар мустасно.


11. Шартлари қайта кўриб чиқилган активлар бўйича асосий қарз ва (ёки) фоизларни қайтариш 30 кунгача кечиктирилганда "субстандарт" актив сифатида, асосий қарз ва (ёки) фоизларни қайтариш 31 кундан 60 кунгача кечиктирилганда "шубҳали" актив сифатида, асосий қарз ва (ёки) фоизларни қайтариш 61 ва ундан ортиқ кунга кечиктирилганда "умидсиз" актив сифатида таснифланади.


12. Активлар сифати уларнинг шартлари қайта кўриб чиқилиши билан дарҳол олдинги таснифланган тоифадан яхшироқ тоифада таснифланиши мумкин эмас.

Активларнинг муддати қайта кўриб чиқилгандан кейин қайтариш жадвалига асосан камида кетма-кет 3 та тўлов тўлиқ ва ўз вақтида тўланган тақдирда, уларнинг сифати бир поғона юқори таснифланиши мумкин.


13. Активлар сифатини таснифлаш ва уларни микрокредит ташкилоти балансида акс эттириш микрокредит ташкилоти ва қарздор ўртасида тузилган шартнома шартларини ўзгартирмайди, шу жумладан шартнома шартларига мувофиқ микрокредит ташкилоти томонидан асосий қарз ва унга ҳисобланган фоизларни, шунингдек шартнома шартларини бажармаганлиги учун жарима ва пеняларни тўлиқ миқдорда қарздордан ундириш ҳуқуқини бекор қилмайди.


14. Алоҳида ҳолларда (фавқулодда ва муайян шароитларда олдини олиб бўлмайдиган вазиятларда қарздор томонидан микрокредит ташкилоти олдидаги мажбуриятни бажариш ёки лозим даражада бажариш имконияти бўлмаганда) активлар сифатини таснифлаш ва уларнинг шартлари қайта қўриб чиқилмаган деб ҳисобланиши Марказий банк томонидан белгиланиши мумкин.



3-§. Активлар бўйича захираларни

яратиш ва улардан фойдаланиш


15. Сифати "стандарт" деб таснифланган активлар бўйича захира яратиш талаб қилинмайди. Сифати "субстандарт" деб таснифланган активлар бўйича унинг асосий қисми қолдиғининг 25 фоизи, "шубҳали" деб таснифланган активлар бўйича - 50 фоизи, "умидсиз" деб таснифланган активлар бўйича - 100 фоизи миқдорда захира яратилади.


16. Активлар бўйича захираларнинг яратилиши даврий равишда ҳар ойнинг сўнгги санасига қадар камида бир марта ҳар бир актив бўйича амалга оширилиши шарт.

Активлар бўйича яратилган захира харажатлари Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботда акс эттирилиши лозим.


17. Микрокредит ташкилотининг ижро этувчи органи активлар бўйича захираларнинг доимий равишда етарли эканлигини таъминлаш учун жавобгардир.


18. Мазкур Низом талаблари асосида таснифланган активлар бўйича етарли даражада захира яратилмаган ҳолларда Марказий банк активлар бўйича захираларни яратиш бўйича қўшимча ажратмаларни амалга оширишни талаб қилишга ҳақли.


19. "Умидсиз" деб таснифланган активлар микрокредит ташкилотининг юқори бошқарув органи қарорига асосан тегишли захиралар эвазига ҳисобдан чиқарилиши лозим.

Активнинг ҳисобдан чиқарилиши активнинг қисман ёки тўлиқ қайтарилиши мумкинлигини инкор этмайди.


20. Микрокредит ташкилоти ижро этувчи органи молиявий йил якуни бўйича микрокредит ташкилоти иштирокчилари (акциядорлари) умумий йиғилишида сифати "умидсиз" деб таснифланган активларни ундириш бўйича қўлланган чора-тадбирлар ҳақида ҳисобот бериши лозим.



2-БОБ. ЛОМБАРДЛАР ТОМОНИДАН ФАОЛИЯТ

ВА ОПЕРАЦИЯЛАРНИ АМАЛГА ОШИРИШ


1-§. Умумий қоидалар


21. Ломбардлар шахсий истеъмолга мўлжалланган кўчар мол-мулкни закалат шаклида гаровга (бундан буён матнда гаров деб юритилади) қабул қилиб, фуқароларга қисқа муддатли (уч ойдан ошмаган муддатга) кредитлар беради ҳамда фуқаролардан шахсий истеъмолга мўлжалланган кўчар ашёларни сақлашга қабул қилади.


22. Фуқаролардан шахсий истеъмол учун мўлжалланган кўчар мол-мулкларни (ашёларни) ломбардда гаровга қўйиш, сақлаш, ломбарддан талаб қилиб олинмаган ашёларни сотиш ҳамда гаровга қўйилган мол-мулкка ундирувни қаратиш Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси ва "Гаров тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ амалга оширилади.


23. Ломбардлар томонидан фуқароларга кредитлар бериш ва кўчар ашёларни сақлашга қабул қилиш тегишли шартномалар асосида амалга оширилади. Ломбард шахсни тасдиқловчи ҳужжат (фуқаролик паспорти ёки идентификация ID-карта, янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш гувоҳномалари ёки ID-карталари, ҳарбий билет ёки ҳарбий қисмлар ёхуд ҳарбий муассасалар томонидан бериладиган шахсини тасдиқловчи ҳужжат) тақдим этганида, фуқаролар билан шартномалар тузади.


24. Ломбард, зарур ҳолларда, гаровга ёки сақлашга топширилаётган мол-мулкка (ашёга) эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни ёки бошқа далилларни талаб қилишга ҳақли.


25. Ломбардлар операцияларни ушбу Низом, ломбарднинг юқори бошқарув органи томонидан тасдиқланган операцияларни ўтказиш умумий шартлари тўғрисидаги қоидалар ва ички қоидаларга мувофиқ амалга оширади.


26. Операциялар ўтказишнинг умумий шартлари тўғрисидаги қоидалар қуйидаги маълумот ҳамда тартибларни ўз ичига олиши керак:

бериладиган кредитларнинг муддатлари ва суммасининг энг кўп миқдори;

бериладиган кредитлар бўйича фоиз ставкаларининг энг кўп миқдори;

ломбард томонидан олинадиган таъминотга қўйиладиган талаблар;

мол-мулкни сақлашга қабул қилиш қоидалари;

кўрсатиладиган хизматлар учун фоиз ставкалар ва тўловлар;

ломбард ҳамда унинг мижозлари ҳуқуқ ва мажбуриятларининг, уларнинг жавобгарлиги вужудга келиши шартлари;

гаровга қўювчи гаров паттасини йўқотганида дубликат бериш тартиби;

операциялар ўтказишнинг умумий шартларига киритилиши зарур деб ҳисоблаган бошқа шартлар, талаблар ва чекловлар.

Ломбард томонидан кўрсатиладиган хизматлар учун тўловлар фақат миллий валютада белгиланади.


27. Операцияларни ўтказишнинг умумий шартлари очиқ маълумотлар ҳисобланади ва улар ломбарднинг мижозлар кўриши мумкин бўлган жойлардаги стендларда, техник воситаларда ёки ломбарднинг веб-сайтида (агар мавжуд бўлса) эълон қилинади.


28. Ломбарднинг ички қоидаларида қуйидагилар белгиланиши лозим:

ломбарднинг ташкилий тузилиши, унинг вазифалари ва функциялари;

раҳбар ва бош бухгалтер ёки бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқариш вазифаларини амалга оширувчи бошқа мансабдор шахснинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

ломбарднинг мансабдор шахслари ва ходимлари томонидан ломбард номидан ва унинг ҳисобидан битимларни амалга оширишдаги ваколатлари.


29. Ломбардлар банклардан кредитлар, юридик шахслардан ва жисмоний шахс-иштирокчилардан (мулкдорлардан) қарз маблағларини жалб этишга ҳақли. Бунда, жами жалб этилган маблағлар ҳажми (қолдиқ) ҳақиқатда шакллантирилган устав фонди (устав капитали) миқдоридан ошмаслиги керак.



2-§. Кредитларни расмийлаштириш ва бериш тартиби


30. Гаров асосида кредитнинг берилиши ломбард билан фуқаро ўртасида тузиладиган кредит шартномаси ва гаров шартномаси асосида амалга оширилади.

Ломбардда мол-мулкларни гаровга қўйиш ҳақидаги шартнома ломбард томонидан мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шаклдаги гаров паттасини бериш йўли билан расмийлаштирилади.


31. Кредитнинг суммаси ва муддати, шунингдек, бериладиган кредит бўйича фоиз ставкаси томонларнинг келишувига асосан мазкур Низом талабларини инобатга олган ҳолда белгиланади.


32. Кредит олиш учун ломбардга гаровга топшириладиган мол-мулк томонлар келишувига асосан баҳоланади.


33. Ломбард қуйидагиларни бажариши шарт:

гаров нарсасини хавфсиз сақлаш учун чоралар кўриши;

гаров нарсаси йўқолиши хавф-хатари пайдо бўлганлиги ёки шикаст етказилганлиги тўғрисида гаровга қўювчига дарҳол хабар бериши;

кредит шартномасининг шартлари бажарилганида гаров нарсасини мулк эгасига ёки учинчи шахсга белгиланган тартибда расмийлаштирилган мулк эгасининг ишончномаси асосида дарҳол қайтариши;

гаровга қабул қилинган ашёларни гаровга қабул қилиш пайтида шунга ўхшаш ва шундай сифатли ашёларнинг нархларига мос баҳодаги тўлиқ суммасида ўз ҳисобидан гаровга қўювчи фойдасига суғурталаши;

гаровга қўювчининг талабига асосан кредит шартномасидан келиб чиққан мажбуриятларнинг гаровга қўювчи ёки учинчи шахс томонидан қисман ёки тўлиқ бажарилганлигини тасдиқловчи маълумотнома бериши.


34. Ломбардда ашёлар гарови билан таъминланган кредит суммаси белгиланган муддатда қайтариб берилмаган тақдирда, ломбард нотариуснинг ижро ёзуви асосида имтиёзли бир ойлик муддат ўтганидан кейин гаровга қўйилган мол-мулкни сотиш учун белгилаб қўйилган тартибда ушбу мол-мулкни сотишга ҳақли.


35. Гаровга қўйилган ашёларни сотишдан тушган сумма, агар шартномада бошқа ҳоллар кўзда тутилмаган бўлса, кредит, кредит бўйича фоизлар, неустойка, ижро муддати ўтганлиги натижасидаги зарарларни қоплаш, шунингдек, сақлаш ва суғурта учун тўлов, гаровга олинган мол-мулкнинг сотилиши бўйича харажатларни қоплашга қаратилади.


36. Агар гаровга қўйилган мол-мулкнинг сотилишидан тушган сумма ломбарднинг талаблари миқдоридан ошса, тафовути гаровга қўювчига тўланади.


37. Ломбарднинг талаблари меъёридан ошган ва гаровга қўйилган мол-мулкнинг сотилиш кунидан уч йил давомида талаб қилиб олинмаган сумма ломбарднинг ихтиёрида қолади.



3-§. Ломбардда мол-мулкларни сақлаш


38. Ломбардда ашёларни сақлаш шартномаси ломбард томонидан юк топширувчига (мижозга) мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шаклдаги эгасининг номи ёзилган сақлов паттаси бериш йўли билан расмийлаштирилади.


39. Агар, мижоз тез алангаланадиган, портлаш хавфи бўлган ёки ўзи табиатан хавфли ашёларни сақлашга топшириш вақтида уларнинг хусусиятлари тўғрисида ломбардни огоҳлантирмаган бўлса, ломбард ашёларни топширган мижозга кўрилган зарарларини қопламаган ҳолда, уларни хоҳлаган вақтда хавфсизлантириши ёки йўқ қилиши мумкин. Ломбардга ва учинчи шахсларга ушбу ашёларни сақлаш натижасида етказилган зарарларни қоплаш мижознинг зиммасига юклатилади.


40. Ломбардга гаровга ёки сақлаш учун топширилган ашёлар йўқолганда ёки шикастланганда, агар ломбард йўқотиш ёки шикастланиш енгиб бўлмас куч оқибатида юз берганлигини исботлай олмаса, ашёлар эгасига, томонлар келишувига кўра, мулкий зарарни гаров паттаси ёки сақлаш паттасида кўрсатилган мол-мулк нархидан ошмаган қийматда тўлаши шарт.



3-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


41. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.






Низомга

1-ИЛОВА

        

        

      

(ломбарднинг номи)


(ломбарднинг манзили)

_____-сон гаров паттаси

1. Гаровга қўювчининг Ф.И.О.


2. Шахсни тасдиқловчи ҳужжат


3. Турар жойи


4. Кредит берилган сана


5. Кредит суммаси


6. Кредитни қайтариш санаси


7. Гаровга қўйилган мол-мулк номи ва тавсифи


8. Гаровнинг баҳоланган суммаси



(рақамлар ва сўзлар билан)

9. Гаровнинг муддати


Гаров нарсаси ломбардга эгалик қилиш учун топширилади.

Ломбард гаров нарсасидан фойдаланиш, бошқа шахсга беришга, учинчи шахсларга ижарага ёки текинга фойдаланишга бериш, ёхуд гаров нарсасини бошқа кўринишда тасарруф этиш ҳуқуқига эга эмас.

Гаров нарсасини навбатдаги гаровга қўйиш тақиқланади.

Гаров нарсаси гаровга қўювчининг ва (ёки) унинг оила аъзоларининг нормал турмуш кечириши учун зарур бўлган мол-мулк эмас.

Ломбардда гаров нарсаси билан таъминланган кредит суммаси белгиланган вақтда сўндирилмаган тақдирда, ломбард ушбу мол-мулкни қонунчиликка мувофиқ сотишга ҳақли.

Бошқа шартлар:


Ушбу гаров паттаси 2-нусхада тузилган

Гаров паттаси шартлари билан танишдим ва бир нусхасини олдим.


Қабул қилувчи

Гаровга қўювчи


(Ф.И.О., имзо)

(имзо)


Ломбарднинг муҳри





Низомга

2-ИЛОВА

     

        

      

(ломбарднинг номи)


(ломбарднинг манзили)

_____-сон сақлов паттаси

1. Юк топширувчининг Ф.И.О.


2. Шахсни тасдиқловчи ҳужжат


3. Турар жойи


4. Ашё номи ва унинг тавсифи


5. Ашёнинг баҳоланган суммаси



(рақамлар ва сўзлар билан)

6. Сақлаш жойи ва усули


7. Сақлашга қабул қилинган сана


8. Сақлаш муддати


9. Сақлаш учун ҳақ суммаси


Сақлаш учун топширилган ашёдан уни эгасининг розилигисиз фойдаланишга ва уни тасарруф этишга ломбард ҳақли эмас (ашёнинг сақланишини таъминлаш учун ундан фойдаланиш ҳоллари, бундан мустасно).

Ломбард сақлаш учун қабул қилинган ашёлар йўқолишига, етишмаслигига ёки ашёнинг зарарланишига жавобгардир.

Ломбард сақлаш учун қабул қилинган ашёларни уларнинг тўлиқ баҳоланган нархида ўз ҳисобидан юк топширувчининг фойдасига суғурталаши шарт.

Ломбард, юк топширувчининг талабига кўра, сақлашга қўйилган ашёни зудлик билан қайтариши шарт.

Бундай ҳолда, мажбурият олдиндан тўхтатилиши муносабати билан, ломбардга етказилган зарарларни юк топширувчи қоплаши шарт.

Юк топширувчи ашёни олишдан бош тортса, агар сақлаш шартномасида бошқача тартиб кўзда тутилган бўлмаса, қонунчиликда белгиланган тартибда ломбард ашёни мустақил равишда сотиш ҳуқуқига эга.

Бошқа шартлар:


Ушбу сақлов паттаси 2-нусхада тузилган

Қабул қилувчи

Юк топширувчи


(Ф.И.О., имзоси)

(имзоси)


Ломбарднинг муҳри

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 7 май










































Время: 0.2124
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск