ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Жисмоний тарбия ва спорт / Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида халқаро фаолият /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 18.05.2021 й. ПҚ-5114-сон "Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

18.05.2021 й.

N ПҚ-5114



ПАРАЛИМПИЯ ҲАРАКАТИНИ

РИВОЖЛАНТИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Юртимизда жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларга спорт билан шуғулланиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, уларнинг халқаро спорт майдонларида муносиб иштирок этишини таъминлаш ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги "Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5924-сон ва 2020 йил 30 октябрдаги "Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-6099-сон фармонларига мувофиқ:


1. Қуйидагилар паралимпия ҳаракатини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларга спорт билан шуғулланиш учун шарт-шароитларни кенгайтириш ҳамда улар ўртасида спорт билан шуғулланувчилар қамровини янада ошириш;

барча турдаги спорт таълим муассасаларида жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар учун спорт бўлимларини босқичма-босқич ташкил этиш ҳамда иқтидорга эга бўлган жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларни танлаб олиш, уларни спорт турларига йўналтириш, тайёрлаш ҳамда олий спорт маҳоратига эришишини таъминловчи узлуксиз ягона комплекс тизимни жорий этиш;

ривожлантирилаётган (мавжуд), янги ташкил этилаётган ва келажакда янги ташкил этилиши режалаштирилган паралимпия спорт турларини ҳар томонлама ривожлантириш ва оммалаштириш;

паралимпия спорт турлари бўйича малакали мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини яратиш ҳамда илмий тадқиқотлар олиб бориш;

жисмоний имконияти чекланганва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашларини рағбатлантириш, жисмоний ва ижтимоий мослашуви интеграциясини дастурий-услубий таъминлаш, касбий реабилитация ва кадрлар тайёрлаш;

спорт таълим муассасаларида (шу жумладан, олий таълим муассасаларида) фаолият юритаётган паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва рағбатлантириш тизимини кучайтириш;

жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар ўртасида махсус таълим муассасаларида ҳамда маҳаллаларда спорт мусобақаларини мунтазам равишда ўтказиш;

барча турдаги спорт таълим муассасаларида жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг спорт билан шуғулланишлари учун замонавий моддий-техник базани шакллантириш.


2. Ўзбекистон миллий паралимпия ассоциацияси негизида Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси (кейинги ўринларда - Паралимпия қўмитаси) ташкил этилсин.

Белгилансинки, Паралимпия қўмитаси Ўзбекистон миллий паралимпия ассоциациясининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари, шу жумладан халқаро шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.


3. Қуйидагилар Паралимпия қўмитасининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

паралимпия спорт турларини оммалаштириш, иқтидорли спортчиларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция) ҳамда уларни профессионал спортчилар сифатида тайёрлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш;

ёзги ва қишки паралимпия спорт турларини ривожлантиришга кўмаклашиш, спорт объектлари ва иншоотларининг концепциялари, техник топшириқлари, техник-иқтисодий асослари/параметрлари ва бошқа лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;

паралимпия спорт турлари бўйича мусобақалар ва чемпионатлар, форумлар, конференциялар, семинарлар ва юклатилган вазифалардан келиб чиқиб бошқа тадбирларни ўтказиш, шунингдек, улар орқали тинчлик, дўстлик ва ўзаро тушуниш ғояларини тарғиб-ташвиқ қилиш;

паралимпия спорт турлари билан шуғулланадиган тренерлар, услубчи-йўриқчилар ҳамда бошқа мутахассисларни қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ва касбий ривожлантиришнинг замонавий ва самарали тизимини жорий этиш;

республикада ёки бошқа халқаро спорт федерациялари (ассоциациялари) ва бошқа ташкилотларда ўз аъзоларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш, ўз аъзоларини ахборот, илмий-услубий ва моддий-техник жиҳатдан таъминлаш;

паралимпия спорт турларини ривожлантириш бўйича клублар фаолиятини ташкиллаштириш ва самарали бошқариш, миллий ва халқаро спорт ташкилотлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш ва тажриба алмашиш.


4. Жойларда паралимпия спорт турларини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш, услубий қўллаб-қувватлаш ва мониторинг қилиш мақсадида Паралимпия қўмитасинингҳудудий бўлинмалари ташкил этилсин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

2021 йил 1 сентябрга қадар ҳудудий паралимпия бўлинмаларининг молиявий ҳамда моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, тегишли ҳудудда паралимпия спорт турларини ривожлантириш учун ҳомийлар бириктирилишини, шунингдек, уларни жойлаштириш учун бино ва иншоотлар ажратилишини;

Туризм ва спорт вазирлиги, Паралимпия қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда ҳудудларда паралимпия спорт турларини ривожлантириш дастурлари ишлаб чиқилиши ва киритилишини;

2022 йилдан бошлаб тасдиқланадиган лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан, Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари, юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан норезидентларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан ҳудудий паралимпия бўлинмаларига маблағ ажратилишини таъминласин.


5. Паралимпия қўмитасининг бошқарув ходимлари умумий чекланган сони 26 нафардан иборат бўлган тузилмаси 1-иловага мувофиқ маъқуллансин.

Паралимпия қўмитаси раисига, зарур ҳолларда:

Паралимпия қўмитаси тузилмасига белгиланган умумий штат сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин;

6. Паралимпия қўмитаси 2021 йил якунига қадар Паралимпия қўмитаси ҳузурида паралимпия спорт турлари бўйича клубларни ташкил этсин, улар фаолиятини мувофиқлаштирсин ҳамда сақлаш билан боғлиқ молиявий ва ташкилий масалаларни ўз вақтида ҳал этсин.


7. Паралимпия спорт турлари билан шуғулланадиган тренерлар ва услубчи-йўриқчилар, кўзи ожизлар, кар ва заиф эшитувчилар, ампутантлар билан ишловчи мутахассислар (сурдо, тифло-сурдо ва халқаро-сурдо таржимонлари) ҳамда бошқа кадрларни тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Паралимпия факультети ташкил қилинсин.


8. Паралимпия қўмитаси ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлган Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни тайёрлаш институти (кейинги ўринларда - Институт) ташкил этилсин.

Белгилаб қўйилсинки, Институт паралимпия спорт турлари билан шуғулланадиган тренерлар, услубчи-йўриқчилар ҳамда бошқа мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга ихтисослашган илмий-таълим муассасаси ҳисобланади.

Қуйидагилар Институт фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

шартнома (пуллик) асосида кўрсатиладиган хизматлар;

юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан норезидентларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро ва чет эл ташкилотларининг грантлари;

қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

Институт фаолиятини қўшимча молиялаштириш учун Давлат бюджети маблағлари ҳам йўналтирилиши мумкин.

Вазирлар Маҳкамаси уч ой муддатда Институт фаолиятини ташкил этиш бўйича Ҳукумат қарорини қабул қилсин.


9. Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ва Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитасининг 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб "Спорт ҳамма учун" лойиҳасини амалга ошириш бўйича ташаббуси қўллаб-қувватлансин.

Белгилансинки, "Спорт ҳамма учун" лойиҳаси доирасида:

жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларни параспорт турлари билан кенг қамраб олиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда жамиятга интеграция қилиш мақсадида бир йилда бир марта Параспорт халқаро фестивали ўтказилади;

ҳар йили 3 декабрь куни - Халқаро ногиронлар кунига бағишлаб кўзи ожизлар, заиф эшитувчилар ва ампутантлар ўртасида параспорт турлари туркумига киритилган парастол тенниси, 5х5 футбол, голбол, параенгил атлетика, парапауэрлифтинг, парабадминтон, шахмат ва бошқа спорт турлари бўйича Тошкент шаҳрида республика параспорт фестивали, шунингдек, бошқа ҳудудларда параспорт фестиваллари ўтказилади;

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тасарруфидаги имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасалари (мактаблар, мактаб-интернатлар) ўқувчилари ўртасида паралимпия спорт турлари бўйича мусобақалар ташкил этилади, таниқли спортчилар томонидан мастер-класслар, шунингдек, семинар, конференция ва давра суҳбатлари ўтказилади.

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги (А.И. Икрамов), Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (Х.У. Умарова) "Спорт ҳамма учун" лойиҳаси доирасида амалга оширилиши белгиланаётган ва бошқа чора-тадбирларни самарали ва тўлиқ ташкил этсин, уларни ўтказиш билан боғлиқ молиявий ва ташкилий масалаларни ўз вақтида ҳал этсин.

10. Белгилаб қўйилсинки:

а) 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда унинг Нукус ва Фарғона филиалларида, шунингдек, бошқа тегишли олий таълим муассасаларида "Паралимпия" кафедраси, шунингдек, "Адаптив соғломлаштириш, жисмоний тарбия ва спорт" магистратура мутахассислиги очилади;

б) 2022 йил 1 январдан бошлаб:

Паралимпия қўмитаси тавсиясига асосан олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказларининг паралимпия спорт турлари бўлимларига юборилаётган жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган спортчилар учун 5 фоизгача қўшимча квоталар ажратилади;

давлат спорт таълим муассасаларида паралимпия спорт турлари бўйича тренерларнинг лавозим маошини ҳисоблашда базавий тариф ставкалари бир ярим баравар миқдорда қўлланилади.


11. Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида жойлашган спорт мактабларининг спорт объектлари, иншоотлари ва жиҳозларидан фойдаланган ҳолда улар базасида Паралимпия қўмитаси ҳузурида Паралимпия спорт марказлари ташкил этилсин.

Бош вазир ўринбосари - туризм ва спорт вазири А.А. Абдуҳакимов икки ҳафта муддатда Паралимпия спорт марказлари фаолиятини ташкил этиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида жойлашган болалар-ўсмирлар спорт мактабларининг аниқ жойлашган жойи, номи ва рўйхатини тасдиқласин.


12. Қуйидагилар Паралимпия спорт марказларининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларда спорт билан шуғулланиш қобилиятларини аниқлаш ва уларни адаптив (мослаштирилган), паралимпия спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган машғулотларга жалб қилиш;

халқаро спорт майдонида мамлакат шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир бўлган Ўзбекистон паралимпия терма жамоалари учун спорт захираси ва юқори маҳоратли спортчиларни тайёрлаш;

зарур замонавий моддий-техника базасини яратиш ҳамда спорт машғулотлари ўтказиш учун малакали тренерлар таркибини танлаш, спорт захираси ва спорт турлари бўйича юқори маҳоратли спортчиларни тайёрлаш юзасидан ўқув-машқ жараёнини ташкил этиш;

спорт тайёргарлиги босқичларида жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларни ўқитиш усуллари ҳамда шаклларининг узвийлигини таъминлаш;

спорт федерациялари (ассоциациялари) билан ҳамкорликни ривожлантириш, жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг спорт маҳоратини, шунингдек, адаптив (мослаштирилган), паралимпия спорт турлари бўйича тренерлар ва бошқа мутахассисларнинг касбий малакасини ошириш.


13. Белгилансинки:

Паралимпия спорт марказлари юридик шахс мақомига эга бўлади, уларнинг фаолиятига ташкилий-методик раҳбарлик қилиш Паралимпия қўмитаси томонидан амалга оширилади;

Паралимпия спорт марказларининг фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб муассиснинг маблағлари, фаолият ихтисослиги бўйича пуллик хизматлар кўрсатишдан тушган тушумлар, асосий машғулотлар ўтказиладиган вақтда бўш бўлган мол-мулкни ижарага беришдан тушган даромадлар, юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан норезидентларнинг ҳомийлик хайриялари, халқаро ва чет эл ташкилотларининг грантлари, қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобланади.


14. Паралимпия спорт турларини янада ривожлантириш бўйича "Йўл харитаси" 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

14-1. Паралимпиячиларнинг матонат мактаби фаолиятини самарали йўлга қўйиш ва паралимпия спорт турларини янада ривожлантириш бўйича республика кенгаши (А.Н. Арипов):

икки ой муддатда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 2021 йилда паралимпия спорт турларини ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш бўйича манзилли ҳудудий дастурларни тасдиқласин, шунингдек, уларнинг тўлиқ ва сифатли ижро этилиши юзасидан доимий мониторинг ўрнатсин;

паралимпия спорт турларини ривожлантириш ва оммалаштириш мақсадида маҳаллий, хорижий ва халқаро ташкилотларнинг грантлари, ҳомийлар - юридик ва жисмоний шахсларнинг маблағларини жалб қилсин.

Белгилансинки, Паралимпия қўмитасининг йиллик даромадлар ва харажатлар сметасини тасдиқлаш, унга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш Республика кенгаши томонидан амалга оширилади.

15. Туризм ва спорт вазирлиги (А.А. Абдуҳакимов) вазирлик марказий аппаратида паралимпия спорт турларини ривожлантириш учун масъул бўлган таркибий бўлинма ташкил этсин ҳамда камида икки нафар қўшимча штат бирлигини ажратиш орқали малакали мутахассис билан таъминласин.

16. "Чорвоқ" эркин туристик зонаси Маъмурий кенгаши (А.Н. Арипов) 2021 йил якунига қадар мазкур зонада камида 50 гектарга тенг бўлган ер участкасини жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар паралимпия спорт турлари билан шуғулланиши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилишини назарда тутиш шарти билан тадбиркорлик субъектларига истисно тариқасида бепул ажратиш чораларини кўрсин. Бунда, жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар паралимпия спорт турлари билан шуғулланиши учун спорт объектлари ва иншоотларини барпо этишга йўналтириладиган маблағлар тадбиркорлик субъектларининг солиқ солинадиган базасидан белгиланган тартибда чегириб ташланади ҳамда ушбу объектлар ва иншоотлар Паралимпия қўмитасига беғараз берилади.


17. Туризм ва спорт вазирлиги (А.А. Абдуҳакимов):

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Паралимпия қўмитаси, спорт федерациялари (ассоциациялари), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2021 йил 1 июндан бошлаб республика, ҳудудий ва туман (шаҳар) спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режаларида назарда тутилган барча спорт мусобақаларини ташкил қилишда жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар ўртасида ҳам тегишли мусобақаларни ўтказиш чораларини кўрсин;

2022 йилдан бошлаб республика, ҳудудий ва туман (шаҳар) спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режаларида паралимпия спорт тадбирларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш учун камида 30 миллиард сўм маблағ ажратилишини назарда тутсин;

Паралимпия қўмитаси, Молия вазирлиги билан биргаликда жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар спорт билан шуғулланиши учун зарур бўлган спорт асбоб-ускуналари, инвентарлари, жиҳозлари, буюмлари ва бошқа воситалар билан таъминласин. Бунда, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатга мувофиқ олиб кириладиган, жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар учун зарур бўлган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган спорт асбоб-ускуналари, инвентарлари, жиҳозлари, буюмлари ва бошқа воситалар 2024 йил 1 январга қадар божхона божидан озод этилсин;

Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда республикамизда паралимпия спорт турларини оммалаштиришва ривожлантириш мақсадида Халқаро паралимпия қўмитаси ва Осиё паралимпия қўмитаси билан ҳамкорликни кучайтирсин, бу борада манзилли чора-тадбирларни амалга оширсин. Бунда, ушбу ташкилотларга аъзолик бадалларини тўлаб бериш билан боғлиқ харажатлар 2022 йилдан бошлаб Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади;

Қурилиш вазирлиги ва Паралимпия қўмитаси билан биргаликда 2021 йил якунига қадар барча мавжуд давлат спорт объектлари ва иншоотларида жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг спорт билан шуғулланиши учун барча шарт-шароитлар яратилишини таъминласин;

Паралимпия қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари талабномаларига кўра жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар учун спорт объектлари ва иншоотларидан фойдаланиш бўйича зарур шарт-шароитлар яратилишини таъминласин.


18. Молия вазирлиги (Т.А. Ишметов) мазкур қарорга асосан, жорий йилда кўзда тутилган чора-тадбирлар ва келгуси йилларда амалга оширилиши белгиланган вазифалар учун зарур маблағлар 2021 йил Давлат бюджетида Туризм ва спорт вазирлиги учун кўзда тутилган маблағлар доирасида, 2022 йилдан бошлаб эса Давлат бюджети параметрларида назарда тутилишини таъминласин.


19. Қурилиш вазирлиги (Б.И. Закиров) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда халқаро тажрибаларни ўрганган ҳолда ҳудудларда қурилиши режалаштирилган спорт иншоотлари ва спорт майдончаларининг лойиҳаларини ишлаб чиқишда жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг спорт билан шуғулланиши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилишини назарда тутсин.

Белгилаб қўйилсинки, давлат томонидан молиялаштириладиган спорт иншоотлари ва спорт майдончалари лойиҳаларини ишлаб чиқишда жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг спорт билан шуғулланиши учун барча зарур шарт-шароитлар назарда тутилмаган тақдирда ушбу лойиҳалар учун молиялаштириш амалга оширилмайди ҳамда давлат комиссияси томонидан қабул қилинмайди.


20. Туризм ва спорт вазирлиги Қурилиш вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда барпо қилинадиган олимпия ва паралимпия шаҳарчаси лойиҳасида Паралимпия спорт марказини ташкил этишни назарда тутсин.


21. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Туризм ва спорт вазирлиги, Паралимпия қўмитаси билан биргаликда адаптив (мослаштирилган), паралимпия спорт турларини ўргатиш методикаси бўйича телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришлар ташкил этсин, жисмоний имконияти чекланганва ногиронлиги бўлган шахслар ўртасида спортни кенг тарғиб этиш бўйича алоҳида кўрсатувлар намойиш этиш орқали спортга кенг жалб қилиш медиа-режасини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига (А.А. Абдуҳакимовга) киритсин.


22. Туризм ва спорт вазирлиги:

уч ой муддатда республикада фаолият юритаётган паралимпия спорт турларини тўлиқ хатловдан ўтказсин ва уларни Спорт турларининг реестрига киритиш юзасидан зарур чораларни кўрсин;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


23. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси К.К. Куранбаев ва Ўзбекистон Республикаси ёшлар сиёсати ва спорт вазири А.И. Икрамов зиммасига юклансин.


Ўзбекистон Республикаси Президенти                                      Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2021 йил 18 майдаги

ПҚ-5114-сон қарорига

1-ИЛОВА


Ўзбекистон миллий паралимпия қўмитасининг

ТУЗИЛМАСИ










Раис














































































Раис ўринбосари



Бош котиб













































Илмий-методик таъминлаш ва ривожлантириш бўлими

2



Халқаро алоқалар ва маркетинг бўлими

2



Бош юрисконсульт

1















































Ходимлар билан ишлаш бўйича инспектор

1




Паралимпия спорт турлари инфратузилмасини ривожлантириш бўлими

2



Ҳамкор ташкилотлар ва спорт федерациялари (ассоциациялари) билан ишлаш бўлими

2






























Молия-иқтисодиёт бўлими

3

















Паралимпия спорт турларини мувофиқлаштириш сектори

1
















Ҳудудий бўлинмалар билан ишлаш бўлими

2
















Моддий-техник таъминот бўлими

2

















Спорт тиббиёти сектори

1
















Оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик билан ишлаш сектори

1
























































Бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони - 26 нафар бўлиб, Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлар сони ўрнатилган меъёрларга мувофиқ белгиланади.





Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2021 йил 18 майдаги

ПҚ-5114-сон қарорига

3-ИЛОВА



Паралимпия спорт турларини янада ривожлантириш бўйича

"ЙЎЛ ХАРИТАСИ"

Т/р

Чора-тадбирлар номи


Амалга ошириш механизми


Ижро

муддати


Масъул ташкилотлар


I. ПАРАЛИМПИЯ СПОРТ ТУРЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШГА ҚАРАТИЛГАН

НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ БАЗАНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

1.

Спорт мактабларида жисмоний имконияти чекланган болалар учун бўлинмалар ва махсус гуруҳлар фаолиятини ташкил этиш бўйича тегишли ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.


1. Спорт мактабларида паралимпия спорт турлари бўйича бўлимлар ва гуруҳлар фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги низомни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.


2. Спорт таълим муассасаларида паралимпия спорт турлари бўйича ўқув гуруҳларининг тўлдирилишини таъминлаш, ҳафталик ўқув-машқ ишлари режими, йиллик ўқув режа-графикларини тақсимлаш бўйича ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.


2021 йил

июнь


Туризм ва спорт вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси


2.

Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси ҳузурида Паралимпия спорт марказлари фаолиятини ташкил этиш.


1. Паралимпия спорт марказлари уставини тасдиқлаш ҳамда давлат рўйхатидан ўтказиш.


2. Паралимпия спорт марказларини зарур жиҳозлар, мебель, спорт инвентарлари ҳамда самарали иш олиб бориши учун бошқа керакли моддий-техника воситалари, методик материаллар билан таъминлаш.


3. Паралимпия спорт марказларини юқори малакали, тажрибали мутахассис ва тренерлар билан тўлдириш.


2022 йил

июнь

Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси, Туризм ва спорт вазирлиги


3.

Жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг жисмоний ва ижтимоий мослашуви ҳамда интеграциясини дастурий-услубий таъминлаш.


Жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар билан спорт тайёргарлиги босқичларида ўқув-машқ машғулотларини ўтказиш юзасидан спорт турлари бўйича ўқув-дастурларини тайёрлаш.


2021 йил

декабрь


Туризм ва спорт вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси


4.

Жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг паралимпия спорт турлари тиббий таснифлари бўйича ягона спорт таснифини ишлаб чиқиш.


Жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар учун паралимпия спорт турлари тиббий таснифларидан келиб чиқиб ягона спорт таснифларини (баҳолаш мезонлари) ишлаб чиқиш ва ҳамкор ташкилотлар (шу жумладан спорт федерациялари ва ассоциациялари) билан келишган ҳолда уларни тасдиқлаш.


2021 йил

август


Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, спорт федерациялари (ассоциациялари)


II. ПАРАЛИМПИЯ СПОРТ ТУРЛАРИ БЎЙИЧА МУТАХАССИС

ВА ТРЕНЕР-ЎҚИТУВЧИЛАРНИ ТАЙЁРЛАШ, УЛАРНИ

ИЖТИМОИЙ ЖИҲАТДАН ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ

5.

Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси ҳузуридаги Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни тайёрлаш институти фаолиятини ташкил этиш.


1. Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси ҳузуридаги Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни тайёрлаш институти фаолиятини ташкил этиш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш.


2. Қарор лойиҳасини тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


2021 йил

июль


Туризм ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар


6.

Адаптив (мослаштирилган), паралимпия спорт турлари бўйича кадрлар тайёрлаш тизимини кенгайтириш ва сифатини ошириш, шунингдек, мутахассисларни малака ошириш ва қайта тайёрлаш курсларига жалб қилиш.


1. Ҳудудларда паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларга бўлган эҳтиёжни аниқлаш.


2. Эҳтиёжни қоплаш юзасидан мутахассисларни тайёрлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва Туризм ва спорт вазирлигига киритиш.


2021 йил

июль


Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси, Туризм ва спорт вазирлиги

3. Жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар ўртасида спорт тадбирларини ташкиллаштириш ва ўтказиш бўйича махсус тайёргарликка эга бўлган инструкторлар ва ташкилотчиларни тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш.


2021 йил

октябрь

4. Жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларни ҳамда улар билан ўқув-машқ машғулотларини олиб бораётган мутахассис ва тренер-ўқитувчиларни, шу жумладан ёш мутахассисларни адаптив (мослаштирилган), паралимпия спорт турлари соҳасига жалб этиш ва уларнинг малакасини ошириш ҳамда қайта тайёрлов курсларида ўқитиш ишларини ташкил этиш бўйича мақсадли ишларни амалга ошириш.


2021 йил

август


7.

Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни доимий иш билан таъминлаш.


Спорт таълим муассасалари ҳамда таълим муассасаларида паралимпия спорт турларини очиш орқали адаптив (мослаштирилган), паралимпия спорт турлари бўйича мутахассислар ва тренер-ўқитувчиларни манзилли равишда ишга жойлаштириш.


2021 йил

давомида,

келгусида -

доимий


Туризм ва спорт вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги


8.

Жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлаш.


1. Ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаблари ва республика олий спорт маҳорати мактабларида паралимпия спорт турлари бўйича шуғулланаётган ҳамда спорт терма жамоаларининг асосий таркибига киритилган спортчиларни ишга қабул қилиш бўйича қўшма қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш.


2. Қўшма қарор лойиҳасини тегишли вазирлик ва идоралар билан келишиш ҳамда тасдиқлаш.


2021 йил

октябрь


Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси, Туризм ва спорт вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар

9.

Жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар билан ишлаш учун психолог хизматини ташкил этиш.


Жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар учун барча турдаги спорт таълими муассасаларида психологик хизмат фаолиятини йўлга қўйиш ва психолог лавозимини жорий этиш.


2021 йил

ноябрь


Туризм ва спорт вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар


10.

Жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг жисмоний тайёргарлиги ва саломатлиги даражасини белгиловчи "Жисмоний тайёргарлик даражаси" синовларини жорий қилиш.


"Жисмоний тайёргарлик даражаси" синовларини жорий қилиш бўйича низом лойиҳасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.


2021 йил

декабрь


Туризм ва спорт вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси


III. ЖИСМОНИЙ ИМКОНИЯТИ ЧЕКЛАНГАН ВА НОГИРОНЛИГИ БЎЛГАН

ШАХСЛАРНИНГ ПАРАЛИМПИЯ СПОРТИ БИЛАН ШУҒУЛЛАНИШИ УЧУН

ЗАРУР ШАРТ-ШАРОИТЛАР ЯРАТИШ, СПОРТ ИНШООТЛАРИНИНГ

МОДДИЙ-ТЕХНИКА БАЗАСИНИ МУСТАҲКАМЛАШ

11.

Паралимпия спортининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш.


1. Жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган спорт майдончалари, спорт заллари, стритбол ва "Workout" спорт майдончаларининг лойиҳаларини ишлаб чиқиш, тегишли ташкилотлар билан келишилган ҳолда тасдиқлаш ва қуриш.


2. Спорт таълим муассасалари учун паралимпия спорт турлари бўйича махсус спорт анжомлари ва жиҳозларини харид қилиш.


3. Жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг паралимпия спорт турлари билан шуғулланиши учун махсус ускуналарни сотиб олиш мақсадида маҳаллий бюджетларни субсидиялар билан таъминлаш.


2021 йил

сентябрь


Туризм ва спорт вазирлиги, Молия вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси


4. Ҳудудларда жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар учун ажратилган спорт марказларидаги спорт иншоотларини реконструкция қилиш ҳамда мослаштириш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини комплекс экспертизадан ўтказишни таъминлаш.


2021 йил

ноябрь

12.

Жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларни спортга жалб этиш бўйича хизматларни йўлга қўйиш.


Жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларни спортга жалб этиш бўйича спорт иншоотлари ва спорт марказларига олиб борувчи транспорт инфратузилмасини яратиш.


2021 йил

сентябрь


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Транспорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси


13.

Ривожлантирилаётган (мавжуд паралимпия спорт турлари), янги ташкил этилаётган ва келажакда янги ташкил этилиши режалаштирилган паралимпия спорт турларини янги босқичга кўтариш ва уларни ҳар томонлама ривожлантириш.


1. Ривожлантирилаётган (мавжуд) паралимпия спорт турларини (параенгил атлетика, парадзюдо, параўқ отиш, парасузиш, параакадемик эшкак эшиш, параканоэ, паратаэквондо, парапауэрлифтинг) янада оммалаштириш ва ривожлантириш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга ошириш.


2021 йил

давомида


Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси, Туризм ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, спорт федерациялари (ассоциациялари), манфаатдор вазирлик ва идоралар


2. Янги ташкил этилаётган паралимпия спорт турларини (парастол тенниси, парабадминтон, 5х5 футбол, голбол, паравелоспорт, паракамондан ўқ отиш, бочча, парақиличбозлик, паратриатлон, шахмат) оммалаштириш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга ошириш.


2021 йил

1 августдан

бошлаб


3. Келажакда янги ташкил этилиши режалаштирилган паралимпия спорт турларини (параволейбол, аравачада баскетбол, аравачада теннис, аравачада регби) оммалаштириш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга ошириш.


2021 йил

1 октябрдан

бошлаб


IV. ХАЛҚАРО СПОРТ МУСОБАҚАЛАРИ ВА ТАДБИРЛАРИГА ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ

14.

2021 йил Токиода (Япония) ўтказиладиган XVI Паралимпия ўйинларида спортчиларнинг муваффақиятли иштирокини таъминлаш.


Спорт федерациялари (ассоциациялари) ва маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда спортчиларнинг Паралимпия ўйинларида иштирок этиш бўйича лицензияларни қўлга киритиши учун зарур шарт-шароитлар яратилишини қатъий назоратга олиш, лицензияларни қўлга киритиш жараёнини ҳар ойда муҳокама қилиб бориш.


Ҳар

чоракда


Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси

15.

2024 йил Парижда (Франция) ўтказиладиган XVII Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш.


Ўзбекистон терма жамоаси спортчиларини 2024 йил Парижда (Франция) ўтказиладиган XVII Паралимпия ўйинларига тайёрлаш бўйича дастур лойиҳасини ишлаб чиқиш.


2021 йил

ноябрь


Туризм ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси


V. ҲУДУДЛАРДА ПАРАЛИМПИЯ СПОРТ ТУРЛАРИНИ ОММАЛАШТИРИШ

ВА РИВОЖЛАНТИРИШ, СПОРТЧИЛАРНИ ТАНЛАБ ОЛИШ (СЕЛЕКЦИЯ)

ИШЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШ

16.

Паралимпия спорт турлари билан мунтазам шуғулланиб келаётган, шунингдек, спорт мусобақаларида доимий равишда иштирок этаётган спортчиларнинг ягона маълумотлар базасини шакллантириш.


Паралимпия спорт турлари билан мунтазам шуғулланиб келаётган, шунингдек, спорт мусобақаларида доимий равишда иштирок этаётган спортчилар паспортининг (пластик шаклда) юритилишини жорий этиш ва мунтазам равишда юритиб бориладиган электрон тизимни яратиш.


2021 йил

ноябрь


Туризм ва спорт вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси


17.

Спортчи ёшларни саралаш ва иқтидорли спортчиларни танлаб олиш, спорт захирасини шакллантиришнинг мутлақо янги тизимини йўлга қўйиш.


Жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг паралимпия спорт турлари билан мунтазам шуғулланиши учун барча турдаги спорт таълим муассасаларида спорт турлари сонини кўпайтириш ҳамда жисмоний тарбия ва спортга кенгроқ жалб этиш.


2021/2022

ўқув

йилидан

бошлаб


Туризм ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


18.

Ҳудудларда паралимпия спорт турларини ривожлантириш.


Ҳудудлардаги барча спорт иншоотларининг қувватидан самарали фойдаланиш мақсадида паралимпия спорт турлари бўйича қўшимча спорт ва соғломлаштирувчи секциялар фаолиятини йўлга қўйиш.


2021/2022

ўқув

йилидан

бошлаб


Туризм ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


19.

Паралимпия спорт турлари билан мунтазам шуғулланиб келаётган спортчиларга яратилган шарт-шароитлар устидан мониторинг олиб бориш.


Мониторинг олиб бориш тартибини ишлаб чиқиш ҳамда мониторинг натижаларини ҳудудлар кесимида умумлаштириш ва таҳлил қилиш.


Ҳар

чоракда


Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги

20.

Жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга кенг жалб қилиш.


Таълим муассасаларида жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам равишда шуғулланиши учун спорт клубларини ташкил этиш юзасидан қўшма қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.


2021 йил

сентябрь


Туризм ва спорт вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


VI. ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ, ИНТЕРНЕТ ТАРМОҒИНИНГ

ИМКОНИЯТЛАРИДАН ФАОЛ ФОЙДАЛАНГАН ҲОЛДА, АҲОЛИ

ЎРТАСИДА ПАРАЛИМПИЯ СПОРТ ТУРЛАРИНИ ҲАМДА

СОҒЛОМ ТУРМУШ ТАРЗИНИ ТАРҒИБ ҚИЛИШ

21.

Оммавий ахборот воситалари, Интернет тармоғи орқали паралимпия спорт турларини кенг тарғиб қилиш чораларини кўриш.


1. Ҳудудларда оммавий ахборот воситалари орқали паралимпия спортини ривожлантириш бўйича телекўрсатувлар, мақолалар ва бошқа материаллар тайёрлаш ва намойиш этиш бўйича медиа-режа ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.


2021 йил

май


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Туризм ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси, спорт федерациялари (ассоциациялари) Кинематография агентлиги, Туризм ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси


2. Туризм ва спорт вазирлигининг оммавий-спорт тадбирлари календарь режаси асосида паралимпия спорт турлари бўйича ҳудудларда республика ва халқаро спорт мусобақалари ўтказиладиган спорт мусобақалари ва тадбирларини оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритишни ва трансляцияларни ташкиллаштириш.


2021 йил

давомида


3. Соғлом турмуш тарзини, жисмоний фаоллик ва саломатликни, шу жумладан Ўзбекистонда паралимпия спорт турлари бўйича ташкил этиладиган халқаро мусобақаларни тарғиб қилишга, миллий қаҳрамонлар - Паралимпия ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар тўғрисида қисқа метражли ҳужжатли фильмлар ишлаб чиқиш ва намойиш этишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш.


2021 йил

давомида


22.

Паралимпия спорт турлари бўйича машҳур спортчилар билан давра суҳбатлари, мулоқотлар ва маҳорат дарсларини ўтказиш.

1. Жойларда жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар ўртасида Паралимпия ўйинлари ва нуфузли халқаро мусобақаларда ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар иштирокида давра суҳбатлари, мулоқотлар ва маҳорат дарсларини манзилли ташкил этиш.


2. Ижтимоий тармоқларда Паралимпия ўйинлари ва нуфузли халқаро мусобақаларда ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар фаолиятини ёритишга қаратилган видео роликлар яратиш.


2021 йил

давомида


Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси, спорт федерациялари (ассоциациялари), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


23.

Паралимпия спорт турлари бўйича ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.


1. Хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасидан келиб чиққан ҳолда Паралимпия спорт турлари бўйича ўқув дастурларини ўрганиш.


2. Ўрганиш натижалари бўйича ўқув дастурларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.


2021 йил

декабрь


Туризм ва спорт вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 19 май


"Халқ сўзи", 2021 йил 19 май















































Время: 0.1841
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск