Внимание!

NB! Айни вактда мазкур хужжатга ўзгартишлар киритилмокда.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Қурилиш ва архитектура / Қурилиш ва архитектура соҳасидаги бошқарув ва назорат /

Капитал қурилиш соҳасида буюртмачи хизмати тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 20.05.2021 й. 321-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 20 майдаги

321-сон қарорига

1-ИЛОВА



Капитал қурилиш соҳасида буюртмачи

хизмати тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом капитал қурилиш соҳасида буюртмачи хизматининг (кейинги ўринларда - буюртмачи хизмати) асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари жавобгарлиги ва фаолиятининг ташкилий асосларини белгилайди.

Низом талаблари:

а) бюджет буюртмачилари:

давлат органлари;

бюджет ташкилотлари;

харид қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш учун йўналтириладиган бюджет маблағларини олувчилар;

давлат мақсадли жамғармалари;

б) корпоратив буюртмачилар:

давлат корхоналари;

устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар;

устав фондининг 50 фоизига ва ундан ортиқ миқдорда давлат улушига эга юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахсларга нисбатан амал қилади.

Мазкур Низом талаблари ушбу банднинг "а" ва "б" кичик бандларида назарда тутилгандан ташқари бошқа манбалар ҳисобига молиялаштириладиган қурилиш объектлари учун буюртмачи хизматини ташкил этишда қўлланилиши мумкин.

Ушбу банднинг "а" ва "б" кичик бандларида назарда тутилган манбалар ҳисобига молиялаштириладиган объектларда қурилиш ишларини амалга оширишда буюртмачи хизматини жалб қилиш мажбурий ҳисобланади.


2. Буюртмачи хизмати объектни таъмирлаб, реконструкция қилиб ёки қуриб фойдаланишга тайёр ҳолда топширишни таъминлайди.


3. Буюртмачи хизмати тузилган шартномаларга мувофиқ ўз ваколатига кирувчи масалалар бўйича инвестиция жараёни қатнашчилари ишини мувофиқлаштиради.


4. Буюртмачи хизмати ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишларига, бошқа қонунчилик ҳужжатларига ҳамда мазкур Низомга амал қилади.


5. Буюртмачи хизмати юридик шахс ҳисобланиб, қонунчиликка мувофиқ ўз мустақил балансига, банк ҳисобрақамига, ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга (давлат муассасаси шаклидаги юридик шахслар Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган), белгиланган намунадаги штамплар ва бланкаларга эга бўлади.

Буютмачи хизмати бюджет ташкилоти ҳисобланмайди.



2-БОБ. БУЮРТМАЧИ ХИЗМАТИНИНГ

АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


6. Қуйидагилар буюртмачи хизматининг асосий вазифалари ҳисобланади:

қурилиш объектларини белгиланган муддатларда фойдаланишга топшириш юзасидан шартнома мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш;

бирламчи рухсат берувчи, лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларининг белгиланган муддатда сифатли тайёрланишини таъминлаш, шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя қилиш;

объектларда қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш;

лойиҳаларни молиялаштириш манбаларини аниқлаш, харидларни режалаштириш, харидлар тартиб-таомилларини белгилаш ва унинг шаффофлигини таъминлаш;

лойиҳаларни бошқариш ва қурилиш ишлари бўйича техник назорат олиб борилишини таъминлаш, муаллифлик назоратини ташкил этиш ҳамда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя қилган ҳолда объектларни фойдаланишга қабул қилиш ишларини ташкил этиш;

субъектларнинг шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги ўзаро муносабатлари шаффофлигини таъминлаш.



3-БОБ. БУЮРТМАЧИ ХИЗМАТИНИНГ

АСОСИЙ ФУНКЦИЯЛАРИ


7. Юкланган вазифаларга мувофиқ буюртмачи хизмати қуйидаги функцияларни бажаради:


а) қурилиш объектларини белгиланган муддатларда фойдаланишга топшириш юзасидан шартнома мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш соҳасида:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, вазирлик ва идораларнинг топшириғига биноан мақсадли давлат дастурларига киритилган лойиҳаларнинг параметрларини аниқлаштириш ва келгусида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига белгиланган тартибда тақдим этиш учун уларга янги лойиҳаларни қўшиш бўйича таклифлар тайёрлайди;

молиялаштириш манбаларини белгиловчи ҳужжатлар ва манзилли рўйхат лойиҳаларини ишлаб чиқади, ўрнатилган тартибда келишади ва уларнинг тасдиқланишини таъминлайди;

пудратчи ташкилот билан келишган ҳолда қурилишнинг титул рўйхатини тасдиқлайди;

объект қуриладиган ҳудудда муҳандислик-коммуникация тармоқларини жойлаштириш масалаларини кўриб чиқиш ишларида иштирок этади;


б) бирламчи рухсат берувчи, лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларининг белгиланган муддатда сифатли тайёрланишини таъминлаш, шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя қилиш соҳасида:

лойиҳаларни ишлаб чиқишга бирламчи рухсат берувчи ҳамда харид бўйича ҳужжатларни тайёрлаш, шунингдек, харид жараёнларини ташкил этилиши ва ўтказилишини таъминлайди;

лойиҳачи ташкилотга бирламчи рухсат берувчи ҳужжатларни, шу жумладан, архитектура-режалаш топшириғини, топографик материалларни, муҳандислик-геологик қидирувларнинг ва таянч қурилиш конструкцияларининг техник ҳолатини текширувдан ўтказиш материалларини, нуқсонларга оид далолатномаларни тақдим этади, ушбу ҳужжатлар асосида ўрнатилган тартибда лойиҳалаштиришга топшириқни тайёрлайди ва тасдиқлайди;

шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун лойиҳалаштириш топшириғини тайёрлаб "Шаффоф қурилиш" миллий ахборот тизимида белгиланган тартибда келишади ва тасдиқлайди;

ишларни бажариш ҳамда молиялаштириш жадвалини инобатга олган ҳолда, лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш учун шартнома тузади;

тегишли ташкилотлар билан экспериментал, илмий-текшириш, археология ишлари ва бошқа ишларни бажариш учун шартномалар тузади;

лойиҳа-қидирув ишлари ижрочиларининг шартнома мажбуриятларига риоя этилишини назорат қилади;

лойиҳаолди, лойиҳа ва харид бўйича ҳужжатларни экспертизадан ўтказади, келишади ва уларнинг тасдиқланишини таъминлайди;

ваколатли органлар хулосалари ҳамда пудратчи ташкилотлар таклифлари асосида тегишли ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишини ташкил этади;

қурилиши марказлаштирилган манбалар ҳисобига молиялаштириладиган объектлар бошланғич қиймати Давлат статистика қўмитасининг расмий сайтига (stat.uz) қўйиб бориладиган қурилиш материалларининг жорий нархлари, машина ва механизмлар хизмати учун ўртача нархлар ҳамда ўртача иш ҳақидан фойдаланган ҳолда шакллантиради;

бунда нархларни йил давомида ўзгаришини инобатга олиб, муайян давр учун ўртача нарх нархлар ўсиши тўғрисидаги статистик маълумотлардан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китоб қилади;


в) объектларда қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш соҳасида:

қурилиш учун майдон танлаш ва ажратиш бўйича комиссиялар ишида иштирок этади;

қурилиш учун ер участкалари ажратиш тўғрисидаги ҳужжатларни, шунингдек, электр узатиш ҳаво тармоқлари ва алоқа тармоқлари ҳудудида, темир йўлларда, қурилиш майдонида жойлашган ер ости коммуникация тармоқлари (электр энергияси, табиий газ ва канализация тармоқлари) ўтадиган жойларда ишларни бажаради;

қурилиш объектида муҳандислик-коммуникация тармоқлари бўлмаган тақдирда, ишларни ташкил этиш учун ушбу ҳудуддаги мавжуд муҳандислик-коммуникация тармоқларидан фойдаланиш чораларини кўради;

дарахтларни ўтқазиш, буташ, зарур ҳолларда дарахтларни кесиш учун талаб этиладиган ҳужжатлар белгиланган тартибда олинишини таъминлайди;

объект қурилаётган ҳудудда бузиладиган, бошқа жойга кўчириладиган ёки реконструкция қилинадиган аҳоли хонадонларида истиқомат қилувчи фуқароларнинг мазкур масалалар юзасидан қонуний талаблари бажарилишини таъминлайди;

фуқароларга зарурат бўлганда, амалдаги қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган объектнинг умумий қиймати доирасида олиб қўйиладиган мева, резавор мева дарахтлари ва экинлар қийматини, шунингдек, фуқароларга хусусий мулк ҳуқуқи билан тегишли бўлган ва бузилиши керак бўлган турар жойлар ва иморатлар қийматини қоплайди;

қурилиш ҳудудида бузиладиган бино ва иншоотларнинг ҳисоб-китоби ҳамда уларни объект қурилиш лойиҳасига киритишнинг асослилигини текширади;

объектларнинг бузилиши натижасида хосил бўладиган ҳамда қазиб олинадиган қурилиш материаллари белгиланган тартибда ҳисобга олиниши ва сотилишини таъминлайди;

қурилиш учун геодезик ажратиш асосини ташкил этади;


г) лойиҳалар молиялаштириш манбаларини аниқлаш, харидларни режалаштириш, харидлар тартиб-таомилларини белгилаш ва унинг шаффофлигини таъминлаш соҳасида:

объектни лойиҳалаштириш ва фойдаланишга тайёр ҳолда топшириш ишларини бажарувчи ижрочиларни белгилаш бўйича тендер савдоларини ташкил этиш, ўтказиш ҳамда белгиланган тартибда шартнома тузилишини таъминлайди;

шартнома асосида ишларни бажариш, молиялаштириш жадвалларини тасдиқлаш, қурилиш ишлари титул рўйхатларини тузиш ва аниқлаштириб борилишини таъминлайди;

молиялаштириш бўйича келишилган жадвални ҳисобга олиб, зарур барча ҳужжатларни мутасадди идорага (банкка, ғазначилик бўлимига) тақдим этган ҳолда лойиҳалаш ва қурилиш ишларининг ўз вақтида молиялаштирилишини таъминлайди;

бухгалтерия, тезкор ва статистика ҳисобини юритади, тасдиқланган шаклларга мувофиқ фаолият турлари бўйича ҳисоботларни белгиланган тартибда тегишли органларга тақдим этади ҳамда уларнинг ишончлилиги учун жавоб беради;

лойиҳа иштирокчиларининг бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар учун тўловга тақдим этилган ҳисобварақларини текшириб қабул қилади;

бажарилган ишлар бўйича белгиланган тартибда тўловни амалга оширади;

шартнома мажбуриятлари қисман ёки тўлиқ бажарилмаган ҳолларда лойиҳачи, пудратчи ва бошқа ташкилотларга белгиланган тартибда жарима тўлаш тўғрисида даъвони тақдим этади;


д) лойиҳаларни бошқариш ва қурилиш ишлари бўйича техник назорат олиб борилишини таъминлаш, муаллифлик назоратини ташкил этиш ҳамда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя қилган ҳолда объектларни фойдаланишга қабул қилиш ишларини ташкил этиш соҳасида:

қурилиш объектларини қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияларида рўйхатдан ўтказади;

пудрат ишларини бажариш учун зарур бўлган рухсат берувчи ҳужжатларни ҳамда муаллифлик ва техник назорат мавжудлигини текширади;

лойиҳа бошқарилишини ва объектларда қурилиш ишлари юзасидан тизимли техник назоратни амалга оширилишини таъминлайди, қурилиш жараёнида камчиликлар ва нуқсонлар аниқланган тақдирда, уларни бартараф этиш юзасидан чоралар кўради;

қурилиш нормалари ва қоидаларига мувофиқ қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиб олади;

объектларни фойдаланишга қабул қилиб олиш бўйича тегишли комиссияга зарур ҳужжатларни тақдим этади;

фойдаланишга қабул қилинган объектлар бўйича барча тегишли ҳужжатларни фойдаланувчига тақдим этади;

қурилиш нормалари ва қоидалари талаблари бузилган ҳолда қурилган объектлар фойдаланишга қабул қилиб олинганлиги учун жавоб беради;


е) шаҳарсозлик фаолияти субъектларининг объектлар қурилиши жараёнида ўзаро муносабатлари шаффофлигини таъминлаш соҳасида:

"Шаффоф қурилиш" миллий ахборот тизимига (кейинги ўринларда - ахборот тизими) зарур ахборотларни киритиб боради;

объектларнинг манзилли дастури, йиллик манзилли рўйхат ва ҳар бир объект бўйича маълумотларни ахборот тизимига киритади;

бирламчи рухсат берувчи ҳужжатлар тайёрланиши, лойиҳаолди ва лойиҳа ишларининг амалга оширилиши, экспертиза органлари томонидан хулосалар берилиши, харидлар жараёни, қурилиш ишларининг олиб борилиши ҳамда молиялаштириш тўғрисидаги маълумотларни ахборот тизимига киритади;

лойиҳачи, экспертиза, пудратчи ва бошқа ташкилотлар билан тузилган шартномалар ижроси, бажарилган ишлар, молиялаштириш бўйича ишончли маълумотларни ахборот тизимига киритади;

қурилиш жараёнларини назорат қилиш, қурилиш устидан муаллифлик, техник назорат бўйича мутахассислар ва қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциялари томонидан амалга оширилаётган назорат текширувларини ва кўрсатиб ўтилган камчиликларни қайд этиш, уларни бартараф этишга доир маълумотларни ахборот тизимига киритади;

қурилиш объектининг ҳар бир босқичи якуни бўйича маълумотлар ва асословчи ҳужжатларнинг объектлар фойдаланишга топширилгунга қадар ахборот тизимига мунтазам киритиб борилиши ва юритилишини таъминлайди.



4-БОБ. БУЮРТМАЧИ ХИЗМАТИНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ


8. Буюртмачи хизмати қуйидаги ҳуқуқларга эга:

мулкчилик шаклидан қатъи назар, юридик ва жисмоний шахслар билан муносабатларда ваколат доирасига кирувчи масалалар бўйича юқори турувчи идоралар (Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирликлар ва идоралар)нинг манфаатларини ифода этади;

юқори турувчи идоранинг топшириғига кўра қурилиш объектлари бўйича буюртмачи хизмати функциясини амалга ошириш;

белгиланган тартибда ўз мол-мулкидан фойдаланиш;

пудрат ишлари ва қурилиш материаллари бозорида маркетинг тадқиқотларини ўтказиш, ресурсларнинг даврий ўртача нархларини тасдиқлаш;

объектларни лойиҳалаштириш ва қуриш бўйича ишларни бажаришга (хизматлар кўрсатишга) шартномалар тузиш;

қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш;

ўзига юкланган вазифалар доирасида ишларни бажариш учун белгиланган тартибда хорижий ва маҳаллий мутахассисларни жалб этиш;

шаҳарсозлик фаолияти соҳасида амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар киритиш;

объект фойдаланишга топширилиб, кафолат муддати тугагунга қадар назорат ўлчовини ўтказишни ташкил этиш.

Буюртмачи хизмати ўз функцияларини амалга ошириш учун қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.



5-БОБ. БУЮРТМАЧИ ХИЗМАТИНИНГ

МАЖБУРИЯТЛАРИ


9. Буюртмачи хизматининг мажбуриятлари:

шаҳарсозлик ҳужжатларига риоя этмаганлиги ва ўз мажбуриятларини бажармаганлиги учун Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларига ва тузилган шартномаларга мувофиқ жавоб бериш;

шаҳарсозлик ҳужжатларининг белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилишини таъминлаш;

лойиҳалаштириш жараёнини текшириб бориш, муаллифлик назорати олиб борилишини таъминлаш ва қурилишни техник назорат қилиш, қурилиш жараёнида ва кафолат муддатида аниқланган камчиликлар ва нуқсонларни бартараф этиш чораларини кўриш;

белгиланган тартибда бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда статистика ҳисоботини ва бошқа ҳисоботларни амалга ошириш;

мақсадли дастурлар доирасида белгиланган тартибдаги маблағлар Қурилиш соҳасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази ҳисобрақамига ўтказилишини таъминлаш;

ахборот тизимида фаолияти тўғрисидаги тегишли маълумотларнинг жойлаштирилишини таъминлаш.

Буюртмачи хизматига қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.


10. Буюртмачи хизмати ўз мажбуриятлари бўйича ўзига тегишли барча мол-мулк билан жавоб беради. Бу мол-мулклар етарли бўлмаса, тегишли муассис унинг мажбуриятлари юзасидан субсидиар жавобгар бўлади.


11. Буюртмачи хизмати унга юкланган вазифа ва функциялар самарали бажарилиши учун жавобгардир.



6-БОБ. БУЮРТМАЧИ ХИЗМАТИНИНГ

ЖАВОБГАРЛИГИ


12. Буюртмачи хизмати қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ:

ишларни бажаришга бирламчи рухсат берувчи ҳужжатлар берилиши кечиктирилганлиги;

геодезия - бўлиш асослари ҳамда қурилиш ҳудудига бириктирилган пунктлар ва белгилар берилиши кечиктирилганлиги;

қурилиши тугалланган объект, унинг айрим навбатлари, ишга тушириш комплекси, бинолар, иншоотлар, ишлаб чиқаришга тайёрланган маҳсулотлар ёки хизматлар шартнома шартларига мувофиқ қабул қилиб олиниши асоссиз равишда кечиктирилганлиги;

шартномага асосан белгиланган муддатда маблағ билан таъминланмаганлиги, бажарилган ишлар тасдиқланмаганлиги ва уларга ҳақ тўланмаганлиги;

шартномада назарда тутилган бошқа мажбуриятлар бажарилмаганлиги ёки зарур даражада бажарилмаганлиги учун мулкий жавоб беради.



7-БОБ. ХЎЖАЛИК ФАОЛИЯТИ АСОСЛАРИ


13. Буюртмачи хизмати юридик шахс ҳисобланади, алоҳида мол-мулкка эгалик қилади, мустақил баланс юритади.


14. Буюртмачи хизмати таъминоти унинг юқори турувчи органи томонидан тасдиқланган (марказлаштирилган манбалар бўйича белгиланган тартибда молия органида рўйхатдан ўтказилган) ҳаражатлар сметасига мувофиқ унга ажратилган капитал қўйилмалар ҳисобига амалга оширилади.


15. Марказлаштирилган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган буюртмачи хизматига бириктирилган мол-мулк давлат мулки ҳисобланади ва мулк ҳуқуқи қонунчиликда белгиланган тартибда берилади.


16. Буюртмачи хизматларининг фаолиятини маблағ билан таъминлаш қуйидаги даромадлар ҳисобидан молиялаштирилади:

марказлашган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган объектларнинг қурилиш-монтаж ишлари қийматидан ажратмалар;

бюджет ташкилотлари, бюджетдан маблағ олувчилар ҳамда бошқа юридик шахслар билан шартнома асосида кўрсатилган хизматлардан тушумлар;

шартнома асосида мажбуриятларни бажармаганлиги учун суд ва судгача ҳал қилиш тартибида ундирилган жарималар (санкциялар) ва пенялардан ажратмалар;

бўш турган мол-мулкни ижарага беришдан келиб тушадиган маблағлар;

ҳомийлик маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.


17. Марказлаштирилган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган буюртмачи хизмати тузилмаси ва штатлар жадвали, лавозим маошлари жадвали, меҳнатга ҳақ тўлаш ва мукофотлаш тартиби юқори турувчи органлар томонидан тасдиқланади ва жойлашган жойидаги молия органида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилади.

Бунда, буюртмачиларнинг раҳбарлари, ходимлари ва мутахассисларига:

Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 12 апрелдаги 147-сон қарори билан тасдиқланган меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича разрядлари ва Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тариф коэффициентлари ҳамда қонунчилик бўйича оширилган миқдордаги коэффициентлари;

бюджет муассасалари ва ташкилотлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг қонунчиликда белгиланган миқдорида моддий рағбатлантириш махсус фонди;

икки ойлик меҳнат ҳақи фонди миқдоридаги маблағларни йўналтирган ҳолда мукофотлаш ҳамда бир ойлик иш ҳақи фондини йўналтирган ҳолда ходимларга моддий ёрдам кўрсатиш шартлари қўлланилади.

Буюртмачи хизматини сақлаш харажатлари объектлар қурилиш қийматига киритилади.


18. Вазирлик ва идоралар ҳузуридаги буюртмачи хизмати раҳбарлари, ходимлари ва мутахассисларига ушбу вазирлик ва идоралар ва уларнинг тизим ташкилотлари учун қўлланиладиган кўп йиллик меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари қўлланилади.


19. Марказлашган манбалар ҳисобидан жорий сақлаш харажатлари учун маблағ билан таъминланувчи буюртмачи хизматлари - бюджет маблағлари олувчи ташкилот ҳисобланади, унинг сақлаш учун харажатлари объект қийматида кўзда тутилган маблағлар буюртмачи хизматининг банк ҳисоб рақамларига келиб тушади.


20. Буюртмачи хизматлари марказлашган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган объектларнинг қурилиш-монтаж ишлари қийматидан ажратмалардан ташқари мазкур Низомнинг 16-бандига мувофиқ келиб тушган маблағлар ҳисобидан юқори турувчи ташкилот билан келишган ҳолда қуйидагиларни молиялаштиришга йўналтирилади:

буюртмачи хизмати раҳбарлари, ходимлари ва мутахассисларининг лавозим маошларига узоқ муддат ишлаганлиги учун рағбатлантирувчи коэффициентни ҳисобга олган ҳолда устамалар тўлашга: 2 йилдан 5 йилгача - 0,2; 5 йилдан 10 йилгача - 0,4; 10 йилдан 15 йилгача 0,6 ва 15 йилдан ортиқ - 0,8;

буюртмачи хизмати ходимларига қонунчиликда белгиланган рағбатлантириш, премия, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш учун пул маблағлари ва мукофот пулларини тўлашга ҳамда буюртмачи хизматининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва жорий фаолияти билан боғлиқ бошқа харажатларни қоплашга.


21. Молия йили якунига кўра бюджет маблағлари ҳисобидан банк ҳисоб рақамига келиб тушган, бироқ ишлатилмай қолган маблағлар давлат бюджетига олиб қўйилмайди ва ушбу маблағлар мазкур Низомга мувофиқ буюртмачи хизматининг раҳбарлари, ходимлари ва мутахассисларини моддий рағбатлантириш ва жорий сақлаш билан боғлиқ харажатларга сарфланади.



8-БОБ. БУЮРТМАЧИ ХИЗМАТИ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


22. Буюртмачи хизматини бошқариш унинг қарори билан ташкил этилган тегишли органнинг буйруғи билан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор томонидан амалга оширилади.


23. Буюртмачи хизмати раҳбарларини (директор, директор ўринбосари ва бош муҳандис) лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш Вазирлар Маҳкамасининг Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, коммуникациялар, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги масалалари котибияти билан келишган ҳолда, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг тақдимномаси асосида юқори турувчи вазирликлар, идоралар ҳамда маҳаллий ҳокимликларнинг тегишли буйруғи асосида белгиланган тартибда;

буюртмачи хизматининг техник назорат бўйича мутахассисни лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги билан келишган ҳолда вазирликлар, идоралар ҳамда маҳаллий ҳокимликлар ҳузуридаги буюртмачи хизматининг тегишли буйруғи асосида амалга оширилади.

24. Шаҳарсозлик соҳасидаги қонун талабларини тизимли равишда бузаётган, бу борада расмий талабларни бажармаётган техник назорат бўйича мутахассислар Қурилиш соҳасида назорат инспекциясининг ёзма кўрсатмасига мувофиқ буюртмачи хизмати раҳбари томонидан лавозимидан озод этилади.


25. Вазифаларни тақсимлаш ва ходимлар ўртасида ўзаро бир-бирининг ўрнини босиш тартиби буюртмачи хизмати директори томонидан амалга оширилади.


26. Буюртмачи хизмати директори:

буюртмачи хизмати фаолиятига раҳбарлик қилади ва буюртмачи хизматига юкланган вазифалар бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

объектларда қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш ҳамда фойдаланишга тайёр ҳолда топшириш бўйича шартномалар тузади;

ташкилот номидан иш олиб боради, юридик ва жисмоний шахслар, шунингдек, хорижий юридик ва жисмоний шахслар билан ўзаро муносабатларда буюртмачи хизматини ифода этади;

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ, бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлади.


27. Пул ва мулкий тусдаги барча ҳужжатлар буюртмачи хизмати директори ёки унинг ўринбосарларидан бири, бош бухгалтер ёки директор ва бош бухгалтер томонидан имзоланган ишончнома билан ваколат берилган шахс томонидан имзоланади, муҳр билан тасдиқланади.



9-БОБ. БУЮРТМАЧИ ХИЗМАТИ ФАОЛИЯТИНИ

НАЗОРАТ ҚИЛИШ


28. Буюртмачи хизматининг молия-хўжалик фаолиятини назорат қилиш, текшириш ёки тафтиш қилиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли назорат органлари томонидан амалга оширилади.



10-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


29. Буюртмачи хизмати қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳолларда ва тартибда қайта ташкил этилади ёки тугатилади.


30. Буюртмачи хизмати белгиланган тартибда давлат рўйхати реестридан чиқарилган пайтдан бошлаб тугатилган деб ҳисобланади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 21 май







































Время: 0.0147
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск