язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Тадбиркорлик субъектлари/ Ишлаб чиқариш кооперативлари/ Ўзбекистон Республикасининг 14.06.1991 й. 295-XII-сон "Кооперация тўғрисида"ги Қонуни

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

14.06.1991 й.

N 295-XII



КООПЕРАЦИЯ ТЎҒРИСИДА

ва ўзга матлубот ширкатлари



Ушбу Қонун "Ўзбекистон Республикасидаги корхоналар тўғрисида"ги Қонун ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунлари билан бир қаторда кооперация фаолиятининг ўзига хос жиҳатларини белгилайди.

У юридик ва жисмоний шахсларга кооперативга ихтиёрий равишда кириш ва ундан эркин чиқиш, кооперативни бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқини, кооперативларни мулкчиликнинг барча шаклларидаги корхоналар билан тенгҳуқуқлилик асосида ривожлантириш, жамоа бўлиб хўжалик юритиш мустақиллигини ҳамда уставда белгиланган вазифаларни бажариш юзасидан қарорлар қабул қилишда кооперативнинг мустақиллигини кафолатлайди.



1-модда. Кооперация ва унинг турлари


1. Ўзбекистон Республикасида кооперация жисмоний ва юридик шахсларнинг иқтисодий ҳамда ижтимоий фаолиятнинг турли соҳаларида умумий мақсадларга эришиш учун ташкилий жиҳатдан расмийлаштирилган, мулкнинг ширкат (жамоа) шаклига асосланган ихтиёрий бирлашмаларидан (кооперативларидан) иборатдир.

2. Ўзбекистон Республикасида аҳолининг маҳсулотлар, ишлар ва хизматларга бўлган эҳтиёжларини қондириш учун, шунингдек фойда (даромад) олиш мақсадида тузиладиган матлубот, ишлаб чиқариш ва аралаш ишлаб чиқариш матлубот кооперативлари амал қилади.

Кооперация, шунингдек ўз аъзоларининг уй-жой-маиший ва бошқа ижтимоий эҳтиёжларини қондиришга хизмат қиладиган кооперативларни (уй-жой қуриш, уй-жой кооперативларини, гараж қуриш, чорбоғ қуриш ва шу каби кооперативларни) ҳам ўз ичига олади.


2-модда. Кооперация тўғрисидаги қонунлар


Барча турдаги кооперативлар ва уларнинг хўжалик уюшмаларини тузишнинг, улар фаолиятининг, уларни қайта тузиш ва тугатишнинг умумий, ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий асослари ушбу Қонун, "Ўзбекистон Республикасидаги корхоналар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатлари билан, Қорақалпоғистон Республикасида эса - Қорақалпоғистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан ҳам тартибга солинади.


3-модда. Кооператив - кооперациянинг бирламчи бўғини

1. Юридик шахс ҳуқуқига эга бўлган, жамоа мулки ҳуқуқи асосида ўзига қарашли мулкка эгалик қиладиган, ундан фойдаланадиган ва уни тасарруф этадиган мустақил хўжалик юритувчи субъект кооператив ҳисобланади. Ер ва бошқа табиий бойликлар кооперативларга фойдаланиш учун берилади.

Ишлаб чиқариш ва ишлаб чиқариш-матлубот кооперативларининг фаолияти ўз аъзоларининг, шунингдек меҳнат шартномалари (контрактлар, битимлар) бўйича ишлаётган кишиларнинг ўз меҳнатлари билан шахсан иштирок этишига асосланади.

Матлубот кооперативлари ҳамда ўз аъзоларининг уй-жой-маиший ва бошқа ижтимоий эҳтиёжларини қондиришга хизмат қиладиган кооперативлар фаолияти ўз меҳнати билан шахсан иштирок этиш билан боғлиқ бўлмаслиги ҳам мумкин.

2. Кооперативлар тармоқ, ҳудудий ва бошқа белгилар бўйича хўжалик уюшмаларига ихтиёрийлик асосида бирлашишлари ва яккаҳокимликка қарши қонунларнинг талабларини ҳисобга олган ҳолда иш олиб боришлари мумкин.

3. Кооператив, Ўзбекистон Республикаси қонунларида тақиқланганларидан ташқари, фаолиятнинг ҳар қандай тури билан шуғулланишга ҳақлидир. Бунда кооперативлар ва уларнинг хўжалик уюшмалари (шу жумладан барча турдаги аралаш давлат-кооператив уюшмалари) давлат бошқаруви, контроли ва назорати, шунингдек терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлар, суриштирув, тергов ва одил судлов идораларининг вазифаларини бажаришларига йўл қўйилмайди.

Кооперативлар, кооперативларнинг хўжалик уюшмалари Ўзбекистон Республикаси амалдаги қонунларига ва халқаро шартномаларга мувофиқ республика ва халқаро бозорларда хўжалик фаолиятини эркин юритиш ҳуқуқига эгадирлар.


4-модда. Кооперативнинг мулкдорлари ва мол-мулки


1. Кооперативнинг мустақил балансида ўз ифодасини топадиган асосий фондлар, оборот маблағлари, пай бадаллари, шунингдек бошқа бойликлар кооператив мулки ҳисобланади.

2. Кооперативнинг мол-мулки ўз аъзоларининг пул ва моддий бадаллари, банкларнинг кредитлари, ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотлар, бу маҳсулотни сотишдан кооператив уставида назарда тутилган ўзга хил фаолиятдан келган даромадлар ҳамда қонунларда ман этилмаган бошқа манбалар ҳисобига ҳосил бўлади. Кооперативнинг мол-мулкини шакллантиришда, мулк шаклидан қатъи назар корхоналар (ташкилотлар), шунингдек мазкур кооперативга аъзо бўлмаган, аммо унда меҳнат шартномасига (контрактига), битимига мувофиқ ишлаётган жисмоний шахслар шартнома асосларида пул ва моддий бадаллар тўлаш йўли билан иштирок этишлари мумкин.

3. Кооператив томонидан ташкил этилаётган корхоналар ва ташкилотларнинг мол-мулки, шунингдек қўшган улушларига мувофиқ хўжаликлараро корхоналар ва ташкилотларнинг мол-мулки кооператив мулки ҳисобланади.

Таркибига кооперативлар, турли мулк шаклидаги бошқа корхоналар ва ташкилотлар кирган хўжалик уюшмаларининг мол-мулки уларнинг ширкат (жамоа) мулкидир. Таркибига фақатгина кооперативлар кирган уюшмаларнинг (иттифоқларнинг) мол-мулки, башарти мазкур уюшмаларнинг (иттифоқларнинг) таъсис ҳужжатларида ёки Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида ўзга хол назарда тутилмаган бўлса, ана шу кооперативларга ширкат (жамоа) мулки ҳуқуқида қарашли бўлади.


5-модда. Кооператив тузиш ва унинг устави


1. Кооператив фуқаролар истаги билан ёки юридик шахсларнинг ташаббуси билан мутлақо ихтиёрийлик асосида ташкил этилади. Кооператив аъзолари бўлган фуқароларнинг сони уч кишидан кам бўлмаслиги, матлубот кооперативида (жамиятида) эса етти кишидан кам бўлмаслиги керак.

Кооператив мустақил тарзда ҳам, мулкнинг ҳар қандай шаклига мансуб корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, кооператив ҳузурида ҳам ташкил этилади ва фаолият кўрсатади.

Мулкчиликнинг ҳар қандай туридаги корхонанинг, муассасанинг, ташкилотнинг қарорига кўра тузиладиган кооператив юридик шахс ҳуқуқига эга бўлиши, жорий ва ҳисоб-китоб счётлари очиши мумкин. Корхона, муассаса, ташкилот шундай турдаги кооперативнинг уставини тасдиқлайди, унинг ишлаб чиқариш ва хўжалик фаолиятини назорат қилади ҳамда унинг фаолият натижалари учун тўла жавобгар бўлади.

2. Кооперативнинг устави кооператив таъсис этишни истаган фуқароларнинг умумий йиғилишида ёки юридик шахслар мухтор вакилларининг йиғилишида қабул қилинади ва кооператив жойлашган ердаги ҳокимликда рўйхатга олинади.

Устави рўйхатга олинган ва давлат реестрига киритилган пайтдан эътиборан кооператив ташкил топган деб ҳисобланади.

Матлубот, ишлаб чиқариш кооперативлари, аралаш шаклидаги кооперативларнинг уставида кооператив аъзоларининг кооператив қарзлари бўйича мулкий жавобгарлиги кўрсатилган бўлиши керак. Бу қоида кооператив уставида ўз аксини топмаса, уни давлат рўйхатига олиш ман этилади.

3. Сохта кооператив аниқланган тақдирда қайтарилмаган ссудалар ва кредитлар унинг аъзоларидан амалдаги қонун ҳужжатларининг нормаларига мувофиқ ундириб олинади.


6-модда. Кооперативга аъзолик


1. 16 ёшга тўлган, кооперативнинг мақсад ва вазифаларини амалга оширишда иштирок этиш истагини билдирган ва бунга қодир бўлган ҳар бир жисмоний шахс, башарти, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида ўзга ҳол назарда тутилмаган бўлса, кооператив аъзоси бўлиши мумкин.

Мулкчиликнинг барча шаклидаги корхоналар ва ташкилотлар, шунингдек бошқа кооперативлар ва ширкатлар кооперативнинг жамоа аъзолари бўлиши мумкин. Кооперативлар ва уларнинг жамоа аъзолари ўртасидаги ўзаро муносабатлар шартнома асосларида қурилади.

2. Кооперативнинг аъзоси меҳнат шартномаси бўйича бир нечта ишлаб чиқариш кооперативида ишлаши ёки айни бир вақтнинг ўзида уй-жой ва бошқа ижтимоий эҳтиёжларни қондириш билан шуғулланувчи бир неча кооперативнинг аъзоси бўлишга ҳақли.

Кооперативга кириш ёки унда меҳнат шартномаси (контракт, битим) бўйича ишлаш учун асосий иш жойидаги корхона мулкдорининг, маъмуриятнинг (бошқарув идорасининг) розилиги талаб қилинмайди.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ ёки суднинг ҳал қилув қарорига кўра муайян фаолият билан шуғулланишга ёхуд муайян лавозимни эгаллаши ман этилган шахсларнинг кооперативга аъзо бўлиши ёки меҳнат шартномаси (контракти) асосида унда ишлашга жалб этилиши мумкин эмас.

3. Аъзолик муносабатларидан келиб чиққан низоли ишлар кооператив уставида белгиланган тартибда кооператив бошқарув идоралари томонидан, Ўзбекистон Республикаси қонунларида назарда тутилган ҳолларда эса - суд томонидан ҳал этилади.

4. Кооператив аъзоси уставда назарда тутилган ҳолларда кооперативнинг умумий йиғилиши қарорига биноан кооперативдан чиқарилиши мумкин.

Кооператив аъзолигидан чиқарилганлик устидан судга шикоят қилиниши мумкин.



7-модда. Кооператив аъзоларининг

ҳуқуқлари ва мажбуриятлари


1. Барча турдаги кооперативларнинг аъзолари:

кооператив фаолиятида ва унинг ишларини бошқаришда қатнашиш, кооперативнинг бошқарув ва назорат идораларига сайлаш ҳамда сайланиш, кооператив фаолиятини яхшилаш, унинг идоралари ва мансабдор шахсларнинг ишидаги нуқсонларни бартараф этиш ҳақида таклифлар киритиш;

фойдадан (даромаддан) улуш олиш, кооператив тугатилган тақдирда эса - уставда назарда тутилган тартибда қўшган меҳнат ва мулкий ҳиссасига яраша кооператив аъзолари ўртасида тақсимланиши лозим бўлган мулк улушини олиш;

пай бадалининг бутун суммасини қайтариб олган ҳолда, шунингдек ўз меҳнат ва мулкий ҳиссасига мутаносиб равишда кооператив фойдасидан (даромадидан) улуш олган ҳолда кооперативдан ихтиёрий тарзда чиқиш;

кооператив мулкидан, уставда кооператив аъзолари учун назарда тутилган имтиёзлар ва афзалликлардан фойдаланиш;

кооперативнинг мансабдор шахсларидан кооперативнинг фаолиятига доир ҳар қандай масала юзасидан ахборот олиш;

кооператив мулкидаги ўзига қарашли улушни мерос қилиб қолдириш ҳуқуқига эгадир.

Бундан ташқари ишлаб чиқариш ва матлубот кооперативларининг аъзолари:

ишлаб чиқариш эҳтиёжларини ва касбий тайёргарликни ҳисобга олган ҳолда кооперативдан иш олиш;

ишланмайдиган кунлар бериш орқали таъминланадиган дам олиш, шунингдек ишчи ва хизматчиларнинг тегишли тоифалари учун қонунда белгиланганидан кам бўлмаган муддатга ҳар йили ҳақ тўланадиган отпуска олиш;

хавфсиз меҳнат шароити билан таъминланиш;

ўзини ижтимоий ва мажбурий тиббий суғурта қилдириш ҳамда ижтимоий таъминланиш;

маданий-маиший хизматдан фойдаланиш ва кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши белгилаган тартибда бошқа эҳтиёжларни қондириш ҳуқуқига ҳам эгадирлар.

2. Барча турдаги кооперативларнинг аъзолари:

кооператив уставига риоя этишлари ҳамда кооперативнинг умумий йиғилиши, сайлаб қўйиладиган бошқарув ва назорат идоралари қабул қилган қарорларни бажаришлари;

кооператив фаолиятида меҳнат қилиб ёки мулк қўшиб иштирок этиш билан боғлиқ кооператив олдидаги ўз мажбуриятларини бажаришлари;

кооперативга хўжалик фаолияти юритиш учун бериб қўйилган табиат ресурсларидан оқилона фойдаланишлари, уларни асраб-авайлашлари ҳамда атроф муҳитни муҳофаза қилиш чора-тадбирларини бажаришлари шарт.

3. Кооператив аъзолари кооператив уставида ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўладилар ҳамда уларнинг зиммасига масъулият ҳам юклатилади.


8-модда. Кооператив аъзоларининг масъулияти


1. Ишлаб чиқариш кооперативларининг ва аралаш шаклдаги кооперативларнинг аъзолари тугатилган кооперативнинг қарзлари юзасидан кооперативнинг мол-мулки билан жавобгар бўладилар, бу мол-мулк етмай қолган тақдирда қарз суммаси суд томонидан кооператив ҳар бир аъзосининг йиллик даромади суммасига мутаносиб равишда тақсимланади.

2. Матлубот кооперативининг фаолиятида фақат пай бадаллари қўшиб иштирок этаётган кооператив аъзоси, шунингдек ўз аъзоларининг уй-жой-маиший ва бошқа ижтимоий эҳтиёжларини қондиришга хизмат қиладиган кооператив аъзоси бўлмиш фуқаро ўзи қўшган пай бадали доирасида кооперативнинг мажбуриятлари бўйича жавобгар бўлади.

3. Матлубот, ишлаб чиқариш кооперативининг жамоа аъзоси хўжалик мустақиллигини сақлаб қолади ва ўз фаолиятида ўзининг уставига (низомига) амал қилади. У мустақил мулкий жавобгар бўлади. Матлубот ва ишлаб чиқариш кооперативи (жамияти) ўз таркибидаги жамоа аъзоларининг мажбуриятлари учун жавобгар бўлмайди, жамоа аъзолари эса кооперативнинг (жамиятнинг) мажбуриятлари бўйича унинг уставида кўзда тутилган тартибда ва миқдорларда жавобгар бўладилар.

4. Кооперация тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун айбдор бўлган мансабдор шахслар, кооперативлар ва уларнинг хўжалик уюшмалари (шу жумладан, матлубот жамиятлари иттифоқи) аъзолари қонунда белгиланган тартибда мулкий, маъмурий, жиноий ва ўзгача тарзда жавобгар бўладилар.


9-модда. Кооперативни бошқариш


1. Кооперативнинг олий бошқарув идораси умумий йиғилиш, конференция, съезд бўлиб, улар кооператив раисини (бошқарувини), тафтиш комиссиясини (тафтишчини) сайлайди ва уларга кооперативни бошқариш бўйича ўз ваколатларини топширади.

Кооперативнинг ҳар бир аъзоси, шу жумладан унинг ҳар бир жамоа аъзоси, қўшган мулкий ҳиссасининг миқдоридан қатъи назар, бир овозга эга бўлади.

Кооперативда меҳнат шартномаси (контракти) бўйича ишлаётган фуқаролар умумий йиғилишда маслаҳат овози ҳуқуқи билан иштирок этадилар.

2. Умумий йиғилиш:

кооперативнинг уставини қабул қилади, унга белгиланган тартибда ўзгартишлар ва қўшимчалар киритади;

кооператив раисини, кооператив бошқарувини ва тафтиш комиссиясини (тафтишчисини) сайлайди (ёллайди), ва озод этади, уларнинг фаолиятларига доир ҳисоботларини эшитади;

кооператив аъзолигига қабул қилиш, аъзоликдан чиқариш масалаларини, шунингдек кооперативдан чиқиш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилади;

кооперативнинг ички тартиб қоидаларини, кооператив мулкига етказилган зарар учун моддий жавобгарлик тўғрисидаги, меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисидаги қоидаларни ҳамда кооперативнинг бошқа ички ҳужжатларини қабул қилади ва уларни ўзгартиради;

кооперативга кириш, пай бадалларининг ва бошқа бадалларнинг миқдорини белгилайди;

кооператив фаолиятининг режаларини ва уларнинг ижросига доир ҳисоботларни тасдиқлайди;

фойдани (даромадни) тақсимлаш тартибини, кооператив фондлари ва резервларининг турлари, миқдори ҳамда улардан фойдаланиш йўналишларини белгилайди;

кооперативни қайта ташкил этиш ва унинг фаолиятини тўхтатиш, унинг хўжалик уюшмаларига кириши ва улардан чиқиши масалаларини ҳал қилади.

Мазкур масалалар бўйича қарорлар қабул қилиш кооператив умумий йиғилишининг мутлақ ихтиёрида бўлади. Кооператив уставига ёки умумий йиғилишнинг қарорига мувофиқ кооператив фаолиятининг бошқа ташкилий, хўжалик ва ижтимоий масалалари ҳам кооперативнинг мутлақ ихтиёрига берилиши мумкин.

Зарур ҳолларда кооперативларда умумий йиғилиш ихтиёридаги масалаларни ҳал этиш учун вакиллар йиғилишлари чақирилиши мумкин.

Кооператив бошқаруви (раиси)нинг статуси кооператив устави билан белгиланади.

3. Тафтиш комиссияси (тафтишчи) кооперативнинг (бошқарувнинг) молиявий ва хўжалик фаолиятини текширади ва у умумий йиғилиш олдида ҳисобдордир.

Кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши кооперативнинг (бошқарувнинг) молия-хўжалик фаолиятини текшириш учун белгиланган тартибда аудиторни ёки аудиторлик ташкилотини жалб этишга ҳақлидир.


10-модда. Кооперативнинг фаолиятини

тўхтатиш ва уни қайтадан ташкил этиш


1. Кооперативни тугатиш ёки қайтадан ташкил этиш (қўшиб юбориш, бирлаштириш, бўлиш, ажратиш, ўзгартириш) кооператив мол-мулки эгасининг ёки у ваколат берган органнинг кооператив қайси корхона, муассаса, ташкилот (хўжалик уюшмаси) ҳузурида ташкил этилган бўлса шу корхона, муассаса, ташкилот (хўжалик уюшмаси)нинг қарорига ёки суднинг ҳал қилув қарорига мувофиқ амалга оширилади.

2. Кооперативнинг фаолияти қуйидаги ҳолларда ҳам тўхтатилиши мумкин:

агар кооператив рўйхатга олинган пайтдан бошлаб бир йил давомида ишлаб чиқариш-хўжалик фаолиятига киришмаган бўлса ёки амалда тўхтатиб қўйилган фаолиятини даромадлар тўғрисидаги охирги декларацияни топширганидан кейин бир йил ўтгач қайтадан бошламаса;

кооператив узоқ вақт мобайнида (олти ойдан кўпроқ) тўловга қобилиятсиз бўлса;

кооператив ўз устави ва амалдаги қонун ҳужжатларининг нормаларини бузса;

кооперативнинг тузилган муддати тугаса;

Ўзбекистон Республикаси қонунларида кўзда тутилган бошқа ҳолларда.

3. Кооператив давлатнинг рўйхатга олиш реестридан чиқарилган пайтдан эътиборан (ушбу кооперативга хизмат кўрсатаётган банкнинг ёзма маълумоти мавжуд бўлган тақдирда) қайта ташкил этилган ёки тугатилган деб ҳисобланади.

4. Кооператив тугатилаётганда кооператив жисмоний шахснинг соғлиғига ёки ҳаётига етказган зарар учун жавобгар эканлиги муносабати билан бу кооперативдан ундирилиши лозим бўлган тўловларга аванс берилади.

5. Ишлаб чиқариш кооперативи тугатилган тақдирда қарз берувчилар ва меҳнат жамоаси аъзоларининг даъволари қондирилганидан кейин қолган мол-мулк кооператив аъзолари ўртасида унинг уставида кўзда тутилган тартибда тақсимланади.

Матлубот жамиятлари иттифоқлари уларнинг олий органлари (съезд, конференция, вакиллар йиғилиши) қарорига мувофиқ тугатилади. Иш ҳақи тўлаш, банклар ва бошқа қарз берувчилар олдидаги мажбуриятларни бажариш юзасидан ҳисоб-китоб қилиб бўлинганидан кейин уларнинг қолган мол-мулки мазкур матлубот жамиятини ўз таркибига олган кооператив иттифоқига (уюшмасига) берилади.


11-модда. Матлубот кооперациясининг асосий вазифалари


1. Матлубот кооперациясининг асосий вазифалари:

қишлоқлар, посёлкалар ва шаҳарларда чакана савдо ҳамда умумий овқатланиш корхоналари тармоғини вужудга келтириш ва ривожлантириш, ўз аъзолари - пайчилар ҳамда хизмат кўрсатилаётган аҳолига ўзи ишлаб чиқарган ва корхоналар, ташкилотлар ҳамда жисмоний шахслардан сотиб олинган озиқ-овқат маҳсулотлари ва ноозиқ-овқат молларини сотиш;

аҳоли ва корхоналардан қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ҳамда хом ашё, ёрдамчи хўжалик маҳсулотлари ва ҳунармандчилик буюмлари, кейинчалик қайта ишлаш ва сотиш учун ёввойи ўсимликлар, мевалар ҳамда доривор ўсимлик хом ашёсини ва дори моддаларини (субстанцияларни) Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ харид қилиш;

сотиб олинаётган қишлоқ хўжалиги хом ашёси ва бошқа маҳаллий хом ашёдан, шунингдек улгуржи савдо тартибида харид қилинадиган ресурслар, хом ашё ва материаллардан озиқ-овқат маҳсулотлари ва ноозиқ-овқат моллари ишлаб чиқаришни ташкил этиш;

аҳолига ишлаб чиқаришга ва маиший турмушга доир турли хизматлар кўрсатишдан иборатдир.

2. Матлубот кооперативлари (жамиятлари) ишлаб чиқариш воситалари ва халқ истеъмоли моллари харид қилишни ва сотишни ташкил этиш орқали фуқароларнинг қишлоқ хўжалик маҳсулотлари хом ашёсини етиштирувчи ва қайта ишловчи ёрдамчи хўжаликларини, шунингдек ҳунармандчиликни ривожлантиришни рағбатлантирадилар.



12-модда. Матлубот кооперациясининг ўзига хос хусусиятлари


1. Матлубот кооперативлари (жамиятлари) яккаҳокимликка қарши қонунларнинг талабларига мувофиқ ихтиёрий равишда хўжалик уюшмаларига бирлашишлари мумкин.

2. Матлубот кооперативлари (жамиятлари) хўжалик уюшмалари бошқарувининг олий идоралари - съезд ва конференциядир.

Матлубот кооперативи (жамияти) бошқарувининг олий идораси - кооператив (жамият) аъзоларининг умумий йиғилишидир.

Съезд ва конференциялар кенгашни (бошқарувни) сайлайдилар. Кенгаш (бошқарув) съезд ва конференциялар оралиғидаги даврда уларнинг вазифаларини бажаради ҳамда уларга ҳисоб беради.

Съезд ва конференция ўзига ҳисоб берувчи назорат идораси - тафтиш комиссиясини сайлайди.

3. Хўжалик уюшмалари бошқаруви идораларининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорларини ижро этиш уларнинг аъзолари учун мажбурийдир.

4. Матлубот кооперативлари (жамиятлари), улар уюшмалари билан давлат, бошқа уюшмалар, корхоналар, ташкилотлар ҳамда жисмоний шахслар ўртасидаги хўжалик муносабатлари шартнома асосида ташкил этилади, башарти, Ўзбекистон Республикаси қонунларида ўзга ҳол назарда тутилган бўлмаса.

5. Матлубот кооперативлари (жамиятлари) нархлар ҳамда тарифларни мустақил ёки шартнома асосида белгилайдилар. Кооперативлар ва уларнинг хўжалик уюшмалари бозорда яккаҳокимлик қилган ҳолларда давлат фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ нарх-навони тартибга солади.

6. Матлубот кооперативларининг товарларни тоғлик жойлар, олис ерлар ва уларга тенглаштирилган жойларга етказиб бериш билан боғлиқ қўшимча сарф-харажатларини қоплаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгилаб қўйилади.

7. Ўзбекистон Республикаси матлубот кооперацияси халқаро кооператив альянсида ва бошқа халқаро ташкилотларда қатнашиши мумкин.


13-модда. Қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкатлари)

Қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкати) ишлаб чиқариш кооперативининг бир шакли сифатида ушбу Қонунда, бошқа қонун ҳужжатларида ва ўз уставида назарда тутилган барча ҳуқуқлардан фойдаланади.


14-модда. Қишлоқ хўжалиги кооперативларининг (ширкатларининг)

ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлиги

Қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкатлари) ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


15-модда. Кооперативларнинг ўз аъзоларининг уй-жой

маиший ва бошқа ижтимоий эҳтиёжларини

қондириш соҳасидаги фаолияти


Фуқаролар ўз ижтимоий эҳтиёжларини қондириш учун ихтиёрийлик асосида уй-жой қуриш, уй-жой кооперативлари, гараж қуриш кооперативлари ва бошқа кооперативлар тузишлари мумкин.

Бундай кооперативлар фаолиятининг асосий йўналиши кооператив мулки объектларини (уй-жойлар, гаражлар ва шу кабилар), уставда назарда тутилган ҳолларда эса - кооператив аъзоларининг мулки бўлган объектларни ҳам қуриш ва кейинчалик улардан фойдаланишда пул маблағлари ёки шахсий меҳнат билан иштирок этишдан, шунингдек кооператив аъзоларига кооперативни тузишдан кўзланган мақсадларга мос хизматларни кўрсатишдан иборатдир.



16-модда. Боғдорчилик ширкатлари, якка тартибда

қурилиш билан шуғулланувчилар ширкатлари

ва ўзга матлубот ширкатлари


Ушбу Қонун боғдорчилик ширкатлари, якка тартибда қурилиш билан шуғулланувчилар ширкатлари ва ўзга матлубот ширкатларига нисбатан амал қилади.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                          И. Каримов