ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш / Банклар ва бошқа кредит ташкилотлари / Банкларда аудит /

Тижорат банкларининг ички аудитига қўйиладиган талаблар тўғрисида Низом (АВ томонидан 07.05.2021 й. 3302-сон билан рўйхатга олинган МБ Бошқарувининг 16.04.2021 й. 3/2-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2021 йил 7 майда 3302-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Марказий банки бошқарувининг

2021 йил 16 апрелдаги

3/2-сон қарорига

1-ИЛОВА



Тижорат банкларининг ички аудитига

қўйиладиган талаблар тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида"ги, "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги қонунлари ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тижорат банкларида ички аудитни ташкил этишга қўйиладиган талабларни белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


ички аудит - банкнинг ички назорат тизими, шу жумладан таваккалчиликларни бошқариш ва корпоратив бошқарув тизими ва жараёнларининг сифати, уларнинг монандлиги ва самарадорлигига оид мустақил баҳони тақдим этиш билан боғлиқ фаолият;


ички аудит хизмати - банкда ички аудитни доимий тарзда амалга оширувчи мустақил таркибий бўлинма;


ички аудит стандартлари - Банк назорати бўйича Базель қўмитасининг Банкларда ички аудитга оид тамойиллари, Ички аудиторлар институтининг Ички аудитнинг халқаро касбга оид стандартлари, Халқаро бухгалтерлар федерациясининг Аудитнинг халқаро стандартлари.


2. Банк кузатув кенгаши (бундан буён матнда кенгаш деб юритилади) ички аудит хизматининг ташкил этилиши ва унинг самарали фаолият юритишини таъминлаши лозим.

Кенгаш мазкур Низом ва қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ Ички аудит хизмати тўғрисидаги низомни тасдиқлайди. Ички аудит хизмати тўғрисидаги низом банк ходимлари учун очиқ бўлиши керак.

Ички аудит хизмати тўғрисидаги низом мунтазам равишда, бироқ йилига камида бир маротаба ички аудит хизмати раҳбари (бундан буён матнда бош аудитор деб юритилади) томонидан кўриб чиқилиши лозим.

Ички аудит хизмати тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар кенгаш томонидан киритилади.


3. Ички аудит хизмати тўғрисидаги низомда камида қуйидагилар назарда тутилиши лозим:

ички аудит хизмати мақсади, вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

ички аудит хизматининг фаолият йўналишлари;

ички аудит хизматининг мустақиллиги ва холислигини таъминлаш асослари;

ички аудит хизмати ходимларини, шу жумладан бош аудиторни лавозимга тайинлаш ва ишдан бўшатиш тартиби;

ички аудит хизмати ходимлари, шу жумладан бош аудиторнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

бош аудиторнинг ҳисобдорлиги;

ички аудит хизмати ходимлари томонидан аудит натижалари юзасидан ҳисоботларни тақдим этиш тартиби;

ички аудит хизмати ходимлари, шу жумладан бош аудитор ўз вазифаларини бажармаганликлари (лозим даражада бажармаганликлари) учун жавобгарлиги;

ички аудит хизмати ходимларига нисбатан қўйиладиган талаблар (мустақиллик, холислик ва беғаразлик, профессионал малака, одоб-ахлоқ қоидалари);

ички аудит хизматининг банкда назоратни амалга оширувчи таркибий бўлинмалар (таваккалчиликларни бошқариш, комплаенс назорат), бошқа таркибий бўлинмалар ва банк ходимлари билан ўзаро ишлаш тартиби;

ички аудит хизмати ўз вазифаларини бажариши учун тўлиқ ва сўзсиз равишда ҳар бир бинога (хонага) кириш, банк фаолиятига дахлдор исталган ҳужжатлар, шу жумладан ҳисобот, баённома, ёзувлар, электрон файллар, банк ахборот тизимларидан фойдаланиш ҳамда банк ижроия органи (бундан буён матнда бошқарув деб юритилади) ва масъул ходимларидан маълумот ва изоҳлар олиш ваколати;

банкда амалга оширилган ёки амалга оширилиши кутилаётган йирик банк операциялари (битимлар), қабул қилинган қарорлар ва ички ҳужжатлар ҳамда банк фаолиятига доир бошқа масалалар юзасидан ички аудит хизматини хабардор қилиш тартиби;

ички аудит хизматининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (бундан буён матнда Марказий банк деб юритилади) ва ташқи аудиторлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби;

кенгаш, аудит қўмитаси, бошқарув ва таркибий бўлинмалар раҳбарларини ички аудит натижалари юзасидан хабардор қилиш шартлари ва тартиби;

ички аудит хизмати ўз вазифаларини амалга ошириш жараёнида тўсқинлик қилаётган ҳолатлар юзасидан кенгаш, аудит қўмитаси ва бошқарувни хабардор қилиш тартиби;

ички аудит хизмати банкда юзага келган ёки юзага келиши мумкин бўлган таваккалчиликлар, аниқланган камчилик ва муаммолар ҳамда банк операциялари билан боғлиқ масалалар юзасидан, манфаатлар тўқнашувини келтириб чиқармаган ҳолда, маслаҳатлар бериш тартиби.


4. Банклар ички аудит хизмати фаолиятининг самарадорлигини таъминлаш мақсадида ички ҳужжатларини ишлаб чиқишда мазкур Низом талабларига қўшимча равишда ички аудит стандартларидан фойдаланишлари мумкин.



2-БОБ. ИЧКИ АУДИТ ХИЗМАТИНИНГ

МУСТАҚИЛЛИГИ ВА ХОЛИСЛИГИ


5. Ички аудит хизмати банкнинг текширилаётган фаолиятидан ва бошқарувидан мустақил бўлиб, у кенгаш ва аудит қўмитасига бевосита бўйсунади.


6. Ички аудит хизмати ходимлари, шу жумладан бош аудитор кенгаш қарори билан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади. Кенгаш қарори билан ички аудит хизмати ходимларини (бош аудитор бундан мустасно) лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш банк аудит қўмитаси ваколати доирасига киритилиши мумкин.


7. Бошқарув аъзолари, банкда фаолият юритаётган барча ходимлар ва бошқарув аъзолари билан алоқадор шахслар бир вақтнинг ўзида ички аудит хизмати ходими, шу жумладан бош аудитор сифатида фаолият юрита олмайди.


8. Аудит бўйича йиллик режа (бундан буён матнда йиллик режа деб юритилади) бош аудитор томонидан ишлаб чиқилади ва кенгаш томонидан тасдиқланади.

Ички аудит хизмати ўзининг ташаббуси билан банкдаги барча соҳа ва амалга оширилган операциялар бўйича ички аудиторлик текширувини (бундан буён матнда аудиторлик текшируви деб юритилади) ўтказиши мумкин. Ички аудит хизматининг ҳисоботлари ички аудит хизмати ходимларининг мустақил фикр ва мулоҳазаларига асосланиши лозим.


9. Ички аудит хизмати ходимларига, шу жумладан бош аудиторга нисбатан бошқарув ёки бошқа шахслар томонидан ўтказилган ҳар қандай босим ва иш фаолиятига қилинган тўсқинлик тўғрисида кенгаш дарҳол ички аудит хизмати томонидан хабардор қилиниши лозим.


10. Ички аудит хизмати ходимлари, шу жумладан бош аудиторнинг холислиги ва беғаразлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган банк операцияларини ва бошқа тадбирларни амалга оширишга доир қарорлар қабул қилиш, жумладан молиявий ҳужжатларни ёки таваккалчиликларни қабул қилишни кўзда тутувчи ҳужжатларни имзолаш жараёнларида иштирок этмасликлари лозим.


11. Ички аудит хизматининг ходимлари қайтариладиган вазифаларни амалга оширишлари натижасида уларнинг танқидий фикрлаш қобилияти ёмонлашувининг олдини олиш мақсадида бош аудитор ички аудит хизмати ходимлари ротациясини беш йилда бир мартаданкам бўлмаган даврийликда амалга ошириши мумкин. Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш учун ички аудит хизмати ходимларининг ички аудит хизмати доирасидаги ротацияси ҳамда банк ходимларининг бошқа таркибий бўлинмалардан ички аудит хизматига ёки ички аудит хизмати ходимларининг бошқа таркибий бўлинмаларга ротацияси банкнинг ички ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилиши ва тартибга солиниши лозим.


12. Ички аудит хизмати ходимлари банк ёки унинг таркибий бўлинмаларида охирги ўн икки ой ичида ўзлари фаолият юритган соҳа ёки таркибий бўлинманинг текширувида иштирок этиши тақиқланади.

Ички аудит хизмати ходими аудиторлик текшируви предмети бўлган ҳужжатларни ишлаб чиқишда ёки операцияни амалга оширишда бевосита иштирок этган бўлса, у ушбу ҳужжат ёки операцияларнинг аудиторлик текширувида иштирок этиши мумкин эмас.


13. Бош аудитор ҳар йили ички аудит хизматининг йиллик бюджетини (бундан буён матнда бюджет деб юритилади) ишлаб чиқади. Бюджет кенгаш томонидан тегишли йилнинг 1 январига қадар тасдиқланиши лозим. Кенгаш бюджетни тасдиқлаш ваколатини аудит қўмитасига ўтказиши мумкин.

Бюджетга ўзгартириш киритиш ваколатига кенгаш ёки аудит қўмитаси (агар мазкур ваколат аудит қўмитасига берилган бўлса) эга.


14. Бюджет ички аудит хизмати ўз вазифаларини тўлиқ ва сифатли бажариши учун ҳамда йиллик режа ёки банк риск-профилидаги ўзгаришлар эҳтимолини инобатга олган ҳолда етарли ва мослашувчан бўлиши лозим.

Бюджет ички аудит хизмати ходимларининг иш ҳақи ва уларни малакасини ошириш, хизмат сафари билан боғлиқ харажатларни ва ички аудит хизмати фаолиятига оидбошқа харажатларни ўз ичига олиши мумкин.


15. Ички аудит хизмати ходимлари, шу жумладан бош аудиторнинг иш ҳақи миқдори кенгаш томонидан белгиланади. Кенгаш қарорига кўра ички аудит хизмати ходимларини, шу жумладан бош аудиторни қўшимча моддий рағбатлантириш назарда тутилиши мумкин.

Кенгаш ички аудит хизмати ходимлари, шу жумладан бош аудиторнинг иш ҳақи миқдорини белгилаш ёки уларни қўшимча моддий рағбатлантириш ваколатини аудит қўмитасига ўтказиши мумкин.


16. Ички аудит хизмати ходимларини, шу жумладан бош аудиторни рағбатлантириш масаласи банкнинг молиявий кўрсаткичларига боғлиқ бўлмаслиги, шунингдек келгусида манфаатлар тўқнашувини келтириб чиқармаслиги ҳамда уларнинг мустақиллик ва холислигига таъсир кўрсатмаслиги лозим.


17. Холисликни таъминлаш мақсадида ички аудит хизмати ходимлари ички назоратга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, уларни жорий этиш ёки амалга ошириш жараёнида иштирок этмасликлари лозим, бундан ички аудитга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда ички аудит хизматининг таваккалчиликларни бошқариш ёки ички назоратга доир фикр ва мулоҳазаларини бериши мустасно.



3-БОБ. ИЧКИ АУДИТ ХИЗМАТИНИНГ ВАЗИФАЛАРИ


18. Банкнинг барча операциялар турлари ва унинг барча таркибий бўлинмалари фаолияти ички аудиторлик текшируви доирасига киради. Ички аудит фаолияти банк ва унинг назорати остидаги ташкилотларнинг ички назорат ва таваккалчиликларни бошқариш тизимини ва улар томонидан амалга оширилган операцияларни текширишни ҳамда уларнинг самарадорлигини баҳолаш ва таклифлар ишлаб чиқишни ўз ичига олади.


19. Аудит хизмати қуйидагиларни мустақил таҳлил қилиши ва баҳолаши лозим:

банкнинг риск-профилини инобатга олиб, ички назорат (шу жумладан, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш, комплаенс-назорат ва бошқалар), таваккалчиликларни бошқариш ва корпоратив бошқарув тизимларининг самарадорлигини ва уларнинг тўғри йўлга қўйилганлигини;

банк олдига қўйилган мақсадларга эришишда банк бизнес жараёнлари, маъмурий ва операцион жараёнларнинг самарадорлигини;

ахборот тизимларининг ишончлилигини, тўлиқлигини ва самарадорлигини ҳамда маълумотларнинг долзарблигини, аниқлигини, қулайлигини, шунингдек махфийлик таъминланганлигини;

қонунчилик ҳужжатларига, жумладан Марказий банкнинг пруденциал талабларига ҳамда банкнинг ички ҳужжатларига риоя этилишини;

Марказий банк, бошқа давлат органлари ва ташқи аудит томонидан аниқланган камчиликлар ўз вақтида бартараф этилганлигини;

аҳоли ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқиш тизими самарадорлигини;

активлар бутлигини.

Ички аудит хизмати тўғрисидаги низом билан ички аудит хизматига мазкур бандда назарда тутилган масалалардан ташқари бошқа масалаларни ҳам таҳлил қилиш ва баҳолаш вазифаси юклатилиши мумкин.


20. Ички аудит хизмати таваккалчиликларни бошқариш тизимини баҳолашда камида қуйидагиларни текширади:

таваккалчиликларни бошқариш бўйича таркибий бўлинма фаолияти, жумладан мазкур таркибий бўлинма томонидан қабул қилинган қарорларни ҳамда унинг вазифа ва ваколатларидан келиб чиқиб, таваккалчиликларни (кредит, ликвидлилик, бозор, операцион, комплаенс ва бошқалар) бошқариш тизими тўғри йўлга қўйилганлигини;

банкнинг риск-аппетитини ҳамда банк фаолияти риск-аппетит доирасида эканлигини;

таваккалчиликларни бошқаришга, шу жумладан йирик таваккалчиликларга доир маълумотлар Марказий банк, кенгаш ва бошқарувга тақдим этилганлигини;

таваккалчиликларни бошқариш тизими, жумладан банк фаолиятида юзага келган таваккалчиликларни аниқлаш, ўлчаш, баҳолаш, бошқариш, ўз вақтида чора кўриш ва ҳисобдорлик жараёнларининг тўғри йўлга қўйилганлигини;

таваккалчиликларни бошқариш бўйича ахборот тизимларининг мақбуллигини, улардаги маълумотлар аниқлиги, ишончлилиги ва тўлиқлигини;

таваккалчиликларни баҳолаш усуллари ишлаб чиқилганлиги ва уларнинг қўлланилиши, жумладан таваккалчиликларни баҳолаш босқичлари кетма-кетлиги ва усулларда қўлланилувчи маълумотлар долзарблиги ва ишончлилигини.


21. Таваккалчиликларни бошқариш бўйича таркибий бўлинма ўзининг банкда юзага келган таваккалчиликлар бўйича билдирган хулосалари бошқарувнинг фикр-мулоҳазаларидан фарқланганда кенгашни хабардор этмаган бўлса, бу ҳақидаги хабарни кенгашга бош аудитор етказиши лозим.


22. Капитал монандлиги ва ликвидлилик кўрсаткичларини текширишда ички аудит хизмати камида қуйидагиларга эътибор қаратиши лозим:

капитал монандлилигини баҳолаш тизими тўғри йўлга қўйилганлигига, шу жумладан капитал монандлиги ўрнатилган пруденциал талабларга мувофиқлигига;

ликвидлилик ҳолатини баҳолаш ва мониторинг қилиш тизимлари ҳамда жараёнлари банкнинг риск-профилига мувофиқлигига, шунингдек уларда ташқи иқтисодий муҳит ҳисобга олинганлигига ва ликвидлилик кўрсаткичлари минимал пруденциал нормативлар доирасида эканлигига;

капитал ва ликвидлиликни стресс-тестдан ўтказиш жараёнларига, шу жумладан стресс-тестлар даврийлигига, мақсадларига, уларда қўлланилган сценарийлар мақбуллигига, стресс-тестдаги эҳтимолий хатоликлар ва уларда фойдаланилган жараёнлар ишончлилигига.


23. Комплаенс назорат хизмати аудиторлик текширувидан ўтказилишида банкда қонунчилик ҳужжатларига ва банкнинг ички ҳужжатларига риоя этилиши, шу жумладан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштирилиши билан боғлиқ таваккалчиликларни бошқариш самарадорлиги баҳоланади.


24. Ички аудит хизмати корпоратив бошқарувга оид текширувларни амалга оширишда камида қуйидагиларга эътибор қаратиши лозим:

корпоратив бошқарув самарадорлигига, жумладан ваколат ва вазифаларнинг аниқ тарзда тақсимланганлигига ҳамда етарли даражадаги ҳисобдорликнинг мавжудлигига;

манфаатлар тўқнашувини олдини олишга қаратилган чораларга ва ноўрин хатти-ҳаракатлар ҳақида хабар қилиш тизимининг ижро ҳолатига;

банк ходимлари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишининг ижро ҳолатига ва унинг назоратига;

меҳнатга ҳақ тўлаш тизими банк бизнес-режаси, банкни ривожлантириш стратегияси, мақсади ва банк таваккалчиликларини бошқариш сиёсати ҳамда манфаатлар тўқнашувининг олдини олишга қаратилган чораларга мувофиқлигига;

банк томонидан манфаатдор томонларга ошкор этиладиган, шу жумладан банк веб-сайтида жойлаштириб бориши зарур бўлган маълумотлар ишончли, аниқ, тўлиқ эканлигига ҳамда улар ўз вақтида ва даврий равишда тақдим этиб борилишига.


25. Ички аудит хизмати молия масалалари юзасидан қуйидагиларни текширади:

молия масалалари билан ишловчи таркибий бўлинмаларнинг фаолияти уларнинг вазифа ва ваколатларидан келиб чиқиб тўғри йўлга қўйилганлигини;

молиявий кўрсаткичларни аниқлаш, уларни йиғиш, баҳолаш ҳамда ҳисоботларни тайёрлашда ишлатиладиган маълумотлар ҳамда жараёнларнинг тўлиқлигини ва тўғри йўлга қўйилганлигини;

молиявий ҳисоботларни назорат қилиш жараёни тўғри йўлга қўйилганлигини, шу жумладан бухгалтерия ҳисобварақлари ва молиявий ҳисоботларнинг аниқлигини ҳамда ҳаққонийлигини.


26. Ички аудит хизмати қуйидагиларга ҳам масъул ҳисобланади:

кенгашни аудиторлик текшируви асосида тайёрланган банкнинг жорий ҳолати ва унинг ички назорат тизими самарадорлигига оид ҳаққоний ва мустақил маълумотлар билан таъминлаш;

банк фаолияти, шу жумладан ундаги ички назорат, таваккалчиликларни бошқариш тизимлари ва банк бизнес-жараёнлари ташкил қилиниши самарадорлигини оширишга қаратилган таклифларни ишлаб чиқиш ва уларни кенгаш ёки аудит қўмитасига киритиш;

ички аудит хизматининг аввалги текширувлари, шунингдек Марказий банк ва ташқи аудиторлар томонидан ўтказилган текширувлар натижалари бўйича банк фаолиятида аниқланган қоидабузарликлар ва камчиликларни бартараф қилишга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлигини баҳолаш;

банк раҳбариятига ва Марказий банкка аниқ, ишончли ва долзарб ҳисоботлар ўз вақтида тақдим этилиши мақсадида таваккалчиликларни бошқариш ва ҳисоботларни тайёрлаш бўйича таркибий бўлинмаларнинг ўзаро ишлаш самарадорлигини баҳолаш;

кенгаш сўровлари асосида махсус текширувларни ўтказиш ёки ушбу текширувларни ўтказишда кўмаклашиш;

малака ошириш ва тажриба алмашиш мақсадида банклар ва бошқа ташкилотларнинг ички аудит хизматлари билан ҳамкорлик қилиш;

ташқи аудиторлар ва Марказий банк билан ҳамкорлик қилиш;

аудиторлик текширувини тасдиқланган бюджет доирасида амалга ошириш.



4-БОБ. ИЧКИ АУДИТ ХИЗМАТИНИ БОШҚАРИШ


27. Ички аудит хизматини бош аудитор бошқаради ва у банкда муҳим аҳамиятга эга ходим ҳисобланади. Бош аудитор қуйидагиларга масъул ҳисобланади:

ички аудит хизмати фаолиятини ташкиллаштиришга, бошқаришга ва мувофиқлаштиришга;

ички аудит хизмати ходимлари ўртасида вазифаларни тақсимлашга;

ички аудит хизмати ўз вазифа ва функцияларини бажаришини назорат қилишга;

йиллик режани ишлаб чиқишга, уни кенгашга тасдиқлаш учун киритишга ва ундаги вазифалар бажарилишини таъминлашга;

банк ички аудит хизмати фаолиятини қонунчилик ҳужжатлари ва Ички аудит хизмати тўғрисидаги низомга мувофиқлигини таъминлашга;

ички сиёсат ва ички аудит тартиб-таомилларини ишлаб чиқишга ва уларнинг ижро этилишини таъминлашга;

ички аудит хизмати ходимлари томонидан банкнинг ишбилармонлик ва одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини назорат қилишга;

аудиторлик текширувларининг сифатли ўтказилишини таъминлаш мақсадида ички аудит хизматини етарли даражадаги билимли ва малакага эга ходимлар билан бутлашга;

банк операцияларининг мураккаблашуви ҳамда янги банк маҳсулотлари ва хизматларининг жорий қилинишини инобатга олган ҳолда, ички аудит хизмати ходимларини доимий равишда касбий малакасини ошириб борилишини таъминлашга;

зарур чоралар кўрилиши учун аудиторлик текширувлари натижасида тайёрланган ҳисоботларни кенгаш ва аудит қўмитаси, бошқаруви ва таркибий бўлинмалари раҳбарларига тақдим этилишини таъминлашга;

йиллик режа ижро ҳолатига, шунингдек аудиторлик текширувлари натижасида аниқланган қоидабузарликлар ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан ички аудит хизмати таклифларининг бошқарув ва таркибий бўлинмалар раҳбарлари томонидан бажарилиши бўйича маълумотни даврий равишда (камида чоракда бир марта) кенгаш ва (ёки) аудит қўмитасига тақдим этилишини таъминлашга;

ички аудит хизмати ваколатлари доирасида ташқи аудиторлар, Марказий банк ва бошқа давлат органлари билан доимий равишда ҳамкорлик қилинишини таъминлашга;

лавозим йўриқномасида белгиланган бошқа вазифаларга.


28. Бош аудитор қуйидагиларга ҳақли:

зарур ҳолларда режадан ташқари аудиторлик текшируви ўтказилишини ташкил қилиш;

кенгаш ва (ёки) аудит қўмитасининг навбатдан ташқари мажлисини ўтказиш ҳақида ёзма талаб тақдим этиш;

кенгаш ва унинг қўмиталари ҳамда бошқарув мажлисларида овоз бериш ҳуқуқисиз иштирок этиш.



5-БОБ. ИЧКИ АУДИТ ХИЗМАТИ ХОДИМЛАРИ

ВАКОЛАТЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


29. Ички аудит хизмати ходимлари текширув ўтказиш жараёнида қуйидаги ваколатларга эгадирлар:

банк бошқарувидан ва ходимларидан аудиторлик текширувининг предмети ҳисобланган барча зарурий ҳисоботлар, таҳлиллар, баённомалар, ёзувлар, файллар, маълумотлар ва банк фаолиятига боғлиқ бошқа ҳужжатларни (электрон ва (ёки) қоғоз кўринишида) талаб қилиш;

аудиторлик текширувида вужудга келган саволлар бўйича банк бошқаруви ва ходимларидан ёзма ёки оғзаки тушунтиришлар олиш;

зарур ҳужжатлардан нусхалар олиш;

зарур ҳолларда ҳужжатларнинг асл нусхаларини белгиланган тартибда олиш;

текшириш ўтказиш мақсадида банкнинг барча биноларига (хоналарига), шу жумладан нақд пул ва қимматликлар сақланаётган биноларга (хоналарга), шунингдек ахборот тизимлари, электрон ва қоғоз архивларига кира олиш;

аудиторлик текшируви ўтказилганидан сўнг аниқланган камчилик ва қоидабузарликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларнинг бажарилишини назорат қилиш;

қонунчилик ҳужжатлари ва банкнинг ички ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатлар.


30. Ички аудит хизмати ходимлари қуйидаги ҳолатларда жавобгар ҳисобланадилар:

аудиторлик текшируви натижаларини бузиб (ўзгартириб) кўрсатиш;

ўз хизмат вазифаларини бажариш пайтида олинган маълумотлар ҳамда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ банк сирини ташкил этувчи ҳар қандай маълумот махфийлигини таъминламаслик;

ўз хизмат вазифаларини бажариш пайтида олинган маълумотлардан шахсий мақсадларда ёки учинчи шахс манфаатлари йўлида фойдаланиш;

банкнинг тегишли таркибий бўлинмаларидан олинган ҳужжатлар бутлигини таъминламаслик ва уларни қайтармаслик;

қонунчилик ҳужжатлари ва банкнинг ички ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар.


31. Ички аудит хизмати ходимлари Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилик ҳужжатлари ва банкнинг ички ҳужжатларига биноан жавобгар бўладилар.


32. Ички аудит хизмати ходимларининг сони банк активлари миқдори ва таваккалчилик даражаси, банк операциялари хусусияти ва кўлами ҳамда банкнинг ташкилий тузилишидан (шу жумладан, ходимлар сони ва филиаллар тармоғидан) келиб чиқиб шакллантирилиши лозим. Ички аудит хизматининг ходимлари жамоавий равишда таваккалчиликларни бошқариш, пруденциал нормативлар (шу жумладан, капитал монандлиги ва ликвидлилик кўрсаткичлари), корпоратив бошқарув, комплаенс-назорат ва молия-иқтисод масалаларини текшира олиш ва уларни таҳлил қилиб бориш учун билим ва кўникмага эга бўлишлари лозим.


33. Ички аудит хизмати ходимлари қуйидаги талабларга жавоб беришлари керак:

олий маълумотга эга бўлиши;

банк ва (ёки) молия тизимида таваккалчиликларни бошқариш, актив ва пассивларни бошқариш, кредитлаш, валюта, пул муомаласи ёки бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи билан боғлиқ таркибий бўлинмаларнинг бирида ёки бир нечтасида ёки ташқи аудитор сифатида камида 1 йиллик иш тажрибасига ёки "Сертификатланган ички аудитор (CIA)", "Сертификатланган молиявий таҳлилчи (CFA)" халқаро сертификатларига, халқаро бухгалтерлар сертификатларига ("Сертификатланган халқаро профессионал бухгалтер (CIPA)", "Сертификатланган дипломли бухгалтер (АССА)", "Сертификатланган жамоатчи бухгалтер (СРА)" ёки "Халқаро молиявий ҳисобот бўйича диплом (DipIFR)") ва (ёки) таваккалчиликни бошқаришга оид халқаро сертификатларига ("Сертификатланган риск менежери (CRM)" ёки "Молиявий риск менежер (FRM)") эга бўлиши;

бош аудитор банк ва (ёки) молия тизимида камида 5 йиллик иш тажрибасига, шу жумладан, номзод тавсия этилаётган ташкилий тузилмада камида 3 йиллик раҳбарлик лавозимларида иш тажрибасига эга бўлиши;

банк соҳасига оид қонунчилик ҳужжатларини ва Марказий банк томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни билиши;

бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботига доир қонунчилик ҳужжатлари ва халқаро стандартлар ҳамда аудитнинг халқаро стандартлари бўйича билим ва кўникмаларга эга бўлиши.


34. Кенгаш ёки аудит қўмитаси бош аудитор билан биргаликда даврий равишда (йилда камида бир марта) ички аудит хизматининг ҳар бир ходимини унинг ахборотни танлаш, текширув ўтказиш ва хулосаларни тайёрлаш салоҳиятидан келиб чиқиб касбий маҳорат даражасини баҳолаб бориши лозим.


35. Ички аудит хизмати ходимларининг касбий малака ва кўникмалари мунтазам ва узлуксиз ўқув жараёни орқали ошириб борилиши лозим.



6-БОБ. ИЧКИ АУДИТНИ ЎТКАЗИШГА ТАЛАБЛАР


36. Бошқарув аъзолари, бошқарувга бўйсинувчи барча ходимлар, шунингдек банкка алоқадор бошқа шахслар аудиторлик текширувини ўтказишда қатнашишга ҳақли эмас.


37. Аудиторлик текширувлари кенгаш томонидан тасдиқланган йиллик режага мувофиқ амалга оширилади.


38. Йиллик режа таваккалчиликларга асосланган бўлиши лозим. Йиллик режани ишлаб чиқишда таваккалчиликларни ҳар томонлама баҳолаш натижалари, бош аудиторнинг асослантирилган мулоҳазалари, шунингдек кенгаш ва бошқарувдан олинган таклиф ва мулоҳазалар инобатга олиниши мумкин. Ички аудит хизмати фаолиятининг самарадорлиги ва монандлигини таъминлаш мақсадида йиллик режа бир йилда камида бир маротаба тегишли йилнинг 1 январига қадар тасдиқланиши лозим.

Зарур ҳолларда йиллик режага кенгаш қарорига мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.


39. Бошқарув томонидан ички аудит хизматига аудиторлик текширувини ёки бошқа вазифаларни бажариш тўғрисида таклиф киритилса ва ушбу таклиф кенгаш томонидан тасдиқланган аудит хизмати мақсадларига зид келса ёки аудиторлик дастурининг самарали амалга оширилишига халақит берса, ички аудит хизмати ушбу таклифни рад этишга ҳақли.


40. Таваккалчиликларга асосланган йиллик режада қуйидаги омиллар ҳисобга олиниши мумкин:

банкнинг риск-профили, шу жумладан риск-профилда кўзда тутилган йирик таваккалчиликлар;

ички назорат тизимидаги мавжуд заифликлар;

банкнинг бизнес-режаси бўйича кутилаётган натижалар ва кенгаш томонидан белгиланган вазифа ва таклифлар;

аудиторлик текширувини ўтказишда бюджетдан ҳамда ички аудит хизмати ходимларининг салоҳиятидан имкон даражасида самарали фойдаланиш.


41. Йиллик режа асосида аудиторлик текширувига чиқишдан олдин батафсил аудиторлик текшируви дастури (бундан буён матнда аудиторлик дастури деб юритилади) ишлаб чиқилиши ва белгиланган тартибда бош аудитор томонидан тасдиқланиши лозим.


42. Аудиторлик дастурини тайёрлаш жараёнида устувор соҳаларни аниқлашда камида қуйидагилар инобатга олиниши керак:

таваккалчиликларни бошқариш тизими ҳолати, жумладан таваккалчиликларни бошқариш стратегияси;

банкнинг риск-аппетити, таваккалчиликларни бошқариш сиёсатлари;

текшириладиган соҳа ва операцияларнинг муҳимлик даражаси, мураккаблиги ва кўлами;

аввалги текширувлар натижалари.


43. Аудиторлик дастури аудиторлик текшируви мақсадларини, текшириш соҳа ва йўналишларини, батафсил иш режасини, текширувлар графигини, аудит предмети бўлган ҳар бир йўналишни текшириш тартиб-таомиллари тавсифини, аудиторлик текширувларида иштирок этувчи ички аудиторлар ва бошқа шахсларнинг рўйхатини ўз ичига олиши керак.

Аудиторлик текширувини амалга ошириш жараёнида аудиторлик дастурига ўзгартиришлар киритилиши мумкин. Ўзгартиришлар ёзма равишда ҳужжатлаштирилган ва тасдиқланган бўлиши лозим.


44. Аудиторлик текширувини ўтказиш даврийлиги аудит ўтказиладиган ҳар бир соҳага оид тегишли таваккалчиликларни баҳолашга асосланган бўлиши лозим. Ички аудит хизмати ходими таваккалчиликларни баҳолашда операциянинг хусусиятлари, ички назоратга доир тегишли сиёсат ва қоидаларнинг мавжудлиги ҳамда бошқарув ва банк ички назорати фаолияти самарадорлиги каби омилларни эътиборга олиши керак.



7-БОБ. АУДИТОРЛИК ҲИСОБОТИ


45. Аудиторлик ҳисоботи аудиторлик текшируви тугатилганидан сўнг зудлик билан тайёрланиши ҳамда аудит мақсадлари, миқёси, хулосаларни ҳамда ҳар бир аниқланган камчиликни бартараф қилишга доир батафсил тавсияларни ўз ичига олиши лозим. Тавсиялар аниқланган муаммолар ва уларнинг келиб чиқиш сабабларининг қисқача изоҳини, мавжуд таваккалчиликларни, талаб этиладиган чора-тадбирларни, жумладан, банк ички сиёсатлари ва тартиб-таомилларини кўриб чиқишни, чора-тадбирларни бажариш муддатларини ва ижрочиларни ўз ичига олиши лозим.


46. Аудиторлик ҳисоботига таҳлилий материаллар, изоҳлар ҳамда бошқа ишчи ҳужжатлар тўплами илова қилиниши мумкин. Аудиторлик ҳисоботи ва текширув бўйича ишчи ҳужжатлар ички аудит хизмати ходимлари томонидан тайёрланиб, бош аудитор томонидан текширилади.


47. Ички аудит хизмати ходимлари томонидан аниқланган асосий камчилик ва таклифлар текшириш ўтказилаётган таркибий бўлинма раҳбарияти томонидан изоҳлаб берилиши лозим. Зарур ҳолларда ушбу изоҳлар кенгаш ва аудит қўмитасига тақдим этилишидан олдин аудиторлик ҳисоботига киритилиши мумкин.


48. Аудиторлик ҳисоботлари бевосита кенгаш ёки аудит қўмитасига тақдим этилиши лозим. Ушбу ҳисоботларнинг нусхалари бошқарувга, шунингдек тегишлилиги бўйича банкнинг алоҳида таркибий бўлинмаларига, филиал раҳбарларига ва шўъба корхоналари раҳбарларига тақдим этилади.


49. Бошқарув ўтказилган аудиторлик текшируви чоғида аниқланган камчилик ва қоидабузарликларни бартараф этиш учун зарур бўлган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқади.


50. Ички аудит хизмати текшириш жараёнида аниқланган камчилик ва қоидабузарликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни ўз вақтида ва тегишли равишда бажарилиши устидан кейинги назоратни ўрнатиши лозим. Текширишдан кейинги назоратни ўтказиш учун жавобгарлик Ички аудит хизмати тўғрисидаги низомда белгиланган бўлиши керак.


51. Кенгаш аудиторлик текшируви натижасида аниқланган камчилик ва қоидабузарликларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларни бошқарув томонидан амалга оширилишини назорат қилиши зарур.



8-БОБ. КЕНГАШ ВА БОШҚАРУВ МАЖБУРИЯТЛАРИ


52. Кенгаш ички ва ташқи баҳолаш орқали ички аудит хизмати фаолиятини баҳолаб бориши ва назорат қилиши лозим.

Бунда ички баҳолаш ички аудит хизмати фаолиятини мониторинг қилиш, унинг ходимлари фаолиятини ва билимини баҳолаб бориш орқали ҳамда тақдим этилган аудиторлик ҳисоботлари сифатидан келиб чиқиб амалга оширилади.

Ташқи баҳолаш банкка алоқадор бўлмаган мустақил экспертларни жалб қилган ҳолда ички аудит хизмати фаолиятини таҳлил қилиш орқали амалга оширилади.

Ташқи баҳолаш беш йилда камида бир марта ўтказилиши, бунда дастлабки ташқи баҳолашдан ўтказиш 2023 йил 1 январига қадар амалга оширилиши лозим.


53. Марказий банк томонидан банкда ўтказиладиган инспекция (текшириш) ички аудит хизмати фаолиятини ташқи баҳолаш заруриятини бекор қилмайди.


54. Кенгаш даврий равишда (йилда камида бир марта) бош аудиторнинг ишчанлик обрўси ва малакасини баҳолашдан ўтказиши лозим.


55. Бошқарув қуйидагилар учун масъул ҳисобланади:

ички аудит хизматини бюджет доирасида зарур молиявий маблағлар ва ресурслар билан тўлиқ ва ўз вақтида таъминлаш;

ички аудит хизмати банк стратегияси ва ички сиёсатларига киритилган ўзгартиришлар, банкдаги лойиҳалар, янги банк маҳсулотлари, банк ташкилий тузилмаси ўзгариши ҳамда банкда мавжуд ва юзага келиши кутилаётган таваккалчиликлар юзасидан ўз вақтида хабардор қилиб борилишини таъминлаш;

аниқланган камчилик ва қоидабузарликларни бартараф этиш юзасидан ички аудит хизмати томонидан тайёрланган ҳисоботлар асосида ўз вақтида тегишли чораларни кўриш.



9-БОБ. ИЧКИ АУДИТ ХИЗМАТИНИНГ МАРКАЗИЙ

БАНК БИЛАН ЎЗАРО МУНОСАБАТЛАРИ


56. Марказий банк ички аудит хизмати ходимлари, шу жумладан бош аудитор билан учрашувлар ўтказишга ҳақли ва мазкур учрашувларда банк фаолиятига оид турли масалалар муҳокама қилиниши мумкин.


57. Марказий банк қуйидагилар юзасидан банк кенгашига ёзма талабнома киритиши мумкин:

ички аудит хизмати томонидан банк фаолиятидаги алоҳида масалалар ва (ёки) банкнинг маълум давр оралиғидаги фаолияти юзасидан аудиторлик текширувини ўтказиш;

Марказий банкка ички аудит хизмати ваколатига кирувчи алоҳида масалалар юзасидан маълумотларни тақдим этиш;

ички аудит хизмати фаолиятини қонунчилик ҳужжатлари ва мазкур Низом талабларига мувофиқлаштириш.


58. Марказий банк банкдан ички аудит хизмати ўтказган текширувларга оид ҳар қандай маълумотлар ва ҳисоботларни олишга ва аудиторлик текшируви натижаларини муҳокама қилиши мумкин.



10-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


59. Ушбу Низом талабларини бузган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортиладилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 7 май



















































Время: 0.0062
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск