ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Саноат / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 26.05.2021 й. 324-сон "2021 йилда ҳудудий ва республика тармоқлараро саноат ярмаркаларини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

26.05.2021 й.

N 324




2021 ЙИЛДА ҲУДУДИЙ ВА РЕСПУБЛИКА

ТАРМОҚЛАРАРО САНОАТ ЯРМАРКАЛАРИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ЎТКАЗИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА


2021 йил 22-24 апрель кунлари Навоий шаҳрида кон-металлургия, кимё саноати, қурилиш материаллари ва электр энергетикаси соҳаларидаги йирик тармоқ ташкилотлари, шунингдек, республиканинг барча ҳудудларидан ушбу тармоқлар учун маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослашган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлар иштирокида тармоқлараро саноат ярмаркаси муваффақиятли ўтказилди.

Ушбу ярмаркада киймати 375,8 млрд сўмлик жами 996 та саноат кооперацияси шартномалари ва 268 та техник жиҳатдан ҳамкорлик қилиш меморандумлари имзоланди.

Шунингдек, жорий йилнинг 29-30 апрель кунлари Хоразм вилоятида "Ҳудудлар ва тармоқлараро саноат кооперациясини ривожлантириш" кўргазмаси ўтказилиб, қиймати 70,3 млрд сўмлик 289 та шартномалар ҳамда 20 турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга қаратилган 42 та меморандумлар имзоланиши таъминланди.

Тармоқлараро саноат ярмаркалари доирасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари билан республикадаги йирик саноат ташкилотлари ўртасида тармоқлараро саноат кооперацияси алоқаларини янада кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг 2021 йилда ҳудудий ва республика тармоқлараро саноат ярмаркаларини қуйидаги икки босқичда ўтказиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин:

I босқич - 2021 йилнинг май-октябрь ойларида республика ҳудудларида йирик саноат ташкилотларининг ихтисослашуви асосида ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаларини ўтказиш;

II босқич - 2021 йилнинг 22-28 ноябрь кунлари 2022 йил учун буюртмалар портфелини шакллантириш бўйича республика тармоқлараро саноат ярмаркасини ўтказиш.


2. Қуйидагилар:

ярмарка ўтказиладиган ҳудудларнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳамда ихтисослашуви асосида йирик саноат ташкилотлари, бошқа ҳудудлардан таклиф этиладиган иқтисодиёт тармоқлари ташкилотлари, шунингдек, йирик саноат ташкилотлари учун импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш истагини билдирган республикадаги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркасида иштирок этиши;

маҳсулот харид қилиш бўйича шартномаларни шакллантириш билан бирга йирик саноат ташкилотлари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари билан ярмарка доирасида техник жиҳатдан ҳамкорлик қилиш мемораидумини тузиши, маҳсулотни ўзлаштириш бўйича "йўл харитаси"ни қабул қилиши, ҳамкорларига техник шартларни бериши, техник ҳужжатлар ва чизмаларни биргаликда ишлаб чиқиши, шунингдек, маҳсулот намуналарини ишлаб чиқариши, уларни синовдан ўтказиши, маҳсулотлар ишлаб чиқаришни бошлаши ва уларни сотиб олиш бўйича битимлар тузиши юзасидан аниқ чора-тадбирлар ва уларни бажариш муддатлари белгилаб олиниши;

ҳудудий ва республика тармоқлараро саноат ярмаркаларини ўтказиш харажатлари ушбу ярмаркаларни ташкил этувчи ҳамда уларда иштирок этувчи томонларнинг ўз маблағлари ҳисобидан мустақил равишда амалга оширилиши инобатга олинсин.


3. Қуйидагилар:

2021 йилда ҳудудий ва республика тармоқлараро саноат ярмаркаларини ўтказиш режа-жадвали 1-иловага мувофиқ;

2021 йилда республика тармоқлараро саноат ярмаркасини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ таркиби 2-иловага мувофиқ;

2021 йилда ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишчи гуруҳнинг намунавий таркиби 3-иловага мувофиқ;

2021 йилда ҳудудий ва республика тармоқлараро саноат ярмаркаларини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


4. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни кисқартириш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари раҳбарларига ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаларига сифатли тайёргарлик кўриш ва уларнинг ўз муддатида ўтказилиши юзасидан шахсий масъулият юклансин.


5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, вазирликлар ва идоралар, хўжалик бирлашмалари ҳудудий ва республика тармоқлараро саноат ярмаркаларини ташкил этиш ва ўтказишда:

маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида узоқ муддатли барқарор кооперации алоқалари ўрнатилиши, маҳаллий хомашё ва саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш иштирокчилари ва лойиҳалари сонини кенгайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини саноат кооперациясига кенг жалб этишга;

ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаларида 2021-2022 йилларда маҳсулот харид қилиш бўйича шартномалар тузилиши, шунингдек, илгари импорт қилинган маҳсулотларни ўзлаштиришда техник ҳамкорлик қилиш меморандумлари шакллантирилиши, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан бутловчи қисмлар ва маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича шартномалар тузилишига;

янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш лойиҳаларини жойлаштириш масалаларида, шу жумладан, кичик саноат зоналари ва эркин иқтисодий зоналар ҳудудида (ишлаб чиқариш йўналиши бўйича) ер майдонлари ажратилишига кўмаклашсинлар.


6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимларининг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш масалалари бўйича ёрдамчилари ҳудудий саноат ярмаркалари ихтисослашувига мувофиқ тармоқлардаги йирик саноат ташкилотлари билан биргаликда:

ҳудудий йирик саноат ташкилотлари томонидан фойдаланиладиган хомашёлар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар, асбоб-ускуна ва тайёр маҳсулотлар рўйхати тўғрисида электрон маълумотлар, биринчи навбатда, ишлаб чиқариш истагини билдирган салоҳиятли кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркалари ўтказилишидан камида бир ҳафта олдин етказилиши таъминлансин;

ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркалари доирасида техник ҳамкорлик қилиш меморандумларини, шу жумладан, маҳаллийлаштириладиган маҳсулотлар бўйича муҳандислик-техник ҳужжатларни ишлаб чиқишда кўмаклашиш, шунингдек, мақсадли сифат кўрсаткичларига эришиш юзасидан амалий чоралар кўрсин.


7. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар ҳамда улар муассислигидаги 50 фоиз ва ундан ортиқ улушга эга бўлган бошқа ташкилотлар (кейинги ўринларда - давлат улуши бўлган корхоналар) билан биргаликда Электрон кооперация порталида жорий этилган тизим орқали:

маҳаллий ишлаб чиқарувчи ташкилотлар томонидан ўзлаштириладиган маҳсулотлар техник ҳамкорлик қилиш меморандумларида келтирилган сифат ва нарх кўрсаткичлари асосида тегишли шартномалар тузилишига;

ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркалари доирасида тузилган техник ҳамкорлик қилиш меморандумлари асосида импорт қилинаётган маҳсулотларни маҳаллий ишлаб чиқарувчи ташкилотлар томонидан ишлаб чиқарилишини ўзлаштириш иқтисодий самарадорлигидан келиб чиқиб, икки йил ва ундан ортиқ муддатга шартномалар тузилишига кўмаклашсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 305-моддасига асосан ушбу кодекс 294-моддаси биринчи қисмининг биринчи бандида кўрсатилган юридик шахсларнинг солиқ базасини аниқлашда ушбу шахсларнинг жами даромадидан даромад олиш билан боғлиқ барча асосланган харажатлари чегириб ташланиши маълумот учун қабул қилинсин.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчи ташкилотлар ўртасида ўтказилган тармоқлараро саноат ярмаркаларида имзоланган техник ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумларга мувофиқ синов учун тақдим этиладиган маҳсулотларнинг тажриба намуналари (тўплами), агар улар қайта кўриб чиқиш (қайта ишлаш) учун қайтарилса, унда қайта кўриб чиқиш харажатлари фойда солиғини ҳисоблашда асосланган харажатлар сифатида инобатга олинсин.


9. Инновацион ривожланиш вазирлиги Ўзбекистон Фанлар академияси билан биргаликда республика тармоқлараро саноат ярмаркасида илмий-тадқиқот муассасаларининг янги технологиялари ва ишлаб чиқариш лойиҳа таклифлари, шунингдек, талаб юқори бўлган маҳсулотлар бўйича кооперация алоқаларини ривожлантириш тўғрисидаги тақдимотлари билан иштирок этишларини таъминласин.


10. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ҳудудий ва республика тармоқлараро саноат ярмаркаларини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш тавсия этилсин.


11. Ички ишлар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идораларни жалб этган ҳолда, ҳудудий ва республика тармоқлараро саноат ярмаркалари ўтказиладиган жойларда жамоат тартиби, ёнғин хавфсизлиги ҳамда карантин қоидаларига қатъий риоя этилишини таъминлаш чораларини кўрсин.


12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.У. Умурзаков зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Саноат ва унинг базавий тармоқларини ҳамда кооперация алоқаларини ривожлантириш масалалари департаментига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                   А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 26 майдаги

324-сон қарорига

1-ИЛОВА



2021 йилда ҳудудий ва республика тармоқлараро

саноат ярмаркаларини ўтказиш

РЕЖА-ЖАДВАЛИ

Т/р

Ҳудуд номи

Саноат ярмаркасининг ихтисослашуви


Ўтказиш

муддати


I. ҲУДУДИЙ ТАРМОҚЛАРАРО САНОАТ ЯРМАРКАСИ

1.

Бухоро вилояти

Қурилиш материаллари, тўқимачилик, нефть ва газ саноати, сайёҳлик саноати учун маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда қоракўлчилик соҳаси


Май

2.

Қорақалпоғистон Республикаси


Табиий ва минерал ресурсларни чуқур қайта ишлаш, нефть-кимё саноати


Июнь

3.

Андижон вилояти


Автомобилсозлик ва тўқимачилик, фармацевтика ва электротехника саноати


Июнь

4.

Жиззах вилояти


Фармацевтика, автомобилсозлик, электротехника ва озиқ-овқат саноати


Июль

5.

Фарғона вилояти


Туризм соҳаси учун тўқимачилик ва ипакни қайта ишлаш, чарм-пойабзал, мебелсозлик, нефть ва газ саноати маҳсулотларини ишлаб чиқариш


Июль

6.

Сирдарё вилояти


Энергетика, электротехника, қурилиш материаллари, металл прокати ва металл буюмлари ишлаб чиқариш


Август

7.

Тошкент вилояти

Қишлоқ хўжалиги техникаси, қора металлургия, электротехника, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш


Август

8.

Қашқадарё вилояти


Нефть ва газ саноати, электр энергетикаси, кимё саноати, чарм- пойабзал саноати


Сентябрь

9.

Сурхондарё вилояти


Қишлоқ хўжалиги ва мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, доривор ўсимликларни қайта ишлаш, транспорт ва логистика соҳалари


Сентябрь

10.

Наманган вилояти


Тўқимачилик, чарм-пойабзал, озиқ-овқат ва мебелсозлик саноати


Октябрь

11.

Самарқанд вилояти


Туризм, гастрономик туризм, озиқ-овқат саноати, мебелсозлик ва электротехника саноати ҳамда гилам маҳсулотларини ишлаб чиқариш


Октябрь

II. РЕСПУБЛИКА ТАРМОҚЛАРАРО САНОАТ ЯРМАРКАСИ

12.

Тошкент шаҳри


2022 йил учун буюртмалар портфелини шакллантириш


Ноябрь

          

Изоҳ. Ишчи гуруҳига ҳудудий саноат ярмаркаларининг иқтисодий ихтисослашувига ўзгартириш киритиш ва ярмаркани ўтказиш ойининг аниқ саналарини белгилаш ҳуқуқи берилади.






Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 26 майдаги

324-сон қарорига

2-ИЛОВА



2021 йилда республика тармоқлараро саноат ярмаркасини

ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ

ТАРКИБИ

1. С.У. Умурзаков

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири, Ишчи гуруҳи раҳбари


2. А.Р. Жуманазаров

-

Вазирлар Маҳкамасининг Саноат ва унинг базавий тармоқларини ҳамда кооперация алоқаларини ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи ўринбосари, Ишчи гуруҳи раҳбари ўринбосари


3. Д.Н. Саттаров

-

"Ўзстандарт" агентлиги бош директори


4. Б.К. Абдиназаров

-

иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири ўринбосари


5. Б.А. Раҳимов

-

инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари


6. А.Я. Хайдаров

-

молия вазири ўринбосари


7. Ж.Т. Махсудов

-

ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари


8. Д.С. Касимов

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил


9. А.И. Икрамов

-

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси


10. С.З. Мирзаев

-

Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти


11. С.О. Усмонов

-

Вазирлар Маҳкамасининг Саноат ва унинг базавий тармоқларини ҳамда кооперация алоқаларини ривожлантириш масалалари департаменти бош мутахассиси


12. Ф. Хўжамқулов

-

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Электрон кооперация маркази директори, Ишчи гуруҳи котиби


           

Изоҳ. Ишчи гуруҳи аъзолари бошқа ишга ўтганда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янги тайинланган ёки зиммасига тегишли функцияларни бажариш юклатилган шахслар киритилади.






Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 26 майдаги

324-сон қарорига

3-ИЛОВА



2021 йилда ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаларини

ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишчи гуруҳнинг

НАМУНАВИЙ ТАРКИБИ

1. Лавозимига кўра

-

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, Ишчи гуруҳи раҳбари


2. Лавозимига кўра

-

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш масалалари бўйича ёрдамчилари, Ишчи гуруҳи раҳбари ўринбосари


3. Лавозимига кўра

-

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари


4. Лавозимига кўра

-

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи


5. Лавозимига кўра

-

Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бошқармаси бошлиғи


6. Лавозимига кура

-

"Ўзстандарт" агентлигининг ҳудудий филиали бошлиғи


7. Келишув асосида

-

ҳудудлардаги йирик саноат ташкилотлари раҳбарлари


         

Изоҳ. Ишчи гуруҳи аъзолари бошқа ишга ўтганда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янги тайинланган ёки зиммасига тегишли функцияларни бажариш юклатилган шахслар киритилади.






Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 26 майдаги

324-сон қарорига

4-ИЛОВА



2021 йилда ҳудудий ва республика тармоқлараро

саноат ярмаркаларини ташкил этиш ва ўтказиш

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

Т/р

Амалга ошириладиган

чора-тадбирлар


Масъуллар


Ижро муддатлари


ҲУДУДИЙ ТАРМОҚЛАРАРО САНОАТ ЯРМАРКАЛАРИ

1.

Ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаларида (кейинги ўринларда - саноат ярмаркалари) қатнашиш учун ички ва ташқи бозорларда талаб юқори бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи ташкилотлар, шу жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини хабардор қилиш ва жалб этиш.


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Рахимов), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (Абдиназаров), Миллий телерадиокомпания (Ходжаев), Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (Ходжаев), вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари


Ярмаркани ўтказиш режа-жадвалида кўрсатилган муддатдан бир ой олдин


2.

Саноат ярмаркаси иштирокчилари рўйхатини ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан намойиш этиладиган янги турдаги маҳсулотларни, шунингдек, йирик саноат ташкилотлари томонидан импорт қилинадиган маҳсулотлар (хомашё, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар, ускуна ва материаллар) рўйхатини шакллантириш ҳамда электрон кооперация портали (cooperation.uz) орқали маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга етказиш.


Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (Абдиназаров), Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Рахимов), Савдо-саноат палатаси (Икрамов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, хўжалик бирлашмалари ва йирик саноат ташкилотлари

Ярмаркани ўтказиш режа-жадвалида кўрсатилган муддатдан бир ой олдин

3.

Давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари томонидан саноат ярмаркаларида намойиш қилиниши таклиф этилаётган янги турдаги маҳсулотларнинг дастлабки рўйхатини ишлаб чиқиш.


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Раҳимов), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (Абдиназаров), хўжалик бирлашмалари ва йирик саноат ташкилотлари


Ярмаркани ўтказиш режа-жадвалида кўрсатилган муддатдан бир ой олдин

4.

Республикада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни саноат ярмаркаларида намойиш этиш учун электрон кооперация порталига (cooperation.uz) тегишли маълумотларни жойлаштириш.

Бунда, йирик саноат ташкилотлари билан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ўртасида техник жиҳатдан ҳамкорлик қилиш меморандумини тузиши, маҳсулотни ўзлаштириш бўйича "йўл харитаси" қабул қилиши ва ҳамкорлик доирасида йирик саноат ташкилотлари томонидан техник шартларни берилишини электрон кооперация портали орқали амалга ошириш.


Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (Абдиназаров), Давлат статистика қўмитаси (Бегалов), Давлат солиқ қўмитаси (Қудбиев), "Ўзстандарт" агентлиги (Саттаров), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, хўжалик бирлашмалари ва йирик саноат ташкилотлари


Ҳудудий ярмаркалар доирасида


5.

Кўргазма стендлари макетларини, тадбир дастурини, саноат ярмаркалари очилиш ва ёпилиш маросимлари сценарийларини, саноат ташкилотлари, шу жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари тақдимотлари жадвалини ишлаб чиқиш.


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, мутасадди вазирлик ва идоралар


Ярмаркани ўтказиш режа-жадвалида кўрсатилган муддатдан ўн кун олдин


6.

Ҳудудий саноат ярмаркалари иштирокчилари стендларини жойлаштириш ҳамда дизайнини ишлаб чиқишда "Ўзэкспомарказ" АЖ билан ҳамкорликда амалий чоралар кўриш.

Бунда, маҳаллийлаштириладиган махсулотлар таркибини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқарилаётган ва ўзлаштириладиган ҳамда ишлаб чиқарилиши тавсия этиладиган маҳсулотларни кўргазмали намойиш этишга алоҳида эътибор бериш.


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, мутасадди вазирлик ва идоралар


Ҳудудий ярмаркалар доирасида


7.

Хўжалик бирлашмалари ва йирик саноат ташкилотларининг келгуси давр учун хомашё, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар, ускуна ва материалларга бўлган эҳтиёжини ишлаб чиқиш, саноат ярмаркалари иштирокчилари учун ишлаб чиқариш фаолиятида талаб этиладиган маҳсулотлар тўғрисида тақдимотлар ўтказилишини ҳамда электрон кооперация порталида ёритиб борилишини таъминлаш.


Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қискартириш вазирлиги (Абдиназаров), Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Рахимов), хўжалик бирлашмалари ва йирик саноат ташкилотлари


Ҳудудий ярмаркалар доирасида


8.

Саноат ярмаркасини юқори даражада ўтказилишини таъминлаш мақсадида ярмарка ҳудудини ҳамда конференция ўтказиш жойини тайёрлаш ва безаш.


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, мутасадди вазирлик ва идоралар


Ҳудудий ярмаркалар доирасида


9.

Саноат ярмаркаси иштирокчилари учун стендларни ўрнатиш ва лойиҳалаш ишларини якунлаш.


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Рахимов), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (Абдиназаров)


Ярмаркани ўтказиш режа-жадвалида кўрсатилган муддатдан тўрт кун олдин


10.

Саноат ярмаркаси давомида электрон кооперация портали (cooperation.uz) орқали маҳсулотларни харид қилиш ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича техник жиҳатдан ҳамкорлик қилиш тўғрисида меморандумлар тузиш.


Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (Абдиназаров), Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Раҳимов), Қоракалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, хўжалик бирлашмалари ва йирик саноат ташкилотлари


Ҳудудий ярмаркалар доирасида


11.

Саноат кооперацияси бўйича тузилган шартномалар миқдори, ишлаб чиқаришга мўлжалланган маҳсулотлар турлари, янги юқори технологик маҳсулотлар ва инновацион ишланмалар ва бошқалар бўйича энг яхши натижаларга эришган ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси иштирокчиларини рағбатлантириш.


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Раҳимов), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қискартириш вазирлиги (Абдиназаров)


Ҳудудий ярмаркалар якуни билан


12.

Янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш. Шунингдек, саноат ярмаркаси якунлари бўйича бажарилган ишлар ва эришилган натижалар тўғрисида маълумот тақдим этиш.


Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни кисқартириш вазирлиги (Абдиназаров), Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Раҳимов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда


Ҳудудий ярмаркалар якуни билан


13.

Саноат ярмаркаси ташкилий Ишчи гуруҳининг йиғилишини ташкил этиш.

Йиғилишда саноат ярмаркаси натижаларини, янги турдаги маҳсулотларни ўзлаштириш ишларини янада такомиллаштириш ҳамда самарадорликка эришиш чора-тадбирларини белгилаб олиш.


Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Раҳимов), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (Абдиназаров), Савдо-саноат палатаси (Икрамов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, хўжалик бирлашмалари ва йирик саноат ташкилотлари


Ҳудудий ярмаркалар якуни билан уч кун муддатда


ТАШКИЛОТЛАР ЎРТАСИДА КООПЕРАЦИЯ АЛОҚАЛАРИНИ ЎРНАТИШ

ВА КЕНГАЙТИРИБ БОРИШ, УШБУ ЖАРАЁНДА КИЧИК БИЗНЕС

ВА ХУСУСИЙ ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИ ИШТИРОКИНИ

ФАОЛЛАШТИРИШ ТАКЛИФЛАРИНИ ТАЙЁРЛАШ

14.

Ҳудудий ва тармоқ ташкилотлари томонидан электрон кооперация порталида (www.cooperalion.uz) маълумотларни жойлаштириш ва доимий янгиланишини таъминлаш,

хусусан:

ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар;

ўзлаштириладиган янги турдаги маҳсулотлар;

барқарор талабга эга ҳамда ривожланиши истиқболли бўлган ташкилотлар импорт товарлари;

хамкорлик алоқаларини ўрнатишда масъул бўлган раҳбарлар тўғрисидаги маълумотларни (шахснинг алоқа маълумотлари ва ҳ.к.).


Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (Абдиназаров), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, хўжалик бирлашмалари ва йирик саноат ташкилотлари


Доимий


15.

Саноат ярмаркалари натижалари бўйича саноат кооперацияси ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш бўйича таклифларни инвентаризация қилиш, саноат кооперацияси учун маҳсулот етказиб бериш шартномалари реестрини, импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқаришни ривожлантириш меморандумларини шакллантириш.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қискартириш вазирлиги (Абдиназаров), Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Рахимов) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, хўжалик бирлашмалари ва йирик саноат ташкилотлари


Ҳудудий ярмаркалар доирасида


Тайёрланган маълумотларни Ишчи гуруҳига киритиш.


Ҳудудий ярмаркалар якуни билан


16.

Саноат ярмаркаси доирасида импорт қилинадиган тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материалларнинг турларини ишлаб чиқариш кооперацияси, шу жумладан, инвентаризация натижаларига кўра кичик корхоналарни жалб қилиш бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқиш.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қискартириш вазирлиги (Абдиназаров), хўжалик бирлашмалари ва йирик саноат ташкилотлари


Ҳудудий ярмаркалар доирасида

Тайёрланган маълумотларни Ишчи гуруҳига киритиш.


Ҳудудий ярмаркалар якуни билан


17.

Ишлаб чиқариш қувватлари ва технологик қайта тақсимотлардан самарали фойдаланиш асосида кичик корхоналар имкониятларидан фойдаланган ҳолда маҳсулот ишлаб чиқаришни ва етказиб беришни ташкил этиш.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Савдо-саноат палатаси (Икрамов)


Ҳудудий ярмаркалар доирасида

Тайёрланган таклиф ва маълумотларни Ишчи гуруҳига киритиш.


Ҳудудий ярмаркалар якуни билан


18.

Саноат ва ҳудудий корхоналар, шу жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакилларини ишлаб чиқарилиши таклиф этилаётган импорт ўрнини босувчи хомашё, материаллар ва бутловчи қисмлар тўғрисида маълумотлар билан таништириш, шунингдек, ушбу маълумотларни электрон кооперация порталидаги виртуал кўргазмаларда жойлаштириш (cooperation.uz).


Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (Абдиназаров), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, хўжалик бирлашмалари ва йирик саноат ташкилотлари


2021 йил май-декабрь ойларида


19.

Импорт таркиби ва ички бозор эҳтиёжлари таҳлили асосида ишлаб чиқарилишини маҳаллийлаштириш тавсия этилаётган маҳсулотларга буюртмалар бериш.


Хўжалик бирлашмалари ва йирик саноат ташкилотлари


Ҳудудий ярмаркалар доирасида


20.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга, шу жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига қуйидаги масалаларда ёрдам кўрсатиш:

уларга бўш бино ва иншоотларни, фойдаланилмаётган технологик ускуналарни ва янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун асбоб-ускуналарни ижарага бериш;

узлаштирилаётган махсулотлар учун техник параметрлар ва сифат талабларини мувофиқлаштириб бориш.


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, хўжалик бирлашмалари ва йирик саноат ташкилотлари


Доимий


РЕСПУБЛИКА ТАРМОҚЛАРАРО САНОАТ ЯРМАРКАСИ

21.

Республика тармоқлараро саноат ярмаркаси (кейинги ўринларда - республика саноат ярмаркаси) доирасидаги таклифлар асосида кичик бизнес билан кооперация алоқаларини ривожлантиришни ўрганиш, ишлаб чиқариш учун замонавий технологияларни жалб қилишда маҳаллий корхоналар ва хорижий инвесторлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш.

Хўжалик бирлашмалари ва йирик саноат корхоналари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Рахимов), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (Абдиназаров), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

2021 йил октябрь

Ихтисослашган ташкилотларнинг республика саноат ярмаркасида янги алоқалар ва хамкорлик алоқаларини ривожлантириш доирасида янги технологиялар ва ишлаб чиқариш лойиҳаларини, шунингдек, талаб этиладиган маҳсулотлар бўйича таклифларни тақдим этиш.


Инновацион ривожлантириш вазирлиги (Абдурахмонов), Фанлар академияси (Юлдашев)

22.

Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш тадбирлари асосида янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш, маҳсулот техник параметрлари ва сифат кўрсаткичларини такомиллаштириш ечимини ишлаб чиқиш.


Хўжалик бирлашмалари ва йирик саноат корхоналари, "Ўзстандарт" агентлиги (Саттаров), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари


Республика тармоқлараро саноат ярмаркасига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш доирасида


23.

Саноат кооперацияси асосида маҳсулот етказиб бериш бўйича электрон кооперация порталида тузилган шартномаларнинг дастлабки реестрини шакллантириш.


Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (Абдиназаров), Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Раҳимов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, хўжалик бирлашмалари ва йирик саноат ташкилотлари


2021 йил 22-28 ноябрь


24.

Республика саноат ярмаркаси иштирокчиларига таклифномалар ва бошқа керакли материалларни тарқатиш.


Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Рахимов), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (Абдиназаров), Савдо-саноат палатаси (Икрамов)


2021 йил 1 ноябрь


25.

Ариза бериш, стендлар эскизлари билан танишиш, ярмаркада таклиф этиладиганлар рўйхати, шунингдек, ярмарка иштирокчисининг янги ва намойиш этилаётган маҳсулоти номенклатурасини электрон кооперация портали (cooperation.uz) орқали онлайн рўйхатдан ўтказиш тизимини ишга тушириш.


Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (Абдиназаров), Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Рахимов), Қоракалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, хўжалик бирлашмалари ва йирик саноат ташкилотлари


2021 йил 1 ноябрь


26.

Стендларни лойиҳалаш ва жойлаштиришни тармоқлараро саноат ярмаркаси иштирокчилари билан келишиш.


Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Рахимов), хўжалик бирлашмалари ва йирик саноат корхоналари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари


2021 йил 15 ноябрь


27.

Республика саноат ярмаркасида тузилган шартномалар доирасида маҳсулотларни етказиб беришнинг прогноз параметрларини аниқлаш ва тармоқлараро саноат ярмаркасининг ташкилий Ишчи гуруҳига тасдиқлаш учун тақдим этиш.


Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Рахимов), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (Абдиназаров), Савдо-саноат палатаси (Икрамов), хўжалик бирлашмалари ва йирик саноат ташкилотлари


2021 йил 20 ноябрь


28.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ривожланишини таъминлаш мақсадида ихтисослашган корхоналар сонидан келиб чиқиб, рўйхатга киритиладиган маҳсулотларни танлаш.


Қоракалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни кисқартириш вазирлиги (Абдиназаров), Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Раҳимов), Савдо-саноат палатаси (Икрамов)


2021 йил 1 ноябрь


29.

Республика саноат ярмаркасини ўтказиш дастурини тайёрлаш.


Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Рахимов), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (Абдиназаров), Савдо-саноат палатаси (Икрамов)


2021 йил 10 ноябрь


30.

Ушбу тармоқ ярмаркасига тайёргарликни кўриб чиқиш, тадбир дастурини, иштирокчилар рўйхатини, макетини, кутилаётган натижаларини ва бошқаларни келишиб олиш учун тармоқлараро саноат ярмаркаси ташкилий Ишчи гуруҳининг йиғилишларини ўтказиш.


Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Раҳимов), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (Абдиназаров), Савдо-саноат палатаси (Икрамов)


2021 йил октябрь - ноябрь ойларида


31.

Фахрий меҳмонларни таклиф қилиш.


Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Рахимов), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (Абдиназаров)


2021 йил 1 ноябрь


32.

Республика саноат ярмаркаси иштирокчилари стендларини ўрнатиш ва лойиҳалаш ишларини якунлаш.


Хўжалик бирлашмалари ва йирик саноат корхоналари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Рахимов), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (Абдиназаров), "Ўзэкспомарказ" АЖ МКМ (Юлдашев)


2021 йил 20 ноябрь


33.

Республика саноат ярмаркасида маҳаллий корхоналари томонидан ишлаб чиқарилиши тавсия этилган маҳсулотлар рўйхати ва илғор хорижий технологиялар тақдимоти асосида стенд ташкил этиш.


Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Раҳимов), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (Абдиназаров), "Ўзэкспомарказ" АЖ МКМ (Юлдашев)


2021 йил 20 ноябрь


34.

Тегишли стендлар дизайни ва ярмарка иштирокчиларига стандартлаштириш, сертификатлаш, молиявий хизматлар бўйича маслаҳатлар бериш.


"Ўзэкспомарказ" АЖ МКМ (Юлдашев), "Ўзстандарт" агентлиги, тижорат банклари, суғурта ва лизинг компаниялари


Ярмарка доирасида


35.

Электрон кооперация порталида ярмарка доирасида тузилган шартномалар ҳажми ва соҳалар бўйича таҳлилий материалларни тайёрлаш.


Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (Абдиназаров), Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Раҳимов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, хўжалик бирлашмалари ва йирик саноат ташкилотлари


2021 йил 22-27 ноябрь


АСОСИЙ ТАДБИРЛАР УЧУН ЖОЙЛАРНИ ТАЙЁРЛАШ

36.

Республика саноат ярмаркаси тадбирларини ўтказиш учун ярмарка ҳудудини, павильонларни, конференциялар ўтказиш хонасини тайёрлаш ва безаш.


Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Рахимов), "Ўзэкспомарказ" АЖ МКМ (Юлдашев)


2021 йил 20 ноябрь


37.

Электр таъминоти, захирадаги ёритиш ускуналари, кондиционер, алоқа ва телекоммуникация тизимлари ҳамда кўргазма мажмуаси ва конференциялар залини тайёрлаш.


"Ўзэкспомарказ" АЖ МКМ (Юлдашев), "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ (Мустафоев)


2021 йил 20 ноябрь


38.

Кўргазма мажмуаси ташқи ҳудудини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш.


"Ўзэкспомарказ" АЖ МКМ (Юлдашев)


2021 йил 20 ноябрь


39.

"Ўзэкспомарказ" АЖ МКМ ҳудудида республика саноат ярмаркаси ўтказиладиган жойларда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш.


"Ўзэкспомарказ" АЖ МКМ (Юлдашев), Ички ишлар вазирлиги


2021 йил 22-27 ноябрь


40.

Республика саноат ярмаркасини ўтказиш штабини ташкил этиш, тақдимотни ўтказиш, шартномалар ва матбуот марказини электрон тарзда рўйхатдан ўтказиш, шунингдек, ярмаркани очилиш ва ёпилиш маросимлари учун зарур асбоб-ускуналар (овоз кучайтиргич аппаратураси, кенг формата и мониторлар ва проекторлар) билан таъминлаш ҳамда тадбир давомида тақдимотлар ўтказиш.


Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Рахимов), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (Абдиназаров), Савдо-саноат палатаси (Икрамов), "Ўзэкспомарказ" АЖ МКМ (Юлдашев)


2021 йил 22-27 ноябрь


41.

"Ўзэкспомарказ" АЖ МККнинг барча павильонларида тақдимотларни намойиш этиш ва жонли эфирга узатишни таъминлаш.


Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Рахимов), Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Махсудов), "Ўзэкспомарказ" АЖ МКМ (Юлдашев)


Ярмарка давомида


42.

Республика саноат ярмаркаси ўтказиладиган жойларда жамоат тартибини сақлаш.


"Ўзэкспомарказ" АЖ МКМ (Юлдашев), Ички ишлар вазирлиги


Доимий


РЕКЛАМА КАМПАНИЯСИ, ОММАВИЙ АХБОРОТ

ВОСИТАЛАРИДА РЕСПУБЛИКА ТАРМОҚЛАРАРО САНОАТ

ЯРМАРКАСИГА ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ ВА УНИ ЎТКАЗИШ

ҲАҚИДА АХБОРОТЛАРНИ КЕНГ ЖАМОАТЧИЛИКГА ЕТКАЗИШ

43.

Давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари расмий веб-сайтларда, шунингдек, электрон кооперация порталида (cooperation.uz) республика тармоқлараро саноат ярмаркаси ҳақидаги рекламаларни жойлаштириш.


Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Рахимов), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (Абдиназаров), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, хўжалик бирлашмалари ва йирик саноат ташкилотлари


2021 йил 15 ноябрь


44.

Республика саноат ярмаркаси ўтказилиши ҳақида аудио ва видео форматда реклама лавҳасини ишлаб чиқиш ҳамда уларни марказий телевидение ва радио каналларда ёритиб бориш.


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (Ходжаев), Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси (Ходжаев)


2021 йил октябрь-ноябрь ойларида


45.

Республика ва ҳудудий саноат ярмаркаси режалаштирилган тадбирлари ҳақида оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан, марказий ва ҳудудий босмахоналар ҳамда оммавий ахборот воситалари (навбатдаги сонида), шунингдек, радио ва телерадиоканалларда (кундалик) рекламаларни жойлаштириш.


Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси (Ходжаев), Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (Ходжаев), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


2021 йил июнь-октябрь


2021 йил 20 ноябрь

46.

Республика саноат ярмаркаси тадбирлари, уларни амалга оширишнинг мақсад ва вазифалари, кооперация алоқаларини ривожлантириш бўйича корхоналар тажрибаси ҳақидаги маълумотларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш.


Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси (Ходжаев), Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (Ходжаев), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


Ярмаркани ўтказиш режа-жадвалида кўрсатилган муддатларда


47.

Республика саноат ярмаркаси тадбирини реклама қилувчи баннерларни ишлаб чиқиш.


"Ўзэкспомарказ" АЖ МКМ (Юлдашев)


2021 йил 1 ноябрь


48.

Республика саноат ярмаркаси ўтказилиши ҳақида реклама баннерларини чоп этиш ва жойлаштириш.


Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Рахимов), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (Абдиназаров)


2021 йил 5-18 ноябрь


49.

Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларининг марказий кўчалардаги электрон мониторларда республика саноат ярмаркаси ҳақида тайёрланган реклама роликларини кўрсатиб бориш.


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


2021 йил 15-28 ноябрь


50.

"Ўзэкспомарказ" АЖ МКМ ҳудудида хуш келибсиз ва бошқа тадбирга оид баннерларни чоп этиш ҳамда жойлаштириш.


"Ўзэкспомарказ" АЖ МКМ (Юлдашев)


2021 йил 15 ноябрь


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 26 май










































Время: 0.0370
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск