ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Маданият / Адабиёт. Кутубхона иши /

"Болалар кутубхоналари" тўғрисидаги Низом (ЎзР ВМ 27.05.2021 й. 331-сон қарорига 7-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 27 майдаги

331-сон қарорига

7-ИЛОВА



"Болалар кутубхоналари" тўғрисидаги

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Болалар кутубхоналари"нинг мақоми, асосий вазифалари ва функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. "Болалар кутубхоналари" давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, ўз уставига, банк ҳисобварағига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга, штампга ва бланкаларга эга бўлади.


3. "Болалар кутубхоналари" ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирининг буйруқларига, шунингдек ушбу Низомга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.

Республика болалар кутубхонаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) тизимига киради.

4. "Болалар кутубхоналари"нинг намунавий устави Вазирлик томонидан тасдиқланади. "Болалар кутубхонаси" мазкур намунавий устав асосида ўз уставини ишлаб чиқади. Устав муассис томонидан тасдиқланади.


5. Вазирлик, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари тегишлича "Болалар кутубхоналари"нинг муассислари ҳисобланади.

Жамғарма Республика болалар кутубхонасининг муассиси ҳисобланади.

6. "Болалар кутубхоналари"нинг умумий фаолияти Вазирлик томонидан мувофиқлаштирилади.

7. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар "Болалар кутубхоналари" умумий ўрта таълим мактаблари кутубхоналарига кутубхоначилик ва библиографик хизмат кўрсатиш бўйича методик ёрдам беради ва уларнинг ишларини мувофиқлаштириб боради. Кутубхоналар фондини болаларнинг ёши ва психологик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, турли жанрдаги болалар адабиётлари билан тўлдириб боради.


8. "Болалар кутубхоналари" болаларга китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилишга хизмат қиладиган, уларни халқимизнинг бой интеллектуал маданий мероси ва умумбашарий қадриятлари, фан-техникага оид адабиётларга бўлган талаб-эҳтиёжларини янги ахборот-кутубхона технологиялари орқали қондиришга мўлжалланган миллий ва хорижий болалар нашрларини (босма, аудиовизуал, электрон ва бошқа) сақлайдиган, кутубхона хизмати кўрсатадиган маданий-маърифий муассасадир.


9. "Болалар кутубхоналари"нинг ахборот-кутубхона фонди давлат мулки ҳисобланади.



2-БОБ. "БОЛАЛАР КУТУБХОНАЛАРИ"НИНГ

АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


10. Қуйидагилар "Болалар кутубхоналари"нинг асосий вазифалари ҳисобланади:

замонавий ва юқори самарали ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда ахборотлар олишнинг манбаи, шакл ва методларини танлаш имкониятини таъминлаш орқали ўқувчиларнинг интеллектуал, билим, маънавий-ахлоқий ва маданий эҳтиёжларини ҳар томонлама қондириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;

китобхонларга хизмат кўрсатиш шарт-шароитларини, шакл ва усулларини такомиллаштириш, махсус дастурларни жорий этиш, электрон ахборот-маълумот хизматлари яратиш, замонавий компьютер воситаларидан ва маълумотлар узатиш технологияларидан фойдаланиш асосида кутубхоналар фаолияти жараёнлари автоматлаштирилишини таъминлаш;

хорижий илмий-таълим маълумотлар базаларига уланган ҳолда йиғма электрон каталогини ва китоб фондини шакллантириш ва юритиш;

йиғма электрон каталогни шакллантириш ва юритиш;

кутубхона фондини миллий ва чет эл нашрлари билан тизимли тўлдириб бориш, нашрларнинг библиографик ҳисобини юритиш;

юртимиз ҳамда жаҳон тажрибаларига таянган ҳолда тизимдаги кутубхоналар учун book reader миллий модел стандартларини амалиётга жорий қилиш;

умумий ўрта таълим мактаблари кутубхоналари фондини таҳлил қилиш, янги адабиётлар билан бойитиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

аудио ва аудиовизуал ресурслар тайёрлаш ва тарқатиш;

фойдаланувчиларга каталоглар, картотекалар ва библиографик маълумот беришнинг бошқа шакллари орқали кутубхона фонди таркиби тўғрисида маълумот тақдим этиш;

ўқувчиларнинг умумий ва якка тартибда китоб ўқиш маданиятини, ижодий фикрлашини ривожлантиришга ёрдам берувчи оммавий китобхонликни ташкил этиш;

оммавий ахборот воситаларида тарғибот ва ташвиқот ишларини амалга ошириш, тегишли муассасалар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш;

кутубхонанинг маълумот-қидирув аппарати (каталоглар, картотекалар, маълумотлар базалари) билан ишлаш бўйича фойдаланувчиларга маслаҳатлар бериш;

маданий-маърифий тадбирлар, жумладан, адабиётларнинг очиқ ва мавзули кўргазмалари, турли оммавий тадбирлар, китобхонлик клубларини ташкил этиш;

фойдаланувчиларга масофадан туриб ҳужжатларни электрон етказиб бериш (электрон почта орқали);

мактаб ўқувчиларининг ахборот маданияти ва медиасаводхонлигини шакллантириш.


11. "Болалар кутубхонаси" ўз асосий вазифаларини амалга оширишда қуйидаги функцияларни бажаради:

умумий ўрта таълим мактаблари кутубхоналарини ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналари билан бойитиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

"Болалар кутубхоналари" раҳбар ва ходимларини малака ошириш ва қайта тайёрлаш бўйича яқин, ўрта ва узоқ истиқболга мўлжалланган режаларини ишлаб чиқади;

ахборот-кутубхона фаолиятини амалга ошириш доирасида, шу жумладан ахборотларни алмашиш ва ўзаро фойдаланиш борасида самарали ҳамкорликни таъминлайди;

ўқувчилар ўртасида reading (ўқиш), writing (ёзиш), poetry (шеърият) танлов ва акцияларини амалга оширади;

Интернет жаҳон ахборот тармоғининг миллий сегментида ўқувчиларнинг қизиқишлари ва ахборотга бўлган эҳтиёжларини ўрганиш асосида ўз веб-сайтларини яратади;

ижтимоий тармоқларда саҳифаларини ташкил этади, "Йилнинг энг яхши китоби", "Энг яхши китобхон-тарғиботчи" тадбирларини йўлга қўйади;

ахборот кунлари, янги келган адабиётлар тақдимотларини ўтказади;

ахборот манбаларини қидириш ва танлашда маслаҳатлар беради;

маълумот-библиографик хизмат кўрсатади (библиографик маълумотномаларни тайёрлайди);

ўқувчилар учун таниқли ёзувчи ва шоирлар билан ижодий учрашувлар ташкил этиб боради;

китобхонликни тарғиб қилишга қаратилган турли танлов, фестиваль ва тадбирларни ўтказади;

ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги хорижий тажрибани ўрганиш бўйича стажировкаларни ташкил этади;

"Болалар кутубхоналари"ни юқори малакали мутахассислар билан таъминлашни ташкил этади;

тажрибали кутубхоначилар фаолиятини оммалаштириб боради;

кутубхоначиларни соҳага оид янги қонун ҳужжатлари ва бошқа турдаги янгиликлар билан ўз вақтида таништириб бориш бўйича туман (шаҳар)ларда ўқув-семинар, конференция ва илмий-амалий тадбирлар ташкил этади;

китобхонларга қулайлик яратиш учун қўшимча хизмат турлари, шу жумладан пуллик хизматлар, шунингдек таржима қилиш, сканерлаш, нашр этиш каби хизматлар кўрсатади, пуллик хизматлар рўйхати ва нархнома (прейскурант)ларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқлатади.



3-БОБ. "БОЛАЛАР КУТУБХОНАЛАРИ"

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


12. "Болалар кутубхонаси" болалар учун турли китобхонлик кўрик-танлов ва тадбирларни ташкил этади, умумий ўрта таълим муассасалари кутубхоналарига услубий-амалий ёрдам кўрсатади.


13. "Болалар кутубхонаси" ҳар чоракда ўқувчиларнинг қўшимча адабиётларга бўлган қизиқишларини ўрганади, улар учун миллий ва жаҳон адабиёти дурдоналарига кирадиган энг сара асарлар ҳақида маълумот бериб боради.


14. "Болалар кутубхонаси" қардош тилларда ўқитиладиган умумтаълим муассасаларининг китоб фондини ўрганади ва бадиий адабиётлар билан бойитиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади.


15. "Болалар кутубхоналари" болалар учун мўлжалланган илмий, маърифий, маънавий адабиётлар, овозли, аудиовизуал ва бошқа форматдаги электрон ресурсларни йиғади ва сақлайди.

Ўқувчилар "Болалар кутубхонаси"да ўз ёшларига мос бадиий адабиётлар, санъатга доир китоблар, ноталар ва бошқа медиаресурсларни ўрганади.


16. "Болалар кутубхонаси" болаларнинг ўқишига бевосита раҳбарлик қилувчи соҳа ходимлари, педагоглар ва кутубхона ходимлари учун илмий-услубий нашрлар, аудиовизуал ва электрон ресурслар заҳирасини яратади ҳамда улар билан мунтазам ишлайди.


17. "Болалар кутубхонаси" китоб заҳирасини санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативлари талаблари даражасида сақлайди, муқовалаш, таъмирлаш тадбирларини режа асосида амалга оширади ҳамда аудиовизуал материаллар, электрон нашрлар ва бошқа ахборот ташувчи манбаларни, медиаресурсларни сақлайди.


18. "Болалар кутубхонаси" электрон кутубхона ва электрон каталогни шакллантиради, йиғма электрон каталогни шакллантиришда иштирок этади, бошқа ахборот-кутубхона муассасалари билан ҳамкорликни амалга оширади.


19. "Болалар кутубхонаси" умумий ўрта таълим ташкилотлари кутубхоналарига кутубхона хизмати кўрсатиш бўйича тавсиялар беради, хизмат кўрсатиш ҳолатини таҳлил қилади ва уни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади.


20. "Болалар кутубхоналари" кутубхоначилик соҳасидаги илғор хорижий иш тажрибаларини ўрганади ва оммалаштиради.


21. Республика болалар кутубхонаси Жамғарма билан, бошқа "Болалар кутубхоналари" эса Вазирлик билан келишган ҳолда ўз ходимларини республикадаги барча ҳудудларга ва хорижий давлатларга хизмат сафарига юборади ҳамда амалий ёрдам кўрсатади.

22. "Болалар кутубхоналари"да ўқувчиларга хизмат кўрсатишни яхшилаш, уларда нотиқлик маданиятини ривожлантиришга қаратилган нотиқлик, бошловчилик ва театр тўгараклари, ёш китобхонлар клублариташкил этилиши мумкин.


23. "Болалар кутубхоналари"да китоб дўконлари ва "Китоб кафелари" каби турли пуллик ва ижтимоий хизмат турлари йўлга қўйилиши мумкин.



4-БОБ. "БОЛАЛАР КУТУБХОНАЛАРИ"НИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


24. "Болалар кутубхоналари" қуйидаги ҳуқуқларга эга:

республика ахборот-кутубхона муассасаларидан уларнинг ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида зарур материалларни сўраш ва олиш;

ахборот-кутубхона муассасаларига эга бўлган вазирликлар ва идоралар томонидан ахборот-кутубхона муассасаларининг илмий-методик ва илмий-тадқиқот масалалари бўйича ишлаб чиқиладиган қоидалар, низомлар, йўриқномалар, ўқув дастурлари ва бошқа ҳужжатларни келишиш;

тасдиқланган хизматлар рўйхати ва нархлар прейскурантларига мувофиқ ахборот-коммуникация технологиялари асосида пулли кутубхона хизматлари кўрсатиш;

адабиётларга ва ахборот манбаларининг бошқа турларига кутубхоначилик услубида қайта техник ва илмий ишлов беришни амалга ошириш;

ғоявий, мазмунан эскирган ва маънавий жиҳатдан эскириб, яроқсиз ҳолга келиб қолган адабиётларни ўрнатилган тартибда ҳисобдан чиқариш;

ўз кутубхона фондларидан, уларнинг тўлиқлиги ва бутлигига зарар етказмасдан кутубхона ресурсларининг ортиқча сони ва нусхаларини ҳисобдан чиқариш, шунингдек уларни ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисидаги йўриқномага мувофиқ сотиш;

китобхонларга кутубхона ва унинг ўқув залларида, абонементда, кўчма кутубхонада, сиртқи абонемент ва кутубхоналараро абонемент орқали хизмат кўрсатиш;

ўқувчилар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонликни кенг тарғиб қилиш юзасидан оммавий китобхонлик тадбирлари, китоблар кўргазмалари, фестивалларини ташкил этиш;

ходимларни замонавий ахборот технологияларидан профессионал фойдаланиши, чет тилни билиши, фойдаланувчиларга хизмат кўрсатишнинг самарали шаклларини жорий этганлиги учун моддий рағбатлантириш;

ахборот маҳсулотини яратиш, ахборотларга таҳлилий қайта ишлов беришни амалга ошириш, маълумотнома-библиография аппаратини ташкил этиш ва юритиш, шу жумладан:

электрон каталоглар (алфавит ва тизимли тартибдаги) яратиш;

электрон картотекалар-мақолаларнинг мазмун жиҳатдан ва тизимли картотекаларини яратиш;

тавсиявий библиографик қўлланмалар (адабиётлар рўйхатлари, библиографик кўрсаткичлар, библиографик шарҳлар) ишлаб чиқиш;

фойдаланувчиларни ахборот маҳсулотидан хабардор этишни таъминлаш;

фойдаланувчиларнинг ахборот олиш эҳтиёжларини ўрганиш асосида турли ташувчилардаги ахборот-ресурсларини тақдим этиш;

ахборот олиш ва китобхонлик маданиятини ривожлантиришга йўналтирилган, танқидий тафаккурни ўстиришга, медиамаконни ўзлаштиришга ёрдам берадиган тадбирларни ташкил этиш;

инновацион технологиялар асосида ахборот олиш эҳтиёжларини аниқлаш ва сўровларни қаноатлантириш;

ўқув фанлари, бўлимлар, мавзулар бўйича ахборот тўплаш ва тизимга солиш, ахборот банкларини вужудга келтириш.


25. "Болалар кутубхоналари" қуйидаги мажбуриятларни ўз зиммасига олади:

китоб фондини молиявий имкониятлардан келиб чиқиб, ўзбек ва жаҳон болалар адабиёти, энциклопедиялар, педагогикага оид адабиётлар, иқтисодий соҳага доир хорижий тиллардаги (ахборот) адабиётлар ва луғатлар билан тўлдириш;

ортиқча (такрор) адабиётларни алмаштириш, заҳира фонди орқали уларни бошқа кутубхоналарга ўтказиш ҳамда кам фойдаланиладиган адабиётларни танлаш ишларини амалга ошириш ва депозитларда сақлаш учун топшириш;

чоп этилган нашрларнинг умумий ва якка ҳисобини олиб бориш;

китоблар фонди таркибини бойитиш ишини таъминлаш.



5-БОБ. "БОЛАЛАР КУТУБХОНАЛАРИ"НИ БОШҚАРИШ


26. Республика болалар кутубхонасига Жамғарма раиси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган директор раҳбарлик қилади.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар "Болалар кутубхонаси"га директор Вазирлик билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазири, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари бошлиғининг буйруғи билан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.


27. Директор:

кутубхонага юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

кутубхонанинг таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомларни тасдиқлайди;

ўз ўринбосарлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди;

кутубхона ходимларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимидан озод қилади, улар билан меҳнат шартномалари (контрактлари) тузади ва уларнинг амал қилишини тўхтатади;

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ кутубхона ходимларини рағбатлантириш чора-тадбирларини кўради ва уларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллайди;

белгиланган тартибда кутубхонанинг мол-мулки ва маблағларини тасарруф этади, кутубхонанинг ахборот-кутубхона ресурсларидан самарали фойдаланилишини таъминлайди;

кутубхонанинг моддий-техника базасини сақлаш ва ривожлантириш, кутубхона фойдаланувчилари ва ходимлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирларини белгиланган тартибда амалга оширади, ахборот-кутубхона фондлари, шунингдек бинолар, иншоотлар, асбоб-анжомлар, кутубхонанинг бошқа мол-мулки сақланиши ва улардан зарур даражада фойдаланилиши учун жавоб беради.


28. Вазирлик ҳар чоракда бир марта директорлар кенгашини ташкил этади, улар бажариши лозим бўлган вазифаларни белгилайди ва амалга оширилаётган ишларни мониторинг қилиб боради.

29. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар "Болалар кутубхонаси" директорлари ташаббускор, фидокор ва тажрибали кутубхоначиларини турли мукофотларга тавсия қилади ва уларнинг ишини оммалашишига кўмаклашади.


30. Вазирлик "Болалар кутубхоналари" фаолиятини ривожлантиришга қаратилган концепция, "йўл хариталари" ва дастурлари ишлаб чиқади ҳамда уларнинг кутубхоналарда бажарилишини мониторинг қилиб боради.

31. Болалар кутубхонаси директори Муассис билан келишган ҳолда директор ўринбосарларини лавозимга тайинлайди.


32. Вазирликда китобларнинг мазмун ва моҳиятини ўрганиш, миллий менталитетга ёт бўлган китобларни таълим муассасаларига кириб боришининг олдини олиш ва мазмунан бой, болаларни ватанпарварликка ундайдиган ва китоб ўқишга қизиқтира оладиган асарларни муҳокама қилишга қаратилган Илмий-методик кенгаш тузилади.

Илмий методик кенгаш раиси Вазирлик мутахассислари томонидан очиқ овоз бериш йўли билан сайланади.

Илмий методик кенгаш аъзолари ҳар чоракда бир маротаба йиғилади, илмий, услубий, бадиий ва публицистик китобларни амалиётга жорий этиш ҳамда илғор иш тажрибаларни оммалаштириш ишларини ташкил қилиш юзасидан қарорлар қабул қилади.



6-БОБ. "БОЛАЛАР КУТУБХОНАЛАРИ"НИ

МОЛИЯЛАШТИРИШ


33. Муассис ёки ваколатли давлат органи "Болалар кутубхоналари"га мол-мулкни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда бириктиради.

"Болалар кутубхоналари" ўзига бириктирилган мол-мулкни ҳамда даромадлар ва харажатлар сметаси бўйича ўзига ажратилган маблағлар ҳисобига сотиб олинган мол-мулкни қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тасарруф этади.

"Болалар кутубхоналари" фаолияти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари ҳамда бошқа маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.


34. Қуйидагилар "Болалар кутубхоналари"нинг фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

ўқувчиларга хизмат кўрсатишдан ташқари пайтда бўш бинолар, иншоотлар, асбоб-ускуналарни ижарага беришдан тушган маблағлар;

хўжалик фаолиятидан, қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган шартнома асосида пулли хизмат кўрсатишдан олинган даромадлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, маҳаллий ва халқаро ташкилотларнинг грантлари;

қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.


35. Қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган фаолиятдан олинган даромад ҳисобига сотиб олинган мол-мулк "Болалар кутубхоналари"нинг мол-мулки таркибига киритилади.


36. "Болалар кутубхоналари" ходимларини мукофотлаш белгиланган тартибда бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

"Болалар кутубхоналари"нинг бюджетдан ташқари жамғармаларнинг ойлик, чораклик ёки йиллик тушган маблағлари бўйича (мақсадли ҳомийлик хайрияларидан ташқари) жами суммасидан ўн фоизгача бўлган миқдори мазкур кутубхона раҳбарини моддий рағбатлантириш учун йўналтирилади.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


37. "Болалар кутубхоналари" қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда кутубхоначилик бўйича халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиши мумкин.

Уларнинг халқаро ҳамкорлиги шартномалар асосида хорижий ташкилотлар билан педагогик ахборот ва тажриба алмашиш, мутахассисларнинг малака ошириши ҳамда стажировка ўташи шаклида амалга оширилиши мумкин.


38. "Болалар кутубхоналари" қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта ташкил этилади ва тугатилади.

"Болалар кутубхоналари" тугатилган тақдирда унинг маблағлари ва мол-мулкидан, унинг мажбуриятларини қоплаш бўйича тўловлар чегирилган ҳолда, қонунчилик ҳужжатларига ҳамда "Болалар кутубхоналари" уставига мувофиқ фойдаланилади.


39. Ушбу Низом юзасидан келиб чиқадиган низоли масалалар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


40. Мазкур Низом талабларини бузган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 28 май


















































Время: 0.0045
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск