ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Солиқлар. Мажбурий тўловлар / Солиққа оид бўлмаган тўловлар / Бошқа айрим йиғимлар /

Ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамалари учун утилизация йиғимини ундириш, қайтариш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 09.06.2021 й. 358-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 9 июндаги

358-сон қарорига

ИЛОВА



Ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар

машиналар ва уларнинг тиркамалари учун

утилизация йиғимини ундириш, қайтариш

ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. АСОСИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ утилизация йиғимини тўлаш талаб этиладиган ғилдиракли транспорт воситалар, ўзюрар машиналар ва уларнинг тиркамаларига нисбатан (кейинги ўринларда - транспорт воситалари) утилизация йиғимини ҳисоблаш, тўлаш, ундириш, ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган суммаларини қайтариш, шунингдек транспорт воситалари ўз истеъмол хусусиятларини йўқотганидан кейин ҳосил бўладиган чиқиндиларни (кейинги ўринларда - транспорт воситалари чиқиндилари) йиғиш, ташиш ва утилизация қилиш билан боғлиқ инфратузилмани ташкил этиш тартибини белгилайди.



2-БОБ. УТИЛИЗАЦИЯ ЙИҒИМИНИ

ҲИСОБЛАШ ВА ТЎЛАШ ТАРТИБИ


2. Утилизация йиғимини ҳисоблаб чиқариш Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 2 июндаги 347-сон қарори билан тасдиқланган утилизация йиғимининг миқдорлари ва утилизация йиғими тўланадиган ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамаларининг турлари ва тоифалари рўйхатига мувофиқ амалга оширилади.

Утилизация йиғими транспорт воситаларини "эркин муомалага чиқариш" (импорт) божхона режимида расмийлаштирадиган жисмоний ва юридик шахслар ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотиладиган транспорт воситалари ишлаб чиқарадиган (йиғадиган, тайёрлайдиган) жисмоний ва юридик шахслар томонидан ҳисоблаб чиқарилади.


3. Утилизация йиғимини тўлаш учун ҳисобварақлари тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ва Давлат солиқ қўмитасининг расмий веб-сайтларида Ягона интерактив давлат хизматлари порталида жойлаштириш йўли билан утилизация йиғими тўловчиларига етказилади.


4. Транспорт воситаларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда утилизация йиғими транспорт воситалари учун божхона декларацияси қабул қилинишидан олдин ёки бир вақтнинг ўзида тўланади.


5. Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилинаётган транспорт воситалари учун утилизация йиғимини тўлаш мазкур низомнинг 1-иловасига мувофиқ амалга оширилади.


6. Транспорт воситаларининг маҳаллий ишлаб чиқарувчиси ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 20-санадан кечиктирмай маҳаллий транспорт воситалари ишлаб чиқарувчиси жойлашган жойдаги солиқ органига, фақат Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотиш учун ишлаб чиқарилган транспорт воситалари бўйича утилизация йиғими ҳисоб-китобларини электрон шаклда тақдим этади.


7. Маҳаллий ишлаб чиқарувчи ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 20-санасига қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотилган транспорт воситалари бўйича утилизация йиғимини тўлайди.

Экспорт бозорларида сотиш учун ишлаб чиқарилган автомобиллар маҳаллий ишлаб чиқарувчи томонидан ички бозорга сотилган тақдирда, транспорт воситалари ишлаб чиқарувчиси ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-санасидан кечиктирмай утилизация йиғимини тўлайди. Бунда сотилган автомобил харидор томонидан қайтариб берилган тақдирда ҳисоб-китобга тузатиш киритилади.


8. Агар маҳаллий ишлаб чиқарувчи утилизация йиғимини тўламаган ёки белгиланган муддатларда тўлиқ ҳажмда тўламаган тақдирда, давлат солиқ хизмати органлари томонидан белгиланган тартибда утилизация йиғимини ундириш амалга оширилади.


9. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотиладиган транспорт воситалари ишлаб чиқарадиган (йиғадиган, тайёрлайдиган) жисмоний ва юридик шахслар томонидан утилизация йиғимини тўлаш мазкур низомнинг 2-иловасига мувофиқ амалга оширилади.


10. Утилизация йиғимининг тўланган ва қайта ҳисобланган суммалари ўртасида фарқ аниқланганда:

камчилик миқдори утилизация йиғимининг такрорий (тузатилган) ҳисоб-китоби тақдим этилган кундан бошлаб ўн иш куни ичида утилизация йиғимининг тўловчиси томонидан тўланади;

ортиқча тўланган (ундирилган) утилизация йиғими суммаси, тўловчининг утилизация йиғими бўйича мавжуд қарзларини қоплашига ёхуд утилизация йиғими тўловчисига қайтариш учун ҳисобга олинади.


10-1. Илгари "эркин муомалага чиқариш" божхона режимига жойлаштирилган транспорт воситалари учун тўланган утилизация йиғимини тўловчига қайтариш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

утилизация йиғимини ҳисоблашда ортиқча тўланганлик факти аниқланганда;

божхона ҳудудига олиб кирилган товарга нисбатан утилизация йиғимини тўлаш бўйича имтиёз тикланган бўлса;

"реэкспорт" божхона режимида Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига олиб чиқиб кетилган бўлса.

11. Ортиқча тўланган утилизация тўловларини қайтарилиши, ортиқча тўланган сумма қайси бюджетга ёки жамғармаларга ўтказилган бўлса, ўша бюджет ёки ўтказилган жамғарма маблағларидан утилизация йиғими тўловчисининг ёзма аризаси ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали юборилган аризаси асосида, тегишлича божхона ва солиқ органларига ариза берилган санадан эътиборан ўн иш куни ичида амалга оширилади.


12. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ва (ёки) Давлат солиқ қўмитаси томонидан мос равишда божхона ва солиқ назорати амалга оширилган пайтда утилизация йиғимининг тақдим этилган ҳисоб-китобларида тафовутлар ва (ёки) хатолар аниқланган ҳолатда, утилизация йиғими тўловчисига уларни қайта ҳисоблаш ва (ёки) тегишли ҳисоботга тузатишлар киритиш талабномасини юборади.

Утилизация йиғими тўловчиси тузатишлар киритиш тўғрисидаги талабнома олинган кундан эътиборан ўн беш кунлик муддатда аниқлаштирилган ҳисоботни ёхуд тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этган ҳолда аниқланган тафовутларнинг асосномасини тақдим этиши шарт.

Утилизация йиғими тўловчисининг тақдим этган асосномаси тегишли ҳужжатлар (асосномалар) олинган кундан эътиборан ўн беш кун ичида солиқ ёки божхона органининг раҳбари (раҳбари ўринбосари) томонидан кўриб чиқилади.

Аниқланган тафовутлар бўйича тақдим этилган асосномаларига тўлиқ ёки қисман розилик берилган тақдирда, солиқ ёки божхона органи илгари юборилган талабнома бекор қилинганлиги тўғрисидаги билдириш хатини ёхуд утилизация йиғими ҳисоботига тузатишлар киритиш тўғрисидаги аниқлаштирилган талабномани утилизация йиғими тўловчисига юборади.

Утилизация йиғимининг тақдим этилган ҳисоб-китобларидаги тафовутлар ва (ёки) хатолар утилизация йиғимининг тўланмаслигига (ёки тўлиқ бўлмаган ҳажмда тўланмаслигига) олиб келган ҳолда, тўланмаган утилизация йиғимининг ундирилиши мазкур Низомнинг 14-бандида кўрсатилган тартибда амалга оширилади.

Утилизация йиғимини қайта ҳисоблаш ва (ёки) тегишли ҳисоботга тузатишлар киритиш ҳақидаги талабнома утилизация йиғими тўловчиси томонидан олинганидан сўнг белгиланган тартибда аниқлаштирилган ҳисобот ёки аниқланган тафовутлар бўйича асосномалар тақдим этилмаган ёхуд тақдим этилган асосномалар етарли эмас деб топилган тақдирда, тўланмаган утилизация йиғимининг ундирилиши мазкур Низомнинг 14-бандида кўрсатилган тартибда амалга оширилади.

Утилизация йиғими тўловчиси томонидан аниқлаштирилган ҳисоботни тақдим этилмаслиги, ёхуд аниқланган тафовутлар бўйича асосномаларни белгиланган муддатда тақдим этилмаслиги, унинг утилизация йиғимининг тўланмаган қисмини қатъий белгиланган миқдорда тўлашга розилигини билдиради.



3-БОБ. УТИЛИЗАЦИЯ ЙИҒИМИНИ

УНДИРИШ ВА ҚАЙТАРИШ ТАРТИБИ


13. Утилизация йиғими 100 фоиз миқдорида даромадлар бўйича ғазначилик шахсий ҳисобварағига келиб тушади.


14. Утилизация йиғими тўловчиси томонидан утилизация йиғими тўланмаган (ёки тўлиқ бўлмаган ҳажмда тўланган) тақдирда, ушбу Низомнинг 10-бандида кўрсатилган муддатларда утилизация йиғимини ундириш бўйича солиқ ва божхона органлари тегишлигига кўра утилизация йиғими тўловчисига мавжуд қарздорликни бартараф этиш тўғрисидаги талабномани юборади.

Утилизация йиғими бўйича қарздорликни тўлаш тўғрисидаги талабномада қуйидагилар кўрсатилиши керак:

талабнома қўйилиши асослари;

утилизация йиғимини тўлаш бўйича қарздорликнинг талабнома қўйилган пайтдаги суммаси;

талабномани бажариш учун белгиланган муддат;

тўловчи томонидан талабнома бажарилмаган тақдирда, утилизация йиғимини тўлаш бўйича қарздорликни суд тартибида ундириш тўғрисида огоҳлантириш.


15. Утилизация йиғимини тўлаш бўйича қарздорликни тўлаш тўғрисидаги талабнома бундай қарздорлик юзага келганлиги факти аниқланган кундан эътиборан ўн иш кунидан кечиктирмай, тўловчи томонидан ушбу талабнома олинганлиги фактини ва олиш санасини тасдиқлаш имконини берадиган ҳар қандай усулда тўловчига юборилиши керак.

Утилизация йиғими бўйича қарздорликни тўлаш тўғрисидаги талабномани бажариш муддати талабнома тўловчига топширилган ёки у тўловчи томонидан олинган куннинг эртасидан эътиборан ўн иш кунини ташкил этади.


16. Жисмоний шахслардан утилизация йиғимини тўлаш бўйича қарздорликни ундириш суд тартибида амалга оширилади, якка тартибдаги тадбиркорлар бундан мустасно.


17. Утилизация йиғимини тўлаш бўйича қарздорликни тўловчининг банк ҳисобварақларида турган пул маблағлари ҳисобидан ундириш божхона ёки солиқ органи томонидан банкка пул маблағларининг сўзсиз тартибда ундирилиши тўғрисидаги инкассо топшириқномасини юбориш орқали амалга оширилади.

Тўловчининг ҳисобварақларига хизмат кўрсатаётган банк утилизация йиғимини ундириш тўғрисидаги инкассо топшириқномасини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган навбат тартибида бажаради.


18. Утилизация йиғимини тўлаш бўйича қарздорликни тўловчининг мол-мулкини реализация қилишдан тушган пул маблағлари ҳисобидан ундириш унинг ҳисобварақларида инкассо топшириқномаси қўйилган пайтдан эътиборан олти ойдан кўпроқ муддатда пул маблағлари бўлмаган тақдирда қўлланилади.

Утилизация йиғимини тўлаш бўйича қарздорликни тўлаш ҳисобига ундирувни мол-мулкка қаратиш тегишли божхона ёки солиқ органининг даъво аризасига асосан суд тартибида амалга оширилади.



4-БОБ. ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИ ЧИҚИНДИЛАРИНИ

ЙИҒИШ, ТАШИШ ВА УТИЛИЗАЦИЯ ҚИЛИШ БИЛАН

БОҒЛИҚ ИНФРАТУЗИЛМАНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ТАРТИБИ


19. Ўз истеъмол хусусиятларини йўқотган барча турдаги транспорт воситалари уларнинг эгалари (мулкдорлари) томонидан утилизация қилувчиларга топширилганда, транспорт воситалари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ транспорт воситаларини рўйхатга олиш (рўйхатдан чиқариш) ваколатига эга ташкилотлар томонидан белгиланган тартибда ҳисобдан чиқарилиши лозим.


20. Транспорт воситаларини утилизация қилиниши муносабати билан улар ички ишлар органларида тўлов ундирилмасдан ҳисобдан чиқарилади. Бунда ҳисобдан чиқариш ҳақидаги ариза ички ишлар органларида бир иш куни ичида кўриб чиқилади.


21. Транспорт воситалари ўз истеъмол хусусиятларини йўқотганидан кейин ҳосил бўладиган чиқиндилар билан боғлиқ ишларни бажариш бўйича инфратузилмани ташкил этиш утилизация қилувчи ташкилотлар томонидан амалга оширилади.


22. Транспорт воситасини утилизация қилиш учун топширилганда утилизация қилувчи ташкилот ва транспорт воситасининг мулкдори ўртасида шартнома тузилади ва бажарилган ишлар тўғрисида далолатнома расмийлаштирилади.


23. Утилизация йиғими тўланмаган транспорт воситаларининг утилизация қилиниши утилизация қилувчи томонидан транспорт воситаларини турлари ва тоифаларига кўра уларнинг утилизацияси учун сарфланган харажатлар миқдоридан келиб чиққан ҳолда утилизация қилувчи ташкилот ва транспорт воситасининг мулкдори ўртасидаги шартнома асосида амалга оширилади.


24. Транспорт воситаларини утилизация қилувчи ташкилот ҳосил бўладиган рангли ва қора металл парчалари, чиқиндиларини қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ рангли ва қора металл парчаларини тайёрлаш (харид қилиш) бўйича ягона ваколатли орган - "Ўзиккиламчиранглиметалл" АЖ ва "Ўзметкомбинат" АЖга топширадилар.

Қабул қилинган металл парчалари учун тўлов пул маблағлари шаклида бозор асосида аниқланадиган эркин (шартномавий) нархлар бўйича, Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тўлов усулларида амалга оширилади.



5-БОБ. УТИЛИЗАЦИЯ ҚИЛИШ НАТИЖАСИДА

ҲОСИЛ БЎЛУВЧИ ИККИЛАМЧИ ХОМАШЁ

ЁКИ БОШҚА ЧИҚИНДИЛАРНИ ТЎПЛАШ

ВА ВАҚТИНЧА САҚЛАШ ТАРТИБИ


25. Транспорт воситаларини утилизация қилишда улар биринчи навбатда қисмларга бўлиниши ва тури бўйича алоҳида тўпланиши лозим, шу жумладан:

транспорт воситаларининг барча суюқ компонентлари - ёқилғи, мойлар, техник суюқликлар (совутиш, тормоз суюқлиги, ойна ва чироқларни ювиш воситалари ва х.к.) ажратиб олиниши;

шиналар, аккумуляторлар, мой ва ҳаво фильтрлари, хавфсизлик ёстиқчалари, бамперлар, шиша ва металл бўлмаган бошқа қисмлар ечиб олиниши керак.


26. Утилизация қилиш натижасида ҳосил бўлувчи иккиламчи хомашё ёки бошқа чиқиндиларни тўплаш ва сақлаш, уларнинг келиб чиқиши, агрегат ҳолати, хавфлилик даражаси ва фойдаланиш имкониятларига кўра, алоҳида сараланган (ажратилган) ҳолда амалга оширилади.


27. Транспорт воситалари чиқиндиларини тўплаш ва сақлаш жойлари қуйидаги талабларга:

тупроқ қатлами транспорт воситалари чиқиндилари билан ифлосланишининг олди олинишини таъминлайдиган қопламага (сув ўтказмайдиган, асфальт, бетон) эга бўлиши;

фуқаролар соғлиғи ҳамда атроф муҳитга зарарли таъсиридан муҳофаза қилишни таъминловчи, алоҳида сақланиши талаб этиладиган иккиламчи хомашё ва чиқиндиларни вақтинча сақлаш учун контейнерлар, чиқинди қутилари ва чиқиндиларни сақлашнинг бошқа идишлар (сиғимлар) билан таъминланган бўлиши;

тунги ташқи ёритиш тизимига эга бўлиши;

техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ва ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бериши шарт.


28. Транспорт воситалари чиқиндиларини утилизация қилиш жараёнида ҳосил бўлувчи чиқиндиларни вақтинча сақлаш уларнинг хавфлилик даражасига кўра:

ҳавфли чиқиндилар (компонентлар) мажбурий тартибда контейнерлар, чиқинди қутилари ва чиқиндиларнинг фуқаролар соғлиғи ҳамда атроф муҳитга зарарли таъсиридан муҳофаза қилишни таъминловчи бошқа идишларда (сиғимларда) амалга оширилади;

ҳавфсиз чиқиндилар вақтинча сақлаш жойларининг очиқ майдончаларида сақланиши мумкин.

Ҳавфли чиқиндиларини вақтинча сақлаш жойларида мазкур чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жараёнларига алоқадор бўлмаган шахсларнинг бўлишига йўл қўйилмайди.



6-БОБ. МАЗКУР НИЗОМГА РИОЯ

ЭТИЛИШИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


29. Утилизация йиғими маблағларидан оқилона ва мақсадли фойдаланилиши юзасидан давлат молиявий назорати қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Молия вазирлиги томонидан амалга оширилади.


30. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ҳудудий органлари транспорт воситалари чиқиндилари билан боғлиқ ишларни амалга ошириш доирасида атроф муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилигига риоя этилиши юзасидан давлат назоратини таъминлайдилар.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


31. Мазкур Низомнинг тўғри қўлланилиши устидан назорат Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


32. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилинаётган

транспорт воситалари учун утилизация йиғимини тўлаш

СХЕМАСИ

Босқич

Тадбирлар


Масъуллар


Ижро муддати



I босқич

Импорт қилинаётган транспорт воситаларини "эркин муомалага чиқариш" (импорт) божхона режимига расмийлаштиришда утилизация йиғими ҳисоб-китобларини божхона органига топшириш


Импорт қилувчи, Давлат божхона қўмитаси


Транспорт воситаларини "эркин муомалага чиқариш" (импорт) божхона режимига расмийлаштириш вақтида







II босқич

Утилизация йиғимини тўлаш


Импорт қилувчи


Божхона декларацияси қабул қилинишидан олдин ёки бир вақтнинг ўзида









III босқич

Утилизация йиғимининг тақдим этилган ҳисоб-китобларида тафовутлар ва (ёки) хатолар аниқланган ҳолатда, утилизация йиғими тўловчисига уларни қайта ҳисоблаш ва (ёки) тегишли ҳисоботга тузатишлар киритиш талабномасини юбориш



Давлат божхона қўмитаси


Қарздорлик юзага келганлиги факти аниқланган кундан эътиборан ўн иш кунидан кечиктирмай









IV босқич

Утилизация йиғими бўйича тафовут тўлаш ёки ортиқча тўланган маблағларни қайтариш


Импорт қилувчи ёки Молия вазирлиги


Утилизация йиғимининг такрорий (тузатилган) ҳисоб-китоби тақдим этилган кундан бошлаб ўн иш куни ичида

      





Низомга

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотиладиган

транспорт воситалари ишлаб чиқарадиган (йиғадиган,

тайёрлайдиган) жисмоний ва юридик шахслар

томонидан утилизация йиғимини тўлаш

СХЕМАСИ

Босқич

Тадбирлар


Масъуллар


Ижро муддати



I босқич

Маҳаллий ишлаб чиқарувчи солиқ органига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотиладиган транспорт воситалари бўйича утилизация йиғими ҳисоб- китобларини электрон шаклда тақдим этади


Ишлаб чиқарувчи, Давлат солиқ қўмитаси


Ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 20-санадан кечиктирмай







II босқич

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотилган транспорт воситалари бўйича утилизация йиғимини тўлаш


Ишлаб чиқарувчи


Ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 20-санасидан кечиктирмай









III босқич

Утилизация йиғимининг тақдим этилган ҳисоб-китобларида тафовутлар ва (ёки) хатолар аниқланган ҳолатда, утилизация йиғими тўловчисига уларни қайта ҳисоблаш ва (ёки) тегишли ҳисоботга тузатишлар киритиш талабномасини юбориш



Давлат солиқ органи


Қарздорлик юзага келганлиги факти аниқланган кундан эътиборан ўн иш кунидан кечиктирмай









IV босқич

Утилизация йиғими бўйича тафовут тўлаш ёки ортиқча тўланган маблағларни қайтариш


Ишлаб чиқарувчи ёки Молия вазирлиги


Ўн беш кунлик муддатда

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 10 июнь




































Время: 0.0059
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск