ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари /

Фуқаролар йиғини ҳузуридаги жамоатчилик тузилмалари тўғрисида Намунавий низом (ЎзР ВМ 18.06.2021 й. 380-сон қарорига 3-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 18 июндаги

380-сон қарорига

3-ИЛОВА



Фуқаролар йиғини ҳузуридаги

жамоатчилик тузилмалари тўғрисида

НАМУНАВИЙ НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Намунавий низом фуқаролар йиғини ҳузуридаги жамоатчилик тузилмаларининг (кейинги ўринларда - жамоатчилик тузилмалари) мақсади ва асосий вазифаларини, ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳамда фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Жамоатчилик тузилмалари ўз фаолиятини амалга оширишда давлат органлари, таълим ва тиббиёт муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқаролар йиғини ходимлари, фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялар, шунингдек, фуқаролар йиғини фаолиятига кўмаклашувчи бошқа жамоатчилик тузилмалари билан ҳамкорлик қилади.


3. Фуқаролар йиғинларида қуйидаги жамоатчилик тузилмалари фаолияти йўлга қўйилади:

"Ота-оналар университети" жамоатчилик тузилмаси;

"Аёллар маслаҳат кенгаши";

"Кексалар маслаҳати" гуруҳи;

"Маҳалла назорати" гуруҳи;

"Маҳалла еттилиги".

4. Жамоатчилик тузилмалари қарорлари тавсиявий хусусиятга эга. Жамоатчилик тузилмаларининг низоми фуқаролар йиғини мажлиси (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) қарори билан тасдиқланади.


5. Жамоатчилик тузилмалари ўз фаолиятини жамоатчилик асосида ошкоралик, коллегиаллик, ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқлилик, ихтиёрийлик ва жамоат фикрини ҳисобга олиш тамойилларига риоя этган ҳолда амалга оширади.



2-БОБ. "ОТА-ОНАЛАР УНИВЕРСИТЕТИ"

ЖАМОАТЧИЛИК ТУЗИЛМАСИНИНГ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


1-§. "Ота-оналар университети"нинг мақсади, асосий

вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари


6. "Ота-оналар университети" (кейинги ўринларда - Университет) ушбу Намунавий низомга мувофиқ оилавий муносабатларда ҳар хил муаммоларга дуч келаётган маҳалла ҳудудидаги ота-оналар, ёшлар ва бошқа шахсларга оилаларда соғлом турмуш тарзини таъминлаш ва фарзанд тарбиясига оид масалаларда юзага келган қийин вазиятлардан чиқиш ҳамда уларнинг ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий, педагогик, психологик ва тиббий билимларини оширишда амалий ёрдам кўрсатиш тадбирларини амалга оширади.

Университетнинг мақсади маҳаллада ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, фарзанд тарбиясига оид масалаларда ота-оналарнинг малакасини оширишда ёрдам бериш, бу борада оилалардаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш ишларини янада такомиллаштиришдан иборат.


7. Қуйидагилар Университетнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

ота-оналарнинг фарзанд тарбиясидаги ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий, педагогик, психологик ва тиббий билимларини оширишга қаратилган тадбирларни амалга ошириш;

фарзанд тарбиясига етарли эътибор бермаётган ота-оналар билан ишлаш;

маҳалладаги оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигига салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатларнинг олдини олишга кўмаклашиш;

фарзанд тарбияси жараёнида ота-оналарга ёрдам кўрсатиш;

оилаларда соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлашга кўмаклашиш.


8. Университет қуйидаги ҳуқуқларга эга:

фаолияти учун зарур бўлган маълумотларни тегишли ташкилотлардан белгиланган тартибда сўраб олиш;

оилалар ва муайян шахсларга ёрдам бериш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва иш жараёнида унга ўзгартириш киритиш;

Университет томонидан ташкил этиладиган машғулотлар режасини тузиш, заруратга кўра уни такомиллаштириш;

фаолият йўналишига оид у ёки бу масалалар юзасидан қабул қилган қарорларини кўриб чиқиш учун туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлими, фуқаролар йиғини кенгашига тақдим этиш;

ушбу Намунавий низомда белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида тадбир ва машғулотларга давлат ташкилотлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларнинг вакилларини, малакали мутахассисларни ва бошқа шахсларни жалб қилиш;

Университет машғулотларини маҳалла ҳудудида олиб борилган жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича сўровнома материалларидан, "Оила ва хотин-қизлар" илмий-тадқиқот институти томонидан ўтказилган тадқиқот ишлари натижаларидан, статистик маълумотлардан, оммавий ахборот воситаларида ёритилган мақолалардан, намунали оилаларнинг тажрибаларидан ва шу каби йўналишларда ҳаётий мисоллардан фойдаланган ҳолда ташкил этиш.

9. Университет қуйидагиларга мажбур:

ўз фаолиятида қонунчилик ҳужжатларига ва мазкур Намунавий низом талабларига қатъий риоя қилиш;

оилалар ва маҳаллалардаги маънавий-ахлоқий муҳит барқарорлигининг бузилиши, шу жумладан, фарзанд тарбиясига салбий таъсир кўрсатишнинг олдини олишга кўмаклашиш;

ота-оналар билан ишлаш ва фарзанд тарбияси билан боғлиқ масалалар бўйича фуқаролар йиғини ҳаётида, фуқаролар йиғини мажлиси (фуқаролар вакилларининг йиғилиши), фуқаролар йиғини кенгашининг қарорларини, шунингдек, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан қабул қилинган ҳужжатларни амалиётга татбиқ этишда фаол иштирок этиш;

Университет машғулотлари ва тарғибот тадбирларини самарали ҳамда мақсадли тарзда мунтазам равишда амалга ошириш;

ушбу Намунавий низомда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган, ҳуқуқбузарлик содир этган ёшларнинг ота-оналари билан тизимли ишларни ташкил этиш;

фуқароларнинг қадр-қиммати камситилишига, ҳуқуқ ва эркинликлари поймол этилишига йўл қўймаслик;

қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган ҳолларда тегишли органларга хабар бериш тўғрисида туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлими ва фуқаролар йиғини кенгашига таклифлар киритиш;

Университет аъзоларига аён бўлган шахсий ҳаётга оид маълумотларни ўзгаларга ошкор қилмаслик.



2-§. Университет таркибини шакллантириш


10. Университет таркиби фуқаролар йиғини мажлиси (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) томонидан фуқаролар йиғини раиси сайлови ўтказилгандан кейин бир ой ичида 8 - 12 нафар аъзодан иборат таркибда беш йил муддатга сайланади.

Унга фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилаётган, ҳаётий тажрибага, аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлган, салоҳиятли, фаол аёл раҳбарлик қилади. Университет раҳбарининг ўринбосари лавозимига номзодга ва аъзоликка номзодга фуқаролар йиғини мажлисида (фуқаролар вакилларининг йиғилишида) ҳозир бўлганларнинг ярмидан кўпи ёқлаб овоз берган бўлса, у сайланган ҳисобланади.

Маҳалладаги хотин-қизлар фаоли хотин-қизлар билан ишлаш бўйича Университет фаолиятини ташкил этади ва мувофиқлаштириб боради.

11. Университет аъзолари ҳуқуқшунос, шифокор, педагог, психолог ва бошқа мутахассислар ҳамда Университетга юкланган вазифаларнинг мазмун-моҳиятини чуқур тушунадиган, обрў-эътиборли, катта ҳаётий тажрибага ва ташкилотчилик қобилиятига эга бўлган, жамиятда ўзининг намунали хулқи билан обрў-эътибор қозонган фаол фуқаролар орасидан сайланади.


12. Университет ўз олдида турган асосий вазифаларни ҳар ойда камида бир марта чақириладиган йиғилишларда кўриб чиқади. Университет йиғилиши аъзоларнинг камида учдан икки қисми қатнашса, ваколатли ҳисобланади. Университет аъзоларининг ярмидан кўпи ёқлаб овоз берган қарор қабул қилинган ҳисобланади.


13. Университетнинг йиғилишида қуйидаги масалалар кўриб чиқилади:

Университетнинг йиллик, чораклик иш режалари, шу жумладан, Университет машғулотларининг йўналишлари бўйича режасини ишлаб чиқиш ва уларни тасдиқлаш учун туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлими ва фуқаролар йиғини кенгашига киритиш билан боғлиқ масалалар;

Университет иш режалари ижроси юзасидан Университет аъзоларининг амалга оширилган ишлар бўйича ҳисоботларини эшитиш билан боғлиқ масалалар;

туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлими ҳамда фуқаролар йиғини мажлиси (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) билан келишишни талаб қиладиган бошқа масалалар.

14. Университет раҳбари:

Университет фаолиятини ташкил қилади ва мувофиқлаштиради;

Университетнинг йиғилишларида раислик қилади;

оилавий муносабатларда ҳар хил муаммоларга дуч келаётган ота-оналар, ёшлар ва бошқа шахсларнинг рўйхатини шакллантиради ва уларнинг муаммоларини ҳал этишга қаратилган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

оилавий муносабатларда ҳар хил муаммоларга дуч келаётган маҳалла ҳудудидаги ота-оналар, ёшлар ва бошқа шахсларга оилаларда соғлом турмуш тарзини таъминлаш ва фарзанд тарбиясига оид масалаларда юзага келган қийин вазиятлардан чиқиш ҳамда уларнинг ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий, педагогик, психологик ва тиббий билимларини оширишда амалий ёрдам кўрсатиш тадбирларини амалга оширади;

Университет аъзолари ўртасида вазифаларни тақсимлайди;

Университет аъзоларига юкланган вазифаларнинг ўз вақтида, сифатли ва оила билан ишлаш одоб-аҳлоқ қоидалари бузилмаслигини эътиборга олган ҳолда, бажарилишини таъминлайди;

Университет иш режалари ижроси юзасидан Университет аъзоларининг амалга оширилган ишлар бўйича ҳисоботларини эшитиш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади;

фуқаролар йиғини (фуқаролар вакиллари йиғилиши), фуқаролар йиғини кенгаши мажлисларида Университет номидан вакил бўлади;

Университет номидан чиқадиган ҳужжатларни имзолайди;

туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлими ҳамда фуқаролар йиғини мажлиси (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) билан келишишни талаб қиладиган бошқа масалаларни кўриб чиқади;

Университет фаолияти тўғрисида йилнинг ҳар чорагида фуқаролар йиғини мажлисига (фуқаролар вакиллари йиғилишига) ҳисобот беради.


15. Университет раҳбарининг ўринбосари ва аъзоларининг ваколатлари ушбу Намунавий низомда назарда тутилган Университетнинг мақсади ва асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятларидан келиб чиқиб Университет раҳбари томонидан белгиланади.

Университет раҳбари узрли сабабларга кўра бўлмаган ҳолларда Университет раҳбари ўринбосари унинг вазифасини бажаради.


16. Университет ўз аъзолари томонидан оилавий муносабатларда ҳар хил муаммоларга дуч келаётган ота-оналар, ёшлар ва бошқа шахсларнинг шакллантирилган рўйхатини ўрганади ва муаммоларни ҳал этишга қаратилган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқади.


17. Маҳалла ҳудудидаги ота-оналар, ёшлар ва бошқа шахсларга оилаларда соғлом турмуш тарзини таъминлаш ва фарзанд тарбиясига оид масалаларда юзага келган қийин вазиятлардан чиқиш ҳамда уларнинг ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий, педагогик, психологик ва тиббий билимларини оширишда амалий ёрдам кўрсатиш тадбирлари Университет раҳбари томонидан тасдиқланади.

18. Рўйхатдаги оила ёки шахс билан индивидуал ёки гуруҳларда иш олиб бориш бўйича чора-тадбирлар кўзда тутилиши мумкин.


19. Чора-тадбирлар ўз ичига оиладаги вазиятни ва юзага келган муаммоларни баҳолаш, оилада ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, мустаҳкамлаш ва барқарорлигини таъминлаш, ота-оналарнинг фарзанд тарбиясидаги ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий, педагогик, психологик ва тиббий билимларини оширишга қаратилади.

Шунингдек, тадбирлар тегишли йўналишлар бўйича ўқув машғулотлари ва тарғибот ишларидан ҳам иборат бўлиши мумкин.


20. Ушбу Намунавий низомга 1-иловада келтирилган намунавий шаклга мувофиқ оила ёки шахс билан индивидуал иш олиб бориш бўйича чора-тадбирлар режасида:

оила ёки шахс тўғрисидаги маълумотлар (мурожаат қилган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили, оила таркиби, вояга етмаган шахслар сони ва бошқа маълумотлар);

қийин вазият юзага келганлик сабаби (муаммо);

муаммо ечимини топиш бўйича қилинадиган ишлар (ишлар номи ва муддати кўрсатилган ҳолда);

муаммо ечимига нималар тўсқинлик қилиши, тўсиқларни бартараф этиш чоралари (бошқа идора ва ташкилотларни жалб қилиш эҳтиёжи мавжудлиги) кўрсатилади.


21. Университет томонидан режалаштириладиган тадбирлар ва машғулотлар унда иштирок этувчиларнинг ёши, жинси, маълумотини ҳисобга олган ҳолда ташкил этилади. Гуруҳларда ўтказиладиган тадбирлар ва университет машғулотларининг жойи, вақти ва ташкил этиш тартиби унинг иштирокчиларининг бўш вақтини ҳисобга олган ҳолда Университет йиғилиши томонидан белгиланади.


22. Гуруҳларда ўтказиладиган Университет машғулотлари қуйидаги йўналишларда олиб борилиши мумкин:

оила ҳуқуқи;

оила маънавияти;

оила бошқаруви;

оила иқтисодиёти;

оила психологияси;

оиланинг тиббий маданияти;

оилада соғлом турмуш тарзи.


23. Университет машғулотларининг мавзулари ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларидан ва мавжуд муаммолардан, шу жумладан аҳоли билан мулоқот қилиш жараёнида аниқланган масалалардан келиб чиқиб белгиланади.


24. Оила ёки шахс билан индивидуал иш олиб бориш бўйича чора-тадбирлар режасида кўзда тутилган ишлар якуни бўйича Университет иштирокчилари ўртасида сўровномалар ўтказилади, оила ёки шахс қийин вазиятдан олиб чиқилганлиги тўғрисидаги хулоса шакллантирилади ва ушбу хулоса асосида қийин вазиятдан олиб чиқилган оила ёки шахсни рўйхатдан чиқариш амалга оширилади.


25. Ой, чорак, ярим йиллик ва йил якуни бўйича натижалар таҳлил этилади ва қийин вазиятдан олиб чиқилган оила ёки шахсларнинг рўйхатдан чиқарилган сони Университет фаолиятининг самарадорлигини аниқловчи омил сифатида белгиланади.


26. Университет томонидан қийин вазиятдан олиб чиқилган оила ёки шахслар ўртасида ўтказиладиган намунавий сўровноманинг шакли Университет раҳбари томонидан тасдиқланади.


27. Университетнинг тарғибот тадбирлари унинг аъзолари томонидан маҳалла ҳудудида яшовчи аҳоли ўртасида Университетнинг мақсад ва вазифалари юзасидан мунтазам тушунтириш ишларини олиб бориш ва республика ҳамда маҳаллий оммавий ахборот воситаларида материаллар эълон қилиш орқали амалга оширилади.

28. "Оила ва хотин-қизлар" илмий-тадқиқот институти, туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлими, шунингдек давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлар Университет фаолиятини самарали ташкил этишга методик ва амалий жиҳатдан кўмаклашадилар.


3-§. Университет аъзоларининг ваколатларини

муддатидан илгари тўхтатиш


29. Университет аъзоларининг ваколатлари қуйидаги ҳолларда муддатидан илгари тўхтатилади:

ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилганда;

белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилганда;

унга нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганда;

суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори асосида бедарак йўқолган деб топилган ёхуд вафот этган деб эълон қилинганда;

Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганда;

соғлиғи ҳолати ёки бошқа узрли сабабларга кўра уч ой давомида ўз вазифаларини бажара олмай қолганда;

вафот этганда.


30. Университет аъзоларининг ваколатлари муддатидан илгари тўхтатилган тақдирда, бир ой муддатда фуқаролар йиғини мажлиси (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) томонидан бўшаб қолган ўринларга янги сайлов ўтказилади.



3-БОБ. "АЁЛЛАР МАСЛАҲАТ КЕНГАШИ"НИНГ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


1-§. "Аёллар маслаҳат кенгаши"нинг асосий мақсад

ва вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари


31. "Аёллар маслаҳат кенгаши"нинг (кейинги ўринларда - Кенгаш) мақсади ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш, ҳал этишга кўмаклашиш, оилаларни мустаҳкамлаш ва уларнинг фарзанд тарбиясидаги ролини ҳамда ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган маслаҳатлар бериш, "одобли қиз", "иффатли келин" ва "маърифатли аёл" ғояларини кенг тарғиб этишдан иборат.


32. Кенгашнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва уларни ҳал этишга кўмаклашиш, зарур ҳолларда "Аёллар дафтари"га киритиш учун анкета-сўровнома тўлдириш;

ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни тадбиркорликка ўқитиш, бизнесга оид намунавий режаларни ишлаб чиқиш ва кредит олишда уларга кўмаклашиш;

"Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизлар билан манзилли ишларни амалга ошириш, уларга психологик маслаҳатлар бериб бориш;

хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, улар учун яратилаётган имкониятлар ва берилаётган имтиёзларнинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш;

хотин-қизларга ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий, педагогик, психологик ва тиббий маслаҳатлар бериш орқали уларнинг оилаларни мустаҳкамлаш ва фарзанд тарбиясидаги ролини ҳамда ижтимоий фаолликларини ошириш;

аҳоли ўртасида "одобли қиз", "иффатли келин" ва "маърифатли аёл" ғояларини кенг тарғиб этиш;

хотин-қизларнинг, айниқса, "Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизларнинг муаммолари ўз вақтида бартараф этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш.

33. Кенгаш ўзига юкланган вазифаларни бажаришда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

хотин-қизларнинг, шу жумладан, "Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ва уларнинг муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиш;

хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахлдор масалаларни ҳар томонлама таҳлил қилиш, уларни бартараф этишнинг энг мақбул йўлларини аниқлаш мақсадида сўров ўтказиш;

ўтказилган тадбирлар якунларига бўйича таклифлар ва тавсиялар тайёрлаш ҳамда уларни фуқаролар йиғини кенгаши ҳамда туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимига кўриб чиқиш учун тақдим этиш;

оилалар ва хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни амалга оширувчи ташкилотлар билан мақсадли алоқалар ўрнатиш;

хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги фактлари аниқланган тақдирда, материалларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юбориш учун туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимига тақдим этиш;

зарур ҳолатларда Кенгаш фаолиятига малакали мутахассисларни жалб этиш;

ушбу Намунавий низомда белгиланган вазифалар доирасида ташаббуслар кўрсатиш;

семинар, тренинг, учрашувлар, давра суҳбатлари, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларни ўтказиш;

оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан, Интернет жаҳон ахборот тармоғида ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотни тарқатиш;

хотин-қизлар, айниқса, ёрдамга муҳтож ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёллар учун назарда тутилган имтиёзлар тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларининг ижроси устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш.


34. Кенгаш қуйидагиларга мажбур:

ўз фаолиятида қонунчиликка ва мазкур Намунавий низом талабларига риоя қилиш;

фуқаролар билан мулоқотда самимий, хушмуомала ва холис бўлиш;

давлат органларининг, улар мансабдор шахсларининг ўз ваколатлари доирасида амалга оширадиган фаолиятига аралашмаслик;

хотин-қизларнинг шаъни ва қадр-қиммати камситилишига, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўймаслик;

ўз фаолиятини амалга ошириш чоғида олинган ахборотнинг тарқатилиши қонун билан чекланган бўлса, унинг махфийлигига риоя этиш, аён бўлган сирларнинг ўзгаларга ошкор қилинишига йўл қўймаслик.



2-§. Кенгаш таркибини шакллантириш

ва фаолиятини ташкил этиш


35. Кенгаш фуқаролар йиғини (фуқаролар вакиллари йиғилиши) томонидан 10-15 нафар аъзодан иборат таркибда тузилади ҳамда туман (шаҳар) хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши қарори билан тасдиқланади.

Кенгаш аъзолари сони фуқаролар йиғинидаги аҳоли сони ҳамда иш ҳажмига қараб белгиланади.


36. Кенгаш таркибига маҳалладаги хотин-қизлар фаоли, маҳаллада истиқомат қиладиган ҳамда бой ҳаётий ва амалий тажрибага эга, аёлларнинг муаммоларидан яқиндан хабардор бўлган, фаол ҳамда ташаббускор, аҳоли орасида обрў-эътиборга эга бўлган хотин-қизлар, зиёли онахонлар, тадбиркор аёллар, ҳудуддаги таълим ва тиббиёт муассасаларида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритаётган хотин-қизлар, отинойилар, психологлар киритилиши мумкин.

37. Кенгаш фаолияга маҳалла ҳудудида истиқомат қилаётган, ҳаётий тажрибага, аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлган, салоҳиятли, фаол аёл раҳбарлик қилади.

Маҳалладаги хотин-қизлар фаоли хотин-қизлар билан ишлаш бўйича Кенгаш фаолиятини ташкил этади ва мувофиқлаштириб боради.

38. Кенгаш раиси:

Кенгаш фаолиятига умумий раҳбарлик қилади;

Кенгаш мажлисларини чақиради ва раислик қилади;

Кенгашнинг жорий ишларини ташкил қилади;

фуқаролар йиғини, фуқаролар йиғини кенгаши мажлисларида Кенгашнинг номидан вакил бўлади;

Кенгаш номидан чиқадиган ҳужжатларни имзолайди;

Кенгаш фаолиятига оид ўқув-методик кўрсатмалар ҳақида аъзоларни ўз вақтида хабардор қилади ва ижроси амалга оширилишини таъминлайди;

Кенгаш фаолиятини таҳлил қилиш ва уни янада такомилаштириш бўйича тадбирлар ишлаб чиқади;

Кенгашнинг самарали ишини таъминлаш бўйича бошқа ваколатларни амалга оширади.

Кенгаш раиси ушбу Намунавий низомда белгиланган вазифаларни Кенгаш аъзолари ўртасида тақсимлайди ҳамда уларга юклатилган вазифаларнинг бажарилишини таъминлайди.


39. Кенгаш ўзининг биринчи ташкилий йиғилишида аъзолар ичидан Кенгаш раисини, унинг ўринбосарини ва Кенгаш котибини сайлайди.

Кенгаш раиси ўринбосарининг вазифалари Кенгаш раиси томонидан маҳалладаги хотин-қизлар фаоли билан келишган ҳолда белгиланади. Кенгаш раиси узрли сабабларга кўра бўлмаган ҳолларда, раис ўринбосари унинг вазифасини бажаради.

40. Кенгаш котиби йиғилишларнинг баённомасини юритади ва қарорлар ижросини назорат қилади.


41. Кенгаш йиғилишлари заруратга қараб, бироқ ҳар чоракда камида бир марта ўтказилади.


42. Кенгаш иш тартиби (жадвали) Кенгаш раҳбари томонидан Кенгаш аъзолари билан келишган ҳолда мазкур Намунавий низомга 2-иловада келтирилган иш тартиби асосида белгиланади.


43. Кенгашга ажратилаётган хоналарни зарур жиҳозлар билан таъминлаш, хоналарни таъмирлаш, Кенгаш аъзоларини моддий рағбатлантириш харажатлари тегишли ташкилотлар, жамғармалар ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.


44. Қуйидагилар Кенгашнинг иш фаолияти усуллари ҳисобланади:

индивидуал суҳбат;

индивидуал маслаҳат (таълим олиш, иш фаолиятидаги муаммолар, шахслараро муносабатлар, шахсий муаммолар бўйича);

анкета сўрови;

психологик ташхис қўйиш;

психологик, педагогик ва ҳуқуқий маслаҳат, психологик коррекция;

тренинг (ўзаро муносабатлар ва касбий муваффақиятга эришишга кўмаклашувчи қизиқарли ва самарали машқлар);

давра суҳбати;

маънавий-маърифий тадбир;

психолог билан психологик компетентлилик ва юзага келаётган муаммоли вазиятларни самарали ечиш кўникмасини ривожлантирувчи турли формат (маъруза, семинар, клуб)да мавзули учрашувлар.


45. Кенгаш ўз фаолияти юзасидан ҳар ойда туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимига, йилнинг ҳар чорагида фуқаролар йиғини мажлиси (фуқаролар вакилларининг йиғилиши)га ҳисобот бериб боради.

46. Кенгаш фаолиятини туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлими мувофиқлаштиради, методик-амалий жиҳатдан кўмаклашади, Кенгашнинг иш режасини тасдиқлайди, чораклик, ярим йиллик ва йиллик фаолияти мониторингини юритади.

47. Туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлими томонидан мунтазам равишда "Аёллар маслаҳат кенгашлари" раҳбарлари ва аъзоларининг билим ва малакаларини ошириш чоралари кўрилади.

48. Кенгаш фуқаролар йиғинлари ҳузуридаги Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш ва Хотин-қизлар билан ишлаш бўйича комиссиялар билан қуйидаги ҳолатларда ўзаро ҳамкорлик қилади:

хотин-қизларнинг муаммоларига комплекс ёндашиш зарурияти туғилганда;

муаммоли масалаларни ҳал этиш мурожаат этган хотин-қизларнинг оила аъзолари билан боғлиқ бўлганда;

хотин-қизларнинг фарзанд тарбиясидаги ҳамда оилаларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашдаги ролини оширишга оид таклифлар ишлаб чиқишда;

хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этишда.



4-БОБ. "КЕКСАЛАР МАСЛАҲАТ ГУРУҲИ"НИНГ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


1-§. "Кексалар маслаҳат гуруҳи"нинг мақсади, асосий

вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари


49. "Кексалар маслаҳат гуруҳи"нинг (кейинги ўринларда - Гуруҳ) мақсади кексаларнинг муаммоларини манзилли ўрганиш ва бартараф этиш, кекса авлод вакилларининг бой ҳаётий тажрибасидан оилалар ва маҳаллада ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш, ёшларни тарбиялашда унумли фойдаланиш, уларнинг ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этишини таъминлашдан иборат.


50. Қуйидагилар Гуруҳнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

ҳудудда аҳолига хизмат кўрсатувчи ташкилот ва идоралар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти устидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жамоатчилик назоратини ўрнатиш;

аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, аҳолининг, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтиришга кўмаклашиш;

ота-оналарнинг фарзанд тарбиясидаги масъулияти ва огоҳлигини ошириш, жаҳолатга қарши таъсирчан маърифат тарғиботини, умумтаълим мактабларида кийиниш маданияти, ўқувчиларнинг давоматини таъминлашга қаратилган тадбирларни амалга ошириш;

кекса авлод вакилларининг давлат ва жамият ҳаётидаги ижтимоий фаоллигини ошириш, фуқаролар йиғини ҳудудидаги муаммоларни ҳал этиш, миллий урф-одат, анъана ва маросимларни ташкил этиш ҳамда ўтказишда йўл-йўриқ кўрсатиш;

оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни мустаҳкамлашда фуқаролар йиғини кенгашига кўмаклашиш;

камбағал ва кўп болали оилалар, ёлғиз, ногиронлиги бўлган фуқаролар ҳолидан хабар олиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашда фуқаролар йиғини кенгашига, давлат ва жамоат ташкилотларига кўмаклашиш;

аҳоли ўртасида жисмоний тарбия машғулотлари гуруҳларини шакллантириш, кексаларни оммавий спорт мусобақаларига кенг жалб этишда фаоллик кўрсатиш;

ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббуснинг маҳаллаларда амалга оширилишида фаоллик кўрсатиш;

лоқайдлик, оилавий келишмовчиликлар ва ёшлар ўртасида "оммавий маданият"нинг салбий иллатлари тарқалишини олдини олиш, фуқаролар йиғинида ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда жамоатчилик муносабатини шакллантириш;

кексалар орасида спорт-соғломлаштириш, муваффақиятли қариш, саломатлик учун шахсий масъулиятни юксалтириш каби тарғибот тадбирларини амалга ошириш;

ижтимоий ҳимоядаги ёлғиз кексаларнинг тиббий кўрикдан ўтказилиши, қаровчисиз қолган фуқароларни амбулатор-стационар ҳамда уй шароитида даволаш, ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларга тиббий-ижтимоий хизматларнинг ташкил этилишини назорат қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;

жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган пенсия ёшидаги кишиларнинг жамиятга ижтимоий мослашуви, бандлигини таъминлашга кўмаклашиш;

тўй ва бошқа оилавий тадбирларни ихчам ҳолда ўтказиш бўйича маҳаллада тарғибот ва тушунтириш ишларини олиб бориш;

илм-фан, санъат, ҳунармандчилик, касаначилик, томорқа маданияти, тадбиркорлик каби турли соҳалар бўйича катта ҳаётий ва касбий тажрибага эга кексалар иштирокида аҳоли орасида тадбирлар ўтказиш;

ёлғиз кексалар ҳамда пенсионерлар учун тарихий қадамжолар, зиёратгоҳларга мунтазам саёҳатлар уюштириш.


51. Гуруҳ қуйидаги ҳуқуқларга эга:

фаолияти учун зарур бўлган маълумотларни тегишли ташкилотлардан белгиланган тартибда сўраб олиш;

фаолият йўналишига оид у ёки бу масалалар юзасидан қабул қилган қарорларини фуқаролар йиғини кенгашида кўриб чиқиш учун тақдим этиш;

ушбу Намунавий низомда белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида тадбирларга давлат ташкилотлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларнинг вакилларини ва бошқа шахсларни жалб қилиш;

маҳалладаги тинчлик, ҳамжиҳатлик муҳитига салбий таъсир кўрсатувчи омилларнинг сабаблари ва оқибатларини бартараф этиш бўйича фуқаролар йиғини кенгаши, фуқаролар йиғини мажлиси (фуқаролар вакиллари йиғилиши)га таклифлар киритиш;

ижтимоий фаол, ташаббускор, фидойи кексаларни рағбатлантириш, шу жумладан, "Меҳнат фахрийси", "Мўътабар аёл" ва "Маҳалла ифтихори" кўкрак нишонларига тавсия этиш бўйича фуқаролар йиғини кенгаши, фуқаролар йиғини мажлиси (фуқаролар вакиллари йиғилиши)га таклифлар киритиш;

маҳаллада кексаларнинг муаммоларини ўрганиб, уларни бартараф этиш бўйича масъулларга тавсиялар бериш.


52. Гуруҳнинг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

ўз фаолиятида қонунчилик ҳужжатларига ва мазкур Намунавий низом талабларига қатъий риоя қилиш;

фуқаролар йиғини ҳаётида, фуқаролар йиғини мажлиси (фуқаролар вакиллари йиғилиши), фуқаролар йиғини кенгашининг қарорларини амалиётга татбиқ этишда фаол иштирок этиш;

йўналиши бўйича тарғибот тадбирларини самарали ҳамда мақсадли тарзда мунтазам равишда амалга ошириш;

Гуруҳ фаолиятида фуқароларнинг қадр-қиммати камситилишига, ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол этилишига йўл қўймаслик;

қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган ҳолларда тегишли органларга хабар бериш тўғрисида фуқаролар йиғини кенгашига таклифлар киритиш;

Гуруҳ аъзоларига аён бўлган шахсий ҳаётга оид маълумотларни ўзгаларга ошкор қилмаслик.



2-§. Гуруҳ таркибини шакллантириш

ва унинг фаолиятини ташкил этиш


53. Гуруҳ таркиби фуқаролар йиғини мажлиси (фуқаролар вакиллари йиғилиши) томонидан фуқаролар йиғини раиси сайлови ўтказилганидан кейин бир ой ичида 8-12 нафар аъзодан иборат таркибда беш йил муддатга сайланади.

Гуруҳ таркибига ижтимоий фаол, маҳаллада обрў-эътиборли, бошқаларга ибрат бўладиган кекса авлод вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг нафақадаги ходимлари киритилади.

Гуруҳга раҳбарлик фуқаролар йиғини раиси томонидан амалга оширилади.

Гуруҳ таркибига номзодга фуқаролар йиғини мажлисида (фуқаролар вакиллари йиғилишида) ҳозир бўлганларнинг ярмидан кўпи ёқлаб овоз берган бўлса, у сайланган ҳисобланади.

Гуруҳ аъзоси муддатидан аввал Гуруҳ таркибидан чиқса, Гуруҳнинг янги аъзоси бир ой муддат ичида фуқаролар йиғини мажлиси (фуқаролар вакиллари йиғилиши) томонидан сайланади.


54. Гуруҳ раҳбари:

Гуруҳ фаолиятини ташкил қилади ва мувофиқлаштиради;

ушбу Намунавий низомда белгиланган вазифаларнинг Гуруҳ аъзолари томонидан бажарилишини таъминлайди;

мажлисларни чақиради ва ўтказади;

фуқаролар йиғини (фуқаролар вакиллари йиғилиши), фуқаролар йиғини кенгаши мажлисларида унинг номидан вакил бўлади;

Гуруҳ номидан чиқадиган ҳужжатларни имзолайди.


55. Гуруҳ ўзининг биринчи ташкилий йиғилишида аъзолар ичидан Гуруҳ раҳбарининг ўринбосарини ва Гуруҳ котибини сайлайди.

Гуруҳ раҳбари ўринбосарининг вазифалари Гуруҳ раҳбари томонидан фуқаролар йиғини кенгаши билан келишган ҳолда белгиланади.

Гуруҳ раҳбари узрли сабабларга кўра бўлмаган ҳолларда раҳбар ўринбосари унинг вазифасини бажаради.


56. Вазифалар тақсимоти ҳамда унга асосан тузилган Гуруҳнинг йиллик, чораклик иш режалари Гуруҳ йиғилишида муҳокама этилади ва фуқаролар йиғини кенгаши томонидан тасдиқланади.

Гуруҳ иш режаси ижроси юзасидан Гуруҳ аъзоларининг амалга оширилган ишлар бўйича ҳисоботлари ҳар ойда Гуруҳ йиғилишларида эшитилиб, тегишли қарорлар қабул қилиб борилади.

Гуруҳ йиғилиши, агар унинг ишида аъзоларининг камида учдан икки қисми қатнашаётган бўлса, ваколатли ҳамда аъзоларнинг ярмидан кўпи ёқлаб овоз берган қарор қабул қилинган ҳисобланади.


57. Гуруҳ котиби йиғилишларнинг баённомасини юритади ва қарорлар ижросини назорат қилади.


58. Гуруҳ ўз фаолияти юзасидан ҳар ойда фуқаролар йиғини кенгашига, йилнинг ҳар чорагида фуқаролар йиғини мажлиси (фуқаролар вакиллари йиғилиши)га ҳисобот бериб боради.



4-1-БОБ. МАҲАЛЛА НАЗОРАТИ ГУРУҲИНИНГ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


1-§. Маҳалла назорати гуруҳининг асосий мақсад

ва вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари


58-1. Маҳалла назорати гуруҳининг мақсади аҳолининг давлат ва жамият ишларини бошқаришда иштирокини кенгайтириш орқали давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишдан иборат.


58-2. Қуйидагилар Маҳалла назорати гуруҳининг асосий вазифалари ҳисобланади:

қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, қарорларда, шунингдек, давлат, тармоқ ва ҳудудий ривожлантириш дастурларида жамоатчилик манфаатлари ва жамоатчилик фикри ҳисобга олиниши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш;

фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, жамият манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчилик талабларининг таъминланиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш;

давлат органлари ва ташкилотларига, уларнинг мансабдор шахслари зиммасига юкланган, ижтимоий ва жамоатчилик манфаатларига дахлдор бўлган вазифалар ва функциялар бажарилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш;

давлат хизматларини кўрсатиш бўйича давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш;

давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларининг ижтимоий шериклик доирасида амалга ошириладиган битимлар, шартномалар, лойиҳалар ва дастурларни бажаришга доир фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш;

маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг ёрдамчиси, маҳалладаги ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаоли, ички ишлар органлари таянч пункти профилактика (катта) инспекторлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш.


58-3. Маҳалла назорати гуруҳи ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

тегишли ҳудудда қонунлар ва бошқа қонунчилик ҳужжатларининг бажарилиш ҳолатини ўрганади;

давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига доир масалалар юзасидан фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда иштирок этади, шунингдек, уларни кўриб чиқиш натижалари бўйича давлат органлари ва ташкилотларига тегишли таклифлар киритади;

давлат органлари ва ташкилотларининг маҳаллага бириктирилган ходимлари томонидан бажарилаётган ишларнинг натижаларини таҳлил қилади;

давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади, шунингдек, киритилган таклифларни мазкур давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари ўртасида муҳокама қилишга бағишланган тадбирларда иштирок этади;

қабул қилинган дастурлар асосида амалга оширилган ишларнинг самарадорлигини таҳлил қилади, шунингдек, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тайёрлайди;

ижтимоий аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва давлат органлари ва ташкилотларининг бошқа қарорлари лойиҳаларини кўриб чиқишда иштирок этади;

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонунчилик талаблари бузилганлиги аниқланган ҳолатлар юзасидан чоралар кўриш тўғрисида тегишли давлат органлари ва ташкилотларига таклифлар киритади;

жамоатчилик назорати натижаларига кўра таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш ҳамда уларни тегишли давлат органлари ва ташкилотларига кўриб чиқиш учун юбориш;

жамоатчилик назорати натижалари асосида аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф қилиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади.


58-4. Маҳалла назорати гуруҳи ўз вазифаларини амалга оширишда оммавий ахборот воситалари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, шунингдек, фуқаролар йиғини кенгаши, фуқаролар йиғинининг ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва жамоатчилик назорати бўйича комиссияси ҳамда бошқа комиссиялари, ҳамда фуқаролар йиғини фаолиятига кўмаклашувчи жамоатчилик тузилмалари билан ҳамкорлик қилади.


58-5. Маҳалла назорати гуруҳи ўзининг асосий вазифа ва функцияларини бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат органлари ва ташкилотларига мурожаатлар ва сўровлар юбориш;

давлат органлари ва ташкилотларининг очиқ ҳайъат мажлисларида иштирок этиш;

давлат органлари ва ташкилотларидан уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш учун зарур бўлган ахборотлар, статистика ва бошқа материалларни белгиланган тартибда олиш;

ижтимоий аҳамиятга эга масалалар, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, давлат органлари ва ташкилотларининг бошқа қарорлари лойиҳалари юзасидан жамоатчилик муҳокамасини ташкил этиш;

давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларининг фаолиятига тааллуқли ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган ёхуд фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамият манфаатларига дахлдор масалалар юзасидан жамоатчилик эшитувини ўтказиш;

давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларининг фаолияти бўйича жамоатчилик манфаатига дахлдор ахборотни тўплаш, умумлаштириш ва таҳлил этиш орқали жамоатчилик мониторингини амалга ошириш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини жамоатчилик экспертизасидан ўтказиш;

ҳар ойда маҳалла кенгашида тегишли давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг амалга оширилган ишлар бўйича ахборотларини эшитиш;

аҳоли эътирозларига энг кўп сабаб бўлаётган муаммоларни аниқлаш мақсадида мунтазам равишда муҳокамаларни, шу жумладан, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўтказиш;

фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари, жамият манфаатлари бузилганлиги аниқланганда, материалларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юбориш;

юкланган вазифаларни бажариш учун нодавлат нотижорат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари, шунингдек, фуқаролар йиғинининг бошқа жамоатчилик комиссиялари ва тузилмалари ҳамда фуқаролар билан ҳамкорлик қилиш, семинарлар, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирларни ташкил этиш.

Маҳалла назорати гуруҳи қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


58-6. Маҳалла назорати гуруҳи ўз фаолиятини амалга оширишда:

жамоатчилик назорати тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ва мазкур Низом талабларига риоя қилиши;

давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти билан боғлиқ қонунчиликда белгиланган чекловларга амал қилиши;

давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларининг ўз ваколатлари доирасида амалга оширадиган фаолиятига аралашмаслиги;

давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларининг фаолият кўрсатиши учун тўсқинлик қилмаслиги;

фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлашга, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўймаслиги;

жамоатчилик назоратини амалга ошириш жараёнида олинган ахборотнинг, агар бундай ахборотни тарқатиш қонун билан чекланган бўлса, ошкор этмаслиги шарт.



2-§. Маҳалла назорати гуруҳи таркибини шакллантириш

ва унинг фаолиятини ташкил этиш


58-7. Маҳалла назорати гуруҳи унинг раҳбари, раҳбар ўринбосари, котиби ва аъзоларидан иборат.


58-8. Маҳалла назорати гуруҳи аъзолигига маҳаллада обрў-эътиборли, ижтимоий фаол, бошқаларга ибрат бўладиган, катта ҳаётий тажрибага эга фуқаролар (давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахслари бундан мустасно), шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари қабул қилинади.

Маҳалла назорати гуруҳи таркибини шакллантиришда гендер тенглик тамойилига риоя қилинади, шунингдек, унинг таркибига ногиронлиги бўлган шахслар ҳам киритилади.

Маҳалла назорати гуруҳи аъзоларининг сони чекланмаган.


58-9. Маҳалла назорати гуруҳи аъзолари фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) томонидан ҳар 5 йилда сайланади.

Маҳалла назорати гуруҳига фуқаролар йиғини раиси раҳбарлик қилади.

Маҳалла назорати гуруҳи таркибига киритиладиган номзодга фуқаролар йиғинида (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) ҳозир бўлганларнинг ярмидан кўпи ёқлаб овоз берган тақдирда, у сайланган ҳисобланади.

Маҳалла назорати гуруҳи аъзоси муддатидан аввал гуруҳ таркибидан чиқарилганда, гуруҳнинг янги аъзоси бир ой муддат ичида фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) томонидан сайланади.


58-10. Маҳалла назорати гуруҳи ўзининг биринчи ташкилий йиғилишида аъзолар ичидан гуруҳ раҳбарининг ўринбосарини ва гуруҳ котибини сайлайди.


58-11. Маҳалла назорати гуруҳи аъзолари ҳақидаги маълумотлар, шунингдек, уларнинг боғланиш маълумотлари (телефон, почта ва электрон манзиллари) ва уларга киритилган ўзгартиришлар улар сайланган пайтдан бошлаб 5 кун ичида туман (шаҳар) ҳокимликлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги расмий веб-сайтларида (кейинги ўринларда - веб-сайт) алоҳида бўлимда эълон қилиниши шарт.


58-12. Қуйидаги ҳолатларда Маҳалла назорати гуруҳи раҳбарининг ўринбосари, котиби ва аъзолари гуруҳ таркибидан чиқарилиши мумкин:

уларнинг Маҳалла назорати гуруҳи таркибидан чиқиш тўғрисидаги аризасига мувофиқ;

узрли сабабларсиз Маҳалла назорати гуруҳи йиғилишларида иштирок этмаганда, шунингдек, мазкур Низомнинг 585-бандида назарда тутилган мажбуриятларни бажармаганда;

уларга нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганда;

вафот этганда, шунингдек, суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори асосида улар муомалага лаёқатсиз, бедарак йўқолган ёки вафот этган деб топилганда.


58-13. Маҳалла назорати гуруҳи раҳбари:

Маҳалла назорати гуруҳи фаолиятига раҳбарлик қилади ва ташкил этади;

Маҳалла назорати гуруҳи йиғилишларини чақиради ва кун тартибини белгилайди;

Маҳалла назорати гуруҳи йиғилишларида раислик қилади;

Маҳалла назорати гуруҳининг ҳужжатларини имзолайди;

Маҳалла назорати гуруҳи аъзоларининг зиммасига юкланган вазифалар бажарилишини таъминлайди;

веб-сайтда Маҳалла назорати гуруҳи фаолияти билан боғлиқ очиқ эълон қилиниши лозим бўлган маълумотларнинг жойлаштирилиши ҳамда янгиланиб борилишини таъминлайди;

Маҳалла назорати гуруҳининг самарали ишини таъминлаш бўйича бошқа функцияларни амалга оширади.


58-14. Маҳалла назорати гуруҳи раҳбари узрли сабабларга кўра бўлмаган ҳолларда, унинг вазифасини раҳбар ўринбосари бажаради.


58-15. Маҳалла назорати гуруҳининг котиби:

Маҳалла назорати гуруҳи йиғилишларига барча зарур материаллар ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди, давлат органлари ва ташкилотларидан зарур ҳужжатлар ва маълумотларни сўраб олади;

кун тартибига мувофиқ Маҳалла назорати гуруҳи йиғилишлари ўтказилишини ташкил этади;

Маҳалла назорати гуруҳи йиғилиши ўтказиладиган сана, жой ва таклиф этиладиган шахслар рўйхатини гуруҳ раҳбари билан келишади;

Маҳалла назорати гуруҳи аъзоларини ва таклиф этилган шахсларни гуруҳ йиғилиши ўтказиладиган жой, сана ва вақт ҳақида хабардор қилади;

жамоатчилик назорати натижаларига кўра тайёрланган таклиф ҳамда тавсиялар тегишли давлат органлари ва ташкилотларига жўнатилишини таъминлайди.


58-16. Вазифалар тақсимоти ҳамда унга асосан тузилган Маҳалла назорати гуруҳининг йиллик, чораклик иш режалари гуруҳнинг йиғилишида муҳокама этилади ва фуқаролар йиғини кенгаши томонидан тасдиқланади.

Маҳалла назорати гуруҳи иш режасининг ижроси юзасидан гуруҳ аъзоларининг амалга оширилган ишлар бўйича ҳисоботлари ҳар ойда гуруҳ йиғилишларида эшитилиб, тегишли қарорлар қабул қилиб борилади.


58-17. Маҳалла назорати гуруҳининг йиғилиши, агар унда гуруҳ аъзоларининг камида учдан икки қисми (кворум) иштирок этган тақдирда, ваколатли ҳисобланади.

Йиғилишни ўтказиш учун кворум шаклланмаган тақдирда, Маҳалла назорати гуруҳининг янги йиғилиши ўтказиладиган сана эълон қилинади.


58-18. Маҳалла назорати гуруҳи йиғилишининг қарори йиғилишда иштирок этадиган гуруҳ аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда, Маҳалла назорати гуруҳи раҳбарининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.


58-19. Маҳалла назорати гуруҳининг якуний ҳужжатида баён этилган ахборот, тавсия ва таклифлар давлат органлари ва ташкилотлари томонидан мажбурий тартибда кўриб чиқилади ҳамда улар юзасидан қонуний қарорлар қабул қилинади.


58-20. Маҳалла назорати гуруҳи ўз фаолияти юзасидан ҳар ойда фуқаролар йиғини кенгашига, йилнинг ҳар чорагида фуқаролар йиғинига (фуқаролар вакилларининг йиғилишига) ҳисобот бериб боради.



3-§. Маҳалла раиси сўровини амалга ошириш тартиби


58-21. Маҳалла раиси тегишли ҳудудда жойлашган давлат органлари ва ташкилотлари мансабдор шахсларига уларнинг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки ўз нуқтаи назарини баён қилиш талаби билан сўров юборишга ҳақли.


58-22. Давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлар бўлган ҳужжатлар фуқаролар йиғини раиси сўрови орқали талаб қилиб олиниши мумкин эмас.


58-23. Маҳалла раиси сўрови фуқаролар йиғини фаолияти билан боғлиқ масалалар юзасидангина юборилиши лозим. Фуқаролар йиғини фаолияти билан боғлиқ бўлмаган шахсий манфаатларни кўзлаб маҳалла раиси сўровини юбориш тақиқланади.


58-24. Маҳалла назорати гуруҳи йиғилишида маҳалла раиси сўрови мазмуни бўйича муҳокама ўтказилади, зарур бўлган ҳолларда эса, фуқаролар йиғини кенгашининг муҳокамасига киритиш тавсия этилади.

Муҳокама натижалари бўйича мазкур сўровни маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисида тегишли қарор қабул қилинади.


58-25. Маҳалла назорати гуруҳи ёки фуқаролар йиғини кенгаши томонидан ижобий қарор қабул қилинган тақдирда, ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай маҳалла раиси сўрови давлат органлари ва ташкилотларининг тегишли мансабдор шахсига юборилади.


58-26. Маҳалла раиси сўрови давлат органлари ва ташкилотларининг битта мансабдор шахси номига ҳам, бир неча мансабдор шахси номига ҳам юборилиши мумкин.


58-27. Маҳалла раиси сўрови қисқа, лўнда ва тушунарли тарзда фуқаролар йиғинининг расмий бланкасида расмийлаштирилади ва маҳалла раиси томонидан имзоланади.


58-28. Маҳалла раиси сўровида қуйидагилар:

маҳалла раиси сўрови юборилиши сабабларининг қисқача асоси;

маҳалла раиси сўрови кимга юборилаётган бўлса, ўша шахснинг исми, фамилияси, отасининг исми;

ахборот (ҳужжатлар) тақдим этиш тўғрисидаги ёки тегишли маълумотларни текшириш ҳақидаги талаблар;

маҳалла раиси сўровига ўн беш кун муддат ичида жавоб тақдим этиш кўрсатилган бўлиши лозим.


58-29. Маҳалла раиси сўрови қайси мансабдор шахс номига юборилган бўлса, жавоб хати ўша мансабдор шахс ёки унинг вазифасини бажарувчи томонидан имзоланади ва сўров олинган кундан бошлаб ўн беш кундан кечиктирмай, сўралган барча ҳужжатларни илова қилган ҳолда фуқаролар йиғини раисига юборилади.


58-30. Маҳалла раиси сўровига жавоб хати Маҳалла назорати гуруҳи йиғилишида, зарур бўлган ҳолларда эса, фуқаролар йиғини кенгаши мажлисида маҳалла раиси томонидан ўқиб эшиттирилади.


58-31. Маҳалла назорати гуруҳининг йиғилиши ёки фуқаролар йиғини кенгаши мажлисида маҳалла раиси сўровига жавоб хати муҳокама қилиниб, тегишли қарор қабул қилинади.



4-2-БОБ. "МАҲАЛЛА ЕТТИЛИГИ"

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


1-§. "Маҳалла еттилиги"нинг асосий мақсади, вазифалари,

ваколатлари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари


58-32. "Маҳалла еттилиги"нинг мақсади маҳалланинг ички ресурсларини аниқлаш ҳамда ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатиш учун сафарбар этишдан иборат.


58-33. Қуйидагилар "Маҳалла еттилиги"нинг асосий вазифалари ҳисобланади:

тегишли ҳудудда қонунлар ва бошқа қонунчилик ҳужжатларининг ижроси таъминланишини, оилаларнинг иқтисодий-ижтимоий аҳволи ва эҳтиёжларини ўрганишда фуқаролар йиғини кенгашига кўмаклашиш;

жисмоний шахсларни "Темир дафтар", "Ёшлар дафтари" ва "Аёллар дафтари"га киритиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

жисмоний шахсларга "Темир дафтар", "Ёшлар дафтари", "Аёллар дафтари", Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳамда Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси орқали ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва субсидиялар ажратиш бўйича қарор қабул қилиш. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги ПФ-209-сон Фармони билан тасдиқланган "Маҳалла еттилиги"нинг коллегиал қарорлари асосида кўрсатиладиган ижтимоий ёрдам ва ажратиладиган субсидиялар рўйхати"да келтирилган ижтимоий ёрдам ва субсидиялар ажратиш;

фуқароларнинг оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолишининг олдини олиш ва бундай вазиятга тушганларни оғир вазиятдан чиқариш мақсадида ижтимоий ходим томонидан киритилган хулоса асосида "Саховат ва кўмак" жамғармаси ҳисобидан ёрдам бериш бўйича коллегиал қарор қабул қилиш;

давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятига доир масалалар юзасидан фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда иштирок этиш, шунингдек, уларни кўриб чиқиш натижалари бўйича давлат органлари ва ташкилотларига тегишли таклифлар киритиш;

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга ошириш.


58-34. Мазкур Намунавий низомнинг 4-бандида белгиланган жамоатчилик тузилмалари қарорларининг тавсиявий хусусиятга эга эканлиги тўғрисидаги қоида "Маҳалла еттилиги"нинг жисмоний шахсларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва субсидиялар ажратиш юзасидан қабул қиладиган қарорларига нисбатан татбиқ этилмайди.


58-35. "Маҳалла еттилиги" қуйидаги ҳуқуқларга эга:

фаолияти учун зарур бўлган маълумотларни давлат органлари ва ташкилотларидан белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги аниқланганда, материалларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юбориш;

ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига ижтимоий ёрдам турларини кўрсатиш ва субсидиялар ажратиш бўйича қарорлар қабул қилиш;

жисмоний шахсларга ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатиш соҳасига бевосита алоқаси бўлган давлат органлари ва ташкилотларининг вакилларини "Маҳалла еттилиги" фаолиятига жалб этиш.

"Маҳалла еттилиги" қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


58-36. "Маҳалла еттилиги"нинг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

ўз фаолиятида қонунчилик ҳужжатларига ва мазкур Намунавий низом талабларига қатъий риоя қилиш;

фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлашга, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўймаслик;

"Маҳалла еттилиги" аъзоларига аён бўлган шахсий ҳаётга оид маълумотларни ўзгаларга ошкор қилмаслик.



2-§. "Маҳалла еттилиги" таркибини шакллантириш

ва унинг фаолиятини ташкил этиш


58-37. "Маҳалла еттилиги" таркибига 7 нафар аъзодан иборат бўлган маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспектори киритилади.

"Маҳалла еттилиги"га фуқаролар йиғини раиси раҳбарлик қилади.

"Маҳалла еттилиги" аъзолари ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади.


58-38. Маҳалла раиси:

"Маҳалла еттилиги" фаолиятини ташкил қилади ва мувофиқлаштиради;

"Маҳалла еттилиги" аъзолари ўзларига юкланган вазифаларнинг бажарилишини таъминлайди;

мажлисларни чақиради ва ўтказади;

фуқаролар йиғини (фуқаролар вакиллари йиғилиши), фуқаролар йиғини кенгаши мажлисларида унинг номидан вакил бўлади;

"Маҳалла еттилиги" номидан чиқадиган ҳужжатларни имзолайди.


58-39. "Маҳалла еттилиги" котиби вазифасини бажариш маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчисига юкланади.


58-40. "Маҳалла еттилиги" ваколатига доир масалалар унинг мажлисларида кўриб чиқилади.

"Маҳалла еттилиги" мажлисининг ҳужжатларини тайёрлаш ва аъзоларини чақириш вазифаси котиб томонидан амалга оширилади.

Ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ва ижтимоий ходим уларга юкланган вазифалар юзасидан жисмоний шахсларни тегишли дафтарларга киритиш, улардан чиқариш ҳамда уларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва субсидиялар ажратиш бўйича ҳужжатларни шакллантириш учун жавобгар ҳисобланади.

"Маҳалла еттилиги" котиби йиғилишларнинг баённомасини юритади ва қарорлар ижросини назорат қилади.


58-41. "Маҳалла еттилиги"нинг йиғилиши, агар унда аъзоларнинг камида учдан икки қисми (кворум) иштирок этган тақдирда, ваколатли ҳисобланади.

Йиғилишни ўтказиш учун кворум шаклланмаган тақдирда, "Маҳалла еттилиги"нинг янги йиғилиши ўтказиладиган сана эълон қилинади.


58-42. "Маҳалла еттилиги" йиғилишининг қарори йиғилишда иштирок этадиган аъзоларнинг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда, маҳалла раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.


58-43. "Маҳалла еттилиги" ўз фаолияти юзасидан ҳар ойда маҳалла фуқаролар йиғини кенгашига, йилнинг ҳар чорагида фуқаролар йиғини мажлисига (фуқаролар вакиллари йиғилишига) ҳисобот беради.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


59. Фуқаролар йиғинидаги жамоатчилик тузилмаларининг тугатиш ва фаолиятини қайта ташкил этиш тегишли фуқаролар йиғини бирлаштирилганда, бўлинганда, тугатилганда ва чегаралари ўзгартирилганда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қарорига мувофиқ амалга оширилади.


60. Ушбу Намунавий низом талабларини бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.






Намунавий низомга

1-ИЛОВА



"ТАСДИҚЛАЙМАН"

"Ота-оналар университети"

раҳбари ___________

20___ йил "____" _________



1. Мурожаат қилган шахс/оила ҳақида қисқача маълумот:

       

      

      

       

2. Мурожаат мақсади, муаммо:

       

      

      

3. Мурожаат қилган шахс/оила билан индивидуал иш олиб бориш бўйича чора-тадбирлар режаси

Т/р

Тадбирлар номи


Муддатлар


Жалб қилинадиган

ташкилот/мутахассис


Кутилаётган натижа


1.

Вазиятни баҳолаш


1 кун

Университет аъзоси


Муаммоларни аниқлаш


2.

1-муаммо ечими бўйича қилинадиган ишлар (ўғлига)


5 кун

Мактаб психологи билан индивидуал суҳбат


Психологик ҳолати ва ахлоқини яхшилаш


3.

Қизиқишига кўра фарзандини тўгаракка жалб қилиш


3 кун

Мактаб маъмурияти


Боланинг бўш вақтини тўғри тақсимлаш


4.

2-муаммо ечими бўйича қилинадиган ишлар (онасига)


3 кун

Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази мутахассиси билан индивидуал суҳбат


Ишга жойлаштириш масаласини ҳал қилиш


5.

Оила иқтисодиёти бўйича ўқув машғулоти (онасига)


2 ҳафта (жадвал асосида)


Гуруҳларда машғулотлар


Оила иқтисодиётига оид билим ва кўникмаларга эга бўлиш


...






          

Масъул шахс ___________________



ЭРИШИЛГАН НАТИЖА:

      

      

      

ХУЛОСА:

       

      

      

       





Намунавий низомга

2-ИЛОВА



____________ фуқаролар йиғини ҳузуридаги

"Аёллар маслаҳат кенгаши"нинг раҳбари ва аъзолари

томонидан фуқароларни қабул қилиш вақти

Т/р

Қабул куни


Вақти


Ф.И.О.


Лавозими


1.

Душанба

10.00 - 13.00


____________маҳалла фаоли, кенгаш аъзоси

15.00 - 18.00


____________маҳалла фаоли,

кенгаш аъзоси


2.

Сешанба

10.00 - 13.00


____________маҳалла фаоли,

кенгаш аъзоси


15.00 - 18.00


____________маҳалла фаоли,

кенгаш аъзоси


3.

Чоршанба

10.00 - 13.00


____________маҳалла фаоли,

кенгаш аъзоси


15.00 - 18.00


____________маҳалла фаоли,

кенгаш аъзоси


4.

Пайшанба

10.00 - 13.00


____________маҳалла фаоли,

кенгаш аъзоси


15.00 - 18.00


____________маҳалла фаоли,

кенгаш аъзоси


5.

Жума

10.00 - 13.00


____________маҳалла фаоли,

кенгаш аъзоси


15.00 - 18.00


____________маҳалла фаоли,

кенгаш аъзоси


6.

Шанба

10.00 - 13.00


____________маҳалла фаоли,

кенгаш аъзоси


15.00 - 18.00


____________маҳалла фаоли,

кенгаш аъзоси


7.

Ҳар куни

Заруратга қараб


____________маҳалладаги хотин-қизлар фаоли, кенгаш раиси

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 19 июнь





































Время: 0.0069
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск