ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Маҳаллий давлат ҳокимият органлари / Умумий қоидалар /

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари ва фармойишларини "E-qaror" электрон тизими орқали ишлаб чиқиш, келишиш, қабул қилиш (чиқариш), рўйхатга олиш ва эълон қилиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 22.06.2021 й. 390-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 22 июндаги

390-сон қарорига

1-ИЛОВА



Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг

қарорлари ва фармойишларини "E-qaror" электрон

тизими орқали ишлаб чиқиш, келишиш, қабул қилиш

(чиқариш), рўйхатга олиш ва эълон қилиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари ва фармойишларини (кейинги ўринларда - ҳужжатлар лойиҳалари) маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қарорларини ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон - "E-qaror" тизими (кейинги ўринларда - "E-qaror" электрон тизими) орқали ишлаб чиқиш, келишиш, қабул қилиш (чиқариш) рўйхатга олиш ва эълон қилиш тартибини белгилайди.


2. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳужжатларининг лойиҳалари, шу жумладан, хизмат доирасида фойдаланиш учун мўлжалланган ҳужжатлар лойиҳалари "E-qaror" электрон тизими орқали қабул қилинади.


3. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат ҳисобига олиш "E-qaror" электрон тизими орқали амалга оширилади.

"E-qaror" электрон тизимини четлаб ўтган ҳолда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг тегишли қарорлари ва фармойишларини қабул қилиш (чиқариш)га йўл қўйилмайди. Бундай ҳужжатлар юридик кучга эга эмас ҳамда у қабул қилинган пайтдан эътиборан ҳеч қандай ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқармайди.


4. Қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ давлат сири ҳисобланган маълумотлар ва махфий маълумотларни ўз ичига олган маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳужжатлари лойиҳаларини "E-qaror" электрон тизими орқали қабул қилишга (чиқариш) йўл қўйилмайди.

Қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллардан ташқари махфий тоифага кирмайдиган ҳужжатлар лойиҳаларини мустақил равишда ушбу тоифага киритиш тақиқланади.


5. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳужжатлари лойиҳаларини "E-qaror" электрон тизими орқали ишлаб чиқиш, келишиш, қабул қилиш (чиқариш), рўйхатга олиш ва эълон қилиш ушбу қарорга 2 ва 3-иловалардаги схемаларга мувофиқ амалга оширилади.



2-БОБ. ҲУЖЖАТЛАР ЛОЙИҲАЛАРИНИ

"E-QAROR" ЭЛЕКТРОН ТИЗИМИ ОРҚАЛИ

ИШЛАБ ЧИҚИШ ВА КЕЛИШИШ


6. Ҳужжатлар лойиҳалари маҳаллий давлат ҳокимияти органининг масъул таркибий бўлинмаси ёки манфаатдор ҳудудий давлат органи (кейинги ўринларда - ишлаб чиқувчи) томонидан "E-qaror" электрон тизими орқали ишлаб чиқилади.


7. Зарурат бўлганда ишлаб чиқувчи лойиҳани "E-qaror" электрон тизими орқали манфаатдор ташкилотлар билан келишиш учун юборади.


8. Манфаатдор ташкилотлар "E-qaror" электрон тизими орқали кўриб чиқиш учун келиб тушган лойиҳани 3 кун муддатда:

иш юритувига қабул қилади ҳамда кўриб чиқади;

электрон рақамли имзо қўйиш йўли билан келишади (виза қўяди) ёки зарурат бўлганда лойиҳа юзасидан ишлаб чиқувчига электрон тизим орқали ўз таклиф ва эътирозларини кўрсатган ҳолда жавоб хатини киритади;

келишилган лойиҳани уларни ишлаб чиқувчига юборади.


9. Манфаатдор ташкилотларга келишиш учун киритилган ҳужжатлар лойиҳалари юзасидан белгиланган муддатларда "E-qaror" электрон тизими орқали муносабат билдирилмаган тақдирда, лойиҳа келишилган ҳисобланади.

Ҳужжатлар лойиҳаларининг мазкур Низомда белгиланган талабларга мувофиқ ишлаб чиқилиши, келишилиши ҳамда қабул қилиниши юзасидан жавобгарлик барча манфаатдор ташкилотлар раҳбарлари ва масъул ходимлари зиммасига юкланади.


10. Ишлаб чиқувчи 3 кун муддатда манфаатдор ташкилотлар билан келишилган ҳужжат лойиҳасини электрон тизимдан олади ва уни манфаатдор ташкилотнинг тегишли хулосасини ҳисобга олган ҳолда (зарур ҳолларда) якуний кўриб чиқади ҳамда уни электрон тизим орқали тегишли маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органига (ҳоким қарори ва фармойиши лойиҳалари бўйича) ёки маҳаллий вакиллик органлари котибиятига (халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари қарорлари бўйича) киритади.


11. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органининг тегишли таркибий бўлинмаси, маҳаллий вакиллик органлари котибияти 3 кун муддатда "E-qaror" электрон тизими орқали келиб тушган ҳужжатлар лойиҳаларини иш юритувига қабул қилади ва уни кўриб чиқади ҳамда лойиҳани электрон рақамли имзо қўйиш йўли билан келишади (виза қўяди) ёки зарурат бўлганда уни ишлаб чиқувчига электрон тизим орқали ўз таклиф ва эътирозларини кўрсатган ҳолда қайтаради. Келишилган ҳужжат лойиҳасини маҳаллий давлат ҳокимияти органининг юридик хизматига киритади.



3-БОБ. ҲУЖЖАТЛАР ЛОЙИҲАЛАРИНИ "E-QAROR"

ЭЛЕКТРОН ТИЗИМИ ОРҚАЛИ ҲУҚУҚИЙ

ЭКСПЕРТИЗАДАН ЎТКАЗИШ


12. Маҳаллий давлат ҳокимияти органининг юридик хизмати ҳужжат лойиҳаси электрон тизим орқали киритилгандан кейин 2 кун муддатда:

ҳужжат лойиҳасини электрон тизим орқали иш юритувига қабул қилади ҳамда лойиҳани кўриб чиқади;

ҳужжат лойиҳасини электрон рақамли имзо қўйиш йўли билан келишади (виза қўяди) ёки таклиф ва эътирозлари мавжуд бўлса, лойиҳани ишлаб чиқувчига қайтаради;

ҳужжат лойиҳасини имзолаш учун маҳаллий ижро этувчи ёки вакиллик ҳокимияти органи раҳбарига киритади.


13. Ҳужжат лойиҳаси норматив тусга эга бўлган тақдирда, маҳаллий давлат ҳокимияти органининг юридик хизмати:

лойиҳани Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жамоатчилик муҳокамаси ўтказилиши учун жойлаштиради;

жамоатчилик муҳокамаси якунлангандан сўнг лойиҳа бўйича белгиланган тартибда хулоса тузади;

лойиҳани ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун ҳудудий адлия органларига белгиланган тартибда тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда киритади.


14. Ҳудудий адлия органи маҳаллий давлат ҳокимияти органи юридик хизмати томонидан норматив тусга эга бўлган ҳужжат лойиҳаси киритилгандан сўнг белгиланган муддатларда:

лойиҳани белгиланган тартибда ҳуқуқий экспертизадан ўтказади, лойиҳа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бўлса хулоса беради ва бу ҳақида электрон тизим орқали маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органи ёки маҳаллий вакиллик органини хабардор қилади;

лойиҳа бўйича таклиф ва эътирозлар мавжуд бўлса, лойиҳани маҳаллий давлат ҳокимияти органининг юридик хизматига қайтаради.


15. Лойиҳага ҳудудий адлия органи томонидан тегишли муносабат билдирилгандан кейин маҳаллий давлат ҳокимияти органининг юридик хизмати 2 кун муддатда:

адлия органининг ижобий хулосаси бўлган тақдирда, лойиҳани имзолаш учун маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органи ёки маҳаллий вакиллик органи раҳбарига киритади;

лойиҳа ҳудудий адлия органи томонидан таклиф ва эътирозлар билан қайтарилган бўлса, уни қайта ишлаб чиқади ва ҳудудий адлия органига белгиланган тартибда электрон тизим орқали қайта киритади;

маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органи, маҳаллий вакиллик органи раҳбари ёки ҳудудий адлия органи томонидан лойиҳани қабул қилиш мақсадга мувофиқ эмас деган хулосага келинган тақдирда, бу ҳақда лойиҳани ишлаб чиқувчини хабардор қилади.



4-БОБ. ҲУЖЖАТЛАР ЛОЙИҲАЛАРИНИ

"E-QAROR" ЭЛЕКТРОН ТИЗИМИ ОРҚАЛИ

ҚАБУЛ ҚИЛИШ (ЧИҚАРИШ), РЎЙХАТГА

ОЛИШ ВА ЭЪЛОН ҚИЛИШ


16. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органи ёки маҳаллий вакиллик органи раҳбари:

ҳужжат лойиҳасини электрон рақамли имзо орқали имзолайди, имзоланган ва махсус рақам билан рўйхатга олинган ҳужжатни "E-qaror" электрон тизими бош саҳифасида автоматик тарзда эълон қилади (хизмат доирасида фойдаланиш учун мўлжалланган ҳужжатлар бундан мустасно);

ҳужжат лойиҳасини қабул қилиш (чиқариш)ни мақсадга мувофиқ эмас деб топган тақдирда, уни белгиланган тартибда қайта кўриб чиқиш учун юридик хизмат ходимига ёки ишлаб чиқувчига қайтаради.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


17. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:

ҳужжатлар лойиҳаларини фақат "E-qaror" электрон тизими орқали ишлаб чиқиш, келишиш, қабул қилиш (чиқариш) рўйхатга олиш ва эълон қилиш жараёнларининг доимий мониторингини олиб боради;

мониторинг натижаларига кўра "E-qaror" электрон тизими орқали келишиш учун юборилган ҳужжатлар лойиҳалари юзасидан манфаатдор ташкилотларнинг белгиланган муддатда муносабат билдирмаган раҳбар ва масъул ходимларига нисбатан таъсир чораларини қўллайди;

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда "E-qaror" электрон тизимини доимий такомиллаштириб боради.


18. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳужжат лойиҳаларини ишлаб чиқиш, келишиш, қабул қилиш (чиқариш), рўйхатга олиш ва эълон қилиш бўйича манфаатдор ташкилотларнинг раҳбарлари мазкур Низомнинг талабларига риоя қилинишини таъминлаш учун шахсан масъулдирлар.

Агар маҳаллий вакиллик органлари фаолиятига оид қонунчилик ҳужжатларида қарор лойиҳаларини ишлаб чиқиш, келишиш ва қабул қилиш учун мазкур Низомда назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, ушбу қонунчилик ҳужжатларида белгиланган қоидалар қўлланилади.

19. Мазкур Низом талабларини бузган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 23 июнь









































Время: 0.0049
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск