ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Прокуратура. Адлия органлари. Нотариат. Адвокатура. Юридик хизмат / Юридик хизмат /

Юридик хизмат кўрсатиш марказлари тўғрисида Низом (ЎзР Президентининг 29.06.2021 й. ПҚ-5168-сон қарорига 4-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2021 йил 29 июндаги

ПҚ-5168-сон қарорига

4-ИЛОВА



Юридик хизмат кўрсатиш марказлари тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Юридик хизмат кўрсатиш марказларининг (кейинги ўринларда - Марказлар) мақоми, асосий вазифалари ва функциялари, ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги, шунингдек фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Марказлар ушбу Низом талаблари асосида қонунчилик ҳужжатлари билан Марказлар томонидан юридик хизмат кўрсатилиши белгиланган давлат органлари ва ташкилотларига бепул, шунингдек шартнома асосида бошқа юридик шахсларга пуллик асосда (кейинги ўринларда - юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотлар) юридик хизмат кўрсатиш мақсадида ташкил этилади.


2-1. Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳамда уларни фарзандликка ёки васийликка (ҳомийликка, патронатга) олган фуқароларга Марказлар томонидан бепул юридик хизмат кўрсатилади.

3. Марказлар туман (шаҳар) адлия бўлимлари тузилмаси ва бўйсунувида юридик шахс мақомига эга бўлмаган таркибий бўлинма тарзида фаолият юритади ва уларга ҳисобдор бўладилар.

4. Марказлар ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Олий Мажлис палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, адлия вазири, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари (кейинги ўринларда - ҳудудий адлия органлари) раҳбарларининг буйруқлари, тегишли давлат органлари ва ташкилотларининг ҳужжатларига, шунингдек мазкур Низомга амал қилади.

5. Марказларда унга раҳбарлик қиладиган Марказ бошлиғи ҳамда бош юрисконсульт штат бирликлари жорий этилади.

Марказларда олий юридик маълумотга эга бўлган ёки Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш марказида юридик мутахассислик бўйича қайта тайёрлаш курсларини тамомлаган ва белгиланган намунадаги дипломни олган шахс ишлаши мумкин.

Марказ бошлиғи лавозимига юридик мутахассислик бўйича камида икки йиллик иш стажига эга бўлган шахс тайинланади.


6. Белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар Марказ бошлиғи ёки бош юрисконсульт лавозимида ишлаши мумкин эмас.


7. Марказлар ҳамда Марказлар томонидан юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотлар ўртасида ўзаро ишни ташкил қилиш ушбу Низомга мувофиқ "E-huquqshunos" электрон тизими орқали амалга оширилади.

Зарур ҳолларда, Марказ ходими ўз фаолиятини тегишли ташкилот жойлашган бинода ҳам амалга ошириши мумкин. Бунда, ташкилот раҳбари марказ ходимига тегишли шарт-шароит яратиши лозим.


8. Марказлар фаолиятига раҳбарлик ва назорат қилиш ҳамда моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳудудий адлия органлари томонидан амалга оширилади.


9. Марказлар бошлиқлари ҳудудий адлия органлари биринчи раҳбарларининг буйруғи билан Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда лавозимига тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.

Марказларнинг бош юрисконсультлари ҳудудий адлия органлари биринчи раҳбарларининг буйруғи билан лавозимига тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.


10. Марказлар ходимлари мақоми ва меҳнатга ҳақ тўлаш шартларига кўра тегишлича туман (шаҳар) адлия бўлимлари ходимларига тенглаштирилади, шунингдек, уларга адлия органлари ходимлари учун назарда тутилган мартаба даражалари ва узоқ йил хизмат қилганлиги учун устама ҳақ миқдорлари татбиқ этилади ҳамда бошқа қўшимча тўловлар қонунчиликда белгиланган тартибда тўланади.


11. Марказлар таъминоти учун харажатларни молиялаштириш тегишли маҳаллий бюджет маблағлари, адлия органлари ва муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.


12. Марказлар томонидан юридик хизмат кўрсатилиши белгиланган ташкилотлар томонидан Марказлар билан келишилмаган ҳолда қабул қилинган юридик тусдаги ҳужжатлар юридик кучга эга эмас ҳамда улар қабул қилинган пайтдан эътиборан ҳеч қандай ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқармайди, бундан маъмурий жавобгарлик ва маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги, фуқаролик процессуал, жиноят-процессуал, жиноят-ижроия, иқтисодий процессуал қонунчиликка мувофиқ қабул қилинадиган ҳужжатлар мустасно.


2-БОБ. МАРКАЗЛАРНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


13. Қуйидагилар Марказларнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотларнинг фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш;

юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотларга сифатли ва малакали юридик ёрдам кўрсатиш;

юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотлар ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш;

юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотларнинг мулкий ҳамда бошқа ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ўз вақтида, ҳар томонлама ва самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш;

давлат органлари ва ташкилотлари томонидан қабул қилинаётган ҳужжатларнинг лойиҳаларидаги коррупциявий омилларни бартараф этишга кўмаклашиш.

14. Марказлар ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:


1) юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотларнинг фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашни ташкил этиш соҳасида:

юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотларда қонун бузилишларини, уларнинг сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш юзасидан таклифлар киритади, ушбу чора-тадбирларни амалга оширишда иштирок этади;

юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотлар раҳбариятига тақдим қилинадиган буйруқлар, фармойишлар, шартномалар ва юридик тусдаги бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини уларнинг қонунчиликка мувофиқлиги юзасидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказади ҳамда улар бўйича эътироз ва таклифлар бўлмаса, виза қўяди. Бунда, лойиҳаларга Марказлар ходимлари томонидан тегишли ташкилотнинг бошқа раҳбар ўринбосарлари ва таркибий тузилмалари раҳбарлари (ходимлари) мазкур ҳужжатларни кўриб чиқиб имзолаганидан кейин виза қўйилади;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишга таъсир этадиган юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотларнинг қарорлари юзасидан юридик хулосалар беради;

мустақил равишда ёки юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотларнинг тегишли тузилмалари билан биргаликда юридик тусдаги ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш, уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек уларни ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида таклифлар тайёрлайди;

юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотларда ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганади, таҳлил қилади ва умумлаштиради, уни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлайди ва тегишли ташкилот раҳбариятига киритади;

юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотларнинг тегишли тузилмалари билан биргаликда ташкилот ва уларнинг мансабдор шахслари фаолиятида қонунийликнинг бузилиши кўрсатилган аризалар ва шикоятларни кўриб чиқишда иштирок этади;

юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотларда бошқарув тизимини такомиллаштириш, ташкилотлар мансабдор шахсларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда иштирок этади;

юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотларда меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилишини таъминлашда, шу жумладан, меҳнат муносабатларини тартибга солувчи ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда, заруратга кўра, иштирок этади, ушбу ҳужжатлар лойиҳаларининг қонунчиликка мувофиқлигини текширади ва юридик хулоса беради;

юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотлар раҳбариятига ташкилот фаолиятида қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлаш аҳволи юзасидан ахборот тақдим этади;

зарурат бўлганда, юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотлар ходимларининг касаба уюшмалари ва бошқа вакиллик органларига ваколатларини амалга оширишда юридик ёрдам кўрсатади;


2) юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотларга сифатли ва малакали юридик ёрдам кўрсатиш соҳасида:

юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотлар ваколатига кирадиган масалалар бўйича идоравий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади ёхуд ишлаб чиқишда иштирок этади;

юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотларнинг идоравий ҳужжатлар ижросини назорат қилишда иштирок этади;

ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ёки келишиш учун тақдим этилган идоравий ва юридик тусдаги бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини мустақил ёки юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотларнинг тегишли тузилмалари билан биргаликда ҳуқуқий экспертизадан ўтказади, ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш натижасига кўра эътирози бўлса, уларнинг қонунчиликка, қонунчилик техникаси қоидаларига, ҳавола қилувчи нормалар қўлланилишининг асослилиги ва мақсадга мувофиқлиги, шунингдек уларда коррупцияга сабаб бўладиган омилларнинг мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги юзасидан юридик хулосалар тайёрлайди;

идоравий ва юридик тусдаги бошқа ҳужжатлар лойиҳалари бўйича эътироз ва таклифлар бўлмаса, уларга виза қўяди. Бунда, лойиҳаларга Марказлар ходимлари томонидан юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотларнинг раҳбар ўринбосарлари ва таркибий тузилмалари раҳбарлари (ходимлари) кўриб чиқиб имзолаганидан кейин виза қўйилади;

тизимли равишда юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотларнинг тегишли соҳа фаолиятидаги амалдаги норматив-ҳуқуқий ва бошқа идоравий ҳамда юридик тусдаги бошқа ҳужжатларнинг уларда коррупцияга сабаб бўладиган омилларни аниқлашга қаратилган таҳлилни ўтказади;

юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотлар фаолияти соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда иштирок этади;

юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар фондини тўлдириш, шу жумладан фондни ҳуқуқий нашрлар билан бутлаш чораларини кўриш бўйича тавсиялар беради, ташкилот раҳбариятига ҳуқуқий нашрларга обуна бўлиш ҳамда Интернетдаги ҳуқуқий мазмундаги веб-сайтлардан фойдаланиш ҳақида таклифлар киритади;

юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотлар тизимига кирадиган тузилмаларнинг ҳуқуқий ишларига услубий ёрдам кўрсатади, фаолият йўналишлари бўйича тавсияномалар ва кўрсатмаларни ишлаб чиқади;

юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотлар ходимларига ўз фаолияти йўналишлари бўйича қонунчилик ҳужжатларининг қўлланилиши масалаларида, шу жумладан ташкилотнинг жорий масалалари бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар беради;


3) юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотлар ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш соҳасида:

ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органлари билан ҳамкорликда юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотлар ходимларининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, уларга қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун ва аҳамиятини етказишда иштирок этади;

юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотлар раҳбарияти учун қонунчилик масалалари бўйича таҳлилий материаллар тайёрлашга кўмаклашади;

юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотлар ходимларининг ҳуқуқий билимларини ошириш тадбирларини ташкил этиш тўғрисида таклифлар киритади, ушбу тадбирларни ўтказишда иштирок этади;

юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотлар фаолиятида ҳуқуқий тарғибот тадбирларини амалга оширади;

юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотларга ташкилот веб-сайтига жойлаштириш мақсадида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг мазмун ва аҳамияти тўғрисида маълумотлар киритади;

юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотлар ходимларининг мурожаатлари бўйича уларга ташкилот фаолиятига тегишли ҳуқуқий ҳужжатларни топишга кўмаклашади, зарур ҳолларда уларнинг қоидалари бўйича тушунтиришлар беради;

қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар ҳақидаги маълумотларни, суд амалиётини, Адлия вазирлигининг ҳуқуқий ишларга тааллуқли кўрсатмаларини юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотларга етказади;


4) юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотларнинг мулкий ҳамда бошқа ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ўз вақтида, ҳар томонлама ва самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш соҳасида:

шартномавий-ҳуқуқий ва талабнома-даъво ишларини юритиш, суд процессларида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда вакил сифатида иштирок этади, ташкилотнинг мулкий ва бошқа манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлайди;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, шунингдек фуқаролар билан низолар вужудга келганда, мустақил ёки юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотларнинг масъул ходимлари билан биргаликда уларни судгача ҳал этиш чораларини кўради;

юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотлар томонидан шартномалар лойиҳаларини тайёрлаш ва тузиш ишларида иштирок этади, уларнинг қонунчиликка мувофиқлигини текширади ҳамда шартномалар лойиҳаларига, агар эътироз ва таклифлар бўлмаса, виза қўяди. Бунда, лойиҳаларга Марказлар томонидан давлат органининг раҳбар ўринбосарлари ва таркибий тузилмалари раҳбарлари (ходимлари)дан кейин виза қўйилади;

шартномаларни тузиш, бажариш, ўзгартириш ва бекор қилишнинг белгиланган тартибига риоя этилиши устидан мониторинг олиб боради;

юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотлар томонидан тузилган шартномаларни зарур даражада бажариш бўйича таклифлар киритади, шартномавий муносабатларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқишда иштирок этади;

юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотлар манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича талабномалар тайёрлашда ва давлат органи ва ташкилотига нисбатан билдирилган талабномаларни кўриб чиқишда иштирок этади, ташкилотларда талабномалар билдириш ва уларни кўриб чиқиш тартибига риоя этилишини назорат қилади;

тегишли тузилмалар билан биргаликда юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотларнинг дебиторлик ва кредиторлик қарзлари аҳволини ўрганади, уларнинг миқдорини камайтириш чораларини кўришда иштирок этади;

шартномавий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар юзасидан даъво ишларини олиб боришга кўмаклашади, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ расмийлаштирилган ишончнома асосида суд процессларида иштирок этиш учун зарур бўлган материалларни ва ҳужжатларни тайёрлайди;

юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотларнинг мулкий ва бошқа манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш учун зарур бўлган ҳужжатларни тайёрлашда ҳамда белгиланган тартибда суд мажлисларида иштирок этади;

мулкни сақлаш масалалари бўйича ҳуқуқий тусдаги ҳужжатлар лойиҳаларининг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлигини текширади ва уларни тайёрлашда иштирок этади;

юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотларда бошқа таркибий тузилмалар билан биргаликда мулкнинг талон-торож қилиниши, камомад ва асоссиз харажатларининг келиб чиқиши сабаблари ва шароитларини таҳлил қилади ҳамда уларни бартараф этиш чораларини кўришда иштирок этади, мулкнинг талон-торож қилиниши ва камомад ҳолатлари бўйича материалларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юбориш учун расмийлаштиради;

моддий бойликлар ва пул маблағларини ҳисобдан чиқариш тўғрисидаги ҳужжатлар лойиҳалари, шунингдек қонун бузилишлари ва суиистеъмолликлар аниқланган текширувлар ва хатловдан ўтказиш далолатномалари бўйича юридик хулосалар беради;


5) давлат органлари ва ташкилотлари томонидан қабул қилинаётган ҳужжатларнинг лойиҳаларидаги коррупциявий омилларни бартараф этишга кўмаклашиш соҳасида:

юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотларда коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилган ички идоравий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади ёки ишлаб чиқилишида иштирок этади;

юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотлар фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва ички идоравий ҳужжатларда аниқланган коррупциявий нормаларни бартараф қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

ишлаб чиқиладиган коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мослиги, мақбуллиги ва долзарблиги нуқтаи назардан баҳолайди ва хулосалар беради;

юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотлар фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларни баҳолайди ва уларнинг натижалари бўйича аниқланган хавф-хатарларни камайтириш юзасидан чора-тадбирлар режалари ишлаб чиқилишида иштирок этади;

юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотлар ходимлари томонидан коррупциявий хавф-хатарлар ва ҳуқуқбузарликлар ҳақида келиб тушадиган мурожаатларни таҳлил қилади;

заруратга кўра юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотлар ходимларига нисбатан ўтказиладиган хизмат текширувларида қатнашади, коррупция фактлари юзасидан ўтказилган хизмат текширувлари натижалари ҳақидаги маълумотларни таҳлил қилади;

юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотлар ходимларига коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича тушунтириш ва тавсиялар беради;

юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотлар фаолиятидаги коррупциявий ҳолатларни ва хавф-хатарларни аниқлаш мақсадида аҳоли ва ходимлар орасида сўровлар ўтказади;

коррупцияга қарши курашишга оид талаб ва нормаларнинг бузилиши масалалари бўйича интизомий жавобгарликка тортилаётган шахсларга жазо чораларининг мутаносиблиги ва етарлилигини назорат қилади;

давлат органлари томонидан дам олиш ва байрам кунлари йиғилишларни ўтказиш амалиётини бекор қилиш, аҳоли билан бевосита ишловчи ходимларни йиғилишларга таклиф қилиш ва уларга хос бўлмаган вазифаларни юклаш ёки ташқи ишларга жалб этишни (хизмат кўрсатиш мақсадларидан ташқари) тақиқлаш чораларини кўради.

Марказлар қонунчилик ҳужжатлари ва Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг буйруғига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга оширади.


15. Марказларга ушбу Низомда ёки бошқа қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилмаган функциялар юклатилишига йўл қўйилмайди.



3-БОБ. МАРКАЗЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ,

МАЖБУРИЯТЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


16. Марказлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотларга келиб тушаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни танишиш, хизматда фойдаланиш ва уларнинг тизимлаштирилган ҳисобини юритиш учун биринчи навбатда олиш;

юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотлар, шунингдек унинг мансабдор шахсларидан Марказлар зиммасига юкланган функцияларни бажариш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва маълумотлар ҳамда бошқа зарур материалларни олиш;

юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотлар томонидан чақириладиган ҳуқуқий масалаларга тегишли йиғилишлар, кенгашлар ва мажлисларда иштирок этиш;

юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотлар сўровига кўра ёки тегишли таркибий тузилма раҳбарининг розилиги билан уларнинг ходимларини идоравий ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш учун, ҳуқуқий ишларни амалга ошириш билан боғлиқ бошқа тадбирларга жалб қилиш;

қонунчиликка зид бўлган, қонунчилик техникаси талабларига жавоб бермайдиган идоравий ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини ижрочиларига пухта ишлаш учун қайтариш, ўз эътирозларини асослаган ҳолда, аниқланган камчиликларни бартараф этиш тўғрисида юридик хулосалар бериш, давлат органи ёки ташкилот раҳбарияти сўровига кўра ёки ўз ташаббуси билан давлат органи ёки ташкилотнинг таркибий тузилмалари билан биргаликда ушбу лойиҳаларнинг пухта ишланишида иштирок этиш;

юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотларнинг таркибий тузилмаларида ташкилот ваколатига кирадиган масалалар бўйича қонунчилик ҳужжатларига риоя қилиниши масалаларини ўрганиш;

юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотлар, шунингдек унинг таркибий тузилмаларининг қонунчилик ҳужжатлари бажарилишини таъминламаётган ёхуд уларни бузаётган раҳбарлари ва ходимларини жавобгарликка тортиш ҳақида ташкилотнинг раҳбариятига таклифлар киритиш;

юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотларда, шунингдек унинг таркибий тузилмаларида ёки ташкилотлар томонидан ўтказиладиган текширишлар, тафтишлар ва хатловларда, шунингдек уларнинг якунлари бўйича ҳужжатларни кўриб чиқишда иштирок этиш ҳамда аниқланган ҳуқуқбузарликлар юзасидан юридик хулосалар бериш.

Марказлар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


17. Марказлар ходимлари:

унга ушбу Низом ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан юкланган функцияларни зарур даражада ва самарали бажариши;

юридик хизмат кўрсатиш жараёнида юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотлар ўртасида манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслиги;

юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотларда, шунингдек унинг таркибий тузилмаларида қонун бузилиши ҳолатлари аниқланганлиги тўғрисида зудлик билан тўғридан-тўғри юқори турувчи органга ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериши.

Марказлар ходими қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.


18. Марказлар ходимлари ўзи виза қўйган ҳужжатларнинг ва ўзи берган юридик хулосаларнинг қонунчиликка мувофиқлиги учун жавоб беради.

Марказлар ходимлари ўз мажбуриятлари ва функциялари бажарилмаганлиги ёки зарур даражада бажарилмаганлиги учун қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.



4-БОБ. МАРКАЗЛАРНИНГ ЮРИДИК ХИЗМАТ

КЎРСАТИЛАДИГАН ТАШКИЛОТЛАР БИЛАН

ЎЗАРО МУНОСАБАТИ


19. Марказлар томонидан юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотларга "E-huquqshunos" электрон тизимидан фойдаланган ҳолда юридик хизматлар кўрсатилади.


20. Марказлар ходими томонидан шартномавий-ҳуқуқий ва талабнома-даъво ишларини юритиш, суд процессларида вакил сифатида иштирок этишда бир тараф сифатида адлия органлари қатнашадиган битим (шартнома) тузишда ёки суд процессида ёхуд бошқа низоли ҳолларда давлат органи ва ташкилотининг вакили сифатида Марказ ходими иштирок этишига йўл қўйилмайди.

Ушбу ҳолатда давлат органи ва ташкилоти белгиланган тартибда юқори турувчи ташкилот юридик хизмати ёки адвокат жалб этиши мумкин.


21. Юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотлар ўртасида шартномавий ёки бошқа ҳуқуқий муносабатлар натижасида низоли ҳолатлар келиб чиққанда, Марказлар низоли ҳолатларни судгача ҳал қилиш чораларини кўради. Бунда, Марказлар низолашаётган ташкилотларнинг важларини ўрганиб низоли ҳолатни бартараф этиш бўйича ташкилотларга таклиф беради.

Марказ томонидан берилган таклифдан норози бўлган ташкилот низоли ҳолатни бартараф этиш учун ўзининг юқори турувчи органига ёки адвокатга мурожаат этади.


22. Давлат органи ва ташкилотидан келиб тушган юридик тусдаги ҳужжатлар Марказлар томонидан кўпи билан уч иш кунида кўриб чиқилади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


23. Ушбу Низомга риоя этилишини назорат қилиш адлия органлари томонидан амалга оширилади.

Адлия органлари ўз ваколатлари доирасида ушбу Низом ва Марказлар фаолиятини тартибга солувчи бошқа қонунчилик ҳужжатлари талабларининг Марказлар ходимлари ва бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахслари томонидан бузилишининг аниқланган ҳолатларини бартараф этишга, шунингдек айбдор шахсларни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка тортишга йўналтирилган чораларни кўради.


24. Ушбу Низом талабларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 30 июнь


































Время: 0.0048
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск