Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (Ҳукумат) / ғғғ /

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - туризм ва спорт вазирининг функционал вазифалари тўғрисидаги Низом (ЎзР ВМ 07.07.2021 й. 427-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 7 июлдаги

427-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг

ўринбосари - туризм ва спорт вазирининг

функционал вазифалари тўғрисидаги

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - туризм ва спорт вазирининг (кейинги ўринларда - Бош вазир ўринбосари) функционал вазифаларини белгилайди.


2. Бош вазир ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси унинг номзодини маъқуллагандан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тасдиқланади.

Бош вазир ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Президентига ва Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига ҳисобот беради.


3. Бош вазир ўринбосари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг (кейинги ўринларда - Вазирлар Маҳкамаси) қарорлари ва фармойишларига, шунингдек, ушбу Низомга амал қилади.


4. Бош вазир ўринбосарининг фаолияти туризм, спорт, маданият, моддий маданий мерос, кинематография ва оммавий ахборот тизимини ислоҳ қилишни мувофиқлаштириш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишга йўналтирилган.


5. Бош вазир ўринбосари мақомига кўра Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг аъзоси ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раёсати таркибига киради.

Бош вазир ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида бевосита иштирок этади.



2-БОБ. БОШ ВАЗИР ЎРИНБОСАРИ

ФАОЛИЯТИНИНГ АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ,

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИОНАЛ

МАЖБУРИЯТЛАРИ


6. Қуйидагилар Бош вазир ўринбосари фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади:

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси вазифалари ҳамда ўрта муддатли ва узоқ истиқболда ривожлантиришнинг тасдиқланган тармоқ ва ҳудудий дастурлари ўз вақтида ҳамда самарали амалга оширилишини таъминлаш чора-тадбирларини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2021 йил 10 февралдаги ПФ-6166-сон Фармони ҳамда "Ijro.gov.uz" ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2021 йил 31 майдаги ПҚ-5132-сон қарорига мувофиқ, бириктирилган вазирлик ва идораларда қонунчилик ҳужжатлари ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириқлари ижросини самарали ташкил этиш ва мониторинг қилишнинг таъсирчан тизимини яратиш, тасдиқланган тармоқ ва ҳудудий ривожланиш дастурларида белгиланган мақсадларга эришишни сўзсиз таъминлаш чораларини кўриш;

вазирликлар ва идоралар ҳамда давлат бошқарувининг бошқа органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, парламент ва депутатлар сўровлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ва топшириқлари сўзсиз бажарилишини ташкил қилиш юзасидан мониторингни таъминлаш, шунингдек, жойлардаги ишларнинг реал ҳолатини доимий ўрганиш, туризм, спорт, маданият, моддий маданий мерос, кинематография ва оммавий ахборот соҳаларидаги муаммоларни ҳар томонлама таҳлил қилиш ва шу асосда стратегик ҳамда устувор вазифаларни амалга оширишга доир комплекс таклифлар ишлаб чиқиш;

кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига тақдим этиш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиқадиган тегишли йилга мўлжалланган давлат дастурининг амалга оширилиши тўғрисида ҳисоботлар тайёрланишини таъминлаш;

Ҳукумат, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг асосий халқаро рейтинглар ҳамда индексларда Ўзбекистон Республикасининг позицияларини яхшилаш бўйича ишлари самарадорлигини ошириш соҳасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминлаш;

жойларда "халқ билан мулоқот" ва шахсий учрашувлар амалиётини такомиллаштириш чораларини кўриш, туризм, спорт, маданият, моддий маданий мерос, кинематография ва оммавий ахборот соҳаларини янада ривожлантириш, шу жумладан аҳолининг бандлиги ва реал даромадлари оширилишини таъминлашни кафолатловчи комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

бириктирилган вазирлик ва идораларда "маҳаллабай" ишлаш тизимини жорий этиш, шу орқали аҳолининг даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлаш механизмларини янги босқичга олиб чиқиш, уларни, шу жумладан ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини амалга оширишга кўмаклашишни таъминлаш;

мутасаддилик қилинадиган соҳалар ва тармоқларда иқтисодий ҳамда ижтимоий ислоҳотлар амалга оширилишининг самарадорлиги доимий ва тизимли асосда ҳар томонлама ва танқидий таҳлил қилинишини таъминлаш, аниқланган муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш ва комплекс вазифаларни амалга ошириш бўйича асосли таклифлар тайёрлаш;

замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқали, шу жумладан илғор халқаро тажрибани ўрганиш асосида, зарур бўлганда, ушбу мақсадларга хорижий консультантларни жалб этган ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқиш, келишиш, экспертизадан ўтказиш ва кўриб чиқиш тизимини такомиллаштириш;

туризм, спорт ва моддий маданий мерос объектларини давлат-хусусий шериклик асосида самарали бошқариш тизимларини жорий этиш, объектларга хорижий ва маҳаллий инвестицияларни ҳамда халқаро молия институтларининг гранд маблағларини жалб этиш вазифаларини амалга оширилишини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг тегишли таркибий бўлинмалари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўмиталари билан яқин ўзаро ҳамкорликни таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аппаратида, вазирликлар ва идораларда, шунингдек, барча даражалардаги ҳокимликларда ижро интизоми даражасини ошириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг ҳужжатлари, баённомалари ва топшириқлари, шунингдек, "йўл хариталари"нинг бажарилиши юзасидан тизимли назоратни таъминлаш;

ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолиятини юзага келадиган муаммолар сабаблари ва шароитларини бартараф этиш, ишларни ташкил этишнинг замонавий услубларини жорий қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишга қайта йўналтириш мақсадида айрим давлат функцияларини хусусий сектор субъектларига бериш орқали ортиқча маъмурий тартибга солишни камайтириш;

давлат бошқарувини номарказлаштириш, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг молиявий имкониятлари, роли ва жавобгарлигини кенгайтириш, марказий ва ўрта бўғин бошқарув ходимлари сонини оптималлаштириш орқали бошқарувнинг вертикал тизими механизмларини ва ижро этувчи ҳокимият органларининг ўзаро ҳамкорлигини такомиллаштириш;

Туризм, спорт, маданият ва оммавий коммуникациялар масалалари котибиятида (кейинги ўринларда - Котибият), Маданий меросни ҳимоя қилиш инспекциясида (кейинги ўринларда - Инспекция), шунингдек, уларга бириктирилган вазирликлар, идоралар ҳамда хўжалик бирлашмаларида кадрларни танлаш тизимини такомиллаштириш, ходимлар малакасини ошириш ва кадрларнинг амалий захирасини тайёрлашнинг самарали шакл ва усулларини жорий этиш;

давлат бошқаруви тизимига жумладан, стратегик режалаштириш ва прогнозлаштиришнинг замонавий шакллари, усуллари ва принциплари жорий этилишини мувофиқлаштириш;

Котибият ва Инспекцияга бириктирилган барча даражалардаги ижро этувчи ҳокимият органлари ва уларнинг раҳбарлари фаолиятини аниқ кўрсаткичлар ҳамда мақсадли индикаторларга эришиш, яқин, ўрта муддатли ва узоқ муддатли истиқболда туризм, спорт, маданият, моддий маданий мерос, кинематография ва оммавий ахборот соҳаларини стратегик ривожлантириш дастурларини амалга ошириш сифати ва самарадорлигига асосланган баҳолаш тизими жорий этилишини мувофиқлаштириш;

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири томонидан муайян соҳалар ва йўналишларда ислоҳотларнинг амалга оширилишини ўрганиш мақсадида ҳудудларда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, ҳудудий давлат бошқаруви органлари раҳбарлари, жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида Ҳукуматнинг мавзуга оид сайёр (очиқ) ҳамда видеоконференция алоқа шаклидаги мажлисларини ўтказиш учун тегишли таҳлилий материаллар тайёрланишини ташкил этиш.


7. Қуйидагилар Бош вазир ўринбосарининг асосий вазифалари ҳисобланади:


а) туризмни жадал ривожлантириш соҳасида:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2019 йил 5 январдаги ПФ-5611-сон Фармони билан тасдиқланган 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини ривожлантириш концепциясига (кейинги ўринларда - Концепция) мувофиқ туризмни, авваламбор, хусусий секторда ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, кўрсатилаётган хизматларнинг рақобатбардошлигини ва сифатини ошириш, миллий туризм маҳсулотини дунё бозорида фаол ва комплекс равишда тарғиб қилиш;

Концепцияга мувофиқ белгиланган қуйидаги устувор вазифаларнинг амалга оширилишини таъминлаш:

туризм фаолияти соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, туризмни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратишга қаратилган халқаро меъёр ва стандартларни имплементация қилиш;

туризм инфратузилмасини ривожлантириш, шу жумладан соҳанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда мақбул ва қулай туризм муҳитини яратишни таъминлаш;

транспорт логистикасини ривожлантириш, ички ва ташқи йўналишларни кенгайтириш, транспорт хизматлари сифатини оширишни таъминлаш;

туризм бозорининг турли сегментларига йўналтирилган туризм маҳсулоти ва хизматларини диверсификация қилишни таъминлаш;

республика ичида туризм хизматларига бўлган эҳтиёжни қондиришга йўналтирилган туризм фаолияти субъектларининг фаоллигини рағбатлантиришни таъминловчи ички туризмни ривожлантиришни мувофиқлаштириш;

Ўзбекистон Республикаси туризм маҳсулотини халқаро ва ички туризм бозорларида тарғиб қилишни таъминлаш, мамлакатнинг саёҳат ва дам олиш учун хавфсиз сифатидаги имиджини мустаҳкамлаш;

туризм тармоғи учун кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш;

кириш ва ички туризмни, шунингдек, туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар комплекс дастурларини, шу жумладан республиканинг туризм салоҳиятини тубдан оширишга йўналтирилган туризмни ривожлантириш ҳудудий дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш мониторингини олиб бориш ишларини мувофиқлаштириш;

республиканинг тарихий-маданий меросини кенг тарғиб қилиш, миллий туризм маҳсулотлари ва брендларининг халқаро туризм бозорларига кириб боришига ҳамда ҳудудларда янги туризм йўналишлари ташкил этишга қаратилган фаол реклама-ахборот сиёсати амалга оширилишини таъминлаш;

туризм соҳасини давлат томонидан ва бозор орқали тартибга солишни мақбуллаштириш, туризм хизматлари бозорида рақобатни ривожлантириш, туризм турларини жадал ривожлантириш, хорижий инвестицияларни, шунингдек, халқаро молия институтлари ва бошқа ташкилотларнинг кредитлари ва грантларини туризм инфратузилмасини халқаро стандартларга мувофиқ ривожлантиришга жалб этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ишлари ташкил этилишини таъминлаш;

туризмни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган барча тўсиқлар ва ғовларни бартараф этиш, туризм соҳасида тадбиркорлик фаолиятини оширишга ҳар томонлама кўмаклашиш, ахборот-коммуникация технологияларини фаол жорий этиш бўйича чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш;

туризм соҳасида миллий ва нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш, туризм фаолияти амалиётига халқаро ва давлатлараро стандартлар нормаларини жорий этиш, туризм соҳаси учун кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш ишларини мувофиқлаштириш;

туризм зоналарини самарали бошқаришни ташкил этиш, уларда қулай инвестиция муҳитини яратиш ва уларнинг салоҳиятини тарғиб қилиш;

махсус туризм зоналари бошқарув кенгаши ва дирекциясининг фаолиятини мувофиқлаштириш, унинг таркибини қайта кўриб чиқиш, аъзоларини тайинлаш ва уларни озод этиш, шу жумладан кенгашнинг шаффоф фаолиятини таъминлаш мақсадида хорижий мутахассисларни кенгаш таркибига жалб этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 13 августдаги ПФ-5781-сон Фармонига мувофиқ туризм инфратузилмасидаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш, тақдим этилаётган хизматлар сифатини ошириш ва жаҳон бозорларида миллий туризм маҳсулотларини фаол тарғиб қилиш, туризм тармоғининг кадрлар салоҳиятини кучайтириш орқали туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш ҳамда республикага кириб келаётган хорижий фуқаролар сонини кескин кўпайтириш.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида" 2020 йил 28 майдаги ПФ-6002-сон Фармонига мувофиқ коронавирус пандемиясининг салбий таъсири оқибатида энг кўп зарар кўрган туризм ҳамда унга бевосита боғлиқ бўлган тармоқларни қўллаб-қувватлаш, соҳадаги иш ўринларни ва малакали мутахассисларни сақлаб қолиш, уларнинг даромад манбааларини ташкил этиш, шунингдек, мамлакатда санитария-эпидеомологик вазият яхшиланишига қараб туризм соҳасини жадал қайта тиклаш чораларини кўриш.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Бўстонлиқ туманида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш орқали туризмни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2020 йил 27 августдаги ПФ-6053-сон Фармонига мувофиқ Бўстонлиқ туманининг маҳаллий бошқарув тизимини такомиллаштириш, туманни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, туристик салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, ҳудудга хорижий ва маҳаллий туристларни кенг жалб қилиш учун қулай шароитлар яратиш, замонавий инфратузилма билан таъминлаш, кўрсатилаётган туристик, меҳмонхона, транспорт ва бошқа хизматлар турларини кенгайтириш ва сифатини ошириш ҳамда шу орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадларини кўпайтириш, турмуш шароитини янада яхшилаш каби вазифаларнинг амалга оширилишини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2021 йил 9 февралдаги ПФ-6165-сон Фармонига мувофиқ республикада туризм бозорининг турли сегментларига йўналтирилган туризм маҳсулоти ва хизматларини диверсификация қилиш, уларнинг рақобатбардошлигини янада ошириш, мақбул ва қулай ички ва халқаро зиёрат туризми муҳитини яратиш, транспорт йўналишларини кенгайтириш, транспорт хизматлари сифатини ошириш, туризм маҳсулотларини кенг тарғиб қилиш, шунингдек, мамлакатимизнинг саёҳат ва дам олиш учун хавфсиз манзил сифатидаги имижини мустаҳкамлаш юзасидан белгиланган дастурнинг ўз муддатида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Туризм соҳасини санитария-эпидемиологик хавфсизликнинг кучайтирилган режими талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2020 йил 19 июндаги ПҚ-4755-сон қарорига мувофиқ туризм соҳасини жадал суръатларда тиклаш ва мамлакатдаги санитария-эпидемиологик вазият барқарорлашгандан сўнг уни ривожлантиришнинг янги йўналишларини шакллантириш бўйича белгиланган устувор вазифаларнинг амалга оширилишини таъминлаш.


б) жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш соҳасида:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2020 йил 24 январдаги ПФ-5924-сон Фармонига мувофиқ мамлакатда юксак маданиятга эга бўлган ҳар томонлама етук ҳамда жисмонан соғлом инсонни шакллантириш мақсадида, аҳолининг жисмоний тарбия ва спорт соҳасида малака ва билимларини орттиришга қаратилган устувор йўналишларни белгилаш, иқтидорли спортчиларни танлаб олиш (селекция) жараёнига инновацион шакллар ва усулларни жорий этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2020 йил 30 октябрдаги ПФ-6099-сон Фармонига мувофиқ жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиш ҳамда соғлом турмуш тарзи бўйича ҳаётий кўникмаларни шакллантириш орқали ҳар бир фуқарода касалликка қарши кучли иммун тизими пайдо бўлишини таъминлаш, зарарли одатлардан воз кечиш, тўғри овқатланиш тамойилларига амал қилиш, тиклаш ва реабилитация ишлари ҳамда оммавий жисмоний фаоллик тадбирларини тизимли ва самарали ташкил қилиш, бу борада тегишли инфратузилма ва бошқа зарур шарт-шароитларни яратиш каби вазифаларнинг амалга оширилишини таъминлаш;

Соғлом турмуш тарзини ташкил этиш мақсадида қуйидаги долзарб масалалари ва вазифаларнинг амалга оширилишини ташкил этиш:

ҳар бир оила, маҳалла ва туман (шаҳар)да, мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим муассасаларида ҳамда бошқа ташкилотларда жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан шуғулланишга шарт-шароитлар яратиш;

оммавий спортни ривожлантириш бўйича оилалар, синфлар, меҳнат жамоалари ва ҳудудлар ўртасида спорт мусобақаларини мунтазам равишда ўтказиш;

аҳоли турли гуруҳларининг соғлом овқатланишга бўлган эҳтиёжларини қондиришни таъминлайдиган шарт-шароитлар яратиш, таркибида туз, қанд ва ёғ миқдори кўп бўлган ҳамда хамирли таом ва ширинликларни, нон маҳсулотларини истеъмол қилишни қисқартириш, зарарли одатлардан, хусусан, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишдан воз кечиш йўли билан касалликка чалиниш, ортиқча вазн ҳолатлари (семизлик) ва бевақт вафот этишни камайтириш;

аҳоли ўртасида соғлом овқатланиш маданиятини кенг тарғиб қилиш, шу жумладан, тартибсиз ва кечки уйқу олдидан овқатланиш одатларидан воз кечиш;

санитария-гигиена қоидаларига риоя этилишини оилалар, маҳаллалар, мактабгача таълим ва умумтаълим муассасалари даражасида соғлом турмуш тарзининг ажралмас қисми сифатида тарғиб қилиш;

мактабгача таълим, умумтаълим, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим муассасаларида, корхона, ташкилот ва бошқа турдаги барча муассасаларда жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш учун замонавий моддий-техника базасини шакллантириш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2020 йил 3 ноябрдаги ПҚ-4877-сон қарорига мувофиқ мамлакатда юксак маданиятга эга бўлган ҳар томонлама етук ҳамда жисмонан соғлом инсонни шакллантириш мақсадида, аҳолининг жисмоний тарбия ва спорт соҳасида малака ва билимларини орттиришга қаратилган устувор йўналишларни белгилаш, иқтидорли спортчиларни танлаб олиш (селекция) жараёнига инновацион шакллар ва усулларни жорий этиш юзасидан белгиланган устувор вазифаларнинг амалга оширилишини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2020 йил 4 ноябрдаги ПҚ-4881-сон қарорига мувофиқ мамлакатда юксак маданиятга эга бўлган ҳар томонлама етук ҳамда жисмонан соғлом инсонни шакллантириш мақсадида, аҳолининг жисмоний тарбия ва спорт соҳасида малака ва билимларини орттиришга қаратилган устувор йўналишларни белгилаш, иқтидорли спортчиларни танлаб олиш (селекция) жараёнига инновацион шакллар ва усулларни жорий этиш юзасидан белгиланган устувор вазифаларнинг амалга оширилишини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2021 йил 14 январдаги ПҚ-4954-сон қарорига мувофиқ мамлакатимизда шахматни аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш ва уни оммавий спорт турига айлантириш, ўсиб келаётган ёш авлоднинг интеллектуал ва маданий ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, юқори иқтидорга эга бўлган ёшларни танлаш, саралаб олиш ва уларни профессионал шахматчилар ва халқаро гроссмейстерлар сифатида тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш, тренерлар учун муносиб меҳнат шароитини яратиш, шунингдек, Ўзбекистон шахмат мактабини яратиш бўйича белгилаб берилган устувор вазифаларнинг бажарилишини таъминлаш;

жисмонан соғлом баркамол ёш авлодни вояга етказиш, болалар спортини устувор ривожлантириш, спорт тайёргарлиги методикалари ва дастурларини такомиллаштириш, илмий асосланган спорт тиббиётини ривожлантириш, тренерлар таркибининг касбий даражасини доимий равишда ошириш;

жаҳон стандартларига жавоб берадиган замонавий спорт инвентарлари ва асбоб-ускуналари билан жиҳозлашни ҳисобга олган ҳолда, илғор хорижий тажриба асосида халқаро тоифадаги спорт усталарини тайёрлаш учун ҳар бир ҳудудда спорт комплекслари ташкил этиш;

ўрта ва узоқ муддатли истиқболда мамлакатда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга доир таклифлар ишлаб чиқилиши ва оммавий спорт ҳамда олий ютуқлар спорти соҳасида аниқ вазифалар ва мақсадли кўрсаткичлар белгиланишини таъминлаш;

спортнинг миллий ва олимпия турларини ривожлантириш бўйича, аввало, тўпланган тажриба, ҳудудларда шаклланган ва ташкил этилаётган спорт мактаблари, яратилган моддий-техника базаси, миллий қадриятлар ва анъаналар, аҳоли менталитети, тренер-ўқитувчилар салоҳияти ҳамда спортда эришилган ютуқлар инобатга олинган ҳолда таклифлар ишлаб чиқилишини таъминлаш;

жамоат жисмоний-тарбия-спорт бирлашмалари, шу жумладан Миллий олимпия қўмитаси, спорт турлари бўйича федерациялар ва уюшмалар фаолиятини ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлашга доир комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширилишини ташкил қилиш;

спорт ва жисмоний тарбия-оммавий тадбирлар календарь режасини тасдиқлаш, шу жумладан халқаро ва республика даражасидаги техник ҳамда амалий спорт турлари бўйича чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминлаш;

иқтидорли ва истиқболли спортчиларнинг Олимпия ва Осиё ўйинларида, шунингдек, жаҳон чемпионатларида юқори натижаларга эришиши ҳамда мамлакатимизни муносиб тақдим этиши учун уларни спорт секциялари ва мактаблари даражасидан бошлаб, мамлакат терма жамоасигача танлаш, тайёрлаш ҳамда маҳоратини оширишнинг узлуксиз тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари амалга оширилишини таъминлаш;


в) маданият ва санъатни ривожлантириш соҳасида:

маданият ва санъат муассасалари фаолияти соҳасида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида" 2018 йил 28 ноябрдаги ПҚ-4038-сон қарорида назарда тутилган Ўзбекистон халқининг миллий маданий ва маънавий меросини асраш ва кўпайтириш, аҳолининг маданий савиясини ошириш, ёшларнинг ижодий салоҳиятини намоён қилиш ва қўллаб-қувватлаш, шунингдек, маданият муассасалари, болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, улар фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирларини рўёбга чиқариш;

маданият муассасалари, жумладан, театрлар, музейлар, маданият марказлари, цирклар, истироҳат ва дам олиш боғлари, ҳайвонот боғлари фаолияти самарадорлигини ошириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

аҳолининг кенг қатламлари, айниқса ёшларни маданий-оммавий тадбирлар билан тўлиқ қамраб олишни таъминлаш, ўсиб келаётган авлодни мусиқий-эстетик тарбиялаш тизимини такомиллаштириш ва миллий, мумтоз ва замонавий санъатни тарғиб қилиш чора-тадбирларини амалга ошириш;

театрларни оммалаштириш орқали халқнинг маданий савиясини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, жаҳон ва миллий театр ривожланиши тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда театрларнинг репертуарлари шакллантирилишига, замонавий қаҳрамон образини яратишга кўмаклашиш, драматурглар, режиссёрлар ва актёрлар тайёрлашни такомиллаштириш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2020 йил 26 майдаги ПФ-6000-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш, янги Ўзбекистоннинг янги тарихини яратиш, моддий ва номоддий маданий мерос дурдоналарини сақлаш ва тарғиб этиш, халқ оғзаки ижодиёти ва ҳаваскорлик санъатини янада оммалаштириш, юртимизнинг жаҳон маданий маконига фаол интеграциялашувини таъминлаш, маданият ва санъат соҳасини инновацион ривожлантиришга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясининг 2021-2025 йилларга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичларини таъминланишини ташкил этиш;


г) кино санъати ва саноатини янада ривожлантириш соҳасида:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Кино санъати ва саноатини янги босқичга олиб чиқиш, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида" 2021 йил 7 апрелдаги ПФ-6202-сон Фармонига мувофиқ миллий кино санъатини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларни тизимли давом эттириш, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, юртимизда жаҳон тажрибаси асосида кино ишлаб чиқаришнинг самарали механизмларини жорий этиш, замонавий киносаноат инфратузилмасини яратиш ва кинопрокат тизимини ривожлантириш чоралари кўрилишини таъминлаш;

кинематография соҳасини янада ривожлантириш юзасидан белгиланган қуйидаги устувор вазифаларнинг амалга оширилишин таъминлаш:

кино санъатини жамиятнинг маънавий, маданий-маърифий ҳаётида, жумладан ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда стратегик манба сифатида шакллантириш;

кино саноатини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини бозор тамойиллари асосида такомиллаштириш, шунингдек, хорижий кинокомпанияларни мамлакатга жалб қилиш ва ҳамкорликда фильмлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш;

кино саноатини иқтисодиётнинг алоҳида тармоғи сифатида ривожлантириш, замонавий ва юқори технологик моддий-техник базага эга инфратузилмани яратиш;

кинематография соҳасида кадрлар тайёрлаш, кино ижодкорлари ва техник ходимлари малакасини оширишнинг самарали тизимини яратиш;

миллий сериаллар ишлаб чиқаришни давлат томонидан рағбатлантириш, анимацион фильмлар ишлаб чиқаришга ёш мультипликатор ва аниматорларни кенг жалб қилиш;

соҳада муаллифлик ҳуқуқининг кафолатли ҳимоя қилинишини таъминлаш, кинопрокат тизимини ривожлантириш ва миллий фильмларни жаҳон кино бозорларига олиб чиқиш;

жамиятнинг маданий ва маънавий ҳаётида, айниқса ёшларни тарбиялашда кино санъатининг роли ва аҳамиятини ошириш, кино маҳсулотларининг ғоявий-бадиий савиясини ошириш, кино санъатини янада такомиллаштириш;

замонавий технологияларни қўллаган ҳолда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатини ошириш ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш чора-тадбирларини амалга ошириш;

киностудияларни, ижодий жамоаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, кинематография соҳасида тадбиркорликни ва рақобат муҳитини ривожлантириш учун қулай шарт-шароит яратиш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

кинематография соҳасига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш, соҳанинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш;

миллий фильм ва сериаллар ишлаб чиқаришни ҳамда ҳамкорликда киномаҳсулотлар яратишни молиявий қўллаб-қувватлаш;

давлат буюртмаси асосида ишлаб чиқарилган фильмлар прокатини бозор тамойиллари асосида ташкил этиш;

маҳаллий ва хорижий инвесторларни миллий фильмларни ишлаб чиқариш, прокатга бериш ва намойиш этишни молиялаштиришга жалб қилиш;

миллий фильмларни хорижий тилларга ҳамда жаҳоннинг энг сара кино асарларини давлат тилига субтитрлаштириш ва дубляж қилишни молиялаштириш;

миллий кино санъати асарларининг халқаро кинофестивалларда иштирок этишини таъминлаш ҳамда маҳаллий ва халқаро кинотадбирларни ташкиллаштириш;

Ўзбекистон киноарбоблари ижодий уюшмаси ҳамда фаолият йўналиши кино санъати ва саноати вакилларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлган нодавлат нотижорат ташкилотларини грант ва ижтимоий буюртмалар орқали қўллаб-қувватлаш;


д) оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантириш соҳасида:

аҳолининг ахборот билан таъминланганлик даражасини ва маданий савиясини оширишга, миллий анъаналарни, тарихий ва маънавий меросни эҳтиётлаб сақлашга йўналтирилган телерадио дастурларнинг профессионал ва бадиий савиясини ошириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўриш;

оммавий ахборот воситаларида ахборот ва бошқа материалларни бериш шакллари ва усулларини мунтазам такомиллаштириш орқали демократик ислоҳотларни амалга оширишда, ёшларнинг дунёқарашини кенгайтиришда, ҳар хил ахборот таҳдидларининг олдини олишда, ёшларнинг онги ва тафаккурини "оммавий маданият"нинг салбий таъсиридан ҳимоя қилишда оммавий ахборот воситаларининг роли ва аҳамиятини янада кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

оммавий ахборот воситаларининг мустақиллигини, ижтимоий мақомини ва журналист касбининг нуфузини, оммавий ахборот воситалари ходимларининг малакаси ва маҳоратини ошириш, янгича фикрлайдиган журналист кадрлар тайёрлашни такомиллаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш;

оммавий ахборот воситалари фаолиятидан аҳолининг хабардор бўлиши учун оммавий ахборот воситалари ва давлат бошқаруви ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ахборот хизматларининг ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигини ошириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўриш;

давлат бошқаруви ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти очиқлиги мониторингини олиб бориш, уларга бириктирилган соҳаларда амалга оширилаётган ишларнинг мақсадлари, вазифалари, амалга оширилиши ва натижалари тўғрисида кенг жамоатчиликка ўз вақтида, холисона ва тўлиқ ахборот бериш;

ноширлик, матбаа ва кутубхона фаолиятини ривожлантириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда китоб маҳсулотлари ва бошқа босма маҳсулотларни тарқатиш бўйича дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

китоб нашрлари сифатини ошириш, уларнинг аҳоли, энг аввало, ёшларнинг маънавий ва бадиий-эстетик эҳтиёжларига мувофиқлигини ошириш, миллий ва жаҳон адабиётининг энг яхши намуналарини нашр этиш чора-тадбирларини кўриш;

ахборот-кутубхона марказлари тармоғини кенгайтириш, ахборот-кутубхона хизматлари кўрсатиш сифатини ошириш, жамиятда китоб ўқиш маданиятини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

ахборот-кутубхона соҳасида давлат-хусусий шериклик механизмини жорий этиш юзасидан зарур чора-тадбирларни амалга ошириш;

журналистларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш чора-тадбирларини амалга ошириш, журналист кадрларнинг касб маҳоратини ошириш тизимини такомиллаштиришга кўмаклашиш;


е) моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасида:

Ўзбекистон Республикасининг "Моддий маданий мерос объектларининг муҳофаза қилиниши кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида" қонуни Давлат муҳофазасига олинган моддий маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказишни олдини олиш юзасидан таъсирчан чоралар кўриш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 19 декабрдаги ПҚ-4068-сон қарорига мувофиқ моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, илмий ўрганиш, улардан оқилона фойдаланиш ва юртимизнинг сайёҳлик салоҳиятини оширишда уларнинг ўрни ва аҳамиятини ошириш ҳамда моддий маданий мерос соҳасидаги давлат назоратини тубдан такомиллаштириш чораларини кўриш;

Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини қайта шакллантирилиши ва тасдиқлаш учун белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминлаш;

"Бухоро", "Самарқанд", "Ичан қалъа", "Сармишсой", "Шаҳрисабз", "Термиз" ва "Қўқон" давлат музей-қўриқхоналарининг лозим даражада муҳофаза қилиш, консервация қилиш ва асраб-авайлаш, объектда археологик қидирув ишлари, археология қазишмалари ва археология назоратини ташкил этиш ишларини назорат қилиш;

алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудлар, шу жумладан, ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган объектлар ҳолати бўйича умумий мониторинг олиб борилишини таъминлаш;

алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларни, шу жумладан ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган объектларни бошқариш режаларини ишлаб чиқилишини ташкил этиш;

ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси объектларини самарали муҳофаза қилиш мақсадида илғор мамлакатлар тажрибасини ўрганиш мақсадида халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш;

алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудлар, тарихий-маданий қимматига кўра, ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган объектлар ҳудудларида қурилиш-монтаж ва ободонлаштириш ишларини умумбашарий бемисл қимматига салбий таъсир этмаган ҳолда олиб бориш ишларини назоратини таъминлаш;

Моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларининг алоҳида муҳим тарихий-маданий қисмлари ва бадиий безаклари сақланишини экспертизадан ўтказишилишини таъминлаш, уларни тўлиқ фотофиксация ва идентификациялаш ишларини мувофиқлаштириш;


ж) "йўл хариталари"ни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш соҳасида:

мутасаддилик қилинадитган ташкилотлар раҳбарлари билан биргаликда "йўл хариталари"га киритиш учун хорижий мамлакатлар билан ҳамкорликни чуқурлаштириш юзасидан, шунингдек, тегишли тармоқларда ва республика ҳудудларидаги муаммоли масалалар бўйича таклифлар тайёрланишини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг хорижий мамлакатларга ташрифлари ва республика ҳудудларига сафарлари натижаларига кўра, Бош вазир ўринбосарининг ваколатига кирувчи масалалар бўйича тасдиқланган "йўл хариталари" бажарилишининг тизимли назоратини мувофиқлаштириш;

вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва тижорат банклари раҳбарларининг "йўл хариталари" амалга оширилиши тўғрисидаги ҳисоботлари, батафсил ахборотлари, материаллари тақдим этилишини таъминлаш ҳамда муҳокама қилиш учун Вазирлар Маҳкамаси мажлисига киритиш;

муайян ҳолатлар бўйича тегишли чоралар кўриш учун оммавий ахборот воситаларида ва бошқа манбаларда, шу жумладан жойларга борган ҳолда жамоатчилик фикрини ўрганишни таъминлаш.


8. Бош вазир ўринбосари ўз зиммасига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири томонидан туризм, спорт, маданият, моддий маданий мерос, кинематография ва оммавий ахборот соҳаларида ислоҳотларнинг амалга оширилишини ўрганиш мақсадида ҳудудларда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, ҳудудий давлат бошқаруви органлари раҳбарлари, жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида мавзуга оид сайёр (очиқ) мажлислар ўтказиш учун тегишли таҳлилий материаллар тайёрланиши ва киритилишини тизимли асосда таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисларида, Бош вазир ҳузурида кўриб чиқиш учун тегишли режалаштирилган масалалар тайёрланиши ва киритилишини таъминлайди;

мамлакатни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришнинг ўта муҳим ва устувор йўналишлари бўйича яқин, ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган концепциялар, давлат дастурлари ҳамда "йўл хариталари" лойиҳаларининг тайёрланиши ва Бош вазир, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчилари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида ҳимоя қилинишини таъминлайди;

Котибият ва Инспекция раҳбарлари ҳамда мутахассисларининг аниқ кўрсаткичлар ҳамда мақсадли индикаторларга эришишга асосланган фаолиятини тизимли баҳолайди;

ижро этувчи ҳокимият тегишли органларининг раҳбарларига юкланган вазифа ҳамда функцияларнинг самарали ва натижали бажарилиши учун уларнинг шахсий роли ва масъулиятини ошириш чораларини кўради;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасидан келиб чиқадиган тегишли йилга мўлжалланган давлат дастурининг амалга оширилиши тўғрисида ҳар чораклик ҳисоботлар тайёрланишини ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига тақдим этилишини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг тегишли хизматлари билан ҳамкорлик қилади;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг топшириқларига биноан тегишли тармоқларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда иқтисодий ислоҳотларнинг бажарилишини мувофиқлаштириб боради;

Котибият ва Инспекцияга бевосита раҳбарлик қилади;

Котибият ва Инспекцияга бириктирилган ташкилотларнинг ўзи юритадиган масалалар бўйича фаолиятини мувофиқлаштиради ва назорат қилади;

аниқ соҳалар ва йўналишларни ривожлантириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг хорижий сафарлари ва республика ҳудудларига ташрифлари якунлари бўйича белгиланган топшириқлар ҳамда вазифаларни бажариш бўйича "йўл хариталари" ишлаб чиқилиши, амалга оширилиши ва мониторинги олиб борилишини мувофиқлаштиради;

Ҳукумат аъзолари ҳисобланган ва Котибият ва Инспекцияга бириктирилган вазирлар ҳамда давлат қўмиталари раислари лавозимларига номзодлар бўйича таклифларни Бош вазир билан келишган ҳолда, кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси маъқуллаши учун белгиланган тартибда киритади;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчилари номенклатурасига кирадиган ва бириктирилган хўжалик бошқаруви органлари ҳамда бошқа ташкилотлар раҳбарлари лавозимларига номзодлар бўйича таклифларни кейинчалик Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири маъқуллаши учун белгиланган тартибда киритади;

вазирликлар ва идоралар бириктирилган соҳада давлат сиёсатини самарали ва сифатли амалга ошириш учун Вазирлар Маҳкамасининг айрим функция ва вазифаларини уларга бериш бўйича таклифлар киритади;

туризм, спорт, маданият, моддий маданий мерос, кинематография ва оммавий ахборот соҳаларига кирадиган масалалар бўйича Вазирлар Маҳкамасига киритилган таклифлар ва ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқишда давлат манфаатларига қатъий риоя этилишини таъминлайди, ҳужжатларнинг тайёрланган лойиҳаларига виза қўяди;

тегишли ҳужжатлар қабул қилингандан сўнг уларнинг амалга оширилиши юзасидан тизимли назорат ташкил этилишини таъминлайди;

қонун ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари лойиҳаларининг экспертизадан ўтказилиши ва сифатли тайёрланишини ташкил этиш масалаларида Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси билан ҳамкорлик қилади;

Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари, баённомалари ва топшириқлари, "йўл хариталари", Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ҳамда фармойишларининг ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан бажарилиши юзасидан назоратни таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси билан биргаликда Котибият мудири, унинг ўринбосари, шўъба мудири ва мутахассисларини, шунингдек, Ипспекция бошлиғи, шўъба мудири ва мутахассисларини лавозимларига кадрлар танлайди;

Котибият мудири, унинг ўринбосари, шўъба мудири ва мутахассисларини, шунингдек, Инспекция бошлиғи, шўъба мудири ва мутахассисларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, рағбатлантириш ва уларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш тўғрисида таклифлар киритади;

Котибият ва Инспекцияда ҳамда уларга бириктирилган давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг марказий аппаратларида кадрларни танлаш ва амалдаги захирасини шакллантириш тизимини такомиллаштириш ишларини тизимли асосда ташкил этади;

жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилади, шунингдек, ўзи юритадиган масалалар бўйича уларнинг мурожаатларини кўриб чиқади.


9. Бош вазир ўринбосари тегишли идоралараро коллегиал органларга раҳбарлик қилади, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири раҳбарлик қиладиган идоралараро коллегиал органлар фаолиятини ҳамда уларнинг қарорлари бажарилишини ташкил этиш юзасидан назоратни таъминлайди.



3-БОБ. БОШ ВАЗИР ЎРИНБОСАРИНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


10. Бош вазир ўринбосари ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида кўриб чиқиладиган масалаларни таҳлил қилиш ва тайёрлаш учун зарур бўлган материаллар ва маълумотларни давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа органлар ва ташкилотлардан белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда вакиллари иштирокида йиғилишлар ўтказиш;

бириктирилган вазирликлар ва идоралар коллегиал органларининг, хўжалик бошқаруви органлари мажлисларида, шунингдек, Бош вазир топшириқларига кўра - давлат бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотларнинг ўзи юритадиган соҳага кирувчи масалалар бўйича ўтказиладиган мажлислари ва йиғилишларида иштирок этиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, илмий муассасалар ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари ҳамда вакилларини Вазирлар Маҳкамасида кўриб чиқиладиган масалаларни ишлаб чиқиш учун белгиланган тартибда жалб этиш, тегишли масалалар бўйича вақтинчалик ишчи гуруҳлар тузиш;

"Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламенти талаблари бузилган ҳолда келадиган ҳужжатларни қайтариш.

Бош вазир ўринбосарининг зарур материаллар, маълумотларни тақдим этиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини пухта ишлаб чиқиш бўйича талаблари ва топшириқлари унинг томонидан белгиланган муддатларда бажарилиши шарт.

Бош вазир ўринбосарининг ўзи юритадиган масалалар бўйича вазирликлар ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига бериладиган топшириқлари белгиланган тартибда бажарилиши мажбурийдир.


11. Бош вазир ўринбосари:

ушбу Низомнинг 7 ва 8-бандларида кўрсатилган вазифалар ва функцияларнинг тегишли даражада ва сифатли бажарилиши;

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва унинг ваколатига кирадиган масалалар бўйича бошқа қонун ҳужжатлари билан Вазирлар Маҳкамасига юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши;

қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари, баённомалари ва топшириқлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ҳамда фармойишлари сифатли ва ўз вақтида бажарилиши;

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Бош вазир ўринбосари олдига бевосита қўйилган вазифаларнинг тегишли даражада ва самарали бажарилиши;

ўзи раҳбарлик қиладиган соҳадаги ишларнинг ҳолати, давлат ва хўжалик бошқарувининг тегишли органлари, бошқа ташкилотлар фаолиятининг тегишли равишда мувофиқлаштирилиши ва назорат қилиниши, унинг ваколатига кирадиган масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилган таклифлар ва ҳужжатлар лойиҳаларининг ҳар томонлама кўриб чиқилиши;

олий даражадаги хорижий ташрифлар, шунингдек, ўзининг ваколатига кирадиган масалалар бўйича республика ҳудудларига ташрифлар якунлари асосида тасдиқланадиган "йўл хариталари"нинг тегишли равишда ва самарали бажарилиши;

ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳолатининг ҳар томонлама ва чуқур таҳлил қилиниши, инвестиция (давлат) дастурлари ва ҳудудларни ривожлантириш дастурларининг шакллантирилиши, ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш вазифаларининг ташкил этилиши ва ҳал қилиниши;

тегишли вазирликлар ва давлат бошқарувининг бошқа органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, парламент ва депутатлар сўровлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари сўзсиз бажарилишининг мониторинги олиб борилиши;

жойлардаги реал аҳволни доимий ўрганиш, иқтисодий ва ижтимоий соҳадаги муаммоларни ҳар томонлама таҳлил қилиш ва шу асосда стратегик ҳамда устувор вазифаларни амалга оширишга доир комплекс таклифлар ишлаб чиқилиши;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Регламентига мувофиқ тақдим этиладиган Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ҳамда фармойишлари лойиҳаларининг давлат манфаатларини таъминлаш, иқтисодий самарадорлик нуқтаи назаридан ва улардаги масалаларнинг барча манфаатдор тузилмалар билан боғлиқ ҳолда пухта экспертизадан ўтказилиши юзасидан назоратнинг таъминланиши;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2021 йил 10 февралдаги ПФ-6166-сон Фармони, "Ijro.gov.uz" ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2021 йил 31 майдаги ПҚ-5132-сон ҳамда "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида" 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон қарорларига, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ ижро интизомига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш учун жавоб беради.



4-БОБ. БОШ ВАЗИР ЎРИНБОСАРИНИНГ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


12. Бош вазир ўринбосарининг ишлари "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Регламентига, ушбу Низомга, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг топшириқларига мувофиқ, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг иш режалари ҳамда Котибият ва Инспекциянинг иш режалари асосида ташкил этилади.

Котибиятнинг иш режаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раёсати томонидан тасдиқланади.


13. Бош вазир ўринбосарининг Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ҳамда фармойишларининг Котибият ва Инспекцияга бириктирилган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, ташкилотлар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида амалга оширилишининг тизимли мониторингини таъминлаш бўйича фаолияти Вазирлар Маҳкамасининг иш режасига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг топшириқларига мувофиқ комплекс ўрганишларни амалга ошириш, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда унинг Раёсати мажлисларида ҳисоботларни эшитиш йўли билан ташкил этилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 7 июль



































Время: 0.0186
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск