ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Маъмурий жавобгарлик /

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида ягона электрон иш юритув тизими орқали маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни юритиш тартиби хақида Низом (ЎзР ВМ 08.07.2021 й. 431-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 8 июлдаги

431-сон қарорига

ИЛОВА



Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида ягона

электрон иш юритув тизими орқали маъмурий

ҳуқуқбузарликка оид ишларни юритиш тартиби хақида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий ҳуқуқбузарликлар (кейинги ўринларда - ҳуқуқбузарлик) юзасидан иш юритиш ва тегишли жазо чораларини қўллаш ваколатига эга бўлган давлат органлари (кейинги ўринларда - ваколатли органлар)нинг Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ягона электрон иш юритув тизими (кейинги ўринларда - "E-ma`muriy ish" тизими) орқали ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни (кейинги ўринларда - маъмурий иш) электрон шаклда юритиш тартибини белгилайди.


2. Маъмурий ишларни "E-ma`muriy ish" тизими орқали юритиш Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ва бошқа қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига, шунингдек, ушбу Низомга мувофиқ амалга оширилади.


3. Маъмурий ишларни "E-ma`muriy ish" тизими орқали юритиш тартибини жорий этиш ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.


4. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


"E-ma`muriy ish" тизими - ҳуқуқбузарлик содир этилган ҳолат юзасидан маъмурий иш ҳужжатларини электрон тарзда расмийлаштириш ва шакллантириш, ваколатли органга электрон юбориш ҳамда ҳуқуқбузарлик содир этган шахс (кейинги ўринларда - ҳуқуқбузар), жабрланувчи, гувоҳ ва холислар тўғрисидаги маълумотларни тўплаш, умумлаштириш, сақлаш, таҳлил қилиш, шунингдек, ваколатли органлар ўртасида идоралараро ахборот алмашишнинг ягона марказлаштирилган электрон тизими;


ejarima.uz веб-сайти - ҳуқуқбузар ва унга қўлланилган жазо чоралари ҳақидаги маълумотларни, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг видеотехника воситалари орқали йўл ҳаракати иштирокчилари (йўловчи ва пиёдалар бундан мустасно) томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари қайд этилган маълумотларни интернет жаҳон ахборот тармоғи ёрдамида электрон шаклда юбориш, қабул қилиш, олиш, кўриш учун мўлжалланган электрон манзил;


ваколатли органлар - маъмурий ишларни қўзғатиш, кўриб чиқиш ва баённома тузишга ваколатли давлат органлари;


электрон рақамли имзо (кейинги ўринларда ЭРИ) - электрон ҳужжатдаги мазкур электрон ҳужжат ахборотини электрон рақамли имзонинг ёпиқ калитидан фойдаланган ҳолда махсус ўзгартириш натижасида ҳосил қилинган ҳамда электрон рақамли имзонинг очиқ калити ёрдамида электрон ҳужжатдаги ахборотда хатолик йўқлигини аниқлаш ва электрон рақамли имзо ёпиқ калитининг эгасини идентификация қилиш имкониятини берадиган имзо;


электрон график имзо (кейинги ўринларда ЭГИ) - электрон ҳужжатни замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда планшет ёки компьютерга ўрнатилган техник қурилмалар ёрдамида тасдиқлайдиган электрон ҳужжатдаги шахс томонидан қўлда (ёзма равишда) амалга ошириладиган графикли имзо;


QR-код (матрица штрихли код) - якунланган электрон ҳужжатга бириктириладиган ва ҳужжатни қоғоз шаклида тасдиқлайдиган ҳамда чоп этилганда кўрсатиладиган махсус графикли код;


ягона хос рақам - "E-ma`muriy ish" тизими ҳамда "Электрон ҳукумат"нинг ягона биллинг тизими томонидан ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома (кейинги ўринларда - маъмурий баённома) ҳамда маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарорга идентификациялаш учун бериладиган электрон рақам.


5. Маъмурий ишларни электрон шаклда юритиш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги (кейинги ўринларда - Ички ишлар вазирлиги) томонидан шакллантириладиган "E-ma`muriy ish" тизими орқали амалга оширилади.

E-ma`muriy ish" тизимини юритиш ҳамда муҳофаза қилиш Ички ишлар вазирлиги томонидан амалга оширилади.


6. Маъмурий ишларни электрон шаклда юритиш ваколатли органларнинг тегишли таркибий бўлинмалари томонидан маъмурий иш ҳужжатлари "E-ma`muriy ish" тизимига электрон шаклда киритилиши орқали амалга оширилади.


7. Маъмурий ишларни қоғоз шаклида юритиш зарурати юзага келганда, ушбу ҳужжатлар "E-ma`muriy ish" тизимига электрон шаклда киритилади ҳамда унинг қоғоз шакли бевосита ваколатли органда сақланади.



2-БОБ. "E-MA`MURIY ISH" ТИЗИМИДА

РЎЙХАТДАН ЎТИШ ТАРТИБИ


8. "E-ma`muriy ish" тизими ҳимояланган "Электрон ҳукумат"нинг идоралараро маълумотлар узатиш тармоғида ишлайди. Ундан фойдаланишда ваколатли органнинг тегишли тузилмаси томонидан ахборот хавфсизлиги таъминланиши лозим.


9. Ваколатли органларда "E-ma`muriy ish" тизимидан фойдаланадиган ходимларни рўйхатга олиш ва ҳисобини юритиш учун марказий аппарат ходимлари орасидан администраторлар тайинланади.

Ваколатли органлар томонидан администратор сифатида белгиланган масъул ходимлар ҳақида уларнинг буйруқларидан кўчирма ва паспорт нусхаларини ёки идентификация ID-картаси маълумотларини илова қилган ҳолда бир иш кун ичида Ички ишлар вазирлигига ёзма равишда хабар юборилади.

Ваколатли органларнинг администраторлари учун логин ва пароль уч иш кун ичида Ички ишлар вазирлиги томонидан берилади.


10. Ваколатли органлар администраторлари тегишли тузилмадаги:

рўйхатга олиш учун масъул шахсларни "E-ma`muriy ish" тизимида рўйхатга олади;

рўйхатга олиш учун масъул шахслар "E-ma`muriy ish" тизими орқали ЭРИ билан таъминланишини ташкил этади, уларга паспорт нусхаси асосида логин ва пароллар бириктиради;

рўйхатга олиш учуна масъул шахсларнинг лавозими ўзгарганда ёки улар ишдан бўшатилганда логин ва паролларга тегишли ўзгартиришлар киритади;

рўйхатга олиш учун масъул шахслар томонидан ахборот хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиниши, шу жумладан, пароллар махфийлиги устидан назорат олиб боради;

рўйхатга олиш учун масъул шахсларга "E-ma`muriy ish" тизимидан фойдаланиш тартибини мунтазам ўргатиб боради.


11. Рўйхатга олиш учун масъул шахслар "E-ma`muriy ish" тизимида рўйхатдан ўтганидан сўнг ваколатли органлар администраторлари уларнинг маълумотларини тизимда тасдиқлайди.

"E-ma`muriy ish" тизимида рўйхатдан ўтказилганлигини тасдиқлаш бир иш куни давомида амалга оширилади.

Рўйхатга олиш учун масъул шахслар "E-ma`muriy ish" тизимида бир маротаба рўйхатдан ўтказилади.


12. Рўйхатга олишга масъул шахсларнинг лавозими ўзгарганда ваколатли органлар тузилмалари администраторлари "E-ma`muriy ish" тизимига тегишли тузилмада рўйхатга олиш вазифаси юкланган янги ходимнинг шахсига оид маълумотларни киритади ва "E-ma`muriy ish" тизими келгусида белгиланган тартибда юритилишини ташкил этади.


13. Рўйхатга олиш учун масъул шахсларнинг лавозими ўзгарганлиги тўғрисида буйруқ қабул қилингандан сўнг бу ҳақида бир иш куни давомида кадрлар хизмати томонидан администраторга маълум қилиниши лозим.


14. Ҳар бир ваколатли органга "E-ma`muriy ish" тизимида хос рақам бириктирилади.


15. Маълумотлар "E-ma`muriy ish" тизимига киритилганидан сўнг ҳужжатлар ижрочи сифатида белгиланган тармоққа (ходимга) дарҳол ушбу тизим орқали юборилади.

Қонун бузилишига йўл қўйиш ҳолатларининг барчаси автоматик тарзда "E-ma`muriy ish" тизимида жамланиб борилади.



3-БОБ. ЭЛЕКТРОН ИШ ЮРИТИШ ТАРТИБИ


16. Маъмурий ишларга оид маълумотларни тўплаш, қайта ишлаш, умумлаштириш, сақлаш, таҳлил қилиш ва уларни ҳимоя қилиш электрон шаклда идоралараро ахборот алмашиш орқали амалга оширилади.


17. Ваколатли органлар томонидан ҳуқуқбузар, жабрланувчи, гувоҳ ва холислар тўғрисидаги маълумотларни судга юбориш, шунингдек, судда ишни кўриш билан боғлиқ маълумот алмашинуви фақат "E-ma`muriy ish" тизими орқали амалга оширилади.


18. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ва унинг ҳудудий бўлинмалари (кейинги ўринларда - Мажбурий ижро бюроси органлари) фаолиятига жорий этилган ахборот тизими "E-ma`muriy ish" тизимига интеграция қилинади.


19. Ҳуқуқбузар, жабрланувчи, гувоҳ ва холислар тўғрисидаги маълумотларнинг марказлаштирилган ҳисоби Ички ишлар вазирлиги томонидан "E-ma`muriy ish" тизими орқали юритилади.


20. Қуйидагилар маъмурий ишларни юритишда ҳисобга олиш электрон ҳужжатлари ҳисобланади:

ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шаклдаги маъмурий баённома;

ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ шаклдаги маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарор.


21. "E-ma`muriy ish" тизими ва маъмурий ишлар давлат тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда юритилади.


22. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари ёки автоматлаштирилган ахборот тизимлари орқали қайд этилган ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги маълумотлар (техник экспертиза хулосаси, ўлчаш воситаларининг далолатномалари, log-файллар ва бошқа ҳужжатлар) электрон алоқа тармоғи орқали реал вақт режимида "E-ma`muriy ish" тизимига конвертация қилиш йўли билан тақдим этилади.


23. Суд ва ваколатли органларнинг ахборот тизимларини ёки маълумотлар базаларини такомиллаштириш ёхуд электрон ҳамкорлик тўғрисидаги технологик йўриқномани ўзгартириш зарурати пайдо бўлган тақдирда, "E-ma`muriy ish" тизимига ҳамда ундаги электрон ҳужжат шаклига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ Ички ишлар вазирлиги билан келишган ҳолда амалга оширилади.


24. "E-ma`muriy ish" тизими маълумотлари ваколатли органлар фаолияти доирасида уларнинг масъул шахслари фойдаланадиган ахборот ресурси ҳисобланади.


25. "E-ma`muriy ish" тизимидаги маълумотлар билан фақат маъмурий ишларни кўзғатиш, кўриб чиқиш ва баённома тузишга ваколатли органларнинг мансабдор шахслари ҳамда "E-ma`muriy ish" тизимига бириктирилган ходимлар танишиш ва улардан фойдаланиш ҳуқуқига эгадирлар.



4-БОБ. МАЪМУРИЙ ИШЛАРНИ ЭЛЕКТРОН ШАКЛДА

ШАКЛЛАНТИРИШ (РАСМИЙЛАШТИРИШ)


26. Ваколатли органлар томонидан ҳуқуқбузарга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси (кейинги ўринларда - МЖТК) талаблари бузилганлиги ҳақида ушбу Низомга 1 ва 2-иловаларга мувофиқ белгиланган шаклдаги маъмурий баённома ёки маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарор ҳуқуқбузарлик содир этилган жойнинг ўзида планшет ёки компьютер ёрдамида "E-ma`muriy ish" тизими орқали расмийлаштирилади. Ушбу қарор "Фуқароларнинг биометрик ҳужжатлари электрон тизими" ёки дактилоскопик таққослаш ёхуд мультибиометрик идентификация қилиш дастурлари (кейинги ўринларда - идентификация тизимлари) орқали ҳуқуқбузарнинг шахсини аниқлаган ҳолда ЭРИ ёки ЭГИ ҳамда QR-код билан тасдиқланади.

Мазкур Низомнинг 27-бандида кўрсатилган ҳолатларда, содир этилган ҳуқуқбузарликлар кейинчалик аниқланганда, маъмурий ишлар жабрланувчининг аризаси билан қўзғатилганда, шунингдек, алоқа тармоғи мавжуд бўлмаган ҳудудларда ёки маъмурий ишни қоғоз шаклида шакллантиришни тақозо этадиган ҳолатларда ҳужжатлар қоғоз шаклида расмийлаштирилиб, ҳуқуқбузарлик аниқланган кунда pdf форматида сканер қилинган ҳолда белгиланган тартибда "E-ma`muriy ish" тизимига киритилади.


27. Маъмурий ишлар қуйидаги ҳолатларда соддалаштирилган тартибда юритилмайди:

маъмурий иш соддалаштирилган тартибда юритилишига ҳуқуқбузар ёки жабрланувчининг эътирози бўлганда ёхуд ҳуқуқбузар ҳуқуқбузарлик фактини инкор этганда;

жойнинг ўзида солинадиган жариманинг миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисмидан юқори бўлса;

содир этилган ҳуқуқбузарлик учун белгиланган санкцияда жарима жазосидан бошқа турдаги маъмурий жазо қўлланилиши назарда тутилган бўлса;

чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юбориш билан боғлиқ бўлган ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилаётганда;

иш бўйича моддий ва маънавий зарар кўрган тараф ёки унинг вакили зарарни ундиришни талаб қилган ҳолларда;

ҳуқуқбузарлик содир этган бир неча шахслардан лоақал биттаси ҳуқуқбузарлик содир этганлигини рад этганда.

Бундай ҳолатларда иш электрон шаклда маъмурий баённома тузиш орқали амалга оширилади (МЖТКнинг 138-моддаси биринчи, иккинчи ва учинчи қисмларида, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно).

Бир йил давомида такроран содир этилиши оқибатида жиноий жавобгарлик келиб чиқиши назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар бўйича соддалаштирилган тартибда юритилаётган маъмурий ишда шахснинг муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилганлиги ҳақидаги маълумотни дарҳол олишнинг имкони бўлмаса, иш юритиш тегишли маълумотлар олингунга қадар умумий тартибда давом эттирилади ҳамда тегишли маълумот натижасига кўра ушбу иш юзасидан электрон шаклда маъмурий баённомани тузиш ёки тузмаслик ёхуд иш ҳужжатларини тегишлилиги бўйича суриштирув ёки тергов органларига юбориш масаласи хал қилинади.


28. МЖТКнинг 283-моддаси тўртинчи-еттинчи қисмларига мувофиқ маъмурий баённома тузишни истисно этадиган ҳолатларда маъмурий ишлар юзасидан қарорни расмийлаштириш "E-ma`muriy ish" тизими орқали амалга оширилади.


29. Ҳуқуқбузар ўзига нисбатан чиқарилган маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарордан норози бўлган тақдирда, ушбу маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарор устидан юқори турувчи органга (мансабдор шахсга) ёки судга белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилади.


30. Маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарор "E-ma`muriy ish" тизими орқали электрон ҳужжат шаклида чиқарилади ҳамда ижро этиш учун ҳуқуқбузарга етказиб берилади.

Маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарорнинг хос рақами ва жарима миқдори ҳақидаги маълумотлар замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда ҳуқуқбузарнинг ejarima.uz веб-сайтидаги шахсий кабинетига, "SMS" хабар орқали унинг телефонига ёки почта хизмати орқали яшаш манзилига юборилади. Ҳуқуқбузарлик расмийлаштирилаётган жойда маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарорни чоп этиш имконияти мавжуд бўлган тақдирда, қарор қоғозда чоп этилиб, ҳуқуқбузарга тақдим этилади.


31. Ҳуқуқбузар маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарорни олганидан сўнг ҳуқуқбузарлик содир этилган жойнинг ўзида ёки бошқа жойда электрон тўлов тизимлари, мобил иловалар ёки банк кассалари орқали жаримани тўлаши ёки етказилган зарар учун тўловни амалга ошириши мумкин.

Ҳуқуқбузар унга маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарор топширилган кундан бошлаб ўн беш кун ичида жарима миқдорининг эллик фоизини ёки ўттиз кун ичида жарима миқдорининг етмиш фоизини ихтиёрий равишда тўлаган тақдирда, у жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод қилинади ва бу "E-ma`muriy ish" тизимида акс эттирилади, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳолатлар бундан мустасно.

Мазкур тартиб суд қарорларига асосан қўлланиладиган жарималарга нисбатан ҳам татбиқ этилади.

32. Ҳуқуқбузарга тайинланган маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарорни ижро этиш бўйича тўловлар, шунингдек, белгиланган тартибда бекор қилинган қарор бўйича тўланган тўловларни фуқароларга реал вақт режимида қайтариш "Электрон ҳукумат"нинг ягона биллинг тизими орқали амалга оширилади ҳамда бу ҳақидаги маълумотлар дарҳол ушбу тизим орқали "E-ma`muriy ish" тизимига ҳисобга олиш учун юборилади.

Тўловлар ҳақидаги маълумотларнинг тўғрилиги ва тўлиқлиги, шунингдек, ўз вақтида "E-ma`muriy ish" тизимига юборилиши учун "Электрон ҳукумат"нинг ягона биллинг тизимининг масъул ходими жавобгар ҳисобланади.


33. Ҳуқуқбузар жарима тўловларини тўлаганидан сўнг тўлов амалга оширилганлиги ҳақидаги маълумотлар замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда ҳуқуқбузарнинг ejarima.uz веб-сайтидаги шахсий кабинетига, "SMS" хабар орқали унинг телефонига ёки почта хизмати орқали яшаш манзилига юборилади.

Ҳуқуқбузар қарорнинг ижро қилинганлиги ҳақидаги тўлов варақаси (квитанция)ни ejarima.uz веб-сайти ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали олиши мумкин.


34. Ваколатли органлар томонидан ҳуқуқбузарга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилганда судларнинг ваколатига кирадиган маъмурий ишлар "E-ma`muriy ish" тизими орқали тегишли судларга юборилади.

Маъмурий баённомани расмийлаштирган ваколатли орган МЖТКга асосан мазкур маъмурий ишни кўриб чиқишга ваколатли бўлган тақдирда, ишни белгиланган тартибда кўриб чиқиб, тегишли қарор қабул қилади ва почта хизмати орқали фуқаронинг яшаш манзилига юборади.

Бундан ташқари, ҳуқуқбузар маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарорни ejarima.uz веб-сайти ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги шахсий кабинети орқали олиши ҳам мумкин.

Агар ҳуқуқбузар ўзига нисбатан чиқарилган маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарордан норози бўлган ва судга мурожаат қилган тақдирда, ваколатли орган маъмурий иш ҳужжатлари "E-ma`muriy ish" тизими орқали тегишли судга юборилишини таъминлайди.


35. Ваколатли органлар томонидан маъмурий ишларга доир қуйидаги маълумотлар "E-ma`muriy ish" тизими орқали судларга юборилиши шарт:

ҳуқуқбузарнинг ва жабрланувчининг шахсига оид маълумотлар, шу жумладан жисмоний шахснинг идентификация рақами - ЖШШИР, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар бундан мустасно;

ҳуқуқбузарликнинг моҳияти, уни содир этиш усули ва содир этилган жойи (аниқ манзили), вақти;

МЖТКнинг ҳуқуқбузарлик квалификация қилинган тегишли моддаси (қисми, банди);

ҳуқуқбузарнинг муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилганлиги;

жабрланувчининг, гувоҳларнинг кўрсатмаси, экспертнинг хулосаси, агар улар мавжуд бўлса;

етказилган моддий ва маънавий зарар миқдори юзасидан ҳисоб-китоблар, агар мавжуд бўлса;

ҳуқуқбузарликка доир далиллар (ёзма, ашёвий далил, фото, видеоёзув ва бошқалар), шунингдек, далилнинг номи, миқдори, ўлчов бирлиги ва баҳоси;

ҳуқуқбузарликни аниқлаган ваколатли орган номи, баённомани тузган масъул шахснинг лавозими, фамилияси, исми, отасининг исми.

Шунингдек, МЖТКнинг 52, 133, 134-моддаларида назарда тутилган маъмурий баённомага ушбу банднинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳужжатлардан ташқари МЖТКнинг 282-моддаси иккинчи ва учинчи қисмларида кўрсатилган ҳужжатлар илова қилиниши лозим.

Агар иш бўйича ашёвий далиллар олинган бўлса, у ҳолда олинган ашёвий далиллар маъмурий иш кўриб чиқилгунга қадар шундай ашё ва ҳужжатларни олиб қўйиш ҳуқуқи берилган органлар (мансабдор шахслар) томонидан белгилаб бериладиган жойларда сақланади, иш кўриб бўлинганидан кейин эса белгиланган тартибда ҳал этилади.


36. Судларга юборилаётган маъмурий ишларнинг электрон шакли ваколатли органнинг мансабдор шахси томонидан планшет ёки компьютерга ўрнатилган техник қурилмалар ёрдамида ЭРИ, ЭГИ, QR-код ёки бармоқ изларини тушириш орқали автоматлаштирилган тартибда тасдиқланиши шарт.


37. Судларнинг электрон тизимига тушган маъмурий ишларга оид электрон шаклдаги ҳужжатлар автоматлаштирилган тартибда электрон тизим орқали рўйхатдан ўтказилади.


38. Суд томонидан маъмурий иш материаллари ваколатли органга қайтарилган тақдирда, ваколатли орган уч иш кун ичида суднинг маъмурий ишни қайтариш ҳақидаги ажримда кўрсатилган камчиликларни бартараф этиб, маъмурий иш материалларини мазкур Низомга асосан судга қайтадан юборади.


39. Маъмурий ишни қайтариш ҳақидаги ажримда маъмурий иш бўйича қўшимча муддат талаб этиладиган экспертиза тайинлаш ва маъмурий иш юзасидан жабрланувчи, гувоҳлардан (республиканинг бошқа ҳудудларида истиқомат қиладиган шахслар) тушунтириш олиш талаб этилган тақдирда, ваколатли орган ўттиз кун мобайнида ушбу камчиликларни бартараф этиб мазкур Низомга асосан судга қайта юбориши лозим.


40. Судлар томонидан маъмурий ишларга доир маълумотлар электрон тизим орқали рўйхатдан ўтказилгандан кейин шу вақтнинг ўзида "E-ma`muriy ish" тизимига автоматлаштирилган тартибда бу ҳақида хабар юборилади.


41. Cудларда маъмурий ишларни кўриш билан боғлиқ ҳар қандай маълумотлар ваколатли органлар томонидан "E-ma`muriy ish" тизими орқали электрон шаклда юборилиши шарт, агар иш заруратга кўра қоғоз шаклида расмийлаштирилган ҳужжатларнинг асл нусхаси талаб этилган тақдирда, ушбу ҳужжатлар тақдим этилади.


42. Агар маъмурий ишларни кўриб чиқиш пайтида ваколатли орган (мансабдор шахс) ҳуқуқбузарлик ҳолатида жиноят аломатлари бор деган хулосага келса, "E-ma`muriy ish" тизими орқали материалларни электрон шаклда тегишли прокуратура органига юборади.


43. Прокуратура органи томонидан материалларни текшириш натижасида жиноят аломатлари йўқлиги аниқланган тақдирда, жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ҳақидаги қарор ҳамда маъмурий иш ҳужжатлари "E-ma`muriy ish" тизими орқали ваколатли органга қайтариб юборилади.

Прокурор ёки ваколатли орган томонидан ҳуқуқбузарликда жиноят аломатлари аниқланган тақдирда, жиноят ишини қўзғатиш ҳақидаги қарор "E-ma`muriy ish" тизимига киритилади ҳамда маъмурий ишни кўриб чиқиш тугатилади.


44. Судда кўрилган маъмурий иш бўйича чиқарилган қарор, мажбурий ижрога қаратилган ижро қарори ва уларга доир маълумотлар, шунингдек, қарорнинг ихтиёрий ижро этилганлиги тўғрисидаги маълумотлар ЭРИ ҳамда QR-код билан тасдиқланган ҳолда "E-ma`muriy ish" тизимига киритилади.


45. Судлар томонидан ҳуқуқбузар(лар)га нисбатан маъмурий қамоққа олиш тарзидаги жазо чорасини қўллаш тўғрисида қарор чиқарилганда, бу ҳақидаги суд қарори ва тегишли маълумотлар ЭРИ ҳамда QR-код билан тасдиқланган ҳолда ваколатли органга ҳамда маъмурий қамоқ жазосини ижро этувчи масъул органга "E-ma`muriy ish" тизими орқали юборилади.

Маъмурий қамоқ жазосини ижро этувчи масъул органлар томонидан ҳуқуқбузар маъмурий жазони ўташни бошлаганлиги ҳамда жазони ўтаб бўлганлиги ҳақидаги маълумотлар "E-ma`muriy ish" тизимига киритилади. Бунда ҳар бир ҳуқуқбузарга нисбатан маълумотлар алоҳида киритилади.


46. Автомототранспорт воситаларини жарима майдончаларига қўйиш ҳамда чиқариш суд ёки ваколатли органларнинг тегишли қарори (қўйишда - баённома, чиқаришда - рухсатномаси) асосида "E-ma`muriy ish" тизимидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

Жарима майдонига қўйилаётган ҳамда чиқарилаётган автомототранспорт воситаси ҳақидаги маълумотлар жарима майдонининг масъул ходими томонидан ejarima.uz веб-сайтига киритилиши шарт. Бунда жарима майдонининг масъул ходими автомототранспорт воситасини жарима майдонига қўйишда ejarima.uz веб-сайти орқали ўз шахсий кабинетидан фойдаланган ҳолда унинг давлат рақамини киритганда, автомототранспорт воситасининг асосий реквизитлари автоматик равишда тўлдирилади, автомототранспорт воситасининг ҳолати ва бошқа тегишли реквизитлари эса қўшимча тарзда киритилади.

Автомототранспорт воситасини жарима майдонидан чиқаришда тегишли рухсатнома ҳамда чиқариш вақти қайд этилади.


47. Ҳуқуқбузар жаримани МЖТКда белгиланган муддат ичида тўламаган тақдирда, маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарор суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг мажбурий ижросини амалга ошириш мақсадида ижро ҳужжатлари "E-ma`muriy ish" тизими орқали Мажбурий ижро бюроси органларига тақдим этилади, бунда жаримани ихтиёрий тўлаш имконияти тўғрисида ҳуқуқбузарни хабардор қилган ҳолда унга маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарорнинг топширилганлиги ёки юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжат ижро ҳужжатига мажбурий тартибда илова қилинади.

Ваколатли органнинг қарорига асосан қарор ижроси бир ой муддатга кечиктирилган ёки тўхтатиб турилган ҳоллар бундан мустасно.


48. "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган тартибда расмийлаштирилган ижро ҳужжати ваколатли органлар томонидан "E-ma`muriy ish" тизими орқали Мажбурий ижро бюроси органларига юборилади.


49. Агар маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарор чиқарилган кундан бошлаб уч ой давомида ижро этишга қаратилмаган бўлса, бундай қарор ижро этилмайди.

Ушбу қарорни чиқарган ваколатли орган (мансабдор шахс) томонидан маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарорнинг тўғри ва ўз вақтида ижро этилмаганлиги ушбу қарорга масъул бўлган ходимга нисбатан тегишли интизомий жазо чоралар қўлланиши учун асос бўлади, белгиланган муддатда шикоят бериш қарорнинг ижросини шикоят кўриб чиқилгунга қадар тўхтатиб туриш мумкин бўлган ҳолатлар бундан мустасно.


50. Мажбурий ижро бюроси органларининг электрон тизимига тушган ижро ҳужжатлари тақдим этилган санада автоматик равишда электрон рўйхатдан ўтказилади ҳамда шу вақтнинг ўзида "E-ma`muriy ish" тизимига бу ҳақида маълумот киритилади.


51. "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ижро ҳужжатини қайтариб юбориш учун асослар мавжуд бўлганда, Мажбурий ижро бюроси органи (мансабдор шахс) томонидан ижро ҳужжати ҳамда уни қайтариб юбориш тўғрисидаги қарор ушбу ҳужжат олинган кундан эътиборан уч кун ичида Мажбурий ижро бюроси органларининг электрон тизими орқали "E-ma`muriy ish" тизимига юборилади.


52. Ваколатли орган ҳужжатда йўл қўйилган камчиликларни ижро ҳужжати қайтарилган кундан эътиборан уч иш куни ичида бартараф қилади ҳамда уни такроран "E-ma`muriy ish" тизими орқали Мажбурий ижро бюроси органларига юборади.


53. Мажбурий ижро бюроси органлари томонидан ижро иши юритишни қўзғатиш, тамомлаш ёки тугатиш тўғрисидаги қарорлар улар чиқарилган кундан эътиборан бир иш куни ичида "E-ma`muriy ish" тизимига киритилади.


54. Мажбурий ижро бюроси органларининг ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги қарорлари "E-ma`muriy ish" тизимига киритилган вақтдан бошлаб ваколатли орган ҳисоб рақамига жариманинг тўланишига тақиқ қўйилади. Шунингдек, "E-ma`muriy ish" тизимида ижро ҳужжати рўйхатдан ўтган рақами кўрсатилиб, унда жаримани Мажбурий ижро бюроси органлари орқали тўлаш лозимлиги ҳақида автоматик равишда маълумот кўрсатилади.


55. Маъмурий ишларни юритишда қонунларнинг ижроси устидан прокурор назорати "E-ma`muriy ish" тизими орқали электрон шаклда амалга оширилиши мумкин.



5-БОБ. МАЪМУРИЙ ИШЛАРНИ ПЛАНШЕТ

ВА КОМПЬЮТЕРДА РАСМИЙЛАШТИРИШ


56. МЖТКга мувофиқ ҳуқуқбузар тўғрисидаги маълумотлар планшет орқали ҳуқуқбузарлик содир этилган жойнинг ўзида ёки компьютерда реал вақт режимида "E-ma`muriy ish" тизимидан фойдаланган ҳолда маъмурий баённома ёки маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарорга киритилади.


57. Ҳуқуқбузар, жабрланувчи, гувоҳ, холисга тегишли бўлган шахсга доир маълумотларнинг (фамилияси, исми, отасининг исми ва туғилган санаси) планшет ёки компьютер орқали маъмурий баённома ёки маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарорга тўғри киритилишига ваколатли орган ходими (мансабдор шахс) масъул ҳисобланади.

Агар ҳуқуқбузар, жабрланувчи, гувоҳ, холис Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаса ёки идентификация тизимлари ёрдамида уларнинг шахсини аниқлашнинг имкони бўлмаса, уларнинг ёнида маълумотлар базасига киритилмаган чет эл паспорти ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда, ваколатли органнинг масъул ходими ушбу ҳужжатларга асосан шахсга доир маълумотларни электрон тизимга қўлда киритади ҳамда унинг тўғри киритилишига шахсан жавоб беради.

Ҳуқуқбузар, жабрланувчи, гувоҳ, холисларнинг шахсга доир маълумотлари ёки бошқа маълумотлари тизимга нотўғри киритилганлиги аниқланган тақдирда, уч кун ичида ушбу маълумотларни киритган масъул ходимга нисбатан у хизмат қиладиган (ишлайдиган) ваколатли орган томонидан хизмат текшируви тайинланади.

Хизмат текшируви натижалари бўйича ваколатли органнинг хулосаси Ички ишлар вазирлигига тақдим этилади ҳамда ушбу хулосага асосан "E-ma`muriy ish" тизимига Ички ишлар вазирлиги томонидан уч иш кун ичида тегишли ўзгартиришлар киритилади.


58. Маъмурий ишларни планшет орқали ёки компьютерда расмийлаштиришда ҳуқуқбузарга:

маъмурий ишнинг электрон шаклда расмийлаштирилаётганлиги;

жаримани ёки зарарни ихтиёрий равишда электрон тўлов тизимлари, мобил иловалар ёки банк кассалари орқали, ejarima.uz веб-сайти ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги шахсий кабинети орқали тўлаши мумкинлиги;

жарима солиш тўғрисидаги қарор топширилган кундан бошлаб ўн беш кун ичида жарима миқдорининг эллик фоизини ёки ўттиз кун ичида жарима миқдорининг етмиш фоизини ихтиёрий равишда тўлаган тақдирда, у жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод қилиниши мумкинлиги;

унинг МЖТКда назарда тутилган бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилади.


59. Ваколатли органлар томонидан маъмурий иш юритишда планшетдан фойдаланган ҳолда аудио, видеоёзувлардан ҳамда фотосуратлардан, шунингдек, бошқа маълумотлардан (техник экспертиза хулосаси, ўлчаш воситаларининг далолатномалари ва бошқа махсус ҳужжатлар) иборат ҳужжатлар электрон шаклда қайд этилиши мумкин.


60. Агар фуқаро ўзи содир этган ҳуқуқбузарлик фактига эътироз билдириб, маъмурий баённомани имзолашдан бош тортган тақдирда, маъмурий баённомага бу ҳақида ёзиб қўйилади. Ҳуқуқбузар баённоманинг мазмуни юзасидан баённомага илова қилинадиган тушунтириш ва мулоҳазаларини беришга, шунингдек, мазкур баённомага имзо чекишдан бош тортиш сабабларини баён этишга хақли.

Фуқаро маъмурий баённомани имзолашдан ҳамда бу ҳақида изоҳ бериш ёки тушунтириш беришдан бош тортган ҳолларда электрон маъмурий баённома холислар иштирокида расмийлаштирилади.


61. Ҳуқуқбузарнинг ёнида шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган ёки унинг ўзи шахсига доир маълумотларни планшет орқали аниқлаш учун ихтиёрий равишда маълум қилишни истамаган ҳолларда ҳуқуқбузарликларни расмийлаштириш МЖТКнинг 284-моддасига мувофиқ умумий асосларда электрон шаклда амалга оширилади.


62. Планшет қурилмаси ёки компьютер орқали ҳуқуқбузарга доир қўшимча аниқланган маълумотлар (ҳолатлар) (қидирувдаги шахс, қалбаки ҳужжатлардан фойдаланиш, қарздорлик ва ҳ.к.,) бўйича қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилади.


63. "E-ma`muriy ish" тизими орқали электрон шаклда маъмурий иш расмийлаштирилаётганда ҳуқуқбузарнинг муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилганлиги ҳақидаги маълумот тизим томонидан аниқланиб, автоматик равишда талабнома шакллантирилади.

Агар ҳуқуқбузар Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлмаса ёки идентификация тизимлари ёрдамида унинг шахсини аниқлашнинг имкони бўлмаса, ушбу шахсларнинг маъмурий жавобгарликка тортилганлиги тегишли талабномани тўлдириш асосида ушбу тизим орқали текширилади, маъмурий ишларга тааллуқли бўлмаган ҳамда жиноят ишлари бўйича шахсларнинг маъмурий жавобгарликка тортилганлиги ҳақидаги маълумотларни текшириш ҳолатлари бундан мустасно.


64. Талабнома текширилаётган ҳар бир шахс учун алоҳида расмийлаштирилади.


65. Талабномада текширилаётган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ва яшаш жойи бош келишикда, қисқартиришларсиз аниқ кўрсатилади ҳамда ваколатли органнинг мансабдор шахси томонидан ЭРИ ёки QR-код билан тасдиқланади.


66. Ваколатли органларнинг масъул ходими томонидан "E-ma`muriy ish" тизими орқали тушган сўровнома ва талабномалар бир иш кун ичида текширилади ҳамда текшириш натижаси ва санаси кўрсатилиб, ички ишлар органларининг электрон шаклдаги штампи ва масъул ходимнинг ЭРИси билан тасдиқланади.

Маълумотлар базасида текширилаётган шахснинг маъмурий жавобгарликка тортилганлиги ҳақида маълумот бўлмаса, талабноманинг орқа томонига "Маъмурий жазога тортилган шахслар тизимида маълумотлар мавжуд эмас", "Маълумотнома Ички ишлар вазирлиги ходимининг электрон калити ёрдамида текширилади" ёзуви билан текшириш санасини кўрсатган ҳолда электрон шаклдаги штамп ва ЭРИ қўйилади.

Ҳисобга олиш ҳужжатида текширилаётган шахсга доир маълумотлар топилганда, талабноманинг орқа томонида текшириш санаси ва "Маълумотнома Ички ишлар вазирлиги ходимининг электрон калити ёрдамида текширилади" матни ёзилиб, электрон шаклдаги штамп ва ЭРИ қўйилади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


67. Ваколатли органлар томонидан масъул ходимларга планшетлар, ЭРИ ҳамда "E-ma`muriy ish" тизимига кириш учун мўлжалланган логин ва пароль берилади.


68. Масъул ходимларга бириктирилган планшетлар доимий равишда соз, батарея қуввати тўлдирилган ва дастурий-техник таъминоти ишчи ҳолатда бўлиши лозим.


69. Масъул ходимлар ўзларига бириктирилган планшетларнинг бут сақланиши ва ушбу планшетдан фойдаланган ҳолда тузилаётган маъмурий баённома ва маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарор учун шахсан жавобгар ҳисобланади. Планшетлар йўқолган, учинчи шахсларга берилган, қасддан нобуд қилинган, унга ўрнатилган дастур ва иловалар қасддан яроқсиз ҳолга келтирилган тақдирда, зарар бириктирилган масъул ходим ҳисобидан қопланади.


70. Масъул ходимлар ўзларига бириктирилган планшетларни иш вақти тугаганидан сўнг иш жойидаги хизмат сейфида сақлайди ёки ваколатли орган раҳбари белгилаган жойга (масъул ходимга) топширади.


71. Планшетлар бириктирилган ваколатли орган мансабдор шахси ёки бошқа ходимлар хизмат вазифаларидан бўшатилганда ёхуд бошқа сабабларга кўра планшетдан фойдаланиш зарурати мавжуд бўлмаган ҳолларда планшет ваколатли органларнинг тегишли моддий-техника таъминоти учун масъул ходимига топширилади.


72. Электрон шаклдаги маъмурий ишлар бўйича маълумотлар архиви (иш ҳужжатларининг электрон шакли) Ички ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Олий судининг серверларида сақланади.


73. Маъмурий ишлар бўйича статистик ҳисоботлар, ундирилган жарима ва зарарлар, мол-мулкни давлат даромадига ўтказиш, йўқ қилиш билан боғлиқ ижро ҳаракатлари ва бошқа турдаги маълумотлар "E-ma`muriy ish" тизими орқали автоматик равишда шакллантирилади.


74. "E-ma`muriy ish" тизими орқали маъмурий иш юритиш қоидаларига риоя этилиши устидан назорат қилиш Ички ишлар вазирлиги томонидан амалга оширилади.


75. Ваколатли органларнинг масъул ходими "E-ma`muriy ish" тизимидаги шахсга доир маълумотлар учинчи шахсларга ошкор этилмаслиги ҳамда ушбу маълумотлардан ғаразли мақсадларда фойдаланилмаслиги учун жавобгардир.


76. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Маъмурий ишларни "E-ma`muriy ish" тизими

орқали юритиш тартибини жорий этиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Муддатлар



1-босқич

1. Маъмурий ишларни қўзғатиш, кўриб чиқиш ва баённома тузишга ваколатли давлат органлари (кейинги ўринларда - Ваколатли орган)


2. Ички ишлар вазирлиги


1. Ваколатли орган ходимлари орасидан "E-ma`muriy ish" тизимидан фойдаланиш ҳуқуқига эга тизим администратори масъул тайинланадива буйруқдан кўчирма ҳамда паспорт маълумотларини илова қилган ҳолда Ички ишлар вазирлигига ёзма равишда маълумот юборади.


2. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида ягона электрон иш юритув тизими (кейинги ўринларда - "E-ma`muriy ish" тизими)дан фойдаланиши учун рўйхатдан ўтади.


3. Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқий статистика ва тезкор-ҳисоб маълумотлар маркази томонидан ваколатли органадминистраторлари учун логин ва пароль берилади.


Заруратга кўра





Бир иш куни ичида





Уч иш куни ичида









2-босқич

Ваколатли органнинг масъул ходими


1. Ваколатли органадминистраторлари тизимдан фойдаланиши учун ҳудудий масъул ходимларини "E-ma`muriy ish" тизимида рўйхатга олиб, уларга логин ва пароллар бириктириб уларни ишлашини назорат қилади.


2. Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги электрон иш юритиш ишлари "E-ma`muriy ish" тизими орқали юритади.


Бир иш куни ичида



Расмийлаштириш давомида









3-босқич

1. Ваколатли органнинг мансабдор шахси


2. Фуқаролар


1. Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги баённома планшет ёки компьютер ёрдамида расмийлаштирилганда ваколатли органнинг мансабдор шахси ва фуқаро томонидан электрон рақамли имзо ёки электрон график имзолари билан тасдиқлайди.


2. Ваколатли органнинг мансабдор шахси томонидан маъмурий жазо қўллаш юзасидан қарор қабул қилингандан кейин фуқаро ушбу қарор билан танишганлиги ҳақида электрон рақамли имзо ёки бармоқ изи билан тасдиқлайди.


3. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар юзасидан айрим турдаги ҳужжатларни электрон шаклда расмийлаштириш имкони бўлмаганда тушунтириш хати ва бошқа ҳужжатлар қоғоз шаклда расмийлаштирилиб, уларни PDF форматда "E-ma`muriy ish" тизимига киритади.


Ҳуқуқбузарлик аниқланган жойда ва шу вақтнинг ўзида









4-босқич

1. Ваколатли органнинг масъул ходими


2. Фуқаролар


1. Ҳужжат ваколатли орган масъул ходими томонидан тасдиқланиши билан ушбу ҳужжатга ягона хос рақам берилиб,ижро этиш учун ҳуқуқбузарнинг телефон рақамига SMS ёки "Ўзбекистон почтаси" АЖ орқали яшаш манзилига хабар юборилади.


2. Ҳуқуқбузар ўзига нисбатан чиқарилган жарима, тўлов варақаси (квитанция)ни ejarima.uz веб-сайти, телеграм бот ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали олиши мумкин.


3. Агар ҳуқуқбузар ўзига нисбатан чиқарилган маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарордан норози бўлса, ваколатли орган (мансабдор шахси) маъмурий иш ҳужжатларини "E-ma`muriy ish" тизими орқали кўриб чиқиш учун судга юборади.



Шу куннинг ўзида




Шу куннинг ўзида




Белгиланган муддатда









5-босқич

1. Ваколатли органнинг масъул ходими


2. Судлар


1. Судга келиб тушган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар автоматлаштирилган тартибда электрон тизим орқали рўйхатдан ўтказилади.


2. Келиб тушган маъмурий ишда камчиликлар бўлган тақдирда ваколатли органнинг масъул ходимига қайтариб юборилади, ваколатли орган масъул ходимига ушбу камчиликларни бартараф этгандан сўнг судга қайтадан кўриб чикиш учун "E-ma`muriy ish"тизими орқали юборади.


3. Автомототранспорт воситаларини жарима майдончаларига қўйиш ҳамда чиқариш суд ёки ваколатли органларнинг тегишли қарори (қўйишда - баённома, чиқаришда - рухсатномаси) асосида "E-ma`muriy ish" тизимидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.


Автоматик равишда




Уч иш кунидан бир ойга қадар




Белгиланган тартибда



6-босқич

1. Ваколатли органнинг масъул ходими


2. Мажбурий ижро бюроси


1. Ҳуқуқбузар жаримани МЖтКда белгиланган муддат ичида тўламаган тақдирда, маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарор суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини "E-ma`muriy ish" тизими орқали мажбурий ижро бюроси органларига тақдим этилади.


2. Мажбурий ижро бюросининг электрон тизимига келиб тушган ижро ҳужжатлари тақдим этилган санада автоматик равишда электрон рўйхатдан ўтказилади ҳамда шу вақтнинг ўзида "E-ma`muriy ish" тизимига бу ҳақида маълумот юборилади.


бир ой муддатга




Автоматик равишда




            





Низомга

2-ИЛОВА

      





Маъмурий ҳуқуқбузарлик

тўғрисидаги баённомага

ИЛОВА



Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги

баённомани тўлдириш

ТАРТИБИ


1-позицияда маъмурий баённома (кейинги ўринларда - баённома) МЖтКнинг 269-1 - (маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар), 279 - (маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани тузиш) ва 281- (маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённоманинг мазмуни) моддалари асосида расмийлаштирилади.


2-позицияда баённомага автоматлаштирилган равишда "E-ma`muriy ish" тизими орқали серия рақами берилади.


3-позицияда баённомага автоматлаштирилган равишда "E-ma`muriy ish" тизими орқали тартиб рақами берилади (мисол: 20 073 0000001, бунда 20 - йил, 073 - баённома расмийлаштирган орган коди, 0000001 - баённоманинг тартиб рақами).


4-позицияда баённома тузилган сана "E-ma`muriy ish" тизими орқали автоматлаштирилган тартибда берилади.


5-позицияда баённома тузилган ҳудуд (вилоят, шаҳар, туман номи) кўрсатилади, минтақа коди қайд этилади.


6-позицияда "E-ma`muriy ish" тизими орқали автоматик равишда QR-код қўйилади, мансабдор шахс ва ҳуқуқбузар томонидан баённомадаги QR-кодни сканер қилиш орқали ушбу баённома жойлашган жойга ўтиб, уни кўришга ва электрон шаклини олишга имконият яратилади.


7-позицияда баённомани тузган ваколатли орган номи, коди танланади.


8-13-позицияларда баённома тузган ваколатли орган ходимига (мансабдор шахсга) тегишли бўлган жетон ёки гувоҳноманинг серия рақами, ходимнинг фамилияси, исми, отасининг исми, лавозимининг тўлиқ номи, унвони, баённомани шахсан ўзи тузганлиги ЭРИ ёки ЭГИ ҳамда QR-код билан тасдиқланган ҳолда автоматик равишда тўлдирилади. Тасдиқлаш тартиби ЭРИдан фойдаланган ҳолда бармоқ изларини тушириш ёки планшетга ЭГИ қўйиш орқали амалга оширилади, сана "E-ma`muriy ish" тизими орқали автоматлаштирилган тартибда берилади.


14-16-позицияларда ҳуқуқбузарни идентификация қилиш учун дактилоскопик таққослаш ёки мультибиометрик идентификация қилиш ёхуд биометрик паспорт тизими орқали автоматлаштирилган режимда маълумотлар "E-ma`muriy ish" тизимига киритилади, сўнг шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ҳақидаги маълумотлар автоматик равишда "E-ma`muriy ish" тизимига киритилиши амалга оширилади.

Планшет орқали шахснинг юзи тўғридан суратга олинганда, планшет суратга туширилаётган шахсдан тахминан 70, 80 см масофадан кам бўлмаган узоқликда ва планшет камераси кўзлар билан тенг баландликда бўлиши, суратга олинаётган шахс бошининг ҳолати тепага кўтарилиб кетмаслиги ёки пастга қараб қолмаслиги ҳамда чапга ёки ўнга бурилмаган бўлиши лозим.


17-позицияда баённома расмийлаштиришда ҳуқуқбузарнинг телефон рақами баённомани тузган ваколатли орган (мансабдор шахс) томонидан қўлда киритилади ёки мобил алоқа тармоғи операторлари тизимларидан интеграция қилинган ҳолда автоматлаштирилган режимда киритилиши ҳам мумкин.


18-23-позицияларда ҳуқуқбузарнинг туғилган жойи, биометрик паспорти, транспорт воситасини қайд этиш ёки ҳайдовчилик гувоҳномаси серияси ва рақами, миллати, фуқаролиги, яшаш манзили тўғрисидаги маълумотлар идентификация тизимлари орқали автоматик равишда киритилади, бундан маълумотлар қўлда киритилган ҳолатлар мустасно.


24-позицияда ҳуқуқбузарнинг номидаги автотранспорт воситаси, суғурта полиси (серияси, рақами, амал қилиш муддатлари) мансабдор шахс томонидан киритилади.


25-позицияда ҳуқуқбузарнинг хуқуқбузарлик содир этилган вақтдаги ҳолати кўрсатиб ўтилади (мастлик ҳолати: 1-алкоголли, 2-гиёҳванд, 3-бошқача ҳолатдаги мастлик).


26-позицияда ҳуқуқбузар бошқарган автотранспорт воситаси ҳақидаги маълумотлар қўлда киритилиши ёки электрон ахборот тизимларини интеграция қилган ҳолда автоматлаштирилган режимда киритилиши ҳам мумкин.


27-позицияда ҳуқуқбузарнинг аввал маъмурий жавобгарликка тортилганлиги ёки тортилмаганлиги ҳақидаги маълумотлар автоматлаштирилган режимда "E-ma`muriy ish" тизимидан текширилган ҳолатда тўлдирилади. Бунда шахсга тегишли бўлган маълумотлар фамилияси, исми, отасининг исми ёки биометрик паспорт серияси, рақами асосида солиштирилади.


28-30-позицияларда ҳуқуқбузарлик содир этилган вақт, сана (йил, кун, ой) киритилади.


31-33-позицияларда МЖТКнинг тегишли моддалари бўйича ҳуқуқбузарга нисбатан қўлланилган модда, прим, қисмлари киритилади.


34-позицияда ҳуқуқбузарнинг МЖТКнинг бошқа моддалари бўйича ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги бўйича кўшимча моддалар белгиси киритилади.


35-позицияда йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишига доир ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги маълумотлар киритилади. Агар ушбу банд ваколатли органларга тегишли бўлмаса, тўлдирилмасдан қолдирилади.


36-41-позицияларда МЖТКнинг тегишли моддалари бўйича ҳуқуқбузарнинг баённомани расмийлаштириш бўйича муносабати (мен розиман ёки рози эмасман) кўрсатилган ҳолда ЭГИ ёки бармоқ изини қўйиш орқали тасдиқланади, сана (йил, кун, ой).

Бунда шахсни бармоқ излари орқали идентификация қилиш учун бармоқ изи сифати етарли даражада бўлмаса, қолган тўққизта бармоқ изидан ихтиёрий танлаб сканер қилиш ҳам мумкин. Шахснинг бармоқ изини сканер қилиш вақтида унинг касби, соғлиғи, қўлларнинг кирлиги, об-ҳаво шароити, терининг қуруқлиги, қўлнинг ҳаддан зиёд терлаши, бармоқ изи папилляр нақшлари бўртганлик даражаси паст бўлиши мумкинлигини инобатга олиш зарур. Ушбу талаб 58-61-позицияларга ҳам қўлланилади.


42-позицияда ҳуқуқбузарликнинг содир этилиш жойи ва усусли (тафсилоти) ҳақидаги маълумотлар киритилади.


43-позицияда ҳуқуқбузарликни содир этган шахснинг ҳуқуқбузарлиги бўйича эътирози мавжуд бўлмаса, ваколатли орган (мансабдор шахс) томонидан оғзаки тушунтириш олиниб, планшетга киритилади, агар унинг эътирози бўлса, ёзма равишда тушунтириш хати олиниб, электрон баённомага қоғоз шаклидаги ҳужжатнинг pdf форматидаги нусхаси илова қилинади.


44-49-позицияларга гувоҳ, холис ёки жабрланувчининг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, телефон рақами, яшаш манзили, электрон график имзоси, бармоқ изи ва санаси (йил, кун, ой) киритилади.


50, 51-позицияларда ҳуқуқбузарлик оқибатида моддий зарар етказилганлиги, баённома расмийлаштириш вақтида аниқ бўлса зарар миқдори кўрсатилади.


52-позицияда олиб қўйилган ҳуқуқбузарлик ашёлари тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади. Бунда ашёлар миқдори кўплиги сабабли улар тўғрисидаги маълумотлар ушбу позицияга сиғмаган тақдирда, ашёлар ҳақидаги маълумот баённомага илова қилинган ҳолда тақдим этилиши мумкин.


53-позицияда маъмурий ишни кўриб чиқиш учун баённомага илова қилинган ҳужжатлар кўрсатилади.


54-57-позицияларда маъмурий иш кўриб чиқиладиган жой ва вақти тўғрисида фуқаро қайси шаклда (SMS ёки почта алоқаси хизмати орқали) огоҳлантирилиши белгиланади ҳамда ҳуқуқбузарнинг ЭГИ ёки бармоқ изи билан тасдиқланади.






Низомга

3-ИЛОВА

        





Маъмурий жазо қўллаш

тўғрисидаги қарорга

ИЛОВА



Маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги

қарорни тўлдириш

ТАРТИБИ


1-позицияда маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарорга (кейинги ўринларда - қарор) автоматлаштирилган равишда "E-ma`muriy ish" тизими орқали берилган серия рақами кўрсатилади.


2 ва 3-позицияларда қарорга автоматлаштирилган равишда "E-ma`muriy ish" тизими орқали берилган тартиб рақами берилади (мисол: 20 073 0000001, бунда 20 - йил, 073 - қарор расмийлаштирган орган коди, 0000001 - қарорнинг тартиб рақами).


4-6-позицияларда қарор чиқарилган сана (йил, кун, ой) вақти, вилоят, шаҳар, туман номлари кўрсатилади, минтақа коди қайд этилади.


7-позицияда "E-ma`muriy ish" тизими орқали автоматик равишда QR-код қўйилади, мансабдор шахс ва ҳуқуқбузар томонидан қарордаги QR-кодни сканер қилиш орқали ушбу қарор жойлашган жойга ўтиб, уни кўришга ва электрон шаклини олишга имконият яратилади.


8 ва 9-позицияларда маъмурий ишни кўриб чиққан ваколатли орган номи унинг кодини танлаш орқали ҳамда қарорни чиқарган масъул шахсга тегишли бўлган жетон ёки гувоҳномаси серияси ва рақами автоматик равишда тўлдирилади.


10-позицияда қарорни чиқарган ваколатли орган (мансабдор шахс) қарорни шахсан ўзи кўриб чиққанлигини ЭРИ ёки ЭГИ ҳамда QR-код билан тасдиқлайди.


11-позицияда қарор чиқарган орган (мансабдор шахс) томонидан ЭРИ ёки ЭГИ ҳамда QR-код қўйилгандан сўнг сана "E-ma`muriy ish" тизими орқали автоматик равишда киритилади.


12-14-позицияларда қарорни кўриб чиққан ходимнинг фамилияси, исми, отасининг исми, лавозими, унвони тўлиқ автоматик равишда тўлдирилади.


15, 16-позицияларда ҳуқуқбузарни идентификация қилиш учун дактилоскопик таққослаш ёки мультибиометрик идентификация қилиш ёхуд биометрик паспорт тизими орқали автоматлаштирилган режимда маълумотлар "E-ma`muriy ish" тизимига киритилади, сўнг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ҳақидаги маълумотлар автоматик равишда ахборот тизимига киритилиши амалга оширилади. Агар шахс чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс бўлса ёхуд Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспорти билан ҳужжатлаштирилмаган бўлса, мансабдор шахс томонидан унинг шахсига оид маълумотлар қўлда киритилади.

Планшет орқали шахснинг юзи тўғридан суратга олинганда планшет, суратга туширилаётган шахсдан тахминан 70, 80 см масофадан кам бўлмаган узоқликда ва планшет камераси кўзлар билан тенг баландликда бўлиши, суратга олинаётган шахс бошининг ҳолати тепага кўтарилиб кетмаслиги ёки пастга қараб қолмаслиги ҳамда чапга ёки ўнга бурилмаган бўлиши лозим.


17-21-позицияларда ҳуқуқбузарнинг туғилган жойи, биометрик паспорти, транспорт воситасини қайд этиш ёки ҳайдовчилик гувоҳномаси серияси ва рақами, миллати, фуқаролиги, яшаш манзили тўғрисидаги маълумотлар идентификация тизимлари орқали автоматик равишда киритилади, шахслар ҳақидаги маълумотлар қўлда киритилган ҳолатлар бундан мустасно.


22-позицияда ҳуқуқбузарнинг иш жойи, лавозими, машғулоти тури маълумотлари қўлда киритилади.


23-позицияда ҳуқуқбузарнинг номидаги автотранспорт воситаси, суғурта полиси (серияси, рақами, амал қилиш муддатлари) киритилади.


24-позицияда ҳуқуқбузарнинг хуқуқбузарлик содир этилган вақтдаги ҳолати кўрсатиб ўтилади (мастлик ҳолати: 1-алкоголли, 2-гиёҳванд, 3-бошқача ҳолатдаги мастлик).


25-позицияда ҳуқуқбузар бошқарган автотранспорт воситаси ҳақидаги маълумотлар қўлда киритилиши ёки электрон ахборот тизимларини интеграция қилган ҳолда автоматик равишда киритилиши ҳам мумкин.


26-позицияда МЖТКнинг 282-моддасида кўрсатилган шахсга оид қолган маълумотлар киритилади.


27-позицияда ҳуқуқбузарнинг аввал маъмурий жавобгарликка тортилганлиги ёки тортилмаганлиги ҳақидаги маълумотлар автоматик равишда "E-ma`muriy ish" тизимидан текширилган ҳолда тўлдирилади. Бунда, шахсга тегишли бўлган маълумотлар унинг фамилияси, исми, отасининг исми ёки биометрик паспорт серияси, рақами асосида солиштирилади.


28-30-позицияларда МЖТКнинг тегишли моддари бўйича ҳуқуқбузарга нисбатан қўлланилган модда, прим, қисмлари киритилади.


31-позицияда ҳуқуқбузарнинг МЖТКнинг бошқа моддалари бўйича ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги тўғрисида кўшимча моддалар белгиси киритилади ёки электрон ахборот тизимлари интеграция қилинган ҳолда автоматик равишда киритилиши ҳам мумкин.


32-позицияда йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишига доир ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги маълумотлар киритилади. Агар ушбу банд ваколатли органларга тегишли бўлмаса, тўлдирилмасдан қолдирилади.


33-позицияда маъмурий судлар томонидан маъмурий жазо қўлланилиши кўрсатилади.


34-позицияда маъмурий жазони қўллаш МЖТКнинг 34-моддасига асосан битта шахс икки ёки ундан ортиқ ҳуқуқбузарлик содир этган тақдирда, маъмурий жазо ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун алоҳида-алоҳида қўлланилиши кўрсатилади.


35-позицияда ҳуқуқбузарлик содир этилган ҳолат юзасидан олинган фотосурат бириктирилади. Бунда фото, видеоёзув ва бошқа планшет орқали иловалар электрон равишда киритилиши мумкин.


36-позицияда ҳуқуқбузар учун тайинланган жазо - жарима миқдори (сўм), (миқдори ёзув қўринишда) қўлда киритилади.


37-позицияда ҳуқуқбузар томонидан қопланиши лозим бўлган зарар миқдори (сўм), (миқдори ёзув қўринишда) қўлда киритилади.


38-позицияда ҳуқуқбузарга нисбатан қўлланилган қўшимча жазо чораси белгиси киритилади.


39-45-позицияларда МЖТКнинг тегишли моддалари бўйича ҳуқуқбузарнинг қарор бўйича муносабати (мен розиман ёки рози эмасман) кўрсатилган ҳолда ЭГИ ёки бармоқ изини қўйиш орқали тасдиқланади, сана (йил, кун, ой) автоматик равишда киритилади ҳамда адвокат хизматидан фойдаланилган бўлса, белги қўйилади.

Ҳуқуқбузарлик ашёлари бўйича судлар томонидан қабул қилинган қарор тўғрисида маълумотлар (мусодара, йўқ қилиш ёки эгасига қайтариш) суд қарорлари асосида электрон шаклда киритилади.


46, 47-позицияларда ҳуқуқбузарлик учун жарима ёки зарар белгиси ҳамда ҳуқуқбузарга қарор чиқарилганлиги кўрсатилади. Қарор бўйича тегишли тўлов амалга оширилгандан сўнг квитанция кесиб олиниб бир қисми банкда, бир қисми ҳуқуқбузарда қолади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 8 июль




















































Время: 0.0051
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск