ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси / Геодезия ва картография /

Ўзбекистон Республикасининг 23.07.2021 й. ЎРҚ-702-сон "Фазовий маълумотлар тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 26.12.2020 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 29.05.2021 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

23.07.2021 й.

N ЎРҚ-702



ФАЗОВИЙ МАЪЛУМОТЛАР ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2020 йил 26 декабрда қабул қилинган

Сенат томонидан 2021 йил 29 майда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади фазовий маълумотлар соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Фазовий маълумотлар

тўғрисидаги қонунчилик


Фазовий маълумотлар тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг фазовий маълумотлар тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Асосий тушунчалар


Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


фазовий маълумотлар - фазовий объектлар тўғрисидаги, шу жумладан уларнинг жойлашган ери, шакли ва муайян шаклда ҳамда фазовий-вақт координаталари тизимларида тақдим этилган бошқа хоссалари ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган маълумотлар;


фазовий маълумотларга ишлов бериш - фазовий маълумотлар ва метамаълумотларни яратиш, йиғиш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, янгилаш, визуаллаштириш, улардан фойдаланиш, уларни тақдим этиш, тарқатиш ва узатиш бўйича бир ёки бир нечта ҳаракатлар йиғиндисини амалга ошириш;


метамаълумотлар - фазовий маълумотларнинг тўпламлари, сервислари ва бошқа хусусиятларини тавсифлаш имконини берадиган, уларни идентификация қилиш, излаш, инвентаризациялаш ва улардан фойдаланиш учун зарур бўлган маълумотлар;


Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасининг геопортали - геоахборот ресурслари тўғрисидаги метамаълумотларни сақлаб турадиган ва улардан фойдаланишни Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали таъминлайдиган фазовий маълумотларнинг интернет воситалари ва сервисларининг мажмуаси;


фазовий маълумотлардан фойдаланувчи (бундан буён матнда фойдаланувчи деб юритилади) - фазовий маълумотлардан фойдаланадиган жисмоний ёки юридик шахс;


фазовий объектлар - жойлашган ери белгиланган фазовий-вақт координаталари тизимида аниқланиши мумкин бўлган табиий ва сунъий объектлар.



4-модда. Ушбу Қонуннинг асосий принциплари


Ушбу Қонуннинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

қонунийлик;

фазовий маълумотларнинг аниқлиги ва ишончлилиги;

базавий фазовий маълумотларнинг очиқлиги ва улардан фойдалана олиш;

фазовий маълумотлар ва метамаълумотларнинг ҳимояланганлиги.



5-модда. Қонунийлик принципи


Фазовий маълумотлар соҳасидаги муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, ушбу Қонунга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилиши керак.



6-модда. Фазовий маълумотларнинг

аниқлиги ва ишончлилиги принципи


Фазовий маълумотларнинг аниқлиги ва ишончлилиги:

давлат геодезия, нивелир ва гравиметрия тармоқларини ишлаш ҳолатида сақлаб туриш;

давлат топографик хариталарини картографик мониторинг қилиш ва узлуксиз янгилаб бориш тизимини жорий этиш;

тартибга солинган координаталар тизимларидан ва мавжуд базавий фазовий маълумотлардан давлат ахборот ресурсларини ҳамда янги базавий фазовий маълумотларни яратишда фойдаланиш;

базавий ва соҳага оид фазовий маълумотлар ҳамда метамаълумотларнинг доимий мониторинги, илмий-техник экспертизаси ва назоратини амалга ошириш ҳисобидан таъминланади.



7-модда. Базавий фазовий маълумотларнинг очиқлиги

ва улардан фойдалана олиш принципи


Базавий фазовий маълумотларнинг очиқлиги ва улардан фойдалана олиш:

базавий фазовий маълумотлар таркибида давлат сирларини ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни, шунингдек фойдаланилиши қонунчиликка мувофиқ чекланган бошқа ахборотни ташкил этадиган маълумотларнинг мавжуд эмаслиги;

фойдаланувчиларга базавий фазовий маълумотлардан эркин фойдаланиш, шу жумладан умумий фойдаланишдаги телекоммуникациялар тармоқлари, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали фойдаланиш имкониятини бериш ҳисобидан таъминланади.



8-модда. Фазовий маълумотлар ва метамаълумотларнинг

ҳимояланганлиги принципи


Фазовий маълумотлар ва метамаълумотларга ишлов бериш уларнинг ҳимояланганлиги юзасидан қонунчиликда белгиланган талабларга мувофиқ амалга оширилиши керак.

Фазовий маълумотлар ва метамаълумотларни ҳимоя қилиш:

шахс, жамият ва давлат хавфсизлигига таҳдидларнинг олдини олиш;

қонунчиликда белгиланадиган ҳолларда ушбу маълумотларнинг махфийлигини сақлаш;

уларнинг бузилиши ва сохталаштирилишининг олдини олиш мақсадида амалга оширилади.



2-БОБ. ФАЗОВИЙ МАЪЛУМОТЛАР СОҲАСИНИ

ДАВЛАТ ТОМОНИДАН ТАРТИБГА СОЛИШ


9-модда. Фазовий маълумотлар соҳасидаги

давлат сиёсатининг асосий йўналишлари


Фазовий маълумотлар соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

фазовий маълумотлар соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, шунингдек фазовий маълумотларга ишлов беришни амалга оширадиган шахсларнинг фазовий маълумотлар соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш;

Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасини ривожлантириш;

базавий фазовий маълумотларнинг, улар метамаълумотларининг барча манфаатдор субъектлар учун очиқлигини ва улардан фойдалана олишни таъминлаш;

халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.



10-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

фазовий маълумотлар соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

фазовий маълумотлар соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

фазовий маълумотлар соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни тасдиқлайди;

Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасини юритиш тартибини тасдиқлайди;

оммавий фойдаланиш учун очиқ бўлган фазовий маълумотлар рўйхатларини белгилайди;

Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасини ривожлантириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш тўғрисидаги низомни ва унинг таркибини тасдиқлайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



11-модда. Фазовий маълумотлар соҳасидаги махсус

ваколатли давлат органининг ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги фазовий маълумотлар соҳасидаги махсус ваколатли давлат органидир (бундан буён матнда махсус ваколатли давлат органи деб юритилади).

Махсус ваколатли давлат органи:

фазовий маълумотлар соҳасидаги ягона давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда иштирок этади;

фазовий маълумотлар соҳасидаги давлат дастурлари ва бошқа дастурлар лойиҳаларини ишлаб чиқади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, шунингдек фазовий маълумотларга ишлов беришни амалга оширадиган шахсларнинг фазовий маълумотлар ҳамда Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасини ривожлантириш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;

фазовий маълумотлар соҳасидаги давлат дастурларининг ва бошқа дастурларнинг амалга оширилишини таъминлайди;

Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасини ривожлантириш билан боғлиқ ишларнинг бажарилишини таъминлайди;

базавий фазовий маълумотларга ишлов беришни, Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасининг геопорталини яратишга ва унинг фаолият кўрсатишига доир ишларни амалга оширади;

илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ва тажриба-технологик ишларни бажаради, фазовий маълумотлар соҳасида техник ва дастурий воситалар яратилишини таъминлайди;

ўз ваколатлари доирасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

фазовий маълумотларга ишлов бериш жараёнлари устидан давлат назоратини амалга оширади;

фазовий маълумотлар соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади.

Махсус ваколатли давлат органи қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



12-модда. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг

фазовий маълумотлар соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги:

фазовий маълумотлар соҳасидаги ягона давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда иштирок этади;

фазовий маълумотлар соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади;

махсус ваколатли давлат органи, шунингдек бошқа давлат органлари ва фазовий маълумотларга ишлов беришни амалга оширадиган шахслар билан ҳамкорликда қонунчиликка мувофиқ миллий хавфсизликни ҳамда давлат мудофаасини таъминлаш мақсадида фазовий маълумотларни яратишни, Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасининг техник ва дастурий воситаларини ишлаб чиқишни ташкил этади;

Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасини ривожлантириш билан боғлиқ ишларда иштирок этади.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



13-модда. Давлат органларининг фазовий

маълумотлар соҳасидаги ваколатлари


Давлат органлари, шу жумладан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

фазовий маълумотлар соҳасидаги ягона давлат сиёсатини шакллантиришга доир таклифларни ишлаб чиқиш ва киритишда иштирок этади ҳамда унинг амалга оширилишини таъминлайди;

фазовий маълумотлар соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади;

Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасини ривожлантириш билан боғлиқ ишларда иштирок этади;

махсус ваколатли давлат органи билан ҳамкорликда тегишли тармоқ учун соҳага оид фазовий маълумотлар ишлаб чиқилишини ҳамда тармоққа оид геоахборот ресурсларини ишлаб чиқишга ва Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасининг геопорталларини яратиш ҳамда сақлаб туришга доир ишларнинг бажарилишини ташкил этади;

базавий фазовий маълумотларнинг ва метамаълумотларнинг махсус ваколатли давлат органига тақдим этилишини таъминлайди;

соҳага оид очиқ фазовий маълумотлардан фойдаланилишини таъминлайди;

тегишли тармоқ ёки ҳудуд учун соҳага оид фазовий маълумотларга ишлов берилишини амалга оширади.

Давлат органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



3-БОБ. ФАЗОВИЙ МАЪЛУМОТЛАР

МИЛЛИЙ ИНФРАТУЗИЛМАСИ


14-модда. Фазовий маълумотлар миллий

инфратузилмасининг таърифи

Ушбу Қонунда Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмаси деганда ташкилий тузилмани, илмий-техника сиёсатини, техник ва дастурий воситаларни, базавий ва соҳага оид фазовий маълумотларни, метамаълумотларни ҳамда метамаълумотлар базаларини, фазовий маълумотлар сервисларини, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилиши мумкин бўлган фазовий маълумотларни ишлаб чиқиш, янгилаш, уларга ишлов бериш ва интеграциялаш масалалари бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни ўз ичига оладиган тизим тушунилади.



15-модда. Фазовий маълумотлар миллий

инфратузилмасини юритиш тартиби


Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасини юритиш тартиби:

Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасининг фазовий маълумотларига ва метамаълумотларига ишлов бериш тартибини;

махсус ваколатли давлат органининг фазовий маълумотлар соҳасидаги фаолияти тартибини;

фазовий маълумотларга ишлов беришни амалга оширадиган шахсларнинг махсус ваколатли давлат органи билан ҳамкорлик қилиш тартибини;

ишлов берилиши тегишли давлат органлари ҳамда фазовий маълумотларга ишлов беришни амалга оширадиган шахслар томонидан ташкил этиладиган базавий ва соҳага оид фазовий маълумотлар турларини;

Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмаси фазовий маълумотларининг, метамаълумотларининг, техник ва дастурий воситаларининг операциявий жиҳатдан мослигини таъминловчи талабларни;

Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасини ривожлантиришга доир ишларнинг ҳолати ҳақидаги ҳар йилги ҳисоботнинг тузилишини, мазмунини, уни тайёрлаш тартибини ва ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш муддатларини белгилайдиган қоидаларни ўз ичига олади.



16-модда. Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасининг

геопорталлари тармоғи


Махсус ваколатли давлат органи томонидан Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмаси таркибида Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасининг геопорталлари тармоғи яратилади ва унинг фазовий маълумотларнинг қуйидаги сервислари билан фаолият кўрсатиши таъминланади:

ахборот тармоқларидаги фазовий маълумотларни ва фазовий маълумотлар сервисларини аниқлашни таъминлайдиган қидирув;

фазовий маълумотларни, геофазовий объектларнинг хусусиятлари ва метамаълумотларнинг мазмуни тўғрисидаги ахборотни кўриб чиқиш;

фазовий маълумотларга ишлов бериш имкониятини ва (ёки) уларнинг кўчирма нусхаларини олишни таъминлашга доир фойдаланиш;

фазовий маълумотлар координаталарини бир координаталар тизимидан ёки картографик проекциядан бошқасига ўзгартиришни таъминлайдиган координаталар операциялари.

Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасининг геопорталлари тармоғи Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасининг геопорталини ва давлат органларининг геопорталларини ўз ичига олади.

Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасининг геопорталига ушбу Қонунга мувофиқ тақдим этиладиган базавий ва соҳага оид фазовий маълумотлар, метамаълумотлар жойлаштирилади.

Давлат органларининг геопорталларига давлат органлари томонидан тармоққа оид вазифаларни амалга ошириш учун яратилган соҳага оид фазовий маълумотлар ва метамаълумотлар жойлаштирилади.



17-модда. Фазовий маълумотлар миллий

инфратузилмасини ривожлантиришга

доир фаолиятни мувофиқлаштириш


Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасини ривожлантиришга доир фаолиятнинг мувофиқлаштирилишини таъминлаш мақсадида махсус ваколатли давлат органи ҳузурида Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасини ривожлантириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш (бундан буён матнда Мувофиқлаштирувчи кенгаш деб юритилади) ташкил этилади.

Мувофиқлаштирувчи кенгаш юридик шахс мақомига эга бўлмаган коллегиал органдир.

Мувофиқлаштирувчи кенгаш фазовий маълумотлар соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишда маслаҳат-кенгашув вазифасини амалга оширади.

Мувофиқлаштирувчи кенгаш давлат органлари, илмий-тадқиқот ва олий таълим ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат бўлади.



4-БОБ. ФАЗОВИЙ МАЪЛУМОТЛАРГА

ИШЛОВ БЕРИШ


18-модда. Фазовий маълумотлар соҳасидаги

ишларнинг турлари


Фазовий маълумотлар соҳасидаги ишлар қуйидаги турларга бўлинади:

фазовий маълумотларни ва метамаълумотларни яратиш, йиғиш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, янгилаш, визуаллаштириш, улардан фойдаланиш, уларни тақдим этиш, тарқатиш ва узатиш;

турли мақсадларга мўлжалланган фазовий маълумотлар ва геоахборот тизимлари сервисларини ишлаб чиқиш ҳамда тақдим этиш;

фазовий маълумотларга ишлов бериш учун фойдаланиладиган техник ва дастурий воситаларни яратиш;

геопорталларни яратиш ва уларнинг фаолият кўрсатишини таъминлаш;

фазовий маълумотларнинг ва метамаълумотларнинг сифатини илмий-техник экспертизадан ўтказиш;

фазовий маълумотлар базаларини, метамаълумотлар базалари ва каталогларини, фазовий маълумотлар сервисларини, геоахборот тизимларини, геопорталларни, фазовий маълумотлар соҳасидаги бошқа техник ва дастурий воситаларни яратиш бўйича илмий-тадқиқот, тажриба-технологик ҳамда тажриба-конструкторлик ишларини бажариш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш;

Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасининг фаолият кўрсатишини ҳамда ривожлантирилишини таъминлаш мақсадида бошқа маҳсулотни яратиш ва (ёки) бошқа ишларни бажариш.

Фазовий маълумотларга ишлов бериш Ўзбекистон Республикасида фойдаланиш учун қабул қилинган координаталар тизимларида Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасини юритиш тартибига мувофиқ амалга оширилади.



19-модда. Базавий, соҳага оид фазовий

маълумотлар ва метамаълумотлар


Фазовий маълумотлар базавий ва соҳага оид фазовий маълумотларга бўлинади.

Ҳамма фойдалана оладиган, фазовий маълумотларга ишлов бериш жараёнлари учун бирхиллаштирилган рақамли координата-фазовий асосни ташкил этадиган фазовий маълумотлар базавий фазовий маълумотлардир.

Базавий фазовий маълумотлар қуйидаги объектлар ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олади:

геодезия, нивелир ва гравиметрия тармоқларининг пунктлари;

Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси, маъмурий-ҳудудий бирликларнинг чегаралари;

гидрографик объектлар ва гидротехника иншоотлари;

аҳоли пунктлари ва уларнинг кўча-йўл тармоғи;

саноат, қишлоқ хўжалиги объектлари ва ижтимоий-маданий объектлар;

бинолар ва иншоотлар;

автомобиль йўллари;

темир йўллар;

магистрал қувурлар;

муҳандислик коммуникациялари;

аэропортлар, дарё бандаргоҳлари;

ўсимлик қоплами ва тупроқлар;

ер участкаларининг чегаралари;

муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ва маданий мерос объектлари;

аҳоли пунктларининг чегаралари ва зоналаштириш объектлари, шунингдек шаҳар атрофидаги зоналар;

муҳофаза этиладиган зоналар ҳамда ҳудудлардан фойдаланишнинг алоҳида шартларига эга бўлган зоналар;

аҳоли пунктлари ҳудудидаги ва ундан ташқаридаги кўчаларнинг реестрлари ҳамда объектларнинг манзиллари;

географик объектларнинг номлари;

жой рельефи;

ортофотохариталар, аэро- ва космик суратлар ҳамда Ерни масофадан туриб зонд билан текширишга доир ишларнинг натижалари.

Базавий фазовий маълумотларда давлат сирларини ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни, шунингдек фойдаланилиши қонунчиликка мувофиқ чекланган бошқа ахборотни ташкил этадиган маълумотлар бўлмаслиги керак.

Базавий фазовий маълумотлар асосида яратиладиган мавзуга оид фазовий маълумотлар соҳага оид фазовий маълумотлардир.

Базавий ва соҳага оид фазовий маълумотларга, уларнинг таркиби ва мазмунига, уларнинг метамаълумотларига доир талаблар Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасини юритиш тартибига мувофиқ ҳамда бошқа ҳужжатларда белгиланади.

Метамаълумотлар фазовий маълумотлар ҳамда фазовий маълумотлар сервисларининг таркиби, тузилмаси, сифати, ишончлилиги, ҳудудий қамрови, вазифалари, улардан фойдаланиш, фойдаланишни чеклаш шартлари, фазовий маълумотларни ишлаб чиқарувчи, уларнинг яратилиш вақти, уларни янгилаш даврийлиги тўғрисидаги ахборотни ўз ичига олади ҳамда бошқа ахборотни ҳам ўз ичига олиши мумкин.

Давлат органларининг буюртмасига кўра яратилган фазовий маълумотлар давлат мулки ҳамда Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасининг таркибий қисмидир.



20-модда. Фазовий маълумотларни ва

метамаълумотларни тақдим этиш


Фазовий маълумотлар ва метамаълумотлар давлат органларига ўз ваколатларини амалга ошириши учун - беғараз асосда, бошқа фойдаланувчиларга эса - махсус ваколатли давлат органи томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланадиган миқдорлардаги ҳақ эвазига тақдим этилади.

Давлат органлари, фазовий маълумотларга ишлов беришни амалга оширадиган шахслар Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасини юритиш тартибига мувофиқ фазовий маълумотлардан ва метамаълумотлардан фойдаланишни чеклаши мумкин.

Базавий фазовий маълумотлар фойдаланувчиларга Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасининг геопортали сервисларидан, "Электрон ҳукумат" тизимининг идоралараро интеграциялашган платформасидан фойдаланган ҳолда ёхуд Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасини юритиш тартибига ҳамда махсус ваколатли давлат органи билан келишувга мувофиқ узатиш йўли билан тақдим этилиши мумкин.

Давлат органлари ва фазовий маълумотларга ишлов беришни амалга оширадиган шахслар ўзлари яратган ва янгилаган базавий фазовий маълумотларни махсус ваколатли давлат органига тақдим этиши шарт.

Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасини юритиш тартибига мувофиқ тегишли базавий фазовий маълумотларга ишлов бериш учун жавобгар бўлган давлат органлари базавий фазовий маълумотларни махсус ваколатли давлат органига:

фазовий маълумотларнинг сервисларидан фойдаланиш имкониятини бериш;

келишилган форматда ва сифатда фазовий маълумотларни узатиш йўли билан тақдим этади.

Махсус ваколатли давлат органи:

базавий фазовий маълумотларни, шунингдек метамаълумотларни қабул қилиб олиш ва назорат қилиш ҳамда уларни Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасининг геопорталига жойлаштиришни;

геоахборот тизимларида, ресурслар ва маълумотлар базаларида мавжуд бўлган, давлат хизматлари кўрсатиш учун зарур ахборотни ва маълумотларни "Электрон ҳукумат" тизимининг идоралараро интеграциялашган платформасига тақдим этишни;

Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасининг дастурий таъминотини ишлаб чиқиш ва жорий этишни;

Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасининг техник ва технологик таъминотини;

Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмаси маълумотларини сақлашни ва ҳимоя қилишни;

фазовий маълумотлар сервислари яратилишини ва уларга хизмат кўрсатилишини таъминлашни;

фойдаланувчиларнинг Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмаси геопорталига жойлаштирилган фазовий маълумотлар ва метамаълумотлардан фойдаланишини таъминлашни амалга оширади.

Махсус ваколатли давлат органи фазовий маълумотлар мулкдорининг ёки эгасининг розилиги билан:

қоғоздаги фазовий маълумотларни электрон шаклга ўзгартиришни амалга оширади;

фазовий маълумотларга, шу жумладан базавий ва соҳага оид фазовий маълумотларга ҳамда уларнинг метамаълумотларига ишлов беришни амалга оширади;

фойдаланувчиларга базавий фазовий маълумотларни ва метамаълумотларни Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасини юритиш тартибига мувофиқ тақдим этади.

Давлат органлари, шунингдек фазовий маълумотларга ишлов беришни амалга оширадиган шахслар:

фазовий маълумотларга ва метамаълумотларга ишлов берилишини таъминлайди;

ўз ваколатларини амалга ошириш учун фазовий маълумотлардан ва метамаълумотлардан фойдаланади;

фазовий маълумотларнинг ва метамаълумотларнинг қонунийлигини, аниқлиги, ишончлилиги ва ҳимояланганлигини, шунингдек базавий фазовий маълумотларнинг очиқлигини ҳамда улардан фойдалана олишни таъминлайди;

фазовий маълумотларнинг ва метамаълумотларнинг махсус ваколатли давлат органига тақдим этилишини таъминлайди;

ўз фазовий маълумотлари ва метамаълумотларидан махсус ваколатли давлат органининг фойдаланишини таъминлайди;

ўз расмий веб-сайтларига Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасининг геопортали орқали фазовий маълумотлардан фойдаланиш шартлари ҳақидаги ахборотни жойлаштиради.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


21-модда. Низоларни ҳал этиш


Фазовий маълумотлар соҳасида юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.



22-модда. Фазовий маълумотлар тўғрисидаги

қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик


Фазовий маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



23-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини,

моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш


Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.



24-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга

мувофиқлаштириш


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



25-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши


Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                          Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 24 июль


"Халқ сўзи", 2021 йил 24 июль








































Время: 0.0053
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск